bakiroo
56.5K subscribers
948 photos
310 videos
5 files
6.04K links
Download Telegram
Ипотека ва автокредит сегментида "совуш" давом этмоқда

Апрель ойида банкларнинг ипотека портфели 557 млрд.сўмга, негизини автокредитлар ташкил этадиган истеъмол портфели эса 201 млрд.сўмга ошган, холос. Солиштириш учун, ўтган йилнинг апрелида ипотека портфели 801 млрд.сўм, автокредит портфели эса 2 140 млрд.сўмга ўсган эди. Бошқача айтганда, айни шу икки сегментда сезиларли "совуш" давом этмоқда.

Ўзи умуман, апрель ойида кредитлаш фаоллиги кутилганидан пастроқ бўлган, жами кредит қўйилмалари 5,4 трлн.сўмга ўсиб (мартда +5,8 трлн.сўм эди), 483,6 трлн.сўмга етган.

Давлат банкларининг портфели маъмурий босим остида яна потираб ўса бошлаган. Ўтган ойда уларнинг портфели 3,8 трлн.сўмдан кўпга ўсган. Ҳукуматнинг самарасиз лойиҳаларини молиялаштиришда Агробанк (+1 900 млрд.сўм), Халқ банки (+764 млрд.сўм) ва Миллий банк (+660 млрд.сўм) етакчи бўлган. Оилавий тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар қолдиғининг яна кескин ўса бошлагани ҳам яна бир нохуш сигнал (+587 млрд.сўм).

Муаммоли кредитлар қолдиғи ой давомида 1,7 трлн.сўмга ўсиб, 23,3 трлн.сўмга етган (NPL улуши 4,8%). Ўзсаноатқурилишбанк (+674 млрд.сўм), Ипотекабанк (+482 млрд.сўм) ва Миллий банк (+333 млрд.сўм) портфели тезроқ ёмонлашишда давом этмоқда.

Ўзбек чиновникларининг банклар фаолиятига аралашуви ва муаммоли кредитларнинг кескин ўсиши 3-6 ойлик лаг билан юқори корреляцияга эга. Банклар кредит қўйилмаларининг ҳозирги ёмонлашуви бу янги туб олдидан дебоча холос.
Ўзбек сўми 2024 йилда биринчи марта тўртта сессия кетма-кет мустаҳқкамланмоқда, лекин бу вақтинча

24 майдан 28 майга қадар Валюта биржасида ўтган тўртта сессияда долларнинг сўмга нисбати 74 сўмдан кўпроққа, 12 650,09 сўмгача арзонлашган. Бу 2024 йилда ўзбек сўмининг биринчи марта бундай узлуксиз мустаҳкамланиши.

Охирги марта тўртта кетма-кет сессияда сўмнинг мустаҳкамланиши 2023 йил октябрда юз берган эди. Лекин ўшанда мустаҳкамланиш бироз камтарона 35,96 сўмни ташкил этган эди. Ўшанда сўмнинг мустаҳкамланиши 660 млн.долларлик облигациялардан тушумни сотиш туфайли рўй бергани кейинчалик эълон қилинган ҳисоботлардан маълум бўлганди.

Бу сафар ҳам сўмнинг вақтинча мустаҳкамланиши ўтган ҳафта жойлаштирилган суверен облигациялардан тушумни (600 млн.доллар ва 600 млн.евро) Валюта биржасига чиқариб сотиш ҳисобидан юз берган бўлиши мумкин. Биржадаги савдолар ҳажмидан келиб чиқилса, шу ҳафта охиригача сўмнинг мустаҳкамланиши давом этиши эҳтимоли йўқ эмас.

Май ойида ушбу транзакциялар рўй бергани Марказий банк интервенциялари камроқ амалга оширилишига ва олтин-валюта захираларининг олтин нархи омилисиз ҳам вақтинча кўпайишига омил бўлиши мумкин.
Ўзбек банк тизими жозибадорлигини йўқотмоқда

Маъмурий ва бюрократик аралашув остида қолган, телба-тескари ва нохос фаолиятлар билан ўралашиш асосий функциясига айланаётган ўзбек банклари ҳамма томонлама жозибасини йўқотмоқда.

Ўзбек банкларининг харажатлари кескин ортиб, даромадларининг ўсиши эса кескин секинлашмоқда.

Ўтган 4 ойда банкларнинг фоизли даромадлари 35,5%га ошган бўлса, фоизли харажатлари 45,0%га кўпайган. Бошқача айтганда, банклар қиммат фоизларда ресурс ва депозитлар жалб қилиб, арзон фоизлардан кредитлар ажратишига тўғри келмоқда.

Сабаб-сабабсиз банкларнинг тариф сиёсатига аралашуви ҳам изсиз кетмаган. Ўтган даврда фоизсиз даромадлар атига 12,6%га ошган бўлса, фоизсиз харажатлар 68,6%га кўпайган.

Операцион самарадорлик ёмонлашгани етмаганидек, банкларнинг йўқотишларга қарши захиралари, зарарларни баҳолаш харажатлари ҳам кўпайиб бормоқда. Ўтган 4 ойда 11,2 трлн.сўмлик захира харажатлари қилинган (апрель ойининг ўзида 1,9 трлн.сўм), лекин бу активлар сифати тўғри ва етарли баҳоланмоқди, дегани эмас. Реал баҳоланса, жуда кўп банклар, айниқса давлат банклари коппор зарарда ишламоқда.

Банкларни микроменежмент воситасида "оммавий мардикорчиликка" сафарбар этилиши солиқ тушумларига ҳам таъсир этмай қолмаган. Банкларнинг фойда солиғи харажатлари қарийб 100 млрд.сўмга қисқарган.

Жамланган соф фойда ўтган йилга нисбатан 1 трлн.сўмга, 3,0 трлн.сўмгача камайган.

Апрель якунлари билан банкларнинг актив рентабеллиги 2,7%дан 1,8%гача, капитал рентабеллиги эса 14,8%дан 9,1%гача пасайган.
Давлат банклари корпоратив, хусусий банклар чакана ҳисобига депозит базасини ўстирмоқда

Апрель ойида банкларнинг депозит портфелининг ўсиши юқори суръатларда давом этган. Ой мобайнида жами депозитлар қолдиғи 5,4 трлн.сўмга ўсиб, 248,6 трлн.сўмга етган.

Депозитлар мундарижасида давлат банкларининг маъмурий йўл билан қўлга киритиш мумкин бўлган корпоратив депозитлар, хусусий банкларнинг эса очиқ бозордан курашиб олинадиган чакана депозитлар ҳисобига динамика яратаётганини кўриш мумкин. Ой давомида корпоратив депозитлар 3,2 трлн.сўмга, аҳоли омонатлари қолдиғи эса 2,2 трлн.сўмга ўсган.

Ипотекабанк (1 453 млрд.сўм), Ипак йўли банки (805 млрд.сўм) ва Агробанк (773 млрд.сўм) депозит жамғаришда энг фаоллардан бўлган.

Гарчи аҳоли омонатлари умумий қолдиғи фаол ўсаётган бўлсада, 13 та банкда чакана депозитлар қолдиғи ё ўсмаган ё қисқарган. Уларнинг орасида бозорда энг юқори ставкада омонатлар таклиф этаётган банклар ҳам борлиги эътиборли.
ФНҚЗ "хусусийлаштирилмаган", "совға қилинган"

Буни 2 йилдан бери гапириб келамиз. Давактивнинг энг йирик активларни сопини ўзидан чиқариб совға қилиш схемаси кеча пайдо бўлиб қолмаган. Бу схема шонли энергетикларнинг валийнеъматлари билан бир неча йил аввал, айнан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи мисолида апробациядан ўтган.

Kun.uz'нинг ёзишича, 2 йил аввал "хусусийлаштирилган" Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бўйича Saneg ҳали белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширмаган. 2024 йилнинг 29 май ҳолатига кўра, заводнинг 58,5 фоиз улуши Давактивга, 41,5 фоиз улуши эса Saneg'га тегишли.

Агар, 100% улуш 100 млн.долларга баҳоланган бўлса ва ҳисоб-китоблар долларда амалга оширилган, деб ҳисобланилса, 2 йил давомида Saneg' 41,5 млн.доллар тўлаган бўлиши мумкин. Бу ҳозирги курсда кўпи билан 525 млрд.сўм дегани (ўртача тортилган курс бўйича 450 млрд.сўмдан камроқ).

Сиз нима деб ўйлайсиз, "хусусийлаштириш" учун олдиндан 1 сўм тўланмаган ФНҚЗ ўтган 2 йилда қанча соф фойда олган?

Жами 557,3 млрд.сўм. 2022 йил учун 19,3 млрд.сўм ва 2023 йил учун 469,6 млрд.сўм. 2024 йил биринчи чораги учун 68,4 млрд.сўм.

Бошқача айтганда, ФНҚЗни олдиндан 1 сўм тўламай "сотиб олган" Saneg' ўтган 2 йилда заводнинг соф фойдаси билан ҳисоб-китоб қилган ва қилмоқда ва яна 100 млрд.сўмча ёнида ҳам қолган. Қойилмисиз?!

Бу ерда яна турли битимлар орқали заводдан пул чиқариб олиш схемалари ҳақида гап кетмаяпти. Бу ерда яна бошқа мажбуриятлар бажарилмагани ҳақида гап кетмаяпти.

Муттаҳам березовский ва сотқин чубайслар тик туриб қарсак чаларди бунақа схемалар учун.

Нима бўлгандаям, давактив сопини ўзидан чиқариб хусусийлаштириш схемаларидан воз кечиши, аввал шундай тартибдаги схемалар билан "хусусийлаштирилган" активларни қайтадан миллийлаштириш масаласини кун тартибига олиб чиқиши керак.

Ҳаттоки буюк комбинатор лақабли Остап Бендер ҳам "эрталаб пул, кечқурун стул, кечқурун пул, эрталаб стул" кўринишида ишлаган.
Ҳам остидан, ҳам устидан: нега "хусусийлаштирилган" активлар олигархлар қўлига ўтгач, аввалгидек солиқ тўлашмайди?

Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар "хусусийлаштирилган" йирик активлардан амалда ҳеч қандай тушумга эга бўлмаётганликлари, яъни тайинланган "инвесторлар" аслида триллионлаб турадиган активларни текинга олишаётган бир муаммо.

Иккинчи, ундан кам бўлмаган муаммо "хусусийлаштирилган" активлар бўйича солиқ тушумлари нисбий камайиши билан боғлиқ. Буни аввалроқ солиқ юки ишончли бошқарувга берилган Ucell'да бошқа компанияларга нисбатан икки карра юқори экани мисолида тушунтирган эдик.

Суратга қаранг. Бу 2019 йилдаги йирик 20та солиқ тўловчиларнинг рўйхати. Уларнинг орасида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳам бор. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳам бор.

Лекин Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи аввал ишончли бошқарувга берилиб, кейин "хусусийлаштирилганидан" кейин бу рўйхатга бошқа қайтмайди. Давлат назоратида қолган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи эса ҳалиям ТОПлар рўйхатида.

(Рўйхатга синчиклаб қарасангиз ва кейинги йиллар билан солиштирсангиз, "хусусийлаштирилган" бошқа активлар ҳам олигархлар қўлига ўтгач, ТОП солиқ тўловчилар рўйхатидан тушиб қолганига ўзингиз ишонч ҳосил қилишингиз мумкин).

Нега шундай? Текинга, совға қилиб берилгани етмагандай, мисли кўрилмаган солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилгани учунми? Лекин Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар бунинг эвазига нима олишди? ФНҚЗда ваъда қилинган модернизация талаби бажарилдими? 80 шиптирдан воз кечилдими? Нега ишлаб чиқариш мажбуриятларда кўрсатилганидек каррасига ошиши ўрнига каррасига пасайди? АҚШдагидан ҳам қимматроқ бўлган бензин арзонлашдими? Қачондир арзонлашадими?

Ҳам остидан, ҳам устидан дегани шуми? Қўрқаманки, Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар уларга пировардида қарз ҳам бўлиб чиқмасин. Ўзбек чубайслари ва березовскийлари ёпиқ кабинетларда схемалар чизишда давом этар экан, буниям эплашади.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
UDEA 27 май 4 июн кунлари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтувчи «Молиявий ташкилотларда корпоратив бошқарув» қисқа муддатли курсини ташкил этди

🇬🇧 Ушбу Лондон Қироллик Коллежи (King's College London) билан ҳамкорликда ташкил қилинган профессионал курс тижорат банклар раҳбар ходимлари учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, Лондон Қироллик Коллежи кампуси ва шу каби диққатга сазовор жойларда ўтказилмоқда.

📈 Курс иштирокчилари банк ишида корпоратив бошқарув, кенгаш бошқаруви, тартибга солиш ҳамда рақамли дунёда молиявий ташкилот сифатида ҳаракатланишдек муҳим мавзуларни интерактив маърузалар, семинар ва реал кейслар ёрдамида ўрганмоқдалар.

🎓 Ушбу қисқа муддатли курсда Қироллик Бизнес Мактабидан Проф. Леоне Леонида, Лондоннинг Қиролича Мария университетидан Др. Алфонсина Лона, Блоомберг бош офисидан Анна Ширшова ва шу каби ўз соҳасининг етук экспертлари маъруза қиладилар

Профессионал курс давомида Лондондаги Bloomberg бош офисига ташриф ва бир қатор молия ташкилотларидан ўзбекистонлик экспертларнинг ҳам маърузалари кутилмқода.

Сиз ҳам мутахассис сифатида ўз малакангизни оширишни истасангиз бизга мурожаат қилинг.

Батафсил:
📞 +998788880800
🌐 https://udea.uz/courses/

🔵 Telegram 🟣 Instagram
🔵 Facebook  🔵 LinkedIn
Реклама
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
Энг кўп иш берувчилар қаторида фақат иккита хусусий компания қолмоқда

Бандлик вазирлигининг 27 май ҳолатига берган маълумотига кўра, Uztex group (15 799 ишчи) ва Anglesey food (12 945 ишчи) Ўзбекистонда энг кўп иш берувчи хусусий компаниялар бўлиб қолмоқда.

29 апрелдаги маълумот билан солиштирганда. ТОП иш берувчилар рўйхатидан "Romstar" қўшма корхонаси чиқиб кетган, вазирлик ушбу ўзгаришга изоҳ бермаган.

Яна "Temiryo‘linfratuzilma" АЖ бир ой ичида ишчи ходимлари сонини 1 698тага кўпайтиргани эътиборни тортади.

Шунингдек, иккинчи ой кетма-кет берилаётган маълумотларда ўнминглаб ишчи ўрни яратаётгани даъвосини қилиб, турли протекционистик чекловларни илгари сурувчи, давлат буюртмаси, преференция ва субсидияларни ўзлаштирувчи айрим хусусий компаниялар рўйхатда йўқлиги мулоҳазаларга чорлайди. Балки ўша ўнминглаб ишчи ўрни давлатдан имтиёз, субсидия ва преференцияларни ўзлаштириш учун ўйлаб топилган сохта "предлог" холосдир? Ўнминглаб ишчи ўрни ростанам бўлса, уларни очиқлаш, оқартириш вақти келгандир?
Амалдорлар қўлидаги ўйинчоққа айланган давлат банкларининг вазифаси бино қуриб сотишми?

Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк ва Алоқабанк Tashkent City`да 5 йил давомида қуриб, тугатай деб қолган янги бинолари инвесторларга сотилади. Банк акциядорлари, кенгаши ва бошқаруви бинолар нима учун қурилди ва битай деганда нима учун сотилаяпти, бу жараённинг иқтисодий, молиявий манфаати ва афзаллиги нимадан иборат бўлди, деган саволга жавоб бера олмаслиги аниқ.

Лекин бу саволга ҳеч бўлмаса, Марказий банк аниқлик киритиши керак. Чунки бино қуриб сотиш банкларнинг вазифаси эмас, носоғлом банк фаолияти ҳисобланади. Марказий банкнинг регулятор сифатида қилиши керак бўлган ишларнинг бири айнан банкларни кредитор, депозитор ва омонатчилар манфааатларига хавф соладиган операциялардан тийишдан иборат. Бу яна шунинг учун ҳам муҳимки, амалдорларнинг тор манфаатлари учун ўйинчоққа айлантирилган, саналган учта давлат банки бино қуриб сотишни яна давом эттиришмоқчи. Гап ўтган ойда овоза қилинган ялтироқ режалар билан чекланмайди, бу учовлон банк хабарларга кўра, янги Тошкентда яна янги бино қуриш топшириқларини олган.

Яна бир савол шуки, нега учовлон қурилган биноларни Давактив орқали сотишмоқчи? Ахир "хусусийлаштириш оталари" қиммат сотиш дизайни билан эмас, арзонлаштириб, текинга сотиш схемалари билан машҳурку? Мана Халқ банки эски биносини ўзи сота олди? Нега Давактив ва унинг севимли консультантини ёллаш керак? Ё мақсад аввалдан тайинланган "инвесторлар"га биноларни топширишми? Исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Битимга тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади, дейилади Давактив очиқлаган дисклеймерда.

Дарвоқе, Газета бинолар банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан бунёд этилган, дея бироз чалғиган (дастурга шундай киритиб юборишган). Ҳар уччала бино Хитой банкларининг ва банклар консорциумининг жуда қиммат кредитлари ҳисобига бунёд этилган, хитойлик пудратчилар томонидан ўзбекистонликларни аралаштирмай қурилган. Ҳар бир бино учун олинган кредитлар 100 млн.доллардан 140 млн. долларгача. Тўланган фоизлар, комиссиялар, лойиҳаларнинг тайёрлаш қиймати билан биноларнинг таннархи 26 қаватлисиники 150 млн.доллардан, 33 қаватлиси 200 млн.долларгача ошган бўлиши табиий.

Кўрамиз, давактив қанчага сотиб бераркин.
Олтин, мисдан тортиб энергетикагача йирик солиқ тўловчиларнинг давлат бюджетидаги улуши кескин қисқарган

Фуқаролар учун бюджет ҳисоботининг 2023 йил ижроси эълон қилинди.

Кўзга яққол ташланадиган жиҳат, бюджет даромадлари ўсишининг сезиларли даражада секинлашгани. 2023 йилда бюджет даромадлари 14,8%га ўсган холос. Солиштириш учун 2022 йилда даромадлар 22,4%га ўсган эди.

Яна эътиборга тушадиган ҳолат оддий халқ ва бизнес тўлаётган солиқ тушумларида ўсиш юқори даражада қолган. Масалан, ер солиғидан тушумлар 29,9%га, мол мулк солиғидан тушумлар 27,0%га, жисмоний шахслардан даромад солиғидан тушумлар 23,25га ошган.

Ўзбекистонни тобора ёпилиб бораётганини, протекционизм авжига чиқаётганини божхона божларидан тушумлар 67,2%га ошганидан ҳам кўриш мумкин (аждарҳо божларнинг охирги тўловчиси, биз ўзбекистонликлар).

Хўш унда бюджет даромадлари нега ўсмаяпти. муаммо нимада деб ўйларсиз?

Муаммо хусусан, йирик солиқ тўловчиларда. Солиқ тушумларида уларнинг улуши кескин қисқарган.

Олтин нархлари осмонга ўрлаганига қарамай, энг йирик солиқ тўловчи НКМКнинг улуши 0,41%га пасайган. Миснинг юқори нархларига қарамай ОТМКнинг улуши 2,38%га пасайган.

Энергетикада аҳвол тубга қараб кетаётганини тушумлар улушидан қараб ҳам билиш мумкин. Ўзбекнефтегаз улуши 0,22%га, Ўзтрансгаз улуши 0,92%га, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи улуши 0,16%га, Uz-Kor Gas Chemical улуши 0,25%га қулаган.

Йирик солиқ тўловчилар қаторида энергетикадаги активлар ва конларни текинга эгаллаб олган биронта олигарх, чўнтаклар, миллиардлаб долларлик шиширилган лойиҳаларни ўзлаштираётган биронта пудрат қироли номини кўрмайсиз. Ахир олигархлар солиқ тўламайди, улар қайтанга халқ тўлаб тўлдираётган бюджетни ўзлаштиришади.

Хуллас даромадлар мундарижасидаги тенденциялар Ўзбекистон иқтисодиёти қандай касал билан оғриётганини яққол кўрсатади.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Oʻzbekistonlik.Students ҳужжатли фильмининг АҚШ мавсуми бешинчи эпизоди ўзбекистонлик ёшларнинг муваффақияти ҳақида.

Умуман, фильм қаҳрамонларининг фикрлари катта ҳаётга эндигина қадам қўяётган авлодга улкан мотивация беради.

Фильм аллақачон Uzbekistan's Club YouTube саҳифасига жойланган.

Ўтказиб юборманг!
“Трастбанк" ўз-ўзини банд қилган шахслар учун 150 млн сўмгача микрокредит ажратмоқда!

Ўз бизнесингизни бошлаш ёки тадбиркорлик фаолиятингизни кенгайтириш учун "Трастбанк"дан қулай шартларда микрокредит олинг.

🔹 Миқдори: 150 000 000 сўмгача;

🔹 Муддати: 36 ойгача;

🔹 Фоиз ставкаси: 28% дан бошлаб.

Муваффақият сари "Трастбанк" билан дадил қадам қўйинг!

🌐 Батафсил маълумот: https://trustbank.uz/uz/private/crediting/o-zini-o-zi-band-qilgan-shaxslar-uchun-mikrokredit-2404/

📞 Алоқа маркази: 1287

👉 Каналга уланинг: https://t.me/trustbankuz

Реклама
Давлат қарзининг ўсиши яна тезлашган

Ўзбекистон 2022 йилдан кейин Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси маълумотларини эълон қилишни тўхтатган (балки аҳвол ва вазият оғирлашаётганини кўрсатмаслик учун). Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий саҳифасининг давлат қарзига оид қисми бир неча ойлардан буён "маълумотлар янгиламоқда" ҳолатида қолмоқда.

Янаям қизиғи, ташқи қарз бўйича 2022 йилгача бўлган тарихий ҳисоботларнинг ўзбек тилидаги версиялари ўчириб юборилган.

Шу сабабли, давлат қарзига оид маълумотларни бошқа ҳисоботлар ичидан (масалан, бюджетнома, фуқаролар учун бюджет) узуқ-юлуқ тарзда кўриб бориш мумкин.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Давлат қарзи миқдордаям улушдаям ошишда давом этмоқда. Фуқаролар учун бюджет ҳисобига киритилган маълумотга кўра, 2023 йил якуни бўйича Давлат қарзи 5,7 млрд.долларга ошиб, қолдиғи 34,9 млрд.долларга етган. Давлат қарзининг ЯИМдаги улуши 38,4%ни ташкил қилган (+2,4%). Эслатиб ўтамиз, бу ҳисобга зараркунанда давлат компаниялари, давлат банклари ва энергетикадаги шиширилган лойиҳалар учун олинган тўғридан тўғри қарзлар кирмайди.

Ислоҳотлар эълон қилинган ва фаол қарз олиш энди бошланган 2017 йилда Давлат қарзи қолдиғи 11,5 млрд.доллар эди. Яъни, 2023 йилгача бўлган 6 йилда давлат қарзи қолдиғи 3 баробардан кўпроққа ошган.

Давлат қарзига хизмат кўрсатиш ҳам тобора ошиб, оғирлашиб бормоқда. 2023 йилда Давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 2,82 млрд.долларга етган (солиштириш учун, бу кўрсаткич 2018 йилда 0,5 млрд.доллар эди). Ички қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари эълон қилинмаган.

Ҳар йили янги давлат қарзларини олиш ҳажми ва давлат қарзларига хизмат кўрсатиш харажатлари миқдори тобора бир бирига яқинлашмоқда. Тенденция ўзгармаса, янги қарз ва қарз қайтариш миқдорлари тез орада тенглашади. Яъни, эски қарзларни олинаётган янги қарзлар оқими ҳисобига қайтариш бошланади (агарда кредиторлар қарз беришни тўхтатиб қўйишмаса).

P.S. Вазирлик вакилининг таъкидлашича, Давлат қарзи статистикаси маълумотнома кўринишида тақдим этиб келинмоқда (илгаригидек чораклик шарҳ тарзида эмас). Балки тегишли ҳавола вақтинча ишламагани ёки фаолсизлантириб қўйилган туфайли ушбу маълумотлардан фойдаланиш имкони бўлмаган. Айни дамда мобил версияда маълумотлар очилмоқда.
bakiroo
​Давлат қарзининг ўсиши яна тезлашган Ўзбекистон 2022 йилдан кейин Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси маълумотларини эълон қилишни тўхтатган (балки аҳвол ва вазият оғирлашаётганини кўрсатмаслик учун). Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий саҳифасининг давлат…
Давлат қарзи биринчи чоракда ҳам ошишда давом этган

Ўзбекистон Давлат қарзи 2024 йилнинг биринчи чорагида яна 417 млн.долларга ошиб, 35,3 млрд.долларга етган.

Биринчи чоракда Давлат қарзининг кўпайиши ички қарз ҳисобига рўй берган. Ички қарз охирги 3 ойда 597 млн.долларга кўпайиб, 5,9 млрд.долларга етган.

Халқаро суверен облигациялар орқали жалб қилинган қарз қолдиғи 3,4 млрд.доллардан 2,9 млрд.долларгача қисқарган (февраль ойидаги сўндиришлар ҳисобига). Майдаги янги чиқарилувлар эвазига мазкур тоифадаги қарз қолдиғи яна ошиши (+1,5 млрд.доллар) иккинчи чорак ҳисоботларида акс этади.

Давлат қарзи бўйича маълумот очиқлашнинг мазкур кўриниши 2022 йилгача тақдим этиб келинган шарҳ форматидан фарқли равишда давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари (ундан бюджетга юклама), ҳисобот даврида янги жалб қилинган қарзлар, эски қарз битимларининг ҳолати, давлат компанияларининг "тижорий" қарзи каби қўшимча ахборотларни тақдим этмайди. Агарда ҳам шарҳ, ҳам жадвал маълумотлари (қайта ишлаш осон форматларда) бериб борилса, фойдаланувчилар сони кескин ошган бўларди.
Жаноб вазирнинг май мўътадил келгани ва ўчиришлар кескин ортганидан хабари бўлмаса керак

Энергетика вазири Мирзамаҳмудов май ойида электр энергияси ва газ истеъмоли ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан мос равишда 324 млн кВт·соат ва 125 млн кубга қисқаргани, бу энерготежамкорлик бошланганидан дараклиги ҳақида айтипти. Бўлиши мумкин.

Лекин бундай баёнотлар учун чуқурроқ таҳлиллар ва узоқроқ муддатли кузатувлар керак бўлади. Май ойининг 29 куни хулоса қилиш учун етарли эмас. Олдинда хавотир билан кутилаётган июнь, июль ва август турипти.

Биринчидан, тугаётган майда ҳарорат нафақат ўтган йилга, охирги ўнйилликларга нисбатан ҳам мўътадил келди. Оддий қилиб айтганда, кондиционер қўшишгаям, печкани ёқишгаям зарурият туғилгани йўқ.

Иккинчидан, балки буни жаноб вазирга айтишмагандир, таъмирлаш ва авария баҳонасида свет ўчиришлар кескин кўпайди. Сағбон подстанциясидан ток оладиган биргина Тошкент туманида ўтаётган ойда камида 7 кун 10 соатдан 16 соатгача авариявий ўчиришлар бўлди. Бу ҳисобга 1-2 соатлик ўчиришлар кирмайди. Тошкент шаҳрида ҳар куни иккита туманда график бўйича свет ўчирилади. Вилоятларда ўчди свет, ёнди свет жараёнига энергодискотека деб ном беришган. Свет ўчиришлар кескин кўпайганидан тармоқда "атом бомбага айланадиган аэс қуришни хаспўшлаш учун шундай қилишмоқда" деган мем қарашлар ҳам оммабоплашди.

Дарвоқе, кеча энергосамарадорлик бўйича ўтган йиғилишда, энергосамарадорлик учун учун бож ва нотариф чекловларни бекор қилиш масаласиниям кўтардингиз, деб умид қиламиз.

Вазирга интервью давомида янги тарифлар энергетикадаги корхоналарнинг молиявий ҳолатига, таннархлар шаклланишига қандай таъсир этгани, улар субсидиядан қачон чиқарилиши, шаффофлик ва очиқлик қачон таъминланиши тўғрисидаги ноқулай саволлар берилмаган кўринади.
bakiroo
Жаноб вазирнинг май мўътадил келгани ва ўчиришлар кескин ортганидан хабари бўлмаса керак Энергетика вазири Мирзамаҳмудов май ойида электр энергияси ва газ истеъмоли ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан мос равишда 324 млн кВт·соат ва 125 млн кубга қисқаргани…
Газ истеъмоли камайиши ИЭСлар ҳисобига бўлганини айтиш адолатдан бўларди

Чунки, ҳурматли жаноб вазир, мавзудан ташқаридаги одамлар, у оддий фуқароми ё юқори лавозимли қарор қабул қилувчими, вазият ҳақида манипуляция ахбороти етказиш орқали чалғитилмаслиги керак.

Ўзларингиз қайта ва қайта ёзаяпсиз, электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 30 фоиздан ортиғи қайта тикланувчи манбалардан олинаяпти, рекордлар урилди деб.

Демак, газ ёқиб электр оладиган ИЭСлар улуши 70 фоизгача қисқарган, илгари бу кўрсаткич 85 фоиздан ортиқ эди. Демак, Ўзбекистонда энг кўп гвз ишлатадиган ИЭСларда газ ёқиш сезиларли қисқарган ва бутун Ўзбекистон учун газ истеъмоли қисқариши ҳам айнан уларнинг ҳисобига тўғри келган.

Шимолдан газ импорти қўрқинчли тарзда ошаётган, триллионлар бурғулашга сочилаётганига қарамай, ўзимизда газ қазиб олиш қисқараётган шароитда, Шўртандан тортиб GTL'гача заводлар газ йўқлиги учун ярим қувватида ишламаётган, ўнлаб, юзлаб ишлаб чиқариш субъектларига газ етказиб берилмаётган, газ тақсимоти бозор эмас, чиновниклар қўлида қолаётган мураккаб бир вазиятда газ истеъмоли камайди, дейиш жудаям ғализ туюлади.

Худдики нонни қисқартириб, ўрнига пирожний еяпмиз дегандек.
Ўзсаноатқурилишбанк Германия “Дойче банки”дан қиймати 165 млн. евролик синдикатланган кредит жалб қилди

Жорий йилнинг 28 май куни Ўзсаноатқурилишбанкка Германия “Дойче банки” томонидан умумий қиймати 165 млн. еврога тенг синдикатланган кредит ажратилди.

Давлат раҳбари томонидан тижорат банкларига хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ва ташқи молиялаштириш манбаларини кенгайтирган ҳолда мижозларнинг инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилган. Ўзсаноатқурилишбанкга Германия “Дойче банки”дан жалб этилган синдикат линияси ҳам мазкур топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилди.

Олинган маблағлар Ўзбекистонга хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда янги иш ўринларини яратиш, хусусан, саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда кичик ва ўрта бизнес йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Реклама
Бизнесга оширувчи коэффициентлар энергетикларга жарималар билан мутаносиб бўлиши керак

Энергетика вазири Мирзамаҳмудовга кўра, юридик шахслар учун электр энергияси ва газнинг лимитдан 10%дан кўп ортиқча истеъмолига тарифларга икки карра оширувчи коэффициентлар қўлланилади. Бу дегани лимитдан ортиқча 1 кВт.соат электр энергияси истеъмоли учун камида 2 000 сўм, лимитдан ортиқ ҳар куба газ истеъмоли учун 3 000 сўм тўлов ундирилади.

Жаноб вазир юридик шахсларга электр энергияси ва газ турли баҳоналар билан етказиб берилмаганида энергетикларга қандай чоралар кўрилиши ҳақида лом-лим демаган. Охирги 3 йилда энергетик кризис ичида яшаётган Ўзбекистонда қишдаям, ёздаям свет ва газдан узишдан энг кўп жабр кўраётганлар бу бизнес субъектлардир. Иссиқхоналардан тортиб текстиль фабрикаларигача, савдо дўконларидан тортиб новвойхоналаргача субъектларнинг свет ва газ ўчирилишидан кўрган зиёнини ҳеч ким ҳисоблагани йўқ. Табиийки, улар ўз йўқотишларини таннархга уриб юборишдан бошқа чора кўра олишмайди.

Агарда Мирзамаҳмудов таклиф этаётган механизм бир тарафлама ишга тушса, бу бизнес учун навбатдаги қип қизил жарима бўлади. Гарки, шонли энергетиклар бизнесга нисбатан оширилган коэффициентларни қўлламоқчи экан, бизнесга лимит доирасида етказиб берилмаган свет ва газ учун ҳам улар 2 карра оширилган қийматда жарима тўлаши керак.

Бундан ташқари, шонли энергетикларнинг график асосида, авария ва таъмирлаш баҳонасида суткасига 1 соатдан, ойига 5 соатдан ортиқ ўчиришлари бўйича аҳолига ҳам, бизнесга ҳам компенсацияларни тўлаши масаласи кўриб чиқилиши керак.

Биз отнинг калласидек нархда пул тўлаяпмизми, энди марҳамат қилиб, газ ва электрни узлуксиз етказиб беринг, бўлмаса, узилишлар учун компенсация тўланг, жаноб Мирзамаҳмудов.

Адолат бир тарафлама эмас, икки тарафлама бўлади!
Шонли энергетиклар бутун 2024 йилга газ учун ажратилган субсидиянинг 85 фоизини биринчи чоракдаёқ ишлатиб бўлишган

Харажатларни оширишни ўз бизнес моделига айлантириб олган субсидияхўр энергетиканинг иштаҳаси кутилганидан ҳам кўпроққа ҳалак отган.

2024 йил бюджетига кўра ички бозорда табиий газни улгуржи сотиб олиш ва сотиш бўйича ихтисослаштирилган компания зарарларини қоплаш ва жорий фаолиятини молиялаштириш учун 9,5 трлн.сўм субсидия ажратилган. Бу бутун 2024 йил учун. Лекин 2024 йилнинг дастлабки 3 ойидаёқ бутун йилга мўлжалланган маблағнинг 8,1 трлн.сўми ёки 85%и ўзлаштириб бўлинган.

Зараркунанда модель моҳиятига кўра, шонли энергетиклар ажратилган субсидияни қанча тез чайиб тугатишса, яна бюджетдан қўшимча субсидия ажратилади. 2022 йилда шундай бўлган, 2023 йилда шундай бўлган. Бу субсидияхўрлар аллақачон шунга кўникиб бўлишган.

Янги тарифлар кучга кирганига, тарифлар кескин оширилганига 1 ой бўлди. Сиз биронта энергетикдан, уларнинг устози-ю шогирдларидан бўлди, субсидия олишдан воз кечамиз, деган гапни эшитдингизми? Бўпти, бу шоввозлар ҳеч қачон бюджетни эмиб ўзлаштиришдан ўз ихтиёрлари билан воз кечишмайди. Ҳукумат, биронта иқтисодий комплексдаги амалдор, параламентдаги биронта чўнтак партия, майли масхарабози бўлса ҳам, шу талабни қўйдими? Биронтаси, тўхта, ёпиқ бассейн UzGaztrade олигархларга совға қилиб юборилган ўзимизнинг конлардан қазилган газни қанчадан олаяпти, шимолдан келаяпти дейилган газ қанчадан тушаяпти, деган масалани кўтардими?

Ҳа деса, ўтмишга тош отадиган ёшулли сенаторларимиз нега жим?

Тўғриси, мен билмайман, мамлакатни ютиб юборишга тайёр аждарҳоларни ким ва қандай қилиб тияди, тўхтатади?
Иссиқлик таъминотида субсидия ўзлаштириш 5 карра ошган

Бюджет мувозанати издан чиққанига қарамай, 2024 йилнинг биринчи чорагида ҳам субсидия ўзлаштириш чемпионати тўхтамаган.

Иссиқлик таъминотига ўтган 3 ойда 1 трлн.сўмдан ортиқ субсидия берилган. Бу ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан деярли 5 карра кўп. Бу бутун 2024 йил учун иссиқликка ажратилган жами субсидия ҳажмининг 51%и. Олдинда ҳали 9 ой бор (иссиқ сув ва октябрдан кейин янги иситиш мавсуми). Эҳтимолки, иссиқлик учун субсидия миқдори яна оширилади. Чунки соҳада ҳеч ким таннархни пасайтириш ҳақида ўйлаётгани йўқ, бундай вазифа қўйилмаган ҳам бўлса керак.

2024 йилнинг 1-чорагида транспорт учун ажратилган субсидияларнинг йиллик меъёр нисобидан ошиб кетиши кузатилмаган:

шаҳар автобус йўналишида чекланган
тарифларда йўловчи ташиш учун 227,3 млрд сўм (йиллик 1 трлн.сўм ажратилган);

Метрополитенга 95,0 млрд.сўм (йиллик 575,7 млрд.сўм).

Бошқа ўзлаштирилган айрим субсидиялар:

ипотека кредитлари бўйича 269,1 млрд.сўм;
ўз хўжалигида етиштириб реализация қилинган маҳсулотлар учун 145,2 млрд сўм;
геология-қидирув ишларига 140,0 млрд.сўм;
Ёшларни қўллаб қувватлашга 30,0 млрд.сўм;
талабалар турар жойларни барпо этиш бўйича лойиҳалар учун 16,8 млрд.сўм;
қишлоқ хўжалиги техникаларига 8,2 млрд.сўм;
авиаташувчиларга 3,4 млрд.сўм;
темир йўлга 3,4 млрд.сўм;
сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун субсидиялар 2,2 млрд.сўм;
талабалар турар жойларида
яшайдиган талабалар учун давлат шеригига ажратиладиган субсидиялар 1,3 млрд.сўм;