davletovuz
82.4K subscribers
7.55K photos
1.88K videos
147 files
10.7K links
Кузатувлар, фикрлар. ИМҲО — шахсий фикри ожизимча, дегани. Админга ёзиш учун махсус бот: @davletovuz_bot
Тижорий ҳамкорлик учун: @davletovuz_reklama_bot
Download Telegram
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 20 млрд долларга яқинлашиб қолибди http://cbu.uz/upload/statistics/bop/2019/uz_BOP,%20IIP,%20EXD%20_1Q2019.pdf
​​Аҳолининг кам ёки ўрта даромадларга эга қисми учун 2019 йилнинг 1 январидан жисмоний шахсларнинг даромад солиғи камайгани эффектини нарх ва тарифларнинг юқори суръатларда ошгани ва ошиб бораётгани емириб юборди. Шу сабабли аксар ёлланма ишчи ва ходимлар эгилувчан узоқ муддатли ҳаёт суғуртаси механизмидан фойдаланиб, камроқ солиқ тўлаш ва қисман бўлса-да даромадларини кўпайтириш йўлидан фойдаланишга ўтиб бормоқда эди.

Кеча қабул қилинган Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармон билан бу "лазейка" ҳам 1 августдан ёпиб қўйилади, чамамизда.

Энди суғурталанган шахснинг ҳаёти учун суғурта тўловлари шартнома бўйича суғурта муддати бошланган кундан бошлаб камида ўн икки ойдан кейин амалга оширилиши шарт, илгари суғурта тўловларини ҳар ойда, ҳар чоракда, ёки келишувга кўра белгиланган исталган даврларда олиш мумкин эди.

Курбанов.нет постида таъкидланганидек, амалдаги Солиқ кодекси бўйича белгиланган имтиёз ўз кучини сақлаб турибди. Кодекс Фармондан юқори ҳуқуқий ҳужжат. Балки 1 августгача Солиқ кодексида белгиланган имтиёзни Фармон талабларига мослашга улгуришар ҳам. Лекин шундаям барибир саволлар қолади.

Ушбу Фармон қабул қилингандан аввал тузилган суғурта шартномаларига бу нормалар тадбиқ этиладими?

Фармон ташаббускорлари ҳозирча бу ҳақда шарҳ беришгани йўқ, улар албатта ўз фойдаларига изоҳ беришлари эҳтимоли юқори.

Бу борада ҳуқуқшунослар нима дейди, бизга шуниси қизиқроқ.
​​Дарвоқе, Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси 2019 йил 3 июлгача муҳокамада бўлиши лозим эди. Ҳужжатни қабул қилишга бунчалар шошишга нима ва қайси омиллар сабаб бўлган, тушунарсиз.

Лойиҳага билдирилган биронта таклиф инобатга олинганини сезмадик ҳам.

Шунингдек, амалдаги Солиқ кодексининг 3-моддаси талабларига риоя қилинмаган. Унга кўра, янги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланишини, имтиёзлар тўлиқ ёки қисман бекор қилинишини, солиқ солинадиган база оширилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари улар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида уч ой ўтгач, амалга киритилади.
Ярим йиллик тугашига икки кун қолди

2018 йилдан бошлаб бюджет тизимида иш ҳақи ва ижтимоий тўловларни белгилашда инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳар 6 ойда инфляциядан кам бўлмаган миқдорда маош ва ижтимой тўловларни индексациялаш тизими йўлга қўйилган эди.

Агар ўзимиз қабул қилган бюджет қоидаларига ўзимиз амал қилсак, июль ойидан бюджет соҳасида маошлар, пенсия, стипендия ва нафақалар 7% атрофида оширилиши лозим бўлади.

Маълумот учун, январь-май ойларидаги инфляция даражаси 6%ни ташкил этган.
​​Тунги клублар фаолиятига ҳуқуқий ечим топилади

Айтишларича, Ички ишлар вазирлиги томонидан тунги клубларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилаётган экан. Чиндан ҳам, тунги клубларда юз берган охирги инцидентлар сабабли ушбу масала жамиятимиз кун тартибига чиққан эди. Ҳукумат шуларни ҳисобга олган ҳолда мақбул ечимни излаётганга ўхшайди. Чунки, маълум бўлишича, республика бўйича икки юзга яқин тунги клублар фаолият юритса-да, уларда ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича умумий талаблар белгиланмаган. Ҳамма ўз билганича иш тутади.

Охирги воқеалар, айниқса, Юнусободдаги “Аурум 898” тунги клубидаги ҳодисалар шуни кўрсатдики, одамларимиз учун тунги клублар жуда баҳсли, нозик масала. Агар ушбу масала тартибга солинмас экан, тунги клубдаги ҳар бир ҳолат учун жамоатчиликнинг қаҳрига дуч келаверамиз.

Дунё кўрган юртдошларимиз биладики, энг яхши шаҳар, истаймизми-йўқми, тунги ҳаёти бор шаҳар. Тунги ҳаёт ҳар қандай мегаполиснинг энг муҳим атрибутларидан бири саналади. Айниқса, бизга ўхшаб шаҳар аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этадиган мамлакатлар учун бу жуда муҳим. Кошки ёшларни соат 23:00 дан кейин уйга қамаб қўйиш билан бирор мақсадга эриша олсак. Албатта, шуни унутмаслик керакки, тунги ҳаёт тунги клублардан иборат дегани эмас.

Яна бир масала. Ўзбекистон бугун ўз эшикларини туристларга кенг очаяпти. Бундай пайтда туристлар фақат тарихий обидаларни кўриб, мазза қилиб кетади, дейиш билан иш битмайди. Ўзбекистон шаҳарлари фақат пенсионер туристларни эмас, балки ёш сайёҳлар учун ҳам қизиқ, қайноқ ва жозибали бўлиши керак. Фақат битта шарти бор: тунги клуб ва бошқа кўнгилочар масканлар атрофдаги одамларнинг ҳаловатини, оромини бузмасин, бундай жойга борган одамнинг ҳаёти, соғлиғига биров хавф солмасин.

ИМҲО, албатта.
Ҳокимлар ва бюджет ҳақида

Кейинги икки йилда бошланган децентрализация жараёни фақат бюджет маблағларини ҳудудлар ихтиёрида қолдириш билангина чекланиб қолмоқда. Тайинланган, тийиб туриш механизмлари йўқ, амалда фақат давлат раҳбаригагина ҳисобдор бўлган ҳокимлар бундай муҳитда самарали бўлиши мумкинми?

Илгари ҳам ҳокимларнинг ваколати чекланмаган эди, лекин уларнинг пули йўқ эди ва истаймизми йўқми шу ҳолат уларни институт сифатида ишлашга ва ҳеч қурса марказий идоралар олдида тийилиб туришга мажбур қиларди.

Ҳозир-чи? Ҳозир ҳокимлар учун давлат раҳбаригача ёмон гап етиб бормаслиги таъминланса кифоя, чунки тескари реакция бугунги реалликда фақат Президентдан юз бериши мумкин. Яъни ҳокимлар ҳаддидан ошса, фақат Президент уларнинг танобини тортиб қўйиш мумкин.

Қисқа индалло шуки, пул билан таъминланган амалдор, бизнинг шароитда ҳокимлар тийиб туриш ва ҳисобдорлик орқалигина самарали институтга айланади. Акс ҳолда ҳокимлик институти ўрнини ўзига хон, ўзига бек яккаҳоким эгаллайди.

Зеро машойихлар айтганидек, сайланмаган, ҳисобдор бўлмаган, эртага лавозимда қолиш-қолмаслиги фуқароларга боғлиқ бўлмаган амалдорлардан яхшилик кутиш жудаям қийин.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида тайинловлар амалга оширилди:

Ташпулатов Азиз Анварович
— Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари;

Кадиров Дониёр Бахтиёрович — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари.

Ташходжаев Данияр Бахтиярович — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи.

Назармухамедов Даврон Абитович — Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи.

Рахмонов Шавкат Наврузович — Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи.

Мавлянов Шовкат Тахирович — Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи.

@davletovuz
​​Ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг овози акс этган аудиоматериал бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни билдиради:

"Маълум бўлишича, Андижон вилоят ҳокимлигида 2019 йил 3 январда ўтказилган йиғилиш баёни қарори билан вилоят молия бошқармасига пул маблағларини тиббиёт муассасаларидан йиғиб олиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳисоб рақамига марказлаштириш ҳамда ушбу пул маблағларига тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга мувофиқ, шприц, инфузион система ва тиббий қўлқоплар сотиб олиш топширилган.

Ваҳоланки, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга кўра, тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан ушбу тиббий буюмларни харид қилиш тақиқланган. Юқоридаги топшириқ асосида Андижон шаҳрида жойлашган ”MAKRO FARM ANDIJON” МЧЖ билан юқоридаги қонун талабларига зид равишда тузилган тўғридан-тўғри шартномалар асосида жами 6,3 млрд сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган шприц ва системалар сотиб олинган. Худди шундай тартибда топшириқ асосида Андижон шаҳридаги “GOLD GROWN PHARMA” МЧЖдан ноқонуний равишда жами 20,1 миллиард сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган тиббий қўлқоп маҳсулотлари харид қилинган.

— Аслида ушбу маблағларга вилоят аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш учун дори воситалари ва бошқа зарур тиббий бумлар ҳам сотиб олиниши лозим эди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Юридик бўлими бошлиғи Руслан Мухаммадиев. — Бунинг оқибатида, Андижон вилоятида 2018-2019 йилларда шприц, система ва қўлқоплар билан таъминот даражаси зарур эҳтиёждан бир неча маротаба ортиққа таъминланган, лекин шошилинч ёрдам учун керакли бўлган ва бошқа дори воситалари эҳтиёжга нисбатан бир неча маротаба кам харид қилинган.

Оддий қилиб айтганда, пул маблағларининг нотўғри тақсимланиши ва давлат харидларини амалга ошириш тартиби бузилиши оқибатида ўрганилган ташкилотларда вилоят аҳолисининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжи 44,5 фоизга (“Актовегин” дори воситасига бўлган эҳтиёж ҳатто 5 фоизга) таъминланган бир пайтда, қўлқоп 265 фоизга, система 103 фоизга ҳамда шприц 500 фоизга эҳтиёждан ортиқ сотиб олинган.

— Амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, — дейди Р.Мухаммадиев, — юқоридаги кўрсатилган тиббий буюмлар мажбурий равишда сертификатлаштирилиши, яъни сифати Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган стандартларга тўлиқ жавоб бериши шарт эди. Табиийки, бундай сертификати бўлмаган маҳсулотларни сотиш ва ишлатиш умуман мумкин эмас. Лекин шунга қарамай, кўрсатилган ҳолатда бундай сертификати бўлмаган (ҳаттоки 47 та ҳолатда бундай сертификат бериш рад этилган) сифатсиз тиббий буюмлар сотиб олинган.

Ушбу ҳолатлар вазирлик томонидан аниқланганидан кейин дастлаб 2019 йилнинг 13 май куни Андижон вилоят ҳокими номига бу тўғрида расмий хат юборилиб, юзага келган муаммоли масаланинг ечимида амалий ёрдам кўрсатиш сўралган. Вазият бўйича ҳеч қандай ижобий ўзгариш сезилмаганидан кейингина ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларида дори воситаларига эҳтиёж кучайиб, дори воситалари таъминоти билан боғлиқ вазият чигаллашишни бошлаганидан кейин (орадан 15 кун ўтиб) жорий йилнинг 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юқоридаги ҳолат бўйича тўпланган материаллар юборилган ва масаланинг оқилона ечимини топишда амалий ёрдам кўрсатиш сўралган.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган хатда Андижон вилояти ҳокимлиги ёки ҳоким Ш.Абдураҳмонов ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас".
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёноти ҳудудлар ихтиёрида қолдирилаётган бюджет маблағлари ва ресурсларидан қандай фойдаланилаётгани борасида айрим савол ва масалаларга ойдинлик киритади (куннинг биринчи ярмида биз бу мавзуни кўтаргандик).

Демак, биринчидан, юқорида қайд этилганидек, давлат бюджетини ўзлаштириш масаласини маҳаллий ҳокимликларга ҳали ишониб бўлмайди. Қўлқоп 265 фоиз, шприц 400 фоиз сотиб олиниши, айблашдан йироқмиз-у, халқнинг пулини кўкка совуришдек гап. Бу тағин аҳолининг дори воситаларига эҳтиёжи атиги 44 фоиз қондирилган бир даврда юз бераяпти.

Кўп бор таъкидлаётганимиздек, кейинги даврда жойларда фақат кэптив бизнес авж олаяпти. Бу маълум бир бюджет ассигнованиялари ёки давлат буюртмасини эгаллаб олган ҳолда "ишлаб чиқариш ва сотиш"дан иборат бўлган оддий схемалардир. Одатда бундай харид ёки давлат буюртмалари доирасидаги товар ва хизматлар бозор ёки импорт аналогидан 20-30%, ҳатто каррасига қиммат бўлади. Фарқдан ўзлаштирилган маблағлар турли импорт контрактлари орқали четга олиб чиқиб кетилади.

Иккинчидан, тушуниб етилиши лозимки, коррупция ва пора фақат чўнтакка солинадиган, конверт ё сейфдаги нақд долларлардан иборат эмас. Юқори мартабали коррупционерлар аллақачон давлат буюртмаси, харидлар ёки лоббизм орқали маблағ ўзлаштиришга ўтиб кетган ва кўп ҳолатларда бу маблағлар четдаги хисобварақларга турли йўллар билан олиб чиқиб кетилади. Қодиров, Каримова ё Жўраев прецедентлари уларга Ўзбекистонда мол-мулк ё активлар жамғармаслик кераклиги бўйича ўзига хос ўрнак ва дарс бўлиб хизмат қилди.

Учинчидан, зудлик билан давлат хизматчилари ва уларнинг яқин қариндошлари мол-мулки ва даромадларини мажбурий декларациялаш тизимини жорий қилиш керак. БМТ коррупцияга қарши кураш конвенциясининг 20-моддасига кўра, давлат хизматчиси ё унинг яқин қариндошининг декларацияга номутаносиб ҳар қандай хариди ёки ҳаёт тарзи жиноят иши қўзғашга асос бўлиши лозим.

Тўртинчидан, 2019 йил декабрда бўладиган парламент сайловлари билан бир қаторда эксперимент тарзида айрим вилоятларда вилоят ҳокимини умумхалқ сайлови орқали сайлаш тажрибасини бошлаш керак. Халққа ҳисобдор раҳбарни аниқлаб олмай туриб, халқнинг пулини, солиқларимизни самарали ишлатиш, сарфлаш механизмларини ярата олмаймиз. Инсониятнинг давлатчилик тарихи, бугунги ривожланган давлатлар тажрибаси бунга далолатдир. Бошқатдан қоидалар кашф қилишга зарурат мавжуд эмас.

Албатта, буларнинг барчаси ИМҲО.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
U-REPORT 🇺🇿
BARCHA O'ZBEKISTON YOSHLARINI 30-IYUN YOSHLAR KUNI BILAN TABRIKLAYDI.

@UReportUzbbot ga ulaning va mamlakatimiz hayotini yaxshilashda ishtirok eting

SIZNING FIKRINGIZ MUHIM

Barcha yoshlarga ulashing
​​30 июнь — Ёшлар куни

Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги табиий газ, олтин, уран, пахта эмас, балки навқирон ёш йигит-қизларимиздир. Бугун миллионлаб ўзбекистонлик ёшлар мамлакатимизда, хорижда таълим олмоқда, ишлаб, ватани, оиласининг корига ярамоқда, азамат йигитларимиз юртимиз мудофаасига шай турибди. Ана шу қоракўзлар Ўзбекистоннинг келажаги, умиди ва бойлигидир.

Азиз ёшлар, байрамингиз билан қутлаймиз! Тақдирингиз ўз қўлингизда, ўқинг, ўрганинг, меҳнатдан қочманг. Сифатли инсон бўлинг, ўзингизга инвестиция киритинг. Вақтингизни ғанимат билинг.
Микромолиялаш хизматларидан фойдаланиш кўрсаткичларини ошириш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, қатор вазифа ва стратегиялар билан бирга қуйидаги эътиборга молик таклифлар берилган.

Биринчидан, микроқарз энг кўп миқдорини 50 млн.сўмгача, микрокредит миқдорини 300 млн.сўмгача, микролизинг миқдорини 600 млн.сўмгача ошириш ва микрокредит ташкилотлари устав капиталида чет эл микрокредит ташкилотлари иштирокига рухсат бериш.

Иккинчидан, 2019 йил 1 августдан микрокредит ташкилотларига банклар ва халқаро молия институтларидан кредитлар жалб қилиш ҳамда банклар, суғурта компаниялари ва бошқа молия ташкилотлари агентлари сифатида фаолият кўрсатишга рухсат бериш.

Учинчидан, жисмоний шахсларга микроқарзлар беришда унинг молиявий имкониятлари ва тўлов тарихидан келиб чегаралар, йиллик ва кунлик энг юқори ставкалар белгилаш.

Тўртинчидан, "Гаров реестри", Адлия ва Ички ишлар вазилиги маълумотлар базасини интеграциялаш, масофадан туриб идентификациялаш кабилар.

Қарор муҳокамасида фаол қатнашинг https://regulation.gov.uz/ru/document/4178
Ичадиган ва чекадиганлар учун ҳар эҳтимолга қарши маълумот.

Эртадан бошлаб алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкалари 20%га ошади.
Дарвоқе, эртадан бошлаб жисмоний шахслар ўзларининг турар-жойлари жойлашган ер участкаларини, юридик шахслар эса қишлоқ хўжалиги фойдланувида бўлмаган ер участкаларини хусусийлаштириб олишлари мумкин бўлади. Ҳозирча ихтиёрий.
​​Комил Алламжонов ёшларга: "Ҳақиқат бор, ишонинг. Орзу қилинг"

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов Ёшлар кунига бағишлаб пост қолдирди.
Уни қуйида ўқишингиз мумкин.

«Адашмасам, 2002 ёки 2003-йиллар... Мен 19 ёшлардаман, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматида энг кичик лавозимдаги ходимман.

Бир куни хонамизга кўпни кўрган, турли лавозимларда ишлаган раҳбарлардан бири тўсатдан кириб қолди. Энг кичик ходим сифатида югуриб бориб, пахта гулли чойнакда чой дамлаб келдим. Энди қуяман десам, шартта чойнакни ўз қўлларига олиб: энди бизнинг ёшимиз катта бўлиб қолди. Ҳурмат учун раҳмат, лекин чойни мен сизларга қуйиб берсам. Сизлар ёшсизлар, худо билсин эртага ким бўлиб кетасизлар? Сизларга яхши қараш керак, хафа қилиб бўлмайди, катта одам бўлиб, бизга бошлиқ бўлиб қолишларинг ҳам мумкин, деб ҳазил қилдилар.

Ҳазил-ҳузил билан кулишиб чой ичдик. Орадан вақтлар, йиллар ўтиб ҳаёт турли синовларда чиниқтирди, адолат ва адолатсизликларни кўрдик, кўряпмиз ҳам... Инсон қадрини билмайдиган ва аксинча уни эъзозлайдиган раҳбарларни ҳам кўрдик. Қийинчиликларга бардош бериб меҳнат қилдик ва ҳаракатларимиз туфайли ёш бўлишимизга қарамай, бизни ҳурмат қилиб, қадрлаб ишонган Президентимиз назарига тушиш насиб қилди (илоҳим кўз тегмасин). Мана, Аллоҳга шукр, раҳбар ҳам бўлдик.

Тасодифни қарангки, 17 йил олдин ўша гапни гапирган одам ҳозир биз раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг қуйи тизимида ишлар эканлар. Айтганларидек биз раҳбар, улар эса бизга ходим...

Бугун Ёшлар кунида бизни қадрлаган ва шу даражага етишимизга сабабчи бўлган инсонларга, ўзимизни кўрсатиш учун барча шароитларни яратиб бериб, бизга умид билан қараётган ва бугунги кунни биз ёшларнинг байрами сифатида белгилаб берган Президентимизга катта раҳмат айтмоқчиман.

Менинг дадам авточилангар, ойим эса ҳамшира бўлиб, ҳалол меҳнат билан катта қилдилар. Ўзим Тошкент шаҳри, Қора-қамиш мавзеси 2/4, Тансиқбоев 3, 30-уйдаги хонадонларнинг бирида туғилганман. Таниш-билиш, орқамизда тоғ йўқ эди. Лекин барибир, меҳнат қилсанг қадр топар экансан.

Ҳурматли Президентимиз! Ёшлар келажагимиз деб бизни улуғлаяпсиз, биз бир неча миллионлик ёшлар сиз биланмиз. Сизга ва Ватанимизга хизмат қиламиз. Ишончим комилки, менинг бу фикримга барча ёшлар қўшилади. Барчамиз сизнинг ишончингизни оқлаймиз деб ваъда берамиз. Ёнингизда сизнинг туну кун тиним билмай Ватан равнақи учун қилаётган меҳнатингизни кўриб турибмиз. Бахтимизга соғ бўлинг!

Ёшларга, тенгдошларимга, укаларимиз сингилларимизга эса, фақат ва фақат омад ёр бўлишини тилаб қоламан. Ҳақиқат бор, ишонинг! Орзу қилинг, орқамда ишонган тоғим йўқ деб ўзингизни орқага тортманг, қўлингизни туширманг. Тоғлар ҳам меҳнат орқасидан пайдо бўлар экан, лоқайдлардан бори ҳам қочади.

Аҳамият берсангиз энг катта раҳбарлар ҳам, энг ҳурматли одамларнинг аксарияти ҳам оддий оила фарзандлари. Бугунги даврда бизнинг энг ишонган тоғимиз бу — бизнинг Президентимиз.

Байрамингиз муборак бўлсин!»
"Ўзбекнефтегаз" топ менежменти ва бош офиси Қарши шаҳрига кўчирилибди. Монополиянинг асосий ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш активлари Қашқадарё вилоятида жойлашганлиги инобатга олинса, оқилона қарор.
Россия ва Беларусь президентлари норасмий учрашув ўтказибди. Учрашув Шавкат Мирзиёев совға қилган шийпончада бўлиб ўтибди https://twitter.com/dimsmirnov175/status/1145374090896838656?s=21
ИИВ ЙҲХББ: “Камералар бутунлай бекор қилингани йўқ, фақат муддатларини узайтириш режалаштирилмоқда”

Маълумки, Ҳукуматнинг “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги қарорига асосан ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши белгиланди.

Президентнинг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айнан шу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда уларнинг ижрочилари, бу ишга масъуллар, бажариш муддатлари белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ матбуот хизматининг маълум қилишича, қарор эълон қилингач ходимларни боди камералар билан таъминлаш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, бир-неча вазирлик ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда боди-камераларни ишлатиш юзасидан техник шартлар, уларни харид қилиш бўйича тендер танловлари шартлари ишлаб чиқилди, эълон қилинди. Турли савдо ташкилотларига юборилди. Уларнинг таклифлари жамланди.
Махсус комиссия томонидан ҳар бир таклиф атрофлича ва батафсил ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида камераларнинг нархидан бошлаб, етказиб бериш шартлари ва муддатларигача кўриб чиқилди. Навбатдаги вазифа камераларни турли об-ҳаво шароитларида, турли кўринишларда, ҳар хил холатларда, вазиятларда ишлатиб кўриш ва синовдан ўтказиш эди. Бу босқич ҳам муваффақиятли якунланди.

Боди-камералар харид қилинадиган ташкилот аниқ бўлди. Энди бутун диққат-эътибор маълумотларни сақлаш қурилмаларини харид қилиш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга қаратилди. Бу осон вазифа эмас. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, баҳс-мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу дастурий таъминотни тўғри ва аниқ ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шуни ҳисобга олган ҳолда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишларига етук мутахассислар, компаниялар жалб этилди. Ҳозирги кунгача бу ишларнинг деярлик саксон фоизи бажарилди. Боди-камераларни харид қилиш юзасидан тузилган шартномада уларни етказиб бериш муддати 120 кун қилиб белгиланган. Бу таъминотчининг талаби. Ўз-ўзидан равшанки бу муддат қарор ижросини ўз вақтида бажаришга мос келмайди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига боди-камераларни ишга тушириш муддатларини узайтириш бўйича таклиф берилди. Камералар бутунлай бекор қилингани йўқ, фақатгина унинг ишга тушириш муддатларини узайтириш режалаштирилмоқда. Шуни тўғри тушуниш ва қабул қилиш керак”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Кечаги Андижон ҳокими билан боғлиқ воқеа жуда кўп баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Бироз эҳтиросларни босган ҳолда, вазиятга тўғри баҳо бериш, муаммони аниқлаш ва уни ечими бўйича қандай тадбир амалга оширлиши кераклиги ҳақида фикрларимизини давом эттирсак.

Бизнинг ҳолатда қаерда хато кетди? Фискаль ва сиёсий децентрализация бу бир танганинг икки томони. Фискаль децентрализация жараёни биринчи навбатда маҳаллий ҳукумат раҳбарларининг маҳаллий аҳоли олдидаги ҳисобдорлигига асосланиб, сиёсий децентрализация амалга оширилгандан сўнггина бошланиши шарт.

Шундай экан, қадамни тўғри ташлаш керак: модомики децентрализация қилмоқчи эканмиз, биринчи ўринда ҳокимларни сайлаш тизимини йўлга қўяйлик. Кейин эса – фискал децентрализация. Шундагина айрим ҳокимларнинг шахсий фазилатларини эмас, балки ўрнатилган тизимнинг камчиликларини аниқлаш ва тузатиш имкони бўлади.

Японияда илмий тадқиқот олиб бораётган иқтисодчи-юртдошимиз

Батафсил: https://telegra.ph/Fiskal-decentralizaciya-siyosij-centralizaciyadan-kejin-boshlanishi-kerak-07-01