Irshod.uz | Rasmiy kanal
587 subscribers
2.94K photos
756 videos
6 files
2.12K links
Тошкент шаҳар «Коҳ ота» жомеь масжиди имом хатиби Абдуҳаким домланинг расмий телеграм канали.

Саволлар бу ерга жўнатилади ⬇️
@ImomgaSavol_KohOta_Bot
Download Telegram
ИШ ТОПИБ БЕРГАНИ УЧУН ҲАҚ ОЛИШ ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Мен устаман. Гоҳида шогирдларим ёки бошқа усталарга бирорта танишимдан иш олиб, ўша ерга ишлашга қўяман. Уларнинг розилиги билан иш олиб, пулларини ҳам ўзим олиб берганим учун 10% ҳақ оламан. Шу ишим дурустми?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Уста билан мижозни учраштириб қўйганингиз учун бир марта ҳақ олишингиз дуруст. Шу билан сиз ўртадан чиқасиз, қолганини ўзлари келишиб олишади. Усталарнинг пулларини олиб бериш сизнинг зиммангизда эмас, лекин олиб берсангиз ҳам зарари йўқ, ёрдам қилган бўласиз.

Баъзилар кўпинча мусофир юртларда таниш-билишларига ойликли иш топиб берадилар ва ҳар ойлигининг маълум бир фоизини бериб туришни келишадилар. Бу ишлари дуруст эмас. Лекин улар ҳам бир марта ҳақ олишлари дуруст, аммо ҳар бир ойлигидан маълум фоизини ёки олдиндан белгилаб қўйилган миқдорни олишлари ҳалол эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

🔗 Улашинг: @Abduhakim_domla
ВАЪДАНИ БАЖАРМАСЛИК ГУНОҲМИ?
#ҳалол-ҳаром

CАВОЛ: Кимгадур бирон нарсани (пул)ни ваъда қилиб ёки бугун тайёр бўлади деб айтилган вақтга қилиб бера олмасам, айтган гапимни устидан чиқа олмасам, бунинг ҳукми қандай бўлади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мусулмон киши ҳаром бўлмаган бирор ишга ёки нарсага ваъда берса, ваъдасини устидан чиқишга имкон қадар ҳаракат қилиши лозимдир. Бирор киши ваъдасини устидан чиқиш ниятида ваъда бериб, бирор узр сабабли ваъдасини бажара олмаса, гуноҳкор бўлмайди.

عن زيد بن أرقم عن النبي صلى الله عليه وسلم قال إذا وعد الرجل أخاه ومن نيته أن يفي له فلم يف ولم يجئ للميعاد فلا إثم عليه. (رواه أبو داود)

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши биродарига ваъдасига вафо қилиш ниятида ваъда берса, лекин ваъдасига вафо қила олмаса, ваъдалашган жойга кела олмаса, у кишига гуноҳ йўқ”, дедилар. (Имом Абу Давуд ривояти)

Аммо, ваъдани бажаришда сусткашлик қилса ёки бажармаслик ниятида ваъда берса-ю ваъдасини бажармаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Чунки ваъда бериб, узрсиз уни бажармаслик шаръан ҳаром иш бўлиб, мунофиқлик аломатидандир (“Мирқот ул-Мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗
Улашинг: @Abduhakim_domla
ҲАЙВОНЛАРНИНГ ҚАЙСИ АЪЗОЛАРИНИ ЕБ БЎЛМАЙДИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Гўшти ҳалол ҳайвонларнинг қайси аъзоларини еб бўлмайди?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу ҳақда Имом Алоиддин Косоний раҳматуллоҳи алайҳи шундай деганлар:

وأما بيان ما يحرم أكله من أجزاء الحيوان المأكول فالذي يحرم أكله منه سبعة الدم المسفوح والذكر والانثيان والقبل والغدة والمثانة والمرارة لقوله عز شأنه ويحل لهم الطيبات ويحرم عليهم الخبائث وهذه الاشياء السبعة مما تستخبثه الطباع السليمة فكانت محرمة" (بدائع الصنائع في ترتيب الشرائع)

яъни: "Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг ейиш ҳаром бўлган аъзоларини баён қилсак, улар еттитадир:

1. Бўғзидан отилиб чиққан қон;
2. Эркак ҳайвоннинг жинсий аъзоси;
3. Ҳайвоннинг мояги;
4. Урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси;
5. Безлар;
6. Сийдик қопи;
7. Ўт пуфаги.

Бу етти аъзонинг ҳаромлигига сабаб, Аллоҳ таолонинг: "У (пайғамбар) уларга пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади", — деганлиги учундир (Аъроф сураси, 157-оят). Зеро, бу етти аъзодан соғлом табиат эгаси ҳазар қилади. Шунинг учун ҳам улар ҳаром ҳисобланади. ("Бадоеъус саноеъ фий тартибиш шароиъ" китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗
Улашинг: @Abduhakim_domla
БОМДОД НАМОЗИДАН СЎНГ УХЛАШ ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Намоз вақтлари узайиб боряпти. Биз савдодамиз, ҳар куни иш. Кўпинча толиқиб бомдод намозидан кейин озгина ухлаб оламан. Шу ишим жоизми? Баъзилар бомдод намозидан кейин ухлаб бўлмайди, дейишади.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бомдод намозидан кейин ухлашни баъзи салафи солиҳлар ёқтиришмаган. Чунки ушбу вақт фазилатли ва баракотли вақт саналади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар бомдод намозини ўқисалар, намоз ўқиган жойларида қуёш чиққунча ўтирар эдилар. Расули акрам алайҳиссалом саҳар пайтга барака сўраб дуо қилганлар.

اللَّهُمَّ بَارِكْ لأُمَّتِي في بُكُورِهَا وَكَانَ إِذَا بَعَثَ سَرِيَّةً أَوْ جَيْشَاً بَعَثَهُمْ مِنْ أوَّلِ النَّهَارِ (رواه أَبُو داود والترمذي عن صخر بن وَداعَةَ الغامِدِيِّ رضي الله عنه)

яъни: “Эй, Аллоҳ! умматимнинг тонггига барака бергин”.У зот бирор жойга аскар жўнатсалар, тонгда жўнатар эдилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Бошқа ривоятда шундай дейилади:

كان الزبير ينهى بنيه عن التصبح ( وهو النّوم في الصّباح ) (رواه الإمام ابن أبي شيبة عن عروة بن زبير)

яъни: “Зубайр разияллоҳу анҳу фарзандларини тонг пайтида ухлашдан қайтарар эдилар” (Имом Ибн Абу Шайба ривоятлари).

Мазкур ривоятлар сабабли баъзилар бомдоддан кейин ухлашни ёқтирмаганлар. Аммо кундузи ухлаб олиш учун вақт бўлмаса ёки кундузги ишларида чарчаб қоладиган бўлса, бомдоддан кейин ухлаши жоиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗
Улашинг: @Abduhakim_domla
ИДИШНИ ИЧИДА ЎЛГАН БАЛИҚНИ ЕЙИШ МУМКИНМИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Бир дўстимиз сотиш учун катта идишда балиқ олиб келган. Идиш балиққа тўла бўлгани учун, йўлда идиш деворига урилиб ва кислород етмай бир қанча балиқлар ўлган. Ўша балиқларни ейиш дурустми?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ҳақиқатан балиқлар кислород етмай ёки идиш деворига урилиб ўлган бўлса, ейиш дуруст, чунки сувдан ташқарида қолиб, ҳаво етмай ўлган балиқларни ҳам ейиш дуруст бўлади. Балиқларни тириклигида бисмиллаҳ айтиб сўйиб олиш шарт қилинмайди. Ҳанафий мазҳабимизда сув ҳайвонларидан фақат балиқни ейиш ҳалол. Фақат ҳеч бир сабабсиз ўлган (ва сув юзига тескари бўлиб чиқиб қолган) балиқни ейилмайди (“Ал-Ҳидоя”, “Ал-Ихтиёр” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

🔗
Улашинг: @Abduhakim_domla
ЭШАК ГЎШТИ ҲАҚИДА
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Эшак гўшти ҳақида маълумот берсангиз. Уни ҳаром деб эшитганмиз, лекин ҳозирги кунда баъзи жойларда сотиляпти экан. Шу мумкинми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу мутлақо мумкин эмас. Чунки шариатда “истемоли ножоиз бўлган нарсанинг савдоси ҳам ножоиз” деган қоида бор. Эшак гўштининг ҳаромлиги “Ҳайбар” ғазоти кунида Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан баён қилинган очиқ ҳақиқатдир. Бунга Имом Бухорий ўз саҳиҳларида Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган ҳадис далил бўлади.

نهى النبي صلى الله عليه وسلم يوم خيبر عن لحوم الحمر، و رخص في لحوم الخيل.

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбар кунида эшак гўштини ейишдан қайтардилар ва от гўштига рухсат бердилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Худди шунингдек “Саҳиҳ Муслим”да ҳам қуйидагича ривоят келган:

عن أبي ثعلبة الخشني: حرم رسول الله صلي الله عليه وسلم لحوم الحمر الأهلية‘‘

“Абу Саълаба ал Хушаний разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшак гўштини ейишни ҳаром қилдилар”. (Имом Муслим ривояти).

Ҳар бир мўмин мусулмон киши унутмаслик керакки, эшак гўштининг ҳаромлигини юқорида келтирилган ва бундан бошқа ҳадислар орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар. Ҳолбуки, у зот бирор бир нарсани ҳалол ёки ҳаром дейишда ўз нафсларига таянмаслигида шак шубҳа йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло: “У ҳаводан нутқ қилмас” деб марҳамат қилган. (Нажм сураси, 3 оят).

Зотан шундай экан, мусулмон киши Аллоҳ ва унинг Расули ҳаромлигини очиқ айтган нарсалардан бутунлай йироқ бўлишлиги лозим ва лобид ишлардандир. Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай деган: “... Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар...” (Ҳашр сураси, 7 оят).

Юқоридагилардан келиб чиқиб уламоларимиз эшак гўштининг ҳаромлигини мўътабар фиқҳий манбааларимизда ҳам келтирганлар. Жумладан “Фатовои Ҳиндия”, “Муҳити Бурҳоний” каби китобларда:

واما الحمار الاهلي فلحمه حرام

“Аммо хонаки эшак гўшти ҳаромдир” дейилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

Каналга обуна бўлинг!
📲 @Abduhakim_domla
ОШҚОВОҚ ЎҒИРЛАШ САВОБМИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Баъзилар ошқовоқ ўғирлаш савоб дейди. Шу тўғрими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу гап мутлақо нотўғри. Ўғрилик гуноҳи кабира, ҳаром амал саналади. Уни ҳалол ёки савобли амал дейиш кишини имонидан айриб қўяди, Аллоҳ сақласин.

Мусулмон учун бировнинг моли ҳаромдир. Фақат чин кўнгилдан берсагина ҳалол бўлади. Ўзганинг молини билдирмасдан олиш ўғрилик дейилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деб марҳамат қилганлар:

لا يحل مال رجل مسلم لأخيه إلا ما أعطاه بطيب نفسه

"Мусулмон кишининг моли биродарига ҳалол бўлмайди, фақат ўзи унга чин кўнгилдан берса ҳалолдир" (Байҳақий ривояти).

Хулоса қилиб айтганда, "Китоб ўғирласа гуноҳ бўлмайди", "Ошқовоқ ўғирласа савоб бўлади" деган гаплар баъзи илмсиз кишилар томонидан тўқилган асоссиз гаплардир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.


Каналга обуна бўлинг!
📲 @Abduhakim_domla
ЭРКАКНИНГ ТЎПИҒИ ОЧИҚ ТУРИШИ СУННАТМИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Эркак кишини тўпиғи очиқ туриши суннатми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ислом манманлик ва мутакаббирликнинг барча турларини ҳаром қилган. Ана ўшалар қаторида кийим-кечак ила манманлик қилиш, гердайишни ҳам ҳаром қилгандир. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَنْ جَرَّ ثَوْبَهُ خُيَلاَءَ لَمْ يَنْظُرِ اللَّهُ إِلَيْهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ

“Ким манманликлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас”, – деганлар.

Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, менинг изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қолади?”, – дедилар. “Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Имом Бухорий ўзларининг “Ал-Жомиус-саҳиҳ” ҳадис тўпламларида “Манманликсиз иштонини судраб юрган киши ҳақида боб”, деб алоҳида мавзу келтирганлар. Ушбу мавзу остида мазкур ҳадисни келтириш билан бирга Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир жанозага кийимларини судраб борганлари ҳақидаги ривоятни ҳам келтирадилар. Бу билан Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ манманликсиз узун кийим кийиш жоиз эканига ишора қиладилар.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳадисдаги “манманликлик ила” жумласи барча иштон пойчасини судраб юрувчилардан хослайди ва қайтариқдан мурод такаббурлик қилиб кийимни судраш эканини кўрсатади. Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом Абу Бакр разияллоҳу анҳуга бу борада рухсат берганлар ва “Сен манманлик ила судраб юрадиганлардан эмассан”, дея марҳамат қилдилар (“Шарҳу Саҳиҳи Муслим” китоби 2-жуз, 116-бет).

Демак, эркак киши изор (иштон, шим)ини узун киймаслиги ёки топиқни очиб юриши кераклиги ҳақидаги буюруқларнинг асосий сабаби манманликдан қайтариш экан. Шунинг учун киши модомики мутакаббирлик қилмасдан тўпиғини ёпадиган узун шимда юриши жоизлиги келиб чиқади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

Каналга обуна бўлинг!
📲 @Abduhakim_domla
ГЎШТИ ҲАРОМ ҚИЛИНГАН ҚУШЛАР
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Ислом динида қайси қушларнинг гўшти ҳаром килинган?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Шариатимизга кўра тирноғи билан ов қиладиган қушлар йиртқич ҳисобланади ва гўшти ҳаром саналади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу шундай деганлар:

"أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنْ أَكْلِ كُلِّ ذِي نَابٍ مِنْ السِّبَاعِ وَكُلِّ ذِي مِخْلَبٍ مِنْ الطَّيْرِ " رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُد

“Набий саллаллоуҳу алайҳи васаллам қозиқ тиши бор йиртқич ҳайвонни ва тирноғи бор қушни (гўштини) ейишдан қайтардилар” (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадисдаги "тирноғи бор қуш"дан ўша тирноғи билан ов қиладиган, азият берадиган қуш тушунилади. Чунки кабутар (ва бошқа қушлар)да ҳам тирноқ бор, лекин у қушлар йиртқич ҳисобланмайди ("Мажмаъул анҳур" китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

Каналга обуна бўлинг!
📲 @Abduhakim_domla
ҚЎҒИРЧОҚ ЯСАШ ЖОИЗМИ?
#ҳалол-ҳаром

CАВОЛ: Оила аъзоларим билан миллий қўғирчоқ ясаймиз. Шу ишимиз жоизми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Уламоларимиз жисмли тимсол ва ҳайкалларни ясаш шаръан ҳаром эканига фатво беришган бўлса-да, бундан болалар ўйинчоқларини истисно қилишган.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз шундай дейдилар:

"كُنْتُ أَلْعَبُ بِالْبَنَاتِ عِنْدَ النَّبِىِّ، عليه السَّلام، وَكَانَ لِى صَوَاحِبُ يَلْعَبْنَ مَعِى - فَكَانَ رَسُولُ اللَّهِ عليه السلام إِذَا دَخَلَ يَتَقَمَّعْنَ مِنْهُ، فَيُسَرِّبُهُنَّ إِلَىَّ فَيَلْعَبْنَ مَعِى".

"Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Менинг ўртоқларим бор эди, мен билан ўйнашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирганларида эса у зотдан яшириниб олишарди. Шунда У Зот уларни аста мен томон юборардилар ва улар яна мен билан ўйнашар эди".

Ушбу ҳадис шарҳида Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:

واستدل بهذا الحديث على جواز اتخاذ صور البنات واللعب من أجل لعب البنات بهن وخص ذلك من عموم النهي عن اتخاذ الصور وبه جزم عياض ونقله عن الجمهور وأنهم أجازوا بيع اللعب للبنات لتدريبهن من صغرهن على أمر بيوتهن وأولادهن

"Ушбу ҳадисни далил қилиб ёш қизалоқчалар ўйнаши учун қизчаларнинг қўғирчоғини ясашга рухсат берилган ва бу суратлар чизиш ва уйда сақлаш ҳақидаги умумий қайтариқдан истисно қилиб хосланган. Қози Иёз буни жазм билан айтиб, жумҳур уламолардан "Қизалоқларнинг уй ва болага қараш ишларини ёшлигидан машқ қилиши учун уларнинг қўғирчоқларини сотиш жоиз", дейишганини нақл қилиб келтирган" ("Фатҳул Борий" китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

Яқинларингизга ҳам улашинг
📲 @Abduhakim_domla
ЭРИМНИНГ ТОПГАНИ БИЗГА ҲАЛОЛМИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Емлаб боқаётган қўйимиз ўлиб қолди. Хўжайиним уни колбаса сехига топширди. Шуни пули бизга ҳалолми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Эрнинг ушбу қилаётган иши шариатимизга кўра ҳалол эмас. Чунки ўлимтикнининг ўзи ҳам, унинг пули ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу ҳақида уламоларимиз шундай деганлар: "Оқувчи қон ва ўлимтик каби шариатда қийматга эга бўлмаган нарсаларнинг савдоси ботилдир" ("Роддул Муҳтор" китоби).

Эр киши ҳалолдан маблағ топиши ва аҳли-оиласи ва фарзандини ҳалол едириб ичириши керак. Агар эр ҳаром маблағ билан оиласини боқса, уларнинг ҳам гуноҳини зимасига олган бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди", — деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Агар эр ҳаром ризқ билан нафақа қилса, унга бунинг оқибати тушунтирилади ва ҳалолдан пул топиши унинг бурчи экани эслатилади. Агар эр бош тортса ва унинг аёли ва фарзандларининг қўлида касби бўлмаса, уларга оила бошлиғининг топганидан зарурат миқдоричаси жоиз бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

Яқинларингизга ҳам улашинг
📲 @Abduhakim_domla
АРОҚ СОТИЛАДИГАН РЕСТОРАНДА ЁКИ МАГАЗИНДА ИШЛАСА БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Ароқ сотиладиган ресторанда ёки магазинда ишласа бўладими? Уни иши ароққа боғлиқ бўмаса, масалан, кассир ёки повар ё фаррош бўлиб ишласа, ўша ердан оладиган ойлиги ҳалол бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда маст қилувчи ичимликдан қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ (سورة المائدة الأية 90-91).

“Эй, имон келтирганлар! Албатта, хамр (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91- оятлар).

“Хамр” сўзи – маст қилувчи ҳар қандай ичимлик турини ўз ичига олади.

Мазкур оятда маст қилувчи ичимлик – қимор ўйнашга, бут-санамларга ибодат қилишга, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилишга тенглаштирилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида:

لَعَنَ اللهُ الخمرَ وشاربَها ، وساقِيَها ، ومُبْتَاعَها ، وبائِعَها ، وعَاصِرَها ، ومُعْتَصِرَها ، وحامِلَها ، والمَحْمُولَةَ إليهِ

“Аллоҳ хамрни, унинг ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, сиқувчисини, сиқтирувчисини, кўтарувчисини ва кўтартирувчисини лаънатлади”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Шундан келиб чиқиб, ресторан ёки дўконларда спиртли ичимлик ичувчилар учун бевосита хизмат кўрсатувчи ходим бўлиб ишлаш мутлақо жоиз эмас. Баъзи уламолар уни катта гуноҳлардан санашган (Аллоҳ сақласин).

Агар ходдимнинг иши маст қилувчи ичимликка боғлиқ бўлмаса, масалан, кассир ёки повар ё фаррош бўлиб ишласа, кўпчилик замонамиз уламоларининг фатвосига кўра, ўша ерда ишлаш жоиз бўлмайди. Чунки ўша жойдан олаётган иш ҳақининг бир қисмида ҳаромдан топилган маблағ борлиги ёки энг камида молида шубҳа аралашиши бор.

Қолаверса, бунда мункар ишларни кун бўйи гувоҳи бўлиб, ундан қайтармаслик бор. Шунинг учун ҳам Расули акрам алайҳиссалом гарчи ўзи ичмаса-да, маст қилувчи ичимлик қўйилган дастурхон устида ўтиришдан қайтарганлар:

من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فلا يجلس على مائدة يدار عليها الخمر (أخرجه الإمام أحمد والترمذي بإسناد حسن).

“Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, хамр айлантириладиган дастурхон устида ўтирмасин” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоятлари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

Яқинларингизга ҳам улашинг
📲 @Abduhakim_domla
ИДИШНИ ИЧИДА ЎЛГАН БАЛИҚНИ ЕЙИШ МУМКИНМИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Бир дўстимиз сотиш учун катта идишда балиқ олиб келган. Идиш балиққа тўла бўлгани учун, йўлда идиш деворига урилиб ва кислород етмай бир қанча балиқлар ўлган. Ўша балиқларни ейиш дурустми?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ҳақиқатан балиқлар кислород етмай ёки идиш деворига урилиб ўлган бўлса, ейиш дуруст, чунки сувдан ташқарида қолиб, ҳаво етмай ўлган балиқларни ҳам ейиш дуруст бўлади. Балиқларни тириклигида бисмиллаҳ айтиб сўйиб олиш шарт қилинмайди. Ҳанафий мазҳабимизда сув ҳайвонларидан фақат балиқни ейиш ҳалол. Фақат ҳеч бир сабабсиз ўлган (ва сув юзига тескари бўлиб чиқиб қолган) балиқни ейилмайди (“Ал-Ҳидоя”, “Ал-Ихтиёр” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

Яқинларингизга ҳам улашинг
📲 @Abduhakim_domla
ИЧИ ТОЗАЛАНМАГАН КИЧИК БАЛИҚЛАРНИ ЕЙИШ ДУРУСТМИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ:
Кильки деган консерва бор. Арзон балиқ, узунлиги 3 см атрофида, ичи тозаланмаган, шу ҳалолми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Килька ва шунга ўхшаган майда балиқларни ичи тозаланмаган бўлса ҳам тузланган ёки бошқа (дудланган, консерва) кўринишида ейиш
ҳалол. Ичида қолган нарса – оз бўлгани ва тозалаш катта машаққат туғдиргани сабабли афв қилинади.

Аллоҳ таоло бандаларига енгилликни хоҳлайди, бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
﴿ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ ﴾ البقرة: 185
яъни: “...Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят).

Динимиздаги мўтадиллик, енгиллик ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
إن الدين يسر، ولن يشاد أحد الدين إلا غلبه... (رواه البخاري. عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Албатта, дин осондир. Ким динни қаттиқ олса, дин уни енгиб қўяди...” (Имом Бухорий ривоятлари). Ким динга амал қилишда ҳаддидан ошса, охирида унинг амали узилиб қолади. Амал қилолмай мағлуб бўлади.

Майда балиқларнинг ҳукми ҳақида “Кувайт фиқҳ энциклопедияси”да шундай дейилади:
وَالْفَسِيخُ إِنْ كَانَ صَغِيرًا كَانَ طَاهِرًا فِي الْمَذَاهِبِ الأْرْبَعَةِ ، لأِنَّهُ مَعْفُوٌّ عَمَّا فِي بَطْنِهِ ، لِعُسْرِ تَنْقِيَةِ مَا فِيه
яъни: “Тузланган балиқлар кичик бўлса, тўрт мазҳабга кўра ҳам пок бўлади. Чунки унинг қорнидаги (қолиб кетган) нарса тозалаш қийин бўлгани учун афв қилинган” (5-жуз, 132-бет “Сув ҳайвонлари: ҳалоли ва ҳароми” мавзуси).

Саволда зикр қилинган майда балиқчаларнинг бир неча туридан йилига олти юз минг (600 000) тонна овланар экан. Аллоҳ таоло бандаларини ризқини ер юзига сочиб қўйгани каби, сувда ҳам ундан кам бўлмаган ризқни тарқатиб қўйган. Бунинг устига мужтаҳид уламоларимизнинг (раҳматуллоҳи алайҳим) заковати сабабли бу балиқларни тозалаш ҳукмини бизга осон қилди. Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир.
Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.


Каналга обуна бўлинг!
📲 @Abduhakim_domla
ЛУҚМАМ ЭНДИ ҲАРОММИ?
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Бир вақтлар Россия ўрмонларида ишлаганимда чўчқа гўштини ейишга мажбур бўлганман. Билиб туриб еганим учун ҳалигача кўнглим ғаш бўлаверади, лекин бошқа иложим йўқ эди. Совуқда касалланмаслик, бошқа гўшт бўлмагани туфайли йиғлаб еганман. Аммо онам мени “луқмангга ҳаром аралашган, чўчқа гўштини еганинг сабаб аҳли оилангни қизғанмайдиган инсонга аниқ айланиб қолгансан” дея қийнайверади. Шу гап ўринлими?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ўтган ишга тавба тазарру қилиб, истиғфор айтинг. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: «Сизларга ўлимтик, қон ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди» (Моида сураси, 3-оят).

Энди бундай ҳаром таомларни ҳеч ҳам еманг. Иложи борича ишга жойлашишдан аввал шарт шароитларни ўрганинг, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, ҳамма ишда ҳалоллик ва покликни қаттиқ қасд қилинг. Ана ўшанда ниятингизга яраша ҳалоллик ва покликка эришасиз, иншааллоҳ. Чин тавба қилган киши гуноҳи йўқ киши кабидир. Бир икки марта билиб билмай ҳаром таом еган киши бир умр оиласини қизғанмай қолади, аниқ даюс бўлади, деган гап йўқ. Инсон тавба қилиб ўзини ўнгласа, ҳамма нарса изига тушади.

Ҳайвоншунос олимлар чўчқанинг энг ифлос ҳайвонлардан бири экани, у ҳашаротлар, тезаклар ҳатто ўз нажосатини ҳам ейишини, уни ўта озода жойда ва энг яхши емлар билан боқилса ҳам, ўзининг ифлос табиатидан воз кечмаслигини таъкидлайдилар. Шариат ва тиббиёт нуқтаи назаридан озиқ турлари ва ҳайвонларга кўп аралашиб юриш, инсоннинг табиати ва аҳлоқига таъсир қилиши маълумдир. Бу ҳақда Абу Саид разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Кибр ва фахрланиш от ва туя боққанларда, хотиржамлик эса қўй боққанларда мавжуддир" деб айтган ҳадисларини ривоят қилган (Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ: "Саҳройилар туя гўштини егач қўполликни, туркийлар отнинг гўштини егач довюракликни, фаранглар эса чўчқа гўштини еб даюсликни касб этдилар" – деганлар. Ҳозирда ҳам доимий тўнғиз гўштини ейдиган кишиларда, онангиз айтганларидек, ҳамиятсизлик пайдо бўлиши ҳақида илмий тажрибалар мавжуд. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
.

Каналга обуна бўлинг!
📲 @Abduhakim_domla
КОНСАЛТИНГ ХИЗМАТИ
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Биз тадбиркорларга консалтинг хизмати кўрсатамиз. Шунда ишлаш ва ҳақ олишимиз мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Албатта, хизмат кўрсатиб эвазига ҳақ олиш жоиз. Бу ҳақда фиқҳий китобларимиздан “Мухтасарул виқоя”нинг “Ижара”китобида қуйидагича келтирилади:

هي بيع نفع معلوم بعوض كذا دين او عين

“Ижара – маълум манфаатни зиммадаги ёки муайян шунча эвазга сотишдир”.

Консалтинг (маслаҳат бериш) хизматидан асосан бизнес жараёнларда фойдаланилади. Масалан тадбиркорга фаолияти давомида янги ғоялар керак бўлган, тажриба ва малакага эҳтиёж сезган ҳамда компания ўз лойиҳаларини якунига етказишда ёрдамга муҳтож бўлиш каби бир қанча ҳолларда консалтинг хизматларидан фойдаланилади. Эслатма тарзда шуни айтамизки, бунда хизмат кўрсатувчи экспертлар мижозларни алдаш, уларнинг тажриба ва малакасини озлигидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмасликлари шарт. Чунки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

من غش فليس منا

“Ким алдаса биздан эмас”, деганлар.(Имом Термизий) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

♻️ Дўстларингизга ҳам улашинг!!!
👉 @irshooduz 👈
ПУЛ БЕРИБ БАҲО ОЛИШ
#ҳалол_ҳаром

CАВОЛ: Мен ҳозир университетда ўқияпман. Фанларни ёпиш учун домлаларга пул берсак гуноҳ бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Албатта гуноҳ бўлади. Ҳар қандай ўқув муассасасида ўқиётган талабалар фанлардан баҳо олиш учун ёхуд баллни (баҳони) кўтариш учун ўқитувчиларга пул ёки буюм таклиф қилиши ришва (пора) ҳисобланади. Динимизда ришва ҳаром эканига далолат қилувчи бир нечта ҳадислар бор. Жумладан, Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ришва берувчи ва ришва олувчи дўзахдадир” (✍️ Табароний ривоятлари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази(
Fatvo.uz).

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
@Abduhakim_domla