SOLIHLAR YO'LI
117 subscribers
93 photos
123 videos
158 links
Ушбу каналда мотурудия эътиқоди ва ҳанафий мазҳабига оид долзарб маълумотлар тақдим этиш билан бирга адашган фирқаларга раддиялар бериб борилади.
Download Telegram
"ЖОРИЯ ҲАДИСИ"НИ ҚАНДАЙ ТУШУНАМИЗ?
#ақида #ҳадис

558-CАВОЛ: Бир ўртоғим билан баҳслашиб қолдим. Унинг айтишича Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир аёлга "Аллоҳ қаерда?", деб сўраганларида у "Аллоҳ осмонда", деган экан. Мен "Бу ҳадисни илмли кишилардан сўраб олиш керак, Аллоҳ осмонда деб бўлмаслигини эшитган эдим", дедим. Саволим шуки, шунақа ҳадис борми? Агар бўлса, уни қандай тушунилади?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Муовия ибн ал-Ҳакам ас-Суламий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз жориялари ҳақида сўраб: Эй Аллоҳнинг Расули уни озод қилайми?, дедим, дедилар. У зот: “Уни (ҳузуримга) олиб кел”, дедилар. Бас, уни у зотга олиб келдим. У зот унга қарата: “Аллоҳ қаерда?” дедилар. У: Осмонда деди. У зот: “Мен кимман?” дедилар. У: “Сиз Аллоҳнинг расулисиз”, деди. У зот: “Уни озод қил, у мўминадир”, дедилар”.
“Жория ҳадиси” номи билан машҳур бўлган ушбу ҳадиси шарифни илмий омонатдорлик ила ўрганиб чиқсак, уларнинг даъволари пуч экани маълум бўлади.
🔹Биринчидан: Ушбу ҳадис матни ровийлар томонидан турли фарқлар билан ривоят қилинган. Буни биринчилардан бўлиб, Имом Баззор ва Имом Байҳақий каби буюк муҳаддислар айтиб, ундан огоҳлантирганлар. Чунки матнида турли ўзгаришлар билан ривоят қилинган бундай ҳадисни “музтариб” ҳадис дейилиб, уни бирор масалада ҳужжат қилиб келтириб бўлмайди. Чунки бошқа ривоятлар ўша чўрининг кимлиги, ҳожасининг исми ва бошқа жиҳатларида катта фарқлар билан нақл қилинган.
🔹Иккинчидан: Айнан салафийлар далил қиладиган лафз ҳам тўртта саҳиҳ манбада тўрт хил зикр қилинган. Имом Аҳмаднинг ривоятида юқоридаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Аллоҳ қаерда?”, деган саволлари ўрнида ўша чўрига қарата: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?”, деганлари зикр қилинган (Аллома Нуруддин ал-Ҳайсамий “Мажмауз завоид”да саҳиҳ эканини таъкидлаган).
Имом Насоийнинг ривоятида эса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Роббинг ким?”, деганлари, у: “Аллоҳ” деб жавоб бергани, ривоят қилинган.
Имом Молик Муваттода Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ р.а.дан саҳиҳ санад билан келтирилган бошқа ривоятда ҳам: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у чўрига:
«أَتَشْهَدِينَ أنْ لَا إلـٰهَ إلَّا الله؟»
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?”, деганлар.
Аҳли сунна уламолари ушбу ривоятлардан энг мўътабари “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?”, деган ривоятдир. Чунки кишининг мўмин эканини аниқлаш Аллоҳнинг қаердалигини сўраш билан эмас, балки У Зотнинг ваҳдониятига имон келтирганини сўраш билан аниқланиши маълум ва машҳур. Агар “Аллоҳ осмонда” деган сўз иймонга далил бўлса, бугунги кунда Ҳудо осмонда деб эътиқод қиладиган ғайридинларни ҳам мусулмонлар дейилиши лозим бўлиб қолади.
🔹Учинчидан: “Аллоҳ қаерда?” деган саволнинг маъноси, Аллоҳ таолонинг улуғворлиги, олийлиги ва қадрининг буюклиги тўғрисида эътиқодинг қандай?, деб тушуниш ҳим мумкин. Чунки араб тилида (ҳатто ўзимизнинг она тилимизда ҳам) баъзан “қаерда?” деган савол “мавқе, мартаба, қадр-қиммат” тўғрисидаги савол учун ҳам ишлатилади. Масалан: “Тупроқ қайдаю, юлдуз қайда?!” дейилади. Яъни, бу билан юлдузнинг мавқеъи туброқдан анча баланд экани назарда тутилади. Икки шахс ўртасидаги фарқга “Иккисини ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор”, дейилади. Бу билан мавқеъ, қадр қиммат назарда тутилади. Ҳаргиз бунда макон, жойлашилган ўрин назарда тутилмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз – Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. У зот замонлару маконлар йўқ пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”,- деймиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

Манзилимиз: ➡️ @solihlar_yoli
ЭЪТИҚОДИЙ МАСАЛАЛАРДА ШУБҲА БИЛАН ЮРИШ МУМКИНМИ?
#ақида

267-CАВОЛ: Мусулмон кишининг кўнглида ақида масаласида шубҳа пайдо бўлса нима қилиши керак?

💬 ЖАВОБ: Мусулмон кишининг кўнглида ақида бобида ёки диннинг муҳим масалалари тўғрисида шубҳа ўйғонса, қуйидаги ишларни амалга ошириши лозим бўлади:
🔹 Умумийликка кўра Аллоҳ таолонинг наздида тўғри бўлганига имон келтиради. Яъни: “Аллоҳ таолодан келган барча ҳукмларга Аллоҳ хоҳлагани каби имон келтирдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан келган барча ҳукмларга У зот ирода қилганларидек имон келтирдим, ислом шариатига имон келтирдим ва уни тасдиқ қилдим, исломга зид бўлган барча динлардан узоқ бўлдим”, – дейди.
🔹 Ўзи шубҳа қилган масаланинг тафсилотини сўраш учун уламолардан бирини излайди.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қалбда пайдо бўлган эътиқод масаласига тегишли шубҳани кетказиш вожиблиги ва уни ҳал қилишдан тўхтаб туриб бўлмаслиги тўғрисида қаттиқ огоҳлантирганлар. Чунки бу ишни пайсалга солиш дин ҳақида шак қилишга олиб келади. Шак қилиш эса қатъий ишонч устига бино бўлган ақидага зид бўлгани учун шариатни инкор қилиш ҳукмида бўлади. Бу ҳақда Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:
وإذا أشكلَ على الإنسانِ شىءٌ مِنْ دقَاِئِق علمِ التوحيدِ فينبغِي لهُ أنْ يعتَقِدَ في الحالِ ما هوَ الصوابُ عندَ اللهِ تعالى، إلى أنْ يجِدَ عالـمًا فيسألُهُ، ولا يسعُهُ تأخيرُ الطَلَبِ، ولا يُعْذَرُ بالوقفِ فيهِ، ويَكفُرُ إنْ وَقَفَ
яъни: “Инсонга тавҳид (эътиқод) илмининг нозик масалаларида бирор нарса тушунарсиз бўлиб қолса, ўша заҳотиёқ, токи масалани сўраб, ўрганадиган бир олим топгунича Аллоҳ таолонинг наздида тўғри бўлганига эътиқод қилади. Жавоб излашни кечиктириши мумкин эмас. Тўхтаб туришга узр йўқ. Шубҳаларида тўхтаб қолса, куфрга кетади”.
Бунинг маъноси, масалан бир кишига Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари ҳақида бирор масала тушунарсиз бўлса, унга мушкил бўлган масалани ечадиган етук олимни излаши вожиб бўлади. Агар мушкил масалани сўрашдан бепарво бўлса, гуноҳга қолади. Чунки кечиктириш қалбда шакни зиёда қилади. Шунинг учун киши сўраб билишдан тўхтаса ва бу сусткашлиги унинг қалбида шак-шубҳа маҳкам ўрнашишига олиб келса, дарҳақиқат, бепарволик сабабли куфрга тушади. Вожиб бўлган илмни талаб қилмагани учун маломатга қолади. Унинг ҳолати Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтганидек бўлади:
إِنَّ اللَّهَ لَا يَظْلِمُ النَّاسَ شَيْئًا وَلَكِنَّ النَّاسَ أَنْفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ
яъни: “Албатта, Аллоҳ одамларга бирор нарсада зулм (ноҳақлик) қилмайди. Лекин одамлар ўзларига зулм қиладилар” (Юнус сураси 44-оят).
وَاللَّهُ يَهْدِي مَنْ يَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ
яъни: “Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни тўғри йўлга йўллагай” (Бақара сураси 213-оят).
Тавфиқ Аллоҳдандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
@diniysavollar

Савол йўллаш
🌐 http://savollar.muslim.uz
📲 @SavollarMuslimUzBot
Манзилимиз: ➡️ @solihlar_yoli