Daryo — LIVE
69.4K subscribers
45.4K photos
10.5K videos
61 files
42.7K links
“Daryo”ning tezkor yangiliklar berib boradigan Telegram kanali

Reklama — http://dy.uz/Z07tA
Tahririyat — @daryo_livebot

Rasmiy kanal – @daryo
Rasmiy kirill – @daryo_kirill
Lifestyle – @daryo_lotin
Sport – @daryo_sport24
Pul — @daryo_pul
Download Telegram
​​Самарқандда COVID-19’нинг «британча» штамми аниқлангани рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида тўрт кишида «COVID-19» аниқлангани, у «британча» штамм эканлиги тўғрисида хабар тарқалди. Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Латиф Рустамовнинг «Дарё»га маълум қилишича, Британияда аниқланган коронавируснинг янги тури Самарқандда қайд этилмаган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда коронавируснинг COVID-19 инфекциясига чалинганлар тўғрисида кунлик маълумот бериб борилмоқда. Фуқароларимиз коронавируснинг COVID-19 инфекциясини ‘британча’ штамм инфекцияси билан адаштирмасликларини сўраймиз», — деди Латиф Рустамов.

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси вирусология лабораторияси мудираси Юлдуз Облоқулованинг маълум қилишича, 6 февраль куни 2571 нафар фуқародан «COVID-19» учун намуналар олинган бўлиб, ушбу фуқароларнинг 4 нафарида мусбат ҳолат аниқланган. Бу аввалги ҳолатларга қараганда ижобий ҳол ҳисобланади.

Тест намуналари мусбат чиққан фуқароларда касалликнинг енгил формаси бўлиб, улар ҳозирда мутахассислар назорати остида уй шароитида карантинга олиниб, даволанмоқда. Биз аҳолига қулайлик яратиш мақсадида тўртта ҳудудда тест намуналари олиш маркази ташкил этдик. Пайариқ, Каттақўрғон, Самарқанд шаҳри ва вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида фуқаролар келиб тест топширишлари мумкин», — деди Юлдуз Облоқулова.

Эслатиб ўтамиз, 30 январь куни коронавируснинг «британча» штамми Ўзбекистонга кириб келгани маълум бўлди. У 23 январь куни Дубайдан қайтиб келган 10 ёшли қизчада аниқланган. ССВ эса коронавируснинг янги штамми аниқланган қизча ҳақида нима учун 1 ҳафтадан кейин эълон қилинганига изоҳ берди.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков коронавируснинг «британча» штаммининг одамлар орасига киришига йўл қўйилмаганини маълум қилиб, У «Карантинга қайтишга умуман асос йўқ», — деганди.

@daryo_live
​​«Буни мажбурий меҳнатга тенглаштирамиз» — Абдуқодир Тошқулов талаба қизларнинг хорижлик меҳмонларни кутиб олишга жалб қилиниши ҳақида

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талаба қизларнинг хорижлик меҳмонларни кутиб олишга жалб қилиниши масаласига муносабат билдирди.

«Бизнинг вазир ўринбосаримиз ҳам катта хатога йўл қўйган. Энг ёмон кўрганим шу, хориждаги меҳмонларни кутиб олиш (фон) учун нега менинг гул қизларим гул кўтариб чиқиши керак? У ерга ҳам ўз фарзандингизни қўйиб кўринг. Бу бўйича алоҳида буйруқ қиламиз. Буни мажбурий меҳнатга тенглаштирамиз. Бу – мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши. Яъни у қизлар хоҳлаб бораётгани йўқ. Совуқда, дарсдан чиқиб, тўгаракка бориш керак бўлган вақт ёки дам олиш вақти адрас кўйлакни кийиб, гул кўтариб бориш қайси қизга ёқади? Бўлмаган нарса у. Таржимон бўлса, тушунаман, туризмда ўқиса, тушунаман.

Стадионни тўлдириш учун ҳам талаба, фон учун талаба, фестиваль бўлса талаба… Ҳамма жой ҳуқуқий қолипга тушиши шарт. Талаба ўқиши керак. Керак бўлса, тўйиб ухлаши керак, талабанинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳаққимиз йўқ», — деган Абдуқодир Тошқулов 8 февраль куни биринчи бор ректорлар билан Zoom орқали ўтказган йиғилишда.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг олий ва ўрта махсус таълим вазирига пойтахтга келадиган бир қатор олий мартабали меҳмонларни кутиб олишда амалий ёрдам беришни сўраб йўллаган расмий хатининг намунаси тарқалди. Унда меҳмонларни кутиб олиш учун 50 нафар талаба қизларнинг рўйхати, фотосурати ва маълумотларини 5 февралгача тақдим этиш сўралган. Тавсия этиладиган талаба қизларнинг бўй-басти, ташқи кўриниши, тарбия ва одоби, чет тилларини билиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқлиги ҳам қайд этилган.

Кейинроқ олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Юсуф Абсоатов номидан Тошкентдаги ОТМ ректорларига хорижлик меҳмонларни кутиб олиш ва кузатишда гулдаста тақдим этишлари учун талаба қизлар рўйхатини 5 февралгача тақдим қилишни сўраб йўллаган хати намунаси тарқалиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Термиз давлат университети ректори лавозимида ишлаб келган Абдуқодир Тошқулов 14 январь куни олий ва ўрта махсус таълим вазири этиб тайинланганди. Шавкат Мирзиёев собиқ олий таълим вазири Иномжон Мажидов (Ўзбекистон Миллий университетига ректор бўлди) тизимда ўзгаришлар қилолмагани учун лавозимидан озод этилганини айтганди.

@daryo_live
​​Хайрулла Бозоровнинг биринчи ўринбосари Фарғона шаҳрига ҳоким этиб тайинланди

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровнинг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев Фарғона шаҳрига янги ҳоким этиб тайинланди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Таъкидланишича, бугун, 9 февраль куни халқ депутатлари Фарғона шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда ташкилий масала кўрилиб, Мирзоҳид Муродилович Убайдуллаев Фарғона шаҳар ҳокими этиб тайинланган.

Мирзоҳид Убайдуллаев 2020 йилнинг 4 апрелидан ушбу тайинловга қадар вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритган. Ундан аввал эса Марғилон шаҳрига ҳокимлик қилган.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона шаҳрининг тўртта сектор раҳбари — ҳокими, прокурори, ИИБ бошлиғи ва туман солиқ инспекцияси раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида лавозимидан озод этилган эди.

@daryo_live
​​«Газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади» — энергетика вазири Алишер Султонов

Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов «Америка овози» (VoA)га берган интервьюсида мамлакатдаги энергия манбаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш тўғрисида гапирди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Унинг айтишича, айрим ҳудудларга газ қувури ётқизилса ҳам, босим йўқлиги туфайли газ етказиб беролмайди. «Чунки босим йўқ, миқдор бўлгани билан. Бу — тизимли муаммо. Иқтисодиёт нуқтаи назаридан ҳам, менталитет, дунёқараш нуқтаи назаридан ҳам», — деган у.

Алишер Султоновнинг сўзларига кўра, яқинда йирик турк компанияси раҳбари бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувда Ўзбекистонда газ билан боғлиқ катта муаммолар борлигини маълум қилган.

«У шундай деяпти: Туркия давлатида ишлаб чиқариш, саноат ривожланган, буларнинг барчаси энергия ресурсларини талаб қилади. Бизнинг аҳолимиз 95 миллион. Уларнинг ҳам яшаши яхши, ҳеч ким қишда совуқда ўтирмайди. Биз 95 миллион аҳоли ва ривожланган саноат билан йиллик 45 миллиард куб метр газ истеъмол қилсак, Ўзбекистон 35 миллион аҳоли билан 45 миллиард куб метр газ истеъмол қилмоқда», — дея туркиялик тадбиркорнинг сўзларини келтирди энергетика вазири.

Алишер Султоновнинг таъкидлашича, ҳозирги кундаги мавжуд газ захиралари: «Учта Ўзбекистонни боқа олади».

«Шунинг учун ‘энергосамарадорлик’ бизнинг йиллар давомидаги асосий шиоримиз бўлиши керак. Энг асосий ислоҳотимиз бу — энергия тежамкорлиги. Бу нарсани кичкина болачанинг миясига тишингни тозалаётганда сувни ўчириб қўй, хонадан чиқаётганда чироқни ўчир кабилардек сингдириб қўйсак… Оддий мисоллар. Чунки бунинг ичида жуда ҳам кўп нарса бор. Бунинг ичида ишлаб чиқаришнинг ҳам энерготежамкорлиги бор. Ҳозирги кунда 90 фоиз, майли 70 фоиз ишлаб чиқаришда энерготежамкорликка жавоб бермайдиган ускуналар ўрнатилган, эски-эски. Ўшани ҳозир модернизация қиладиган бўлсак, янгисини қурадиган бўлсак, 2, 3, 4 баробаргача энергияни кам ишлатади. Бу жараён бошланди», — деган у.

Вазир Ўзбекистон яқин вақтларга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланмагани хато эканлигини таъкидлаб ўтди.

Алишер Султонов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида мамлакатдаги энергетика тизимининг ҳозирги аҳволи — бу Совет Иттифоқининг мероси ва Ўзбекистоннинг ўзининг 30 йил ҳаракатсизлиги оқибати эканлигини айтганди. Шунингдек, сўнгги 30-35 йилда газ қазиб олиш ҳажмини йилдан йилга камайтириб бориш эвазига «Ўзбекнефтгаз»ни банкрот қилишга уринишганини маълум қилган эди.

Аввалроқ 2020 йилда Ўзбекистон 50,4 миллион долларга газ импорт қилгани, бу 2019 йилга қараганда 237 мартага кўп экани ҳақида хабар берилган эди. Экспорт ҳажми эса қиймат жиҳатдан 4,7 баробарга камайди.

@daryo_live
​​Ўзбекистонликлар қатор байрамларда камида 3 кун дам олиши белгиланди

Ўзбекистонда бир қатор байрамларда ишланмайдиган кунлар камида уч кун деб белгиланди. Бу ҳақда 9 февраль, сешанба куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида қайд этилди.

Унга мувофиқ, Наврўз, Мустақиллик куни ва Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади.

Бундан ташқари, ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи 5 иш кунидан кам бўлмаган «оилавий саёҳат таътили» тизими жорий қилинади.

Бунда «оилавий саёҳат таътили» йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади.

@daryo_live
​​Ўзбекистон ичида янги авиа ва темир йўл қатновлари йўлга қўйилади

Шавкат Мирзиёевнинг ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 9 февралдаги фармони билан Ўзбекистон ичида янги авиа ҳамда темир йўл қатновлари йўлга қўйилади.

Фармонга биноан, бир ой муддатда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида қуйидаги авиарейслар йўлга қўйилади:

Фарғона—Урганч—Фарғона;
Термиз—Урганч—Термиз;
Қарши—Урганч—Қарши.
Шунингдек, Андижон—Хива—Андижон темир йўл қатнови сони оширилади.

2021 йил 1 апрелга қадар қуйидаги йўналишлар бўйича доимий темир йўл қатнови йўлга қўйилади:

Термиз—Қарши—Хива;
Хива—Урганч—Нукус;
Термиз—Қарши—Самарқанд.
Фармонда, шунингдек, кўрсатилган йўналишлар бўйича авиарейсларни ва темир йўл қатновларини, шунингдек, Тошкент шаҳридан Бухоро, Нукус, Термиз ва Урганч шаҳарлари ҳамда Фарғона водийсига қатнов йўналишлари бўйича авиарейсларни субсидиялаш назарда тутилган.

@daryo_live
​​Эроннинг Iran Aseman Airlines авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни йўлга қўймоқчи

Эроннинг Iran Aseman Airlines авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича Транспорт вазирлигида учрашув ўтказди, дея хабар қилмоқда вазирлик матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 9 февраль куни Транспорт вазирлигида Эроннинг Iran Aseman Airlines авиакомпанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Авиакомпаниянинг тижорат масалалари бўйича раис ўринбосари А.Асад ҳамда Persian Gulf Tourism сайёҳлик ширкати ижрочи директори М.Раҳманифар иштирокида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида чартер ва мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Транспорт вазирлиги Ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти раҳбари Жумаев Ўзбекистонга хорижий авиакомпанияларни жалб этиш, парвозлар географиясини кенгайтириш ва частотасини кўпайтириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида меҳмонларга батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Шунингдек, Uzbekistan Airports бошқарув раисининг тижорат ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Бектошев эса Ўзбекистоннинг халқаро аэропортларида зиёратчиларни ташувчи хорижий авиакомпанияларга тақдим этиладиган имтиёзларга тўхталиб ўтди.

Эрон авиакомпанияси раҳбарияти бу каби мулоқотлар ўзаро манфаатли ҳамкорликка йўл очишидан умидвор эканини изҳор қилди. Дастлабки босқичда авиакомпания Теҳрон—Тошкент, Теҳрон—Бухоро йўналишларида чартер қатновларини йўлга қўйиш истагида эканлигини маълум қилди.

Авиакомпания режаларига кўра, парвозларни 2021 йилнинг март ойидан бошлаш кўзда тутилмоқда. Кейинчалик эса парвозларни мунтазам равишда амалга оширишга киришилади.

Аввалроқ Мисрнинг Fly Egypt авиакомпанияси Ўзбекистонга доимий рейсларни амалга ошириш учун рухсатнома олгани, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам авиақатновлар тиклангани ҳамда БАА авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга ошириш учун рухсатнома олгани ҳақида хабар берилганди.

@daryo_live
​​Ўзбекистонликлардан ҳам мамлакат ичида туристик йиғим ундирилади

2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида улар яшаган ҳар бир кун учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади.

Бу ҳақда 9 февраль куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида кўзда тутилган.

Йиғим миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Бунда йиғимдан тушган маблағлар ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Spot маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқароларидан ҳам ички туристик йиғим ундирилиши ҳақида 2020 йилнинг охирларида маълум бўлганди. Унда йиғимни базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 фоизи миқдорида этиб белгилаш режалаштирилганди. Ҳозирда у фақат чет эл фуқароларидан ундирилади.

@daryo_live
​​Тошкентда ички ишлар ходими кийимини кийиб, машина капоти устида видеога тушган йигит ва унинг шериги 5 суткага қамалди

Ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходими формасини кийиб олиб, автомобиль капоти устига чиққан йигит видеоси тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ушбу видеотасвир бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 6 февраль куни Интернет тармоғида тарқалган видеода ички ишлар органлари ходимининг формасида бўлган номаълум шахс автотранспорт капотида бўла туриб йўл бўйлаб ҳаракатланган. Мазкур видеолавҳани суратга туширишда қатнашган кишиларнинг шахслари Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан аниқланди.

Текширув давомида аниқланишича, 2021 йил 18 январь куни 24 ёшли Абдураҳмон З. таниши 24 ёшли Алим К. билан бирга видеолавҳа суратга олиш ниятида дўконлардан бирида ички ишлар органи ходимининг формасини ижарага олган, шунингдек, бозордан йўл-патруль хизмати ходимининг жезлига ўхшаш жезл ҳам харид қилган.

Мазкур шахслар таниши 34 ёшли Отабек К.дан давлат рақами 10 G 603 SA бўлган «ВАЗ-2106» русумли автомобилни вақтинчалик фойдаланиш ниятида олган, аммо уни бошқаришга ҳуқуқи бўлмаган.

Шундан сўнг Юнусобод тумани, Турғунбоев кўчаси, «Ифтихор» маҳалласида Алим К. ички ишлар органи ходимининг формасини кийган ҳолда қўлида жезл билан автомобиль капотига ётган. Шу тарзда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг обрў ва шаънига зарар етказувчи видеолавҳа суратга олиниб, Интернет тармоғида тарқатилган.

Иккала шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 209-1-моддаси (вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш) бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, Абдураҳмон З.га нисбатан транспорт воситасини ишончномасиз бошқаргани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузиш) бўйича баённома расмийлаштирилди. Автомобиль эса жарима майдончасига жойланди.

Юнусобод тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан Алим К. ва Абдураҳмон З.га нисбатан беш суткалик маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

Бундан аввал Сирдарёда ички ишлар ходими кийимида рақсга тушган йигит 8 суткага қамалгани, Бухорода давлат рақам белгисини сохталаштириб, қонундан қочишга уринган ҳайдовчилар аниқлангани ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар сабаб 28 нафар ички ишлар ходими лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди.

@daryo_live
​​Андижонда сўнгги уч йилда ҳокимлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 243 таси судда бекор қилингани маълум бўлди

Андижонда фаолият юритаётган маъмурий судлар 2018—2020 йилларда ҳокимлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 243 тасини бекор қилган. Бу ҳақда вилоят маъмурий суди раиси Отабек Мирзамаҳмудов маълум қилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Таъкидланишича, Андижон вилоят судида ОАВ вакиллари учун «Суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборотлар олиш ҳуқуқини таъминлаш» мавзусида матбуот анжумани ўтказилган. Унда суд муҳокамаси ошкоралигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлари хусусида сўз борган.

Вилоят маъмурий суди раиси Отабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, сўнгги уч йил давомида ҳокимлар қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 606 та иш кўриб чиқилган. Шундан 243 та иш ҳоким қарори ҳақиқий эмас топиш билан якунланган.

«Сўнгги йилларда ҳокимлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг судлар томонидан бекор қилинаётгани бундан буён уларнинг қарор қабул қилишида очиқликни таъминлаш зарурлигини тақозо этмоқда. Шунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилиши фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳимояланиши ҳисобланади. Жумладан, Андижон вилоят маъмурий судлари томонидан ҳам 2020 йил давомида ҳокимларнинг 216 та қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар кўриб чиқилган бўлиб, шундан 99 таси қаноатлантирилган. Шунингдек, 95 таси рад этилган, 10 таси иш юритишдан тугатилган, 12 таси эса кўрмасдан қолдирилган. Сўнгги уч йиллик статистика маълумотини кўрадиган бўлсак, 2018—2020 йиллар давомида ҳокимлар томонидан қабул қилинган 243 та қарор ҳақиқий эмас, деб топилган. Бу эса фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан самарали тарзда ҳимояланиб келаётганидан далолат беради», — деди вилоят маъмурий суди раиси Отабек Мирзамаҳмудов.

@daryo_live
#Иқлим. Бугун Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ўзгариб туради. Баъзи жойларда кучсиз ёмғир ёғиши кутилмоқда.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда 3 та хусусий бандлик агентлигининг фаолияти вақтинча тўхтатилди

Ўзбекистонда 3 та хусусий бандлик агентлигининг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг 2021 йил 7 январдаги ҳал қилув қарорига асосан Kontinent himoya xususiy bandlik agentligi МЧЖ лицензияси, ушбу суднинг 25 январдаги ҳал қилув қарорига асосан эса Xususiy bandlik agentligi manpower МЧЖ ҚК лицензияси вақтинчалик тўхтатилди.

Шунингдек, Андижон туманлараро Иқтисодий судининг 2021 йил 29 январдаги ҳал қилув қарорига асосан Bek jobs xususiy bandlik agentligi МЧЖнинг лицензияси вақтинчалик тўхтатилган.

Қайд этилишича, лицензияларнинг амал қилиниши Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси депозит ҳисоб рақамида базавий ҳисоблаш миқдори (9 февраль ҳолатига кўра 245 минг сўм)нинг 8500 баравари (2 миллиард 82 миллион 500 минг сўм) миқдоридаги маблағларни захира қилингунга қадар тўхтатилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 4 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди.

2020 йилнинг ноябрида Ўзбекистондаги 3 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинган ҳамда 20 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси вақтинча тўхтатилганди.

@daryo_live
​​Навоийда Cobalt ва Tico тўқнашиши оқибатида ҳайдовчилардан бири ёниб кетди

Навоий вилояти Нурота туманида 7 февраль, якшанба куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Бу кун» информацион дастурида хабар қилинди.

Маълум қилинишича, 7 февраль куни соат 14:00 да Нурота тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р–55 автомобиль йўлининг Самарқанд—Нурота йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган 26 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Cobalt ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган автомашинани қувиб ўтаётган вақтида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб кетаётган Tico билан ўзаро тўқнашиб кетган.

Содир бўлган автоҳалокат натижасида ёнғин келиб чиқиб, Tico ҳайдовчиси куйиш тан жароҳатларини олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Автомобильнинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчи ҳам кўрсатилган ёрдамга қарамасдан ҳалок бўлган.

Шунингдек, орқа ўриндиқдаги икки нафар йўловчи ҳам турли тан жароҳатлари олган. Ҳозирда улар Нурота тумани марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Юқоридаги ҳолат бўйича Нурота туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Зарафшонда Matiz ва юк машинаси тўқнашуви оқибатида ҳайдовчилардан бири вафот этгани, Тошкентда «КамАЗ»га йўл бермаган Equinox Nexia’га, юк машинаси эса йўл четидаги бинога бориб урилгани ҳамда Қорақалпоғистонда маст ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia-3 йўл четида турган бешта машинага бориб урилгани ҳақида хабар берилганди.

@daryo_live
​​Мўйноқда «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди

Қорақалпоғистондаги Мўйноқ туманида умумий майдони 280 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Буюртма қўриқхонасининг асосий мақсади қирғоқ ландшафтлари, каналлар, коллекторлар ва улардаги сув оқими, сув атрофида яшовчи қушлар, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган балиқлар, йиртқич қушлар ва сут эмизувчи ҳайвонларни сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта кўпайтиришдан иборат.

Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикасида ‘Судочье-Акпетки’ давлат буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисида» 2021 йил 8 февралдаги қарори билан Давлат экология қўмитасига 2021 йил якунига қадар Судочье кўлини халқаро аҳамиятга (Рамсар конвенцияси) эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилган.

Эслатиб ўтамиз, Судочье кўллар тизими аввал «Мўйноқ аква саноат» ДУК ҳузурида эди. Президентнинг 2019 йил 20- мартдаги «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан мазкур кўллар тизими Давлат экология қўмитаси тасарруфига берилган.

Маълумот учун, ҳозирда 6 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 6 та табиат боғи, 1 та миллий боғ, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси, 1 та Жайрон махсус питомниги мавжуд.

«Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилиши натижасида уларнинг умумий майдони 3,521 миллион гектардан 3,801 миллион гектарга ёки Ўзбекистон ҳудудининг 7,84 фоизидан 8,46 фоизга кўпайди.

@daryo_live
​​Евроиттифоқ Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларини ривожлантириш учун 7 млрд евро ажратади

Еврокомиссия Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаларидаги мамлакатлар билан ҳамкорлик режаси тақдимотини ўтказди. Иттифоқ 2021—2027 йилларда мазкур минтақалардаги мамлакатларни 7 миллиард еврогача молиялаштириш ишларини ташкил этади. Бу ҳақда Еврокомиссиянинг 9 февраль, сешанба куни Брюсселда эълон қилинган баёнотида маълумот берилган, деб ёзмоқда «ТАСС».

Ҳужжатда ташаббус махсус иқтисодий ва инвестицион режа билан амалга оширилиб, бу орқали Евроиттифоқ Жанубий қўшничилиги дастуридаги мамлакатларни ижтимоий-иқтисодий оёққа турғазиш мақсад қилинган.

«Янги ҳужжатга кўра, ЕИ 2021—2027 йилларда халқаро ҳамкорлик, яқин қўшничилик ва тараққиёт лойиҳалари учун 7 миллиард еврогача маблағ ажратади ва бу пуллар хусусий ва давлат инвестицияларининг мобиллашуви натижасида кейинги ўн йилликда 30 миллиардгача етиши мумкин», — дейилган баёнотда.

Шунингдек, ҳужжатда янги режа бешта соҳа — одам потенциалини ривожлантириш, бошқарув ва ҳуқуқларнинг кафолатлари; барқарорлик, тараққиёт ва рақамли технологияларни ривожлантириш; тинчлик ва хавфсизлик, миграция ҳамда мобиллашув; яшил энергетикага ўтиш бўйича амалга оширилиши қайд этилган.

Европа Иттифоқи билан Жанубий қўшничилик дастурига 10 та мамлакат: Жазоир, Миср, Исроил, Иордания, Ливан, Ливия, Марокаш, Фаластин, Сурия ва Тунис киритилган.

Аввал Япониянинг Афғонистонга 122 миллион АҚШ доллари миқдорида молиявий кўмак бериши ҳақида хабар қилинганди.

@daryo_live
​​Марғилонда ўзидан бир ёш катта йигитнинг 4,1 млн сўмлик телефонини олиб қўйган 5 нафар вояга етмаган болага нисбатан жиноий иш очилди

Марғилонда 17 ёшли фуқаронинг қимматбаҳо телефонини олиб қўйган 5 нафар 16 ёшли болага нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 5 февраль куни соат 13:30 ларда номаълум шахслар Spark русумли автомашинасини Олтиариқ тумани «Янгитурмуш» МФЙ ҳудудида бошқариб, йўл четида таниш қизи билан турган вояга етмаган 17 ёшли Дониёрбек А.ни бир неча маротаба чақириб, уни ушбу чақириқларга қарамаётганини важ қилиб, унга нисбатан зўрлик ишлатган.

Улар Дониёрбек А.ни автомашинани олдига олиб келиб эгнида бўлган камзулининг чап чўнтагидаги нархи 4 100 000 сўмлик Samsung А-31 русумли телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни вояга етмаган 16 ёшли Рахматилло Н., синфдошлари Ҳусанбой Т., Муҳаммадали М., Муҳаммадсодиқ С., ва Хайрулло Т. билан содир этганлиги аниқланган.

Шунингдек, улар Марғилон шаҳар Барака кўчасида яшовчи фуқаро Бекзод А.га тегишли бўлган Spark русумли автомашинани 1 соатга 50 000 сўм эвазига ижарага олиб, ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз ушбу автомашинани бошқарганликлари ҳамда фуқаро Дониёрбек А.га тегишли бўлган Samsung А-31 русумли уяли телефон аппаратини ҳужжатлари ёниб кетганлигини айтиб Марғилон шаҳрида яшовчи Сардор К.га 1 500 000 сўм эвазига сотиб юборгани маълум бўлган.

Таъкидланишича, Samsung А-31 русумли телефон аппарати Сардор К. дан ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаган Рахматилло Н., Ҳусанбой Т., Муҳаммадали М., Муҳаммадсодиқ С., ва Хайрулло Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «в» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Spark русумли автомашинасини ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз ижарага бериш билан шуғулланиб келган Марғилон шаҳрида яшовчи Бекзод А.нинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Тошкентда 9 ёшли қизнинг телефонини тортиб олиб, уни сотиб юборган жуфтлик қўлга олингани, Қўйлиқда фоҳишалик қилувчи аёл мижоз сифатида келган эркакнинг телефони ва 500 долларини тунаб кетгани ҳамда Сергелида Gentra’ни олиб қочиб, унинг қисмларини сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

@daryo_live
​​Давлат экология қўмитаси мораторий даврида Самарқандда кесилган чинор дарахти учун жами 56,3 млн сўм жарима ундирилишини маълум қилди

Ўзбекистонда дарахт ва буталарни кесишга ўрнатилган мораторий муддати 2021 йил охиригача узайтирилганига қарамай, Самарқандда чинор дарахти кесилгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Самарқанд туманида жойлашган «Сулфакаутак» маҳалласида Сулфакаутак ва Х.Ғиёсов кўчалари кесишмасида 2021 йил 7 февраль куни 1 туп чинор дарахтининг кесилганлиги тўғрисидаги хабар Самарқанд вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Самарқанд туман инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам баён этилган манзилда 1 туп чинор дарахти кесилиб, тагидан томири билан кавлаб олинган. Мазкур ҳудуддан кесиб ўтган кўчада амалга оширилаётган кенгайтириш ва реконструкция ишлари олиб борилаётганидан фойдаланиб, фуқаро Х.А. ўз эҳтиёжлари учун чинор дарахтини ноқонуний кесганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисмига (дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш) биноан баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари, яъни 1 миллион 225 минг сўм жарима ва табиатга етказилган зарар учун 55 миллион 125 минг сўм миқдорида зарар ҳисобланди.

Бундан аввал Сергелида дарахтларнинг экскаватор билан қўпориб ташланиши оқибатида ўсимлик дунёсига 151 миллион сўмлик зарар етказилгани, Ўзбекистонда ноқонуний кесилган ҳар туп дарахт учун 100 туп кўчат экишни мажбурий этиш таклиф қилингани ҳамда Фарғонада 2 туп чинор ва бир туп толни ноқонуний кестирган боғча мудирасига 15 миллион сўм жарима ёзилгани ҳақида хабар берилганди.

@daryo_live
​​Ўзбекистонда ҳар йили бачадон бўйни саратонига чалинган икки мингга яқин аёлларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади

Ўзбекистонда ҳар йили 1700—1800 аёл бачадон бўйни саратонига чалинади, уларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади. Бу ҳақда 9 февраль, сешанба куни АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбар ўринбосари Ботир Қурбонов маълум қилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва энг кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади.

Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони туфайли ўлимдан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15—44 ёш) орасида бачадон сартонидан ўлим кўрсаткичи бўйича иккинчи ўринда туради.

«Ушбу ўлимларнинг аксарияти — ташхисни кеч қўйиш натижасида рўй беради. Бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқарувчи сабабларнинг асосийси (98—99 фоизи) одам папиллома вируси (ОПВ) ҳисобланади», — деган Ботир Қурбонов.

@daryo_live
​​Бўкада 8 ёшли қизни Spark уриб кетди. Машина рулида ИИБ ходими бўлгани айтилмоқда

Тошкент вилоятининг Бўка туманида пиёдани уриб юбориш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, дея хабар бермоқда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси.

Воқеа 5 февраль куни Бўка туманининг «Бўстон» маҳалласи ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида юз берган. Spark автомобили рулида бўлган 36 ёшли ҳайдовчи 8 ёшли қизалоқни уриб юборган.

Хабарда ҳодиса кимнинг айби билан юз берганига аниқлик киритилмаган. Қизалоқ тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Унинг жорий аҳволи ҳақида аниқ маълумот йўқ.

«Мазкур ЙТҲ юзасидан Бўка тумани прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳодиса сабабларига аниқлик киритилмоқда», — дейилади ИИВ ЙҲХББ ахборотида.

«Xabar.uz»нинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқларда Spark ҳайдовчиси ички ишлар ходими экани ҳақида маълумотлар қолдирилган.

@daryo_live
​​Coca-Cola Uzbekistan’нинг давлат улушига талабгорлар аниқланди. Улар орасида Африка компаниялари ҳам бор

Coca-Cola Uzbekistan компаниясидаги давлат улушини сотиш бўйича жараённинг биринчи босқичи якунланди, дея хабар бермоқда Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Хабар беришларича, давлат улушини сотиб олиш бўйича таклифлар Осиё, Европа, Америка ва Африка давлатларидаги бир қатор талабгорлардан келиб тушган. Улар компаниянинг иккинчи мулкдори — Coca-Cola Group билан келишилган ҳолда кўриб чиқилган.

«Сотиш учун белгиланган мезонларга мос келган деб эътироф этилган талабгорлар кейинги босқичга ўтказилди. Ушбу талабгорлар билан музокаралар жараёни давлат улушини сотиш бўйича жалб этилган халқаро маслаҳатчилар — Rothschild & Cie инвестиция банки (молиявий маслаҳатчи, Франция) ва Dentons юридик фирмаси (юридик маслаҳатчи, Буюк Британия) иштирокида давом эттирилади», — дейилади агентлик ахборотида.

Мазкур босқичда талабгорлар билан Ошкор этмаслик тўғрисидаги тегишли битимлар (NDA) имзоланади, уларга Coca-Cola Uzbekistan тўғрисидаги қўшимча маълумотлар тақдим этилади. Агентлик ахборотида талабгор компаниялар номи ошкор этилмаган, бироқ аввалроқ талабгорлар орасида Coca-Cola’нинг Туркиядаги шуъбаси борлиги маълум бўлган эди.

Coca-Cola Uzbekistan (Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd) фойда келтирувчи корхона ҳисобланади. Spot’нинг ёзишича, компания 2018 йилда жами 999,4 миллиард сўм, 2019 йилда эса 1,4 триллион сўм даромад олган. Соф фойда ҳажми эса 2018 йилда 91,3 миллиард сўмни, 2019 йилда эса 207,1 миллиард сўмни ташкил этган.

Компаниянинг қарздорлиги 2019 йилда 52,4 миллиард сўмни ташкил этган, бошқалар эса Coca-Cola Uzbekistan’га 100,6 миллиард сўм қарз бўлган. Корхона йилига ўртача 200 миллиард сўм атрофида солиқ тўлайди — 2018 йилда 213,1 миллиард, 2019 йилда эса 184 миллиард сўм солиқ тўланган.

@daryo_live
​​Бишкек ҳокими вазифасини бажарувчи бир кун ичида икки марта алмашди

Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов мамлакатнинг Чўй вилояти собиқ губернаторини Бишкек мэри вазифасини бажарувчи этиб тайинлади, деб ёзади Tengrinews.

Бактибек Кудайбергенов Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг янги мэри сайлангунига қадар мэр вазифасини бажариб туради. Тегишли қарор бош вазир томонидан имзоланган.

Бош вазир матбуот хизмати вакилига кўра, Мариповнинг яна бир қарори билан тадбиркор Эрмек Нургазиевнинг мэр вазифасини бажарувчи этиб тайинланиши бекор қилинган.

9 февраль куни Бишкек мэри вазифасини бажарувчи Балбак Тулобаев уч ойлик фаолиятидан кейин ўз хоҳишига биноан лавозимдан истеъфога чиққан эди. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари шу куниёқ аёлларни калтаклаши билан ном чиқарган Нургазиевни лавозимга тайинлади. Бироқ бу қарор аввал жамоатчилик, сўнг мамлакат президенти Садир Жапаров томонидан танқидга учради.

Аввалроқ Бишкекнинг собиқ мэри Албек Ибраимовга қарши коррупцияга боғлиқ бўлган ҳолатлар бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилгани хабар берилган эди. Собиқ шаҳар ҳокими қамоқдан 5 октябрдан 6 октябрга ўтар кечаси юз берган тартибсизликлар фонида озод қилинган. Ибраимов Жазони ижро этиш давлат хизматининг колонияга ихтиёрий равишда қайтиш тўғрисидаги мурожаатини инкор қилди ва ҳозирда халқаро қидирувда.

@daryo_live