Gazeta.uz - Ўзбекистон янгиликлари
21.7K subscribers
35.4K photos
866 videos
5 files
32.7K links
Ўзбекистон янгиликлари. Расмий сайт www.gazeta.uz/uz

Таҳририят:
@GazetauzMuloqotBot
+998 78-333-10-15

Реклама:
@Afisha_Media_Regina
+998 99 444 35 39

Иш: https://forms.gle/wXBjsfutge9EF9k16

Лотин алифбосидаги канал: @gazetauz_ozb
Download Telegram
«Аудиторлик фаолияти тўғрисида» ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди

Президент 25 февраль куни «Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги қонунни имзолади.

Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йилнинг 10 ноябрь куни, Сенат томонидан эса 2021 йилнинг 5 февралида маъқулланган.

Амалдаги Қонун 2000 йилда қабул қилинган бўлиб, сенаторларнинг фикрича, «ислоҳотлар туфайли сўнгги йилларда аудит бозорида рўй берган ўзгаришлар унинг тўғридан-тўғри амал қилиш сифатларини пасайтириб, самарасиз, бугунги талабларга тўлиқ жавоб бермайдиган» ҳолга келган.

Янги таҳрирдаги қонунга мувофиқ, Молия вазирлиги аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.

Батафсил: https://www.gazeta.uz/uz/2021/02/26/auditor/?utm_source=push&utm_medium=telegram

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Президент амалдорларга маҳаллаларга кўчиб ўтишни таклиф қилди

Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. «Газета.uz» мухбири хабар беришича, унда давлат раҳбари Фарғонадаги Шодиёна ва Намангандаги Бунёдкор маҳаллаларидаги вазиятга изоҳ берган.

«Шодиёна (Фарғона) ва Бунёдкор (Наманган) маҳаллаларидаги вазият бу – президент сиёсатига хиёнат. Наманган ҳокими маҳаллада яшаш учун кўчиб ўтгани кўпчиликка ёқмайди... Унинг олдига кунига 50 нафар аёл келмоқда. Бу уларнинг муаммолари йиллар давомида ўз ечимини топмаганидан далолат», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент вилоятлар ҳоким ва прокурорларига ўзини ўрнак қилиб кўрсатиб, «қуйидаги» муаммоларни тушуниш ҳамда вазифа ва топшириқларни «тўғрироқ» белгилаб олиш учун ҳеч бўлмаганда бир ойга маҳаллаларга яшаш учун кўчиб ўтишни таклиф қилди.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Энди хотин-қизлар муаммолари «хонадонбай» аниқланади президент

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев видеоселекторда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Энди, ишни “маҳаллабай” ташкил этишда маҳалла раиси, унинг хотин-қизлар бўйича ўринбосари бошчилигидаги Аёллар маслаҳат кенгашлари хотин-қизлар муаммоларини “хонадонбай” аниқлаб, сектор раҳбарлари олдига аниқ ва лўнда масалаларни қўйиши шарт», – деди президент.

Туман ва шаҳар ҳокимининг:

🔹 маҳалла ва иқтисодиёт бўйича ўринбосарлар – аёллар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлганларни моддий қўллаб-қувватлашга;

🔹 ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлар – тиббий ҳимоя ва психологик ёрдамга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга;

🔹 туман «Халқ банки» раҳбарлари – уларни тадбиркорликка жалб қилишга масъул бўлади.

10 мартдан Танзила Нарбаева ва Қудратилла Рафиков 3-5 кундан ҳар бир вилоятга боради ва вазифалар ижросини ташкил этади.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишдаги асосий муаммолар санаб ўтилди

Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш вазирлиги Ўзбекистоннинг 2020 йилга мўлжалланган иқтисодий ривожланиш тенденциялари ва 2021 йилга мўлжалланган прогнозларини тақдим этди (PDF).

2020 йил якунига кўра, асосий капиталга қўйилган инвестициялар ҳажми реал қийматида 2019 йилга нисбатан 8,2 фоизга камайди ва 202 трлн сўмни ташкил қилди. Марказлаштирилган манбалардан молиялаштириладиган инвестициялар ҳажми 34,9 фоизга камайиб, 39,3 трлн сўмни ташкил этди.

Шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестициялар 33,6 фоизга, ЎТТЖ маблағлари 75,7 фоизга, ҳукумат томонидан таъминланган хорижий инвестициялар ва кредитлар 28 фоизга камайган.

Батафсил: https://www.gazeta.uz/uz/2021/02/26/investments/?utm_source=push&utm_medium=telegram

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
«Биз охирги 10-15 йил ичида жиловини қўйиб юбордик» – президент онкология соҳаси ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселекторда онкология соҳасидаги муаммолар ҳавотирга солаётганини маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Мени онкология соҳасидаги муаммолар хавотирга солаяпти. Яқинда янги қарор чиқади. Бу соҳада кўплаб муаммолар йиғилиб қолган. Биз охирги 10-15 йил ичида ушбу соҳа жиловини қўйиб юбордик», – деди давлат раҳбари.

Ўзбекистонда ҳар йили 3,5 мингдан ортиқ аёллар кўкрак бези саратони, 1,5 мингга яқин хотин-қизлар эса аёллар касалликларидан вафот этаётгани айтилди.

Бундан ташқари, президент қишлоқ жойларида, олис ва чекка ҳудудлардаги хотин-қизларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати талаб даражасида эмаслигини таъкидлади.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Вилоят ҳокимлари 100 нафардан муҳтож хотин-қизларнинг контрактини тўлаб беради – президент

Барча вилоят ҳокимлари муҳтож қизлар ва аёллар учун олий таълим муассасаларида таҳсил олиш ҳаражатларини қоплаб беради. Бу ҳақда 26 февралдаги видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбарининг айтишича, олий маълумотли бўлиш истагида бўлган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг контракт тўловини ҳокимият ва ОТМлар қоплаб беради.

«Бунда, ҳар бир вилоят ҳокими маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 нафар, ҳар бир олийгоҳ эса, 30-50 нафардан хотин-қизларнинг контракт́ини тўлаб беришга масъул бўлади. Танзила Нарбаева ушбу ишларни ташкиллаштиришга шахсан бош-қош бўлади», – деди президент.

«Мен ҳисоблаб чиқтим. Биз буни муаммосиз қила оламиз», – дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Испаниянинг собиқ қироли солиқ қарзи сифатида 4 млн евро тўлади

2014 йилда Испания тахтидан воз кечган Хуан Карлос I мамлакат солиқ идорасига 4 млн евро миқдорида ўз қарзини тўлади.

Ўтган йилнинг 9 декабрида Карлос Испанияда 2016 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда солиқ қарзлари бўйича 678 минг евродан ортиқ пул тўлаган эди. Гап бир неча йил давомида эълон қилинмаган даромадлар ҳақида кетмоқда, уларнинг умумий миқдори нақд пулсиз 8 млн евродан ошиши мумкин.

Бундан ташқари, Испания Олий суди прокуратураси собиқ қирол билан боғлиқ яна иккита тергов олиб бормоқда. Улардан бири, Макка-Мадина йўналишида тезюрар темир йўл қурилиши шартномаси Испания компаниялари консорциумига ўтиши учун Саудия томони билан музокараларда воситачи вазифаси учун пул олгани айтилмоқда.

Шунингдек, Хуан Карлос I нинг солиқ идораларидан яширинган Жерси оролидаги маблағларлари бўлиши мумкин.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Туркманистонда туркман алабайи байрами таъсис этилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов «Туркман алабайи байрамини белгилаш тўғрисида"ги фармонни имзолади. Унга кўра, байрам ҳар йили апрель ойининг сўнгги якшанбасида туркман отининг миллий байрами билан бирга нишонланади.

Фармонда кўрсатилишича, янги байрам «туркман алабайининг дунё миқёсидаги шуҳратини ошириш, шунингдек миллий итчиликни ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида» жорий этилди. Бундан ташқари, «Туркман алабайи байрамини юқори ташкилий даражада ўтказилишини таъминлаш» бўйича топшириқ берилди.

Бир неча йиллардан буён мамлакатда туркман алабайини оммалаштириш бўйича давлат даражасида ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Туркманистонда давлат раҳбарининг ўғли бошчилигидаги «Туркман алабайи» халқаро бирлашмаси ташкил этилган.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Озарбайжон Тоғли Қорабоғда халқаро аэропорт қуришни бошлади

Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги Физули вилоятида халқаро аэропорт қуришни бошлади ва уни шу йилнинг кузида фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда.

«Физули аэропортига келсак, иш аллақачон бошланган. Биз зудлик билан миналарни тозалаш билан боғлиқ масалаларни [ҳал қилишни] бошладик, чунки биринчи навбатда у ердаги ҳудудларни тозалаш керак эди, бу жараён тугашга яқин… Бу йил у фойдаланишга топширилади. Биз буни кузнинг бошида бўлишини истаймиз», - деди Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

«Бу бизга ундан чет элдан оладиган товарларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни тиклаш учун ҳам, қўшни давлатлар фуқаролари учун Шуша шаҳрига қулай кириш учун ҳам фойдаланишимизга имкон беради», деб қўшимча қилди Алиев.

Таъкидланишича, Фузули аэропортининг учиш-қўниш йўлаги барча турдаги самолётларни, шу жумладан энг оғирларини ҳам қабул қила олади.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
1 мартдан нималар ўзгаради?

🏗 Икки қаватдан юқори, яъни баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган биноларни (уйларни) экспертизасиз қуришга тақиқ қўйилади. 

🛒 Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади.

📸 Тадбиркорлар кўчаларга қоидабузарликларни аниқловчи камера ва радарларни ўрнатиши мумкин бўлади.

1 мартдан бошлаб Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Уммон ва Хитой (жумладан, унинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари) фуқароларига Ўзбекистонга кириш учун 10 кунлик визасиз режим жорий этилади.

⚠️ Баъзи товарларга мажбурий маркировка жорий этилади. 

💰 Маҳалла фаоллари рағбатлантирилади. 

♻️ Тошкентда чиқиндиларни саралаб йиғиш тажрибаси қўлланилади. 

🛩 Қатор давлатлар билан авиақатновларга қўйилган чеклов муддати тугайди.

💳 Ўзбекистон фуқаролари ҳам туристик йиғимни тўлашади.

Батафсил: www.gazeta.uz/uz/2021/02/26/1-march/?utm_source=push&utm_medium=telegram

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Тошкентдаги туғруқхоналарнинг 14 нафар мансабдори жаримага тортилди — улар чақалоқларни рўйхатдан ўтказмагани аниқланди

Давлат хизматлари агентлиги январь ойида Тошкент шаҳридаги туғруқхоналар томонидан тиббий маълумотларини ахборот тизимига киритиш ва ФҲДЁ бўлимларига юбориш ҳолатини ўрганди.

Агентлик матбуот хизмати хабарига кўра, бунинг натижасида туғилганлик ҳақидаги 390 та ҳамда перинатал ўлим бўйича 3 та маълумотнома тизимга киритилмагани аниқланган. Қолаверса, туғилганлик ҳақидаги 888 та маълумот белгиланган муддатдан кечикиб киритилган.

«Бунинг оқибатида, аниқланган ҳолатлар юзасидан 14 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарима жазо чораси қўлланилди», — дейилади хабарда.

Ҳукумат қарорига биноан масъуллар бола туғилгандан сўнг 1 кун ичида бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига юбориши ва QR-код қўйилган бланкда маълумотнома шакллантирилиши лозим бўлган.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Чилонзордаги «Шовотландия» кафесида ёнғин чиқди — жабрланганлар бор

27 февраль соат 03:51 да Чилонзор тумани, «Шарқ» МФЙ, Гулистон кўчаси 9А-уй манзилида жойлашган «Шовотландия» МЧЖ кафесида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.

Воқеа жойига жалб этилган 4 та ёнғин ўчириш бўлинмаларидан биринчиси соат 03:54 да етиб борган. Соат 04:37 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

«Ёнғин оқибатида кафенинг том қисми ҳамда ички жиҳозлари 150 кв.м. майдони ёниб жиддий зарарланган. Ачинарлиси ёнғин оқибатида жабрланганлар мавжуд», — дейилади хабарда.

Воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВБ, ИИББ раҳбарияти, прокуратура, Соғлиқни сақлаш ва коммунал хизматлар мутахассислари, ИИБ тезкор-тергов гуруҳи ҳамда тегишли хизматларнинг куч ва воситалари жалб этилган.

Ушбу ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштируви олиб борилмоқда.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Таомномангизни Zira.uz тақдим этган қиймадан тайёрланадиган ноодатий таомлар рўйхати билан бойитинг.

https://www.gazeta.uz/uz/2021/02/27/zira/?utm_source=push&utm_medium=telegram

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Қрим — бу Украина — АҚШ президенти

Америка Қўшма Штатлари Россия томонидан Қрим ярим оролининг аннексия қилинишини ҳеч қачон тан олмайди ва Украина билан бирга «Россиянинг агрессив ҳаракатларига қарши чиқади». АҚШ президенти 26 февраль куни Украинада нишонланадиган Қрим ва Севастополнинг босиб олинишига қаршилик кўрсатиш куни муносабати билан қилган баёнотида шунга тўхталди.

«Шу куни 7 йил олдин Россия Қримга босиб кириб, замонавий давлатлар бир-бири билан муносабат қилишда асос бўлган халқаро ҳуқуқ ва нормаларни, ҳамда қўшни Украинанинг суверенитети ва ҳудудий даҳлсизлигини бузди», — дейилади баёнотда.

«Ушбу можаро бошланганидан бери бўлгани каби, бугун ҳам АҚШ Украина ва унинг иттифоқдошлари ҳамда ҳамкорларини қўллаб-қуваатлашда давом этади. Ушбу нохуш санада биз оддий ҳақиқатни таъкидлаймиз: Қрим — бу Украина», — деди АҚШ президенти.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Аёлларни хўрлаш оддий ҳолатга айланиб бормоқда — Шавкат Мирзиёев

Жума куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев ажримлар масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

Оиладаги келишмовчиликлар оқибатида 2020 йилда 28 мингдан ортиқ оилалар бузилгани айтилди. Қашқадарёда — 2 минг, Хоразмда — 1,1 минг, биргина Ромитон туманида — 110 та ажрим қайд этилган.

«Эр-хотин ўртасидаги доимий жанжал, хиёнат, куч ишлатиш ва миграция ажримларнинг 70 фоизига сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси, аёлларни хўрлаш, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ҳамда омма олдида „сазойи“ қилиш оддий ҳолатга айланиб бормоқда», — деди президент.

Давлат раҳбари ўтган йили 15 мингга яқин хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганини ҳам қўшимча қилди.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Сенат 12 март куни бир қатор қонунларни кўриб чиқади

26 февраль куни Сенат Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда 13-ялпи мажлисни 12 март куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Навбатдаги мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги конституциявий қонуни, қолаверса, «Давлат харидлари тўғрисида»ги, «Экологик аудит тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровларини юбориш, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш юзасидан Ҳукуматга юборилган сўровлар натижалари муҳокама қилинади.

Батафсил: www.gazeta.uz/uz/2021/02/27/senat/?utm_source=push&utm_medium=telegram

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Ўзбекистон олма импортини 8,5 бараварга оширди, экспорт эса 61 фоизга тушди

Мазкур рақамлар Давлат статистика қўмитасининг «Газета.uz»га тақдим этган маълумотларида акс этган.

Импорт ҳосил мавсуми бўлмаган вақтда кескин — 1042 тоннадан 8876 тоннагача (360,9 минг доллардан 2,85 млн долларгача) оширган. Бунда янги пишган олма импортининг асосий ҳажми (62,8 фоизи) Қирғизистонга тўғри келди. Ушбу мамлакатдан олма келтириш 45 баравар ошди — 121,6 тоннадан (ҳар бир килограмм учун 47 сентдан) 5574,9 тоннагача (килограмм учун 0,29 сентдан).

Ўзбекистон 2019 йилда 25 млн долларга 50 минг тоннадан кўпроқ олма экспорт қилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 19 минг тоннага тушиб кетиб, даромад 8,7 млн долларни ташкил этди. Экспорт ҳажмининг кескин пасайиши кўп жиҳатдан 2019 йилда ўзбек олмаларини сотишнинг асосий бозори бўлган Қозоғистон билан боғлиқ.

Батафсил: www.gazeta.uz/uz/2021/02/27/apples/?utm_source=push&utm_medium=telegram

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Германия Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга 8 млн евро ажратади

Германия ҳамкорлигида «Оролбўйида экологик йўналтирилган минтақавий тараққиёт» лойиҳаси амалга оширилади. Бу борада 26 февраль куни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳалар менежери Паул Шумахер ўртасида битим имзоланди.

Ҳужжат Оролбўйи ҳудудини барқарор трансчегаравий экологик ҳамда иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга эришишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматларига кўмак кўрсатишга қаратилган.

Экологик ва ижтимоий жиҳатларга салбий таъсирларни минималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда иқтисодий ривожланишга комплекс ёндашувни кўзда тутувчи лойиҳа 4 йилга мўлжалланган. Унинг бюджети 8 миллон еврони ташкил этади.

«Янги лойиҳанинг асосий таркибий қисмлари: консалтинг хизматларини кўрсатиш, рақамлаштириш, геоахборот тизими, масофавий зондлаш, трансчегаравий ҳамкорлик ва бошқалардан иборат», — деди Жамшид Ходжаев.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
Бугун Тошкент вақти билан соат 21:00 да Clubhouse платформасида "Ўзбекча brain drain" мавзусида суҳбат бўлиб ўтади.

Спикерлар: Давлат солиқ қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Алишер Элмурадов, Иллинойс университети (АҚШ) сиёсатшунослик бўйича докторантура талабаси Икромжон Тўхтасунов ҳамда "Газета.uz" муҳаррири Давлат Умаров.

Суҳбат давомида мавзу бўйича ўз фикрингизни билдиришингиз ёки савол беришингиз мумкин.

Суҳбатга қўшилиш учун ҳавола: https://www.joinclubhouse.com/event/xBJjBXNR
Gazeta.uz - Ўзбекистон янгиликлари
Чилонзордаги «Шовотландия» кафесида ёнғин чиқди — жабрланганлар бор 27 февраль соат 03:51 да Чилонзор тумани, «Шарқ» МФЙ, Гулистон кўчаси 9А-уй манзилида жойлашган «Шовотландия» МЧЖ кафесида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар…
❗️ Чилонзордаги кафеда чиққан ёнғин оқибатида 5 киши ҳалок бўлди

27 февраль куни Чилонзор туманида жойлашган «Шовотландия» кафесида ёнғин чиққан эди. Воқеа жойига жалб этилган 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари томонидан соат 04:37 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Тошкент шаҳар ИИББ хабар беришича, ёнғин «мазкур кафеда ишлаган ва яшаган беш нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган». Кафега ўт қўйилган.

Воқеа юзасидан ички ишлар вазири ўринбосари полковник Яхёжон Абдулхаков, Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов ва бошқа мутасаддилар умумий овқатланиш жойлари раҳбарлари билан мулоқот қилган.

Уларга ўз ишчиларини ижтимоий ҳимоя қилинишига масъул эканлиги, ходимлар нотурар биноларда яшамасликлари учун яшаш жойи билан таъминлаши зарурлиги, қолаверса, ишга ёллашда ходимларни тўлиқ текшириш сўралган.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
31 та янги суд биноси қурилади ва мавжуд 107 таси реконструкция қилинади

Ҳукуматнинг 26 февралдаги қарори билан 2021−2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастури тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ, йиллар кесимида республика бўйича жами 31 та янги суд биноси қурилади ва 107 таси реконструкция қилинади. Шу жумладан, Тошкентда 3 та судга (Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари, Тошкент туманлараро иқтисодий суди ва ЖИБ Миробд туман судига) янги бино қуриш кўзда тутилган.

Барча лойиҳаларнинг дастлабки қиймати — 643,944 млрд сўмни ташкил этмоқда. Шундан бино қурилишига — 453,136 млрд, реконструкцияга қилишга — 190,808 млрд сўм ажратилади.

Мазкур объектларнинг буюртмачиси этиб эса Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ягона буюртмачи хизмати» ИК белгиланган.

Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb