Daryo — LIVE
69.1K subscribers
46.1K photos
10.6K videos
62 files
43.1K links
“Daryo”ning tezkor yangiliklar berib boradigan Telegram kanali

Reklama — http://dy.uz/Z07tA
Tahririyat — @daryo_livebot

Rasmiy kanal – @daryo
Rasmiy kirill – @daryo_kirill
Lifestyle – @daryo_lotin
Sport – @daryo_sport24
Pul — @daryo_pul
Download Telegram
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Жиззахда бир гуруҳ аёлларнинг ўзаро жанжали акс этган видео тарқалди. ИИБ видео юзасидан маълумот берди

Жиззах вилояти ИИБ ижтимоий тармоқларда тарқалган бир неча аёл ўртасида юзага келган жанжал видеоси бўйича расмий маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда ўзаро жанжаллашаётган аёллардан бирини ажратишга уринган эркак улардан бирининг сочини юлиб олгани тасвирланган.

Маълум қилинишича, видеодаги ҳолатга Ғаллаорол тумани «Дўстлик» маҳалласида рўй берган. Низога 8 ёшли боланинг фуқаро томонидан қуритишга қўйилган адёлга лой оёғини артиши сабаб бўлган. Буни кўрган адёл эгаси болани қарғаган ва жанжал келиб чиққан.

Воқеа жойига икки нафар профилактика инспектори етиб бориб, келишмовчиликни бартараф қилиш чораларини кўрган. Ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

@daryo_live
Қаршида уч эгизак дунёга келди. Уларга Шавкат, Миромон, Мирзиё деб исм қўйилди

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги туғруқхонада 1 октябрь, жума куни уч нафар эгизак дунёга келди. Эгизакларнинг учаласи ҳам ўғил бола. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, чақалоқлар Қарши туманининг «Узуннаво» маҳалласида яшовчи Муродовлар оиласида дунёга келган.

« ‘Полвон'ларнинг онаси Шаҳло Ҳусанова 30 ёшда бўлиб, вилоят тери-таносил шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Отаси Искандар Муродов эса 37 ёшда бўлиб, Миллий гвардия ходими сифатида фаолият олиб боради», — дейилади бошқарма расмий каналидаги ахборотда.

Қўшимча қилинишича, эгизаклардан бирининг вазни 2,1 килограмм, иккинчиси 2,4 ва учинчиси 2,2 килограмм вазн билан туғилган.

«Чақалоқларга ота-онаси Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйди. Айни пайтда оиладаги болалар сони беш нафарга етди. Бунгача Муродовларнинг бир ўғил, бир қизи бўлган», — дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов.

@daryo_live
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
«Ўқитувчи кўча супурмаса, пахта термаса, шудгорга сув қуймаса, уни ҳам миллат устози даражасига кўтарса бўларкан-ку! Ўзбекистонда таълим биринчи ўринга чиқиши учун жуда катта ишлар қилиняпти. Қишлоқ мактаблари таъмирланиб, керакли жиҳозлар билан таъминланяпти. Ҳозир биз ҳар бир меҳнат ўз вақтида улуғланиши, ҳар бир инсон ўз вақтида қадрланиши гувоҳи бўляпмиз. Охирги беш йил барча жабҳаларда катта ривожланиш йили бўлди» — Боёвут туманидаги 19-мактаб директори Муҳтарама Ҳасанова.

@daryo_live
​​Тошкентдаги дўконларда ўғрилик содир этиш билан шуғулланган аёл ушланди. Жиноятларга вояга етмаган қиз ҳам жалб этилган

Тошкентдаги қатор дўконларда ўғрилик содир этиш билан шуғулланиб келган гуруҳ аъзоларидан бири қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББнинг Миробод туман бўлими навбатчилик қисмига дорихона сотувчисининг телефони йўқолгани тўғрисида хабар келиб тушган. Аниқланишича, бу каби ўғриликлар шаҳарнинг бир нечта туманларида содир этилган.

ИИББ ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида мазкур ўғриликларни содир этишда гумонланиб, 33 ёшли аёл қўлга олинган. Эълон қилинган видеодан кўриш мумкинки, ўғрилик ишига вояга етмаган қиз ҳам жалб этилган.

«Танимасликлари учун ниқоб ва рўмолда кирдик. Дўконлардан бирига тўрт киши кирганимизда, қизларнинг икки нафари сотувчини чалғитиб турди, бошқаси эса iPhone смартфонини ўғирлади. Уни 300 долларга сотиб юбордик», — дейди аёл.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

@daryo_live
UzAuto Motors Lacetti ишлаб чиқариш ҳажмини оширди

UzAuto Motors компанияси сентябрь ойида Chevrolet Lacetti автомобилини ишлаб чиқариш линияларида оптимизация ишларини олиб борди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, оптимизация ишлари давомида Lacetti автомобилининг ишлаб чиқарилиш ҳажми кунига ўртача 280 тадан 320 та автомобилга етади.

«Олиб борилган модернизация ишлари ушбу автомобиль моделининг ишлаб чиқарилишини ойига ўртача 1000 донага кўпайтириш имконини беради», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ишлаб чиқаришнинг кўпайиши юзага келаётган навбатларни қисқартиради ва мижозларга ушбу оммабоп автомобилни қисқа муддатларда етказиб беришни таъминлайди.

@daryo_live
​​Элимиз дард-у қувончи — тилимиз

1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистонда мамлакат мустақиллиги рамзларидан бири — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. 2020 йилдан бошлаб бу сана Ўзбек тили байрами сифатида нишонланмоқда. «Дарё» ушбу сана муносабати билан октябрни «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилади ва ой давомида ҳар куни тил масаласида турли йилларда қилинган ва ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган чиқишлар, нутқлар, мақолаларни қайта чоп этади.

«Фан ва турмуш» журналининг 1989 йил 4-сонида ўзбек тили муаммоларига бағишланган давра суҳбатида республиканинг таниқли ижодкорларидан Абдулла Орипов, филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Бахтиёр Назаров, республика Фанлар академияси Президиумининг етакчи мутахассиси Қўзивой Қорабоевлар иштирок этган.

Бахтиёр Назаров: «Янгидан янги зафарлар қучилган» турғунлик йилларида нафақат халқ хўжалиги, социал-иқтисодий тараққиётда, шунингдек, кишиларимиз маънавиятини тарбиялашда, ўтмишни, у билан боғлиқ бўлган маданий ва адабий меросни ўрганишда, миллатлараро муносабат масалаларида жиддий нуқсонларга йўл қўйилди. Хусусан, бу даврда миллий тиллар, шу жумладан, ўзбек тилига эътибор сусайди. Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоиздан кўпроғини ўзбек халқи ташкил этса-да, шунингдек, қардош халқлар — тожик, қозоқ, қирғиз, озарбайжон, туркман, бухоро яҳудийлари, турк, қрим-татар, уйғур, татар, бошқирдлар, қолаверса, бу ерда (айниқса қишлоқларимизда) кўп йиллардан буён яшаб келаётган рус, украин, беларус, арман ва бошқа халқларнинг бир қисми ўзбек тилида сўзлаша ёки тушуна олса-да, тилимиз минбарларда янграмади, расмий давлат ишларида қониқарли қўлланилмади, олий ўқув юртларида унинг роли ниҳоятда сусайди. Илмий тадқиқот институтларидаги аҳволни сўзлашдан тил ожиз, ҳатто она тилимиз масалаларига бағишланган диссертацияларнинг рус тилида ёзилиши ёки бу тилга ўгирилишини қандай изоҳлаш мумкин! Бугунги ошкоралик туфайли, бутун мамлакатда демократия принципларини қайта тиклашга қаттиқ бел боғланган бир пайтда бу нуқсонларни очиқчасига гапириш ва уларни тезроқ тузатайлик дея кенг жамоатчиликка, мана, масалан, неча юз минг сонли муҳтарам журналхонларимизга айтиш имкониятига эга бўлдик.

Батафсил

@daryo_live
​​Истиқбол учун кураш

1938
йилнинг 4 октябри — нафақат ўзбек адабиёти ё маданияти, балки бутун Ўзбекистон тарихидаги энг машъум саналардан бири. Шу куни Тошкентда миллат даҳолари — Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий ва Абдулҳамид Чўлпон отиб ташланган эди. «Дарё» ушбу уч улуғ мутафаккир хотирасига ҳурмат рамзи сифатида уларнинг йиллар ўтса-да ўз аҳамиятини йўқотмаган журналистик материалларини бутун октябрь ойи давомида ҳар куни қайта эълон қилиб боради.

Бизнинг кенг ва улуғ тарихимиз шу қадар оз ва кам текширилган, ковланганким, шу кунда бўлуб турған жуда кўп воқеа­ларнинг ўхшашини ўткан замонлардан кечкан ҳаётимиздан топ­моқчи бўлсак, шошиб қоласан.

Бир воқеанинг ўткан замонда ўхшаши бўлуб-бўлмаслиғи ул воқеанинг аҳамиятини ўлчашда кўб катта вазифа юклар.

«Қизил байроқ»нинг сўнг сонларидан бирида Оврупоға ўқумоқ мақсадида бир ўзбек қизининг кетмакка ҳозирланганлиғи ёзилғандир.

Ўзбек қизи ҳануз янги усул мактабларга ҳали ёлчиб кира олғани йўқ. Ҳатто ўзбекнинг ўзида пардаси, хоҳиши-да кишани бўлмаған эркак болалари ҳам юқори мактабларининг муҳташам саҳналарида кўплашиб юра олғани йўқ. Ҳали ўзбек қизи ота-онанинг тилсиз қўғурчоғи бўлишдан қутула олғани йўқ.

Биз сўнг вақтларда ўзбек ёшларининг узоқ элларга, ёт юртларга кетиб билим ортдирмоқ учун жуда қизиб борғанлиқларини кўруб севинмакдамиз. Ҳар бири ўз бошича тиришмасдан бош­ларини бир бораға тўплаб, «кўмак»лашиш йўли билан ишлаб турғанликларини билиб турамиз.

Батафсил

@daryo_live
​​Бўстонлиқда ҳарбийлар ҳужумга учраган фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари хавфли ҳужумга учраган такси ҳайдовчисининг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 1 октябрь куни соат 16:50 лар атрофида Мудофаа вазирлигининг Чорбоғ қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун кетаётиб, Тошкент—Сижжак йўналишидаги автомобиль йўлининг ёқасида икки нафар фуқаро ўзаро жанжаллашаётганига гувоҳ бўлган.

Ҳарбий хизматчилар зудлик билан машинани тўхтатиб, уларга яқинлашганида фуқаролардан бири жароҳатланган, иккинчисининг қўлида ўткир тиғли пичоқ борлигини кўрган. Улар ҳар иккала фуқарони бир-биридан узоқлаштириб қўлга олган ва жароҳатланган фуқарони Чорбоғ тез тиббий ёрдам бўлимига, иккинчисини эса ички ишлар бўлимига олиб борган.

Дастлабки сўров натижасида олинган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида туғилган 26 ёшли С.М. 32 ёшли А.П. билан ўзини Чорбоғ қўрғонида жойлашган «Бочка» номли ошхонага олиб бориб қўйиши учун 200 минг сўм пул эвазига келишган.

Манзилга яқин келганда фуқаро С.М. Тошкент—Сижжак йўлининг хилват жойида машинани тўхтатишни ва шу ерга яна бир ҳамроҳи келишилган пулни олиб келиб беришини айтган. Бироз вақт ўтгач, ўзаро суҳбатлашиш жараёнида машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган С.М. фуқаро А.П.га тўсатдан пичоқ билан ҳужум қилиб, гавдасининг орқа қисми ва бел соҳасига тан жароҳати етказган. Ҳайдовчи ўзини ҳимоя қилиш мақсадида машинадан тушиб қочаётган вақтида ҳарбий хизматчилар келиб қолган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан ички ишлар бўлими ходимлари томонидан дастлабки суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@daryo_live
Қамчиқ довонида тезликни меъёридан оширган Cobalt хандаққа ағдарилиб кетди

Қамчиқ довонининг 194-километрида Водий—Тошкент йўналишида ҳаракатланган Cobalt русумли автомобиль ағдарилиб кетди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 2 октябрь куни соат 06:30 ларда Cobalt ҳайдовчиси тез ҳаракатланиши оқибатида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги хандаққа ағдарилиб кетган.

Бир неча дақиқада воқеа жойига Қамчиқ махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасининг қутқарув гуруҳи, тез тиббий ёрдам шифокорлари, йўл-патруль хизмати ҳамда «Қамчиқавтойўл» ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари етиб борган.

ЙТҲга учраган автомобиль ичидаги ҳайдовчи ва икки нафар йўловчи чиқариб олинган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. «Шундай бўлса-да уларга шифокорлар ва қутқарувчилар амалий ва психологик ёрдам кўрсатди», — дейилади хабарда.

@daryo_live
Ўзбекистон элчиси «Толибон» томонидан тайинланган Афғонистон ташқи ишлар вазири билан учрашди

Афғонистон
муваққат ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган Амирхон Муттақий Кобулда Ўзбекистон элчиси Ёдгорхўжа Шодмоновни қабул қилди. Бу ҳақда «Толибон» томонидан афғон ташқи сиёсий идораси вакили этиб тайинланган Абдул Қаҳор Балхий Twitter орқали маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».

«Томонлар икки томонлама алоқалар, хусусан, Мозори-Шариф шаҳридаги аэропортни реконструкция қилиш ва авиақатновларни қайта тиклаш масалаларини муҳокама қилди», — дейилади хабарда.

Амирхон Муттақий Ўзбекистон дипломатик миссияси раҳбарига миннатдорчилик билдириб, Тошкент ва Кобул ўртасида «икки томонлама муносабатларни келажакда ривожлантиришга чақирган».

@daryo_live
​​Ўзбекистонда давлатга етказилган зарар учун ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги белгиланди

«‘Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, қуйидаги комиссиялар ташкил этилади:

Муддатли харбий хизматга чақириш учун:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги Раҳбарият кенгаши
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғин пунктларида — ҳарбий-тиббий комиссия
туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузурида Қуролли Кучларни бутлаш комиссияси;

муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш, ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш ва Қуролли Кучлар захирасига ўтказиш учун — мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги ҳудудий комиссия;
чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, соғлиғининг даражасини аниқлаш ва даволанишга юбориш учун — мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги ҳудудий тиббий комиссия.

Батафсил

@daryo_live
​​Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 16 дона сиртлондан бири ўлдирилгани айтилмоқда

Ўзбекистон Қизил китобига киритилган камёб дўлта (сиртлон, ёлдор бўри)лардан бири ўлдирилди. Бу ҳақда Telegram’даги «Экологуз» канали хабар берди.

Маълум қилинишича, Сурхондарёда Қизил китобга киритилган ва Ўзбекистонда саноқли қолган сиртлон овланган. Ўлжа билан суратга тушган икки фуқаронинг расми ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Сурат остидаги ёзувдан кўриш мумкинки, йиртқич ҳайвон 2021 йилнинг июлида ўлдирилган.

«Шуни ўлдириб, шу чўпонлар, балки овчилар барака топдими? Ёки ўзининг нақадар қаҳрамонлигини кўрсатмоқдами? Ким бўлишидан қатъи назар мазкур шахслар жавобгарликка тортилиши шарт», — дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, ёлдор бўрилар бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, локал тарқалган кенжа тур ҳисобланади. Ўтмишда Жанубий Устюртда, Амударё қайирларининг қуйи ва ўрта оқимларида, Шерободдарё этакларида, Кўҳитанг тизмасининг шарқий ёнбағрида тарқалган. Ҳозирда Боботоғ тоғолди тизмасининг шимолий қисмида ва Сурхондарё этагида қайд этилган. Ўзбекистондан ташқарида: Туркманистон, Эрон, Кавказ ва Кавказорти, Ироқ, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон яримороли, Арабистон яримороли, Африкада яшайди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаевнинг маълум қилишича, ушбу сиртлонларнинг 6 тадан иборат тўдасига 2011 йили Оқтепа сув омбори атрофида дуч келинган. 2010 йилда Боботоғ этакларида 8 та, 2012 йилда 10 та сиртлон, 2016 йилда эса урғочи сиртлон ва 2 та боласи қайд этилган.

@daryo_live
​​Қарши шаҳридаги мебель цехида содир бўлган ёнғин оқибатида уч нафар фуқаро вафот этди

Қарши шаҳрининг «Кат» маҳалласида жойлашган мебель цехида ёнғин чиқди. Оқибатда уч киши вафот этди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, ёнғин 1 октябрь куни соат 09:00 да содир бўлган.

«Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига 1 октябрь куни соат 09:10 да Қарши шаҳар ‘Кат’ маҳалласининг Насаф кўчасида жойлашган мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушди. Мазкур хабарга кўра, бешта ёнғин-қутқарув экипажи соат 09:13 да воқеа жойига етиб бориб, соат 09:16 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 09:26 да ўчирилган», — дейилади бошқарма ахборот хизмати хабарида.

Маълумот берилишича, ёнғин натижасида ишлаб чиқариш цехининг, тахминан, 200 кв/метр майдони ичидаги маҳсулотлари билан бирга ёниб зарарланган, ёнғин-қутқарувчилар томонидан 800 кв/метр майдон асраб қолинган.

«Ёнғин ичидан уч нафар фуқаро қутқарилиб, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига юборилган. Бироқ ҳодиса оқибатида ушбу фуқаролар вафот этган», — дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Соҳиб Ваитов.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда меҳнатни меъёрлаш концепцияси ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда 30 сентябрь куни «Касбий малака ва билимларни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти тузилмаси ҳамда институт тўғрисидаги низом;
Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом;
Малакаларни баҳолаш маркази тўғрисидаги намунавий низом.

Меҳнат институтининг фаолияти Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Қарорга кўра, 2021 йил 31 декабргача замонавий бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган Ўзбекистонда меҳнатни меъёрлаш концепцияси ҳамда касбий малака ва билимларни ривожлантириш тизимини стратегик бошқариш механизмини шакллантиришга доир амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

2021 йил 1 ноябрдан Меҳнат институти томонидан, жумладан, қуйидагилар шакллантирилади ва юритилади:

малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни баҳоловчи тизим ҳамда касбий стандартларни ва мустақил баҳолашнинг маълумотлар базаси;
меҳнат миграциясида талаб юқори бўлган касблар тўғрисидаги ягона маълумотлар базаси.
Қарорга кўра Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасидаги Давлат меҳнат инспекцияси тизимида тажриба-синов тариқасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Меҳнат соҳасидаги мурожаат ва низоларни ўрганиш ҳамда ҳал қилишга кўмаклашиш маркази ташкил этилди.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланишлар сони июнь ойидан буён илк бор 400 кишидан кам бўлди

Ўзбекистонда 2 октябрь куни 388 кишида коронавирус қайд этилиб, мамлакатда пандемия бошидан бери коронавирусга чалингани расман тасдиқланганлар сони 175 267 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

18 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
12 нафари Андижон вилоятида,
12 нафари Бухоро вилоятида,
8 нафари Жиззах вилоятида,
7 нафари Қашқадарё вилоятида,
3 нафари Навоий вилоятида,
13 нафари Наманган вилоятида,
53 нафари Самарқанд вилоятида,
11 нафари Сирдарё вилоятида,
8 нафари Сурхондарё вилоятида,
42 нафари Фарғона вилоятида,
10 нафари Хоразм вилоятида,
32 нафари Тошкент вилоятида,
159 нафари Тошкент шаҳрида
коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кунлик касалланиш бўйича 400 кишидан паст кўрсаткич сўнгги марта 21 июнь куни қайд этилганди — ўшанда 395 кишида COVID-19 тасдиқланган.

Вазирлик маълумотларига кўра, сўнгги сутка давомида жами 454 киши: Қорақалпоғистон Республикасида 17 нафар, Андижон вилоятида 22 нафар, Бухоро вилоятида 12 нафар, Жиззах вилоятида 20 нафар, Қашқадарё вилоятида 8 нафар, Навоий вилоятида 3 нафар, Наманган вилоятида 12 нафар, Самарқанд вилоятида 54 нафар, Сирдарё вилоятида 5 нафар, Сурхондарё вилоятида 8 нафар, Фарғона вилоятида 49 нафар, Хоразм вилоятида 8 нафар, Тошкент вилоятида 31 нафар, Тошкент шаҳрида 205 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 170 320 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 97 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1247 нафарни ташкил қилди.

Бундан ташқари, 2 октябрь куни 24 кишида пневмония аниқланиб, жами беморлар сони 27 300 нафарга етди. Шу куни уларнинг 88 нафари соғайиб, умумий соғайганлар сони 25638 нафарни ташкил қилмоқда.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда вакцина олиши кўзда тутилган аҳолининг қанчаси тўлиқ эмлангани маълум қилинди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцинация бошланганига ярим йил бўлди. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакцинацияга оид ярим йиллик статистик маълумотлар таҳлилини эълон қилди.

Унга кўра, Ўзбекистонда 30 сентябрга келиб эмланиши кўзда тутилган (18 ёшдан юқори бўлган 21,5 миллион киши) аҳолининг 53,6 фоизи (11 491 111 нафари) коронавирусга қарши биринчи доза вакциналарини олиб бўлди.

Шу вақт давомида мамлакатда эмланиши режалаштирилган аҳолининг 21,2 фоизи, яъни 4 539 621 нафари тўлиқ эмланди.

Шундан:

534 764 нафари 65 ёшдан ошганлар,
332 722 нафари тиббиёт ходимлари,
290 071 нафари мактаб ўқитувчилари,
109 235 нафари мактабгача таълим муассасалари ходимлари,
478 896 нафари сурункали касаллиги бор фуқаролар ва ҳоказо.

Коронавирусга қарши тўлиқ эмланган аҳолининг энг катта қисми фарғоналиклардир. Фарғона вилоятида 560 658 нафар фуқаро тўлиқ эмланган бўлиб, коронавирусга қарши тўлиқ вакцина олганлар фарғоналикларнинг 23,2 фоизини ташкил қилмоқда.

Эмлаш жараёнларига жалб қилинган аҳоли сони бўйича Андижон вилояти етакчилик қилмоқда. Умумий эмлаш статистикасига кўра Фарғона, Наманган, Андижон вилоятлари эмлаш жараёнларида пешқадам бўлиб турибди.

Айни пайтда эмлаш жараёнларида 5 турдаги вакцинадан фойдаланилмоқда: ZF-UZ-VAC2001 (ўзбек-хитой), AstraZeneca, «Спутник V», Moderna ва Pfizer/BioNTech.

Ярим йил давомида жами 20 781 994 доза вакцина қўлланилган бўлса, шундан 78 фоизи ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасидир. Жами қўлланилган ўзбек-хитой вакцинаси 16 120 621 дозага етган.

Айни пайтда ўзбек-хитой вакцинаси билан тўлиқ эмланган аҳоли сони 2,6 миллион нафардан ортиқни ташкил этади.

Шу пайтга қадар Ўзбекистонга 20 499 668 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилган. Шунингдек, ушбу вакцинани Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.

Ярим йил давомида жами қўлланилган вакцинанинг 5 фоизини AstraZeneca ташкил қилмоқда. Умумий ҳисобда қўлланилган AstraZeneca вакцинаси 1 125 557 дозага етган. Айни пайтда 462 минг нафардан ортиқ фуқаро AstraZeneca вакцинаси билан тўлиқ эмланган.

30 сентябрь ҳолатига кўра, ярим йил давомида эмлаш жараёнларида умумий ҳисобда 447 855 доза «Спутник V» вакцинаси қўлланилди. Айни пайтда 218 минг нафардан ортиқ фуқаро ушбу вакцина билан тўлиқ эмланган.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, Россияда ишлаб чиқарилган ушбу вакцина биринчи ва иккинчи босқичда эмлаш учун алоҳида-алоҳида компонентларга эга бўлиб, 1-доза учун келтирилган компонентни 2-доза учун қўллаш мумкин эмас.

Умумий қўлланилган вакцинанинг 13 фоизини Moderna вакцинаси ташкил қилмоқда. 30 сентябрь ҳолатига кўра, ушбу вакцинадан жами 2 692 705 доза қўлланилган.

Айни пайтда 1,2 миллион нафардан ортиқ фуқаро Moderna вакцинаси билан тўлиқ эмланган. Шу пайтга қадар Ўзбекистонда жами 3 000 060 доза Moderna вакцинаси келтирилган.

@daryo_live