UzA — LIVE
1.05K subscribers
109 photos
12 videos
4 files
12 links
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАнинг кирилл алифбосида юритиладиган тезкор хабарлар канали
Download Telegram
Talabalar TTJ qarori VMQ-32 28.01.2026.pdf
903.6 KB
#YANGI_QAROR

Айрим тоифадаги талабаларнинг ётоқхона харажатлари Давлат бюджетидан қоплаб берилади


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (28.01.2026 й. 32-сон) билан айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги (ТТЖ) яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тасдиқланди.

Ушбу имтиёздан «Ижтимоий реестр»га киритилган оилаларнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган фарзандлари фойдаланиши мумкин. Тўловлар талаба грант ёки контракт асосида ўқишидан қатъи назар амалга оширилади.

Қарорга кўра, талабалар ТТЖга устуворлик асосида, навбатсиз қабул қилинади. Агар давлат ётоқхонаси бўлмаса, талабалар давлат-хусусий шериклик асосида қурилган турар жойларга жойлаштирилиши мумкин. Тўловлар ҳар ойнинг 15-санасига қадар талабанинг банк пластик картасига ўтказиб берилади.

@uzalive
Suzish havza qarori VMQ-29 27.01.2026.pdf
489.7 KB
#YANGI_QAROR

Сузиш ҳавзаларини қуриш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори (27.01.2026 й. 29-сон) билан янги замонавий сузиш ҳавзаларини қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатга кўра, жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, дам олиш масканлари ва б.), йирик савдо мажмуалари ёки умумий овқатланиш шохобчалари ҳудудида сузиш ҳавзасини қурган тадбиркорларга сарфланган маблағнинг бир қисми қайтариб берилади.

Имтиёз 2026 йил 1 февралдан 2028 йил 1 январга қадар ишга туширилган дастлабки 100 та сузиш ҳавзаси учун амал қилади.

Харажатларнинг 50 фоизигача, лекин 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда маблағ ажратилади.

@uzalive
#FOTO

⚡️Бугун Бухорода газ чақнаши оқибатида вайрон бўлган икки қаватли уйнинг ҳолати


Бугун, 31 январь куни соат 08:23 да 112 тизими орқали Бухоро вилояти Қоракўл туманининг "Шўробод" кўчасида жойлашган икки қаватли уй хонадонларидан бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнади.

Чақнаш оқибатида икки нафар фуқаро тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳалок бўлганлар йўқ.

ЎзА сурати.

@uzalive
“Лайк" ва "обуначилар йиғиш" учун қилинган ҳуқуқбузарлик жавобгарликка сабаб бўлади

Ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, ҳақорат қилиш, уятли сўзлар билан сўкиш каби майда безорилик ҳолатлари учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, “лайк” тўплаш, обуначилар сонини ошириш ёки турли контент орқали эътибор қозониш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этиш, уни тасвирга олиб интернет тармоқларида тарқатиш орқали қонун-қоидаларни менсимасликни тарғиб этганлик учун ҳам маъмурий жарима қўллаш назарда тутилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишида биринчи ўқишда муҳокама қилинган.

@uzalive
👏2
Гаровга қўйилган мол-мулкни ўзлаштирганлик жавобгарликка сабаб бўлади

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга оид қонун лойиҳасига кўра, гаровга қўйилган мол-мулкни ўзлаштириб олиш, талон-торож ва растрата қилиш ҳолатлари учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Айниқса, банклар ва кредит ташкилотларидан олинган кредит ёки қарзнинг кафолати сифатида гаровга қўйилган мол-мулкни ўзлаштириш ҳолатлари содир этилмоқда. Эндиликда бундай ҳолатлар учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси парламент Қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида қизғин муҳокама қилинди.

@uzalive
#OLIY_MAJLISDA

Энди овчилик гувоҳномасини олиш учун махсус ўқув курсини ўқиш талаб этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига республикада ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қизғин муҳокама қилинди.

Унга кўра, овчилик гувоҳномаси 18 ёшга тўлган, овчилик бўйича махсус ўқув курсини ўқиган фуқароларга 2 йил муддатга берилади.

Лойиҳада ов қилиш жараёнларини тизимлаштириш, овчилик хўжаликлари фаолияти янада такомиллаштириш ҳамда соҳага оид муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган нормалар белгиланмоқда.

@uzalive
#TAYINLOV

Оқдарё туманига янги ҳоким тайинланди

Халқ депутатлари Оқдарё тумани Кенгашининг бугун ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида Маҳмудов Темур Асомидинович Оқдарё тумани ҳокими этиб тайинланди.

Т.Маҳмудов тайинловга қадар Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритган.

Оқдарёга 2021 йил декабрь ойидан буён Шерзод Қудратов ҳокимлик қилиб келаётган эди.

@uzalive
⚡️Пастдарғом туманида ҳоким ўзгарди

Халқ депутатлари Пастдарғом тумани Кенгашининг бугун ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида Пардаев Жамшид Арзиевич Пастдарғом тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Ж.Пардаев тайинловга қадар мазкур туман ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.

2024 йилдан июн ойидан буён туманга раҳбарлик қилган Ш.Раҳмонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан туман ҳокими лавозимидан озод этилди.

@uzalive
#TAYINLOV

Хоразм вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Давлетов Анвар Кенжаевич – Хоразм вилояти ҳокимининг молия – иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

А.Давлетов тайинловга қадар Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

@uzalive
🔥1
“Адолат” СДП масъулларга фуқароларнинг шахсий маълумотлар хавфсизлиги юзасидан сўров юборди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари “Darknet” ва бошқа очиқ интернет ресурсларига сизиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан масъул давлат органларига депутатлик сўрови юборди.

Маълум қилинишича, партия депутати Маҳмуд Валиев мазкур ҳолатнинг фуқароларнинг ҳуқуқий ҳамда молиявий хавфсизлигига таҳдид солаётганини инобатга олган ҳолда Рақамли технологиялар вазири, Ички ишлар вазири ва Миллий статистика қўмитаси раисига тегишли сўровлар йўллаган.

Депутатлик сўровларида шахсий маълумотлар ҳимояси ҳолати, эҳтимолий киберҳужум сабаблари, тезкор-қидирув ишлари, шунингдек, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун кўрилаётган техник ва ташкилий чоралар юзасидан маълумот бериш сўралган.

@uzalive
🔥1