Бордонкул
195 subscribers
2.97K photos
1.27K videos
2 files
3.58K links
Тошкент вилояти Юқори чирчиқ тумани "Бордонкол" жоме масжиди
Download Telegram
#МУАТТАР_СИЙРАТ
ҲИРО ҒОРИДА
  Ислом тарихида икки жой жуда муҳим ўрин тутади. Бири Ҳиро ғори бўлиб, у Макка шимолидан икки фарсах узоқликда жойлашган. Иккинчиси эса унинг жанубида, икки фарсахча узоқликдаги Савр ғоридир. Бу икки ғорга ҳам Ислом тарихида беқиёс аҳамиятга эга жой деб қаралади. Чунки Ҳирода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий тушган. Савр ғори эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида янги саҳифалар очилишида хизмат қилган. Шу боис мазкур икки ғор исломий даъватнинг бошланиши ва тарқалишида муҳим нуқта сифатида қадрланади десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан илгари айрим араб ҳанифийлар ҳар йили ёлғизликни ихтиёр этиб, тоғу тошларга чиқиб кетар ва танҳо ҳолда фикр-хаёлга шўнғиб, дунё сирларини англашга уринишарди. Набий алайҳиссалом ҳам ҳақни излаб, ҳидоят йўлини қидириш мақсадида ҳар йили Рамазон ойида халтада озгина озиқ-овқат билан Ҳиро ғорига қараб йўл олар, у ерда танҳо ибодат қилар ва қавмни залолатдан қутқариш йўллари ҳақида узоқ ўйлардилар. Манбаларда у зотнинг Ҳиро ғорига боришни қачон бошлаб, қанча вақт у ерда ўтирганлари хабари берилмаган. Аммо тарихий ҳужжатлардан маълум бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи келиши билан Ҳиро ғорига борар, унда дунёнинг яратилиши, уни яратган Зот тўғрисида тафаккур қилар эдилар. Бунинг илк аломатлари у зотнинг тушларида кўриниб, улар субҳи содиқ каби аниқ-тиниқ бўлар эди.

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан.
👇👇👇
http://mehrob.uz/article/1296
#МУАТТАР_СИЙРАТ
ВАҲИЙНИНГ ҚАЙТИШИ

Ваҳийни кутиш жараёни узоқ чўзилмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назарларида бу муддат чўзилиб кетгандек туюларди. Чунки у зотнинг бирдан-бир умидлари пучга чиқаёзгандек эди. Кунларнинг бирида, у зот нигоҳларини юқорига қадаб кетаётганларида тўсатдан даҳшатли овоз эшитилди ва беихтиёр ўша томонга қарадилар. Илк марта кўринган фаришта намоён бўлиб:
“Эй Муҳаммад, Сиз Расулуллоҳсиз, мен эса Жаброилман”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни аввалгидек қўрқинч боса бошлади, югуриб Ҳадичанинг олдига келдилар ва: “Мени ўраб қўйинг, мени ўраб қўйинг!” дедилар. Ҳадича розияллоҳу анҳо устидаги абояси (кўйлак устидан кийиладиган, узун, олди очиқ жунли либоси)ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам устларига ташлади. Сўнг у зотнинг ёнларида ўтириб ғамхўрлик қила бошлади. Бутун фикру зикри Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда эди. Бу пайтда у зот титрар, оғир нафас олардилар. Пешоналари ҳам терга ботиб кетганди. Шу аҳволда Жаброил алайҳиссалом келтирган қуйидаги оятларни ўқидилар:
“Эй (кийимларига) ўралиб олган киши (Муҳаммад)! Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин)!” (Муззаммил сураси, 1-2-оятлар). “Либосларингизни покланг! Булардан йироқ бўлинг! (Бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг! Раббингиз учунгина сабр қилинг” (Муддассир сураси, 3-7-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги оятларни қаттиқ ҳаяжонда ўқиётганларини кўриб турган Ҳадича у зотдан бир оз ухлаб, дам олишларини сўради. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Эй Хадича, уйқу ва истироҳат даври буткул тугади. Жаброил менга одамларни охират азобидан огоҳлантиришга ва уларни якка Аллоҳгагина сиғинишга чақиришимни буюрди”, дедилар. Шу ондан бошлаб у зотга “Расулуллоҳ” деган янги ном берилди. Бу ном Paсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари давомида қавмлари билан ўрталарида кечган курашда маёқ вазифасини бажарди. У зот “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир”, деган иборани шиор қилиб олдилар. Қаранг, бунда бирор янгилик ёки оғирлик йўқ. Чунки етим ва камбағал Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг ҳақиқий элчисига айланган эди. У зот Аллоҳнинг элчиси бўлишдек вазифа қанчалик масъулиятли ҳамда машаққатли эканини чин юракдан идрок этардилар.

Якка тартибдаги даъват.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илоҳий топшириқни одамларга етказишга буюрилсалар-да, илоҳий даъватни қандай амалга ошириш лозимлиги борасида кўрсатмалар йўқ эди. Шунинг учун ҳам у зот бу йўлда биринчи қадамни қандай ташлаш кераклиги ҳақида кўп бош қотирдилар. Ўйлаб-ўйлаб, даъватни оила аъзоларидан, сўнгра қариндош-уруғларидан бошлашни маъқул кўрдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оила аъзоларидан дастлаб Ҳадича ушбу илоҳий чақириққа ишонди ва имон келтирди. Қариндош-уруғлардан эса амакилари Абу Толибнинг ўғли Али розияллоҳу анҳу мусулмон бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига имон келтиришдан олдин бу масалада отаси Абу Толиб билан маслаҳатлашиши лозимлигини айтганларида Али шундай жавоб берди: “Аллоҳ мени яратганида Абу Толибнинг раъйига қараган эмас, шундай экан, Аллоҳга имон келтиришда у билан нега маслаҳатлашай?!”
Ҳадича ва Алидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарамоғидаги Зайд ибн Ҳориса ва Умму Айман қалблари ҳам Исломни қабул этди. Шундан кейин у зот илоҳий даъватни энг яқин дўстлари орасида тарғиб қила бошладилар. Абу Бакр ҳеч иккиланмай Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларига имон келтирди. Абу Бакр ўз қавми орасида катта обрў ва юқори мартабага эга эди. Шу боис унинг мусулмон бўлиши ва янги ақидани қавми орасида тарғибу ташвиқ этиши ёшларда яхши таассурот қолдирди. Натижада йигирмага ҳам тўлмаган, эндигина балоғат ёшига етган Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос мусулмон бўлишди. Ёшларнинг янги динни бу қадар тез қабул қилишларининг сабаби уларнинг қалблари пок ва қавмларининг ёмон урф-одатларига боғланиб қолмаган эдилар.

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан.
@Mirzohid_Domla
#МУАТТАР_СИЙРАТ
АРҚАМНИНГ УЙИДА

Янги динга эргашиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқинлари, қўл остидагилари ва Абу Бакр ташаббуси орқали имонга келган ёшлар жамоаси билангина тўхтаб қолмади. Қурайш қабиласидан Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абу Салама, Абдуллоҳ ибн Абдуласад, Арқам ибн Абу Арқам, Усмон ибн Мазъун ва унинг иниси Қуддом, Саид ибн Зайд ибн Амр ва унинг рафиқаси Фотима бинти Хаттоб ҳамда бошқалар ҳам унга сидқидилдан эргашишди.
Улар кундан-кунга кўпаявергач, янги дин таълимини ўрганиш учун бирор хонадон топишга қарор қилинди. Кўпчилик мусулмонлар бу ишга Арқамнинг хонадони жуда ҳам мос келишини айтишди. Арқамнинг уйи Ҳарами Шарифга яқин Сафо тоғи этагида эди. Унинг бошқа мусулмонлар уйларидан афзал эканлигининг сири ҳанузгача ҳеч кимга маълум эмас. Хуллас, Арқамнинг хонадони исломий даъватнинг марказига айланди. Бу хонадонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига эргашганларни тўплаб, янги дин кўрсатмаларидан хабардор қилар, қалбларига таскинлик уруғларини қадар, имонларининг зиёда бўлишига кўмаклашар эдилар. У ерга йиғилганлар қалбларини имон, ишончга тўлдирган ва эшитган ваъз-даъватларни дилларига жойлаган ҳолда уйни тарк этишарди. Кўпинча Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлари бундай йиғинларни барбод қилиш мақсадида у зотни кузатиб, йиғин бўладиган жойни қидиришарди. Буни яхши тушунган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғилишлар тинчлик ва хотиржамликда ўтиши, янги динга даъват илк қадамдаёқ сўнмаслиги учун йиғин бўладиган жойни қўриқлашни ишончли ёшларга топширардилар.
Арқамнинг хонадони Ислом тарихида уни биринчилар қаторида қабул қилганлар тартибини белгилашда ўзига хос ўрин тутади. Зеро, уларга нисбатан мусулмонлар қалбидаги ҳурмат-эҳтиром туфайли Арқам хонадони “Байтул Ислом” деб аталган. Аббосий халифа Мансур ўз даврига қадар Арқам авлодларининг мол-мулки деб ҳисобланган ушбу уйни сотиб олиб, онаси Хайзуронга яшаши учун ҳадя этган. Шу боис Арқам хонадони кейинчалик “Хайзурон уйи” деб аталган. Бу уй Ҳозир ҳам мавжуд. Унда Ҳарами Шариф идораси ва кутубхона жойлашган.

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан.
@Mirzohid_Domla
#МУАТТАР_СИЙРАТ
АБУ ТОЛИБНИНГ МУСУЛМОНЛАРГА ЁН БОСИШИ

Мусулмонларга берилаётган азобу уқубатлар ҳақида эшитган Абу Толибнинг қалби ларзага келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз сўзларида мардона туришлари ва мушрикларнинг озор беришларига сабр-тоқат билан чидашлари Абу Толибнинг меҳр-шафқатини орттирарди. У мушрикларнинг имон йўлини тутганларга нисбатан ноҳақликларини кўриб, Бани Ҳошим ва Бани Абдулмутталиб уруғларини тўплади ва уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишга чақирди. Ҳозир бўлганларнинг барчаси унинг гапларини маъқуллаб, бир овоздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишга аҳдлашиб олишди. Бу йиғилишда Абу Лаҳабдан бошқа ҳамма иштирок этди. Абу Лаҳаб эса хотини Умму Жамил чизган чизиқдан чиқмасди. Чунки Умму Жамил Бани Умайя уруғидан бўлиб, ич-ичидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари юришиб кетишини хоҳламасди. Агар у зот ғалабага эришсалар, Бани Ҳошим уруғи Бани Умайя уруғи олдида мағрурланиб юради, деб ўйларди. Кейинчалик Абу Толиб ғурур ва ифтихор билан Бани Ҳошим уруғининг бошқалардан устун эканини ифодаловчи бир қасида битди.

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан.
https://t.me/Mirzohid_Domla
#МУАТТАР_СИЙРАТ
ИСЛОМДА ИЛК ҲИЖРАТ

Қурайшнинг даъватга қарши ҳаракатлари ҳар гал чиппакка чиқавергач, мусулмонларни азоблашни янада кучайтиришди. Имон таъмини тотган кишиларни ҳимоя қилишга ожизликларини англаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳатлашиб олиш учун уларни бир ерга тўпладилар. Мусулмонлар қийноқлардан қутулиш ва динларини асраш учун Маккани ташлаб кетишга ҳам рози эдилар. Лекин улар қочиб бора оладиган юрт борми? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда узоқ ўйланиб, араб ўлкаларини мусулмонлар кўчиб ўтиши учун номуносиб деб топдилар. Чунки улар ҳаж мавсумида Қурайшга ён босиб ёки ўз динларида қолишни афзал кўриб, даъватга қарши чиқишган эди. Шунингдек, аҳли китоблардан яҳудийлар ҳамда масиҳийлар яшаётган Ясриб ва Нажрон ҳам талабга жавоб бермасди. Сабаби улар доимо ўзаро нуфуз талашар, учинчи рақибни истамасликлари ўз-ўзидан маълум эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Яман ўлкасини ҳам тинч жой деб билмасдилар. Чунки у илгари форсларнинг мустамлакаси бўлиб, аҳолиси самовий динлардан бирортасига ҳам эргашмаган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шом ва Ироқдаги Ҳийрага боришни ҳам икки сабаб билан маслаҳат бермадилар. Биринчидан, бу ўлкалар Маккадан жуда йироқ, иккинчидан, у ердаги бозорларни қурайшликлар аллақачон эгаллаб олишган. Улар маҳаллий аҳоли билан ўзаро манфаат асосида иш кўрар ва борди-келди қилишарди. Агар бу ўлкаларда мусулмонлар борлигини билиб қолишса (бу жуда осон эди), дарҳол шу ерлик аҳолидан уларни изларига жўнатиб юборишни талаб этишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча қўшни ўлкалар ҳақида бирма-бир мулоҳаза юритдилар ва Ҳабашистондан бўлак жой у зотга маъқул келмади. Бу ҳақда шундай дедилар:
— Ҳабашистонга борсангиз, у ерда шундай подшоҳ бор, унинг даргоҳида ҳеч ким ҳеч кимга зулм қилмайди, бу садоқатли юртда Аллоҳ сизга шоду хуррамлик ато этажак.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини ҳижрат учун ижозат деб қабул қилган биринчи жамоа дарҳол йўлга тушди. Улар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бошчилигида Қизил денгизни сузиб ўтишди. Усмон ибн Аффон билан бирга хотинлари, яъни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қизлари Руқайя, Хузайфа ибн Атаба ибн Робиа ва аёли, Зубайр ибн Аввом ва бошқалар ҳижрат қилишди.
Биринчи жамоа ўн икки нафар эркак ва тўрт аёлдан иборат эди. Бу воқеа даъватнинг бешинчи йили ражаб ойида юз берди.

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан.
https://t.me/Mirzohid_Domla