«ЭСКИ ҚОВУНЧИ» ЖОМЕ МАСЖИДИ
1.18K subscribers
2.7K photos
1.19K videos
23 files
4.22K links
𝓐𝓵𝓵𝓸𝓱𝓾𝓶𝓶𝓪 𝓼𝓸𝓵𝓵𝓲𝓎 𝓪'𝓵𝓪 𝓼𝓪𝔂𝓲𝓭𝓲𝓷𝓪 𝓜𝓾𝓱𝓪𝓶𝓶𝓪𝓭.

Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, «Эски қовунчи» жоме масжиди диний-маърифий расмий телеграм канали.
Download Telegram
#Саломатлик

ТЎЙИБ УХЛАШ СИРЛАРИ

Умримизнинг учдан бир қисми ухлаш билан ўтади. Уйқу инсонга бир тарафдан яхши дам олиб, навбатдаги кун фаол ишлашига ёрдам берса, иккинчи томондан у вақтнинг кушандаси ҳамдир. Кўпчилик уйқуга тўйиш учун кўп ухлаш керак, деб ўйлайди. Аслида уйқуга тўйиш учун меъёрида ва асосийси, тўғри ухлашнинг ўзи кифоя. Аксинча, кўп ухлаш кейинчалик юрак хасталигининг сабабчиси бўлиши мумкин. Чунки инсон ухлаганида маълум вақт ўтгандан сўнг юракни уриши бир неча мартага қисқариши аниқланган. Менинг тажрибаларим давомида 3 соатда уйқуга тўйиш ҳолатлари кузатилган. Агар ўн йил давомида ҳар куни 2 соатдан уйқудан тежаб бошқа бир фойдали ишни қилсангиз, ҳаётингизни анча яхши тарафга ўзгартира олган бўласиз.

Қуйида эътиборингизга уйқуни тежаш ва тўйиб ухлашнинг асосий сирларини келтириб ўтаман:

🔹Тўғри овқатланиш

Инсон овқатланишдан куч олсада, ўша кучнинг тахминан учдан бир қисмини уларни ҳазм қилишга сарфлайди. Уйқу пайтида ошқозон ва ичакларнинг овқатни ҳазм қилиш билан банд бўлиши, ҳудди жанг вақтида қўмондонинг ухлаб ётганидек гап. Бу жараёнда на овқат тўғри ҳазм бўлади, на инсон танаси яхши дам олади. Шу сабаб уйқуга кетишдан олдин ошқозон қанча бўш бўлса, унга енгил таомлар кирса, инсон танаси уйқудан тез тўяди. Ётишдан аввал очликни ҳис қилсангиз, кефир, шарбат, творог, сметана ва бошқа енгил ҳазм бўладиган мева-сабзавотлардан истеъмол қилиб, сўнгра камида 40 дақиқадан кейин уйқуга кетиш тавсия қилинади. Ичакларнинг тоза ҳолатда бўлиши ҳам соғлом уйқуни таъминлайди. Шундай ухлаш керакки, танангиздаги ҳар бир аъзо, сиз билан баравар ухлаб, дам олиб уйғонсин.

🔹Тўғри ҳолатда ётиш

Уйқу ўрнининг юмшоқлиги бир қават кўрпача даражасида бўлиши керак. Ёстиқ эса кўп ҳам баланд ва юмшоқ бўлмаслиги лозим. Шундай ётиш керакки, инсоннинг умуртқа поғонаси бирор тарафга эгилмасин, тўғри турсин. Чунки умуртқанинг бўйин қисмидан бош мия, кўкрак қисмидан юрак ва ўпка ҳамда бел қисмидан эса буйрак ва жигарнинг фаолиятини таъминлайдиган асаб толалари ўтган. Асаб толалари қисилса, организмдаги аъзолар дам олмайди.

🔹Вақтида ухлаш

Уйқу келганда ухламасдан бошқа ишлар билан чалғиш кундалик тартибнинг бузилишига олиб келади. Ёки уйқу келмасдан ухлашга ҳаракат қилиш ҳам уйқусизликнинг сабабларидан. Шу сабаб уйқу келмаганда бирор иш билан чалғиб, токи уйқу босиб келмаса, ётмаслик тавсия қилинади. Бу ҳолат ҳар кимда ҳар хил кузатилиши мумкин. Буни тушуниб туриб ҳаракат қилиш керак. Шу билан бирга, уйғонган пайда, гарчи энг ширин вақт бўлса-да, шу заҳотиёқ ўриндан туриш учун одам ўзида куч топа олиши ҳар томонлама фойда келтиради. Уйқунинг ортиқчаси ҳам, етишмаслиги ҳам инсонни ҳолсизлантиради.

🔹Кислородга тўйиш

Тоза ҳавода ёки ташқарида ухласангиз уйқуга тўйиб уйғонасиз. Шу сабаб, уйқуга тўйишнинг асосий омилларидан, бу — тоза ҳаводан нафас олиш ҳисобланади. Уйда эса хона ҳарорати ва ҳаво намлигини меъёрида ушлаб туриш зарур.

🔹Бадантарбия

Ётишдан олдин ва уйғонганда енгил, секинлик билан, фақат 15 дақиқадан кам бўлмаган вақт мобайнида бадантарбия қилиш лозим. Ёки тоза ҳавода сайр қилиш, эрталаб туриб югуриш ҳам кони фойда. Бош миянинг яхши дам олиши учун кўз ва қулоқ атрофини уқалаб туриш яхши ухлаб, дам олишни таъминлайди.

Умр ҳаммага бир марта берилади, бу қимматли умримизни беҳуда ухлаш учун сарфламасдан, унинг баракали бўлишини таъминлайлик. Бу қоидаларга амал қилиш, ўз вақтида ётиб-туриш, нафақат уйқуга, балки соғлигингизни асрашга ҳам катта ёрдам беради.

©Рашид Усмонов

🔈 Каналимизга обуна бўлинг!

https://t.me/boxodirxoji_domla