YURISTKADR
52.6K subscribers
2.91K photos
576 videos
715 files
2.51K links
Саволларингизга амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев жавоб беради.

Савол юбориш 👉 @yuristkadrbot

Юридик хизмат ва тижорий ҳамкорлик:
👉 @e_yurist01
Download Telegram
Бу ҳафта ҳам марказимизда турли ташкилотлардан ташриф буюрган ходимлар учун 36 соатга мўлжалланган ўқув машғулотларимиз якунланди.

Тингловчилар устозлар билимларидан миннатдор эканлигини билдиришди. Энг муҳими тингловчиларга ишда фойдаланиш учун ҳужжатлардан намуналар ҳам берилди. Бу гурух аввалги гуруҳлардан тиришқоқлиги ва билимга чанқоқлиги билан ажралиб туришди. Устозларни саволларга кўмиб ташлашди😊 Уларга ишларида омад тилаб қоламиз👍

Эслатиб ўтамиз,19 июнь санасидан бошлаб 24 соатга мўлжалланган офлайн дарс машғулотларимиз бошланади.

"Юрист ва кадр" ўқув марказида малака оширишни истаган талабгорлар қуйидаги рақамларга қўнғироқ қилиб боғланиши мумкин:

☎️ +99891-122-18-92
     
+99890-010-86-15
     
+99890-175-76-79

📍Ўқув маркази локацияси

Telegram I Instagram I Youtube
Афсус...

Олдинги хафтада Олий судда биз учун кутилмаган бир даҳшатли қарор қабул қилинди. Ўша куни ноҳақ судланиб, адолатсизликдан ер билан чирпарчин бўлган, бироқ кейинчалик оқланган ҳамда қуйи судларнинг қарори билан ўз ишига тикланган бир инсонни, гўёки яна қайтадан ер билан яксон қилишди. Бу биз учун чинакамига даҳшат эди бу.

Бу инсон катта бир давлат органининг вилоят бошқармаларидан бирида раҳбар бўлиб ишлар эди. Бирдан тепадан топшириқ бўлади ва бир кундаёқ уни вилоят прокуратурасига олиб кетишади ҳамда уни ўша куниёқ эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишади. Қамоққа олинган куннинг эртаси куни ундан ишдан бўшаш ҳақида мажбурлаб ариза олишади ва шу куни уни гўёки ўз ҳохишига кўра Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан ишдан бўшатишади. Тасаввур қилинг, қамоққа олинган шахс, тергов кетаётган бир вақтда ўз ҳохиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза бериши мумкинми? Асло мумкин эмас. Ходимга нисбатан текширув кетаётганда, ёки унга қарши кескинлик юзага келганда, ё бўлмасам, терговга тортилган бир вақтда ариза олиниши иш берувчи томонидан қистов ва босим дея баҳоланади.

Қаҳрамонимиз ёш ва умидли кадрлардан эди. Уни ишдан бўшатиш билан қаноатланишмаган. Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жавобгарликка тортишди, судлашди уни. Буюртмали жиноят иши экани аниқ эди. Шукрки, бу узоққа чўзилмади, адолат қарор топиб, у оқланди, жирканч суд ҳукмлари бекор бўлди. Фақат, ёш бўла туриб, қонунсизликдан соғлиғини йўқотди у, ундан ҳам ёмони энг яқин инсонларидан бири унинг бошига тушган ташвишларини кўтара олмай, бевақт оламдан кўз юмди.

Дўстларим, қахрамонимизнинг ўрнида бўлсангиз, сиз ҳам ҳуқуқингиз учун охиригача курашармидингиз? У ҳам шундай қилди. Ўзининг аввалги ишига тикланиш учун курашди. Биринчи инстанция суди “ўз ҳохишингиз билан ариза ёзгансиз, кейин даъво муддатингиз ўтган” деб унинг даъвосини рад қилади. Шундан сўнг, адвокат сифатида мен ишга киришдим, апелляция судида барча асосларни келтириб бердик, ариза терговхонада мажбуран ёзилганлиги исботланди, қолаверса, жавобгар вакиллари аризанинг асл нусхасини кўрсатиб бера олмади (яъни аризанинг ўзи йўқ эди). Аввалги МК 270-моддасига кўра, даъво муддати ўтиши учун эса буйруқ нусхаси ходимга берилган бўлиши керак эди, лекин буйруқ нусхаси ходимга берилмаган ёки почта орқали юборилмаган эди. Ниҳоят, апелляция қаҳрамонимизни ишга тиклаш ҳақида қарор чиқарди. Қарор ижроси ҳам таъминланди, у вилоятдаги ўзининг раҳбар лавозимига киришди. Биз ҳақли равишда ғалаба қилган эдик.

Афсуски, Олий судда бундай бўлмади. Олий суд судьялари даъво талабларимизни бутунлай рад қилиб ташлади. Қаҳрамонимиз тергов даврида тазйиқ ва руҳий босим натижасида ариза ёзишга мажбур бўлганини зорланиб-зорланиб бир неча бор айтиб ўтди. Бироқ, Олий суд судьялари вазиятга тўғри баҳо бера олмади, улар ўзларининг қарорларини “сиз раҳбар ходим бўлгансиз, нима ёзаётганизни олдиндан билиб ўз ҳохишиз билан ёзгансиз” деган мантиқсиз тушунтириш берди. Аҳволни қаранг, оддий ходим бўлса, тазйиқ бўлиши мумкин экан, агар раҳбар ходим бўлса, вазият тазйиқ деб баҳоланмас экан.

Ҳеч кимнинг бошига бундай ҳолат тушмасин! Ҳеч қандай айбингиз бўлмасада, асоссиз қамашиб, икки кун бир жойда ушлаб туриб, тинимсиз равишда руҳий ва жисмоний босим ўтказиб, “ҳозироқ аризангни ёзиб бер, бўлмаса, яна иккита статья босворамиз, керак бўлса болаларингни йиллаб кўрмайсан” деганда, эркак бошингиз билан ичингиздан юм-юм йиғлаб, оқ қоғозга ўзингиз истамаган жумлаларни ёзишдан ҳудо асрасин. Бошингизга шундай ҳол тушмасин бирортангизни.

Судларимиз қарор чиқарар экан, бир инсоннинг тақдирини ҳал қилар экан, виждонларига яхшилаб қулоқ тутишсин. Виждонга қандай қулоқ тутилади, у қандай тингланади? Қози бўлиб эмас, ўша инсоннинг ўрнига ўзни қўйиб.

Биз бу иш бўйича қонун ва адолат биз томонимизда эканига тўлиқ ишонамиз, шундай экан, охиригача курашамиз.
Audio
ХОДИМНИ "ДЕКРЕТ"ДАГИ ХОДИМ ЎРНИГА ЎТКАЗИМОҚЧИМИЗ, ҚАЙСИ МОДДАЛАРНИ ҚЎЯМИЗ?

САВОЛ.
Бола парваришлаш таьтилида бoлган ходимнинг ўрнига бошқа ходимни ўзининг розилиги билан ўтказмокчи эдик, лекин МКнинг қайси моддаларини қўйишни тушинмаяпмиз. Илтимос ўргатиб юборсангиз. Олдиндан рахмат.

ЖАВОБ ☝️ЮҚОРИДАГИ АУДИОЁЗУВДА.

👉@yuristkadr
Янги Меҳнат кодексининг қиймати бебаҳолиги маълум.

Лекин энг муҳими, бу қийматни тушиб кетишига йўл қўймаслик керак.

Янги Кодекс кучга кирган кунлардаёқ меҳнат шартномаларини бекор қилиш амалиётида уни фаол қўллаша бошлашди.

Айниқса, меҳнат шартномасини бекор қилишда Кодекснинг 161-моддасини. Иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишларни назарда тутяпман, албатта.

Биз янги Меҳнат кодекси нормалари бузилган ҳолда амалга оширилган ишдан бўшатишларга тоқат қилмоқчи эмасмиз.

Айтганимдек, янги Меҳнат кодексининг қиймати аслида бебаҳо. Бу қийматни тушиб кетмаслиги учун ҳозирданоқ курашни бошлаганмиз. Асосий курашлар ҳозирда судларда кечмоқда.

Лекин, касаба уюшмалари, Бандлик вазирлиги, прокуратура ва адлия каби органлар фаоллашмаса, янги Меҳнат кодексининг ўрни у қадар мустаҳкам бўлмайди.

👉@yuristkadr
Касаба уюшмаси қўмитаси розилиги билан боғлиқ ғалати қоида тўғрисида.

Янги Меҳнат кодексининг 164-моддасида ходимни иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатишдан аввал касаба уюшмаси қўмитаси розилигини олишга оид нормалари ҳақида гап кетади.

Энди ўзиз биласиз, МК 164-моддада агар жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бўлсагина, меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги олинади. Яъни, ўша эски МК 101-моддадаги эски қоида сақланиб қолган.

Лекин ҳозир гап бошқа нарса ҳақида.

Қаранг, МК 164-модданинг 3-қисмида шундай қоида бор:

касаба уюшмаси қўмитаси ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилиги масаласи бўйича қабул қилинган қарор ҳақида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг ёзма тақдимномаси олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда иш берувчига хабар қилиши керак;

агар кўрсатилган муддат тугаганидан кейин касаба уюшмаси қўмитаси қабул қилинган қарор ҳақида хабар қилмаса, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ушбу Кодексда белгиланган тартибда касаба уюшмаси қўмитасининг розилигисиз бекор қилишга ҳақли.

Назаримда, мана шу иккинчи қоидани қўллашда амалиётда чалкашликлар ва тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин.

Бир қарашда агар касаба уюшмаси қўмитаси кўрсатилган муддат, яъни 10 кунлик муддатдан сўнг иш берувчининг тақдимномаси юзасидан ҳеч қандай ҳабар бермаса, иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси розилигисиз ҳам ходимни ишдан бўшатиши мумкиндек бўляпти. Аслидачи?

Аслида, қоидани жумлама-жумла тўлиқ ўқисангиз, мазмун сал бошқачароқ эканини тушунасиз. Яъни, касаба уюшмаси қўмитаси кўрсатилган 10 кунлик муддат тугаганидан кейин қабул қилган қарори ҳақида ҳабар қилмаса, иш берувчи уни розилигисиз ходимни бўшатиши мумкин. Янада оддийроқ тушунтирадиган бўлсам, касаба уюшмаси қўмитаси тегишли қарорни қабул қилгану, бироқ бу ҳақида иш берувчини хабардор қилмаган, тушуняпсизми? Шундагина, иш берувчида юқоридаги ҳуқуқ юзага келиши мумкин, яъни касаба уюшмаси қўмитаси розилигини олиб ўтирмайди. Яна такрорлайман, қарор қабул қилган бўлса, бироқ бу тўғрисида иш берувчи хабардор қилинмаган бўлса.

Демак, агар касаба уюшмаси қўмитаси белгиланган 10 кунлик муддат ичида ҳеч қандай ҳаракат қилмаган бўлса, яъни тегишли қарор қабул қилмаган бўлса, иш берувчида касаба уюшмаси қўмитаси розилигисиз ходимни бўшатиш ҳуқуқи юзага келмайди.

Хуллас, МК 164-модданинг бу қисмидаги яширин қоида якунда иш берувчининг эмас, ишдан бўшатилган ходимнинг фойдасига ишлаши шундоқ кўриниб турибди.

👉@yuristkadr
РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИНГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ТИКЛАШ МАСАЛАСИ.

Судьялар Олий олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор Илҳом Насриевнинг реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш бўйича жуда яхши мақоласи чоп этилган экан (2022 йил апрель). Энг муҳим жойларини ажратиб олдим.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддасида, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим, деб белгиланганлиги сабабли реабилитация қилинган шахслар ишга тиклаш масаласида аксарият ҳолларда фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишмоқда.

Аммо бундай тоифадаги ишларни фуқаролик ишлари бўйича судлар айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси нормаларига таяниб ҳал этса, бошқа ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси нормалари асосида ҳал этаётганлигини кўришимиз мумкин.

Бугунги кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020 йил 26 ноябрдаги РС-54-20-сонли Раёсат қарорида ...фуқаролик ишлари бўйича республика судлари томонидан реабилитация билан боғлиқ ишга тиклашга оид низоларни ҳал этиш амалиёти юзасидан ўтказилган умумлаштириш натижалари бу борада ягона суд амалиёти асосан тўғри йўлга қўйилганлигини, ...моддий ва процессуал қонун талабларига риоя қилинаётганлиги, айрим ҳолларда моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ва процессуал хатоликларга йўл қўйилганлиги қайд этилган бўлиб, қарорда реабилитация этилган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш ва етказилган мулкий зиённи қоплаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда реабилитация тўғрисида қарор чиқарган суд, прокурор ёки терговчини ажрими ёхуд қарори асосида амалга оширилиши лозимлиги қайд этилган. Аммо ишлар асосан фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқиб ҳал этилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги суд амалиётида реабилитация этилган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклаш ҳақидаги талабларга нисбатан барча ҳолатларда ҳам ЖПКнинг 312-моддаси қўлланилмаяпти.

Маълумки, мазкур нормага кўра, “шахс ҳуқуқларини тиклаш тартибини тушунтирувчи билдириш хати” олган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида меҳнат ҳуқуқларини тиклашни талаб қилиши мумкин. Бироқ, бундай турдаги ишлар бўйича суд амалиётида аксарият ҳолларда қонун талабларига зид равишда, Меҳнат кодексининг 270-моддасида белгиланган “шахс меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ойлик муддатда судга мурожаат қилиши мумкинлиги” ҳақидаги қоида қўлланилса, бошқа ҳолатда ЖПК нормалари қўлланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддасида, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим деб белгиланган. Аммо бундай тоифадаги ишларни фуқаролик ишлари бўйича судлар кўрар экан, улар Меҳнат кодекси нормалариними ёки реабилитация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклашга оид Жиноят-процессуал кодекси нормаларини қўллаши лозимлиги тўғрисида ҳам аниқ кўрсатма йўқ.

Фикримизча реабилитация қилинган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклаш оқлов ҳукми чиқарган суд, шунингдек прокурор, терговчи томонидан ҳал этилиши, уларнинг бу ҳақдаги қарори иш берувчи томонидан бажарилмаган ҳолатларда мансабдор шахснинг ҳатти-ҳаракати устидан шикоят бериш тартибида ҳал этилиши амалдаги қонун талабларига мувофиқ бўлади.

Мақоланинг тўлиқ матни 👉мана бу ерда, албатта ўқиб чиқинг.
БИРИНЧИ ХОДИМ СУД ҚАРОРИ БИЛАН ТИКЛАНДИ, УНИНГ ЎРНИДАГИ ХОДИМНИ БЎШАТСАК, УНГА ҚЎШИМЧА ТЎЛОВЛАР ТЎЛАЙМИЗМИ?

САВОЛ.
Ассалому-алайкум. Бизда бир ходим ишдан бўшатилган эди, унинг ўрнига бошқа бир шахсни ишга олганмиз. Ўтган ойда биринчи бўшаб кетган ходим ишга тикланиши бўйича суд қарори чиқди. Биз иккинчи ходимни бўшатишга мажбур бўляпмиз, иккинчи ходим менга қўшимча нафақа тўловлари тўлаб берасизлар деяпти. Нима маслаҳат берасиз? Қўшимча тўловлар тўлашимиз керакми?

ЖАВОБ.

Ҳа тўлашингиз керак.

Янги Меҳнат кодексининг 168-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг аввалги ишга тикланганлиги унинг ўрнига ишга олинган ходим билан тузилган меҳнат шартномасини тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлаига кўра бекор қилишга асос бўлади. Бу бор гап.

Меҳнат кодексининг 100-моддаси 1-қисмига кўра меҳнат шартномаси жами 8 та асос бўйича бекор қилинган тақдирда, иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан 2 ойга сақланиб қолиши ходимлар учун кафолатланади.

Шуларнинг ичида, яъни рўйҳатнинг 7-қаторида шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг ишга тикланганлиги муносабати билан иккинчи ходимни ишдан бўшатиш ҳам ўрин олган.

Яъни, ходимлар 8 та асос ёки улардан бири бўйича ишдан бўшатиладиган бўлса, иш берувчи бу ходимларнинг ишдан бўшаганидан кейинги 2 ойлик иш қидириш даври учун ўртача ойлик иш ҳақини тўлаб беради. Бунда ишдан бўшатиш нафақаси тўлови ҳам қўшиб ҳисобланади.

МК 100-модданинг 4-қисмига асосан агар юқоридаги асослар ёки улардан бири билан ишдан бўшатилган ходим бўшатилган кундан эътиборан 30 календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома бўйича 3-ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Меҳнат кодексининг 100-моддаси 1-қисмида кўрсатилган рўйҳатнинг 7-қаторида шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг ишга тикланганлиги сабабли ишдан бўшатиладиган ходимлар ҳам ушбу имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги кўриниб турибди.

Шундай экан, иккинчи ходимни МК 168-модда 1-қисми 2-банди билан ишдан бўшатганингизда унга МК 100-модда (эски МК 67-модда)да кўрсатилган қўшимча кафолатли суммалар албатта тўланишини ҳисобга олишингиз керак.

👉@yuristkadr
Forwarded from Mehnat huquqi (Muhammadamin Karimjonov)
⚠️ Diqqat! Shok xabar! Mehnat qonunchiligiga oid "o'ta"muhim hujjatlar qabul qilindi. 🐄🐂 Sigirlar va nasl buqalarni parvarish qilishda mehnatni muhofaza qilish qoidalarining (https://lex.uz/docs/-1495215) 2-bandiga oʼzgartirish kiritish toʼgʼrisida, 🐎Otlar bilan tashish va boshqa ishlarni bajarishda mehnatni muhofaza qilish qoidalarining (https://lex.uz/ru/docs/-1492903) 2-bandiga oʼzgartirish kiritish toʼgʼrisida (Oʼzbekiston Respublikasi Kambagʼallikni qisqartirish va bandlik vazirining buyruqlari qabul qilindi)

❗️Lekin pedagoglarning ta'tilllari haqidagi Vazirlar Mahkamasining qaroridan hali ham xabar yo'q! Maktablardagi pedagoglar ham ta'tilga chiqib bo'lishdi! Hamma o'zi bilganicha ish tutdi. Ta'til pullarini to'lash borasidagi tushunmovchiliklarni aytmasa ham bo'ladi. Endi navbat Oliy ta'lim tizimiga. Yana "bardak" boshlanadimi. Lekin ta'tillar bo'yicha hali hanuz hech qanday yangilik yo'q... Ko'zlarimiz to'rt bo'ldiyu...
Бугундан "Йўлқурилиш" АЖ ва бир неча корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган ходимлар учун навбатдаги малака ошириш курсларига старт берилди

Мазкур ҳафта давомида "Юрист ва кадр" ўқув марказига ташриф буюрган тингловчилар 24 соатга мўлжалланган ўқув дастури бўйича малака оширидилар.

Ўқув дастурида меҳнат соҳасига оид асосий қонунчилик ҳужжатлари, кадрлар хизмати фаолиятига доир локал ҳужжатлар, меҳнат шартларини ўзгартириш ва ходимни бошқа ишга ўтказиш ишларини расмийлаштириш тартиби шунингдек, меҳнат қонунчилигидаги муҳим ўзгаришлар ва бошқа бир қанча долзарб мавзуларни қамраб олган.

Дасрлар якунида тингловчиларга намунавий ҳужжатлардан намуналар ва малака оширганлик ҳақида сертификатлар берилади.

Эслатиб ўтамиз, 3 июль санасидан бошлаб ўқув марказимизда 36 соатга мўлжалланган дарс машғулотлари бошланади.

☎️ +99891-122-18-92
     
+99890-010-86-15
     
+99890-175-76-79

📍Ўқув маркази локацияси

Telegram I Instagram I Youtube
НОГИРОН ШАХСЛАРНИ ИШ БЕРУВЧИ ТАШАББУСИ БИЛАН ИШДАН БЎШАТИШ МУМКИН ЭМАСМИ?

САВОЛ.

Ассалому-алайкум, Саидали ака. Янги Меҳнат кодексининг 425-моддасида ногирон шахслар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш таъқиқланиши белгиланган. Шу нормани иозоҳлаб берсангиз, масалан, агар ногирон ходим 3 кун сабабсиз ишга келмаса, ёки унинг лавозими қисқаришга тушган бўлса, уни ишдан бўшатиш мумкин эмасми?

ЖАВОБ.

Ҳақиқатдан ҳам янги Меҳнат кодексининг 425-моддаси 3-қисмида шундай дейилган:

ногиронлиги сабабли ногиронлиги бўлган шахс билан меҳнат шартномаси тузишни ёки ишда унинг юқори лавозимга кўтарилишини рад этишга, у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг хулосасига кўра ногиронлиги бўлган шахснинг соғлиғи ҳолати касбий вазифаларини бажаришга монелик қиладиган ёхуд унинг ёки бошқа шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига, меҳнат хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳоллар мустасно.

Тўғри, бу қоидада ногиронлиги бўлган ходим билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга чеклов қўйилмоқда.

Бунда агар ТИЭКнинг махсус хулосаси бўлиб, бу хулосага кўра ногирон шахснинг соғлиғи меҳнатни давом эттиришга монеълик қиладиган бўлса, ёки бошқаларнинг ҳаётига ва меҳнат жараёнига тахдид солса, уни бўшатиш мумкин. Бу энди алоҳида истисновий жиҳат.

Биз кўриб чиқаётган ҳолатда иккинчи истисновий ҳолатлар йўқ деб ҳисоблайлик, тўғрими? Яъни, биз вазиятни бошқа, умумий томондан кўриб чиқамиз.

Юқоридаги қоидага яхшилаб эътибор берайлик, бунда агар ушбу ишдан бўшатишда ходимнинг ногиронлиги сабаб қилиб олинаётган бўлса, бу бўшатиш амалиёти нотўғри бўлиши айтилмоқда. Айнан ногиронлик сабаб сифатида олинса, тушуняпсизми?

Энди қаранг, дейлик 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган ходим шунчаки бир хафта давомида ҳеч қандай узирли сабабсиз ишга келмади. Прогулга йўл қўйди. Берган тушунтириш хатида ҳам бирорта узирли сабабни келтира олмади. Вазият ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузилишига тортади. Иш берувчи бундай вазиятда ходимни ногирон бўлганлиги сабабли эмас, у меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузганлиги сабабли ишдан бўшатмоқчи. МК 161-модда иккинчи қисм 5-банди билан. Ўйлайманки, иш берувчида бунга тўлиқ ҳуқуқ бор.

Агар шу вазиятда иш берувчи “сиз ногирон бўлганлигингиз сабабли сизни ишдан бўшатмоқчимиз” деса ва ходимни иш берувчи ташаббуси билан бўшатиб юборса, демак мана шу жараён ноқонуний бўлади.

Чунки, бунда ишдан бўшатишнинг сабаби ходимнинг ногиронлигига боғланмоқда.
Суднинг айби билан йўқ жойдан 4 ой вақт йўқотдик.

Бугун Тошкент шаҳар судлари фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида жуда муҳим бир ишимиз кўрилди.

Ҳуллас, ҳимоямиздаги фуқаро А.У ички ишлар тизимидаги ёнғин ҳавфсизлигида ишлаб юрган вақтда Президент фармони билан ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ихтиёрига ўтказилади. Афсуски, айрим ходимлар қатори А.У.нинг меҳнат фаолияти ҳам мавҳумликда қолиб кетади. Натижада, ходим бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш учун фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво аризаси киритади. Бу судда адвокат сифатида ходимни ҳимоя қилдим.

Бу иш ушбу суддаги энг тажрибали судьялардан бири томонидан кўрилди. Лекин кутилмаганда айнан шу ишга келганда биз ишонган судья жиддий хатога йўл қўйди.

Иш мазмунан кўрилиб, жараён бир ойга яқин вақт мобайнида давом этаётган эди. Лекин судья суд кетаётган бир вақтда тўсатдан “иш юритишни тугатиш масаласини муҳокамага қўяман, марҳамат, тарафлар ўз фикрларингизни билдиринг” дея бизга юзланди. Мен судья нимани мақсад қилганини шу заҳотиёқ тушундим, у даъвогар фуқарони ҳарбий хизматчи деган хулосага келган эди ва шу сабабли бу ишни фуқаролик судига эмас, харбий судга тааллуқли деган фикр билан тугатиб ташлашни ўйлаган эди. Судьяга тушунтиришга ҳаракат қилдим “ҳурматли суд раиси иш юритишни тугатишга ҳеч қандай асос йўқ, ахир орадан 1 ой вақт ўтиб бўлди, қолаверса, ҳимоям остидаги фуқаро харбий хизматчи мақомига эга эмас”. Жавобгар вакиллари “судга ҳавола қиламиз” деди, тўғриси, улар ҳам ҳайрон эди.

Шундан сўнг, суд маслаҳатда қолди ва маслаҳатдан сўнг бу иш бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарди. Судья иш фуқаролик судларига эмас, харбий судга тааллуқли дея тушунтириш берди. Жуда ёмон иш бўлди, шунча сарсон-саргардонликдан кейин, ишни ўрганиб-ўрганиб, якунда шундай ажрим чиқарилгани ёмон алам қилди. Қолаверса, фуқаро умуман ҳарбий хизматчи эмас эди. Судья асос қилиб олган “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддасидаги харбий судларга тааллуқлилиги белгиланган ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмаларнинг, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишлари деган талаб фақатгина ҳақиқий харбий хизматчиларга тегишли эди. Судья қаттиқ адашгани аниқ эди.

Суднинг ушбу ноқонуний ажрими устидан Тошкент шаҳар фуқаролик судлов ҳайъатига шикоят киритдик. Бугунги суд жараёнида Президентнинг ПҚ-4447-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги низомнинг 2-бандининг асл моҳиятини тушунтириб бердик. Яъни, бу бандга кўра ҳақиқий харбий хизматчи деганда чақирув ёки контракт бўйича оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида Қуролли Кучлар сафидаги ҳарбий хизматчилар тушунилишини, ҳимоямдаги А.У билан контракт тузилгандагина, у харбий хизматчи бўлиши, шунга кўра, бу фуқарога нисбатан “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддаси қўлланмаслиги, яъни аслида, бизнинг ишимиз харбий судга эмас, айнан фуқаролик судларига тааллуқли эканлигини билдирдик.

Якунда апелляция суди шикоятимизни ва суд давомида билдирган фикрларимизни қабул қилди ва ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро судининг иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажримини бекор қилиб, бизнинг даъво талабларимизни мазмунан кўриб чиқиш ҳақида ажрим чиқарди.

Апелляция судига раҳмат. Биз адолат учун яна курашишда давом этамиз, фақат муаммоли томони, йўқ жойдан шунча сарсон бўлдик, ҳали биринчи инстанциядамиз, лекин ҳозирнинг ўзидаёқ 4 ой вақт йўқотиб бўлдик.

👉@yuristkadr
Дарс машғулотлари қизғин паллада...

Айни дамда "Йўлқурилиш" АЖ ва бир неча корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган ходимлар учун малакали ўқитувчимиз, амалиётчи мутахассис Акмалхон Нигмонхўжаев томонидан дарс машғулотлари олиб бориляпти.

Даср жараёнини тасвирга олишга кириб, ўзимизни ҳам у ердан чиқиб кетгимиз келмай қолади. Дарслар айнан амалиёт билан боғланиб ўтилаётгани учун ҳам тингловчиларни зериктирмайди.

Сиз ҳам ўқув курсларимизга ёзилинг ва меҳнат ҳуқуқини биз билан ўрганинг!

☎️ +99891-122-18-92
     
+99890-010-86-15
     
+99890-175-76-79

📍Ўқув маркази локацияси

👉@kadr_yurist
“Кадровик”ларнинг ойлиги кўтарилиши керак.

Камида иккита сабабга кўра кадрлар хизмати ходимлари ойлиги кўтарилиши керак.

Биринчиси, янги Меҳнат кодексининг кучга кирганлиги. Янги Меҳнат кодекси аввалгисига нисбатан 2 баробарга катта хажмда, демакки, кадрлар хизмати ходимларининг иш кўлами ҳам камида 2 баробарга ошгани турган гап. Бунинг устига, давлат органлари учун яна қўшимчасига “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Эндиликда давлат органи кадрлар хизмати ходимининг бир елкасига янги Меҳнат кодекси тушган бўлса, иккинчисига “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун тушди. Осон бўлмайди, мана шу иккита катта юкни кўтариб ишлаш.

Иккинчиси, кадрлар хизмати ходимига осон деб ўйлаган исталган одам бир хафта бу ишда ишлаб кўрсин. Масъулиятсиз ва бефарқ бўлса, балким билинмасдир. Лекин, озгина масъулияти ва виждони бор инсон учун бу касбда иш ҳеч қачон тугамайди. Ҳотиржам ўтириб ишлашга имкон беришмайди. Бир раҳбар чақиради, бир ўринбосар, бир бухгалтер билан масала чиқиб қолади. Энди ўтириб ҳужжатларни тайёрлайман деганда, ходимлардан бири кириб қолади, унинг саволларига жавоб бериши керак. Ишонаверинг, кадрлар хизмати ходимлари хатто ишдан кейин уйига борганида ҳам дам олмайди. Камида мия ишлаб туради. Хатто ухлаганда ҳам тушларига иш берувчи ва ходим ўртасидаги қайсидир масала кириб чиқади.

Агар иш берувчилар ҳозирдан кадрлар хизмати ходимининг ойлигини кўтармаса, уларга алоҳида қўшимча устамалар белгиламаса, 5-6 ойдан кейин яхши мутахассисларидан айрилиб қолишлари мумкин.

Чунки энди аввалгидек бўлмайди. Янги қонунчилик яхши “кадровик”ларнинг баҳосини яхшигина ошириб юборади. Бундан буёғига эътиборсиз ва зиқна иш берувчилардан меҳнатига яраша ҳақ тўлайдиган эътиборли иш берувчиларга ўтиб кетади яхши мутахассислар.

👉@yuristkadr