Замбаракнинг ўқи
11.3K subscribers
2.46K photos
201 videos
5 files
1.09K links
Канал муаллифи — Фарҳод Файзуллаев. У 2016 йилдан бери Канаданинг Калгари шаҳрида доимий истиқомат қилади.

Канадага суриш ҳақида — https://t.me/zambarakning_oqi/99

Реклама масалаларида — @meenov
Download Telegram
​​Қуйидаги матнни ўқиб, Дилбарнинг каналига қўшилишни тавсия қиламан. Оддий талаба шунча иш қилибди, биз ҳам қўлдан келганча ёрдам берайлик. Канал -- @khaydarovadilbar

~~~

Мен, Дилбар Ҳайдарова, ҳозирча 23 ёшли оддий талабаман. Ҳаётимиздаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни кузатиб бораман. Танқидий кайфиятим кучли эди ва “суриш” кайфиятидаги ёшлардан бири эдим.

Бир куни ўйланиб қолдим, агар оилада отамизнинг имконияти камроқ бўлса, бизларни керагича таъминлай олмаса, нолиб ўтирмай ўзимиз ҳаракатга тушамиз-ку. Шу боис, бозорда арава судраб юрган кўплаб мактаб ўқувчиларини кўрамиз. Ҳозирги ҳаётимиз ҳам шунга ўхшаш. Давлат етарли даражада барча ижтимоий соҳаларни қамраб ололмаяпти ёки улар қилган ислоҳотлар етиб бормаяпти. Тўғри, аслида бу ишларни қайсидир маънода давлат қилиши лозим.

Лекин етарли даражада қилинмаётганини деярли барчамиз сезиб юрибмиз. Шунинг учун ҳеч нима қилмаслик ўрнига нимадир қилиб кўришга ҳаракат қилдим. Шахсий ҳаракат дея бошлаган ишимни яхши инсонлар қўллаб-қувватламоқда. Иншааллох, шу қора кўзлар қувончи учун нимадир қилиш ҳаракатида "Меҳр бекати" деб номланган 3 йўналишда фаолият олиб борадиган лойиҳа яратилди.

1. Болалар учун 10 га яқин тўгараклар ташкил этилди ва дарслар кўнгилли устозлар томонидан мутлақо бепул олиб борилади. Тўгаракларни, асосан, талабалардан тузилган кичик гурух билан ўтяпмиз. Степендиям шу ишга йўналтирилган. Лойиҳа асосчиси мен, тўгаракларамизни эса 14 нафар кўнгилли инсонлар билан оборяпмиз.

2. Аукцион ташкиллаштирдик. Болажонлар Билан расм чизамиз, мунчоклар ясаймиз ва бошқа амалий санъат билан шуғулланамиз ва буларни телеграмм каналим орқали сотувга қўямиз. Асосий мақсад болаларда боқимандалик хиссини уйғотмаслик, ўз ҳаёти учун ўзи курашиши. Эртанги кунига умид бағишлаш.

Расмлар каналдаги инсонлар томонидан сотиб олинди. 100,000 сўмдан 1,500,000 сўмгача сотилди. Пули нақд кўринишда ёки пластик картага ўтказилди. Четда туриб иштирок этганлар банк орқали юборишди. Пуллар тўлиғича болажонларнинг ўзларига топширилади.

Расмларни Asaxiy жамоаси орқали вилоятларга етказиб берамиз.

3. Ўта муҳтож оила фарзандларига ва чақалокларларга ёрдам бериш. Хайрия сифатида йиғилган пулларга улар учун дори-дармон олиш.

Шу йўналишда ишласак, чақалоқлардан тортиб 18 ёшгача бўлган болаларнинг барчасини бу лойиҳага қамраб олар эканмиз.

Иш, ўқиш, оила ўз йўлига, аммо инсон сифатида гуманизмга хам қайсидир маънода ҳисса қўшиш барчамиз учун зарур. Инсон боласи қадари қачон ва қай тарзда келишини билмайди. Ман ҳам бундан бир неча ой олдин уй-жойим, машинам бўлса, эҳтиёжларимдан ортганини хайрия ишдарига сарфлайман деб юрар эдим. Аммо бу кунларга етиш ёки етмаслигимиз мумкин. Шундай экан яхши ишларни имкон қадар бугун қилайлик, эртага имкон берилмаслиги мумкин!

Иншааллох, бу лойиҳа фақат байрам кунлари ташкиллаштириладиган йўкловлардай эмас, узлуксиз ишлайдиган даражада давом этади. Асосий мақсадимиз болаларга қувонч ва умид улашиш.

Ҳеч кимнинг фарзанди хеч қачон касал бўлмасин!

~~~

Дилбарнинг каналига қўшилиб (@khaydarovadilbar) қўлдан келганча ёрдам берайлик.
​​Бир бор экан, бир йўқ экан, узоқ ва совуқ юртда...

Канада Бош вазири Альберта Бош вазирига телефон қилиб, сўка кетибди:
Қаёққа қараяпсан, расмлар интирнетларга чиқиб кетибди, тез тузат! Гапининг охирида Хорами!! деб қўшиб ҳам қўйибди.

Альберта Бош вазири Калгари ҳокимига телефон қилиб, бақира кетибди:
Қаёққа қараяпсан, расмлар интирнетларга чиқиб кетибди, тез тузат! Хорами!!

Калгари ҳокими бино эгасига телефон қилиб, ўшқира кетибди:
Қаёққа қараяпсан, расмлар интирнетларга чиқиб кетибди, тез тузат! Хорами!!

Бино эгаси завхозига телефон қилиб, қичқира кетибди:
Қаёққа қараяпсан, расмлар интирнетларга чиқиб кетибди, тез тузат! Хорами!!

Завхоз эса ўзи талаба, контрактига ёрдамлашиш учун кечагина ярим ставкага ишга кирган Тошболтага телефон қил... йўқ, телефон қилмабди, чунки у бола ёнгинасида ўтирган экан:
Қаёққа қараяпсан, расмлар интирнетларга чиқиб кетибди, тез тузат! Хорами!!

Тошболта эса Маънавият дарсига тайёрланаётган экан. «Эрта-перта тузатарман», дея принтердан плакат чиқариб, ремонт қилиниши керак жойга илиб қўйибди.

Плакатда «ОГОҲ БЎЛИНГ» деб ёзилган экан.

Эртак тугади.

~~~

Аслида эса плакатда 27 январь ва 1 февраль оралиғида, соат кечки 6дан тонгги 6гача таъмирлаш муносабати билан йўлак ёпилиши ҳақида огоҳлантирилган.

P.S. Кечагина шу жойни муҳокама қилгандик, дарров плакат осиб, ремонт қилишни бошлайдиган бўлишибди 😉

@zambarakning_oqi
​​Канаданинг Ньюфаундленд провинциясида ёққан бир метрлик қор суратларини жойлагандим. Бўрон оқибатида шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинган ва одамларнинг кўчага чиқмасликлари сўралган.

Жума куни ёққан қордан сўнг фақатгина сешанба куни дўконлар очила бошлаган. 4 кун ёпиқ бўлган дўконлар олдида километрлик навбатлар пайдо бўлган.

Видеони кўринг-да. Навбатнинг тартиблилигига ҳавасим келди.

@zambarakning_oqi
Муштарийдан:
Ёшлар иттифоқи футболчиларга бағишлаб ролик тайёрлабти, орқангизда 33млн одам бор деб, менимча 3 млн бўлса керак (Тошкент), чунки 30 миллионида "свет" йўқ.
​​@davletovuz каналида сўровнома ўтказилибди. Унда Томскда 10 ўзбекистонликнинг ёнғинда ҳалок бўлганига ким айбдор деб сўралган. Аксарият респондентлар (45%) тақдирни айблаган, 41% эса "Ўзимиз (Ўзбекистон)" жавобини танлаган.

Тақдирни айблаш осон. Чунки биз унинг олдида ожизмиз. У бизга жавоб қайтара олмайди. Тақдирни айблаймиз ва ишимизда давом этамиз.

Ўзимизни айбласак эса ҳаракат қилишимиз керак, ортиқча бошоғриқ. Бундай фожеа бошқа қайтарилмаслиги учун нима қилишимиз керак деб ҳаракат қилишимиз керак. Сабаб нима, улар нега Россияда юрибди, нега ётган жойида ёнғинга қарши воситалар йўқ ва ҳ.к. ва ҳ.к. Бу саволларга жавоб излаш ва сабабини бартараф қилиш учун курашишимиз керак.

Худо кўрсатмасин, яқин одамимиз оғриб қолса, уни "тақдир экан" деб ташлаб қўямизми ё докторга обориб, дори бериб, курашамизми? Ҳаёт курашдан иборат-ку. Ҳар куни эрталаб иссиқ тўшакдан туришга курашамиз. Пул топиш, фарзандларни боқиш учун курашамиз. Газ ё свет ўчиб қолса курашамиз. Диспетчерга телефон қиламиз, ўтин ёқамиз ё генератор ўрнатамиз.

Ҳар куни кураш. Эртанги кун учун кураш. Ҳаётимизни тақдирга ташлаб қўймаймиз. Ташлаб қўйиш ярамайди. Шунинг учун ҳам ўша 10 бегуноҳнинг ўлимини ҳам тақдирга ташлашимиз хато; уларга қилинган хиёнат.

Нега бунақа бўлди? Қозоғистонда ёниб кетган автобусдан кейин нима хулоса чиқардик? Нимани ўзгартирдик? Ўзимизда жавоб бўлмаса, юқоридаги мутасаддилардан сўрашимиз керак.

Қани свет? Қани газ? Нега 19 аср шароитида яшаяпмиз? Нега ҳокимларнинг феодал тизим яратишига қўйиб берилган? Нега керакмас ташкилоту компаниялар монополия ўрнатиб олган?

Бу фалокатга тақдир айбдор эмас. Фақат ва фақат ўзимиз айбдормиз. Ҳаммамиз, мен ҳам.

@zambarakning_oqi
Ватанпарварлик керакми?

Баъзи муштарийлар Томскда ўзбекистонликларнинг ҳалок бўлишига ватанпарварликнинг етишмаслигини сабаб қилиб келтиришибди. Мен бу фикрга мутлақо қўшилмайман. Менинг фикримча, ватанпарварлик, бизнинг ҳозирги ҳолатимизда, керак эмас.

Ўша бечоралар Россияга ватанимни кўтараман, унга фойдам тегсин деб бормаган. Ёки таксичи ҳар куни эрталаб ватанимга фойдам тегсин деб одам ташимайди. Бизнесмен шу ватанимни боқай деб пайпоқ ишлаб чиқармайди.

Аксарият одамлар анча кичкина миқёсда фикр юритишади. Ватан эмас, аввало ўзи ва оиласи учун ҳаракат қилади. Ўша Томскка кетганлар ҳам уйланиш, тўй қилиш, ўқиш, уй қуриш мақсадида кетишган. Ўзи ва оиласини ўйлашган.

Бизнесменлар ҳам ўзининг орзуларини амалга ошириш мақсадида иш бошлайди. Иши юришиб кетса, ходимлари ойлигини оширади, етим-есирларга садақа қилади, кўчасини асфальтлайди ва ҳ.к. Яъни, атрофидаги жамиятга бевосита ва билвосита фойдаси тегади. Кўпроқ ойлик ола бошлаган ходимлари ҳам фарзандларини ўқитади ва билвосита ватанга фойдали иш қилади.

Жуда бойиб кетса, мактаб ёки касалхона қуради, хайрия фонди ташкил қилади ва ҳ.к.

Айтмоқчиманки, одамлар авваламбор ўзининг энг асосий эҳтиёжларини қондириб бўлганидан кейин кенг жамоатчиликка бевосита фойдаси тегиши мумкин. Аммо аксарият аҳоли ҳам кундалик ишлари билан ватанга билвосита хизмат қилаверади.

Анув куни армия ҳақида ёзганимда жуда кўпчилик армияга ватанпарварлик туйғусидан эмас, балки ўқишга киришда қўшимча балл ёки органга ишга киришга биринчи қадам мақсадида боришган.

Ва бу нормал ҳолат. Бунга ажабланиш керак эмас. Ватанпарварлик туйғуси "Ахборот"даги эртак ва "Маънавият" дарсидаги чўпчаклардан пайдо бўлмайди. Аҳоли турмуш даражаси ортгани сари ватанпарварлик туйғуси ҳам ортади. Аввал қоринни тўйғазиш керак.

Байрамда байроқларни ўғрилаб, бақириб юриш ватанпарварлик эмас.

P.S. Комментларда яхши қўшимча қилишди. Ватанпарварлик яна бошқа бир мухитда ҳам пайдо бўлади: ватан катта мусибат остида қолганида. Масалан, СССРга Германия ҳужум қилганидан сўнг ёки Японияга атом бомбаси ташланганидан сўнг ва ҳ.к.

@zambarakning_oqi
Жуда яхши гаплар гапирилибди мурожаатда. Шулардан 1/3 қисми бажарилсаям 2020 йил зўр бўлди дейишга ҳақли бўламиз. Ижрода гап кўп. Умид қиламиз.

@zambarakning_oqi
​​Банким яна 10 минг доллар кредит таклиф қиляпти. 3,95% йиллик, 1 йил ичида қайтариш керак.

Шунча пулни нима қиламан? 😂 Машнақа кредит таклиф қилганида олиб, мазза қилиб ишлатгингиз келади. Аммо кейин эсимга тушиб қолади: емоқнинг қусмоғи бор.

Қўшимча:
Кредит ставкаси паст, чунки Канада марказий ставкаси паст. Чунки инфляция даражаси паст. Ўзбекистондаям валюта кредитлари 25% эмас-ку?

Иккинчидан, бу кредит залогсиз, шундоқ беряпти. Фақат бир йил ичида қайтариш керак. Кредит линиялари (деярли чекланмаган муддатга) залогсиз 8-9% йиллик, уйингизни залогга қўйсангиз 3,75-4,5%.

Учинчидан, кредит бериш ставкаси паст бўлганидан кейин омонатга қўйиш ставкаси ҳам жуда паст. 20% деган нарса йўқ. Нари борса йиллик 2-2,5% оласиз омонатга қўйган суммадан.

Тўртинчидан, йўқ, ҳеч кимга олиб беролмайман бу кредитни 😒

@zambarakning_oqi
Куни кеча олий ўқув юртларида грант ўринлари сони икки баробарга оширилиши эълон қилинди. Яхши ният билан ўйланган иш. Аммо битта савол туғилади: янги ўринлар қандай молиялаштирилади? Бу ўзгаришга пул қаердан олинади?

Бир неча вариант бор:
1. Солиқлар оширилади
2. Контракт оширилиб (давлат субсидиясини қисқартириш йўли билан), ортган пул грант кўринишида ажратилади
3. Босма станок ишга туширилади.

Нима бўлган тақдирда ҳам, бундай катта ўзгаришларнинг молиялаштириш режалари очиқланиши керак. Канадада ҳар қандай ўзгариш киритишдан аввал унинг иқтисодий параметрлари оммага тақдим этилади.

Масалан, Калгари маҳаллаларида йўлакларни уй эгалари қордан кураши керак. Курамасангиз — штраф. Шаҳар аҳолисининг бир қисми барча тротуарларни ҳокимият томонидан куралишини таклиф қилди. Ҳокимият ҳисоб-китоб қилди-да, минглаб километр йўлакларни кураш фалон миллион долларга тушар экан, молиялаштириш учун мулк солиғини фалон фоизга оширишимиз керак, деган хулосага келди. Солиқ оширилишини эшитган аҳоли «ҳокимбова, қўяқолинг», дейишди ва йўлаклар ўзлари тозалашда давом этишяпти.

Ўтган йилги парламент сайловлари давомида ҳам Жастин Трюдо ва унинг рақобатчилари томонидан кўп ваъдалар берилди ва шу заҳотиёқ молиялаштириш режалари ҳам тақдим этилди. Умид қиламизки, Ўзбекистонда 2020 йил давлат дастури қабул қилинганида грант ўринларини оширилишининг молиявий асослари келтирилади.

~~~

Умуман олганда мен грант ўринларини оширишга унчалик қўшилмайман. Ўзбекистон бой давлат эмас. Хатто бой Канадада ҳам бепул грантлар бунчалик кўп эмас, фақат саноқли абитуриентлар бепул ўқишади.

Ўзбекистон олий таълимида иккита катта муаммо кўряпман: биринчиси ўқув ўринларининг етишмаслиги бўлса (атиги 9% абитуриент талабага айланади), иккинчиси таълим сифатининг пастлиги. Грант ўринларини ошириш бу муаммоларга ечим эмас, деб ўйлайман.

Менимча, маблағ тақчиллиги ва жуда катта талаб шароитида грант ўринларни минималлаштириб, ортган пулга янги ўринлар яратиш ва сифатни оширишга сарфлаш мақсадга мувофиқ бўларди.

ИМХО дейишармиди машойиҳларимиз?

@zambarakning_oqi
Калгари ерусти метроси, машинист кабинаси.
Канада пенсия тизими ҳақида.

Канадада бериладиган пенсияга яшаш деярли имконсиз. 65 ёшдан катталарга ойига максимум 1530 Канада доллари берилади. Бу пул уй арендаси ва еб-ичишга аранг етади.

Шу сабабли Канадада пенсияга одамларнинг ўзи жамғариши керак. Бу ерда алоҳида пенсия жамғармалари йўқ, исталган банкда махсус пенсия ҳисобрақами — RRSP'ни очиш мумкин. RRSP — Registered Retirement Savings Plan дастури ҳукумат томонидан яратилган бўлиб, унга киритилган маблағлар даромад солиғи базасини камайтиради.

Мисол: Дейв 2019 йилда 50 минг доллар даромад кўрди ва шу суммадан даромад солиғи тўлади. Йил давомида у 5 минг долларни пенсия ҳисобрақамига ўтказди ва шу билан солиқ базасини 5 минг долларга камайтирди. Энди у 50 минг доллардан эмас, балки 45 минг доллардан даромад солиғи тўлайди. Агар йил давомида кўп солиқ тўлаган бўлса, кейинги йил апрель ойида Солиқ қўмитаси ошиқча тўлаган солиғини қайтариб беради.

50 минг доллар ишлаб топган Дейв 5 минг долларни пенсия ҳисобрақамига ўтказса, солиқ базасининг камайгани туфайли у 1380 доллар даромад солиғи тўламайди. Агар тўлаб бўлган бўлса, давлат томонидан қайтарилади.

Бу дастурнинг иккита нюанси бор:

Биринчидан, RRSP'дан чиқариб олинган маблағлар даромад ҳисобланади ва солиқ базасини оширади. Яъни, 2020 йилда 50 минг ишлаб топган одам пенсия жамғармасидан 5 минг долларини чиқариб олса, ўша йили 55 минг доллар устидан даромад солиғи тўлайди.

Иккинчидан, бу дастурга миллионлаб доллар жойлаб, даромад солиғидан қочиш мумкин эмас. RRSP'га киритилиши мумкин бўлган маблағ миқдори йиллик даромадингизнинг 18 фоизи ёки 26 500 доллардан ошмаслиги керак.

Пенсия ҳисобрақамидаги пуллар одатда инвестиция қилинади. Пулингизни қайси банкда жамғараётган бўлсангиз, ўша банк орқали компаниялар акцияларини сотиб олишингиз ва фойда (ёки зарар) олишингиз мумкин.

~~~

Ишхонамда қизиқ дастур бор экан — ходимлар пенсия жамғармасига қанча пул киритса, улар ҳам шунча пул қўшимча қиларкан. Битта шарти билан — ишхона киритган қисми ойликнинг 1 фоизидан ошмайди. Компанияда қанчалик узоқ ишласа, ишхона киритадиган сумма ҳам ортиб бораркан.

Масалан: Стив 6 минг доллар ойлик олади (солиқлардан аввал), бунинг 1 фоизи 60 долларни ташкил қилади. Стив ҳар ой пенсия жамғармасига 60 доллар ўтказса, ишхона ҳам 60 доллар қўшади ва ҳисобига 120 доллар бўлиб тушади.

Бу сумма, юқорида айтганимдек, солиқ базасини камайтиради.

@zambarakning_oqi
Пенсия борасида берилган саволларга жавоблар

1. Юқорида айтган дастурда сизнинг пулларингиз туради, шу сабабли исталган пайт ечиб олишингиз мумкин. У пуллар давлатники эмас, сизники. Хоҳласангиз бугун, истасангиз 50 ёшингизда исталган қийматда чиқариб олишингиз мумкин.

2. RRSP дастури Канада фуқаролари ва резидентлари учун. Мен доимий резидентман, шунинг учун бу дастурдан бемалол фойдаланишим мумкин.

3. Пенсия эгаси вафот этганидан сўнг қолган пуллар унинг васиятидаги одамга ўтади.
​​Nintendo Switch приставкаси учун Just Dance деган ўйин бор экан.

Унда бир неча хит қўшиқлар ва уларга мосларштирилган рақслар киритилган. Иштирокчи қўлига приставканинг жойстикларидан бирини тақиб олади. Жойстикдаги акселерометр ёрдамида иштирокчининг ҳаракатлари аниқланади ва рақсга мос тушса, балл берилади.

Болалар роса ўйнашяпти, ҳаракат қилдирадиган ўйин экан.

@zambarakning_oqi
Хитойда тарқалаётган коронавирусдан ваҳимага тушишдан наф йўқ. Умуман ваҳима қачон фойда бўлган?

Ўзбекистонга вирус ҳозирча таъсир қилгани йўқ. Мабодо кимдир касалланган бўлса ҳам биз билмаймиз. Бугун Ўзбекистонда одамларнинг коронавирусдан ҳалок бўлиши эҳтимоли нолга тенг. Аксинча, машина тагида қолиш эҳтимоли анча юқори: кунига 5 киши қурбон бўлмоқда.

Кўчадан ўтаётганда эҳтиёт бўлинг!

@zambarakning_oqi
Исмоил бугун одатдагидан ярим соат олдин, 6:30да турибди, кеча будильнигини ўзгартириб қўйган экан. "Ҳа, нечук", десам "кўп ухласам energy (қувват)им кўпайиб кетяпти, мактабда кўп типирчирлаяпман, ўқитувчим уришяпти", дейди.

Роса кулибман 😂
​​Шаҳар ҳокимиятига қарашли "Калгари электр тармоқлари" ОАЖ ресторан олдини қазиб, бир нарсалар қиляпти. Ишланаётган жой ўраб қўйилган, олдига катта плакат ҳам осиб қўйишган:

"Stone Bowl ресторани очиқ."

Одамлар панжара ва чуқурни кўриб ресторан ишламаётган экан деб ўйламасин, деб шунақа ёзув осиб қўйишибди. Акс ҳолда ресторан "сени деб клиентларим камайиб кетди" дея компанияни судга бериши мумкин.

@zambarakning_oqi
Forwarded from davletovuz
Даҳшат

Инсон ҳуқуқлари? Демократия, қонун устуворлиги? Адолат?

Бундай ҳолатлар ички ишлар органларида зўравонлик нечоғли тизимли илдиз отгани ва зўравонлик жазосиз қолиши эҳтимолини яққол кўрсатади. Бу, назаримизда, айрим “нопок ходимларнинг” хатти-ҳаракати эмас. Оммавий ахборот воситалари бу ҳақда янада кенгроқ ёритиши керак.

Сенат ўзининг назорат функциясини бажараётганда, ушбу муаммони алоҳида назоратга олиши ва доимий тергаб туриши керак.

https://daryo.uz/k/2020/01/28/uchastkavoylaringni-qutqarib-qolsalaring-urgani-yoq-desalaring-rozi-qiladi-chiroqchilik-iib-xodimlari-qotillikni-yashirish-uchun-guvohlarning-og/
Коронавирус хитойликларнинг қилмишлари учун жазо эмиш.

Унда нега ўша вирусдан ўзбекистонлик талабалар ваҳимага тушиб, бақириб ётишибди? Ахир бу хитойликларга юборилган жазо-ку?

Ҳар куни беш ўзбекистонлик машиналар тагида қолиб, ҳалок бўляпти. Қайси гуноҳи учун, айтворинглар, ҳурматли машойиҳлар?

Нега унда бутун Европа ва Америка вируслардан қирилиб кетмаган? Замонамиз машойиҳлари нима дейди?

Бошимни деворга уриб, ёриб ташлагим келади баъзи гапларни эшитсам...

P.S.
Хитой давлатининг қилмишларини кўриб турибмиз: уйғурларни таҳқирлаши, лагерларга тиқиши, уйғур қабрларини текислаб, ўрнига бинолар қуриб ташлаётгани. Қинғир ишлари жуда кўп. Аммо вирус ёки бошқа кулфатни қандайдир қилмиши учун жазо эканини билмаймиз, билолмаймиз ҳам.

@zambarakning_oqi
Афғонча нон экан, ғирт ўзимизнинг ёпган нонимиз. Мазза қилиб едик.

Иммигрантлар давлатида яшашнинг афзалликларидан бири ҳам шу — исталган миллатнинг исталган таомини топиш мумкин.
Калгари тонги. 29 январь 2020 йил.