O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi
4.74K subscribers
28.3K photos
3.38K videos
376 files
7.74K links
Adabiyot yashasa, millat yashaydi.

Фикр ва мулоҳазаларингизни, адабиёт ҳақидаги мақолаларингизни шу манзилга йўлланг:
@yozuvchilarbot
Download Telegram
Ботиржон Эргашев,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир

"Мен умид қиламан ва комил ишонч билан айта оламанки, биз ижод аҳли ушбу палата фаолиятидан рўшнолик кўриб, қозонимизни қайнатамиз", – дея "Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш" Палатасига аъзолик шартномасини имзолади...

Суҳбатни видеода томоша қилишингиз мумкин...

Каналга уланиш учун:☑️https://t.me/siipuz
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Янгиликлар 24 | «Адиблар хиёбони»да Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган тадбир
#26apr #uzbekiston24

mtrk.uz | Youtube | Facebook | Telegram
Audio
#buguntugilgankun 📌 26-Aprel. O‘zbekiston xalq artisti Botir Zokirov tavalludining 85 yilligiga bag‘ishlanadi.
Respondent - Uning ukasi, O‘zbekiston xalq artisti Farrux Zokirov.
📻 "O'zbekiston-24" radiokanali Fm 87.9да soat 08:35, 20:35 da "Bugun" dasturi. 📆Muallif-Durdona Ma'diyeva.
@DurdonaDilshod
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Янгиликлар 24 | Муҳаммад Юсуф асари асосида спектакль саҳналаштирилди
#26apr #uzbekiston24

mtrk.uz | Youtube | Facebook | Telegram
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
🏢 Termiz davlat universitetida O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi, "Shuhrat" medali sohibi, shoir Shuhrat Orif ishtirokida katta she’riyat kechasi, adabiy muloqot tashkil etildi.

Kanalga ulanish: @TerDU340
​​БАРЧАМИЗ ОДАМ АТОНИНГ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ

“Ёш куч” нашриётида ишлар эдим. Эрталаб ишга келсам, ёши eтмишларга бориб қолган бир отахон диванда узала тушиб ётибди. У мени кўриб, ўрнидан қўзғалди.
– Ким бу? – дея ходимга юзландим.
Нотаниш кимса ўрнидан туриб, ёнимга келди-да:
– Фарзандим учун келувдим, – деди.
– Эй, ҳа-а, бизда ишлайдими? – сўрадим ўртадаги ноқулай ҳолатни бартараф этишга уриниб. Нотаниш кимса эса синиққина табассум қилиб, шошиб жавоб берди:
– Йўқ, тушунмадингиз. Мен китобимни назарда тутдим. Ҳар замонда бир ижод қилиб тураман. Уларни фарзандимдек авайлайман, кўзим очиқлигида ҳаммасини жамлаб, китоб қилиб чиқармоқчиман.
Отахоннинг мақсадини энди сал-пал тушунгандек бўлдим. Уни бафуржа суҳбатлашиш учун хонамга таклиф қилдим. Суҳбат давомида отахон ўзини Жўрахон Маҳзуний деб таништирди. У асли фарғоналик бўлиб, узоқ йиллар Зомин туманида ҳарбий бўлиб ишлаган экан. Суҳбатимиз унинг ҳаёт йўли, касбий фаолияти ҳақида борди. Нафақадаги ҳарбий бўлса-да, бадиий китобларга қизиқиши баландлиги, мунтазам мутолаа қилиб бориши ва шунинг ортидан ижодга қизиқиши ортиб, ўзини бу борада ҳам синаб кўраётганини гапирди. Узоқ суҳбатлашдик. Гапира туриб тўсатдан унинг аҳволи ўзгарди. Ранглари оқариб, ўзини ёмон ҳис эта бошлади. Ходимларни чақирдим ва барча зарурий ишларни орқага суриб, у кишини шифохонага олиб бордим. Шифокорлар у ёқ-бу ёғини текшириб “Отангизнинг соғлиғи ёмон, тезда операция қилмасак бўлмайди”, деди. Чамамда, шифокор бизни ота-бола деб ўйлади, нима дейишни билмай, эсанкираб қолдим. Шифокор вазиятнинг ёмонлашаётганини тушунтириб, операцияга рухсат беришимни сўради. “Вазият шуни тақозо қилса, майли”, дедим. Уни жарроҳлик хонасига олиб кириб кетишди. Ғалати бўлиб қолдим, на кетишимни биламан, на қолишимни. “Отахоннинг яқин қариндошларига бу ҳақида хабар бериш керак” деб ўйладим. Лекин на оила аъзоларини, на-да бирор бир яқин танишини биламан. Отахоннинг ўзи ҳам бу бўйича бирор гап демаганди, ўзим ҳам сўраб олмаган эканман. Бош врачнинг “Отангизнинг соғлиғи ёмон, тезда операция қилмасак бўлмайди”, деган сўзлари менда бегона кишига нисбатан фарзандлик ҳиссини уйғотиб юборди. Ишим кўп бўлишига қарамай, кутиб ўтирдим. Отахон операциядан яхши чиқди. Уч кун шифокорлар назоратида бўлди. Шу вақт мобайнида мен у кишига фарзанд ўз отасига қарагандек қарай бошладим. Аҳволи бироз яхшилангач, мошинага ётқизиб, Зомин туманига, ўз уйига кузатдим.
Орадан чамаси ўн кунлар ўтиб қўнғироқ бўлди:
– Ўғлим, яхшимисиз?
– Яхши, ким бу? – дедим кимлигини билишга уриниб.
– Мен Зоминдан, онангизман.
– Ким дедингиз? – ҳайрон бўлиб қайта сўрадим.
Аёл ажабланганимни сезди шекилли, отахон билан бўлган воқеани эслатишга уринди: “Эсингиздами?.. Энди сиз бизнинг фарзандларимиз қаторидасиз, болам. Ўғлимизга ука, қизимизга акасиз!”
Мен эса:
– Ҳаммамиз ОДАМ АТОнинг фарзандларимиз, – дея олдим, холос...
Кейин билсам. отахон бошидан ўтган ҳар бир кунини аёлига сўзлаб берган экан. Шу-шу, ҳар байрам тадбирларида у кишининг оила аъзолари билан қўнғироқлашиб, хабарлашиб турадиган бўлдик.

Шавкат Юсупов,
Ғафур Ғулом номидаги НМИУ директори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт I Телеграм I Фейсбук
​​Ижодкорлар ёшлар даврасида

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 133-умумтаълим мактабида “Шеърият ва ёшлар” мавзусида ижодий учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фароғат Худойқулова, muzaffar.uz сайти журналисти Музаффар Муҳаммадназар “Парвоз” тўгараги тингловчилари билан суҳбатда бўлди.
Мулоқот аввалида шоиранинг ижоди ҳақида маълумот бериб ўтилди. Шундан сўнг, Фароғат Худойқулова адабиёт, шеърият олами ҳақида ёшларга тушунчалар берди. Китобга меҳр қўйишга, кўпроқ бадиий асарлар ўқишга чорлади. Бугунги олинган билим келажак учун мустаҳкам пойдевор эканини айтиб ўтди. Ўзининг ижодий хотиралари билан ўртоқлашди.
– Мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғибочиларнинг фаолияти йўлга қўйилиши катта аҳамиятга эга, – дейди маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Феруза Темирова. – Илк учрашувдаёқ ўқувчилар ўзларининг маҳоратларини кўрсатишга интилишди. Ижод дунёсининг сирларидан сабоқ олишди.
Эркин мулоқот тарзида кечган суҳбатда 4-, 5-, 6-, 7-, 8-синф ўқувчилари жам бўлди. Суҳбат давомида шеъриятга қадам қўйган ўқувчилар борлигига гувоҳ бўлдик. Мазкур мактабнинг 6-синф ўқувчиси Абдулвосит Омонов “Ҳошимжон”, 8-синф ўқувчиси Моҳинур Азимқулова ўзининг “Эркинликка не етсин”, “Меҳр кутган қора кўзлар”, “Ўзбегим қизлари” номли илк шеърларидан ўқиб берди. Бир гуруҳ ўқувчилар Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф шеърларидан парчалар айтишди.
Ўзларининг ижод намуналарини тақдим этган ўқувчиларга Фароғат Худойқулова шеър машқ қилишнинг сирлари ҳақида тавсиялар берди. Ёшлардан илҳом олган шоира ҳам шеърий лаҳзаларни давом эттирди.
Давра суҳбати якунида тўгарак аъзоларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳасида “Ижод” фонди томонидан чоп этилган китоблар улашилди. Учрашувдан эса адабиётга, шеъриятга ихлосманд истеъдодли ёшларимиз кўплигидан қувониб қайтдик.

Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист

Сайт I Телеграм I Фейсбук
Олмазор туманидаги 133-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фароғат Худойқулова билан бўлган ижодий учрашувдан фотолавҳалар.

Фотолар муаллифи – Музаффар Муҳаммадназар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Сайт I Телеграм I Фейсбук
​​АССАЛОМ, ШОҲ РАМАЗОН!
Ойлар пари-пайкари,
Еру осмон гавҳари.
Бир ой ҳарфи олтиндан,
Ёзилган Ҳақ дафтари.
Ассалом, шоҳ Рамазон,
Сарвари моҳ – Рамазон!

Фаришта ерга кўчган,
Юлдуз учмай тонг отган.
Нур ўрнига кўклардан,
Қуёш олтин, зар сочган,
Ассалом, шоҳ Рамазон,
Сарвари моҳ – Рамазон!

Қадр кеча, қадр тер,
Сабр бирла ажр тер.
Ибодатга айлангин,
Ўзни Яратганга бер,
Ассалом, шоҳ Рамазон,
Сарвари моҳ – Рамазон!

Жаннат бўлиб чароғон,
Занжирбанд бўлар шайтон.
Худо суйган бандага
Қадр тун бўлар аён.
Ассалом, шоҳ Рамазон,
Сарвари моҳ – Рамазон!

“Байтул иззат” ошён бу,
Қуръон тушган осмон бу.
Дунё Нури Муҳаммад –
Оллоҳ берган унвон бу.
Ассалом, шоҳ Рамазон,
Сарвари моҳ – Рамазон!

Ерга тушган парилар,
Биздан элтинг дуолар.
Йўқолсин ғам, балолар,
Келсин жаннат саболар.
Ассалом, шоҳ Рамазон,
Сарвари моҳ – Рамазон!

Келсин Улуғ Арафа,
Оллоҳ берсин барака.
Сенга бўлсин ширин жон,
Садойидан садаға,
Ассалом, шоҳ Рамазон,
Сарвари моҳ – Рамазон!

ШУКРОНА
Аму, Сирдан хумо қушин топган эл,
Олов ёнган довонлардан ўтган эл.
Қўнғироғи аршга бориб етган эл,
Олтин бўлган остонангга шукрона,
Замон бўлган замонангга шукрона!

Темур бобом тузган жаҳон асли сен,
Улуғбекдан қолган осмон асли сен.
Мир Алишер тизган маржон асли сен.
Бу мустақил давронингга шукрона,
Юрт деб, ёнган султонингга шукрона!

Қаддинг керсанг, тоғлар қолар соянгда,
Алпомишлар ахир сенинг болангда.
Мангуберди минган отлар далангда,
Самарқанду Бухоронгга шукрона,
Шош, Андижон, Фарғонангга шукрона!

Бугун жаҳон сўзлар лутфи каломинг,
Бугун Машриқ, Мағрибда шан карвонинг.
Бугун дунё олди қизинг-ўғлонинг.
Шажара-ю, аждодингга шукрона,
Ҳур туғилган авлодингга шукрона!

Шарқдан-ғарбга ёниб турган қуёшим,
Кўкрагимга таққан туморим, тошим.
Садоингман ёрижоним, дилдошим,
Салтанатинг, савлатингга шукрона.
Мангу буюк давлатингга шукрона!..

КЕТМАС
Симобдек титраган шабнам ҳам охир
Япроқ яноғидан тўкилмай кетмас.
Жаҳонни титратган жаҳонгирлар ҳам
Аёл оёгига йиқилмай кетмас.

Энгашиб қабрга қулоқ сол бир дам,
Ногоҳ эшитгайсан минг фарёд, алам.
Сирот кўпригидан йиқилган одам,
Дузах оловида ёқилмай кетмас.

Сен киму мен кимман, англагай дунё,
Шоирман, чақмоқдан бўлганман пайдо.
Булбул юрагимдан тўкилган наво,
Саҳрои даштни ҳам гул қилмай кетмас.

Дунёдан нолима, шундай бу дунё,
Қоғозга ўралган гулдай бу дунё.
Ким ота-онасин ранжитса илло,
Икки дунёсидан айрилмай кетмас.

Муаллақ қолганда қоя бошида,
Бошинг эгилганда туҳмат тошида,
Муножот айлагил Ҳакнинг қошида,
Йигитни Хизр ҳам қўлламай кетмас.

Қаршимда икки йўл, олти бекат бор,
Қўлимда Меҳрибон сендан бир хат бор.
Пешонада неки ёзган қисмат бор,
Садоий назмингда битилмай кетмас!..

ОСМОНИДАН ХУМО КЕТМАС
Қўрғонларинг ой-юлдузга макондир,
Гул-боғларинг қуёш ётар ошёндир.
Тоғларинг бор бошларга соябондир,
Осмонидан Хумо кетмас чаманим,
Шиддатига шамол етмас, Ватаним!

Ватанлар бор, олов ва қон ичинда,
Ватанлар бор ғурбат, армон ичинда.
Ўзбекистан жаннатмакон ичинда,
Осмонидан Хумо кетмас чаманим,
Айвонида офтоб сўнмас, Ватаним!

Ўғил-қизинг кўкда юлдуз яратгай,
Оламларни шавкатингга қаратгай.
Буюклигинг жаҳон аро таратгай,
Осмонидан Хумо кетмас чаманим,
Баҳосига дунё етмас, Ватаним!

Эркинг абад бўлгай, буюк бўлар эл,
Қаддинг осмон бўлгай, суюк бўлар эл.
Эй, Садоий, кўкда бургут бўлар эл,
Осмонидан Хумо кетмас чаманим –
Байроғини ғаним олмас, Ватаним!..

Шамсиддин Садоий, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт I Телеграм I Фейсбук
ТАКЛИФНОМА

Сизни бугун – 2021 йилнинг 27 апрель куни соат 15:00да Адиблар хиёбонида, Абдулла Қодирий ҳайкали тагида бўлиб ўтадиган "Ўткан кунлар" романининг инглизча таржима китоби тақдимотига таклиф қиламиз. Тақдимотда ўгирувчи Марк Эдуард Риз ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Сайт I Телеграм I Фейсбук
​​Муҳаммад Юсуф таваллудига 67 йил тўлди

ЛОЛАҚИЗҒАЛДОҚЛАР ҚЎНИМ ТОПГАН МАСКАН

Шоирини алқаган халқ дунёда иккита бўлса, бири ўзбек, битта бўлса ҳам шу миллат.
Андижон шаҳри марказида Ўзбекистон халқ шоири, устоз ижодкор Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган тадбир шоирини суйган элнинг байрамига айланди.
Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилигида ўтказилган тантанали тадбирда адибнинг оила аъзолари, умр йўлдоши Назира ас-Салом, "Саодат" журнали бош мухаррири Мунаввара Усмонова, устознинг шогирди Шуҳрат Ориф, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилояти бўлими бошлиғи Хуршида Қўчқорова, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда фаоллар иштирок этган тадбирда шоирнинг шеърлари, уларга басталанган қўшиқлар тингланди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан тадбир иштирокчиларига Муҳаммад Юсуфнинг 2000 дона янги китоби совға қилинди.
Тадбирнинг иккинчи қисми туман ҳокими Бобур Йўлдошев бошчилигида Марҳамат туманида шоир абадий қўним топган қабристонда бошланди. Атрофида алвон лолақизғалдоқлар гилам бўлган йўлак бўйлаб Муҳаммад Юсуф қабри бошига борарканмиз, бу ердаги тиловатларни, тилакларни жами йиғилганлар қатори мунглиғ гул-гиёҳлар ҳам жимгина тинглади гўё.
Шоирнинг уйи, у ўқиган мактабда тадбир ўзгача руҳда давом этди. Очиғи, бу тадбирларнинг, йўқловларнинг таърифини эшитардигу лекин одамларнинг шоирини соғиниб, ҳурматлаб республика бўйича автобусларда, йўловчи машиналарда, гоҳи пиёда туман-туман бўлиб келган ёшу қарини ўз кўзим билан кўриб ҳайратландим, ҳавасландим. Бундай соф меҳрга йўғрилган ҳаётни ҳеч бир ўлим таслим этолмаслигига, бу мангулик кишилар қалбидан чуқур жой олганига яна бир карра гувоҳ бўлдим. Ўз шоирини, адабиётини эъзозлаган Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳар йили минглаб мухлисларнинг, меҳмонларнинг кўнглини олиши, кутиб-кузатиши тахсинга лойиқ.
Шу куни Муҳаммад Юсуфнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан яқинда чоп этилган "Кўкламойим" китобини шоир номи билан аталувчи, у ўқиган мактабга совға қилдик.
Хуллас, шеърлар, мушоиралар, куй ва қўшиқлар шу куни оламни тутди, қалбларни нурга тўлдирди. Назаримда, бу тантаналарни, барча югур-югурларни шоирнинг руҳи бир четда жимгина, камтар бўлиб, кулимсираганча кузатиб тургандек эди...

Наргиза Асадова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт I Телеграм I Фейсбук