Беш тийин
14.1K subscribers
136 photos
10 videos
102 links
Дисклеймер: барча маълумотлар очиқ манбалардан олинган.

Тижорий ҳамкорлик учун — @beshtiyinbot
Канал муаллифи — @beshtiyinadmin
Download Telegram
Ўзбекистонда AI энди давлат сиёсати

31 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси чиқарган қарорга кўра, Ўзбекистон сунъий интеллектни оммавий касбга айлантирмоқчи.

Гап аниқ рақамлар ҳақида. 2026–2030 йилларда 5 млн нафар ёш йигит-қизлар AI ва рақамли технологияларга ўқитилади.

Давлат «ўқиб кўр, кейин билганингни қил» демаяпти. Натижа кўрсатганларга 1000 минг доллардан грант ажратилади, ноутбуклар билан таъминланади, хорижий стажировкалар ташкил қилиб берилади ва ҳатто автомобиллар совға қилинади.

Қизиғи энди AI бўйича сертификатлар расман тан олинади. Айрим ҳолатларда диплом ўрнини ҳам босиши мумкин экан. Давлат «диплом эмас, кўникма муҳим» деган позициядан катта сигнал бераяпти.

Афтидан, ҳукумат AI билан ишлайдиган авлод тарбияламоқчи.

@beshtiyin
👍4🔥31👏1
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанчага чиқди?

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, 2025 йил 1 октябрь ҳолатида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 75 млрд доллардан ошди.

Сўнгги бир йил ичида қарз ҳажми 15,2 млрд долларга, 2025 йилнинг 3-чорагида эса яна 3,2 млрд долларга ўсган.

Қарз таркибида баланс деярли бир хил: давлат қарзи - 37,4 млрд доллар ҳамда корпоратив қарз - 38 млрд доллар.

Яъни давлат ва компаниялар қарзи деярли тенглашган. Энг тез ўсиш эса давлат банклари ва давлатга яқин компаниялар ҳиссасига тўғри келяпти.

Натижада ҳар бир фуқаро ҳиссасига тўғри келадиган ташқи қарз 1 980 долларга етди. Бу ўтган йилга нисбатан деярли 370 долларга кўп.

Қарз ўсиши суръати юқори, асосий юк эса давлат ва давлатга боғлиқ тузилмаларга тўғри келган.

@beshtiyin
👍4🤯2😱2🔥1🤔1
Электромобил бозорида янги пешқадам: BYD Tesla’ни ортда қолдирди

2025 йил якунида глобал электромобил бозорида муҳим бурилиш бўлди: BYD илк бор Tesla’ни сотув ҳажми бўйича ортда қолдирди.

Tesla 2025 йилда 1,64 млн электромобил сотган бўлса, BYD 2,26 млн электромобилни сотган.

Tesla’нинг кетма-кет иккинчи йил сотувлари «қулашига» бир неча сабаб бор. Биринчиси, АҚШда электромобиллар учун $7 500 солиқ имтиёзи бекор қилингани. Бунинг оқибатида Tesla’га асосий бозорда талаб кескин қисқарди.

Иккинчидан, BYD АҚШ бозорига юқори божлар сабаб тўлиқ кира олмаса ҳам, аммо Жануби-Шарқий Осиёда, Европада ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларида Tesla’ни автомобиль бозоридан сиқиб чиқаряпти.

Учинчи омил — Европа бозори: Бу ерда Tesla нафақат BYD, балки Volkswagen ва BMW каби маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳам курашишга мажбур бўлмоқда.

Қўшимча босим эса Tesla раҳбари Илон Маскнинг сиёсий позицияси билан боғлиқ. Унинг АҚШ ва Европа сиёсатларига очиқ аралашуви айрим бозорларда брендга салбий таъсир қилган.

Ҳулоса шундайки, энди электромобил бозори битта компания атрофида айланмаяпти. BYD арзонроқ, тезроқ ва агрессив ўсиш стратегияси билан глобал лидерга айланди. Tesla эса жиддий босимни ҳис қиляпти.

@beshtiyin
👍4🤔3🔥1🤯1
2025 йилда коммунал тўловлар қанчага қимматлади?

Ўтган йил аҳоли учун коммунал хизматлар энг тез қимматлаган йиллардан бири бўлди.

▪️Табиий газ йиллик ҳисобда газ ўртача 39,2% қимматлашди;
▪️Электр энергияси умумий 18,8 % ошган;
▪️Ичимлик суви ва канализация йиғими 35,1% га;
▪️Чиқинди олиб чиқиш учун тўловлар 32,5% га ошган;
▪️Иссиқ сув учун тўловлар 11,9%;
▪️Иситиш тизими нархи 11,5% га қимматлаган.

Нарх ошишининг энг катта босими газ ва электр ҳиссасига тўғри келган. Нарх ошиши деярли ҳар бир ўзбекистонликка таъсир қилган.

@beshtiyin
🤬4👍3🔥2🤔1
Алишер Усмоновнинг бойлиги 2025 йилда $19,3 млрдга етди

Bloomberg рейтингида, Алишер Усмонов 2025 йилда Россиядаги энг бой инсонлар орасида 6-ўринни эгаллади. 2025 йил Усмонов учун жуда омадли йил бўлган.

Йил давомида унинг бойлиги $6 млрдга ошиб, $19,3 млрдга етган. У Россияда 2025 йилда энг катта ўсиш кўрсатган шахслардан бири. Айрим россиялик миллиардерлар капитали қисқарган бир пайтда, Усмоновнинг активлари кескин ўсиш кўрсатган.

Қайд этиш керак, турли рейтинглар (Bloomberg ёки Forbes) рақамларида бироз фарқ бўлиши мумкин. Чунки бу активлар таркиби, акциялар баҳоси ва ҳисоблаш услубига боғлиқ.

@beshtiyin
🤨43👍2🤔2🔥1
2025 йилда олтин нархи нима сабабдан кўтарилиб кетди?

Ўтган йилда олтин барча активларни ортда қолдирди: акциялар, облигациялар, хомашё, ҳатто криптопуллардан ҳам даромадлироқ бўлди. Йил давомида қимматбаҳо металл нархи 60% га ўсиб, 50 дан ортиқ тарихий максимумларни янгиланди.

Бу тасодиф эмас. Урушлар, санкциялар, савдо урушлари хавфларидан қочган инвесторлар пулига тилла сотиб олди. Шу омилнинг ўзи олтин нархининг ошишига тахминан плюс 12 фоиз пункт берган.

Бундан ташқари, 2025 йилда доллар қиймати пасайиб, олтинни сақлаш билан боғлиқ ҳаражатлар арзонлашган. Бу омил тилла қийматининг яна +10 пунктга ўсишга замин яратган.

Шунингдек, турли мамлакатлар Марказий банклари 10 ойда 254 тонна олтин сотиб олган. Олтин Марказий банклар учун идеал захирага айлангани ҳам нархга таъсир қилган.

Қайд этиш керак, 2025 йилда олтин бозорига янги ўйинчилар — Tether (стейбкоин) ва Хитой ҳукумати чиқиб келган. Tether’нинг ўзи йил давомида 100 тоннадан ортиқ олтин сотиб олган. Хитой эса расмий эълон қилинган маълумотлардан 10 баравар кўп олтин сотиб олгани ҳақида тахминлар бор. Бу албатта Хитой ҳукуматининг узоқ истиқболлик стратегиясига боғлиқ бўлиши мумкин, лекин бизнинг пост бу ҳақида эмас.

Шу ўринда қайд этиш керак, олтин пулларни сақлаб қолиш учун ортиқ энг хавфсиз йўл эмас. Чунки у спекуляция объектига айланяпти. Агар криптопуллар ёки стейблкоинлар бозорида стресс кузатилса, олтин ҳам босим остида қолиши мумкин.

Ҳуллас, 2025 йил олтин олди-сотдиси учун идеал йил бўлса, 2026 йил «олтин капитални ҳимоя воситасими ёки янги тилла васвасасими» деган жиддий саволга жавоб топиш йили бўлади.

Маълумот учун, йирик банклар 2026 йилда тилла нархини $3 250 дан $5 000 гача сотилишини прогноз қилмоқда.

@beshtiyin
👍62🤔2🥴2🔥1
2026 йилда «отпуска»га қачон чиқсангиз ютасиз?

2026 йилда «отпуск»ни тўғри режалаштирганлар учун жуда омадли йил бўлади. Байрам муносабати билан бериладиган дам олиш кунлари шундай жойлашганки, 2-3 кунга таътил олиб, 10 кунгача дам олиш мумкин бўлади.

2026 йилнинг март ойи дам олиш кунларига «бой». 8 март ва Наврўз байрамлари бор, Наврўз эса Рамазон ҳайитига тўғри келиши мумкин. Агар март ўртасида 2-3 кунга таътилга чиқсангиз, кетма-кет 9 кунгача дам олишингиз имкони бўлади.

Май ойида 9 май ва Қурбон ҳайити муносабати билан бир неча кунлик дам олиш кунлари бор. Шу ойда ҳам 1-2 кун таътилни қўшиб, бир ҳафтача дам олиш мумкин.

Август охири – сентябрь бошида Мустақиллик куни муносабати билан 4 кунлик дам олиш бўлади. Шуни ҳисобини олиб ҳам, таътилни тўғри режалаштириш мумкин.

Ҳуллас, 2026 йилда таътилга байрамлар атрофида чиқсангиз, ўша ойда камроқ ишлаб, кўпроқ дам оласиз.

Давлат ишида ишлайдиганларга юбориб қўйинг, уларга керак бўладиган маслаҳат бу 🙌

@beshtiyin
👍4🔥43🤩2
Колл-марказлари ишламайдиган банклар рейтинги

Ноябр ойида SNS Ratings агентлиги тижорат банкларининг колл-марказлари хизмат сифатини текширган. Мутахассислар банкларга «махфий мижоз» сифатида қўнғироқ қилиб, омонатлар бўйича саволлар берган.

Масалан, HAYOT BANK, KDB Bank Uzbekistan, Orient Finans Bank, Tenge Bank ҳамда Soderot Bank’ка ҳеч бир уринишда қўнғироқ қилиб тушиб бўлмаган. Бу банклар билан боғланиш учун кўрсатган рақамларга қўнғироқ қилиш бефойда эканлиги аниқлашган.

Иккинчи тоифага жавоб берганда ҳам, хизмат сифати паст даражадаги банклар киритилган. Рейтингда қуйи балл билан Biznesni Rivojlantirish Banki, Kapitalbank, Octobank ва Uzum Bank жой олган. Бу банкларда муаммони тушуниш ва ечим таклиф қилиш бўйича жиддий муаммолар кузатилган.

Колл-марказ хизмати энг яхши баҳоланган банклар рўйхатида ANOR BANK, DAVR BANK, O‘zsanoatqurilishbank ва Asia Alliance Bank жой олган. Бу банкларда қўнғироққа жавоб бериш тезлиги, мулоқот маданияти ва маслаҳат сифати юқори деб баҳоланган.

Банк ўз хизматларини тинимсиз реклама қилиши ва иловаларини янгилаши мумкин, лекин банк мижоз қўнғироғига жавоб бермаса, мижоз унга керак эмас дегани бу.

Рейтинг ҳақиқий қўнғироқлар асосида тузилган ва банкларнинг мижозга муносабатини амалда қандай эканини кўрсатади.

@beshtiyin
👍11🔥51👎1🤔1🤣1👀1
Чет эллик топ-менежер TBC Bank кузатув кенгаши аъзосига айланди

Банк кузатув кенгаши таркибига мустақил аъзо сифатида Бердибек Ахмедов киритилди. У PIMCO инвестиция компаниясининг Лондон офисида вице-президент ва маҳсулот стратегияси бўйича мутахассис сифатида фаолият юритади.

Банк акциядорларининг қарори 2025 йил 29 декабрда қабул қилинган. Ахмедов ваколатини Марказий банки билан келишилгандан сўнг бажаришга киришади.

Афтидан, TBC корпоратив бошқарувни халқаро тажрибага эга мутахассислар орқали кучайтиришга ҳаракат қиляпти.

@beshtiyin
👍4🔥31👎1👀1🗿1
Марказий банк олтин қуймаларини қайта сотиб олиш нархларини очиқлай бошлади

Янги йилдан Марказий банк олтин қуймаларининг қайта сотиб олиш нархларини ҳам эълон қила бошлади.

Қайта сотиб олиш нархини очиқлаш нега керак бўлиб қолди?

Биринчидан, олтин билан боғлиқ операцияларда шаффофликни ошириш учун. Иккинчидан, олтинни сотиб олаётганда унинг ликвидлиги ва қайта сотишда қийматини олдиндан тушуниш учун ва учинчидан, тижорат банкларида қайта сотиб олиш шартлари бўйича ягона ахборот муҳитини яратиш учун.

@beshtiyin
👍3🔥3🤷‍♂1🤔1👀1
Uzum гуруҳи суғурта бозорига киряпти

Uzum гуруҳига эгалик қилувчи UB Assets Holding устав капитали 50 млрд сўм билан Spectrum Insurance акциядорлик жамиятини таъсис этибди. Янги компания 2025 йил 30 декабрда рўйхатдан ўтган (қизиғи, лицензия ҳақида маълумот сайтда ўчириб ташланган, лекин Spectrum Insurance Uzum гуруҳига аффилланган компания сифатида мана бу ерда қайд этилган).

Spectrum Insurance раҳбари этиб Александр Мелодиев тайинланган. У аввал TBC Bank’да ишлаган, GroupPay компаниясининг ҳаммуассисларидан бири. Ҳатто компанияга бир муддат раҳбарлик ҳам қилган.

Банк, маркетплэйс, етказиб бериш хизмати, насия ва кредит маҳсулотлари, энди бўлса суғурта бозори. Энига қараб кенгаётган экотизим мижозлар учунми ёки ҳусусий монополияга айланиш йўлидаги навбатдаги қадамми, буни энди фақат вақт кўрсатади.

@beshtiyin
🤔4👍3🗿3👀2
Open Bank’да бир қатор масалалар очиқ қолди

Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида Open Bank бўйича бир нечта муҳим қарорлар қабул қилинди, бир қисми эса кейинга қолдирилди.

Йиғилишда банкнинг саноқ комиссияси таркиби тасдиқланди, навбатдан ташқари умумий йиғилиш регламенти белгиланди. Шунингдек, банкнинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

2025 йил учун банк фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш Ernst&Young компаниясига топширилди. Аудит хизмати учун тўловнинг юқори чегараси 1,2 млрд сўм этиб белгиланди, шартнома тузиш банк Бошқармаси зиммасига юклатилди.

Бундан ташқари, банкнинг овернайт операциялари бўйича маблағ жойлаштириш лимити 400 млрд сўмдан 500 млрд сўмга оширилди. Бошқарувга бўш пул маблағларини жойлаштиришда амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилиш вазифаси юклатилди.

Шу билан бирга, кун тартибидаги тўртта масала Ўзбекистон қонунчилигига тегишли кутилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар сабабли кейинги навбатдан ташқари умумий йиғилишга қолдирилди. Яна икки масала эса лойиҳа ҳамкори томонидан қизиқиш билдирилмагани сабабли умуман кўриб чиқилмади.

Қарорларни кейинга қолдириш қисқа муддатда техник эҳтиёт чораси бўлиши мумкин. Лекин бу амалиёт тизимли тус олса, банкнинг стратегик аниқлиги ва бошқарув самарадорлигига саволлар туғилади.

@beshtiyin
👍4🔥3🤔2🤷‍♂11
«Бизнесни ривожлантириш банки» ташқи реклама жойлаштириш бўйича 6,24 млрд сўмлик тендер ўтказган. Тендер электрон шаклда ўтказилиб, ғолибни аниқлашда асосий мезон сифатида энг паст нарх қўлланилган.

Тендер натижасига кўра, LEDOKOL PRO МЧЖ 4,33 млрд сўмлик нарх таклиф қилиб, ғолиб деб топилган. DT MEDIA CO МЧЖ эса 5,56 млрд сўмлик таклиф билан заҳира ғолиби сифатида қайд этилган.

Очиқ маълумотлар таҳлили ушбу икки компания ўртасида бевосита эмас, балки учинчи юридик шахс орқали боғлиқлик занжири мавжудлигини кўрсатмоқда.

Ҳусусан, LEDOKOL PRO МЧЖ таъсисчиларидан бири Музаффаров Дилшод Жўраевич компаниянинг 55 фоизига эгалик қилиши билан бир қаторда PUBLIC MEDIA МЧЖсининг 51 фоизига Музаффаров Шерзод Жўраевич (49%) билан бирга эгалик қилади.

Музаффаров Шерзод Жўраевич эса INDEX AGENCY МЧЖнинг 25 фоиз улушига эга. INDEX AGENCY МЧЖнинг қолган 75 фоизи Абдулин Тимур Хусановичга тегишли. Абдулин Тимур эса айни пайтда DT MEDIA CO МЧЖнинг ягона таъсисчиси.

Шу тарзда, тендерда иштирок этган асосий ғолиб ва заҳира ғолиб компаниялари учинчи юридик шахс орқали ягона бизнес занжирига туташган. Бу боғлиқлик тендер ҳужжатларида алоҳида кўрсатилмаган 🤷🏻‍♂️

Тендер расман «энг паст нарх» тамойили асосида ўтказилган. Бироқ ғолиб ва заҳира ғолиб ўртасидаги мулкий занжири рақобат масаласини очиқ қолдиради.

Агар иштирокчилар бир занжирда туташган бўлса, бундай ҳолатда заҳира ғолиб институти рақобатни таъминлаяптими ёки фақат формал механизм бўлиб қоляптими деган саволни келтириб чиқармоқда.

@beshtiyin
3👍4😁2🤔2🤨2🔥1
Адлия вазирлиги биржалар, банклар ва микромолия ташкилотларини ижтимоий аҳамиятга эга ташкилотлар қаторига киритиш тўғрисидаги қарорни рўйхатдан ўтказибди.

Ушбу тоифага акциялари оммавий савдода жойлаштирилган компаниялар, факторинг ташкилотлари, ипотека тузилмалари, тўлов тизимлари ҳам киритилган. Шунингдек, давлат улуши мавжуд корхоналарнинг активлари ва йиллик соф даромади 1 млн БРВдан ошса, улар ҳам ижтимоий аҳамиятга эга деб топилади.

Бу қарор билан энди банк ва молия институтларига шунчаки бизнес эмас, балки жамоат манфаатларига таъсир қилувчи тузилма сифатида қаралади дегани. Бу эса шаффофлик, очиқ ахборот ва жамоат олдида жавобгарликка бўлган талаблар ошишини англатади.

Банклар ижтимоий аҳамиятга эга деб топилса, мижозлар ҳам банк учун энди аҳамиятли бўлармикан?

@beshtiyin
👍4🔥2🤔1👀1
Беш тийин
Apex Bank’дан Сергей Гимадиевнинг кутилмаган (балки кутилган) кетиши ва унинг ўрнига Ольга Нуманованинг келиши бу секторда ҳақиқий рақобат йўқлигини кўрсатади. Нумановa 28 ноябргача Infinbank раҳбари бўлган, 2 декабрдан Apex’да биринчи ўринбосар бўлди. Энди…
Сергей Гимадиевнинг кейинги манзили — ANORBANK

Apex Bank’дан кетган Сергей Гимадиев ANORBANK’да кузатув кенгаши раисига катта маслаҳатчи лавозимида иш бошлабди.

Ушбу тайинлов аввалги фикримизни тўлдирмоқда. Гап алоҳида тайинлов ёки бир банк ичидаги ўзгариш ҳақида эмас-да. Гап — банк сектори ичида топ-менежерлар қандай ҳаракатланаётганида.

Агар бозор чиндан рақобатли бўлганда, бундай тайинловлар одатда вақт талаб қиларди. Бу нормал корпоратив амалиёт.

@beshtiyin
👍51🔥1🤔1👀1🗿1
O‘zsanoatqurilishbank’нинг 20%дан ортиқ акцияси бир қўлга тўпланди

O‘zsanoatqurilishbank акциядорлар таркибида ўзгариш бўлгани, бир акциядор банк устав капиталида 20 фоиз (ёки ундан ортиқ) улушни қўлга киритгани маълум қилган. Ахборотда акциядорнинг исми ва улушнинг аниқ миқдори кўрсатилмаган.

Афтидан, банкда ёки янги таъсир маркази шаклланяпти ёки кучаймоқда. Чунки, бундай пакет банкнинг корпоратив қарорларга сезиларли таъсир қилиш имконини яратади.

@beshtiyin
👍43🤔2🥱2🔥1🏆1
Ўзбекистон банклари акцияларидаги нархлар ҳаракати Роджерс фактори билан боғлиқми?

Йил бошидан айрим банк акциялари, хусусан, SQBN кескин ўсиш кўрсатмоқда.

Банклар акциялари нархидаги ҳаракат Жим Рожерс Ўзбекистон фонд бозорига киргани ҳақида маълум қилгани билан боғлашга ҳозирча асос йўқ. Чунки Жим қайси акцияларни, қандай ҳажмда ва қайси кунда сотиб олингани ҳақида бирор бир маълумотни очиқланмаган.

Интервьюда Рожерс бир қатор маҳаллий акцияларни сотиб олгани ҳамда миллий валютамиз сўмга ишонч билдирган.

Лекин бу интервью бозор учун психологик триггер ҳам бўлиши мумкин, аммо барибир нархлар ҳаракати ортида ким турганини айтиш қийин.

@beshtiyin
👍4🤔2🔥1😱1🤨1
Ўзбекистон банкларининг акциялари рейтинги

2025 йилнинг январ-ноябр ойларида «Тошкент» республика фонд биржасида 9,07 трлн сўмлик битимлар амалга оширилган ва савдоларда банк секторининг улуши катта.

SNS Ratings ҳисоботига кўра, оддий акциялар жозибадорлиги рейтингида энг пастки ўринларни Turonbank ATB (BBB+), Poytaxt Bank ATB (BBB+), Universalbank ATB (BBB) ҳамда Tenge Bank ATB (BBB) эгаллаган.

Бу банк акциялари бўйича битимлар сони ва савдо ҳажмлари бозор ўртача кўрсаткичларидан паст бўлган. Рейтингда бу ҳолат ликвидликнинг чеклангани ва инвестор қизиқишининг заифлиги билан ифодаланган.

Шу фон ортида, банк акцияларининг бошқа қисми аксинча юқори талабга эга экани кўриш мумкин. Рейтингнинг юқори қисмида Mikrokreditbank ATB (AA) Hamkorbank ATB (AA), Agrobank ATB (AA), Ipak Yo‘li AITB (AA-) ҳамда Biznesni rivojlantirish banki ATB (AA-) жойлашиб олган.

Ушбу рейтингда Mikrokreditbank 1-ўринда эканлиги эҳтиёткорлик билан талқин қилиниш керак. Чунки банк акциядорлари таркибида давлат молия тизимидаги бир қатор йирик банклар ва институтлар мавжуд. Шу сабабли савдо фаоллиги бозор қизиқишидан ташқари, институционал омиллар ҳисобига шаклланган бўлиши мумкин.


Юқори ўриндаги банклар акциялари бўйича битимлар сони ва ҳажмлари сезиларли даражада юқори бўлиб, фонд бозорида энг фаол савдолар айнан шу эмитентлар ҳисобига тўғри келган.

Ҳулоса сифатида айтиш мумкин, бозорда банк акциялари айланаяти, лекин инвестор барчасини тенг қабул қилмаяпти. Айрим банклар учун фонд бозори де-факто ёпиқ, айримлари эса бозорнинг асосий драйвери бўлиб қолмоқда. Ҳуддики, айрим банклар учун капитал бозори ҳали ҳам формал майдон.

@beshtiyin
👍3🤔3🔥1🤯1
«Беш тийин» каналига пресс-релизлар, тадқиқотлар, янгиликлар ёки компаниянгиз позицияси бўлса - ёзишингиз мумкин, мулоқотга очиқмиз! Қизиқ ва фойдали материалларни манба кўрсатган ҳолда чиқарамиз.

Соҳавий янгиликлар бўйича қисқа изоҳ ёки тушунтириш бўлса, уни ҳам кўриб чиқамиз.

Муаллиф билан боғланиш — @beshtiyinadmin
Реклама бўйича — @beshtiyinbot
👍5🔥31🤔1