FATVO.UZ | Расмий канал
139K subscribers
1.02K photos
1.98K videos
4.28K links
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг расмий телеграм канали

©Каналдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Колл марказ рақами: 781503344

Lotincha 👉 @fatvouzlotin

https://taplink.cc/diniysavollar
Download Telegram
ЎЗ ҲИССАСИНИ ШЕРИГИГА СОТИШ ЖОИЗМИ?
#савдо

1142-CАВОЛ: Икки киши бир машинани шерик бўлиб сотиб олса, кейин бири иккинчисига ўз улушини бўлиб тўлашга сотиши мумкин деб эшитдим шу тўғрими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Тўғри. Икки киши битта машинани ўртага пул ташлаб сотиб олган бўлса, сўнг шериклардан бири ўзининг ҳиссасини сотмоқчи бўлса, хоҳласа нақд савдо билан хоҳласа насия савдо билан, хоҳласа ўз шеригига хоҳласа бегона одамга сотиши мумкин. Фақат бўлиб тўлаш орқали насия савдо қилинганда қиймат ва муддат аниқ бўлиши шарт. Бу ҳақда фуқаҳоларимиз шундай дейдилар:

لأحد ‌الشريكين ‌إن ‌شاء بيع حصته إلى شريكه إن شاء باعها لآخر بدون إذن شريكه

“Шериклардан бири ўз улушини хоҳласа ўз шеригига, хоҳласа шеригининг изнисиз бошқа кишига сотиши ҳам мумкин” (“Дурарул ҳуккам” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

Telegram | Instagram | Facebook
ГАРОВ БОҒЛАБ ТАОМ ЕЙИШ ЖОИЗМИ?
#гаров #таом #савдо

1107-CАВОЛ: Бир танишим: “Бир тандир сомсани ҳаммасини еб юбора оламан”, деди. Сотувчи эса унга: “Агар, ҳаммасини еб юборсанг, пулини тўламайсан, лекин бир дона ёки бир луқма қолса ҳам, ҳамма пулини тўлайсан”, деб шарт қўйди. Мазкур савдо жоизми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Йўқ, бундай савдо дуруст эмас. Чунки, биринчидан бу шарт билан савдолашишдир. Ҳолбуки, динимизда савдо тақозо қилмайдиган ҳар қандай шарт билан савдолашишдан қайтарилган. Бу ҳақида “Фосид бай”, яъни нотўғри савдо турларини санаб, шундай дейилган:
"وَالبَيْعُ بِشَرْطٍ لاَ يَقْتَضِيهِ العَقْدُ وَفِيهِ نَفْعٌ لأحَدِهِمَا" (مختصر الوقاية).
Яъни: “Савдо тақозо қилмайдиган ва унда сотувчи ёки харидордан бирига манфаат мавжуд бўлган шарт билан савдо қилиш ҳам фосид байдир (нотўғри савдодир)”. (“Мухтасарул-виқоя” китоби).
Юқоридаги савдода ҳам айнан шундай шартли келишув амалга оширилмоқда. Яъни маълум бир таом (сомса)ни ҳаммасини еб юборса, пул тўламайди. Демак, бунда харидор учун манфаат бор. Аксинча, шарт бажарилмаса, ҳамма пулини тўлайди ва бунда сотувчи учун манфаат бор. Чунки у бир тандир сомсани пулини олади. Бу шарт эса, байни фосид қилади.

Иккинчидан, бу келишувда гаров бойлаш ҳам мавжуд бўлиб, икки томондан бирига манфаат, иккинчи томонга зарар бўлса, бу ерда қимор маъноси юзага чиқади. Маълумки, Ислом динида қимор қаттиқ қораланган ва гуноҳи кабиралардан биридир. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай хитоб қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
Яъни: «Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр (ароқ), қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз». (Моида: 90-оят).

Учинчидан, динимизда тўйганидан кейин таомланиш ҳаром қилинган. Бу борада шундай дейилган:
"وَإِذَا أَكَلَ الرَّجُلُ فَوْقَ الشِّبَعِ فَهُوَ حَرَامٌ فِي كُلِّ مَأْكُولٍ" (البحر الرائق شرح كنز الدقائق)
Яъни: "Киши агар, тўйганидан ортиқ таом еса, ҳар қандай емак бўлсин, ҳаром бўлади". (“Баҳрур-роиқ шарҳу канзуд дақоиқ” китоби). Чунки тўйганидан кейин таомланишда инсон саломатлиги учун жиддий зарар бор.
Шунга кўра, юқоридаги каби шарт ва гаров ўйнаш аралашган ҳамда инсон саломатлиги учун хавф туғдирадиган савдо турлари шаръан ножоиздир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram
​​ҲАЙДОВЧИ ЮККА МАСЪУЛ БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром #савдо

1150-CАВОЛ: Маълумки, ҳозирги кунда ҳайдовчилар одамларни манзилларига элтиш билан бирга баъзи юкларни ҳам ташийдилар. Уларни урфида бу юклар “почта” дейилади. Улар мазкур “почта”ларни манзилига элтиб бергани учун хизмат ҳаққи оладилар. Ушбу ҳайдовчилар мазкур юклар, яъни “почта”лар учун масъул ҳисобланадиларми? Агар ҳайдовчи ўзи “юкка жавоб бераман” деб хизмат ҳаққини кўпроқ олсачи?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бу ижарага тегишли масала бўлиб, саволдаги ҳайдовчилар шариатда “Ажийри муштарак” дейилади. Яъни одатда ёлланма ишчилар икки турга бўлинадилар. 1-“Ажири хос” яъни махсус бир киши ёки аниқ бир муассаса учун ишлайдиган ишчи-ходимлар. 2-“Ажири муштарак” яъни умумий ишчилар бўлиб, улар бир киши ёки аниқ бир ташкилотга эмас, балки барча учун хизмат қиладиган такси ҳайдовчилари, тикувчилар ва иморат усталари каби ёлланма ишчилардир. Ажири хос юкка масъул бўлмайди. Чунки юк унинг қўлида омонат бўлиб, омонатга унинг айбисиз талофат етса, тўлаб бериши вожиб бўлмайди. Аммо унинг айби ёки бепарволиги туфайли зарар етса, албатта уни тўлаб беради.

(ولا يَضْمَنُ) أَي الأَجِيْر الخَاصّ (ما هَلَكَ في يَدِهِ) بالإِجْماع، (أَوْ بِعَمَلِهِ) المعتاد

Яъни: “Ажири хос барчанинг ижмоъси билан қўлида ҳалок бўлган, ёки одатий иши сабабли талофат етган нарсага зомин бўлмайди”. (“Фатҳу бобил-иноя” китоби).

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ажири муштаракда ҳам ҳукм худди шундай деб айтганлар. Аммо Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар раҳимаҳумаллоҳ ажири муштарак зомин бўлади, яъни қўлидаги юкка зарар ёки талофат етса, тўлаб бериши лозим бўлади, деб айтганлар. Лекин ғолиб келувчи умумий офат бундан мустаснодир. Яъни ҳайдовчи юкни олиб кетаётган пайтида унга боғлиқ бўлмаган табиий офат ёки унинг айбисиз автоҳалокат, ёнғин, сувга ғарқ бўлиш кабилар туфайли у олиб кетаётган юкка зарар етса, албатта, икки имомга кўра ҳам ҳайдовчи зомин бўлмайди. Бу ҳақида шундай зикр қилинган:

"وَفِي التَّبْيِينِ وَبِقَوْلِهِمَا يُفْتَى الْيَوْمَ لِتَغَيُّرِ أَحْوَالِ النَّاسِ وَبِهِ يَحْصُلُ صِيَانَةُ أَمْوَالِهِمْ"

“Табйин” китобида ёзилишича, бугунги кунда инсонларнинг ҳолатлари ўзгаргани эътибори билан Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг қавлларига фатво берилади. Шу йўл билан одамлар молларининг муҳофазаси ҳосил бўлади” (“Дурарул-ҳуккам” китоби).

“Шарҳул-виқоя” китобида бу ҳақида шундай дейилади:

"اِعلَمْ أَنَّ الْمَتاعَ فِي يَدِهِ أَمانَةُ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ رَحِمَهُ الله فَلَا يَضْمَنُ إلَّا بِالتَّعَدِّي كَمَا فِي الْوَدِيْعَةِ وَ عِنْدَهُما يَضْمَنُ إلّا إذا هَلَكَ بِسَبَبٍ لَا يُمْكِنُ الْاِحًتِرازُ عَنْهُ كَالْمَوْتِ حَتْفَ أَنْفِهِ وَ الْحَرْقِ الْغَالِبِ"

Яъни: “Билингки, унинг (ажири муштарак) қўлидаги мато Абу Ҳанифанинг (раҳимаҳуллоҳ) наздиларида омонатдир. Шунинг учун у унга зомин бўлмайди, магар хиёнат қилсагина тўлаб бериши вожиб бўлади. Икки имомга кўра эса ажири муштарак зомин бўлади. Фақатгина, ўлим, ғолиб келувчи ёнғин каби одатда сақланишнинг имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустаснодир”.

Шунга кўра, умумий ҳайдовчилар маълум бир ҳақ эвазига ташиб берадиган юкларига масъул ҳисобланадилар. Хусусан, юкка жавобгарлик эвазига хизмат ҳаққини кўпроқ бўлишига келишилган бўлса. Чунки бу ҳақида шундай таъкидланади:

"إذا شرط الضمان هنا صار كأن الأجرة في مقابلة العمل و الحفظ جميعا ففارق الوديعة التي لا أجر فيها"

Яъни: “Ажири муштарак матога зоминликни шарт қилган бўлса, гўёки бир вақтнинг ўзида ҳам иши ва ҳам матонинг муҳофазаси учун ҳақ олган бўлади. Шунинг учун ҳам бу ҳолат ҳеч қандай ҳақ тўланмайдиган омонатдан фарқлидир” (“Шарҳул виқоя” китоби).

Демак, ҳайдовчи юкка жавобгарлик шарти эвазига кўпроқ ҳақ олишга келишган бўлса, зомин бўлиши янада қатъий бўлади. Чунки у бу ҳолатда икки нарса: юк ташиш ва унинг муҳофазаси учун ҳақ олаяпти. Илло юқорида зикр этилгани каби унга боғлиқ бўлмаган умумий кутилмаган талофатлар, табиий офатлар сабабли юкка зарар етса, бу ҳолатда ҳайдовчи зомин (зарарни қоплаб берувчи) ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

Telegram | Instagram | Facebook
САРТАРОШ БИЛАН МЕҲНАТ ҲАҚИДА САВДОЛАШИЛМАЙДИМИ?
#савдо

1177-CАВОЛ: Устоз, бир жойда сартарош, тикувчи ва гўрков билан меҳнат ҳаққида савдолашилмайди, деб эшитганман. Шу ҳакида динимизда нима дейилган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сиз айтган касб эгалари билан савдолашиш мумкин. Шариатимизда “сартарош, тикувчи ва гўрков билан меҳнат ҳаққида савдолашилмайди” деган гап йўқ. Аксинча ҳар бир ҳалол меҳнат турига муносиб ҳақ тўланиши кераклиги белгилаб қўйилган. Сартарош, тикувчи ва бошқа касб эгаларини ёллаб ишлатилган тақдирда улар билан албатта бирор келишув, битим тузилиши шарт. Чунки кимнидир бирор ишга ёллаб ишлатишлик исломдаги ижара битими ҳисобланади. Ижаранинг шариатга мувофиқ бўлишидаги муҳим шартлардан бири иш ҳаққининг аниқ бўлишидир.
Бу борада "Мухтасарул виқоя" китобида бундай дейилган:
هِي بَيْعُ نَفْعٍ مَعْلُومٍ بِعِوَضٍ، ويُعْلَمُ النَّفْعُ بِذِكْرِ المُدَّةِ وبِذِكْر العَمَلِ
Ижара – бирор ҳақ муқобилига маълум манфаатлардан фойдаланиш учун тузилган савдо шартномаси. Манфаат маълум бўлиши учун эса фойдаланиш муддати ва хизмат турини айтишлик зарур бўлади (“Мухтасарул виқоя” китоби).
Агар сартарошхонада кўрсатиладиган хизматлар нархи ёзиб қўйилган бўлса ёки ўша шаҳар ё қишлоқда хизмат нархи маълум бўлса, ҳар икки тараф рози бўлиб, хизмат тақдим этилса, бу билан ҳам келишув амалга ошган ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
#Видео
#савдо #илм #ўрганиш

Савдо илмини ўрганиш

Абдуғофур домла Ниёзқулов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
Audio
#Аудио
#савдо #илм #ўрганиш

Савдо илмини ўрганиш

Абдуғофур домла Ниёзқулов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси

🔗 Улашинг: @diniysavollar
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
#Видео
#савдо #қоида

Савдодаги баъзи муҳим қоидалар

Абдуғофур домла Ниёзқулов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
Audio
#Аудио
#савдо #қоида

Савдодаги баъзи муҳим қоидалар

Абдуғофур домла Ниёзқулов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси

🔗 Улашинг: @diniysavollar
НАРХГА ҚЎШИБ ЁЗДИРИШ
#савдо #ҳалол_ҳаром

1193-CАВОЛ: Мен улгуржи савдо билан шуғулланаман. Мендан турли дўконлар, айрим ҳолатда ташкилотлардан ходимлар келади. Шулар ичида айримлари нархни қўшиб ёзиб беришни сўрашади. Масалан, товарнинг нархи 50 минг бўлса, 70 минг деб ёзинг. Мен сизга пулини олиб келганимда 20 мингни менга қайтиб берасиз, дейишади. Уларнинг бу иши жоизми? Улар билан шу шаклда савдо қилсам бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ислом дини инсонга ҳамиша ишлаб топаётган пулини фақат ҳалол йўл билан бўлишига аҳамият қаратиши зарур. Ҳалол бўлмаган молни ноҳақ ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга ишбилармондек кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا
“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси 29-оят).
Юқоридаги ишлар ҳам мутлақо жоиз эмас. Чунки ишчи ва ходим кабилар иш жойининг вакили сифатида иш юритади ва мана шу ишларни бажараётганлиги учун унга корхона маош ажратади. Исломда вакил ўзига нима вазифа юклатилган бўлса, ўшани бажариши керак. Қўшиб ёзишни талаб қилиш ва шу орқали олган ортиқча пулни ўзлаштириш унга ҳалол бўлмайди. Бу ишда алдов, омонатга хиёнат қилиш каби бир неча гуноҳлар бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي
“Ким алдаса, мендан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ : إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ ، وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ ، وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ" (رواه البخاري).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мунофиқ уч нарсада билинади: Гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса бажармайди, омонатга хиёнат қилади” (Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек, иш берувчининг номидан маҳсулот сотиб олгани борган кишига айрим сотувчилар чегирма қилиб, маҳсулот учун тўланган пулдан қайтариб беради. Бу ҳолатда ҳам қайтиб берилган пул, иш берувчининг ҳақи ҳисобланади. Буни менга берди, мен учун арзон қилиб берди деб, ўзига олиб қолиши мумкин эмас. Бу ҳам юқоридаги каби хиёнат ҳисобланади.
Шунинг учун сизга бундай таклиф билан чиқилганда, чегирмани иш берувчи учун олишингизгина тўғри бўлади. Акс ҳолда гуноҳ ишни амалга оширишда ёрдам берган бўлиб қоласиз. Қуръони каримда гуноҳ ишларда ҳамкорлик қилишдан қайтарилган:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَىٰ وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (Моида, 2-оят). Бу қилмишининг нотўғри қилётганини тушунтириб, насиҳат қилинг. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ЦЕМЕНТГА ОЛДИНДАН ПУЛ БЕРИБ ҚЎЙИШ
#савдо #ҳалол_ҳаром

1197-CАВОЛ: Бизда уй қурмоқчи бўлганлар цемент, шифер, ғишт сотувчилар билан келишиб аввалдан пул бериб қўйишади. Масалан, цементнинг килоси 1000 сўм бўлса, олдиндан пул берилаётгани учун 900 сўмдан берилади. Оладиган вақт келганда нарх 1200 сўм бўлиши мумкин. Шундай келишиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сиз айтган келишув “Салам” савдоси дейилади ва бу дуруст савдо ҳисобланади.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
قَدِمَ اَلنَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم اَلْمَدِينَةَ، وَهُمْ يُسْلِفُونَ فِي اَلثِّمَارِ اَلسَّنَةَ وَالسَّنَتَيْنِ، فَقَالَ: " مَنْ أَسْلَفَ فِي تَمْرٍ فَلْيُسْلِفْ فِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ، وَوَزْنٍ مَعْلُومٍ، إِلَى أَجَلٍ مَعْلُومٍ " (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида одамлар мевалар учун бир йил ёки икки йилга пул олардилар. У зот алайҳиссалом: “Ким хурмо учун қарз олса, маълум кайл (ўлчов идиши)га, маълум оғирликка ва маълум вақтга олсин”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Салам савдосида риоя қилиниши керак бўлган бир нечта шартлари бор. Бу савдода сотилаётган маҳсулот цемент сингари килолаб, сув, сут сингари литрлаб, мато сингари метрлаб сотиладиган ёки ғишт, тухум каби деярли бир-биридан фарқ қилмайдиган маҳсулот бўлиши керак. Сиз айтган учала маҳсулот ҳам бу шартга тўғри келади.
Сотилаётган маҳсулот юқоридаги шартга тўғри келгач, унда салам битимини тузиш учун қуйидаги жиҳатлари маълум бўлиши керак:
1. Маҳсулотнинг жинси (масалан, цемент),
2. Нави (масалан, “фалон заводники” ёки “Фалон маркадаги”),
3. Сифати (масалан, “олий”, “ўрта”, “паст”),
4. Миқдори (кило, метр, дона ёки ҳажми),
5. Вақти (саламнинг энг кам муддати 1 ой). Бу муддатдан камига салам савдосини қилиб бўлмайди.
6. Тўланадиган пулнинг миқдори (битим ўз кучида қолиши учун маҳсулот сотмоқчи бўлган одам пулни олдиндан олиши керак),
7. Маҳсулотни ташиш харажатли бўлса, маҳсулотни етказиб бериш жойи маълум бўлиши лозим. (“Фатҳи бобил иноя”, “Ал-Мухтор”китоблари).
Шунингдек, маҳсулот икки томон келишган вақтдан бошлаб, топшириладиган кунгача одамларда ёки бозорларда мавжуд бўлиши лозим. Чунки тўлаш муддати келганда сотувчи уни топиб бера олиши керак.
وَلَا يَجُوزُ السَّلَمُ حَتَّى يَكُون الْمُسْلَمُ فِيهِ مَوْجُودًا مِنْ حِينِ الْعَقْدِ إلَى حِينِ الْمَحِلِّ
“Салам савдоси Муслам фиҳ(сотиб олинаётган маҳсулот) келишув вақтидан бошлаб, топшириш муддатигача мавжуд бўлсагина жоиз бўлади”. (“Жавҳаратун наййира”).
Сиз айтган ҳолатда икки томон мазкур шартларга риоя қилиб, келишувга эришсалар, қилган савдолари шаръан тўғри бўлган ҳисобланади. Бу ҳолатда келишилган нарх ўз кучида қолади. Нархнинг тушиб кетиши ёки ошиб кетиши бу келишувга таъсир қилмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
САЛАМ САВДОСИДА БУҒДОЙГА ПУЛ БЕРИБ, ЎРНИГА СОМОН ОЛСА БЎЛАДИМИ?
#салам #савдо #буғдой

1226-CАВОЛ: Биз қишлоқда яшаймиз. Буғдой олишга олдиндан пул бериб қўямиз. Бу бизга буғдой пишган вақтдагидан арзонга тушади. Аммо баъзан буғдой эккан одамнинг буғдойи яхши бўлмай, ўрнига сомон ёки ер бераман дейди. Шундай ҳолатларда буғдой ўрнига сомон ёки ер олса бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Сиз айтган келишув салам савдоси дейилади. Бунинг бир қанча шартлари бор. (Салам савдоси ҳақида қуйида ўқинг: https://t.me/diniysavollar/398).
Сиз сўраган саволга келсак, бундай келишув жоиз эмас. Агар буғдой эккан деҳқон келишилган буғдойни бера олмаса, бозордан келишилган сифатдаги буғдойни олиб беради. Айнан ўзи эккан буғдой бўлиши шарт эмас. Шунинг учун ҳам фиқҳий китобларимизда салам савдосидаги маҳсулот икки томон келишаётган ва топширилаётган вақтда мавжуд бўлиши шарт дейилган. Агар деҳқон бозордан ҳам топиб бера олмаса, буюртмачи буғдой топилишини кутади ёки берган пулини қайтиб олади. Бошқа маҳсулот ёки келишилган маҳсулотнинг ўша кундаги қийматини олмайди. Масалан, буюртмачи деҳқонга бир тонна буғдойга килосига 1000 сўмдан келишиб, бир миллион пул берди. Муддат келган вақтда иккинчи томон келишилган буғдойни топиб бера олмади. Унинг ўрнига ер ёки сомон бера олмайди. Ёки шу кунга келиб, буғдойнинг нархи 1200 сўм бўлган бўлса, бир миллион икки юз минг пул олмайди. Бу хато ҳисобланади.

Бу каби саволларга фиқҳий китобларимизда жавоблар берилган. Жумладан, Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ шундай деган:
وَلَوْ انْقَطَعَ بَعْدَ الْمَحِلِّ فَرَبُّ السَّلَمِ بِالْخِيَارِ ، إنْ شَاءَ فَسَخَ السَّلَمَ ، وَإِنْ شَاءَ انْتَظَرَ وُجُودَهُ
“Маҳсулотни топшириш муддати келган вақтда маҳсулот топилмай қолса, маблағ эгаси, ихтиёрли бўлади. Хоҳласа, салам битимини бекор қилади (яъни берган маблағини қайтиб олади). Хоҳласа, маҳсулот топилишини кутиб туради”
. (“Ҳидоя” китоби).

Демак, буғдой учун пул берган томон унинг ўрнига ер ёки сомон олиши мумкин эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ДЕҲҚОН БЎЛМАГАН КИШИНИНГ САЛАМ САВДОСИНИ ҚИЛИШИ
#савдо

1297-CАВОЛ: Мен шоли, буғдой экиш каби деҳқончилик ишлари билан шуғулланмайман. Тижорат соҳасида иш юритаман. Шу ҳолатда одамлардан кейинчалик уларга буғдой, шоли етказиб бериш шарти билан шу каби маҳсулотларга пул олсам бўладими? Пул керак бўлган вақтда бир танишим шундай қилишни маслаҳат берди.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Деҳқончилик маҳсулотларини кейинчалик етказиб бериш шарти билан савдо қилувчи шахс деҳқон бўлиши шарт эмас.
Маҳсулотни маълум муддатдан кейин етказиб бериш шарти билан савдо қилишни салам савдоси дейилади. Салам савдонинг бир қанча шартлари бор(https://t.me/diniysavollar/398). Мана шуларга риоя қилган ҳолатда пул олсангиз бўлади. Бу шартларнинг ичида пул олаётган кишининг ўзида мазкур маҳсулот бўлиши керак деган шарт йўқ, балки маҳсулот икки томон келишган вақтдан бошлаб, топшириладиган кунгача одамларда ёки бозорларда мавжуд бўлиши лозим. Чунки тўлаш муддати келганда сотувчи уни топиб бера олиши керак. Бу ҳақида фиқҳий манбаларимизда шундай дейилади:
وَلَا يَجُوزُ السَّلَمُ حَتَّى يَكُون الْمُسْلَمُ فِيهِ مَوْجُودًا مِنْ حِينِ الْعَقْدِ إلَى حِينِ الْمَحِلِّ
“Салам савдоси, сотиб олинаётган маҳсулот келишув вақтидан бошлаб, топшириш вақтигача бўлган муддат давомида мавжуд бўлсагина жоиз бўлади” (“Жавҳаратун наййира” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ХАРИДОР МАҲСУЛОТНИ ТАТИБ КЎРИШИ ЖОИЗМИ?
#савдо

1336-CАВОЛ: Бозорда сотилаётган маҳсулотларни харидорлар еб кўриши мумкинми?

💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Харидор сотиб олмоқчи бўлган мева ёки бирор егуликдан сотувчининг рухсати билан мазасини татиб кўриши дуруст. Агар сотувчи бунга рухсат бермаса ёки бундан сотувчи зарар кўрадиган бўлса, изн сўрамасдан ундан истеъмол қилиб бўлмайди.
Бундаги асл қоида шуки, бозорда сотилаётган нарса сотувчининг мулкидир. Шундай экан, бировнинг рухсатисиз, унинг мулкидан олиш (ейиш) жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўзганинг мулкини ноҳақ ейишдан қайтарган:
"يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ
“Эй, мўминлaр! Мoл-мулклaрингизни ўртaдa нoҳaқ (йўллaр) билaн емaнгизлaр! Ўзaрo рoзилик aсoсидaги тижoрaт бундaн мустaснo...” (Нисо сураси, 29-оят).
Аммо бозорларда сотувчилар харидорлар еб кўришлари учун олма ёки нок каби меваларни кесиб-бўлаклаб қўйган бўлади. Бу нарса бозорларда урфга кирган ва ундан олиб еган кишидан ҳеч ким норози бўлмайди. Бунда ўша маҳсулотдан сотиб олмоқчи бўлган киши эгасининг рухсатисиз татиб кўриши мумкин. Агар ўша мева ёки маҳсулотлардан олиш мақсади бўлмаса, ундан рухсатсиз татиб кўрмаслиги керак бўлади. Уламоларимиз ишлаб чиққан фиқҳий қоидалардан бирида:
الْعَادَةُ مُحَكَّمَةٌ
“Одат – ҳакам қилингандир”, дейилган (“Ал-Ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Яъни, шаръий далилларга зид келмайдиган урф-одат ҳалол-ҳаром, ҳақ-ҳуқуқ масалаларида ҳакам бўлади ва шу урфга кўра амал қилиш дуруст бўлади.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу каби масалаларда жорий урфга ҳам қаралади: агар урфда сотувчининг розилигисиз маҳсулот таъмини татиб кўриш жорий бўлган ва одатда сотувчи бундан зарар кўрмайдиган бўлса, ундан татиб кўриш дуруст. Акс ҳолда жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
ИЖАРАГА ОЛИНГАН МАШИНАНИНГ ХАРАЖАТЛАРИ КИМНИНГ ЗИММАСИДА?
#савдо #ижара

1337-CАВОЛ: Машинани ижарага берганда, машинанинг таъмирлаш харажатлари кимнинг зиммасида бўлади.

💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Машинани ижарага берганда унинг асосий қисмлари: кузов ва моторнинг таъмири ижарага берувчининг зиммасида, кунлик ёки даврий харажатлари: ёнилғи қуйиш, мотор мойи, балон ва аккумулятор алмаштириш кабилар ижарага олувчи зиммасида бўлади. Яна бу харажатлар ўзаро келишув ва ҳар бир жойнинг ўз урфига кўра ҳам бўлиши дуруст.
Бу мавзуда Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
وَتَطْيِينُ الدَّارِ ، وَإِصْلَاحُ مِيزَابِهَا ، وَمَا وَهَى مِنْ بِنَائِهَا عَلَى رَبِّ الدَّارِ دُونَ الْمُسْتَأْجِرِ ، لِأَنَّ الدَّارَ مِلْكُهُ وَإِصْلَاحُ الْمِلْكِ عَلَى الْمَالِكِ
“Уйни суваш, тарнов (сув чиқиб кетиш йўллари) ва бинодан ҳисобланган нарсаларни тўғрилаш уйнинг эгаси зиммасидадир. Чунки уй унинг мулки, мулкни ислоҳ қилиш мулк эгасининг вазифасидир...” (“Бадоиъус-саноиъ” китоби)
وَإِذَا تَكَارَى دَابَّةً فَالْإِكَافُ عَلَى صَاحِبِ الدَّابَّةِ ، فَأَمَّا الْحِبَالُ وَالْجُوَالِقُ فَعَلَى مَا تَعَارَفَهُ أَهْلُ الصَّنْعَةِ ، وَكَذَلِكَ اللِّجَامُ وَأَمَّا السَّرْجُ فَعَلَى رَبِّ الدَّابَّةِ إلَّا أَنْ تَكُونَ سُنَّةُ الْبَلَدِ بِخِلَافِ ذَلِكَ فَيَكُونُ عَلَى سُنَّتِهِمْ
“Бир уловни ижарага олса, унга эгар қўйиб бериш уловнинг эгаси зиммасидадир. Ип ва мешлар, худди шундай юган (жилов) ҳам шу соҳа аҳли урфига кўра бўлади. Аммо эгар уловнинг эгаси зиммасидадир. Лекин ўша шаҳарнинг урф-одати бунга тескари бўлса, уларнинг урф-одати бўйича бўлади” (“Бадоиъус-саноиъ” китоби).
Демак, асл қоидага кўра машинани ижарага берганда унинг асосий қисмларининг таъмири машина эгасига, кунлик ва даврий харажатлар ижарага олувчига бўлади. Лекин ижарага олувчи ва берувчи ўзаро келишув асосида бу харажатлар кимнинг зиммасида бўлишини шартномада белгилаб олса ва бу келишувлари улар яшаб турган шаҳарнинг (шариатга зид келмайдиган) урф-одатларига ҳам мувофиқ бўлса, бу келишув ҳам жоиз ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
САВДОДАН КЕЙИН СОТУВЧИНИНГ ҚЎЛИДА ЎЛИБ ҚОЛГАН ҲАЙВОН МАСАЛАСИ
#савдо

1340-CАВОЛ: Иккита қўйни савдолашиб, нархини келишилгач, қўрада туриб турсин, деб бир-икки кунга қолдириб кетилган. Эртаси куни биттаси ўлиб қолган. Ўлган қўйни зарари кимни зиммасига тушади?

💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сотиб олинган ҳайвонни ўша қўранинг ўзида қолдирилса ва кейин у ҳайвон ўлиб қолса, бу зарар сотувчига бўлади. Чунки бу ерда харидор томонидан ҳайвонни қабз қилиш (қўлга олиш) юзага чиқмаган. Бу ҳақда “Фатовои Оламгирийя” китобида шундай дейилади:
اشْتَرَى دَابَّةً مَرِيضَةً فِي إصْطَبْلِ الْبَائِعِ فَقَالَ الْمُشْتَرِي تَكُونُ هُنَا اللَّيْلَةَ فَإِنْ مَاتَتْ مَاتَتْ لِي فَهَلَكَتْ هَلَكَتْ مِنْ مَالِ الْبَائِعِ لَا مِنْ مَالِ الْمُشْتَرِي كَذَا فِي فَتَاوَى قَاضِي خَانْ
“Сотувчининг қўрасидан бир ҳайвон сотиб олган харидор: “Бир кеча шу ерда туриб турсин, ўлса менинг зиммамда”, деса ва ўша ҳайвон ўлиб қолса, харидорнинг эмас, сотувчининг моли ҳисобидан ўлган бўлади (“Қозихон”да шундай келган)”.
Демак бу масалада харидор томонидан қабз (тўлиқ қўлга олиш) топилмагани учун, гарчи харидор: "Ўлса, менинг зараримга", деса ҳам сотувчининг мулкида ўлмоқда. Табиийки бу ҳолатда харидор ўлган ҳайвоннинг пулини тўламайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ЧУВАЛЧАНГ ВА БИОГОМУС САВДОСИ
#савдо #ҳалол_ҳаром

1349-CАВОЛ: 1) Чувалчанг
савдоси жоизми? 2) Чувалчангдан чиқадиган ахлат-биогомус савдоси-чи?

💬ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳозирги кунда чувалчанг ва ундан олинадиган биогомуснинг ер ва унинг унумдорлигига фойдали бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шариат рухсат берган шаклдаги маҳсулотларнинг фойдали томони бўлса, бундай нарсаларнинг савдоси жоиз бўлади. Масалан, ҳайвонларнинг тезаги нажосат саналади. Шаръий қоидага кўра нажосатнинг савдоси жоиз бўлмайди. Лекин фойда берадиган нарса бўлгани учун уламолар унинг савдосини жоиз дейишган. Бу мавзуда фиқҳ китобларида шундай дейилган:
أَنَّ جَوَازَ الْبَيْعِ يَدُورُ مَعَ حِلِّ الِانْتِفَاعِ ، وَأَنَّهُ يَجُوزُ بَيْعُ الْعَلَقِ لِلْحَاجَةِ مَعَ أَنَّهُ مِنْ الْهَوَامِّ ، وَبَيْعُهَا بَاطِلٌ .
“Бир нарсанинг савдосининг жоизлиги ўша нарсадан фойдаланиш ҳалоллигига қараб белгиланади. Зулуклар гарчи ҳашорот ва унинг савдосини ботил эканига қарамай унга эҳтиёж борлиги учун унинг савдоси жоиз бўлади”. (“Раддул муҳтор” китоби).
يصح بيع الحشرات والهوام كالحيات والعقارب اذا كان ينتفع بها ، والضابط فی ذلك ان كل ما فيه منفعة تحل شرعاً فان بيعه يجوز
“Илон ва чаён каби ҳашоротлардан фойдаланиш имкони бўлса, уларнинг савдоси жоиз бўлади. Бу борадаги қоида шуки, шаръан ҳалол манфаати бор нарсаларнинг савдоси жоиздир” (“Ал-фиқҳу алал мазоҳибил арбаъа” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
БУ КЕЛИШУВ ЖОИЗМИ?
#савдо

1357-CАВОЛ: Бир киши менга “Сизга пул бераман. Сиз шу пулга деҳқончилик қилинг. Ҳосил пишиб, сотилгандан кейин мен тиккан пулимни ажратиб оламан, қолганини 50/50 қилиб бўлишамиз”, деб таклиф берди. Шундай ҳолатда келишиб ишласам бўладими?

💬ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сизларнинг бу келишувингиз “Музораба” шартномаси бўлиб, бунинг баёни фиқҳ китобларида қуйидагича келтирилади:
هي عقد شركة فى الربح بمال من رجل وعمل من الآخر
“Музораба бир кишидан мол ва бошқасидан иш ўлароқ фойдада шерикчилик битимидир" ("Ихтисорур ривоя" китоби).
Музорабада пул бир томондан хизмат иккинчи томондан бўлади. Сармоя эгаси ишчи билан келишиб, пулни унга беради. Тушган фойда келишувга асосан муайян нисбатларда тақсимланади. Масалан: “Фойданинг ярми меники, ярми сеники ёки учдан бири меники, учдан иккиси сеники ва ҳоказо.
Агар иш зарар билан чиқса, пул тиккан пулига, меҳнат қилган меҳнатига куяди. Меҳнат қилувчи томонидан нуқсонга йўл қўйиш ёки хиёнат бўлмаса, зарарни у тўламайди. Акс ҳолда у зарарни тўлаб беради.
Музорабада пул берувчи: “Сенга қанча пул берган бўлсам, нима бўлган тақдирда ҳам шу пулимни тўлиқ қайтарасан ёки ҳар ой фалон сўм фойда бериб турасан”, деса музораба бузилади.
Сиз айтган шаклдаги келишув, агар бошқа шартлар қўшилмаган бўлса, жоиз ҳисобланади.
Шерикчиликнинг ҳар қандай кўринишида томонлар ўзаро келишган битимининг ҳамма тафсилотини гувоҳлар иштирокида ёзиб имзолаб қўйишлари тавсия қилинади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
САВДОДАГИ ҲОЛАТ
#савдо

1383-CАВОЛ: Мен телефон савдоси билан шуғулланаман. Бўлиб тўлашга ҳам сотаман. Айрим харидорлар насияга телефон сотиб олиб, пулини бир ёки икки ой тўлагандан кейин телефонни олиб келиб, берган пулимга розиман, телефонингизни қайтариб олинг, қолганини тўлашга имкониятим йўқ, дейди. Шу ҳолатда ундан олган пулимни қайтиб бермай, телефонни олиб қолсам бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шариатимизда тузилган савдони бузиш иқола дейилади. Бу иш икки томоннинг розилиги билан бўлади ҳамда сотилган маҳсулот сотувчига, тўланган пул харидорга қайтади.
وَصَحَّتْ الإقالة بِمِثْلِ الثَّمَنِ الأوّلِ
“Иқола биринчи (берилган) маблағ миқдори билан тўғри бўлади” (“Фатҳи бобил иноя” китоби). Яъни икки томон неча пулга келишган бўлса, ана шу пул миқдорида бекор бўлади. Сотувчи бундан ортиқ ёки кам олиши мумкин эмас.
Савдо бекор бўлиб, харидорга тўлаган пули, сотувчига товар қайтарилгандан кейин, ҳеч қандай мажбурлашсиз харидор ўзи рози бўлиб бирор маблағ бериб кетса, бу дуруст. Чунки мол эгаси уни хоҳлагандек тасарруф қила олади. Лекин сотувчи бу ҳадяни босим ўтказиб ё қаттиқ туриб сўраб олмаслиги лозим.
Сиз бу ҳолатда ана шундай харидорларга: “Мен телефонни сизга сотганман. Пулини тўлай олмаётган бўлсангиз, сотиб, келишилган муддатда пулимни тўланг”, денг ёки “Мен сизнинг вакилингиз сифатида сотиб бераман, камини берасиз, кўп бўлса, сизга қайтараман”, деган таклиф айтинг. Шунда сиз зарар кўрмайсиз, харидор ҳам қарзидан қутилади.
Юқоридаги гаплар харидор маҳсулотга ҳеч қандай айб етказмасдан қайтариб келган ҳолатга тегишли.
Агар харидор маҳсулотни савдогарлар наздида нархни туширадиган айб билан қайтариб келса, етказилган айб миқдорини холис савдогарларга баҳолатилади. Агар савдогарлар: "Айб етиши туфайли бу телефоннинг нархи фалон сўм пастлаган", деб баҳолаб берса, сотувчи иқола пайтида ўша миқдорни ушлаб қолади ва қолган пулни харидорга қайтариб беради. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​МУЗОРАБАДАГИ ХАРАЖАТЛАР ҚАЙСИ МАБЛАҒДАН ҚОПЛАНАДИ?
#савдо

1413-CАВОЛ: Бир киши пул тикиб, бошқаси шу пулга тижорат қилиш кўпайган. Харажатлар учун сармоя пулидан сарфланадими ёки иш юритувчи ўзининг ёнидан сарфлайдими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тижорат билан боғлиқ ҳар қандай харажатлар сармоядан олинади. Харажатдаги асосий нарса бу борада тижоратчилар орасида жорий бўлган урфга қараб белгиланади.
Дўконнинг ижара ҳақи, ишчи ёлласа, унинг ҳақи, электр тўлови, юк олиб келиш учун техника ёлласа, унинг ҳақи каби тижоратни ривожлантириш учун сарф-харажатлар музораба молидан олинади. Лекин шахсий мақсадларда фойдаланса, бу иш юритувчининг ўзидан кетади.
Масалан, ўзи ишламай бошқа ишчини ёллаб, ўзи шахсий ишлари билан юрса, мазкур ишчининг пулини ўртадаги пулдан эмас, ёнидан тўлайди. Чунки бу ҳолатда зиммасидаги ишни бажармаяпти.
Тижорат учун сафарга чиқса, у ердаги еб-ичиш, турар жой харажати ҳам сармоядан кетади. Фақат мазкур ҳаражатлар маъруф тарзда, яъни савдогарлар савдо учун борганда қилинган миқдорда харажат қилади. Саёҳат, дам олиш учун қилинадиган харажатлар қилинмайди.
Шунингдек, тижоратни ривожлантириш учун қилинадиган харажатлар учун ҳам ўртадаги сармоядан ишлатилади. Масалан, манфаатли ҳамкорлар билан алоқани мустаҳкамлаш учун зиёфат қилиб бериш каби ишлар.
Ўз шаҳрида еб-ичиш, кийим-кечак, турар-жой, машинанинг бензини каби шахсий мақсадлар учун бу маблағдан ишлатмайди. Олган бўлса, тўлаб беради. Бу ҳақда “Ҳидоя” ва унинг шарҳи “Иноя” китобида қуйидагилар айтилган:
وإذا عمل المضارب في المصر فليست نفقته في المال وإن سافر فطعامه وشرابه وكسوته وركوبه فيه ... لِأَنَّ خُرُوجَهُ إذْ ذَاكَ لَهَا وَالنَّفَقَةُ مَا تُصْرَفُ إلَى الْحَاجَةِ الرَّاتِبَةِ كَالطَّعَامِ وَالشَّرَابِ وَكِسْوَتِهِ وَرُكُوبِهِ شِرَاءً أَوْ كِرَاءً كُلُّ ذَلِكَ بِالْمَعْرُوفِ . وَأُلْحِقَ بِذَلِكَ مَا كَانَ مِنْ مُعَدَّاتٍ تُكْثِرُ تَثْمِيرَ الْمَالِ كَغَسْلِ الثِّيَابِ وَأُجْرَةِ الْحَمَّامِ وَالْخَادِمِ وَالْحَلَّاقِ وَعَلَفِ الدَّابَّةِ وَالدُّهْنِ فِي مَوْضِعٍ يَحْتَاجُ فِيهِ إلَيْهِ كَالْحِجَازِ ، فَإِنَّ الشَّخْصَ إذَا كَانَ طَوِيلَ الشَّعْرِ وَسِخَ الثِّيَابِ مَاشِيًا فِي حَوَائِجِهِ يُعَدُّ مِنْ الصَّعَالِيكِ وَيَقِلُّ مُعَامِلُوهُ فَصَارَ مَا بِهِ تَكْثُرُ الرَّغَبَاتُ فِي الْمُعَامَلَةِ مَعَهُ مِنْ جُمْلَةِ النَّفَقَةِ ،
Музориб шаҳарда иш юритса, унинг сарф-харажатлари сармоя молидан бўлмайди. Агар тижорат учун сафарга чиқса, еб-ичиши, кийими, улови каби харажатлар сармоя молидан бўлади. Чунки иш юритувчи (музориб) тижорат учун сафарга чиқмоқда. Нафақа таом, ичимлик, кийим, сотиб ёки ижарага олинадиган улов каби доимий эҳтиёжларга сарфланадиган маблағдир. Буларнинг барчаси маъруф (тижоратчилар одатда қилган) тарзда ишлатилади. Сармоя сарф этиладиган харажатларга тижоратнинг ривожланишига ҳисса қўшадиган кийимини ювиш, ҳаммом, хизматчи, сартарош, уловининг озуқаси каби нарсалар ҳам қўшилади. Чунки сочи узун, кийими кир-чир, пиёда юрадиган киши камбағал саналиб, у билан ҳамкорлик қилувчилар кам бўлади. Демак, ҳамкорларни ўзига жалб қиладиган сарф-харажатлар ҳам нафақага киради”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​СУПЕРМАРКЕТЛАРДАГИ САВДО
#савдо

1414-CАВОЛ: Ҳозирги кунда кўплаб супермаркетларда сотувдаги маҳсулот остига унинг нархи ҳам ёзиб қўйилган. Харидорлар улардан керагини олиб, охирида кассага келиб тўлов қилади. Шу ҳолатда олинган маҳсулотни кассага келишдан олдин ичиб ёки ейишнинг зарари йўқми? Чунки ҳали сотувчи билан олди-сотди бўлмаган бўлади-ку.

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тагида нархлари ёзиб қўйилган маҳсулотни олишнинг ўзи ҳам савдо бўлаверади. Буни “Таотий” (олиш-бериш) савдоси дейилади. Яъни нархи ёзиб қўйилган ёки аввалдан маълум бўлган маҳсулотни ҳеч нима демасдан нархини тўлаб олиб кетиш ҳам савдонинг бир туридир. Бу савдода “сотдим” ва “сотиб олдим” дейиш шарт бўлмайди. Сотувчи томоннинг маҳсулот остига нархни ёзиб қўйиши “Бу маҳсулотни шу нархга сотамиз”, дегани, харидор пештахтадан ўша маҳсулотни сотиб олиш мақсадида қўлга олиши “Шуни сотиб олдим”, дегани бўлади. Яъни мижоз кўрсатилган нархга рози бўлиб нарсани олиши сотиб олишга ўтаверади.
“Ҳидоя” китобида бундай дейилади:
وَلِهَذَا يَنْعَقِدُ بِالتَّعَاطِي فِي النَّفِيسِ وَالْخَسِيسِ هُوَ الصَّحِيحُ لِتَحَقُّقِ الْمُرَاضَاةِ
“Қимматбаҳо ва арзон маҳсулотларда икки томоннинг розилиги топилгани учун “таотий” билан қилинган савдо боғланаверади”.
Сиз айтган ҳолатда харидор маҳсулотни қўлга олиши, уни ейиши ёки ичиши шу нархга рози бўлганидан дарак беради. Фақат уни еб ёки ичиб қўйгандан кейин “буни сотиб олмайман”, деб ортга қайта олмайди. Пулини тўлайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar