Rabbimov Jasur (𐱅𐰇𐰼𐰜‎)
274 subscribers
3.42K photos
438 videos
43 files
590 links
“Har qanday millatning, har qanday xalqning tirikligini va parvozini uning ikki qanoti – tarixi va tili ta’minlaydi.”

©️Odil Yoqubov
Download Telegram
#Шеърият

Жаллодига ошиқ бўлса бир миллат,
Хоҳла азон, хоҳла қўнғироқ тинглат.
Эътироз қилмаса кўрганда иллат,
Муносибдир унга ҳар қандай зиллат!

Юсуф Шаҳин
-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur
#Шеърият

Турфа одам, турфа кўнгил – бири бундай, бири ундай,
Қора кўнгил хормайди ҳеч разолатга ундай-ундай.
Ҳасад – ёмон, фитна – кулфат, ул балодан асра, Аллоҳ,
Ҳар одамнинг дили бўлсин имондай пок, оппоқ ундай.


Рустамжон УММАТОВ.
-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur
#Шеърият

Турон-арслон эди, уни бўғдилар,
Қафасга тиқдилар бўлмагач таслим.
Турон болаларин бошин эгдилар,
Ватанини эса қилдилар тақсим.
Элатларга бўлиб, орасин бузиб,
Бир-бирига душман қилди уларни.
Аёлиё зотларин саргардон қилиб,
Қиличдан ўтказди йигит, эрларни.
Турон парчаланди, топталди тупроқ,
Топталди эрларнинг номуси-ори.
Топталди кўкларга ўрлаган байроқ,
Замин... эса бўлди шаҳид мозори...
Деворлар йиқилди, қулади тоғлар,
Туронни йўқ қилди золимнинг қўли.
Чидолмай хайқирди ҳаттоки боғлар,
О бундан, афзалдир, афзалдир Ўлим!
#Шеърият

Бир ёқда суйгулинг кўзингдан ғойиб,
Бир ёқда ватанинг ғарларга талош.
Бир ёқда андуҳинг бормоқда бойиб,
Бир ёқда қароққа тўлқин урар ёш.

Бир ёқда шимолга сургун йигитлар,
Бир ёқда жувонлар жамиятга қул.
Бир ёқда ялоғи тиллодан итлар,
Бир ёқда танглайи тешилган булбул.

Бир ёқда Оролдай шўрлаган манглай,
Бир ёқда адашган йўлчидай авом.
Бир ёқда ёлғонни айтишар чиндай,
Бир ёқда алданиш этади давом.

Бир ёқда қулликни тусар кексалар,
Бир ёқда ёшанглар фарқи йўқ ҳар ёқ.
Бир ёқда келажак ҳиссиз ингранар,
Бир ёқда қабрлар ҳайқирар узоқ.

Бир ёқда бемалол қиш келаётир,
Бир ёқда кўчини тўплар тийрамоҳ.
Бир ёқда бемажол дил йиғлаётир,
Бир ёқда самога ўрлаётир оҳ.

Бир ёқда ҳаммаси ўткинчи гўё,
Бир ёқда ҳар бири жон беришга тенг.
Бир ёқда измидан қўймайди дунё,
Бир ёқда бир ёққа кетгинг келар сен.

ноябрь, 2021


Манба: Нажмиддин Эрматов
-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur
#Шеърият

Тарих ўқиётган авлод

Турмада кўз очган махбуслар ҳамон,
Тўртбурчак шаклида кўрар осмонни.
Қуёшни ўчириш мумкин деб ўйлар,
Беркитиш мумкин деб ўйлайди тонгни.

Панжара раҳига қўнган булбулнинг,
Ушлабон қонини сиёҳ этар, дод.
Қоғозга туширар билганларини,
Ютоқиб ўқиймиз ҳали ғўр авлод,

Ногоҳ кенг самога тушар кўзимиз,
Беркитиб бўлмайди тонгни ҳам бирпас.
Аммо...
Бу ёзиқлар ҳақиқат дея,
Осмондан кечяпмиз, ёзувдан эмас.


Декабрь, 2019

Манба: Нажмиддин Эрматов
-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur
#Шеърият

УЛУҒИМСАН ВАТАНИМ!        

Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним,
Ўзим хоқон,
Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним,
Ёлғизим,
Ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним…

Шодон куним гул отган сен,
Чечак отган изимга,
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.
Синглим дейми,
Онам дейми,
Ҳамдарду ҳамхонам дейми,
Офтобдан ҳам ўзинг меҳри —
Илиғимсан, Ватаним.

Сен Машрабсан,
Халқда тумор,
Балхда дорга осилган,
Навоийсан, шоҳ ёнида
Фақирни дуо қилган.
Яссавийсан, меники деб,
Кўринган даъво қилган,
Минг бир ёғи очилмаган
Қўриғимсан, Ватаним.

Сен Хўжандсан,
Чингизларга
Дарбозасин очмаган,
Темур Малик орқасидан
Сирдарёга сакраган,
Муқаннасан қорачиғи
Оловларга сачраган,
Широқларни кўрган чўпон
Чўлиғимсан, Ватаним.

Ким Қашқарни қилди макон,
Ким Энасой томонда,
Жалолиддин — Курдистонда,
Бобуринг — Ҳиндистонда,
Бу қандай юз қаролиғ деб,
Ётарлар зимистонда,
Тарқаб кетган тўқсон олти
Уруғимсан, Ватаним…

Ўғлим, десанг осмонларга
Ғирот бўлиб учгайман,
Чамбил юртда Алпомишга
Навкар бўлиб тушгайман,
Падаркушдан пана қилиб
Улуғбегинг қучгайман,
Ғичир-ғичир тишимдаги
Сўлиғимсан, Ватаним…

Ўтган кунинг — ўтган кундир,
Ўз бошингга етган кун,
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,
Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
"Воҳ болам" деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним.

Ёнингда қон йиғлаган бир
Шоирингга қараб қўй,
Гар Қўқонга йўлинг тушса,
Детдомларни сўраб қўй.
Ҳеч бўлмаса Усмон хокин
Келтирмоққа яраб қўй,
Олисларда қуриб қолган
Қудуғимсан, Ватаним…

Сен — шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб, бош
Эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним.


        МУҲАММАД ЮСУФ
-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur
#Шеърият

ЁВУЗЛАРНИНГ ҚЎЛИДА ГУЛДАЙ ВАТАНИМ ҚОЛДИ

ВАТАНИМ

Ҳар бир уйда айғоқчи,
Ҳар қадамда искович,
Одамни кўрса қочар,
Бедовларинг ҳуркович.
Ошингга заҳар солди,
Ғанимларинг бир ҳовуч,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.

Нон бермайди ва лекин
Нон еганни ўлдирар,
Ўсиб турган ниҳолни
Аёз каби сўлдирар.
Бозор бормай қўйнингни
Пуч ёнғоққа тўлдирар,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Ҳар кўчада минг миршаб,
Ҳар гўшада авахта,
Ҳақ деганнинг оғзи берк,
Қон ютар лахта-лахта.
Ўзи-ку пахта эккан,
Ёстиғи бўлди тахта,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Илму ирфон жаҳолат
Ғорига кириб кетди,
Ўлик тирикдан ўтди,
Тирик ўликдан ўтди.
Адолат истаб борсанг
Ёлғон тиршайиб кутди,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди

Қайларгадир йўқолди
Меҳр билан муҳаббат,
Қўлида ханжар ушлаб,
Адоват қолди фақат.
Ёмон гап арзон-гаров,
Яхши гап бўлди қаҳат,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Тўғригўйлар бир четда,
Эъзоздадир иғвогар,
Қайтдик ўрта асрга,
Одам пуллар савдогар.
Минг йиллик хазинангни
Талаб ётар ўғри, ғар,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Ўлиб ҳам бўлмай қолди,
Ювғич урар кафандан,
Кимлардандир юққан кир
Кетмас сира бадандан.
Қуруқ ҳашаклар қолди
Гуллаб турган чамандан,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ

Қувган ҳам халқим дейди,
Халқим дейди қочган ҳам,
Лекин халқнинг аҳволин
Ўйламас бирор одам.
Жаллод ҳам халқ номидан
Ўқир фармонни у дам,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Турфа хил замонларни
Кўрган битта инсонман,
Гоҳ фахр этсам, гоҳо
Баридан пушаймонман.
Нетайки мен на Хорун,
На ёки Сулаймонман,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.
Барчасига сабабдир
Асли нафснинг балоси,
Меҳнаткаш халқнинг эса
Ечилмас муддаоси,
Иншооллоҳ, бандага
Боққай бир кун Худоси,
Ёвузларнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.

Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири.
05.10.2015 йил. АҚШ, Хьюстон
-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur
#Шеърият

Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.
Тургил, дарддан жисмингни соғла, Туркистон,
Дониш ўтига бағринг доғла, Туркистон.
Белга ҳиммат камарин боғла, Туркистон,
Маърифатга етмоқни чоғла, Туркистон
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Боғли қолди қўлимиз ваҳшат домида,
Бошлар чайналмасунму ғафлат комида?
Кўкрак қони кўрунди ғурбат жомида,
Маҳв ўлди шаръ нури бидъат шомида.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Кўзлар уйқудан тўймас, доим ғафлатда,
Не саодат кўрмишбиз, билмам, ваҳшатда,
Бўлдик бугун саргардон дашти зиллатда,
Ўтар ўхшар ҳолимиз бўйла зулматда.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Мактаб очинг, боёнлар, бўлинг ҳимматли,
Бўлсун ўқур сибёнлар олий ғайратли.
Шояд бўлсун миллатга содиқ хизматли,
Бу кўнгуллар қувонсун қолмай ҳасратли.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Дариғ тутманг илм учун кетса мол-у жон,
Ўқув фарзлиги минг йўл қуръонда фармон.
Маърифатсиз тонулмас аҳкоми иймон,
Илмсизга айтулмас комил мусулмон.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон.
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Маҳзун Ниҳон кўп оғлар миллат боғига,
Мавсум ўтуб ғафлатдан тушган доғига.
Боғбонлар боқмаюр сўл-у соғига,
Қиш келгач сўнг нетармиз гулшан зоғига.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.


Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий
-----------------------------
Изоҳлар
Ваҳшат доми
— ваҳший (ёввойи)лик тузоғи.
Ғафлат коми — уйқу қучоғи, қўйни.
Ғурбат жоми — ғариблик, бечоралик қадаҳи.
Маҳв ўлди — йўқолди, йўқ бўлди.
Шаръ нури — шариат нури.
Бидъат — дин талабларига хилоф янги ақида.
Бидъат шоми — бидъат туфайли тушган қоронғилик.
Дашти зиллат — хорлик, тубанлик дашти.
Сибёнлар — ёшлар.
Аҳкоми иймон — иймон ҳукмлари.
Оғлар — йиғлар.
-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur
#Шеърият

Ильза хоним

(И. Л. Сиртаутасга)

Она тилим!
Меҳринг бу қадар
Ўртагувчи экан жонимга,
асир бўлиб лолу мусаххар,
Термуламан Ильза хонимга.
Термуламан Ильза хонимга,
Кўзларимга ишонмай ҳайрон.
Амриқолик хушрўй олима
Сўзлар эди ўзбекча равон.
"Сиаттлга хуш келибсизлар,
Олис юртдан йўл босиб йироқ.
Танишинглар, бу йигит, қизлар
Ўзбекчадан олмоқда сабоқ..."
Дастурхонда парварда, пашмак,
Хандон писта, қип-қизил ширмой,
Атлас кийган сулув келинчак
Одоб билан узатар кўк чой.
Мен эс-ҳушим йиғмасдан ҳали
Қулоғимга дилбар куй етди,
Накамури - япон гўзали
"Тановар"га чарх уриб кетди.
Она юртим!
Меҳринг бу қадар
Азиз экан дилу жонимга.
Термулганча лолу мусаххар
Сўз айтаман Ильза хонимга:
- Минг ташаккур ўзбек элидан,
Яшанг, дунё тургунча туринг.
Илтимосим, шогирдлар билан
Диёримга ташриф буюринг.
Келинг, сизни она юрт учун
Фидолар бир тинглаб қувонсин.
Бу қувончдан лекин бир умр
Жудолар ҳам тингласин, ёнсин.
Ўз элати меҳридан дилин
Ёд этганлар сизни эшитсин.
Ўз юртида ўз она тилин
Унутганлар Сизни эшитсин.
Сизни кўрсин жаҳолат, ғафлат
Уйқусида ётган бандалар.
Ўз қадрини унвон, манфаат
Бозорида сотган бандалар.
Амалдор зот ҳамқишлоқларга
Ташлагандек баланддан назар,
Чиққан чоғи баланд минбарга
Ўз тилидан қилганлар ҳазар,
Умри ўтиб Ўзбекистонда
Ассаломни билмаганлар ҳам,
Икки оғиз бизнинг забонда
Арзу иншо қилмаганлар ҳам,
Илмдаю маҳкамаларда
Лойиқ унга жой бермай ҳалол,
Ўзбек тилин эски шаҳарда
Бозор тили қилганлар хаёл -
Ильза хоним,
Сизни эшитиб, Хатоларин билсалар эди.
Андак тилнинг қадрига етиб,
Сал инсофга келсалар эди.
Эй сиз, доно устоз олимам -
Олис юртда мунис йўлдошим,
Сизга эгай подшоларнинг ҳам
Ҳузурида эгмаган бошим.


Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1989 йил

-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur
#Шеърият

‼️ОҒРИҚЛИ САВОЛЛАР

Чойхонада ошхўрликни бахт деб билган оғайни,
Шу бир кунлик ҳаловатни нақд деб билган оғайни,
Қумурсқадек тирикликдан ўзга ғами бўлмаган,
Дил олами, ишқ олами, руҳ олами бўлмаган,
Имонни ҳам, виждонни ҳам қурбон қилган халқум деб,
Сени хаёл қилдимми мен куйганимда халқим деб?

Эл мулкини бир чеккада тинч кемириб ётган зот,
Беш тийинга қадрини ҳам, халқини ҳам сотган зот,
Кўкрагида на ҳиммату на ғайратдан асар бор,
Юрагида на орият, на шавқ бор, на кадар бор,
Умрида ҳеч қилган эмас мулкдан ўзга бир ният,
Сени дея тиладимми юракларга ҳуррият?

Эй, кўнгилда можаролар орзу килиб ётган жон,
Тангринг - амал, мартабадир, пайғамбаринг - шуҳрат, шон.
Бу давлатга ўт қўясан, йўқотасан хилқатдан,
Гар ҳокимлик тегар бўлса сенга янги давлатдан.
Қуруқ гапдир сенга Ватан, халқу озод истиқбол,
Сенинг учун истадимми юртимга мен истиқлол?

Мудом кураш азобини фидойилар кўрганлар,
Инқилоблар ҳосилини муттаҳамлар ўрганлар.
Сиз ҳам бугун панадасиз,
жангга бизни қайрайсиз,
Биз бу жангда шаҳид бўлсак, аввало сиз яйрайсиз.
Ғофил халқим!
Тингларманми сенинг наъра - унингни,
Кўрарманми зулуклардан озод бўлган кунингни?


Ўзбекистон Қаҳрамони,  Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1991 йил.

-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur
#Шеърият
ЎЗБЕК ГЕНЕРАЛЛАРИ

Икки генералим турар ёнма-ён,
Ўтли кўзларида жасорат зоҳир.
Улар Темурбекнинг наслидир шоён,
Бири Алишеру бири Баходир.

Ёвқур саркардалар-қўрқув билмаган,
Тинчликка маъсулдир ўлкаларида.
Икки амакимга насиб этмаган,
Юлдузлар чақнайди елкаларида.

Олис ўрмонларда қайси бир замон,
Дарахт кесар эди ўзбек аскари.
Жалолни эътироф этмаган даврон,
Унинг авлодин ҳам сурганди нари.

Садағаси кетай хўрлик сўзининг,
Ўзбегим сочилган гардларин топди.
Боболарин эслаб, яна ўзининг,
Қумондонин топди, мардларин топди.

Ҳеч ким орзу қилмас шамширни, бироқ,
Унингсиз дунёни асраш ҳам қийин.
Мен нечун қувониб шеър айтмай бу чоқ,
Ўзбегим генарал бўлгандан кейин.

АБДУЛЛА ОРИПОВ (2008 йил 14 январь.)
-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur
#Шеърият
МАРДИКОРЛАР

Ҳаёт қалбга қарши, виждонга қарши,
Ҳаёт – жигарни хом чайнаган қаттол.
Мунофиққа яхши, қаллобга яхши,
Кўйлагига сиғмас аблаҳ ва баттол.

Менинг мўмин отам, дарди бедаво,
Овора ҳашагу пояси билан.
Худодан қўрқади, иши йўқ аммо
Худонинг ердаги сояси билан.

Кунини ишониб қўйган Эгамга,
Эртагаям Ўзи пошшо, билади.
Баъзида юраги тўлиб аламга
Мардикор ўғлини дуо қилади.

Мардикорлар!
Менинг акам, дўстларим!
Сўник кўзларида яланғоч нафрат.
Биламан, ёқмайди сизга сўзларим,
Лекин нима қилай?
Ичим тўла дард.

Мардикорлар!
Хўрлик, хорлик - насиба,
Ҳақорат домида тутқун беҳуқуқ.
Тизгин доим сурбет, пастнинг дастида,
Адолат ғар бўлса, ҳақиқат – дудуқ.

Боён ўз халқига бермас бир тукин,
Мараз қўлга кирган нарсани юлган.
Тарих гувоҳ: давлат ва миллат юкин
Йўқсил мардикорлар кўтариб келган.

Оқпошшони сўкиб, қарағай кесган,
Қарғалар учса ҳам энтиккан увол,
Кир қорда ҳандалак бўйларин сезган
Киприги яхлаган мардикор - тимсол!

Йигирма биринчи мудҳиш асрда
Онасин, боласин, хотинин қўмсаб,
Яратган қарғаган ит топмас ерда
Сургунда яшаркан маҳбусга ўхшаб,

Қайғурманг!
Ҳаммамиз ягона инсон,
Ҳаммамиз ҳам ҳаёт эзган мардикор.
Кимсасиз гадодек ютманг қора қон,
Қон қусган шоирнинг умидлари бор!

Сиздан ўзгасининг топгани макруҳ,
Егани ҳаромдир, ичгани ҳаром.
Бошни мағрур тутинг, баланд бўлсин руҳ,
Сизга ярашади Инсон деган ном!

Ҳаёт қалбга қарши, иймонга қарши,
Ҳаёт – жигарни хом чайнаган қаттол.
Муханнасга яхши, жаллобга яхши,
Кўйлагига сиғмас аблаҳ ва баттол.

Сизнимас, ўзимни юпатмоқчиман,
Мен ҳам душманиман манфур ҳаётнинг.
Назм биносида бир сувоқчиман,
Мен ҳам мардикори адабиётнинг!

Чорраҳада кутиб харидорини,
Атрофга хижолат назарин ташлаб,
Миршаблардан чўчиб, ютиб зорини
Ёнимда ўтирар Навоий, Машраб...


Иқбол МИРЗО

-----------------------------
© Жасур Раббимов

Канал:
@RabbimovJasur