Ochiq derazalar
969 subscribers
1.25K photos
118 videos
23 files
160 links
Ҳурматли каналимиз кузатувчилари! Ушбу манзилда сиз Хосият Рустамова шеърларини ўқиб боришингиз мумкин. Ўзига хос оламга биз билан саёҳат қилинг!
Download Telegram
Соатлар орасида адашиб қолдим…
Мен тонгда кўзимни очиб ҳам сени кўролмайман…
Сенда қоп-қоронғу тун!
Соат миллари менинг кўзларимга найзасини ўқталиб туради…Мен бу найзалардан қўрқаман. Улар икки - учга бўлинган қўшин. Мен уларнинг ўртасида ўйинга тушаётган ўйинчиман. Ҳар бир лаҳзадан жонини олиб қочаётган қўрқоқ лашкарман. Соатнинг менга кўриниб турган миллари ипдек жони билан мени қаерга олиб бораётганини биламан. Билганим сари қаергадир қочиб кетгим келаётганини ҳис қиламан. Лекин… лекин борми ўлимни эслатмайдиган макон? Борми яшаётганингни соатга ўхшаб юзингга солавермайдиган бирор жой?
Мен ҳозирча адабиётга яширинаман! Матнлар ичида ухлайман мангу!

11.11.2021 йил. Айова

Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
У Пушкин эди…

Бир куни нонушта пайти Дадам тўсатдан, Пушкиннинг бобоси ҳабаш бўлган эканда, деб юбордилар. “Сочларидан билса бўлади, у тўлиқ рус эмас”, дедилар онам.
Мен ўрнимдан туриб, дадамга яқинроқ жойга жойлашиб олдим. Пушкин ҳақида яна нималардир дейишларини истардим. Лекин, бошқа ҳеч нарса демадилар. Сўрашга эса қўрқдим, сўраётганимда нафас олишим тезлашиб, овозим қалтираб кетиши мумкин эди. Севишимни билиб қолишларидан эса ўлгудек қўрқардим. Ўша тонг оғзиларини пойлаб, чой дамлашгаям турмадим, синглим иккинчи марта чой дамлашга бораётганда менга шунақаям ўқрайиб қарадики, мен эса пинагимниям бузмадим. У ичида алланарсаларни ўдағайлаганча чойнакни кўтариб ошхонага кетди. Ҳозир менга барибир эди… Чунки, менинг фикрим Пушкин билан банд эди. Бошқа нарсалар ҳақида ўйлагим келмаётганди. Наргиз чой дамлаб келиб, чойнакни дастурхон устига чунонам жаҳл билан қўйдики, мен отиб юборди, деб ўйладим. Чунки, чойнакнинг чумагидан сачраган қайноқ чой менинг ҳам қўлларимга тегиб куйдиргандай бўлди. Лекин, мен яна индамадим. Фақат дадамдан ҳабаш дегани нима дегани, деб ҳам сўролмаганим учун ўзимни куни бўйи койиб юрдим. Сен чой ичмайсанми, деб сўрадилар онам мендан. Ичдимку, деворибман. Олдимда пиёла ҳам йўқ. Онам дадамга қараб қўйдилар. Негадир онамнинг шу қарашлари менга дадамдан хижолат бўлгандай, тасаввур қолдирди. Ва мен бунинг учун неччидир кун онамдан хафа бўлиб юрдим. Менинг дарсим тушликдан кейин бошланарди.Хаёл сурганча дастурхонларни йиғиштираётган маҳалим, газетадаги “Пушкиннинг бобоси ҳабашларга бориб тақалади”, деган русча мақола ва Пушкиннинг суратига кўзим тушиб қолди. Мен эртаси куни рус тили ўқитувчимдан ҳабашлар ҳақида эшитганимдан кейин, негадир Пушкин менга жудаям яқиндай туйилиб кетди. Куни бўйи қўшиқ айтадиган кайфиятда юрдим. Шу куни синглим ва укаларимни жуда яхши кўришимни билдим. Уларнинг ҳамма инжиқликларига қилт этмасдан чидадим. Улар ҳам менинг муҳаббатимга оғзилари очилиб жим юришди…

Давоми бор

Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Ўртоқларим йигитлари ҳақида гапиришганда, мен кўзларимни осмонга тикиб, жим ўтирардим.
Мендаги бу касаллик ўша вақтлардан қолган бўлса керак, ҳозир ҳам нимадандир таьсирлансам ёки ҳаяжонлансам беихтиёр шифтга қарайман. Бир ўртоғимнинг “ Нега унинг хатларига жавоб қайтармайсиз, ахир у бутун мактабимиздаги қизларнинг орзусику”, деганида ҳам жим туравердим. Мен учун Пушкин бутун дунёнинг орзуси эди.
Лекин бу ҳақда айтолмасдим…
Уларнинг ҳам севиб қолишларидан қўрқардим…

Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Борган сари мен катта бўла бошладим…

Бундан кўра катта бўлмаганим яхши эди… Мен Пушкинни ёзган асарларидан рашк қила бошладим. Қизлар тасвирланган жумлаларга дуч келганимда кўзимни чирт юмиб олардим. Татяна, Надюша, Ольга, Маша, Швабрина… Ҳаттоки, шу исмлардан ҳам рашк қилар ва шу исмдаги қизларни ҳам ёмон кўрардим…Қоронғи хонага кириб, оёқларимни қучоқлаб ўтирар ва улар Пушкин асарларининг қаҳрамонларику, уларсиз асар ёзиш мумкинми, деб ўзимга тушинтирмоқчи бўлардим. Қани тушина қолсам? Хўп, дердим, муросага кўнгандай, лекин, Пушкин тасвирлаган қизларнинг қиёфалари ва қоматлари кўз олдимга келганда, жазавам бадтар қўзиб кетарди….


Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
УМР

Тунги машиналар кўтарар шовқин,
Дарахтлар чеккага олади ўзин.
Энди англаганда
Яшашнинг шавқин —
О, нега юмилиб борасан кўзим?!

Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Ўн биринчи мақола

Нега ҳамиша маьнавиятни маьнавиятсиз раҳбарлар бошқаради? Нега бутун бир миллатнинг дунёқарашини, дунёга қарашни билмайдиган, китоб ўқимайдиган одамларга топшириб қўйганмиз? Биз халқимизни ёмон кўрамизми, нега бўлмаса, уларнинг тафаккурини шу одамларга ишониб топширганмиз? Мен айнан таьлим тизимидаги рахбарлар билан гаплашганман. Уларнинг дунёқарашидаги қашшоқликдан хабарим бор. Ўзи китоб ўқимаган билимсиз одам қандай қилиб бошқаларга билимли бўлишни тарғиб қилади. Аслида, ўқишни тарғиб қилиш керак эмас, ўқишни эҳтиёжга айлантириш керак. Биз болалигимизда қўлимизга қандай китоб илинса, ўқийверардик. Ҳамма рахбарларни бошлиқ деб ўйлаганимиз каби, ҳамма китобларни ҳам китоб деб ўйлардик. Ҳозир ҳам шундай, бизда рахбар бўлиш мартаба ҳисобланади. Ва рахбарнинг ҳар-бир сўзини мутлақо қонун деб биламиз ва шунга амал қиламиз. Сал ақлимни таний бошлаганимда бир гап эшитгандим, ҳозир ҳам эсимда турибди, кетмон дастани сенга рахбар қилиб қўйса, сен шунга бўйсинишинг шарт… Ё тавба, бундай гаплар ким тарафидан айтилган ва халқнинг тушунчасига сингдирилган? Ва бунинг натижасида ҳозиргача биз рахбарларга жуда катта одам деб қараймиз. Ва шунинг учун бизда ҳамма рахбар бўлишга интилади. Бор жони билан ҳаракат қилади. Рахбар бўлиш учун бутун ҳамма бойлигини беришга тайёр турган одамлар ҳақида эшитганман ва бу муболаға эмас. Бундан муддао ҳам аён, рахбар бўлгандан кейин ўрни тўлишига ишонади. Халқни ўйлайдиган, уларни келажагидан хавотир оладиган ва бунинг учун ўз ҳаловатидан кечадиган бирор бир рахбарни кўрганим йўқ. Лекин гаплашсангиз, сизга қилган ишларини рўйхатларини кўрсатишади. Чунки бизда инсон қадридан кўра қоғозларнинг қадри баландроқ. Биз инсонга ишонмаймиз. Агар қўлимизда “ ўзбек” деб ёзилган хужжатимиз бўлмаса, қаерга борсак, борайлик, ўзбеклигимизни исбот қилолмаймиз. Ўзбек тилида гапириб турган бўлсак ҳам, кийимларимиз ва пешонамизга шўрпешона ўзбек, деб ёзиб қўйилган бўлса ҳам…


Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Биз меҳмонларни қаттиқ яхши кўриш билан бирга, камбағаллигимизни яширадиган халқмиз! Уйимизга келиб-кетадиган одамлар учун алоҳида, энг яхши хонани ажратамиз ва ўша уйга фақат йиғиштириш учун, меҳмон келганда эса, уларга хизмат қилиш учун кирамиз. Болалигимда бу уй менга орзулар қасри эди. Бу уйга кириш мумкин эмасди. Мен эса энг кўп шу уйни яхши кўрардим. Меҳмонлар учун янги қурилганлиги сабаб бу уй ўзига “ Янги уй”, деб ном олганди. Ва ҳозирга қадар, эскириб кетган бўлса ҳам, янги уй бўлиб қолди. Бу уй чиндан мўьжиза эди. Кимдир келса, дастурхонда пиёла қўйишга жой қолмасди, хонтахта деганлари нози-неьмат билан тўлиб кетарди. Мен эса бу нарсалар қаерда сақланганлигини ўйлаб, ҳеч ўйимга етолмасдим. Бу мўьжизалар маконининг калити қаттиқ сир тутиларди…Шунинг учун меҳмон келса, шунақаям хурсанд бўлиб кетардикки, ўртоқларимизгача айтиб, мақтанардик. Кимнинг уйига меҳмон келса, ўша уйдаги болаларга ҳавасимиз келарди.
Улар бизнинг кўзимизга дунёдаги энг бахтли болалар бўлиб кўринарди. Бир ўйлаб кўрайлик, биз чиндан меҳмонларни яхши кўрамизми ёки ўзимизни бойлар каби кўрсатгимиз келадими?
Камбағал бўлиш шунча ёмонми?
Нега унда камбағаллигимиздан уяламиз?
Уялсак, нега унга барҳам бериб қўя қолмаймиз?

Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Раҳмат Сенга, жон Озарбойжон!

Куни кеча Озарбойжондан келган хабарда Озарбойжон журналистлар уюшмаси мени аьзоликка қабул қилгани ҳақида ёзилган. Гап журналистика ҳақида кетар экан, демак, бу аьзолик, албатта, “ Китоб дунёси” газетаси ва фидойи ходимларимнинг хизматлари билан эканлигини айтишим керак. Биринчи навбатда, эьтибор учун Озарбойжон журналистлар уюшмаси раиси Элчин Шиҳлига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Раҳмат, Озарбойжон!

Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Ог Мандинонинг бир китобини ўқиганимда, бир жойида жуда таьсирланганман… Ҳуллас, унинг ўқувчи ўғли мактабдан оёқ кийим учун мўлжалланган кичкина каробкада ғознинг боласини олиб келади. Хотинининг қанча жаҳли чиққанига қарамай, ҳовлининг бир бурчагига унинг учун кичкина уйча қуриб, ота ва ўғил ўша ерда парвариш қила бошлайдилар. Ғоз кундан кунга ўса бошлайди ва овоз чиқариб ҳар томонга чопишни ўрганади. Ог Мандино айтади, ғоз куни бўйи баланд овозда махаллани бошига кўтариб чопишни билади. Лекин у ҳамма нарсага қўл силтаб, қанот чиқариб осмонга учиб кетишни билмайди…Бизнинг унга раҳмимиз келади…

Биз ҳам шу ғозмиз!
Аҳволимизнинг нақадар аянчли эканини биламиз, аммо, бу ҳолатдан чиқиб кетолмаймиз. Қанотлар қирқилган, учиб кетишга ҳам имкон йўқ.
Лекин мени бошқа нарса қийнаяпти, биз худди шу ҳаётга ўрганиб қолмадикмикан?
Ёки, энди худди шундай яшашда давом этаверамизми?

Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Бу дераза фақат бўйи етадиганлар учун! Агар сизнинг шундай имкониятингиз бўлса, ундан бўйлай оласиз. Лекин унитманг, у кечаси-ю кундузи очиқ бўлади, истаган пайтингиз, бемалол, чиқиб кетишингиз мумкин. Хоҳласангиз, коинотга… хоҳламасангиз, яна ўзингизга… Фақат, илтимос, кетсангиз ҳам ўзингизга келинг….

Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Бир ҳовуч парқуман…Шу қадар енгил…
Учаман ўн саккиз тарафим қибла.
Булутга дуч келдинг, озгина эгил-
Сенинг овозингда кимдир шивирлар.

Қарайман, ҳеч ким йўқ, атроф-теварак,
Жисмсиз шакллар тушар ўйинга.
Кўксимда ҳавога айланган юрак-
Келмайди ҳеч нарса фикри ўйимга.
Мен бугун ўзимдан озодман ўзим,
Хатто чақирсанг ҳам тушмайман кўкдан!
Фақат сен йиғлама…охирги сўзим:
Мени бу дунёдан қидирма, йўқман!

Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Сен йўқолишга мойил эдинг…

Менинг чўнтакларим саёз эди… Сен эса йўқолишга мойил эдинг! Олдин билмасдим. Чунки мен юрагимга ишонардим, хотиржам эдим. Лекин сен… жуда енгил эдинг. Мен буни сезган кунимдан чўнтагимга тез-тез қўл солиб, сени текширадиган бўлдим. Яна бир қизиқ тарафинг бор эди. Сен қаерда тушиб қолсанг, ўша ернинг ўзида ўзингга дарҳол жой топардинг. Шунинг учун сендан кўнглим тўқ эди. Тўғри, мен буни биринчи сезганимда ўлиб қолишимга озгина қолган. Лекин, кейинчалик мен ҳам ўргандим. Аллоҳнинг иноятидир балки, бугун яна сен менииг чўнтагимдан тушиб қолдинг. Энди сени қидирмаяпман. Энг қизиғи, қаерда тушиб қолганингни ҳам билмайман. Кеча дўкон айланишга боргандим. Балки, ўша ерда қолгандирсан! Ҳамиша Аллоҳнинг айтгани бўлади. Мен болалигимдан йўқотган нарсаларимга ачинмайман. Фақат бир марта… қўғирчоғим учун қаттиқ йиғлаганим эсимда. Лекин сен қўғирчоқ эмассанку, тўғрими?



Ёзилган вақти ёзилмаган экан 😊

@Xosiyat_Rustamova
Ўн иккинчи мақола

Менинг сабрли Халқим!
Сен ҳақингда ўйлаш учун келмагандим мен Америкага!
Менинг бошқа бир орзуларим бор эди. Шеьр ёзмоқчи эдим бир талай…Кўзимнинг ёшлари тинмаяпти, мени қийнаб юборди кўз ёш.
Нотўғри тушинма, мен соғиниб йиғлаётганим йўқ…
Негаям келдим шу Америкасига?Жимгина, тинчгина яшаётган эдимку… Онам айтганлари каби, кун ўтаётган эди…
Қора қозон қайнаб турибди, дейди қишлоқда яшайдиган бир синфдошим, ҳар сафар ҳол сўрашганда.
Қаердан келяпти бу хотиралар? Ҳаммаси жим эдику. Менинг Америкага келишимни кутиб турганмиди, миямнинг юқори қавватининг тирқишларида.
Бугун қуйилиб келгани келган. Айланишга чиқамиз курсдошлар билан. Ҳамма шаҳар айланади… Мен эса хотираларим ичида тентийман. Курсдошларимга кўз ёшларимни кўрсатмаслик учун тиришаман. Менинг болалигимни алдаган тузимга исён қилаётган кўзларимни тўғри тушинаман. Улар бу ерда биринчи марта очилаётгани йўқ. Чунки, биз бир марта алданмаганмиз. Ҳозиргача алданиб келаётганларданмиз…



Хосият РУСТАМОВА
@Xosiyat_Rustamova
Америкага келган кунларим, бутун америка ва унинг одамларига кўзларимни тўлдириб қарайман. Бирор нарсани шунчаки ўтказиб юборгим келмайди.
Бу қарашда ҳамма нарса бор. Ҳаяжон, ҳайрат, қўрқув ва озгина муҳаббат. Куну-тун ишлашга тиришдим, хатто очлигимни сезмадим. Кофе ичаман, ишлайман. Ўқишга олиб борган китобларимнинг ярми ўқилмай қайтди. Онда-сонда смсларга жавоб қиламан. Бир куни Онамга қўнғироқ қилдим, қўрқмаяпсанми, деб сўрадилар. Йўқ, дедим. Ва бу саволни шу қадар яхши тушиндимки, шу ёшида ҳам ҳалигача алданиб яшаётган Онамга раҳмим келди. Яна бир куни, курсдош дугонамдан узундан-узун смс олдим, у ҳам хат охирида, “қўрқмаяпсизми, айтганча, ёнингизда ўғлингиз борку, мен борсам ўлиб қолсам керак қўрқувдан”, деб ёзибди… Ичимда кулиб қўйдим.
Мен кейинги кунлари нимадан қўрқиш кераклигини билмаётган эдим. Чунки, аввалги мақолаларда айтиб ўтганим каби, мен бу мамлакатдан ўқитувчим айтган нарсаларни ҳеч бирини тополмаган эдим.
Мен географияни яхши кўрардим. Ҳамма баҳоларим “беш” эди. Шунинг учун бўлса керак, менинг “беш”ларим ичида Америкага жой йўқ эди…

Давоми бор

@Xosiyat_Rustamova
Ва ўша тонг отди…
кутилмаган кун,
Ва лаьнати у сўз учди лабимдан.
Не учун? нимага?
Айнан шу бугун-
Ёмғир ёғиб турар ҳар тарафимдан…

Билмайман, ким мени олган ўзимдан,
Қолдим шу йўлларда бир неча дафа
Менинг шу ҳолимда, шу туришимда….
Мендан қандай қилиб бўласан хафа.

Кетардим дунёдан… иложим йўқда,
Ҳар кеча тушимга киради тушлар.
Бир ўзим қолгандай бу еру кўкда…
Менга қовоғини солади қушлар…

Ростдан бу дунёда қолдимми ўзим-
Кичкина йўллар ҳам қочар изимдан.
Гапирсам, осмонга ўтмайди сўзим-
Ёмғир ёғиб турар ҳар нафасимдан…

Хосият РУСТАМОВА

Каналга уланиш:
@Xosiyat_Rustamova
Одамзод қизиқ бўларкан,
Америкадан “излаганларим” ни тополмаганимдан кейин бу махаллий халққа хасад қила бошладим.
Куни бўйи ўйлайдиган нарсам битта, булар нимани орзу қилишар экан?
Ахир орзу қилишларига ҳам хожат йўқку… Шундаям нега буларнинг ортиқча вақтлари йўқ. Ишдан бир соат кечикишдан, худди оч қоладигандек қўрқишади… Буларга нима бўлган? Нега қари одамлари ҳам китобга муккасидан кетиб ўлган?
Нега талабалар ўқитувчи уришмаса ҳам дарс қилаверади?
Нега одамлар бир-бирига бунча меҳрибон? Буларнинг кулиб юришдан бошқа иши йўқми?
Ва шуни билдимки, Америкада энг қимматбаҳо нарса-вақт! Улар вақтни йўқотишдан қўрқишади. Агар сиз арзимаган нарса учун уларнинг вақтларини олсангиз, уларнинг энг катта нарсаларини, ҳаётларини олган бўласиз ва буни улар кечиришмайди.
Бу тартибни улар бугун ўрганишмагани аниқ. Улар бу тартибни ўрганиб туғилишган…

Хосият РУСТАМОВА
Каналга уланиш:
@Xosiyat_Rustamova
Айова… 04.10.2021 йил

Бугун Америкага келганимнинг учинчи куни… Тўққиз ойлик инглиз тили билан хорижга бориш, борганда ҳам ўқиш учун бориш нақадар кулгили эканини тушиняпман. Гапирганингга, китобларни ўқиб тушинганингга ва таржимага анча қўлинг келиб қолганига ишонмаслик керак экан… Эшитиб тушиниш ҳаммасидан кўра муҳимроқ эканини ҳис қиляпман. Бугун биринчи кун дарсга бордик. Айова Университети менга жуда ёқди. У чиндан муҳташам эди. Лекин ўқитувчи халқаро адабиёт мавзусида шу қадар тез гапирардики, мен биринчи жумлани тушиниб олганимча, ўқитувчи тўртинчи-бешинчи жумлаларда давом этаётган бўлади. Энди нима қиламан? Мени фикри-ўйим шу эди: энди нима қиламан? Шу кеча тонгача кўз юммадим. Тонгга яқин, Кристофор Мерриллга мактуб ёзиб, эмаил почтасига юборганимдан кейин бир оз енгил тортдим.
” Азиз Кристофор, мен Сизни ярим тунда безовта қиляпман, кечиринг. Бугун Айовага келганимнинг учинчи куни. Мен айнан шу бугун катта бир ҳақиқатни билиб қолдим. Ва бу жуда даҳшатли…
Мен қўлимдаги ўттиздан ошиқ тилга таржима қилинган шеьрларим ва хорижда чоп этилган ўн еттита китобим билан ўзимга ортиқча баҳо берган бўлсам керак, бугун буларнинг ҳеч бири ҳеч нарса ва ўзим ҳам ҳеч ким эмаслигимни билдим.
Бугун мен кийишга қимматбаҳо кийимлари бор, лекин, кийиб боришга бирор жойи ва сабаби йўқ одамга ўхшайман… Яримта тилим билан нима қилишни билмай қолдим.
Қадрли Кристофор, маслахат беринг, мен нима қилишим мумкин?”

Хосият Рустамова
Каналга уланиш:
@Xosiyat_Rustamova
Замонавий ўзбек адабиётидан рекламасиз ҳам сотилган китоб!
(Чиройли эшитиларкан)
Раҳмат Сизларга, ASAXİYBOOKS!
Аслида, китобларим сотилишидан хавотир олмайман, чунки, қанақа вазият бўлишидан қатьий назар, ҳамиша нашриётлардан яхши хабар оламан: китобингиз тугаб кетди! Бу китоб икки тилда, рус ва ўзбек тилларида бўлгани ва икки тилдаги китобларнинг сотилиши бироз қийин, деб эшитганим учун хавотир олгандим. Олти ой ичида Asahiy хабар берганидек, рекламасиз сотилган китобларим учун аввало, O'zbekiston Yozuvchilar Uyushmasi ва Адабиёт нашриётига, муҳаррирларим Nikolay Ilin ва Рисолат Ҳайдарова, китоб дизайнери Xurshidbek Ibrohimovга ўз миннатдорлигимни билдираман. Китоб мен ҳурмат қиладиган Албаниялик буюк шоир Rudolf Markyнинг шеьрларим ҳақидаги қимматли сўзлари билан чоп этилганлиги балки, китобнинг янада яхшироқ чиқишига сабаб бўлган бўлса, бундан албатта, хурсанд бўлишим керак.
https://www.instagram.com/p/CX8FMEpNunU/?utm_medium=copy_link
Эрталабга яқин Кристофор Мерриллдан қисқагина жавоб келди.
“ Азизим, Хосият! Сиз ҳеч нарсани ўйламанг. Ташвиш қилишингизга ҳожат йўқ. Биз сизни инлиз тилингиз учун эмас, ижодингиз учун қабул қилганмиз.
Сиз ёзишингиз керак, қайси тилда бўлсаям фарқи йўқ. Ёзинг, ёзинг, ёзинг…!
Кристофор Меррилл.
11.04.2021 йил.

Хосият РУСТАМОВА
Каналга уланиш:

@Xosiyat_Rustamova
Кристофор Мерриллдан келган хатни ўқиб озгина тинчланган бўлсам ҳам, бир оз ўтиб ўзимни йиғлаётганимни кўрдим.
Тўғриси, эндиги бу йиғининг сабаби йўқ эди. Мен ўзимга ҳамма тарафдан қараб чиқдим, аммо, бу йиғининг сабабини тополмадим. Буни шундай қолдириб ҳам бўлмасдики, чунки, бу кўз ёшлар ҳали-бери тўхтайдиганга ўхшамасди… Барибир нимадир қилишим керак эди. Ўзимни ўз ҳолига ташлаб бўлмасди. Авваллари, шунақа пайтларда тез туриб кийинардимда, ўзимни ташқарига олиб чиқиб кетардим. Бу ерда эса ҳали ташқарини билмайман. Тўғри, бундай вазиятлар менда кўп бўлган. Ҳаётимда рўй берган икки марта саккиз йилдан ёза олмай қолган пайтларим, деярли икки куннинг бирида бу ҳолат такрорланар, мен эса ўзимдан шу қадар тўйиб кетган эдимки, туни-кун ўзимни нимадир қилиш ҳақида ўйлардим. Ва шунда ўзимни ўлдириб қўймаслик учун тўғри келган кийимни кийиб кўчага отилиб чиқардим. Мен ахир Цветаевани айнан ўзини ўлдиргани учун кечиролмаганман….

05.11.2021 йил. Айова

Хосият РУСТАМОВА
Каналга уланиш:

@Xosiyat_Rustamova