O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi
4.74K subscribers
28.3K photos
3.38K videos
376 files
7.74K links
Adabiyot yashasa, millat yashaydi.

Фикр ва мулоҳазаларингизни, адабиёт ҳақидаги мақолаларингизни шу манзилга йўлланг:
@yozuvchilarbot
Download Telegram
❄️❄️❄️

Туғилдингми — самар қолдир,
Ўзлигингдан хабар қолдир.
Ҳоқон эрсанг шаҳар қолдир,
Зобит эрсанг зафар қолдир.
Олим эрсанг асар қолдир,
Ҳофиз эрсанг лапар қолдир,
Чўпон эрсанг отар қолдир,
Косиб эрсанг ҳунар қолдир.
Лоақал тинч рўзғор қуриб,
Юртинга бир аскар қолдир.

Анвар Обиджон, Ўзбекистон халқ шоири
​​2 ноябрь – Александр Файнберг туғилган кун

    * * *
Тақдир – ҳақдир.
Чиранма унга,
Бор қилар ҳам йўқ қилар тақдир.
Бошқа ёзмиш берилмас сенга,
Ҳаёт янглиғ тақдир ҳам ҳақдир.

Эҳтиёт қил руҳи жонингни,
Дунё кенгдир доимо кенгга.
Сотма фақат руҳ, имонингни,
Бошқа руҳ ҳам берилмас сенга.

ОНAМГA
Яшил дала, ям-яшил очун,
Фақат онам камлик қилади.
Меҳрим ҳақин қайтармоқ учун
Мангулик ҳам камлик қилади.

         * * *
Бу дунёда бир ажиб уй бор,
Дўстлар унда жамдир, бахтиёр.

Унда – баҳор, гул ҳам настарин,
Кимдир куйлар ҳаёт рангларин.

Унда руҳни зулмат қопламас,
Мени ҳам бир эсласалар бас.

           * * *
Икки дунё аро шундоқ яшайман –
Дилдорим, сен агар назар солурсан:
Бари ортиқчасин олиб ташлайман,
Бир ўзинг қолурсан. Ўзинг қолурсан.

Юлдуз кўзларингни, ой жамолингни
Ою юлдузлардан ўзим қилдим жам.
Мен ўзим туздим-ку бу камолингни,
Энди ортиқчаман ўзим, жонгинам.

 * *
Хайр.
Хуш қол.
Бахтли бўл доим,
Ёлғонинг ҳам гўзалдир, дилдор.
“Кечир” деган аччиқ, мулойим
Сўзни очиқ айтмагил зинҳор.

Aйрилиқ ҳам бор гапдир, билсанг,
Aйтилмаган сўзлар ҳам бекор.
Гуноҳгача ўсмаган бўлсанг,
Кечирмоғим сенга на даркор?

           * * *
Нима бўлди менга, билмадим,
Не савдолар сарсон бошимда.
Ўттиз ёшни писанд қилмадим,
Ёш йигитман эллик ёшимда.

Гоҳ қирдаги бир лоладайман,
Яратганнинг инояти не?
Борган сайин ёш боладайман,
Бунинг сир-ру синоати не?

ЁПИҚ ЭШИККA ЁЗИЛГAН БИТИК
Тақиллатма эшикни дилхун,
Бас қил энди, бир нафас қўй-да.
Мен уйимда бўлмайман бугун,
Эртага ҳам бўлмайман уйда.

Сен – шоирсан. Сен зўрсан минг бор,
Нечун яна кўнглинг тўлмайди?
Мени тинч қўй.
Aвлодларга бор,
Aвлодлар ҳам уйда бўлмайди.

Александр Файнберг, Ўзбекистон халқ шоири

Рус тилидан Сирожиддин Саййид таржимаси

Сайт I Телеграм I Фейсбук
​​Янги китоб

ҚОРАЛАМАГА ҚАСИДА

Ўзбекистонни Она Ватаним дея оташин муҳаббат ва эътиқод билан тараннум этган адиб – Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнбергнинг “Чиғир” номли назм ва наср китоби бундан бир неча йил аввал ўзбек тилида нашр этилиб, миллий шеъриятимиз мухлисларининг севимли асарига айланганди. Ижодкор таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан шоирнинг икки жилдлик танланган асарлари рус тилида нашр этилди.
“Қораламага қасида” шеърий мажмуасидан янги таржималар ўрин олган. Шоир шеърларининг руҳи, оҳанги, бадиий тимсоллари, шакли ва мазмуни ўзбекча жаранглайди. Миллий ва умуминсоний ғоялар юксак бадиий маҳорат билан тараннум этилган шеърлар ўқувчига ҳайрат ва ҳаяжон бахш этади.
Қуйида ушбу китобнинг электрон нусхасини юклаб олиб, ўқишингиз ҳам мумкин.

Рукн – “Назм бўстони”
Лойиҳа раҳбари – Сирожиддин Саййид
Муаллиф – Александр Файнберг
Масъул муҳаррир ва таржимон – Рустам Мусурмон
Муҳаррир – Дилрабо Мингбоева
Бадиий муҳаррир – Фаррух Эрматов
Саҳифаловчи – Азамат Қаюмов
Мусаҳҳиҳ – Дилфуза Маҳмудова
Нашриёт – “Адабиёт”
Адади – 2000 нусха
Фото муаллифи – Аҳмад Тўра

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Сайт I Телеграм I Фейсбук
ALЕKSANDR FAYNBERG.pdf
574 KB
Назм бўстони

Александр Файнберг

ҚОРАЛАМАГА ҚАСИДА

(Шеърлар)

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Сайт I Телеграм I Фейсбук
ТАКЛИФНОМА

2021 йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли адиб Машраб Бобоев таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан у яшаб ижод қилган хонадонга ўрнатилган ёдгорлик лавҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбир соат 11:00 да бошланади.
Борувчиларга осон бўлиши учун қуйида Машраб Бобоев яшаган уй манзили жойлашувини юклаяпмиз.
Шу куни тушдан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта тадбирлар залида адиб ижодига бағишланган “Тушларимга кирар бир баҳор”, деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтади. Тадбирнинг бошланиш вақти: соат 15:00.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Сайт I Телеграм I Фейсбук
​​2021 йил 26-28 октябрь кунлари Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг тил сиёсати” мавзуида II халқаро конгресси бўлиб ўтди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Халқаро гуманитар ҳамкорлик ишлари бўйича федерал агентлик, Москва шаҳрида жойлашган Пушкин номидаги рус тили давлат институти ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, таржимон Николай Илин иштирок этди ҳамда “Ўзбекистондаги адабий жамоатчилик ва русийзабон адабиёт” мавзуида маъруза қилди. Маъруза иштирокчилар томонидан қизғин муҳокама қилинди ва конгресснинг якуний йиғилишида алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

    * * *

Федеральное агенство по делам Содружества Независимых Государств и международному гуманитарному сотрудничеству при партнерстве с Государственным институтом русского языка имени А.С. Пушкина (г. Москва, Россия) пригласило для участия во Втором Международном конгрессе «Языковая политика Содружества Независимых государств», проводимым 26-28 октября 2021 года в городе Алматы (Республика Казахстан), узбекистанского поэта и переводчика, члена Союза писателей Узбекистана Николая Ильина, где он выступил с докладом «Общественная среда и русскоязычная литература Узбекистана». Доклад активно обсуждался участниками дискуссии и был отмечен на заключительном заседании при подведении итогов Конгресса.

Информационная служба Союза писателей Узбекистана
​​ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚҚА КИРСАНГ...

Ижтимоий тармоққа кирсанг,
Уялади одам ўзидан.
Одамзотнинг одамга бўлган,
Муҳаббатсиз совуқ сўзидан.

Ижтимоий тармоққа кирсанг,
Қалқиб қолар кўзингда дунё.
Қиёматнинг нафаси уриб,
Тўрт томонинг бўлар зим-зиё.

Ижтимоий тармоққа кирсанг,
Аждодларнинг арвоҳи урар.
Усти бошин тополмаганлар,
У даргоҳда яланғоч юрар.

Ижтимоий тармоққа кирсанг,
Ҳамла қилар қутирган шерлар.
Сиртлонларнинг макрини кўрсанг,
Бир-бирининг гўштини ерлар.

Ижтимоий тармоққа кирсанг,
Сўзи совуқ қанча нокас бор.
Мағзавани тўкиб бошингдан,
Балоларга қилгай гирифтор.

Ижтимоий тармоққа кирсанг,
Дилда нафрат ниҳоли ўсар.
Отасини ўлдириб кетган,
Падаркушлар йўлингни тўсар.

Ижтимоий тармоққа кирсанг,
Ғунонжинлар сузар кўзини.
Маликалар рангга буялиб,
Қиз кўрсатиб турар ўзини.

Ижтимоий тармоққа кирсанг,
Аламзада махлуқлар бисёр.
Гуноҳини юзига солсанг,
Сени ғажиб ташлашга тайёр.

Ижтимоий тармоққа кирсанг,
Юрагингни эҳтиёт қилгин.
Пешонангни деворга уриб,
Маймунларга қўшилиб кулгин.

Ижтимоий тармоққа кирсанг,
Иймонингдан бўласан жудо.
Паноҳида ўзи асрасин,
Яратганга қилгин илтижо.

Ижтимоий тармоққа кирсанг...

Ахтамқули, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
​​Туғилган кун

НОРҚОБИЛ ЖАЛИЛОВ 60 ЁШДА

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилов таваллуд топган кун. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси ижодкорни қутлуғ 60 ёшга тўлгани муносабати билан муборакбод этади.
Норқобил Жалилов журналистикамиз соҳасида ўзининг 30 йиллик фаолияти мобайнида истеъдоди, интилувчанлиги, ташаббускорлиги туфайли обрў-эътибор қозонган. “Туркистон”, “Ўзбекистон овози”, “Халқ сўзи”, “Оила ва жамият” газеталарида турли вазифаларда ишлаган даврида таҳлилий-танқидий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий мавзуларда кўплаб мақолалар эълон қилиб, ўқувчилар эътирофига сазовор бўлди.
Норқобил Жалилов серқирра ижодкор. У нафақат босма нашрларда, балки телевидениеда ҳам муваффақиятли изланишлари билан мухлислар эътиборини қозона олган. Чунончи, 2003-2006 йилларда унинг муаллифлигида “Ўзбекистон” телеканали орқали мунтазам намойиш этилган “Яхшилик” кўрсатуви (айнан ана шу номдаги туркум кўрсатувлари учун 2006 йилда “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори бўлган) ватанпарварлик, инсонпарварлик, миллий қадриятларни тарғиб этишдек савобли ишга дахлдор экани туфайли халқимизга манзур бўлган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Норқобил Жалилов қаламига мансуб “Соғинчнинг ранги”, “Қуёшга тик қараб бўлмас”, “Ғовалик қаҳрамон”, “Кўнгилдан кўчирмалар”
сингари бадиий-публицистик китоблар ҳам унинг серқирра ижодкор эканлигини кўрсатади.
Норқобил Жалилов 2016 йилдан бери “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасида бош муҳаррир вазифасида фаолият кўрсатмоқда.
У 2006 йил "Олтин Қалам" Миллий мукофоти билан, 2018 йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" фахрий унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати
Китоб тақдимоти

“Ҳолва” (“Helva”)

Ҳурматли адабиёт мухлислари!
Сизларни 8 ноябрь куни соат 15:00 да Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси азоси, адиба Наргиза Асадованинг Туркияда чоп этилган “Ҳолва” (“Helva”) номли ҳикоялар тўпламининг тақдимотига таклиф этамиз.

Манзил: Турон кутубхонаси, 2 қават.
Мўлжал: Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва боғи.

Икки қардош халқ – ўзбек ва турк тили жозибаси акс этган адабий кечамизга марҳамат!
Тўғридан-тўғри эфир

МАШРАБ БОБОЕВ ТАВАЛЛУДИГА 80 ЙИЛ ТЎЛДИ

Бугун – 2021 йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли адиб Машраб Бобоев таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан адиб яшаб, ижод қилган уйга ўрнатилган хотира барельефининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фейсбукдаги саҳифасида ушбу адабий тадбир тўғридан-тўғри ёритилди. Видео муаллифи – Яҳёхон Фаёз.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

👇
https://www.facebook.com/100040447230961/videos/6329499687121372/
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли адиб Машраб Бобоев таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан у яшаб, ижод қилган уйга ўрнатилган хотира барельефининг очилиш маросимидан суратлар. Муаллиф – Аҳмад Тўра.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Сайт I Телеграм I Фейсбук