IIO QONUNI | ИИО ҚОНУНИ
4.97K subscribers
5 links
Download Telegram
транспорт воситасини бошқаришга бўлган ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ўқотар қурол ва ўқ-дориларни уларнинг ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий қамоққа олиш, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш, вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тўғрисидаги суд қарорларини ижро этиши;

сурункали ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган, озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларни мажбурий тарзда даволашни суднинг ҳукми, ажрими ва қарори асосида амалга ошириши;

жазони ижро этиш муассасаларининг, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг, тергов ҳибсхоналарининг, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг, ички ишлар органлари вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларининг, аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларининг ва ички ишлар органлари кинология бўлинмаларининг фаолиятини таъминлаши;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириши, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаши ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриши;

қонунда назарда тутилган шахсларнинг профилактик ҳисобини юритиши;

Олдинги таҳрирга қаранг.
профилактика тадбирларини режалаштириш ва ўтказиш мақсадида жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг, уларни содир этган шахсларнинг, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг, қидирув эълон қилинганларнинг, бедарак йўқолганларнинг ҳисобини юритиши, ушбу маълумотларнинг таҳлилини амалга ошириши;

ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахсларни аниқлаши ва улар билан якка тартибда профилактика ишларини олиб бориши;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириши;

ҳуқуқбузарликлар ёки ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этган вояга етмаганларни, шунингдек назоратсиз ва қаровсиз қолганларни ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, яшаш, тарбияланиш ва таълим олиш учун алоҳида шароитларга муҳтож бўлган вояга етмаганлар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ёхуд ҳудудий ички ишлар органининг хизмат биносига олиб бориши;

ижтимоий реабилитация ва ижтимоий мослаштириш чораларини кўриши;

таносил касалликларига, одамнинг иммунитет танқислиги вирусига (ОИВ инфекциясига), руҳий ҳолати бузилиши хасталигига, сурункали ичкиликбозликка, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка чалинган, шунингдек психотроп моддаларни ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир қилувчи бошқа моддаларни истеъмол қиладиган, чақирув бўйича етиб келишдан бўйин товлаган шахсларни олиб келишда соғлиқни сақлаш муассасаларига қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда кўмаклашиши;

авариялар, фалокатлар, ёнғинлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда аҳолини хабардор қилиш, одамларни қутқариш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳудуднинг зарур участкаларини ўраб олиш (тўсиш) юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриши, шунингдек қаровсиз қолган мол-мулкни қўриқлашга доир вазифаларни бажариши;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳолларда унинг ҳуқуқий режимини таъминлашда иштирок этиши;
транспорт воситаларининг, йўл ҳаракати қоидалари бузилишларининг ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳисобини юритиши ва уларни рўйхатга олиши, йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириши;

шахсни мастлик ҳолатида деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлган тақдирда унинг транспорт воситасини бошқаришдан четлатилишини ҳамда мастлик ҳолатини аниқлаш учун уни белгиланган тартибда текширувдан ўтказилишини таъминлаши;

техник ҳолати хавфсизлик бўйича белгиланган талабларга жавоб бермайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлаши, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар бажарилмаётган бўлса, кўчалар ва йўлларда таъмирлаш-қурилиш ишлари ҳамда бошқа ишлар ўтказилишини чеклаши ёки тақиқлаши;
йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари ва нормаларига мос келмайдиган йўллардан ҳамда темир йўлдан ўтиш жойларидан фойдаланишни тақиқлаши;

Ўзбекистон Республикасида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг марказлаштирилган ҳисобини ҳамда ягона маълумотлар базасини юритиши;
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқишга доир материалларни тайёрлашда иштирок этиши;

хавф таҳдид солган тақдирда, судьяларнинг, прокурорларнинг, терговчиларнинг, суриштирувчиларнинг, жабрланувчиларнинг, гувоҳларнинг ҳамда жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг, шунингдек улар оила аъзоларининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки ҳимоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриши;
ушлаб турилган ёки қамоққа олинган шахслардан олиб қўйилган, шунингдек топилган ва ички ишлар органларига топширилган ҳужжатлар, қимматбаҳо буюмлар, ашёлар ва бошқа мол-мулкнинг сақланишини таъминлаши, уларни қонуний эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ихтиёрига топшириш чораларини кўриши;

ўта муҳим ва тоифаланган объектларни, шунингдек ички ишлар органлари томонидан қўриқланиши керак бўлган ўзга объектларни қўриқлашни амалга ошириши;

эгасиз мол-мулк ва хазиналар тегишинча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар ёки юридик шахслар ихтиёрига топширилгунига қадар уларнинг сақланишини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриши;

ўта хавфли ва махсус юкларни қўриқлаш ҳамда кузатиб бориш тадбирларини амалга ошириши;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига идентификацияловчи ID-карталарни ёки хорижга чиқиш учун биометрик паспортларни, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга идентификацияловчи ID-карталарни, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳаракатланиш ҳужжатларини, шунингдек чегара зонасига кириш учун рухсатномалар беришни ҳамда уларни алмаштиришни, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий яшаш ҳамда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни амалга ошириши, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар визаларининг амал қилиш муддатини узайтириш масалаларини кўриб чиқиши;

фуқаролар ва мансабдор шахслардан қалбакилик белгилари бўлган ҳужжатларни, шунингдек тегишли асосларсиз уларда бўлган, муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган нарсаларни баённома тузган ҳамда унинг кўчирма нусхасини мазкур фуқароларга ва мансабдор шахсларга берган ҳолда олиб қўйиши;

топиб олинган ва ихтиёрий равишда топширилган саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари, алюмин кукунлари ва қурумларининг тегишли ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан қабул қилиниши ҳамда сақланиши, шунингдек уларнинг реализация қилиниши ёки йўқ қилиб ташланишини таъминлаш чораларини кўриши;

хизматга доир ахборотнинг, шунингдек хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлаши;

карантин, санитария-эпидемиология ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказишда иштирок этиши, браконьерликка қарши курашишда табиатни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиши;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида, шунингдек бошқа соҳаларда илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий фаолиятни амалга ошириши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда фан ва технологиялар ютуқларини ривожлантириши ҳамда улардан фойдаланиши, янги усулларни, техник ва бошқа воситаларни жорий этиши;

маълумот-ахборот фондларини шакллантириши, криминалистик ҳисоб-ахборот тизимини яратиши, тезкор-қидирув ва кадрларга оид ҳисобларни, давлат статистика ҳисоботини ва бошқа статистика ҳисоботини юритиши шарт.

Ички ишлар органларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

@iioqonuni
17-модда. Ички ишлар органларининг ҳуқуқлари

Ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фуқаролардан қонунчиликка риоя этишни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эса мажбурлов чораларини қўллаш;

ўз хизмат мажбуриятларини амалга ошириш чоғида фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, агар уларда қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив ёки заҳарли моддалар, портлатиш қурилмалари, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлганда эса, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказишни, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳамда мазкур нарсалар, воситаларни ва моддаларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда уларни олиб қўйиш;

агар терговга қадар ва тергов ҳаракатларини, тезкор-қидирув ва қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштириш ёки жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш учун зарур бўлса, фуқаролардан жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини тарк этишни талаб қилиш;

содир этилаётган жиноятларга чек қўйиш, шунингдек уларни содир этаётган шахсларни таъқиб қилиш ҳамда ушлаш учун, агар бунинг кечиктирилиши фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жамият ва давлат хавфсизлигини таҳдид остига қўйиши мумкин бўлса, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳудудига, турар жойларига ва бошқа биноларига, ер участкаларига, транспорт воситаларига сутканинг исталган вақтида тўсқинликсиз кириш (ошиб тушиш);

фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, уларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда ушлаш мақсадида фуқароларга тегишли бўлган турар жойларда ва бошқа биноларда, уларга қарашли ер участкаларида фуқароларнинг розилиги билан, ташкилотлар жойлашган ҳудудда ва биноларда уларнинг маъмурияти рухсати билан ёки мулкдорнинг розилиги билан бўлиш;

жиноят ишларини тергов қилиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар ҳақидаги аризалар ҳамда хабарларни кўриб чиқиш доирасида давлат органларига ва бошқа ташкилотларга кириш, зарур ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, шунингдек давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ҳамда фуқаролардан маълумотларни ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни сўраш ва олиш;
террорчиликка қарши операция ўтказилаётган зонада жисмоний шахсларни шахсий кўрикдан ўтказишни, улардаги ашёларни, транспорт воситаларини ҳамда олиб ўтилаётган юкларни кўрикдан ўтказишни, шу жумладан назорат қилишнинг техник ва бошқа воситаларини қўллаган ҳолда кўрикдан ўтказишни амалга ошириш;

ички ишлар органлари юритувидаги ишлар ва материаллар бўйича фуқароларни, мансабдор шахсларни ички ишлар органларига чақиртириш, улардан зарур тушунтиришлар, маълумотлар, ҳужжатлар, маълумотномаларни ва уларнинг кўчирма нусхаларини олиш;

фуқароларни уларнинг розилиги билан ҳамкорликка жалб этиш, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларига ёрдам берган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган фуқароларни тақдирлаш;

ташкилотлар ва фуқаролардан ички ишлар органларининг фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни бепул олиш, бундан қонунчиликда бошқача тартиб белгиланган ҳоллар мустасно;

ҳуқуқбузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органларига, бошқа ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга бажарилиши шарт бўлган тақдимномалар киритиш;

жиноятларнинг ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларни фош этиш мақсадида зарур маълумотлар базаларига эга бўлган ахборот тизимларини техник ва махсус воситалардан фойдаланган ҳолда яратиш;
жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган шахсларни, шунингдек ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда ушлаш, ички ишлар органларига олиб бориш ва қамоқда сақлаш;

жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётган ҳарбий хизматчиларни улар ҳарбий патрулга, ҳарбий комендантга, ҳарбий қисмлар командирларига топширилгунига қадар ушлаб туриш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда ушлаш ва ички ишлар органларига олиб бориш;

қамоқда сақланаётган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни, шахсини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда бошқа ушлаб турилган шахсларни, шунингдек қонунга мувофиқ ўзга шахсларни рўйхатга олишни, фотосуратга олишни, уларнинг овозини ёзиб олишни, уларни кино- ва видеотасвирга туширишни, бармоқ изларини олишни амалга ошириш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, шунингдек озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган ёхуд шартли ҳукм қилинган шахсларни назорат қилиш бўйича чоралар кўриш;

ўзига нисбатан тайинланган тиббий ва тарбиявий йўсиндаги мажбурлов чораларини ўташдан бўйин товлаётган шахсларни ушлаш ва махсус муассасаларга олиб бориш;

аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказларига олиб бориш, шунингдек уларни шахси аниқлангунига қадар судларнинг ажримлари асосида ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга сақлаб туриш;

давлат органлари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан жиноятлар ҳолатларини, уларни содир этган шахсларни аниқлаш, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлардан, суриштирув, тергов органларидан, суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ва маъмурий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек бедарак йўқолган шахсларни қидириш учун бепул фойдаланиш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи учун имтиҳонлар қабул қилиш ҳамда гувоҳномалар бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича фаолиятни амалга ошираётган таълим муассасалари устидан назорат олиб бориш;

автомототранспорт воситаларининг ҳамда уларнинг тиркамаларининг мажбурий давлат техник кўригини ва рўйхатдан ўтказилишини ташкил этиш ҳамда ўтказиш, йўл ҳаракатини тартибга солиш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари ва нормаларини ишлаб чиқиш;

автомототранспорт воситаларидан фойдаланишда атмосфера ҳавоси ифлосланиши устидан давлат экологик назоратини амалга ошириш;

зарур бўлган ҳолларда, транспорт воситаларини тўхтатиш ҳамда уни бошқариш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, транспорт воситасига, шунингдек ташилаётган юкларга оид ҳужжатларни текшириш, ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахс билан биргаликда транспорт воситасини ва юкларни ташқи кўздан кечириш;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда транспорт воситаларини ва шахсларни ушлашни, кўрикдан ўтказишни амалга ошириш, шахсларни транспорт воситасини бошқаришдан четлаштириш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни олиб қўйиш, шунингдек транспорт воситаларини сақлаб туриладиган жойга қўйиш учун олиб бориш;

махсус автомобилларни, чет эл делегацияларини, автомобиль колонналарини, қимматбаҳо, йирик габаритли ва хавфли юкларни кузатиб боришни амалга ошириш;

йўллар ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларининг сақланиши, уларнинг йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозланиши устидан назоратни амалга ошириш;

белгиланган паспорт тизими қоидаларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва мансабдор шахслар томонидан риоя этилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикасида бўлиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш қоидаларига чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
паспорт режими қоидаларига, шунингдек бажарилиши устидан назорат қилиш ички ишлар органлари зиммасига юклатилган бошқа қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш амалга оширилаётганда фуқароларнинг турар жойларига ва бошқа биноларига уларнинг розилиги билан соат 6-00 дан соат 22-00 гача кириш;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни уларнинг организмида алкоголь, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар мавжудлигини аниқлаш учун текширишни амалга ошириш;

жамоат жойларида алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсирида мастлик ҳолатида бўлган ва мустақил равишда ҳаракатланиш ёки адашмай йўл топиш қобилиятини йўқотган фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг реабилитация ва тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб бориш;

фуқаровий ва хизмат қуроллари, уларнинг ўқ-дорилари, саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари, алюмин кукунлари ва қурумлари муомалада бўладиган соҳада фаолиятни амалга ошираётган объектларнинг маъмурий, ишлаб чиқариш, омборхона ва ёрдамчи биноларига мазкур соҳада қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш бўйича ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун хизмат гувоҳномасини ҳамда белгиланган тартибда бериладиган махсус рухсатномани кўрсатган ҳолда тўсқинликсиз кириш;

лицензия ва рухсат этиш талаблари ҳамда шартларининг бузилганлиги фуқаровий ва хизмат қуроли, унинг ўқ-дорилари, саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари, алюмин кукунлари ва қурумларининг йўқолиши ёки талон-торож қилиниши хавфини келтириб чиқарган ҳолларда, уларни олиб қўйишни амалга ошириш, саноат учун мўлжалланган портловчи материалларни, пиротехника буюмларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг прекурсорларини, алюмин кукунлари ҳамда қурумларини тегишли ихтисослаштирилган ташкилотларга, фуқаровий ва хизмат қуролини ва унинг ўқ-дориларини эса ички ишлар органларига зудлик билан олиб боришни ҳамда сақлаш учун жойлаштиришни талаб қилиш;

ташкилотларда ҳамда фуқароларда лицензияларсиз ва рухсатномаларсиз турган ўқотар қуролни, унинг ўқ-дориларини, портловчи материалларни, пиротехника буюмларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва уларнинг прекурсорларини, алюмин кукунлари ва қурумларини белгиланган тартибда олиб қўйишни, ташишни ҳамда сақлаш учун жойлаштиришни амалга ошириш, уларни йўқ қилиб ташлаш чораларини кўриш;

тегишли ташкилотларда объектнинг ички режимга ва рухсатнома билан кириш режимига риоя этилишига доир ишларни назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш, бундан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган объектлари мустасно;

лицензиялашни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришни амалга ошириш, қонунчиликка мувофиқ лицензия талаблари ҳамда шартларига риоя этилишига доир текширувлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ва Давлат герби тўғрисидаги қонунчиликнинг давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, қонунчиликни ички ишлар органларининг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш;

Ички ишлар органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

@iioqonuni
4-боб. Ички ишлар органлари томонидан айрим мажбурлов чораларининг қўлланилиши
18-модда. Ички ишлар органлари томонидан шахсларни ушлаб туриш асослари ва тартиби

Ички ишлар органлари:

жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда;

ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларни;

қидирувдаги шахсларни;

ўзига нисбатан ушлаб бериш тўғрисида сўров келиб тушган шахсларни;

маъмурий қамоқ жазосини ўташдан, маъмурий тарзда чиқариб юборилишдан бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш юритилаётган шахсларни Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган тартибда;

жиноий жазони ўташдан, шунингдек ўзига нисбатан суд томонидан тайинланган тиббий ва бошқа йўсиндаги мажбурлов чораларини бажаришдан бўйин товлаётган шахсларни;

аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни, кейинчалик уларни аниқ яшаш жойига эга бўлмаганларни реабилитация қилиш марказларига суд ажримига асосан жойлаштирган ҳолда;

фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазият режимини бузган шахсларни;

умумий ҳарбий мажбуриятни ўташдан бўйин товлаётган шахсларни;

қўриқланадиган объектларга ғайриқонуний равишда кирган ёки киришга уринган шахсларни;

ўзини ўзи ўлдиришга уринган ёхуд руҳий ҳолатининг яққол ифодаланган бузилиши белгиларига эга бўлган ҳамда ўз ҳаракатлари билан ўзи ва атрофдагилар учун хавф туғдираётган шахсларни ушлаб туриш ҳуқуқига эга.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шахслар уларнинг шахси ҳамда ҳуқуқбузарликнинг ҳолатлари аниқлангунига қадар, шунингдек улар тегишли давлат органларига ёки мансабдор шахсларга топширилгунига қадар ушлаб турилади.

Ушлаб турилган шахсга телефон орқали сўзлашиш ёки адвокатига ёхуд яқин қариндошига ўзининг ушлаб турилганлиги ва турган жойи ҳақида хабар бериш, ушлаб турилган пайтидан эътиборан ҳимоячига (адвокатга) эга бўлиш ҳуқуқи, шунингдек қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқлар берилади.

Ушлаб турилган шахслар, уларнинг ёнидаги ашёлар ва ҳужжатлар, шунингдек уларнинг транспорт воситалари қонунчиликда белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилиши мумкин.

Ички ишлар органлари вояга етмаган шахс ушлаб турилган ҳар бир ҳолат тўғрисида унинг яқин қариндошларига ёки бошқа қонуний вакилларига дарҳол хабар беради.

Ички ишлар органлари ҳарбий хизматчи ушлаб турилганлиги тўғрисида у ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий қисм қўмондонлигига хабар беради.

Ички ишлар органлари чет эл фуқароси ушлаб турилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар беради.

@iioqonuni
19-модда. Ҳудуддаги участкаларни, турар жойларни, иншоотларни ва бошқа объектларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш)

Ички ишлар органлари туман, шаҳар ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг ва бошқа юқори турувчи раҳбарларнинг оғзаки ёки ёзма қарорига кўра ҳудуддаги участкаларни ўраб олишни (тўсиб қўйишни) қуйидаги ҳолларда амалга ошириш ҳуқуқига эга:

авариялар, табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фалокатлар ҳамда бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатишда, эпидемиялар ва эпизоотиялар вақтида карантин тадбирларини ўтказишда;

оммавий тартибсизликларга ҳамда транспорт ҳаракатини, алоқа воситаларини ва ташкилотлар ишини издан чиқарувчи бошқа ҳаракатларга чек қўйиш бўйича тадбирларни ўтказишда;

қамоқдан қочган шахсларни ва жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришда;

жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб этишда;

террорчиликка қарши операцияни ўтказишда, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари ёхуд заҳарли ёки радиоактив моддалар топилганлиги тўғрисидаги маълумотларни текширишда;

оммавий тадбирлар, шу жумладан байрамлар, халқ сайиллари, митинглар, кўча юришларини ўтказишда.
Агар фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш, тергов ҳаракатларини, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини қўриқлаш, шунингдек хавф таҳдид солаётган мулк объектларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ҳудуддаги участкаларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш) чоғида транспорт воситалари ва пиёдалар қатнови чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.

Агар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавфнинг олдини олиш учун зарур бўлса ва уларни бошқача усулда ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса, ўраб олиш (тўсиб қўйиш) жисмоний ва юридик шахсларга қарашли турар жойларга, иморатларга ва бошқа объектларга нисбатан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ички ишлар органлари ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширишда бўлғуси ўраб олиш (тўсиб қўйиш) ҳақида аҳолини хабардор қилиш, аҳолининг нормал ҳаёт кечиришини таъминлаш чораларини кўради, фуқароларга юзага келган вазиятда энг қулай ҳаракатланиш йўналишларини тушунтиради.

@iioqonuni
20-модда. Ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш

Ички ишлар органлари ташкилотларнинг ёки фуқароларнинг транспорт воситаларидан табиий офат юз берган жойга бориш, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббий муассасаларга олиб бориш, жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва ички ишлар органларига олиб келиш, ҳодиса жойига ёки ички ишлар органларининг шахсий таркибини жанговар тревога бўйича тўплаш жойига бориш учун мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин ва бунда транспорт воситасидан фойдаланилганлиги фактини тасдиқловчи ҳамда ундан фойдаланган ички ишлар органи ходимини идентификацияловчи ҳужжат берилади, чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари бундан мустасно.

Ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланганлик натижасида харажатлар қилинган ёки зарар етказилган тақдирда, шунингдек транспорт воситасининг эгасига мулкий зарар етказилган тақдирда ушбу харажатларнинг ёки зарарларнинг ўрнини ички ишлар органлари томонидан қоплаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

@iioqonuni
5-боб. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш
21-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш шартлари

Ички ишлар органи ходими ўзига бириктирилган ўқотар қурол ва махсус воситаларни хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олиб юриш, сақлаш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга бўлади.

Ички ишлар органи ходими махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини текшириш учун даврий текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш бўйича текширувдан ўта олмаган ички ишлар органи ходими эгаллаб турган лавозимга мувофиқлигини аниқлаш учун аттестациядан ўтади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда ички ишлар органи ходими ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.

Ички ишлар органи ходими, агар юзага келган вазиятда махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун мазкур моддада ҳамда ушбу Қонуннинг 23 ва 24-моддаларида назарда тутилган асослар вужудга келиши мумкин деб ҳисобласа, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун тайёрлаш ҳамда уларни жанговар ҳолатга келтириш ҳуқуқига эга.

Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши, шунингдек имкон қадар қисқа вақт ичида тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши, уларнинг қариндошлари эса йигирма тўрт соат ичида бу ҳақда хабардор қилиниши керак.

Жисмоний куч ишлатилган, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида ички ишлар органининг ходими бевосита бошлиғига дарҳол ахборот бериши шарт.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек ўқотар қурол қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида ички ишлар органлари прокурорга дарҳол хабар беради.

Ички ишлар органи ходимининг жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида ўз ваколатлари доирасидан чиққанлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Агар жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш қонунда белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, ички ишлар органи ходими жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Агар ички ишлар органи ходими томонидан жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида фуқарога тан жароҳати етказилса ёхуд у ҳалок бўлса, ички ишлар органи ходими ҳодиса жойини ўзгаришсиз сақлашга қаратилган чораларни кўриши шарт.

@iioqonuni
22-модда. Жисмоний куч ишлатиш

Агар куч ишлатилмайдиган усуллар ички ишлар органи ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;

ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

@iioqonuni
23-модда. Махсус воситаларни қўллаш

Ички ишлар органи ходими қуйидаги ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

фуқарога ёки ички ишлар органи ходимига қилинган ҳужумни қайтариш учун;

жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйишда;

ички ишлар органи ходимига қаршилик кўрсатилишига чек қўйишда;

жиноятни содир этиш чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган, яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;

қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;

ушлаб турилган шахсларни ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни олиб бориш, қўриқлаб бориш ва қўриқлашда, шунингдек қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш мақсадида;

зўравонлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликларга ҳамда бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйишда;

ҳайдовчиси ички ишлар органи ходимининг тўхташ тўғрисидаги талабини бажармаган транспорт воситасини тўхтатишда;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ёхуд содир этган шахсларни аниқлашда;

муҳофаза қилинадиган объектларни ҳимоя қилишда, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиб қўйишда.
Ички ишлар органи ходими қуйидаги махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

резина таёқлар — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

кўздан ёш оқизувчи моддалар, газли, шикастлантирувчи қурол — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари — ушбу модда биринчи қисмининг учинчи — еттинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

махсус бўёвчи ва маркировка қилувчи воситалар — ушбу модда биринчи қисмининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

электрошок қурилмалари — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — бешинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

хизмат ҳайвонлари — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — еттинчи, тўққизинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламалари — ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш воситалари — ушбу модда биринчи қисмининг тўққизинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

тинчлантириш кўйлаги — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;
сув билан зарба берувчи машиналар — ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

зирҳли машиналар — ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

муҳофаза қилинадиган объектларни (ҳудудларни) ҳимоя қилиш, ғайриқонуний ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиш воситалари — ушбу модда биринчи қисмининг ўн иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда;

тўсиқ-ғовларни бартараф этувчи воситалар — ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда.

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда ўқотар қурол ишлатишга рухсат этилган барча ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Махсус воситаларнинг қўлланилиши учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирмаслиги ва мол-мулкига зарар етказмаслиги керак.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно, шунингдек куч ишлатмасдан, жамоат тартибини, транспорт, алоқа воситалари ва ташкилотларнинг ишини бузмасдан ўтказилаётган ғайриқонуний йиғилишлар, митинглар, намойишлар, оммавий чиқишлар ва пикет қўйишларни бартараф этиш чоғида махсус воситаларнинг, шу жумладан газли ҳамда шикастлантирувчи қуролнинг қўлланилиши тақиқланади.

Қуйидагилар тақиқланади:

одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш;

ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича ноль даражадан паст бўлганида сув билан зарба берувчи машиналарни қўллаш.

Сув билан зарба берувчи ва зирҳли машиналар Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг оғзаки ёки ёзма қарори асосида қўлланилади, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар прокурорларига ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорларга дарҳол хабар берилади.

Ички ишлар органлари таъминотида бўладиган махсус воситаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

@iioqonuni
24-модда. Ўқотар қуролни қўллаш

Ички ишлар органи ходими қуйидаги ҳолларда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга:

фуқароларни ёхуд ўзини ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган, зўрлик ишлатиш билан қилинган ҳужумдан ҳимоя қилишда;

гаровдагиларни озод қилишда;

ўта оғир жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ва яширинишга уринаётган шахсни ушлашда, агар бошқа воситалар билан бу шахсни ушлаш имкони бўлмаса;

ички ишлар органларининг ўқотар қуролларини, ўқ-дориларини, портловчи моддаларини, транспорт воситаларини, махсус ва жанговар техникасини эгаллаб олишга бўлган уринишларга чек қўйишда;

фуқароларнинг уй-жойларига, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қўриқланадиган объектларига, ўта муҳим юкларига, транспорт воситаларига, биноларига гуруҳ бўлиб қилинган ҳужумни ёки қуролли ҳужумни даф этишда;

қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни, шунингдек ёнидаги қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, заҳарли ёки радиоактив моддаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабни бажаришни рад этаётган шахсни ушлашда;

жиноят содир этишда гумон қилиниб ушлаб турилган шахсларнинг, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг қамоқдан қочиб кетишига чек қўйишда, шунингдек ушбу шахсларни куч ишлатиб озод қилишга бўлган уринишларга чек қўйишда;
агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф туғдирса ҳамда ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қарамай, тўхташдан бош тортса, ушбу транспорт воситасини шикастлаш йўли билан тўхтатишда;

инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган ҳайвонни зарарсизлантиришда;

қурол ишлатиш нияти ҳақида огоҳлантириш сифатида ўқ отишда, юқорига қарата ёки бошқа хавфсиз йўналишда ўқ отиш орқали хавф-хатар сигнали беришда ёки ёрдамга чақиришда.

Ички ишлар органининг ходими ўқотар қуролни қўллашдан олдин огоҳлантириши шарт, бундан унинг ҳаётига ёки фуқароларнинг ҳаётига бевосита хавф таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.

Аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўқотар қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Ўқотар қурол қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса, ички ишлар органи ходими кўп фуқаролар тўпланганда уни қўллаш ҳуқуқига эга эмас.

Ички ишлар органлари қуроллантириладиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ушбу рўйхатга кирмайдиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари билан ички ишлар органларини қуроллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

@iioqonuni
6-боб. Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ва шартлари
25-модда. Ички ишлар органларида хизматни ўташ чоғида фуқаролар ҳуқуқларининг тенглигини таъминлаш

Ички ишлар органларидаги хизматга фуқароларни қабул қилиш, лавозимга тайинлаш, уларнинг хизматда кўтарилиши ва бошқа лавозимга ўтиши фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар амалга оширилади.

@iioqonuni
26-модда. Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиш

Ўн саккиздан ўттиз ёшгача, шу жумладан ўттиз ёшдаги, тегишли маълумотга эга бўлган, ўзининг шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ички ишлар органларидаги хизматга ихтиёрий тартибда, танлов асосида қабул қилинади.

Зарур бўлган ҳолларда, ички ишлар органларининг айрим бўлинмалари ва ташкилотларига хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилиниши мумкин.

Ички ишлар органларининг ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилинадиган айрим бўлинмалари, ташкилотлари ва лавозимларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

Эркаклар ички ишлар органларидаги хизматга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак.

Алоҳида ҳолларда, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ходимлар ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиниши мумкин.

Сиёсий партияларнинг аъзолари бўлган, ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган фуқаролар хизматни ўташ даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тегишли маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек ички ишлар органларининг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларида чет эл фуқаролари қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўқиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган, бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган фуқаролар, шунингдек содир этган жинояти учун қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ва амнистия акти қўлланилганлигидан қатъи назар муқаддам судланган фуқаролар ички ишлар органларига хизматга қабул қилиниши мумкин эмас.

Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган шахслар учун дастлабки синов муддати уч ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган ҳарбий хизматга мажбур Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг ҳарбий хизматга чақирилувчи бўлган тингловчилари ва курсантлари ҳарбий ҳисобдан чиқарилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус ҳисобида туради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасалари тингловчилари ва курсантлари биринчи босқичдаги ўқув муддатини тугаллаганидан кейин муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳисобланади ва уларга ўқув муассасаси жойлашган ердаги мудофаа ишлари бўйича ҳудудий бўлим томонидан ҳарбий гувоҳнома берилади.

@iioqonuni
27-модда. Ички ишлар органи ходимининг қасамёди

Ички ишлар органларидаги хизматга биринчи марта қабул қилинган фуқаролар қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:

«Мен, (фамилияси, исми, отасининг исми), ички ишлар органларидаги хизматга кирар эканман, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакат тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги бурчимни ва зиммамга юклатилган мажбуриятларни виждонан, сидқидилдан бажаришга ваъда бераман.

Ватанимга ва Ўзбекистон халқига содиқ бўлишга қасамёд қиламан»

@iioqonuni
28-модда. Ички ишлар органларининг ходимлари

Ички ишлар органларида хизмат қилаётган, махсус унвон берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ички ишлар органининг ходимидир.

Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ҳамда формали кийим-бош намуналари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Ички ишлар органи ходимига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, белгиланган намунадаги хизмат гувоҳномаси ва жетон берилади.

Ички ишлар органи ходими эгаллаган лавозими, турган жойи ва вақтидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бошлиғининг (командирининг) буйруғига биноан исталган вақтда хизмат мажбуриятларини бажаришга киришиши ҳамда қуйидаги чораларни кўриши шарт:

жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилган жойда ёки ҳодисалар жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам ёки бошқа хил ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш;

одамларни қутқариш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш, уларни содир этган шахсларни ушлаш, ҳодиса жойини қўриқлаш ҳамда унга фуқаролар ўзларининг шахсий хавфсизлигига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи воқеалар тўғрисидаги хабарлар билан мурожаат қилган ёхуд бевосита ўзи шундай воқеаларга дуч келган тақдирда энг яқиндаги ички ишлар органлари бўлинмасига хабар бериш.

Ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажариши деганда қуйидагилар тушунилади:

лавозим мажбуриятларини бажариш ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш;

хизматни (жанговар хизматни) ўташ;

хизмат сафарида ёки даволанишда бўлиш;

кун тартибида белгиланган хизмат вақти давомида ёки хизмат зарурати туфайли ички ишлар органлари (ҳарбий қисм) ҳудудида бўлиш;

хизмат, даволаниш жойига бориш ёки улардан қайтиш;
йиғинларда (ҳарбий йиғинларда) иштирок этиш;

асирликда бўлиш (ўз ихтиёри билан асирга тушиш ҳоллари бундан мустасно), гаровга олинган ёки ушлаб қуролсизлантирилган ҳолатда бўлиш;

бедарак кетиш — ходим қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар;

шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир ҳаракатлар;

қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда бошқа шахсларга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам кўрсатиш;

суд томонидан ходимнинг шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб содир этилган деб топилган бошқа ҳаракатлари.

@iioqonuni