Irshod.uz | Rasmiy kanal
586 subscribers
2.94K photos
776 videos
6 files
2.14K links
Тошкент шаҳар «Коҳ ота» жомеь масжиди имом хатиби Абдуҳаким домланинг расмий телеграм канали.

Саволлар бу ерга жўнатилади ⬇️
@ImomgaSavol_KohOta_Bot
Download Telegram
#Ҳадис_682

АМАЛЛАРИ ИЛА РИЁ ҚИЛУВЧИ ҚОРИЛАР


وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تَعَوَّذُوا بِاللهِ مِنْ جُبِّ الْحَزَنِ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا جُبُّ الْحَزَنِ، قَالَ: وَادٍ فِي جَهَنَّمَ تَتَعَوَّذُ مِنْهُ جَهَنَّمُ كُلَّ يَوْمٍ مِائَةَ مَرَّةٍ، قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَنْ يَدْخُلُهُ؟ قَالَ: الْقُرَّاءُ الْمُرَاءُونَ بِأَعْمَالِهِمْ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

📗 «Набий (ﷺ): «Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар. У зот (ﷺ): «Жуббул Ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дейишди. У зот (ﷺ): «Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».


📜 Шарҳ: Пайғамбаримиз (ﷺ) ўзларининг бу ҳадиси шарифларида айниқса риё кўпроқ содир бўлиш эҳтимоли бор бўлган соҳада эҳтиёт бўлишга чақирмоқдалар. Қуръон – Аллоҳнинг каломи. Қуръон ўқиган одамга улкан мартабалар, чексиз ажру савоблар ваъда қилинган. Мусулмонлар қалбида Қуръони Каримнинг алоҳида ўрни, ҳурмати, эъзози бор. Шунинг учун Қуръони Каримга тегишли бўлган ҳар бир нарса мусулмонлар оммаси томонидан алоҳида эъзозланади, ҳурмат қилинади. Баъзи кишилар ана ўша нарсага берилиб, Қуръон ўқиш Аллоҳ учун бўлиши зарурлигини унутиб қўядилар ва риёкорликка ўтиб қоладилар. Ҳадиси шарифда ана шу хатонинг оқибати қанчалар ёмон бўлиши айтилмоқда.
Лекин бу нарса тўғридан-тўғри айтилмай, аввал эшитувчи ушбу маънони тўлиғича қабул қилишга тайёрланмоқда. Сўзнинг бошида Пайғамбаримиз (ﷺ):

«Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар».

Агар «Жуббул Ҳазан»ни сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «Хафалик қудуғи», дейишимиз мумкин. Пайғамбаримиз (ﷺ) саҳобаи киромларга насиҳат қилиб, Жуббул Ҳазаннинг ёмонлигидан Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўрашни тавсия этмоқдалар. Жуббул Ҳазан унчалик маълум ва машҳур эмас экан. Унинг нималигини саҳобаи киромлар ҳам билмас эканлар. Шунинг учун:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар». Пайғамбаримиз (ﷺ) бу саволга қисқа жавоб бердилар.

«У зот (ﷺ): «Жуббул Ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар».

Маълумки, жаҳаннам қўриқчилари кучли, қўпол, шафқатсиз фаришталар бўлиб, жаҳаннамийларни азоблаш ва шунга ўхшаш жаҳаннамга тааллуқли бўлган бошқа ишларни бажариб юрадилар. Ўз-ўзидан маълумки, улар унча-мунча нарсадан таъсирланмайдилар ҳам, қўрқмайдилар ҳам. Аммо Жуббул Ҳазан шундай даҳшатли ва қўрқинчли нарса эканки, унинг қўрқинчларидан ўша жаҳаннам қўриқчиси бўлмиш фаришталар ҳам ҳайиқиб, Аллоҳ таолодан ҳар куни юз марта паноҳ сўраб турар эканлар. Бу жавобдан Жуббул Ҳазаннинг нима эканлиги маълум бўлади. Ундан паноҳ сўраш лозимлиги яна ҳам равшанлашади. Шу билан бирга, унга ким кириши мумкинлиги ҳақида савол пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам:

«Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дедилар».

Асл мақсад ҳам шуни айтиш эди. Энди айни ҳақийқатни билдириш пайти келган эди:

«У зот (ﷺ): «Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».

Демак, Жуббул Ҳазанга Қуръонни Аллоҳ учун эмас, одамлар мақташлари учун, фалончи яхши қори, Қуръонни яхши ўқийди, ундай қилади, бундай қилади, дейишлари учун ўқийдиган қорилар кирадилар! Қаранг, Аллоҳнинг каломи ихлос билан эмас, риёкорлик учун ўқилса, қанчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин экан.