Bektosh Khatamov
12.5K subscribers
434 photos
234 videos
21 files
1.2K links
Do not prepare to live a life, just live it.
Advokat xizmati: +998935096663

Have an idea? I’m here 👉 @BektoshKhatamovBot

instagram.com/khatamov.bektosh
Download Telegram
Баҳорингиз муборак бўлсин. Германиядан саломлар, совуқ Германияда ҳали ҳам қиш давом этмоқда, лекин юртимизга баҳор кириб келди. Барчангингизни баҳорнинг илк куни билан чин қалбимдан табриклайман.

Доимо баҳор каби очилиб юринг, кайфиятингиз ҳамиша баҳор бўлсин.

@bektoshkhatamov
Унутилган аёл.

Франкфурт шаҳрида “унутилган аёл” номли шунақа яланғоч аёлнинг ётгани акс этган ҳайкал бор. Мана шу ҳайкал нега ўзи шунақа номланган деб қизиқиб қолдим.

Бир кишининг айтишича Европада бир жинсли эркаклар кўпайиб кетаётганлиги, эркакларнинг фарзанд қолдириш, фарзанд тарбиялашга бўлган хоҳиши йўқолиб бораётганлиги сабабли мана шу маънодаги ҳайкал яратилган экан.

Ҳа, дўстлар, ҳар жамиятнинг ўз муаммолари, ўзига яраша оғриқли жойлари бор. Биз ғарбдан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин, лекин улар ҳам биздан кўп нарсани ўрганишлари керак.

@bektoshkhatamov
Албатта ўқиб кўринг, йўқ, вақт топиб бир пиёла кўк чойни оволиб албатта ўқишингиз керак бўлган мақола.

Нега биз сунъий интеллект (AI) дан бунчалик қўрқамиз? Чунки кўп саволларга жавоб топиб қўймоқда, биз эса у саволларни ёпиқ қолдирганимиз яхшироқ.

https://telegra.ph/ChatGPT-AI-va-Psixologiya-03-02

@bektoshkhatamov
Бизга кўпроқ ҳуқуқшунослар керак.

Биз ростан ҳам Янги Ўзбекистон қурмоқчи бўлсак, хусусий университетларга ҳам ҳуқуқшунослик йўналишини очишга рухсат беришимиз керак. Аслида халқ қанчалик ҳуқуқий саводхон бўлса, қанчалик ўз ҳаққини талаб қила олса, шунчалик давлат ҳам, халқ ҳам ривожланиб бораверади.

Каримов даврида давлат университетларидаги ҳуқуқшунослик факультетлари ҳам ёпилди, фақатгина Тошкент давлат юридик университетига ҳуқуқшуносларни тайёрлаш бўйича монопол ҳуқуқ берилди.

Хусусий университетлар ҳақида бирор бир сўз айтиш ҳам мумкин эмас эди. Мирзиёев даврида хусусий таълимга кенг йўл очилди. Мен икки ҳукумат даврида ҳам бизнес қилганман ва иккаласини солиштириш учун ўзимдан яхшироқ мисол келтира олмайман.

Масалан, Каримов даврида оддий ўқув марказга лицензия олиш учун йиллаб сарсон бўлганман, ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Лекин Мирзиёев даврида хусусий таълим жуда тез ривожланишни бошлади. Хусусий олийгоҳлар эса кундан-кунга кўпайиб таълим бозорида чинакам рақобат пайдо қилишни бошлади.

Лекин мана шу жойда битта “аммо, лекин, бироқ” деган жойи бор, негадир амалдаги ҳукумат ҳуқуқ йўналишини хусусий олийгоҳларга беришга шошилмаяпти, ҳозирча бирорта ҳам хусусий олийгоҳда ҳуқуқ йўналиши йўқ. Балки бу йўналишни хусусийга беришдан чучиётган бўлиши мумкин.

Негалигини билмайман, аммо бу ғирт абсурд. Бизга кўпроқ ҳуқуқшунослар керак, аҳоли ҳам, давлатнинг ўзи ҳам сифатли ҳуқуқий хизматга муҳтож. Мундоқ ўйлаб қаралса, ҳуқуқ йўналишида Тошкент давлат юридик университетига рақобатчи бўла оладиган университетнинг ўзи йўқ.

Нега йўқ? Чунки бунга йиллар давомида замин яратилмади, бор факультетлар ҳам ёпиб ташланди, натижада фақатгина ТДЮУ монополияси яратилди. Монополия эса ҳамиша ёмон оқибатларга олиб келган.

Хўш, шу билан ҳуқуқшуносларга бўлган талаб камайдими? Йўқ, кўпайса, кўпайдики, асло камаймади. Ярим чала юристларни пачкалаб чиқаришни бошлашди.

Юридик университетининг 80-90 фоизи прокурор бўламан, соққани қиламан дейдиганлар бўлиб қолди. Натижада халқаро даражадаги юристлар биздан жуда кам чиқди, деярли чиқмади деса ҳам бўлади.

Ҳозирги ҳукумат ҳатто тиббиёт соҳасини ҳам хусусий олийгоҳлар учун очиб қўйди, лекин ҳуқуқ соҳасида негадир шошилмаяпти.

Бунга иккита сабаб бор деб таҳмин қилмоқдаман:

1. Ҳукуматда олдинги тизим кадрлари қолиб кетган ва улар ўша тизимнинг таълимотига кўра ҳуқуқшунос кўпайса, халқ ҳаққини талаб қилиб қолади, кейин уни бошқара олмаймиз деб ўйлашмоқда.

2. Аслида ҳукумат бунга ҳеч қандай таъқиқ қўймаган, лекин лицензия берувчи орган “ҳозирча бермай турайлик, мободо мумкин эмас эди деб қолишса, бошимиз кетмасин” деб ўзлари бермай туришибди.

Балки яна мен билмайдиган сабаблари бордир, лекин ҳозирча шунақа гумондаман.

P.S. Ҳуқуқ йўналишига рухсат бермаслик бўйича бирор бир ҳуқуқий асос йўқ, лекин ҳозиргача бирор бир хусусий олийгоҳ бу йўналишда лицензия ололмаган. Лицензия берувчи орган Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси тугатилган.

@bektoshkhatamov
Қашқадарёда қонунлар бошқача ишлайдими?

Аслида дунёда энг кучли университетлар хусусий университетлар ҳисобланади. Ҳатто АҚШнинг машҳур Гарвард ва Стенфорд университетлари хусусий университетлар ҳисобланади.

Бизда эса хусусий университетлар энди-энди пайдо бўлаётгани учун уларга нисбатан ишончсизлик сақланиб қолмоқда. Биров хусусийни дипломи ўтмас экан дейишса, бошқа биров хусусийларда ўқиса давлат ишига жойлаша олмас экан дейди.

Лекин буларнинг бирортасига ҳуқуқий асос йўқ, чунки қонунан хусусий таълим ташкилотлари давлат стандартидаги диплом беришади ва у диплом худди давлат олийгоҳлариникидек тан олинади.

Кеча қашқадарёлик талабамиз Бузрикова Феруза Нахоловна менга мурожаат қилиб қолди:

Талабамиз мактабда фаррош бўлиб ишлайди, мактабда котибаликка иш ўрни очилган, лекин районодагилар сенда коллеж дипломи йўқ, сен 11 йиллик аттестатинг бор деб ишга олишмабди.

Котибаликка коллеж дипломи кераклиги ҳақида биринчи марта эшитишим, қачондан меҳнат қонунчилигига шундай ўзгартириш киритилди?

Иккинчи масала, Меҳнат кодексига кўра ходим олий таълим ташкилотида (фарқи йўқ давлат ёки нодавлат) ўқиса, унинг ўқишда бўлган даврида ходимга ўртача иш ҳаққи тўлаб берилади. Лекин Қашқадарё вилоят Шаҳрисабз туман Халқ таълими мудири “сен хусусийда ўқийсан, сенга тўлаб берилмайди” деб сарсон қилиб ўтган йили иккита семестрнинг пулини тўлаб бермаган.

Бу ерда яққол қонун бузилиши бор, ҳурматли талабалар, ўз ҳаққингизни талаб қилишни ўрганмас экансиз, доимо мана шунақа топталиб яшайверасиз.

Сизга биров ҳаққинг берилмайди деса, аввало қайси ҳуқуқий нормативга кўра, менга ўша ҳуқуқий нормативни кўрсат деб талаб қилинг, кўрсатиб беролмаса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг, қўрқманг. Бир нарсани ёдда тутинг: ҳақ олинур, берилмас.

Менимча, мана шу иккала ҳолатда ҳам қонун бузилишига йўл қўйилган, биринчисида ишга жойлашиш тўғрисидаги ариза асоссиз рад этилган бўлса, иккинчисида ходимнинг ҳаққи ноқонуний ушлаб қолиб берилмаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан Қашқадарё вилоят прокуратураси вазиятга баҳо беришса, нур устига аъло нур бўлар эди.

@bektoshkhatamov
🌐Ijtimoiy tarmoqlarda "Qashqadaryoda qonunlar boshqacha ishlaydimi" sarlavhasi bilan tarqalgan xabar (https://t.me/bektoshkhatamov/955) yuzasidan Qashqadaryo viloyati Kambag'allikni qisqartirish va bandlik bosh boshqarmasi davlat mehnat inspeksiyasi o'rganish ishlarini boshladi.

✔️ Mazkur vaziyat bo'yicha qo'shimcha ma'lumot beriladi.


Kanalga ulanish ⬇️
https://t.me/Qashqadaryodabandlikyangiliklari

Boshqarmaning rasmiy sahifalari⬇️
🌐Web-sayt| 🕊Telegram |📱 Facebook
Яна бир 19 яшар бола 10-15 кишилик гуруҳга нашида ташлагани учун қамалибди. Ишқилиб шу нашида дегани яланғоч хонимларнинг расмлари эмасми? Агар шундай бўлса, умрбод қамоққа тиқиладиган биттасини танийман.

@bektoshkhatamov
Ҳали ҳам кеч эмас.

Тиббиёт олийгоҳларининг кириш имтиҳонларини, ўқитиш тизимини қайтадан кўриб чиқиш, тиббиёт олийгоҳларида супер-контракт деган тушунчани умуман йўқотиш учун ҳали ҳам кеч эмас.

@bektoshkhatamov
Ҳозир айни вақти.

Юртимизда илмга, таълимга эътибор кучайиб бормоқда, ростан ҳам ўзгача тезлик билан бошланган таълим ислоҳотлари жуда тез орада натижа кўрсатишни бошлайди. Биргина хусусий олий таълим даргоҳларининг очилишининг ўзи миллионлаб, балки миллиардлаб долларнинг ичкарида қолишига, ёшларнинг қирғиз, қозоқ, тожик юртларида сарсон бўлмасликларига олиб келди.

Ҳа, таълим тизимининг ўзига хос камчиликлари ҳам талайгина, масалан, мен ҳали ҳам нега барча таълим вазирликлари битта таълим вазирлигига бирлаштирилмаганлигига, районо, облоноларни ҳали ҳам сақлаб туришимизга қандай сабаблар борлигини тушунманмай.

Балки бу қарорларнинг ҳам замирида узоқни ўйланган қандайдир стратегия бордир, менга буниси қоронғу, нима бўлганда ҳам яхшиликка деб гумон қиламан.

Мен айтмоқчи бўлган нарса, миллатни, халқни ва умуман давлатни бой қиладиган ягона куч - бу унинг илмли фуқаролари, шунинг учун бизда таълим ундай, бизда таълим ундай деб ўтирсак, ҳеч нарса ўзгармайди, энг асосийси ўзимиз учун, фарзандларимиз учун, ёрқин келажак учун албатта ўз устимизда тинмасдан ишлашимиз керак.

Яқинда Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги команда UzChess YouTube каналини ишга туширибди. Унда шахмат бўйича барча дарслар бепул ўргатиб борилар экан. Ўзим ҳам қизиқиб қолдим. Интернетда бекорчи вақтингизни ўтказиб, бўлар-бўлмас видеоларни кўриб ҳам умрингизни, мегабайтингизни сарфлаб қўясиз. Аммо мана шунақа фойдали контентга ҳам вақт ажратинг, бу ўз мевасини жуда тез беради ишонинг.

Биз халқ бўлиб бирлашмасак, бизнинг муаммоларимизни четдан биров келиб ҳал қилиб бермайди, ҳозир илмга, маърифатга эргашишнинг айни пайти.

P.S. Соғ бўласла.

@bektoshkhatamov
Суд-ҳуқуқ тизимида сунъий интеллектнинг ўрни.

Замонавий дунё борган сари AI (artificial intelligence), яъни сунъий интеллектга боғланиб бормоқда. Борган сари ҳар қандай қарор қабул қилиш билан боғлиқ ҳолатлар AI учун одатий ҳолатга айланиб бормоқда. Масалан, бир қатор ривожланган давлатларда майда ҳуқуқбузарликларни судья ҳал қилмай қўйган.

Дейлик, полиция ҳуқуқбузарни майда безорилик билан тутиб келади, у керакли фактларни сунъий интеллект онгига киритади, ҳуқуқбузарнинг ёши, оилавий ҳолати, топиш-тутиши ва бошқа омилларига қараб сунъий интеллект ўзи қонунда белгиланган жазони қўллайди.

Энг асосийси инсон омили йўқолади, бир суд қарорида бир ҳолат жиноят, худди шу ҳолат бошқа суд қарорида жиноят эмас бўлиб қолмайди. Энди ўйлаб кўринг, бизда ҳам мана шунақа замонавий технологиялар, суд, тергов ва ҳуқуқнинг бошқа соҳаларида қўлласа, қанчалик фуқароларимиз ҳам, давлат ҳам, жамият ҳам бундан манфаат топади.

Эээээ, буни ким қилади? Бизникилар буни қиладиган мутахассисни қаердан топади деб ўйлаяпсизми? Ундай эмас, Юнеско AI and the Rule of Law деган онлайн бепул курслар ташкил қилибди. Шу курслар орқали ҳам, Юнеско орқали ҳам жуда кўп ўзгаришлар қилиб юбориш мумкин.

Сунъий интеллект ҳам мукаммал эмас, аммо бу ҳозирча, замон шиддат билан ривожланмоқда, бизда ҳам шу нарсани йўлга қўймаса, келажакда биз яна замондан орқада қолиб кетамиз.

Масалан, ўзим ҳам шу соҳага борган сари қизиқишим ортиб бормоқда, ҳозир чет эллик мутахассислар билан талабаларнинг имтиҳон жараёнини ва жавоблар варақасини сунъий интеллект орқали текшириш усулини ишлаб чиқмоқдамиз. Бунда сунъий интеллект ҳатто талабанинг руҳий ҳолатига қараб саволларни саралаб беришни ҳам эплай оладиган қилмоқчимиз.

Ёшларга маслаҳатим: ҳозир айнан шу сунъий интеллект ва у билан боғлиқ бошқа соҳаларни эгаллашга чуқур эътибор қаратинг, келажак AI билан.

@bektoshkhatamov
Аёлларни тушуниш қийин.

Шунинг учун бугун мен аёлларимизга чарчаб кетишларини тилаб қоламан. Ҳа, ҳа, чарчаб кетишсин. Жуда чарчаб кетишсин. Қўллари пул санашдан, оёқлари шоппинг қилишдан, бошлари бахтдан айланиб чарчаб кетсин. Кўзлари бахтдан йиғлайвериб чарчаб кетишсин. Қулоқлари фақат ёқимли, хурсандчилик эшитавериб чарчаб кетишсин.

Хуллас шунақа гаплар. Бугун ҳавони аҳволини қаранг, ёғингарчилик кутилмайди, ёғингарчилик кутилади, ҳаво +20, лекин шамол кучайиб чанг тўзонларни келтириб чиқарар эмиш.

Аёллар билан об-ҳавога ҳеч тушуниб бўлмайди-да.

@bektoshkhatamov
8-март ҳалол ёки харом дейдиганлар ўқисин.

Баъзи бир бошида салласи бор, аммо ақлдан қисиб қолган домлалар саккизинчи март байрамини харомга чиқариб ташлашмоқда, эмишки бу байрам фоҳишаларнинг байрами, Клара Цеткин ва Роза Люксенбург фоҳишалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан эмиш.

Бир дунё бўлмаган гаплар. Умуман бу гапларга ишонманг, 8-март Халқаро аёллар байрами асли 1908-йилда АҚШда текстил соҳасида ишлайдиган аёлларнинг иш ташлашидан кейин 1909-йилда 28-февралда АҚШда нишонлашни бошлашган.

Иккинчи аёллар социалистик конференцияси Копенгагенда бўлиб ўтади ва унда Клара Цеткин аёллар байрамини нишонлашни таклиф қилади. Лекин айнан қайси кунлиги аниқлаштирилмайди, 1914 йилгача бу байрамни давлатлар турли кунларда нишонлаган.

1917 йилдан эса бу байрам 8-март куни халқаро даражада нишонланишни бошлайди. Клара Цеткин - немис коммунистик партиясининг асосчиси, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи активистка бўлган.

Роза Люксенбург эса польшалик публицист, ёзувчи, иқтисодчи аёл бўлган, улар аёллар ҳуқуқлари, жамиятда аёлларнинг роли бўйича жуда кўп чиқишлар қилишган. Польшалик миллатчиларга қарши аёлларни бирлаштира олган мард аёллардан бўлган.

Бизда ҳуқуқини ҳимоя қиладиган аёлларни баъзи дўппили амакилар “фоҳишалик” деб талқин қилмоқда, аслида эса бу тубанликнинг энг туби ҳисобланади. Ўша “ақлли” амакиларга етказиб қўйинглар.

@bektoshkhatamov
Forwarded from Odiljon Tojiyev
#Конституция #Референдум

Бугун соат 15:00 да Қонунчилик палатасида бўлиб ўтадиган Ялпи мажлисда Конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқамиз. Депутатларнинг саволлари, позиция ва хулосалари тингланади. Шу ернинг ўзида масъул қўмита барча саволларга жавоб беради.

Демак, бугун Халқ уйида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақидаги қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

P.S. Ялпи мажлис “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон” телерадиоканаллари, "UzReport" телеканали, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти, YouTube'даги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.

Спикер ўринбосари
Одилжон Тожиев
Яна вокзал, яна йўл, салом, Навоий.

Бугун яна Навоийга йўл олдим, вокзалга келдим, ҳар доимгидек милиция ходими кутиб олди, ҳужжатларингиз, билетингизни кўриб қўйсак майлими?

Майли, унга телефонимдан электрон билетни кўрсатдим ва ичкарига кирдим. Мени доим ҳайрон қолдирадиган нарса нимага ўзи кираверишда билет текширилади, ахир вагонга киришда ҳам билет текширилади-ку, бир ишни икки киши қилмаяптими? Бир иш учун икки кишига ҳақ тўланмаяптими?

Иккинчи мени ўйлантирадиган савол шуки, нимага кираверишда буюмлар сканердан ўтказилади? Мен жуда кўп давлатларда бўлганман, бирортасида бундай тизим йўқ. Майли, хавфсизлик деймиз, лекин сканерда ўтирган одам кетма-кет келган одамларнинг бирортасининг сумкасида ғалати нарса бўлса ҳам, бўлмаса ҳам бир хилда ўтказиб юборяпти.

Масалан, мен ўтган сканерда сумкамда планшет, наушник, зарядка ва бир дунё нарса бор эди. Чўнтагимдан бирор нарсани олиб столга ҳам қўймадим, милиционер амаки ўтказиб юбораверди. Унда бунча нарса нимага керак. Ахир буларнинг барчаси пул-ку. Буларнинг барчаси чипта нархига қўшилиб бораверади-ку.

Швецарияда деярли тўрт кун поездда юрдим, фақат вокзалда куним ўтди, бир марта чипта оламан, тўғри келган поездга чиқиб кетавераман. Швецария биздан анча олдинда, лекин шулар ҳам бунчалик хавфсизлик қилмайди-эээ.

Вокзалга ҳамма кириб-чиқиб юраверади, ўз поездингизга чиқиб олаверасиз, онда-сонда назоратчи келиб чиптангизни текширади, агар мободо чипта олмаган бўлсангиз, 2500 евро жарима тўлайсиз.

Бизда яна бир ишчи кучига сарфланадиган ҳолатга эътибор беринг, ҳалиги сканердан ўтгач турна қатор бўлиб навбат кутасиз. Ҳа, нимага? Агар чиптани вокзал кассаларидан сотиб олган бўлсангиз, ўша чиптага печат уриб беришади.

Лекин электрон сотиб олсангиз, печат керак эмас. Печат урадиганлар ҳам икки томонда ўтириб олишиб чиптага қараб ҳам ўтиргани йўқ, печатни қўяди, кетаверасиз. Ўзи печат нимага керак? Чипта олинган бўлса, уни яна вагонга кираверишда текширишса, мана шу чиптага печат ургич деган лавозим нимага керак?

Хуллас, мен тушунмайдиган, ақлим етмайдиган бир дунё саволлар билан Навоий қаердасан деб яна йўлга тушдим.

@bektoshkhatamov
Уч фильм.

Муваффақиятсизликка учраб, ишингиз юришмай, ҳаётдан безиб қолган ва таслим бўлиш арафасида турган бўлсангиз, мана бу уч фильмни томоша қилинг.

1. Асосчи.
2. Стив Жобс: васваса империяси.
3. Бахт излаган гектор.

@bektoshkhatamov
Мағлублар билмайдиган ғолибларнинг энг катта сири шундаки, ғолиблар ғалаба қилиш учун айнан мағлубиятдан илҳом олади.

@bektoshkhatamov

——-

Самый большой секрет победителей, секрет, о котором не знают те, кто проигрывает, заключается именно в том, что неудача вдохновляет победителей побеждать.

@bektoshkhatamov
Team Building ёхуд жамоани ипсиз боғлаш.

Ўзбекистонда ва умуман дунёда бизнесларнинг жамоа асосида ташкил қилиниши жуда муҳим. Мен жамоа деганда ўзини ҳам, одамларни ҳам, керак бўлса дунёни ўзгартириш истагида бўлган инсонларнинг бир умумий мақсад йўлида бирлашишини тушунаман.

Жамоада фикрлар хилма-хиллиги, фикрнинг эркинлиги жуда муҳим ҳисобланади. Албатта сиз бир одамнинг фикри ҳар нарсадан устун деган ғоя билан жамоа бошқарсангиз, жамоавий ривожланиш, ҳатто шахсий ривожланиш ҳақида ҳам унутсангиз, бўлаверади.

Устозим Улуғбек Ҳожиаҳмедовнинг бир гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди: “жамоавий ривожланиш учун жамоавий “дух” керак, лидер эса ана шу жамоавий “дух”ни фақат кучайтириб бориши керак”.

Бугун ана шундай жамоавий духни ошириш учун Profi University Навоий филиали билан Лангар тоғларида “team building” ўтказдик. Жамоага олдиндан қизил, оқ ва сариқ рангли худилар берилди.

Жамоа рангига қараб жамоага бўлинишини ўйиндан олдин билишди, чунки жамоа танлашда ҳам таниш-билишлик бўлмаслиги керак эди. Энди ҳар бир жамоа тоғ ёнбағирларида олдиндан бекитиб қўйилган варракни топиши ва уни учириши керак.

Тоғ жуда катта, харита эса фақатгина тахминий йўналишни кўрсатади. Жамоа бўлиб ишланмаса, натижага эришиш деярли имконсиз. Барча жамоа аъзолари ўзлари билмаган ҳолда мусобақага киришиб кетди.

Профессор-ўқитувчилар анчадан бери бунақа адреналин олишмаган эди, айниқса жисмоний машқ жуда зўр бўлди, эртага оёқларга билинтирса керак.

Хуллас, мана шундай қизиқ баҳсда оқ худилар жамоаси ғолиб бўлди. Мана шунақа жамоавий ўйинларни ўз жамоангизда қанчалик тез-тез ўтказасиз?

@bektoshkhatamov
Кўзимда ёш, қалбим йиғлаяпти.

Мен бу хабарни ўқитувчи бўлиб, ўқитувчининг фарзанди бўлиб, ўқитувчилик нонини ейишнинг машаққатини билган ҳолда ёзаяпман. Биз яна бир етук, ўз касбини севган ўқитувчини чиқитга чиқардик.

Мен 20 йиллик стажга эга олий тоифали ўқитувчининг қалб сўзларини ҳеч бир ўзгаришсиз, шу жойда қолдиряпман. Ўзи эрталабдан пост ёзмас эдим, аммо бугун шундай бўлиб қолди.

——

“Ассалому алайкум, халқим! Мен шу видеороликдаги ўқитувчиман. Биология фанидан дарс бераман, 20 йиллик стажига эгаман. Олий тоифалиман. Магистратурани ҳам ўқиб битирганман.

Видеоролик ҳакида ҳар фикрларни ўқидим, ижобий ҳам, салбий ҳам. Хар бир инсоннинг ўз фикри бор. Лекин асл ҳолатни ўзимдан эшитсангиз дегандим. “Миллар” кўрсатуви бошловчиси, сиз ҳам ўқинг ва кейинги сафар бирор воқеани ёритаётганингизда, тарқатган видеоролик бўйича эмас, воқеанинг ҳақиқатда қандай бўлганлиги тўғрисидаги суриштирувни олиб боришингизни маслаҳат берар эдим.

Видеороликда ўзим тан оламан, ўта қуюшқондан чиқиб кетганим кўринган. Лекин бу видео тўлиқ видео эмас, провокацион моментлар қирқиб ташланган. Энг асосийси — бу уюштирилган.

Ким уюштирган, нима учун уюштирган, деган саволларга жавоб бераман.

Мактаб директори Мавлянова Марзия Даврановна 30 йилдан кўпроқ шу мактабда фаолият олиб боради. 30 йил директор бўлгандан кейин, таьлимда ишлайдиганлар билади, ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмайди. Шу мактабдаги 5 йиллик фаолиятим натижасида ноқонуний пул йиғимларига қарши турдим.

Мактаб штат бирлигида турадиган қоровулни ота-оналарга қўриқлаш хизматидан "охрана" деб таништириб, бола бошига 30 минг сўмдан пул йиғиб олар эди (мактабда 3 мингга яқин ўқувчи ўқийди, йиғиладган суммани тасаввур қилинг)

Бечора ўқитувчи ўз меҳнати учун бериладиган устаманинг ҳам ярмини директорга "доля" сифатида қайтариб беришди керак. Синф ўқувчиларидан (шароити оғирми, енгилми, фарқи йўқ) фонд йиғиб бермасангиз, мендек ёки тузоққа тушасиз, ёки босим остида қоласиз. Ўқитувчи халқи нимаям дейди, “майли, олақолсин, дарсини берсин, тирикчилигимни қилай”, дейди.

Менинг айбим — шу ноқонуний йиғимларни йиғишга қарши бўлганим. Ўтган ўқув йилида бир устознинг шикоят хати кетидан мактабни прокуратура текширди. 40-50 млн сўм камомад чиқди. Шу текширув пайтида пул йиғимларини ҳақиқатда йиғилишини тасдиқлаб берганим учун директор кун бермай қўйди, десам ҳам булади. Ҳаттоки, ички ишларидан ҳимоя ордери ҳам олишга мажбур бўлдим. Очиқдан-очиқ “ишдан бўша, аризангни ёз”, дея турткилайверди. Аризамни ўзим ёзмаганим учун шунақа тузоқлар қўйишини бошлади. Бу видеоролик ҳам шунақа тузоқлардан биттаси.

Мактабда ишлайдиганлар билади, камеранинг “доступи” фақат директорнинг хонасида бўлади. Видеони ҳам унинг ўзи тарқатди. Ҳаттоки ўқувчининг онасини чақириб, “боламнинг ўзида айб экан, ёмон сўкибди устозни, китоб дафтари ҳам йўқ экан”, дейишига қарамасдан, мажбурлаб ариза ёздирибди.
Бугун судда ойиси йиғлаб кечирим сўради.

Халқим, бугун қалбим қон йиғламокда. Ўзим севган касбдан мажбурлаб бугун ариза ёздиришди. “Тепадагилар” куймаётганмиш.

Ҳурматли “тепадагилар”, сизларга бир инсонни тақдирини ҳал қилиш шунчалар осонми? Суриштирмайҳайдаб юбориш шунчалик осонми? Сизга тўғрисуз ўқитувчилар керакмасми? Унда битта таклиф, пединститутларга “ялоқилик килиш техникаси ва унинг фойдалари” деган фанни қўшинглар, токи келажакдаги ёш авлод мендек қийналиб юрмасин, мендек бечора бўлиб қолмасин!

Мен бугун йиғлаб ўзимга қасам бердим, бошқа ўқитувчилик қилмайман, ортиқ ўқитувчилик қилмайман... Майли, оч қолай, майли бечора бўлай, ортиқ ўқитувчилик қилмаганим бўлсин!

Замон зўрники экан. Бу гапларни ёзишимдан мақсадим — кимнингдир раҳмини келтириш ҳам эмас, қалбимдан портлаб чиқаётган туйғуларимнинг миллиондан бирини етказишга ҳаракат қилдим.

Шу хабарни имкон даражада кўпроқ тарқатинг, кўпроқ одам ўқисин. Токи, фикрлар ўзгарса, токи келгуси ҳаётимизда ўқитувчига нисбатан қарашлар янаям ўзгарса.

Халқим, сизнинг фарзандларингизни севиб қолувчи, Яшнобод туманидаги 152-мактабнинг собиқ ўқитувчиси Гулчеҳра Мамажонова”.

@bektoshkhatamov
Айтишларича юқоридаги ☝️ ҳолат бўйича 152-мактабга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишчи гуруҳ ташланибди. Ҳозирча ўқитувчини ишга тиклашган. Воқеалар ривожини кузатамиз.

@bektoshkhatamov