"ШАҲОБИДДИН БОБО" масжиди
4.94K subscribers
24.5K photos
5.59K videos
25 files
34.3K links
Хоразм вилояти Урганч туманидаги "Ҳазрати Шаҳобиддин бобо" масжидининг дийний-маърифий канали.
Download Telegram
#Намоз_аҳкомлари
НАМОЗНИНГ КАЙФИЯТИ ҲАҚИДА 2

13) Ҳибс қилинган киши фақатгина нажосатли кийим топса ёки авратини тўсишга кифоя қилмайдиган кийим топган бўлса, унинг ҳукми нима?
У ўша нажосат ёки авратини тўсишга кифоя қилмайдиган кийими билан намоз ўқийди. Унга намозини қайта ўқиш вожиб эмас. Шунингдек, кийим топа олмаган ҳам яланғоч ҳолда ўтириб, рукуъ ва саждасини имо-ишора қилиб намоз ўқийди. Унга ҳам намозини қайта ўқиш вожиб эмас.

14) Бир киши мусофир бўлса ва қайси тараф қибла эканини билмаса, қай ҳолда намоз ўқийди?
Унга қиблани биладиган кишидан сўраши вожиб бўлади. Агар қиблани биладиган киши бўлмаса, фикри билан (кундузи бўлса қуёш ҳаракатига қараб, агар тун бўлса юлдузларга қараб) тиришиб қиблани қасд қилади. Қиблани биладиган кишидан сўраш, ўз фикри билан бирор томонни қасд қилишдан олдин туради. Агар бир киши қиблани сўраб намоз ўқиса, кейин қибла бошқа томонда экани маълум бўлса, ўқиган намози дуруст бўлади. Шунингдек, қибла томонни қасд қилиб намоз ўқиса, кейин хато қилгани маълум бўлса, бу ўқиган намози ҳам дуруст бўлади. Агар намоз ўқиб турган ҳолида қиблага нотўғри юзланганини гумон қилса ёки қиблани топишда хато қилганини билиб қолса, намозини бузмасдан қибла томонга ўгирилиб олади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида саҳобалар Қубо масжидида намоз ўқиётган пайтида қибла Байтул Мақдисдан Каъба томонга ўзгарган, ўшанда намоз ичида Каъба томонга ўгирилиб олишган.

15) Бир киши беморлик ёки душмандан хавф бўлгани учун бирор жойни қўриқлаётгани сабабли қиблага юзланишдан ожиз бўлса, қандай қилиб қиблага юзланади?
Юзланиб турган (қодир бўлган) томонига қараб намоз ўқийверади. Шунингдек, мусофир киши ҳам душман ёки бирор зарарли ҳайвон чиқиб қолишидан қўрқса, юзланиб турган (қодир бўлган) томонига қараб намоз ўқийверади.

16) Бир киши намоз вақти киришидан олдин фарз намозини ўқиса, намози дуруст бўладими?
Йўқ, унинг намози дуруст бўлмайди. Унинг бу намози нафл намозга айланиб қолади. Ўша фарз намози унинг зиммасида қолади. Бир киши узрсиз фарз намозини вақтидан кечиктирса, гуноҳкор бўлади ва унга намознинг қазосини ўқиш лозим бўлади.

17) Фарз, вожиб ва нафл намозлари учун ният қилишда нима шарт қилинади?
Намозхон зеҳнида фарз ёки вожибни, яъни бомдод ёки аср намозини деб тайин қилади. Ракъатларнинг сонини тайин қилиш шарт эмас. Агар нафл намозини ўқишни хоҳласа, зеҳнида пешин ёки асрнинг суннати дея тайин қилмасдан, намоз ўқишнигина қасд қилишининг ўзи кифоя қилади.
Изоҳ: суннат намозлари нафл намозларига ўхшайди.

18) Фарз ёки вожиб намознинг нияти қачон қилинади?
Такбири таҳримадан олдин ёки уни айтиш асносида (тили билан такбир айтиш билан бирга, зеҳнида фарз ёки вожиб намозини) ният қилади. Бир киши кайси намозлигини қасд қилмасдан, мутлақ намозни қасд (ният) қилиб намозга турса, сўнг такбири таҳримадан кейин намозни фалон намознинг фарзи ёки қазоси ёки Витр намози деб қасд қилиш кераклиги эсига тушса, намози нафл намоз бўлади. Чунки фарз ва вожиб намозларни тайин қилиш шарт эди. Бир киши фарз намозига ният қилишни унутиб, мутлақо ният қилмасдан такбири таҳримани айтиб қўйса, шу жойида намозни (ният қилиб) такбири таҳримани қайта айтади ва намози дуруст бўлади. Чунки ният қилмасдан такбири таҳримани айтган киши намозга кирмаган ҳисобланади. Чунки ниятсиз айтилган такбир ўтмайди.

19) Ният бевосита такбири таҳримадан олдин бўлиши шартми?
Ҳа, ният бевосита такбири таҳримадан олдин бўлиши шарт.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан
🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo
#Намоз_аҳкомлари
НАМОЗНИНГ КАЙФИЯТИ ҲАҚИДА 3

20) Бир киши қалби билан аср
намозини қасд қилса-ю тили билан хато қилиб, пешинни ният қилдим деса, намози дуруст бўладими?
Ҳа, унинг намози дуруст бўлади, чунки унинг сўзи нутқ ҳисобланади, ният ҳисобланмайди. Қалбдаги ният эътиборга олинади. Шунингдек, ракъатнинг сонида хато қилса ҳам, намози дуруст бўлади. Чунки ниятда намознинг адади шарт эмас. Яъни намознинг номини тайин қилишнинг ўзи билан ният дуруст бўлади. Лекин намознинг ададини айтиб тўлиқ ният қилиш афзал.

21) Бир киши фарзни ният қилса-ю сўнг ўзини суннат намозида деб ўйлаб, шу асосда намозини тугатиб, фарзга ният қилиб фарзни ўқиганлигини эсласа, у намознинг ҳукми нима бўлади?
Унинг бу намози фарз намозига ўтади, уни қайта ўқиш лозим бўлмайди. Шунингдек, бир киши фарз намозининг вақтида фарз намозига киришгандан кейин, уни суннатга айлантириш зеҳнига келиб қолса, у суннатга айланмайди. Фарзга ўтади. Намозни аввалидаги ният эътиборга олинади.

22) Қазо нияти билан адо (вақтида ўқиладиган намоз) ёки адо нияти билан қазо дуруст бўладими?
Ҳа, бир киши ҳали пешин намозининг вақти чиқиб кетмаган деган гумон билан пешинни адо деб ният қилса, сўнг пешинни вақти чиқиб кетганлиги маълум бўлса, намози дуруст бўлади ва у қазога ўтади. Шунингдек, унинг аксида ҳам намоз дуруст бўлади. Бир киши пешин намозининг вақти чиқиб кетган деб гумон қилиб, пешинни қазо деб ният қилса, сўнг пешиннинг вақти чиқиб кетмаганлиги маълум бўлса, намози дуруст бўлади ва у адо (ўз вақтида ўқилган) намозга ўтади.

23) Зиммасида кўп қазо намозлари бўлган киши уларнинг қазосини ўқишни хоҳласа, ниятнинг шакли қанақа бўлади?
Қазо деб, фарз намозининг турини тайин қилади. Мисол учун, пешинни ёки асрни деб тайин қилади.

24) Икки нафл намозни биргаликда ният қилган кишининг ҳукми нима бўлади.
У иккита нафл намоз ўрнига ўтади.

25) Агар аёллар ҳам имомга иқтидо қилса, имом намозида аёлларга ҳам имом бўлганлигини ният қилиши зиммасига вожиб бўладими?
Ҳа, аёлларнинг имомга иқтидо қилиши дуруст бўлиши учун Имом намозида аёлларга ҳам имом бўлганлигини ният қилиши вожиб бўлади. Фақат эркак кишилар имомга иқтидо қилганда имом намозида эркакларга имом бўлганлигини ният қилиши вожиб эмас.

26) Намозда имомга иқтидо қилган киши учун қироат қилиш вожибми?
Намозда имомга иқтидо қилган киши учун қироат қилиш йўқдир, жаҳрий намоз бўладими ёки махфий намоз бўладими фарқи йўқ. Лекин махфий намозда намоз ўқувчи зеҳни (фикри) сочилиб кетишидан қўрқса, қалбида ёки зеҳнида Фотиҳа сурасини айлантириб турса зарари йўқ, лекин тили билан қироат қилмайди. Чунки имомнинг қироати иқтидо қилувчи учун ҳам қироатдир.

27) Жаҳрий намозда имом қироатни жаҳрий қилиши вожибми?
Ҳа, жаҳрий намозда имом қироатни жаҳрий қилиши вожиб. Лекин имом «аъузу» ва «бисмиллаҳни» жаҳрий қилмайди.

28) Намоздаги қайси ҳолатларда аёл эркакдан фарқ қилади.
1. Аёл намознинг бошидаги таҳрима такбирида икки қўлини эркаклар каби икки қулоқлари баробарига кўтармайди. Балки икки қўлини икки елкаси баробарида кўтаради ва бармоқларини бир-бирига ёпиштиради.
2. Аёл қиёмда икки қўлини ҳалқа қилиб тутамламасдан ўнг қўлини чап қўли устига оддий ҳолда қўйиб, кўкраги узра қўяди.
3. Аёл саждада икки тирсагини биқинидан узоқ тутмайди, балки ёпиштиради. У саждада қимтиниб энгашади. Рукуъда орқасини тўғри тутмайди. Балки букчайтириб туради.
4. Аёл қаъдада эркакларга ўхшаб қадами(оёғи)ни тик тутмайди. Икки оёғини ўнг томондан чиқариб думбаси узра ўтиради.

"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан.

🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo
#Намоз_аҳкомлари
НАМОЗНИНГ РУКНЛАРИ

29) Намознинг рукнлари нечта?
Намознинг рукнлари олтита.

1. Такбири таҳрима.
Такбири таҳрима дегани ҳаром қилиш такбири деганидир. Чунки бу такбир ўзидан кейин то намоз тугагунча намоз ўқувчига намозга тегишли бўлмаган ишлар билан машғул бўлишни ҳаром қилади.
Такбири таҳриманинг шартлари:
А) Такбири таҳрима Аллоҳни улуғлашга далолат қиладиган холис зикр билан бўлмоғи. Мисол учун, Аллоҳу акбар деган лафз. Истиғфор ва бисмиллаҳ Аллоҳни улуғлашга далолат қиладиган холис зикр ҳисобланмайди. Шунинг учун у иккиси билан намозга киришиш дуруст бўлмайди. Чунки истиғфор дуодир, бисмиллаҳ дейиш Аллоҳдан ёрдам сўрашдир.
Б) Такбири таҳрима тўлиқ қиём (тик) ҳолда айтилиши. Агар такбири таҳриманинг бирор ҳарфи рукуъ ҳолатида айтилса ҳам, у такбири таҳримага ўтмайди. Унинг намози боғланмайди.
В) Такбири таҳримани ўзи эшитадиган даражада талаффуз қилиб айтади. Баъзи ҳарфларини эшитмай қолса, зарар қилмайди. Бир киши соқов ёки талаффуз қила олмайдиган даражада касал бўлса, тилини ҳаракатлантиради ёки намозни ният қилиш билан кифояланади.

2. Қиём.
Фарз ва вожиб намозларда қиём (тик туриш)га қодир бўлса, туриб намоз ўқийди. Бир киши бемор бўлса, ўтириб ёки ёнбошлаб намоз ўқийди. Агар намозни туриб ўқиш асносида боши айланиб тик туришга қодир бўлмайдиган даражада боши айланса, намозини ўтирган ҳолда давом эттиради. Агар намозхоннинг бош айланиши кетса-ю, намознинг бир неча ракъати қолган бўлса, у намозини тик турган ҳолда тугатади. Намоз ўқувчи учун суннат ва нафл намозларини узрсиз ҳам ўтирган ҳолда ўқиш жоиз. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, унга тик туриб намоз ўқувчи савобининг ярми берилади. Вожиб намозлари, яъни назр ва витр намозлари бу борада фарз намози кабидир.

3. Қироат.
Фарз намозларининг аввалги икки ракъатида, витр ва нафл намозларининг барча ракъатида Қуръондан қироат қилиш фарз. Фарз намозларининг учинчи ва тўртинчи ракъатларида қироат қилиш фарз эмас.
Намозда фарзга кифоя қиладиган қироатнинг энг ози Қуръондан бироз бўлса ҳам ўқиш. Лекин унинг ўзи билан чекланиб Фотиҳа сурасини қироат қилмаслик ёки Фотиҳани қироат қилиб Қуръоннинг бошқа жойидан бироз қироат қилмаслик макруҳи таҳримийдир. Чунки Фотиҳани қироат қилиш ва Қуръондан бир узун ёки уч қисқа оят қироат қилишнинг ҳар иккиси намознинг вожибларидандир. Бир киши соқов ёки талаффуз қила олмайдиган даражада бемор бўлса, Қуръонни қалбидан ўтказади. Имомга иқтидо қилган киши қироат қилмайди, чунки имомнинг қироати унга кифоя қилади.

4. Рукуъ.
Ҳар бир ракъатда рукуъ қилиш. Рукуъ энгашиб икки кафтини икки тиззаси устига қўйиш. Рукуъ ҳолатида энг камида икки қўлини чўзганда тиззасига етадиган бўлиши лозим. Кимнинг орқасида эгиклик ёки букрилик бўлиб, икки қўли тиззасига етадиган даражада бўлса, у кўпроқ энгашиб рукуъ қилади ёки боши билан имо қилиб рукуъ қилади.

5. Сажда.
Ҳар бир ракъатда икки марта сажда қилмоқ. Сажда собит бўладиган ҳолатнинг энг ози пешонасини ерга қўймоқ. Агар бир киши бир ракъатда бир марта сажда қилиб, иккинчи саждани тарк қилса, кейинги ракъатда уни ҳам қўшиб қилиб қўяди. Агар кейинги ракъатлардан бирида ҳам уни қилиб қўймаса, намози ўтмайди. Қайта ўқиш лозим бўлади.

6. Қаъда.
Намознинг охирида ташаҳҳуд миқдорича ўтириш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Масъуд разияллоҳу анҳуга ташаҳҳудни таълим берган вақтда: «Агар буни қилсанг ёки ўқисанг, намозинг тугал бўлган бўлади», деганлар.
Биз зикр қилган бу рукнлар намоз дуруст бўлишининг асосий рукнларидир. У рукнлар намознинг ичида бўлиб, намоз ўқувчи улардан бирини узрсиз тарк қилса, намози фосид бўлади.

"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан.

🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo
#Намоз_аҳкомлари
30) Намознинг вожиблари қайсилар?

1. Такбири таҳрима «Аллоҳу акбар» лафзи билан айтилмоғи.
Намоз ўқувчи унутса ёки хатога йўл қўйиб «Аллоҳу аъзам» деса, қарайди, агар намознинг аввалида билиб қолса, такбир («Аллоҳу акбар»)ни қайта айтади. Агар намознинг аввалида сезиб қолмаса, намозни давом эттиради ва охирида саҳв саждасини қилади.

2. Фарз намозларининг аввалги икки ракъатида, суннат, нафл ва Витр намозларининг барча ракъатларида Фотиҳа сурасини қироат қилиш. Фарз намозларининг кейинги икки ракъатида Фотиҳани қироат қилиш суннат ёки мустаҳабдир.
Суннат, нафл ва витр намозларининг барча ракъатида Фотиҳа ва бир сура ёки узун бўлса бир оят ёки қисқа бўлса уч оят қироат қилиш вожибдир. Чунки нафл ва суннат намозларининг ҳар икки ракъати мустақил бир намоз. Нафл ва суннат намозларининг ҳар бир жуфтлигининг икки ракъатида ҳам қироат қилиш лозим бўлади. Нафл намозларида учинчи ракъатга туриш кейинги икки ракъат учун янги такбири таҳриманинг ўрнига ўтади. Шунинг учун нафл намозларида кейинги икки ракъат фосид бўлса, аввалги икки ракъат фосид бўлмайди.

3. Намознинг қироатини тартиб билан қилиш. Аввал Фотиҳани кейин бирор сурани ёки Қуръондан муяссар бўлганини қироат қилади. Агар намоз ўқувчи Фотиҳани унутса ёки Фотиҳадан олдин тилига бир қисқа сура келиб қолса, қиёмда турган ҳолида яна Фотиҳадан кейин сурани қайтадан қироат қилиб, кейин рукуъ қилиб намозини тугатади ва охирида саҳв саждасини қилади.

4. Фарз намозининг аввалги икки ракъатида, суннат ва нафл намозларининг барча ракъатида Фотиҳадан кейин Қуръондан қироат қилиш. Унинг ози бир узун ёки уч қисқа оятдир.

5. Пешона билан сажда қилиш билан бирга бурун билан ҳам сажда қилиш. Саждада пешонани қўйиш фарз, қодир бўлган киши учун саждада бурунни қўйиш вожибдир.

6. Икки ракъатдан кўп бўлган намозда аввалги қаъдада ўтириш. Уни унутиб тарк қилган киши саҳв саждасини қилади.

7. Аввалги ва охирги қаъдада ташаҳҳудни ўқиш.

8. Икки ракъатдан кўп бўлган
намозда биринчи қаъдада ташаҳҳудни ўқигандан кейин кечиктирмасдан учинчи ракъатга туриш. Агар ғафлатда қолиб, унутган ҳолда Иброҳимия салавотини ўқиб қўйса ёки учинчи ракъатга туришни бир рукнни адо қиладиган вақтчалик кечиктирса, саҳв саждасини қилади. Бир рукнни адо қиладиган вақт уч марта тасбиҳ айтганчалик вақтдир.

9. Намозни салом билан тугатиш. Яъни, намоздан салом лафзи билан чиқиш.

10. Рукуъ ва сажда каби намознинг фарзларини бажаришда ором олиш.

11. Намознинг рукнларини мўътадил бажариш.
Рукуъдан турганда қоматини тик тутиб туриш. Рукуъда ором олиш. Икки сажда орасида ўтириб, ором олиш. Мазҳабдаги машҳур гапга кўра, намознинг рукнларини мўътадил бажариш суннатдир. Шунинг учун уни тарк қилганлиги сабабли саҳв саждаси вожиб бўлмайди.

"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан.

🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo
#Намоз_аҳкомлари
30) Намознинг вожиблари қайсилар? 2

12. Имом учун жаҳрий намозларни жаҳрий ва махфий намозларни махфий қилиш.
Имом бомдоднинг икки ракъат фарзи, шом ва хуфтон намозларининг аввалги икки ракъатининг қироатини жаҳрий қилади. Бошқа намозларнинг қироатини эса махфий қилади.
Бир киши ёлғиз ўзи намоз ўқиса, жаҳрий намозда ихтиёрлидир, хоҳласа жаҳрий ўқийди, хоҳласа махфий ўқийди.
Агар имом эсдан чиқариб, бир узун ёки уч қисқа оятни махфий қироатда жаҳрий ёки жаҳрий қироатда махфий ўқиса саҳв саждаси лозим бўлади.
Бир киши кундузида нафл намоз ўқиса, махфий ўқийди. Агар тунда нафл намоз ўқиса, ихтиёрлидир. Тунги нафл намозларни ухлаган кишини уйғотмайдиган, уйғоқ киши эшитадиган даражада ўқиш яхшидир.
Фарз намозларидан олдин ёки кейин ўқиладиган ротиба суннатлар махфий ўқилади. Мисол учун, бомдод намози ва бошқа намозларнинг суннати махфий ўқилади.

13. Имомга иқтидо қилувчига ўз имомининг орқасида уни тинглаб жим туриш ва Қуръондан ҳеч нарса қироат қилмаслиги вожиб бўлади. Намоз махфий бўладими ёки жаҳрий бўладими фарқи йўқ. Лекин махфий намозда фикри сочилишдан қўрқса, Қуръон маънолари ҳақида фикр юритишнинг зарари йўқ.

14. Имомга иқтидо қилган киши учун ўз имомига эргашиш вожиб бўлади. У намоз амалларида имомдан кечикмайди ва ўзиб ҳам кетмайди.

15. Витр намозида Қунут дуосини ўқиш ва такбир айтиш. Яъни, учинчи ракъатда Фотиҳа ва бир сура ўқигандан кейин такбири таҳримадаги каби такбир айтиб, ундан сўнг Қунут дуосини ўқиш вожиб.
Вожибнамоз ўқувчининг зиммасига бажариш лозим бўлган амал бўлиб, уни қилган киши савоб топади. Уни унутиб ёки хато қилиб тарк қилган киши ушбу нуқсонни тўлдириш учун саҳв саждасини қилади. Намоз ўқувчи бир вожиб амални узрсиз қасддан тарк қилса, гуноҳкор бўлади ва агар намознинг вақти чиқиб кетмаган бўлса, намозни қайта ўқиши вожиб бўлади. Агар намозни қайта ўқимаса ва вақти чиқиб кетса, унинг намози макруҳи таҳримий бўлиш билан бирга дуруст бўлади (ўтади). Ундан қазосини ўқиш талаб қилинмайди. Бу камчиликни қасддан қилгани учун гуноҳкор бўлади.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан
🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo
#Намоз_аҳкомлари
31. НАМОЗНИНГ СУННАТЛАРИ НИМАЛАР? 1

1. Намоз ўқувчи такбири таҳрима айтиш пайтида икки қўл бармоқларининг орасини ўз ҳолича, одатдагидек бироз очиб қиблага юзлантирган ҳолда икки бош бармоғини икки қулоғининг юмшоқлари баробарида кўтаради. Қўлни кўтаришнинг миқдори белгиси сифатида икки бош бармоғини икки қулоғининг юмшоқларига теккизиш мустаҳабдир. Сўнг «Аллоҳу акбар» дейди ва икки қўлини оҳиста туширади.

2. Намоз ўқувчи қиём пайтида ўнг кафтининг ичини чап кафтининг орқасига қўйган ҳолда ўнг қўлни чап қўлининг устига қўяди. Ўнг қўлини бош ва жимжилоқ бармоғи билан чап қўлининг билак чиғаноғини ва бўғимини тутамлаб ушлайди.
Эркак киши икки қўлини киндик остига кўяди. Аёл киши эса ўнг кафтининг ичини чап кафтининг орқасига қўйиб кўкрагининг устига қўяди.

3. Мустаҳкам туриш учун икки оёғининг орасини тўрт бармоқ миқдорича тутади. Агар оёқлари орасини тўрт бармоқ миқдорича тутганда мувозанатни яхши сақлаб турмайдиган бўлса, унда бироз кенгроқ қилиб мўътадил, яъни қийналмасдан турадиган миқдорда тутиб туриши мумкин. Лекин оёқлар орасини жуда катта очиб, тўпиғини ёнидаги кишиларнинг тўпиғига теккизмайди. Чунки намозда елка елкага тегиши зикр қилинган. Агар тўпиқ тўпиққа тегиб турса, елка елкага тегмай қолади.

4. Ҳар бир намознинг бошида ифтитоҳ (бошланиш) дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқиш.
  Жаҳрий намозда имом қироат қилиб турганда бир киши келиб имомга иқтидо қилса, ифтитоҳ (яъни, субҳанакаллоҳумма) дуосини ўқимайди. Имомнинг қироатини тинглаб, жим туради. Чунки қироатни тинглаб, жим туриш вожиб ва ифтитоҳни ўқиш эса суннатдир.

5. Фақат аввалги ракъатда Фотиҳадан олдин тааввуз (Аъузу биллаҳ)ни ва барча ракъатда тасмия (бисмиллаҳир роҳманир роҳим)ни айтиш. Бу иккиси жаҳрий намозда ҳам, махфий намозда ҳам махфий айтилади.
Фотиҳадан кейин зам сурадан олдин тасмия (бисмиллаҳир роҳманир роҳим) айтилмайди. Чунки Фотиҳадан олдинги тасмия (бисмиллаҳир роҳманир роҳим) Фотиҳа ва ундан ундан кейинги Қуръоннинг тасмиясидир.

6. Фотиҳадан кейин имом ҳам, иқтидо қилувчи ҳам аминни махфий айтиши.

7. Рукуъ қилиши билан «Аллоҳу акбар» деб такбир айтиш. Рукуъда икки қўл бармоқларининг орасини кенг очиб икки қўлини икки тиззаси узра қўяди. Икки қўлини тўғри қилади. Яъни, тирсакларини букмайди. Рукуъ ҳолатида боши билан орқасини бир хил текис тутади. Бошини пастлатмайди ва юқори кўтармайди ҳам. Рукуъда «Субҳана Роббиял ъазим»ни камида уч марта айтади. Тоқ қилиб беш ёки етти марта айтса ҳам бўлади.
  Рукуъдан турганда тик туриб бироз ором олиш вожиб бўлади. Рукуъдан туришда «Самиъ Аллоҳу лиман ҳамидаҳ» (Аллоҳ Ўзига ҳамд айтганларни эшитади) «Роббанаа лакал ҳамд» (Роббимиз, Сенга ҳамд бўлсин) дейди. Агар жамоат билан ўқиладиган намоз бўлса имом «Самиъ Аллоҳу лиман ҳамидаҳ», иқтидо қилувчи эса «Роббанаа лакал ҳамд» дейди.

8. Саждага боришни бошлаши билан «Аллоҳу акбар» деб такбир айтиш. Ерга яқин аъзолари узра сажда қилади. Аввал икки тиззаси, сўнг икки қўли, сўнг пешона ва бурни тушади. Етти суяк (аъзо) узра сажда қилади. Улар: юз (пешона ва бурун), икки қўл, икки тизза, икки қадам. Саждада эркак киши икки тирсагини икки биқинидан узоқ тутмоғи, шунингдек, қорнини икки сонидан узоқ тутмоғи. Аёллар эса унинг аксини қилади. Улар икки тирсагини икки биқинига ва қорнини икки сонига ёпиштириб, ерга ёпишиброқ сажда қилади. Саждада «Субҳана Роббиял ъалаа»ни камида уч марта айтади.

9. Биринчи саждадан бошини кўтариб, ўтириш учун такбир айтмоқ. Икки сажда орасида ўтирганда бироз ором олади. У вожибдир. Икки сажда орасида ўтириш ташаҳҳудда ўтириш ҳолати каби бўлади.

10. Иккинчи саждадан қиёмга туриш учун такбир айтиш. Саждадан туришда аввал бошини, кейин икки қўлни, сўнг икки тиззасини кўтариб, оёғининг учлари билан, куч бериб туриш. Агар қувватсиз ёки кекса ёшли бўлса, қўллари билан ерга суяниб туради.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан

🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo
#Намоз_аҳкомлари
31. НАМОЗНИНГ СУННАТЛАРИ НИМАЛАР? 2

11. Иккинчи ракъатнинг иккинчи саждасидан кўтарилиб, биринчи қаъда учун такбир айтиш суннат. Чап оёғини тўшаб, унинг устида ўтириб, ўнг оёғининг бармоқларини қиблага юзлантирган ҳолда тик тутиш суннат. Бу ўтиришни фақиҳлар «ифтирош» деб атайди. Қаъдада намозхон икки қўлини бармоқларининг орасини катта очмасдан ва бир-бирига ёпиштирмасдан одатдагидек тутган ҳолда икки сони устига қўйиши суннат. Қўл бармоқларининг учи соннинг тугаши ва тизза олдида туради. Тизза устига тушмайди. Бу эркакларга хос ўтириш. Аёллар эса думбаси узра ўтириб икки оёғини ўнг томондан чиқаради. Бу ўтиришни фақиҳлар «таваррук» деб атайди.

12. Икки шаҳодат (Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу)ни ўқийдиган пайтда ўнг қўлининг бармоқларини ёпиб, саббоба (кўрсатгич) бармоғини ёйиб, нафий (лаа)ни айтганда кўтариб, исбот (илла)ни айтганда туширади.

13. Охирги қаъдада ўтириш ҳам аввалги қаъдадаги ўтириш каби бўлади. Охирги қаъдада иброҳимия салавотлари қўшиб ўқилади.
  Салавотлар: Аллоҳумма солли аълаа Муҳаммад ва аълаа аали Муҳаммад. Камаа соллайта аълаа Иброҳима ва аълаа аали Иброҳима иннака ҳамидум-мажийд. Аллоҳумма барик аълаа Муҳаммад ва аълаа аали Муҳаммад. Камаа барокта аълаа Иброҳима ва аълаа аали Иброҳима иннака ҳамидум-мажийд.
  Мулоҳаза: баъзи уламолар «саййидина» сўзини ҳам қўшган. Лекин уни қўшмаслик авлодир. Агар қўшса ҳам зарари йўқ.
  Иброҳимия салавотларини ўқигандан сўнг суннатда ривоят қилинган дуолардан ўқиб, сўнг салом бериш. Аввал ўнг, сўнгра чап томонга аниқ ва равшан бурилиб салом бериш лозимдир.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан

🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo
#Намоз_аҳкомлари
32) Намознинг одоблари нималар?

1. Муаззин иқомада «ҳаййа аълас-солаҳ» деган пайтда сафни текислаш ва намозга ҳозирланиш учун ўрнидан туриш.

2. Эътиборсиз ва хаёлпаришон бўлмаслик. У ён-бу ёнга қарамаслик ёки шу каби бошқа ҳолатларни амалга оширмаслик. Қиём ҳолатида саждагоҳга, рукуъ ҳолатида оёқларига, ўтирган ҳолатда кўкси ва бағрига, ўнг-у чапга салом берганда ўнг ва чап елкасига қараб турмоқ.

3. Эснагиси келса, имкони борича уни қайтариш. Агар қайтаришга қудрати етмаса, енги ёки қўлининг орқаси билан оғзини ёпмоқ.

4. Пайдо бўлган йўтални бақадри тоқат қайтариш.

5. Ўқийдиган оят, салавот, дуо ва намозда бажарадиган бошқа амаларга зеҳнини қаратмоқ.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан

🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo
#Намоз_аҳкомлари
33) Намоздан кейин айтиладиган, суннатда ворид бўлган зикрлар қайсилар?

  Улар кўп бўлиб, муҳимлари ушбулардир:
1. «Астағфируллоҳ» деб уч марта, ундан кейин «Аллоҳумма антас салаам ва минкас-салаам. Табарокта йаа зал жалаали вал икром», дейилади.

2. Оятал курсийни ўқимоқ.

3. Ўттиз уч марта «Субҳаaнaллоҳ» деб тасбиҳ айтмоқ. Ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ» деб ҳамд айтмоқ. Ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар» деб такбир такбир айтмоқ.
Юзинчисида «лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аълаа кулли шай-ин қодиир.
  Аллоҳумма лаа мааниаъ лимаа аътойта ва лаа муътийа лимаа манаъта ва лаа манфауъ зал жадди минкал жадду»
, дейиш.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан

🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo
#Намоз_аҳкомлари
34) Намозни фосид қилувчи (бузувчи) амаллар қайсилар? 1

  1. Намоз ичида таҳоратни қасддан синдириш намозни бузади. Таҳоратни бузадиган барча нарса намозни бузади. Лекин намоз ўқувчига кутилмаганда тўсатдан бетаҳоратлик етса, мисол учун, қайт қилса ёки бурни қонаса, ёки қасдсиз ел чиқиб кетса, намозидан чиқиб, янги таҳорат қилиб келиб, олдинги намозининг келган жойидан давом эттиради. Лекин шу аснода гапирмаган ва эҳтиёжидан ташқари бирор иш қилмаган бўлиши шарт. Лекин таҳоратдан кейин намозини янгидан бошлаб қайтадан ўқиш афзалдир.

  2. Нажосат пайдо бўлиши.
Намозхоннинг бадани ёки кийимига суюқ ёки бадан ва кийимни ҳўл қиладиган кўп нажосат тушса, унинг намози фосид бўлади. Агар нажосат қаттиқ бўлиб, намоз ўқувчи зудлик билан уни олиб ташласа, намози дуруст бўлади. Агар кўп миқдордаги нажосат намоз ўқувчининг бадани ёки кийимида бир рукн миқдоричалик вақт қолиб кетса, унинг намози фосид бўлади. Бир рукн миқдоричалик вақт уч тасбиҳ айтгунчалик вақт билан белгиланган.
  Бир киши намоз ўқиётганда ёш фарзанди бағрида бўлса, унинг зарари йўқ. Гарчи унинг кийими нажас бўлса ҳам. Чунки болалар кўпинча нажосатли бўлади.
  Бир киши намоз ўқиб бўлганидан кейин кийим ёки баданида кўп миқдордаги нажосат борлигини билса ва у қачон пайдо бўлганини билмаса гумонининг ғолибига амал қилади. Агар гумонида нажосат билан намоз ўқиганлиги ғолиб келса, намози фосид бўлади. Агар нажосат намоздан кейин пайдо бўлгани гумонига ғолиб келса, намози дуруст бўлади ва намозни қайта ўқиш зиммасига лозим бўлмайди.
  Бир киши бошқа бир киши намозини ўқиб бўлганидан кейин унинг кийими ёки баданида намозни ман қиладиган даражада нажосат борлигини кўрса, агар у намозни албатта қайта ўқийди деб гумон қилса, уни хабардор қилади. Агар у намозни албатта қайта ўқийди деб гумон қилмаса, уни хабардор қилмайди. У одамнинг намози ўзига нисбатан дуруст бўлади.

  3. Аврат аъзонинг бир қисми очилиши намозни фосид қилади. Эркак ва аёлнинг аврати юқорида зикр қилинди. Намоз асносида кийимда йиртиқ бўлганлиги сабабли унутиб ёки хато билан аврат аъзонинг бир қисми очилса, қаралади:
  а) Агар очилган қисм аврат аъзонинг тўртдан биридан оз қисмини ташкил қилса, намоз бузилмайди.
  б) Агар очилган қисм аврат аъзонинг тўртдан бирини ёки ундан кўпроғини ташкил қилса-ю намоз ўқувчи уни тезда беркитса, унинг намози дуруст бўлади. Агар бир рукнни адо қилгунчалик (уч тасбиҳ айтгунчалик) вақтгача кечикса, унинг намози фосид бўлади. Мазкур масала аврат аъзонинг тўртдан бири ёки ундан кўпроғи саҳван ёки хатодан очилганда.
  Агар намоз ўқувчи бир аврат аъзосининг бир қисмини қасддан очса, шу заҳоти намози фосид бўлади.
  Эркакнинг аврат аъзолари: жинсий аъзоси ва унинг атирофи бир аъзо. Икки тухум ва уларнинг атрофи, ҳар бири атирофи билан бир аъзо. Бир думба бир аъзо. Сон тизза билан бирга бир аъзо. Киндик билан қовуқнинг остигача бўлган жой бир аъзо. Орқа томондан, икки ёндан ва қориндан ҳам шунга баробар келадиган жой бир аъзодир. Аёлнинг аврат аъзолари ҳам худди шундай. Аёлнинг болдири ошиғи билан қўшилиб бир аврат аъзодир. Аёлнинг сийнаси думалоқ диркиллаган бўлса, кўкраги билан бирга бир аъзо, агар осилиб тушган бўлса, сийнанинг ўзи бир аъзодир. Аёлнинг битта қулоғининг ўзи бир аъзодир. Аёл қўлининг тирсакдан юқори қисми тирсаги билан бирга бир аъзо. Аёл қўлининг билагидан юқори қисми билак чиғаноғи билан бирга бир аъзо. Аёлнинг бўйни бир аъзо. Унинг боши бир аъзо. Бошидан осилиб тушган сочи бир аъзо.

  4. Кўкрак билан қибладан бошқа томонга ўгирилиш намозни фосид қилади, агар намоз ўқувчи юзи билан ўгирилса, макруҳ бўлиб, намози бузилмайди.
Давоми бор...

"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан

🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo
#Намоз_аҳкомлари
34) Намозни фосид қилувчи (бузувчи) амаллар қайсилар? 2

5. Намознинг ичида айтиладиган сўзлардан ташқари сўзларни гапириш намозни фосид қилади. Гарчи унутган ҳолда ёки хатодан «ҳа», «йўқ» деганга ўхшаш бир калима гапирса, шунингдек, «ах», «уф» деганга ўхшаш икки ҳарфли калима сўзласа ҳам намоз фосид бўлади. Намоз ўқувчи Аллоҳдан қўрққанидан, сўзлашни қасд қилмаган ҳолда бир гуноҳ учун «ух» деб оғриқ калимасини сўзласа, намози дуруст бўлаверади.
  Шунингдек, узрсиз йўталиш ҳам намозни фосид қилади. Агар овоз чиқмай буғилиб қолган бўлса, овозни тўғрилаш учун йўталишнинг зарари йўқ.
  Шунингдек, мақсади бир кишига хитоб қилиш бўлиб Қуръон тиловат қилса, у ҳам намозни фосид қилади. Мисол учун, Қуръондаги:
ادْخُلُوهَا بِسَلَامٍ آمِنِينَ
«Унга тинчлик, омонлик ила киринглар» оятини фарзандига меҳмонларни киргизишни билдириб қўйишни қасд қилиб қироат қилса, намози фосид бўлади.
  Агар намоз ўқувчи намозда эканлигини билдириш учун овозини баландроқ кўтарса, намози фосид бўлмайди.

6. Намоз ичида емоқ ва ичмоқ намозни фосид қилади. Агар намоз ўқувчи тишлари орасидаги таомни ёки оғзида қолган таом қолдиғини еса ва у нўхат катталигича ёки ундан катта бўлса, унинг намози фосид бўлади. Агар ундан кичик бўлса, макруҳ бўлади. Лекин намози дуруст бўлади. Шунингдек, намоз ўқувчининг томоғига бир нарса тиқилиб, намознинг ичида сув ёки бирор ичимлик ичса, намози бузилади.

7. Намознинг амалларидан ташқари бўлган амали касир (кўп амал) намозни бузади. Бир киши намознинг ичида баданини кетма-кет уч ҳаракат билан қашиса ёки сафни тўлдириш учун кетма-кет уч қадам юрса, намози фосид бўлади. Агар қадамларини узиб-узиб юрса ёки ҳаракатлари орасини ажратса намози фосид бўлмайди.

8. Қуръон тиловатидаги қўпол (катта) хато намозни фосид қилади: мисол учун,

ان المتقين
нинг ўрнига
ان الكافرين في جنات ونعيم
ўзгартирса маънони қилиб, қироат )ни ва азобни савобга алиштирса ёки аксини қилса, унинг намози фосид бўлади.

9. Бир киши бомдод намозида турган ҳолида қуёш чиқиши билан намози фосид бўлади, мисол учун: бомдод намозини ўқувчи киши ҳали ташаҳҳудни ўқишни охирига етказмасдан ёки уни ўқиш миқдорича ўтирмасдан қуёш чиқса, бомдод вақти чиқиб, намоз ўқиш ҳаром бўлган вақт кирганлиги учун унинг намози фосид бўлади.

10. Намозда ўзи эшитадиган даражадаги кулги намозни фосид қилади.
  Табассум —  оғиз очилиб, юзда хурсандчилик аломатлари ҳосил бўлиши. Унда овоз чиқмайди. У намозни фосид қилмайди.
  Қаҳқаҳа — ўша мажлисда бўлган қўшнилар (ёнидагилар)и эшитадиган даражадаги кулги бўлиб, у балоғатга етган кишининг намозини фосид қилиши билан бирга таҳоратини ҳам бузади. Балоғатга етмаганнинг фақат намозини фосид қилади.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан

🌐Биз билан бирга бўлинг
https://t.me/SHahobiddinbobo