IIO QONUNI | ИИО ҚОНУНИ
4.97K subscribers
5 links
Download Telegram
29-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг махсус унвонлари

Ички ишлар органлари ходимларига қуйидаги махсус унвонлар берилади:

сафдорлар таркиби — сафдор;

сержантлар таркиби — кичик сержант, сержант, катта сержант;

офицерлар таркиби:
кичик офицерлар таркиби — лейтенант, катта лейтенант, капитан;

катта офицерлар таркиби — майор, подполковник, полковник;

генераллар таркиби — генерал-майор, генерал-лейтенант, генерал-полковник.

Махсус унвонларни бериш ва улардан маҳрум этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

@iioqonuni
30-модда. Ички ишлар органларидаги хизмат

Ички ишлар органлари ходимларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши ички ишлар органларида хизматни ўташ масалаларини белгиловчи қонунчиликда ва ушбу Қонунда тартибга солинмаган қисмига нисбатан татбиқ этилади.

Ички ишлар органлари ходимлари иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига қирқ соатдан ошиши мумкин эмас.

Зарур бўлган ҳолларда, ички ишлар органлари ходимлари хизматни ўташга кучайтирилган ёки суткалик режимда жалб қилиниши мумкин.

Кучайтирилган режим ички ишлар органлари ходимлари учун кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган иш белгиланишини назарда тутади.

Суткалик режим ички ишлар органлари ходимлари учун хизматни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига умумқўшин паёги нормалари доирасида белгиланадиган озиқ-овқат паёгини компенсация қилиш ўрнига хизматни ўташ жойида уч маҳал бепул овқатланган ҳолда суткалик ўташ белгиланишини назарда тутади.

Кучайтирилган ва суткалик режимни жорий этиш ҳамда бекор қилиш, шунингдек ички ишлар органлари ходимларини ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан амалга оширилади.

Ички ишлар органларининг ходимларига таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч кундан ошмайдиган вақт қўшилган ҳолда давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътил берилади.

Ички ишлар органларининг ходимларига қуйидаги календарь ҳисобдаги хизмат даври учун:

ўн йиллик хизматдан сўнг — давомийлиги беш кун;

ўн беш йиллик хизматдан сўнг — давомийлиги ўн кун;

йигирма йиллик хизматдан сўнг — давомийлиги ўн беш кун бўлган, ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Олдинги таҳрирга қаранг.
Ички ишлар органлари ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа турдаги таътиллар ҳам берилиши мумкин.

Ички ишлар органларининг ходимларига илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади.

«Ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг чекланган ёши сафдорлар ва сержантлар таркиби ходимлари учун эллик ёшни, офицерлар таркиби учун — эллик беш ёшни, генераллар таркиби учун — олтмиш ёшни, аёлларга эса (мавжуд унвонидан қатъи назар) — эллик ёшни ташкил этади.

Ички ишлар органларининг сафдорлар, сержантлар ва офицерлар таркибининг махсус унвонларига эга бўлган, белгиланган чегарадаги ёшга тўлган ходимлари захирага ёки истеъфога чиқарилади.

Юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра хизматни ўташга яроқли ходимларнинг хизмат муддати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда ушбу ходимларнинг розилиги билан беш йилгача, бошлиқлар таркибидаги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага эга бўлган шахсларнинг хизмат муддати эса ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

Хизматда қолдириш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ходимни ушбу Қонунда назарда тутилган асослар бўйича ички ишлар органларидан бўшатиш имкониятини истисно этмайди.

Хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришганлик, мажбуриятларини намунали тарзда бажарганлик, бенуқсон хизмат қилганлик ва ички ишлар органлари тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга катта ҳисса қўшганлик, хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатганлик, шунингдек бошқа алоҳида хизматлари учун ходимлар Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан таъсис этиладиган фарқловчи идоравий белгилар билан тақдирланишга тақдим этилиши мумкин.

Ички ишлар органларидаги ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади..

@iioqonuni
31-модда. Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш

Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мажбурий тартибда махсус касбий тайёргарликдан ёки қайта тайёргарликдан ўтади.

Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ходимларнинг малакасини ошириш, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари томонидан амалга оширилади, бундан ушбу муассасаларда ўқитилмайдиган ихтисосликлар мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг тингловчилари ва курсантлари ички ишлар органларида хизматда деб ҳисобланади, чет эл фуқаролари бундан мустасно.

@iioqonuni
32-модда. Ички ишлар органи ходимини хизматдан бўшатиш

Ички ишлар органи ходимини хизматдан бўшатишга қуйидагилар асос бўлади:

ўзининг хоҳиши (пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтамаганларга) — ходимнинг билдиргиси асосида;

ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг ушбу Қонунда белгиланган чегарадаги ёшига тўлганлиги;

пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтаганлиги — ходимнинг билдиргиси асосида;

ташкилий-штат ўзгаришлари;

касаллиги — ҳарбий-тиббий комиссиянинг хизматга яроқсизлиги тўғрисидаги хулосаси асосида;

соғлиғининг чекланганлиги ҳолати — ҳарбий-тиббий комиссиянинг ички ишлар органларидаги хизматга яроқлилиги чекланганлиги тўғрисидаги ва хизмат бўйича бошқа лавозимга ўтказиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, эгаллаб турган лавозимига мувофиқ хизмат мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳақидаги хулосаси асосида;

дастлабки синов муддати давомида хизматга яроқсизлиги;

малакаси етарли эмаслиги оқибатида эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги — аттестация натижалари асосида;

хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги;

ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги;
Олдинги таҳрирга қаранг.

содир этган жинояти учун суднинг ҳукми, ажрими, қарори қонуний кучга кирганлиги;

Олдинги таҳрирга қаранг.
ходимда интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузганлиги;

бошқа турдаги давлат хизматига ўтганлиги (кадрларнинг амалдаги захирасига киритилмаган ҳолда);

Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилганлиги ёки чет давлат фуқаролигини олганлиги.

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида ички ишлар органлари ходимлари учун белгиланган чекловлар ва тақиқларга риоя этмаганлиги учун хизматдан бўшатилиши мумкин.

@iioqonuni
33-модда. Ички ишлар органи ходимининг бошқа органлар ва ташкилотларга сайланишидаги (тайинланишидаги, юборилишидаги) кафолатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига, қарорига, фармойишига, шунингдек розилигига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бошқа давлат органларига ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотларга тайинланган, худди шунингдек Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан бошқа давлат органларининг таълим муассасаларига ўқишга юборилган ички ишлар органи ходими мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даврида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кадрларининг амалдаги захирасига киритиб қўйилиши мумкин.

Мажбуриятларни бажариш (ўқиш) тугатилганидан кейин ички ишлар органи ходимига илгариги иши (лавозими), ушбу иш (лавозим) йўқлигида эса унга тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган ички ишлар органлари ходимларига махсус унвонлар охирги эгаллаган лавозимидан қатъи назар, белгиланган тартибда берилади.

Мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даври ички ишлар органи ходимига навбатдаги махсус унвонни олиш ҳуқуқини берадиган хизмат қилган йилларига устама тўлаш, пул таъминоти (лавозим маоши ва махсус унвон бўйича маоши суммасидан иборат бўлган) маошини белгилаш ва пенсия тайинлаш учун ички ишлар органларидаги хизмат стажига қўшиб ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимлар хизматдан бўшатилганда, шунингдек уларнинг оила аъзолари ички ишлар органларидан бўшатилган ходимлар билан тенг ҳуқуқлар, имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланади.

@iioqonuni
7-боб. Ички ишлар органлари ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш
34-модда. Ички ишлар органлари ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари

Ички ишлар органи ходими давлат органи вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади.

Ички ишлар органи ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиққа бўйсунади.

Қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким ички ишлар органи ходимининг қонуний фаолиятига аралашиш, ички ишлар органи ходимини қонун билан ички ишлар органлари зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. Қонунга зидлиги аниқ бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда ички ишлар органи ходими уни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга ва қонунга амал қилиши шарт.

Ички ишлар органи ходими ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти ҳақида бирор-бир тушунтириш беришга, шунингдек бундай ишлар ва материалларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ишлар ҳамда материалларни танишиб чиқиш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан бошқача тарзда тақдим этишга мажбур эмас.

Ички ишлар органларининг ходимлари ўзига нисбатан қабул қилинган қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан юқори турувчи мансабдор шахсларга, прокурорга ёки судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

@iioqonuni
34 прим 1-модда. Ички ишлар органлари тергов бўлинмалари ходимларининг дахлсизлиги

Ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари суриштирувчиларига, терговчиларига ва раҳбарларига нисбатан жиноят ишлари Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Тошкент шаҳар, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг терговчиларига, бўлинмалари раҳбарларига ва бошлиғига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан қўзғатилади.

@iioqonuni
35-модда. Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш

Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш қуйидагилар орқали таъминланади:

соғлиғини сақлаш;

меҳнатига ҳақ тўлаш;

уй-жой майдони билан таъминлаш;

мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш;

давлат пенсия таъминоти;

давлат суғуртаси;

ижтимоий ёрдам кўрсатиш.

Қонунчиликда ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

@iioqonuni
36-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг соғлиғини сақлаш

Ички ишлар органларининг ходимларига, ҳарбий хизматчиларига, пенсионерларига, ишчи ва хизматчиларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасалари курсантлари ва тингловчиларига ички ишлар органларининг тиббий муассасалари, шунингдек фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширувчи бошқа даволаш-профилактика муассасалари томонидан бепул тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий таъминот берилади ҳамда тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади.

Ички ишлар органларининг ходимлари, ҳарбий хизматчилари, пенсионерлари санаторий-курорт шароитида даволаниш учун йилига бир марта имтиёзли йўлланмалар билан таъминланади.

Касалликларнинг профилактикаси, беморларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва соғломлаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш, тиббий кўриклар ва ҳарбий-тиббий экспертиза ўтказиш учун зарур бўлган тиббий воситалар, буюмлар, асбоб-ускуналар ва дори воситалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан олинади.

Зарур бўлган ҳолларда, шошилинч тиббий ёрдам ва режали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасалари томонидан амалга оширилади.

Алоҳида ҳолларда, бириктирилган таркибнинг тиббий кўрсатмалар бўйича тиббий ёрдам олиши учун уни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига юбориш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус комиссияси хулосаси асосида амалга оширилади. Бундай ҳолларда, бириктирилган таркибнинг тиббий ёрдам олиши учун харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ички ишлар органларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдамни ва санаторий-курорт таъминотини, тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

@iioqonuni
37-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш

Ички ишлар органлари ходимларига пул таъминотининг турлари ва миқдори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ички ишлар органлари ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда миқдорларда пул ва озиқ-овқат таъминоти билан таъминланади.

@iioqonuni
38-модда. Ички ишлар органлари ходимларини уй-жой майдони билан таъминлаш

Уй-жой олишга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилган ички ишлар органлари ходимлари белгиланган тартибда уй-жой майдони олиш ҳуқуқига эга.

Ички ишлар органлари хизмат уй-жой фондига эга бўлиши мумкин.

Ички ишлар органлари ходимларига турар жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда пуллик компенсация тўланади.

Ички ишлар органлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда узоқ муддатли, имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар олиш ва якка тартибда уйлар қуриш учун ер участкалари олиш ҳуқуқи берилади.

@iioqonuni
39-модда. Ички ишлар органи ходимининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Ички ишлар органи ходимининг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.

@iioqonuni
40-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан фойдаланиши тартиби

Ички ишлар органлари махсус автотранспорт воситалари, шу жумладан ички ишлар органларига тегишлиликни билдирувчи махсус ёруғлик сигналларига ва товушли сигналларга, бўёқли рангли графика схемасига эга махсус автотранспорт воситалари, шунингдек бошқа махсус воситалар билан таъминланади.

Меҳнатнинг қатнов хусусияти билан боғлиқ бўлган хизмат мажбуриятларини бажарувчи ички ишлар органлари ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда шаҳар йўловчи транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) фойдаланиш учун ойлик йўл чипталари берилади ёки пуллик компенсация тўланади.

Хизмат сафарига юборилган ички ишлар органлари ходимларига транспортнинг барча турларига йўл ҳужжатларини сафар гувоҳномасини кўрсатиб навбатсиз олиш ҳуқуқи берилади.

Шахсий транспортдан хизмат сафарларида фойдаланадиган ички ишлар органлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда пуллик компенсация тўланади.

@iioqonuni
41-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг давлат пенсия таъминоти

Ички ишлар органлари ходимлари, боқувчисини йўқотган тақдирда эса уларнинг оила аъзолари қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда давлат пенсия таъминотини олиш ҳуқуқига эга.

@iioqonuni
42-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг давлат суғуртаси

Ички ишлар органларининг ходимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади.

@iioqonuni
43-модда. Ички ишлар органларининг ходимларига ва уларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ички ишлар органларининг хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати етказилган ходимларига, шунингдек ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда бир маротабалик нафақа тайинлашга ҳақли.

Қонунчиликда хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига уларни ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилишда ва Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда афзалликлар берилиши мумкин.

@iioqonuni
8-боб. Якунловчи қоидалар
44-модда. Ички ишлар органларининг молиялаштирилиши ва моддий-техника таъминоти

Ички ишлар органларининг молиялаштирилиши ва моддий-техника таъминоти, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади, бундан юридик ва жисмоний шахслар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар мустасно.

Ички ишлар органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган бўлинмалари ушбу шахслар ҳисобидан таъминланади.

Ички ишлар органлари ходимлари бепул формали кийим-бош билан таъминланади. Ашёвий таъминот нормалари, шунингдек формали кийим-бошни кийиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Ички ишлар органларида бюджетдан ташқари жамғарма ташкил этилиши мумкин, уни ташкил этиш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Ички ишлар органлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

@iioqonuni
45-модда. Халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳамкорликни амалга оширади.

@iioqonuni