Sukut Saqlama (NeMolchi.uz o'zbek tilida)
2.4K subscribers
1.06K photos
265 videos
2 files
2.72K links
18+. Ўзбекистонда зўравонликка қарши лойиҳа.
https://www.facebook.com/SukutSaqlama/

Ҳикоянгизни аноним юборинг:
https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9
Download Telegram
Республика онкология ва радиология маркази онкомаммологи Шомансурова Нодира Саидариповна билан обуначиларимиз ўртасида учрашув бўлиб ўтиб, унда асосан кўкрак саломатлигига қандай эътибор қилиш кераклиги борасида батафсил тушунтирчалар бериб ўтилди.

Сут безлари касалликлари турлича бўлиб, уларнинг барчаси эрта босқичларда даволанса, осон кечади ва албатта, тўғри ташхис қўйиш ва даволаш орқали ўлим ҳолатидан омон қолиш имконияти юқори бўлади.

Aсосийси, инсон ўзининг соғлиғига пухта қараши, дамбадам кўкрак ҳолатини кузатиш ва вақтида маммолог билан боғланиб туриши лозим. Қуйидаги рўйхатда соғлиқ учун муҳим ҳисобланган қоидалар келтириб ўтилган:

🍎 Рацион мева ва сабзавотларга бой бўлиши керак.

🌚 Кечаси уйқу ўз вақтида ва етарлича бўлиши лозим. Эмизиш вақтида ҳам, бирга ухлаётганингизда ҳам! Она ва боланинг биргаликдаги режими онага ҳар кеча тўлиқ тикланиш имкониятини бериши керак.

🌤 Кайфиятни яхшилаш ва стрессдан ҳимояда бўлиш керак, стрессга чидамлилик устида ишлаш лозим. Ва албатта депрессияни даволаш зарур. Депрессия кўплаб касалликлар, жумладан, кўкрак касалликларининг ривожланишига олиб келадиган омил ҳисобланади.

💃 Ўзингиз учун қулай жинсий муҳит яратиш муҳим. Аёллар барчасини уддалай олади!

🍒 Тор ва сиқиб турувчи ички кийимлардан бутунлай халос бўлиш керак. Жисмоний фаоллик учун қулай ички кийимларни танлаш лозим. Интернетда бу борасида кўплаб кўрсатмалар мавжуд. Aйтганча, жисмоний фаоллик ҳақида ҳам унутмаслик керак ))

🫱 Кўкрак безларини ҳар ойда бир марта ҳайздан кейин текшириб кўриш керак. Мунтазам ўз-ўзини текшириш кўкрак ҳолатини бошқариш имконини беради. Оғриқ, кўкрак учидан суюқлик ажралганда, кўкрак учининг деформацияси, терининг ўзгариши ва бошқа хавотир уйғотувчи ҳолатларни эътиборсиз қолдирмаслик керак.

🌷 Маммолог кўригидан ўтиб туриш ва ҳар олти ойда сут безларини ултратовуш текширувидан ўтказиш лозим. Кўкрак қафасидаги оғриқларни эътиборсиз қолдирмаслик жоиз - агар улар безовта қилса, олти ой кутиб ўтирмасдан, дарҳол докторга учраш керак. Маммография - рентген нурлари таъсири ҳисобланади, шунинг учун текширувнинг дастлабки босқичида УЗИ билан чеклашган яхшироқ. УЗИ текшируви маммологнинг буюртмасига кўра, ҳайздан кейин қилинади. Aгар УЗИ натижасида маммография ҳам талаб қилинса, маммолог уни ҳам ўзи белгилаб беради.

🦋 Қалқонсимон безнинг ҳолатини кузатиб бориш ва вақти-вақти билан эндокринолог кўригидан ўтиш лозим. Қалқонсимон безнинг барча касалликларини ўз вақтида даволаш керак, чунки гипертиреоз ҳам, гипотиреоз ҳам кўкракка оғриқ берувчи фиброкистик мастопатияни қўзғатувчи омиллар бўлиши мумкин.

👏 Гормонал контрацептивлардан фойдаланиш фақат эндокринолог ҳамда маммологнинг гинеколог билан биргаликда маслаҳатидан сўнг қўллаш керак.

🤗 Жинсий органлар ва жигар касалликларини албатта даволаш лозим.

🏃‍♀️ Aборт қилишдан сақланиш лозим. Aборт қилишдан кўра ҳомиладор бўлмаслик афзал... Aборт - тухумдонлар, бачадон, сут безлари, бутун гормонал тизим учун улкан гормонал ўзгаришлар ҳисобланади.

Сут безлари касалликларининг енг кенг тарқалгани мастопатия бўлиб, аёлларнинг 30-70 фоизида учрайди, гинекологик касалликларда эса беморларнинг 76-98 фоизида учрайди.

Қисқача айтганда, ҳаммаси шу) Қолганларини эса шифокор қабулида маслаҳатлашиш мумкин.
Барчангизга сиҳат-
саломатлик тилаймиз!

#СукутСақлама #саломатлик
#Саломатлик

40 ёшдаги баъзи аёллар тухумдонлардаги ўзгаришлар туфайли ҳайзнинг тўхташига дуч келиши мумкин. Бундай ҳолат илк бора 1942 йилда тиббиётда шундай таърифланганди: “тухумдонларнинг бирламчи етишмовчилиги”, “жинсий безлар дисгенезияси”, “муддатидан олдинги менопауза”, “эрта менопауза”.

Ниҳоят, 2015 йили Европанинг Инсон репродукцияси уюшмаси ишчи гуруҳи томонидан “тухумдонларнинг муддатидан олдинги етишмовчилиги”(ТМОЕ) деган атама қабул қилинган.

Тухумдонлар — бу икки хил функция бажарадиган жуфт аъзо. У эндокрин без бўлиб, гормонларни ишлаб чиқаради ва бир вақтнинг ўзида тухум ҳужайраларининг кўпайиш манбаи ҳисобланади. ТМОЕда ёш аёлларда (40 ёшгача) тухумдонлар фаолияти секин-аста сўниб боради. Ҳайз цикли бузилади, мунтазам овуляция йўқолади. Табиий йўл билан ҳомиладор бўлиш имконияти камаяди.

Икки хил тушунчани ажратиш керак: овариал захиранинг пасайиши ва тухумдонларнинг муддатидан олдинги етишмовчилиги. Овариал захира пасайиши ташхис эмас ва фақат тухумдонлардаги фолликулаларнинг камайишини англатади. Овариал захира камайиши жисмоний омилларга боғлиқ. Аёлнинг ёши қанчалик катта бўлса, тухумдонлар фолликулалари шунчалик тез нобуд бўлади. Масалан, 36 ёшга келиб овуляр салоҳиятда атиги 10–25 минг фолликулалар қолади.

Тухумдонларнинг муддатидан олдинги етишмовчилиги сабаблари эса бошқача. Биринчи навбатда бу аутоиммун касалликлар оқибати. Бу сабаб 30% ТМОЕда учрайди. Яна бир сабаб — кимётерапия, жарроҳлик операциялари каби тиббий аралашувлар оқибати. ТМОЕ эндометриоз натижаси ҳам бўлиши мумкин.

Муаммо борлигини қандай англаш мумкин?
ТМОЕнинг асосий белгиси — ҳайз циклининг бузилишидир. Бунда ҳайз қисқаради ёки узаяди, умуман йўқолиши ҳам мумкин. Эстрогенлар етишмаслиги туфайли тухумдонлар фаолияти ўзгаради ва қинда қуруқлик пайдо бўлади, жинсий истак камаяди. Белгилар гоҳ пайдо бўлса, гоҳ йўқолади. Чунки тухумдонлар фаолиятини вақти-вақти билан тиклаши мумкин. Шунинг учун мунтазам гинекологга бориб туриш керак, шунда муаммо вақтида аниқланади.
Тухумдонларнинг муддатидан олдинги етишмовчилиги хавфи нимада?

Энг йирик хавф — бепуштлик. Бундан ташқари, жинсий ҳаётга салбий таъсир ўтказади. Шунингдек, нишон аъзолар ҳисобланган суяк, юрак ва мия азият чекади, чунки уларнинг иши гормонлар билан боғлиқ.

ТМОЕни даволаш мумкинми?
Агар аёл ҳомиладорликни режалаштирмаса, унга гормонал терапия ўтказилиши мумкин. Бундай терапия тухумдонлар ишлаб чиқармайдиган гормонлар тақчиллиги ўрнини тўлдиради.

Аёл ҳомиладорликни режалаштирган бўлса, унга донорлик ооцитлардан фойдаланиш тавсия этилади.

#СукутСақлама #Саломатлик
Кайфият асосан ҳиссиётлар, руҳий барқарорлик ва қувват даражасига боғлиқ. Қувватни эса айнан овқатланиш ёрдамида ошириш мумкин. Агар овқатдан келаётган калориядан кўпроқ қувват сарфласак, доимий чарчоқни ҳис этамиз, саломатлик билан муаммолар бўлади ва кайфият ўзгаради. Экспертларнинг фикрича, B12, B9 витаминлари ва рух етишмовчилиги депрессияни келтириб чиқаради. Шундай экан, овқатланишимизнинг асосий вазифаси миянинг қувват эҳтиёжларини тўлдиришдир.

Ичакдаги микробиом муҳитининг аҳамияти
Шакар, сунъий таъм берувчи моддалар, трансёғлар (чипс, қовурилган таомлар, пишириқлар) “тешик ичак” ҳолатига сабаб бўлади. Бундай ҳолатда ичакдаги ҳимоя функцияси пасаяди, ичак флорасининг фойдали микроорганизмлари нобуд бўлади. Натижада яллиғланиш келиб чиқади. Клетчатка ва тўйинмаган ёғлар эса (балиқ, ўсимлик мойлари, ёнғоқ ва уруғлар) аксинча, микробиомага яллиғланишни олдини олишга ёрдам беради. Фойдали маҳсулотлардаги пробиотиклар — ҳимоя қилувчи тирик микроорганизмлар ҳам ичак саломатлиги учун масъул. Картошка, ёнғоқ, дуккакли ва бутун донли маҳсулотлар тайёр пребиотиклардир. Мана шундай моддалар қанчалик кўп бўлса, ичак саломатлиги ҳам ортиб боради.

👉Нейромедиаторлар
Улар асаб тизимларимиз учун жавоб беради. Шунинг билан бирга руҳий касалликлар ривожланишига сабаб бўлади. Бундай оқибат келиб чиқмаслиги учун нейромедиаторларни қурилиш материаллари — аминокислоталар, фолатлар ва B гуруҳи витаминлари билан бойитиш зарур. Учта асосий нейромедиаторлар мавжуд: серотонин, дофамин ва гамма-аминоёғ кислотаси.

👉Серотонин
Бу модда кўп бўлиши учун ёғсиз мол ва товуқ гўшти, турли ёнғоқларни кўпроқ истеъмол қилиш керак.

👉Дофамин
Дофамин етишмаса, Паркинсон касаллиги келиб чиқиши мумкин. Ушбу моддани етарли даражада соя, тухум, пишлоқ, қизил ва қора икра, жигар каби маҳсулотлардан топасиз.

👉Гамма-аминоёғ кислотаси
У қўзиқорин ва помидор, қаттиқ турдаги пишлоқ ва сут-қатиқ маҳсулотлари, ёнғоқ, балиқ, қуруқ меваларда бор.

Яхши кайфиятни таъминлаш учун нималарни истеъмол қилиш керак?
Испан тадқиқотчилари 10 минг нафар талаба орасида тажриба ўтказишди. Улар ёшларни тўрт йил давомида кузатишди. Талабаларга Ўрта ер денгизи парҳези қўлланилди. Натижа эса саломатликнинг яхшиланиши ва кайфиятнинг кўтарилиши бўлди. Демак, Ўрта ер денгизи парҳезига қуйидагилар киради:
- балиқ маҳсулотлари;
- зайтун ёғи;
- дуккакли ва бутун дон маҳсулотлари;
- сабзавотлар;
- пишлоқ ва йогурт.

Олимлар шунингдек, шакар ва трансёғларни истеъмолдан бутунлай чиқариб ташлашни тавсия қилишмоқда. Соғлом рацион ва тўғри овқатланиш қоидаларини ўрнатиш осон иш эмас. Зеро, турли мазали таомлар ва ширинликлар ўзига оҳанграбодек тортади. Аммо нафсни тийишни ўрганиш ютуқлар сари энг тўғри қадам. Тўғри, севимли бургер ва шоколад билан ўзини сийлаш мумкин, аммо ҳар кунлик таомларга айлантириб олиш керак эмас.

#СукутСақлама #Саломатлик
#Саломатлик

Ушбу савол биз аёлларни кўпроқ баҳор-ёзги мавсумда ва ҳомиладорлик вақтида безовта қилади. Бундан ташқари, оёқ шишиши баъзи бир касалликларнинг оқибати ҳам бўлиши мумкин.

Оёқларда шиш пайдо бўлганда: жисмоний фаолият зарур!

Эртами-кечми ҳар қандай аёл ушбу саволни бериши мумкин: оёқлар шишганда, муаммони қандай бартараф қилса бўлади? Сабабсиз оёқларда шишганда (кескин вазн ортиши, ҳомиладорлик бўлмаганда), ноқулайликни камайтириш учун фаол турмуш тарзини олиб бориш ва мунтазам жисмоний машқлар бажариш керак. Шунингдек, камроқ суюқлик ичиш мақсадида тузни камроқ истеъмол қилиш тавсия этилади. Агар оёқларда шиш жуда тез пайдо бўлса ёки секин-аста бўлса ҳам, аммо қаттиқ шишса, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур. Шишган оёқлар юрак ёки буйрак етишмовчилиги белгилари бўлиши мумкин.

Оёқлардаги шишда яна нима қилиш тўғри бўлади? Тана вазнини меъёрда ушлаш. Ортиқча вазн доим саломатликка салбий таъсир кўрсатади. Семизлик организмда ортиқча суюқликни ушлаб қолади, натижада оёқлар ҳам шишади. Вазн меъёрда бўлса, организм нормал ишлайди ва оёқ-қўлларда шишлар кузатилмайди.

Оёқлар шишса-ю, лекин жисмоний юкламалар тақиқланган бўлса, нима қилиш керак? Енгилроқ спорт билан шуғулланинг, аммо мунтазамликни унутманг. Машқлар қоматни меъёрда тутишга, ортиқча сув ва токсинларни организмдан чиқариб юборишга ёрдам беради. Мунтазам машқларни бажариш одати шишлардан қутулиш сари энг тўғри йўл. Мотивацияни ошириш учун эса машғулотларни яқинлар даврасида мусиқа садолари остида бажаринг.

Тўғри овқатланиш
Оёқлардаги шишлар ҳақида ташвишланганда, тўғри парҳезни ҳам унутманг. Табиий маҳсулотларни истеъмол қилинг, сийдик ҳайдовчи маҳсулотларни рационга қўшинг. Сельдерей, занжабил, кўк чой, лавлаги, помидор, саримсоқ, клюква шарбати, олма сиркаси, петрушка шулар жумласидан. Ва, албатта, тарвуз.

Жуда кўп тузли маҳсулотлардан узоқроқ юринг. Музлатилган нонушталар ва консерваланган шўрваларда туз шунчалик кўпки, улар шишларнинг асосий сабабчиларига айланади. Дўкондан маҳсулот харид қилганингизда, таркибида натрий моддаси кам бўлишига эътибор беринг. Шифокор ҳузурига борганингизда, ҳар кунги туз миқдорини қанча истеъмол қилишингизни албатта айтинг. Бу қандай маҳсулотлардан воз кечиб, оёқларга жабр қилмаслик кераклигини тушунишингизга имкон беради.

#СукутСақлама #Саломатлик
#Саломатлик

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, дунё бўйлаб икки миллиарддан ортиқ одам йод танқислигидан келиб чиқадиган касалликлардан азият чекмоқда. Йод танамиздаги муҳим ва асосий микроэлемент бўлиб, унинг етишмаслиги кўплаб касалликларни келтириб чиқаради. Бугун йод танқислиги қандай намоён бўлади, уни бартараф этиш учун нималарга эътибор бериш керак, деган саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Йод нима учун керак?
Йод қалқонсимон без гормонининг асосий таркибий қисми бўлиб, меъёрида ишлаши учун асосий хомашё ҳисобланади. У, айниқса, болалар ва ҳомиладор аёллар учун жуда зарур. Йод танқислиги юқори бўлган мамлакатларда аҳолида ақлий ва жисмоний ривожланишда кечикишлар тез-тез учрайди. Мамлакатимиз ҳам географик жиҳатдан денгиз ва океанлардан узоқда жойлашгани сабаб йод танқислиги юқори бўлган ҳудудлардан ҳисобланади.

👉Йод манбаи
Йод денгиз сувида, баъзи тирик организмларда, асосан сув ўтлари, шунингдек, кўплаб озиқ-овқатларда иодид шаклида учрайди. Йодга бой озиқ-овқатларга оқ рангли гўшт, тухум ва денгиз маҳсулотлари – балиқ, денгиз ўтлари, балиқ ёғи ва қисқичбақалар киради. Аммо денгиз маҳсулотларининг ишқибози бўлмасангиз, бу микроэлементни сут маҳсулотларидан олишингиз ҳам мумкин. Турли озиқ-овқатларда бўлган йод миқдори улар қаерда етиштирилганига ва қандай ишлаб чиқарилганига боғлиқ. Йодланган туз бу муаммони ҳал қилишнинг яна бир усули. Бироқ бундай тузни қабул қилиш ўзига яраша қарши кўрсатмаларга эга. Масалан, қалқонсимон без саратони билан оғриган беморлар уни ишлатишдан олдин, албатта, эндокринолог билан маслаҳатлашиши керак.

⚠️Йод танқислигининг хавфи
Йод танқислигини эрта ёшданоқ аниқлаш керак. Йод танқислиги бўқоқ, гипотиреоз, қалқонсимон без тугуни, ҳомиладорликни кўтаролмаслик, ақлий заифликдан тортиб, кретинизм каби касалликларгача олиб келади. Болалар ва ўсмирларнинг билим олиш қобилияти пасаяди, интеллектуал машғулотларга қизиқиши сусаяди.

Ташқаридан йод қабул қилган қалқонсимон без икки хил гормон ишлаб чиқаради:
– фаол Т3;
– Т4 прогормони.
Ушбу гормонлар оқсил ва йоддан иборат, конверсия учун эса аминокислота ва ферментлар, жумладан, тиреопероксидаза, дейодиназа ва бошқалар керак. Улар фақат асосий минераллар – селен ва темир, B ва D гуруҳ витаминлари етарли бўлганда иш беради. Организмга нимадир етишмаганда гормонлар ишлаб чиқарилиши ва конверсияси азият чекади.

Оқсилларни шахсий захирамиздан олсак ҳам минералларга эга бўлолмаймиз. Организм йодни мустақил ишлаб чиқаролмайди. Уни ташқаридан – овқат, сув, ҳаводан оламиз. Минераллар етишмовчилигида қалқонсимон без гормони танқислиги, яъни гипотиреоз (қалқонсимон без фаоллигининг етишмаслиги) рўй беради. Мазкур касаллик ҳаёт сифатини пасайтиради ва бепуштликка олиб келиши мумкин. Одатда гипотиреоз бир неча ой давомида секин-аста ривожланади.

Йод танқислиги белгилари
Йод танқислигига йўлиққан кўпчиликда белгилар билинмайди, бошқаларда эса оз миқдордаги йод ҳам гипотиреозни келтириб чиқаради.
Гипотиреоз белгилари:
- кучли чарчоқ ва мушаклар сусайиши;
- ортиқча вазн;
- депрессия;
- тери қуриши ёки юз шишиши;
- диққатни жамлай олмаслик;
- аритмия (пульс ўзгариши);
- соч тўкилиши;
- совқотиш;
- ич қотиши;
- шиш (шу жумладан, тилнинг ҳам шишиши).

Йод танқислигининг олдини олиш
Кўп миқдордаги туз денгизда бўлади. Бевосита океанлар олдида яшовчи аҳоли йод танқислигига камроқ учрайди. Йод ҳаводан олинади. Денгиздан йироқдагиларнинг эса йодга бой маҳсулотларни истеъмол қилишдан бошқа чораси йўқ.

Йод танқислигининг олдини олиш учун қуйидаги тўрт модда ва витаминлар етишмовчилигини бартараф этиш зарур:
– оқсил;
– йод;
– селен;
– темир.

Йод етишмовчилигининг олдини олиш учун организм ҳар куни ушбу микроэлементдан етарли миқдорда қабул қилиши керак. Агар сиз йод сақловчи таблетка истеъмол қилсангиз, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг. Йодни бетартиб истеъмол қилиш саломатликка салбий таъсир этиши мумкин. Таомларга эса йодга бой маҳсулотларни бемалол қўшсангиз бўлади.

#СукутСақлама #Саломатлик
Статистикага кўра, жаҳонда ҳар уч аёлдан бири пешоб тутолмасликдан азият чекади. Бироқ уларнинг атиги 3 фоизи шифокорга мурожаат қилади. Сабаби, аксарият аёллар бу масалани ўта шахсий деб билади ва уни ёшга доир табиий ўзгариш сифатида қабул қилади.

Ушбу хасталикка сийдик чиқариш қуйи йўлларининг ўткир яллиғланиши (цистит, уретрит, простатит) ва гиперфаол сийдик пуфаги, шунингдек, ирсий мойиллик ва семизлик сабаб бўлиши мумкин. Сийдик пуфаги мушакларининг ихтиёрсиз қисқариши, кескин, тутиб туриш қийин бўлган пешоб чиқиши тез-тез ёки тунги пайтлари намоён бўлади. Бундан ташқари, сфинктерларнинг заифлиги ҳам аҳамиятга эга.

Хавф гуруҳида кимлар бор?
Асосий хавф гуруҳига аёллар киради.

Сабаблари:
- Гормонал фон бузилиши, яъни климакс даврида эстроген даражасининг пасайиши;
- кўп марталик ёки асоратли туғруқ оқибатида кичик тос ва чот ораси аъзолари анатомик яхлитлигининг бузилиши;
- ички аъзоларнинг осилиб қолиши, ривожланишдаги аномалиялар;
- кичик тос ва чот ораси аъзоларидаги операциялар;
- бош ва орқа мия касалликлари, нейропатия (заҳарли, диабетик), такрорланувчи инфекцион жараёнлар натижасида кичик тос аъзолари ва чот ораси мушаклари асаб ҳужайраларидаги бузилишлар.

Ушбу касалликни ташхислаш учун уч кун давомида пешоб чиқаришни қайд қилиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Ташхислаш шикоятларни йиғишдан бошланади. Зарурий саволлар берилади. Муаммонинг бошланиши, такрорий ҳолатлар ва ажралаётган пешоб ҳажми аниқланади.

Дорилардан ташқари, чот ораси мушакларини мустаҳкамловчи машқлар буюрилади. Бу машқлар сийдик тутолмасликнинг ҳар қандай кўринишида тавсия қилинади. Энг оммабопи Кегел машқлари бўлиб, унда мушакларни қисқартириш орқали орқа тешик кўтарилади.

Дори ёрдамида даволашга келсак, гормонал терапия самарали аҳамиятга эга. Климакс давридаги аёлларнинг пешоб тутолмаслик хасталигини даволашда у, албатта, муолажа чоралари таркибига киритилиши керак. Бу жараёнда маҳаллий таъсирга эга дори воситаларига эътибор қаратилади. Шунингдек, қуйи сийдик йўллари ва кичик тос аъзоларининг инфекцион касалликларини антибактериал даволашда қўлланади.

Бугунги кунда “олтин ўрталиқ” ҳисобланган ва энг кенг ўрганилган операция – бу уретра ўртасига синтетик слинг ўрнатиш, яъни сфинктерни синтетик материалдан ясалган ҳалқа ёрдамида “мустаҳкамлашдир”. Ҳалқани ўрнатиш каминвазив операция бўлиб, аёлларнинг асаб билан боғлиқ ҳолатда пешоб тутолмаслигини даволашга қаратилган.

Асаб билан боғлиқ ҳолатда пешоб тутолмасликнинг олдини олиш учун тос туби мушакларига жисмоний юклама туширадиган профилактика чоралари мавжуд. Даволовчи жисмоний машқлар ўтказилади. Улар тос туби мушакларини мустаҳкамлаб, микроциркуляция ва асаб импульсининг ўтказувчанлигини яхшилайди.
Қолаверса, ич қотишининг олдини олиш учун овқатланиш рационини ўзгартириш, оғир юк кўтаришни камайтириш ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш тавсия этилади.

#СукутСақлама #Саломатлик
Аёлларнинг текширувлар дафтарчасига

Ҳар йили жаҳон бўйлаб ярим миллиондан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони аниқланади. Улардан тахминан 200 000 нафарида ўлим ҳолати кузатилади. Сизчи, сўнгги марта гинеколог қабулида қачон бўлдингиз?

Кольпоскопия жисмни 30 мартагача катталаштириб кўрсатадиган махсус оптик тизимга эга кольпоскоп ускунаси ёрдамида вулва, қин ва бачадон бўйнини кўрикдан ўтказиш жараёнидир. Кўзгу ёрдамида кўрикдан ўтказиш орқали фақат бирламчи маълумотга эга бўлиш мумкин. Бундай усулда кўпгина муаммолар яширин қолади ва уларни кольпоскоп ёрдамида синчиклаб ўрганиш маъқулроқ.

Жараён оддий кўрикдай ўтади. Фақат шифокор кольпоскоп окулярига қарайди ва яширин муаммони аниқлаш учун кетма-кет бачадон бўйнига эритма билан ишлов беради. Бу мутлақо оғриқсиз, лекин катта маълумот олиш имконини берувчи текширув бўлиб, у туфайли саратонолди ўзгаришларни аниқлаш мумкин.

Қандай ҳолатларда колпоскопия тавсия этилади?
- Профилактика мақсадида йилда 1 марта;
- бачадон бўйни патологиясига шубҳа пайдо бўлса;
- ОПВ (одам папиллома вируси) белгилари бўлган ўткир учли кондилома ҳолатида;
- ҳайз орасида қонли ажралма келса;
- жинсий алоқа вақтида оғриқ ва қонли ажралма кузатилса.
Жараён бачадон бўйнидаги энг кичик ўзгаришларни синчиклаб ўрганиш имкониятини беради. Мабодо ўзгариш мавжуд бўлса, уларнинг табиати ва интенсивлигини аниқлайди.

Маълумот учун:
- кольпоскопия ҳайз вақтида ёки жинсий йўлдан қон келганда ўтказилмайди;
- текширувни ўтказишдан олдин жинсий алоқада бўлмаслик (48 соат олдин), суртма ва спринцеваниядан фойдаланмаслик керак;
- текширувни ўтказиш вақти – 20 дақиқа атрофида;
Кўрик вақтида фойдаланилган йод туфайли ушбу жараёндан кейин 3-5 кун давомида жигарранг ажралма келиши мумкин.

❗️Ёдда тутинг:
Олти ойда бир марта гинеколог қабулида бўлиб, режали кўрикдан ўтиш ҳар бир аёлнинг одатига айланиши керак.
Йилда камида бир марта гистологик текширув учун бачадон бўйнидан суртма топшириш зарур.
Ташхисни аниқлаштириш учун кольпоскопия ўтказилади.

#СукутСақлама #Саломатлик
#Саломатлик

Ҳар бир аёл касалликларнинг олдини олиб юриши керак. Ҳатто арзимас профилактика чораси ҳам бўлғуси хасталикларнинг жиддий оқибатларини бартараф этиши мумкин. Хўш, аёл-қизларимиз сифатли ҳаёт кечириши, саломатлиги жойида бўлиши ва юзида доим табассум билан юриши учун нималарга эътибор беришлари зарур?

1️⃣ Гинеколог кўригига бориш – саломатлик ҳақида ғамхўрлик қилишнинг асосидир. 1 ёш, 6-7 ёш, 12-13 ёшда болалар гинекологи билан суҳбатда бўлиш, 14 ёшдан бошлаб эса унинг олдига ҳар йили бориш. Турмушга чиққан аёллар онкоцитологияга суртма топшириб туришлари, кольпоскопия ва микробиологик таҳлиллардан ўтишлари лозим. Бу юқумли касалликлар, онкогинекологик жараёнларни эрта босқичда аниқлаш имконини беради.

2️⃣ Ҳайзнинг 5-12 кунлари кўкрак безларини мустақил текшириб бориш. Йилда бир марта маммолог ҳузурига ташриф ва маммографиядан ўтиш. Бу орқали мастопатияни аниқлаш, даволаш ва ўта салбий оқибатларини бартараф этиш мумкин.

3️⃣ Албатта, оилали бўлиб, вақтида жинсий ҳаётни олиб бориш. Бу бачадон ва тухум ҳужайралари ишини меъёрга туширади, ҳужайралараро қон айланишини яхшилайди.

4️⃣ Бачадон ва қин атрофидаги мушакларни мустаҳкамлаш учун уларни машқ қилдириш (масалан, Кегель машқлари). Бу бачадон тушишини олдини олади, кичик тосда қон айланишини фаоллаштиради.

5️⃣ Контрацепция воситаларидан тўғри фойдаланиш. Улар исталмаган ҳомиладорлик ва юқумли инфекциялардан сақлайди.

6️⃣ Кунига камида бир марта гигиеник муолажаларни ўтказиш. Ташқи жинсий аъзолар тепадан пастга қараб ювилади. Шифокор кўрсатмасисиз спринцевание қилиш тавсия этилмайди. Ичкийимларни тоза тутиш керак ва улар пахтали матолардан бўлгани маъқул.

7️⃣ Ҳайз вақтида тозаликка алоҳида эътибор бериш. Бу вақтда бачадон бўйни кенгаяди ва унга турли инфекцияларнинг кириши осонлашади. Шу сабабли кунига камида 2 марта ташқи жинсий аъзоларни ювиш керак. Жисмоний юкламаларни енгиллаштириш, ўта қаттиқ кучаниш, оғир спорт машқларини бажаришдан сақланиш, сауналарга бормаслик лозим.

8️⃣ Сийдик пуфаги ва ичакни вақтида бўшатиш. Акс ҳолда бачадон қийшайиши ва тос аъзоларида қон айланиши ёмонлашиши мумкин.

9️⃣ Тўғри овқатланиш. Етарли миқдорда мева-сабзавотларни истеъмол қилиш. Улар тақчил бўлган мавсумларда витаминларни қабул қилиш. Хамирли маҳсулотларни камайтириш керак.

🔟 Жисмоний фаолликда бўлиш. 3 кг дан ортиқ юкни кўп кўтаравермаслик. Бу бачадон тушишига олиб келади. Бир жойда кўп ўтирмаслик, кайфиятни туширмаслик, ўз қадрини билиш ва албатта, ўзини яхши кўриш. Шундай экан, қадрли аёллар, дардларни ортга суринг, ўзингизни айбламанг, ўтган ишга афсусланманг ва шукр билан яшанг!

#СукутСақлама #АёлларСаломатлиги