bakiroo
56.5K subscribers
949 photos
310 videos
5 files
6.05K links
Download Telegram
Энди нима бўлади?

Кўпчиликда шунақа тасаввурки, ўтган ҳафтада кун тартибига чиққан кетма-кет баҳслардан кейин, гўёки мунозара тугади, кўтарилган чанг босилди, ёпиқлиқ қозон яна ёпиқлигича қолади, ҳеч нима ўзгармайди.

Йўқ. Асло бундай эмас. Истеъмолчилар ва жамоатчилик эътирозларини айтди. Ишлаб чиқарувчи ва бенефициарлар ўз позицияларини очиқлашди. Ҳатто конструктив ўрталиқ ҳам топилгандек.

Яъни, ҳаммаси мана энди бошланмоқда. Буёғига асосий савол ва сўров қарор қабул қилувчиларга.

Биринчидан, маиший техника ишлаб чиқарувчилар ҳам, уларнинг камида иккита ўзаро боғлиқ гуруҳини бирлаштирувчи энг йирик бенефициар ҳам аждарҳо божларга ва протекционизмга қарши. Ишлаб чиқарувчиларнинг ўзи юқори божлар уларга зиён келтираётганини қайта ва қайта таъкидлашди. Истеъмолчиларга келтираётган зиёнларни яна бир бор такрорлаш шарт эмас. Демак, маиший техника импортида божлар ноллаштирилиши керак!

Иккинчидан, ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари экспорт бозорлари улар учун приоритет эканини айтишмоқда. Яқин бозорлар сарҳадларидан ўтиб, ҳатто АҚШ, Швеция бозорларига кириб борилаётгани айтилди. Айтилган сўзларнинг самимиятига ишонсак,  импортни чеклаб, унинг ўрнини маҳалллийлаштириш билан босишдан улар умуман манфаатдор эмас. Демак, киши бошига чекловлар, давлат харидларидаги преференциялар каби нотариф тўсиқлар олиб ташланиши зарур. Давлат ишлаб чиқарувчиларга қандай рағбат кўрсатмоқчи бўлса, бундан буён фақат экспорт учун, айниқса соф экспортчилар учун бериши лозим.

Учинчидан, энг йирик маиший техника ишлаб чиқарувчининг бенефициари ва ўша вақтда ҳоким вазифасида ишлаган Артикходжаевнинг ўзи Технопарк қандай ташкил этилгани, ғоя муаллифи ким бўлгани, бошқарув компанияси устида ким турганини очиқ-ойдин айтиб турипти. Шундай экан, Технопарк МЧЖ ишончли бошқаруви қачон, қанча муддатга ва қандай шартларда топширилганини, ишончли бошқарувнинг молиявий ва иқтисодий натижаларини эълон қилишга нима тўсиқ бўлиши мумкин? Ёки Ҳукумат, унинг вакили Давактив айтсин, Технопарк МЧЖнинг ишончли бошқарувга бериш бўйича битимнинг фалон қисми давлат сири, ҳарбий сир, шунинг учун махфий ва ёпиқ деб.

Тўртинчидан, Жаҳонгир Артикходжаевнинг ўзи Пахтакор клуби ва стадионини фақат текинга беришса, оламан, 100 долларам тўламайман, деб баёнот бермоқда. Албатта, режали ниятларини очиқлаган Артикходжаевга раҳмат айтган ҳолда, Пахтакорни стадиони билан («Пахтакор футбол клуби» МЧЖнинг 100 фоиз давлат улушини) сотувга чиқаришдан қандай иқтисодий маъно, деган саволга энди Давактив жавоб бериши керак бўлади. Агар қизиқиш билдирган ва асосий деб кўрилган харидор шундай деб турса, оммавий савдо жараёни қандай кечади? Буни савдо деб атаб бўладими ўзи? Пойтахт марказидаги Шарқ биноси ва 3 гектар жойда жойлашган цехлар бўйича эълон қилинган савдонинг Пахтакорнинг сотилиши бўйича савдодан қандай фарқи бўлади?
Lolazor дебат жойи эмас

Мурод Муҳаммад Дўст таърифидан фойдалансак, Lolazor бу пиёда суҳбат. Подкастнинг бутун мундарижаси ўзаро суҳбатдан иборат, агар меҳмон ташриф буюрган бўлса, суҳбатда унинг сўзлари, хоҳишлари, мақсадлари ифодаланишига бор имкониятни яратиб бериш.

Шу маънода Lolazor иштирокчилар бир-бирини мот қиладиган, сўзига қарши сўз айтадиган, тўхтатадиган, хатоларидан фойдаланиб қарши юриш қиладиган кимўзар дебат формати эмас. Шу жиҳат тайёргарлиги бўлмаган янги аудиторияга ҳали етказа олинмаган кўринади.

Яна подкастга келганки меҳмон истак-талабларини айтади, айтайлик, фалон мавзуни гаплашмасак, пустон саволларни четга сурсак ёки съемкадаги анову гаплар чиқиб кетмасин, манову нозик жойларини кесиб ташласин каби. Меҳмон шунинг учун меҳмонки, унинг атои истакларига юрилади. Оёқ қўйилмайди, ҳатто мезбонларни очиқчасига дилгир қилиб турса ҳам. Меҳмон отангдек улуғ.

Бу мезонлар меҳмонларимизга, хусусан охирги сонга ташриф буюрган Жаҳонгир Артикходжаевга ҳам тааллуқли эди. Яъни, Артикходжаев Lolazor резидентларига босим ўтказгани йўқ, қўрқитгани йўқ. Аввалдан келишув бўйича Артикходжаевнинг ҳокимлик даврига оид саволлар бўлмади. Балки шунинг учун саволлар айримларга ўтмасдек туюлган бўлиши мумкин, чунки у кишига жамоатчиликнинг энг кўп саволи айнан ҳокимлик давридаги қарорлари, ҳаракатлари ва амалларига оид.

Яна бир гап шуки, бу подкастга резидентлар томонидан ҳеч қандай тайёргарлик кўрилгани йўқ. Шахсан менинг бутун фикр-у ҳаёлларим съемка бошланишидан ярим соат аввал ҳам ҳеч бир меҳмонсиз Бухоро маркази бузилишига ва туристик марказ қурилишига оид масалалар ҳақида суҳбат қуришга тайёргарлик билан банд эди. Тўсатдан бўлган таклиф ва бундай мақомдаги меҳмоннинг келиши барча режаларга ўзгартириш киритиб юборди.

Саволларга келсак, мумкин бўлган доирада фақат Шарқ биноси ва унинг ёнидаги цехлар сотилиши, бундаги манфаатлар тўқнашувига оид савол қолиб кетди. Мен ўзим учун муҳим бўлган саволларни бера олдим, бу ўринда айтилган жавоблар ҳам, гарчи кўпи очиқ қолган бўлсада, Артикходжаевнинг кечаги монологи етарлича ахборот ва ишоралар ташийди.

Шулардан энг биринчиси шуки, Артикходжаев янги даврдаги ўзбек иқтисодий моделининг яққол тимсоли. Бутун Экономикамизнинг маъно мазмуни шу модел ва шу каби тимсол атрофида жамланган.

Иккинчидан, суҳбатдошимизнинг Пахтакор ва Технопаркка оид мисоллари охирги йилларда активлар устидан назорат, давлат мулки тақсимоти қарорлари қандай қабул қилинаетгани ва формал хусусийлаштириш қандай юз бераётганига аниқлик киритади.

Учинчидан, ҳа, суҳбатдошимиз жамоатчилик, ОАВ ва медиани субъект деб билмаслиги янги янгилик бўлмади, самимий Артикходжаев аввал ҳам сўзи ва ҳаракатларида буни яширмаган. Унинг дунёсида, бу дунёда бошқа амалдорларимиз ҳам яшашда давом этишмоқда, улар халқдан кўра, ОАВдан кўра, медиадан кўра яхшироқ билишади гўё. Саналганлар мақсадга етиш йўлида ишлатиладиган воситалар холос. Шартли Муниса билан ОАВ ва медиани солиштирилиши, аудиториянинг чоғиштирилиши бежиз эмас. Уларнинг Левиафанида ОАВниям, Мунисаниям чақирса, буюртма қилса, сотиб олса бўлади. Ўзининг бу назарияларига чин дилдан ишонадиган суҳбатдошимизга эркин жамият қадриятлари ҳақида эслатиб, ҳеч қурса сўз эркинлиги ва пиар, фикр тарқатиш ва шоу фарқланишини тушунтиришга уриниб кўрган бўлармидингиз?

Тўртинчидан, кўз ўнгимизда юз бераётган воқеалар, унчалик муваффақият қозонмаган реформалар, янги реформаларга нисбатан қўрқув ва ўта эҳтиёткорлик ижтимоий зеҳният талабларидаям ўзгаришлар ясамоқда. Бундай ўзгаришлар АҚШда ҳам, Венгрияда ҳам, Словакияда ҳам юз бермоқда. Артикходжаев феномени ўрни тўлдирилмаган макондаги шундай жараёнларнинг бир қисми. Бу менга ёқмайди, сизга ёқмаслиги мумкин. Лекин маълумот учун қабул қилишга, ижтимоийлашув чақириқларига реакция қилишда ҳисобга олишга тўғри келади.
Ишлаб чиқарувчи 24 доллар, импортчи 2 доллар ҚҚС тўлаши бу миф

Айрим фикрларни матн формати тўлиқроқ етказа олади, айниқса бу ҳисоб-китобларга ва солиққа тортишга оид бўлса.

Ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи тўлаётган солиқлар ҳақидаги охирги баҳс ва мунозараларда ишлаб чиқарувчи кўп ҚҚС тўлаётгани ҳақидаги таъкидлар шунчалар кўп такрорланмоқдаки, тайёргарлиги йўқ ўқувчилар учун бу мифга айланиб кетиши ҳеч гап эмас.

Айтайлик, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кондиционер реализация нархи 200 доллар, шундан унинг таннархи 180 доллар, бунинг ичида ҚҚС билан сотиб олинган маҳсулот ва хизматлар 150 доллар бўлсин дейлик. Бунда реализация вақтидаги ҚҚС 24 долларни, кирувчи ҚҚС эса (150*12%) 18 долларни ташкил этади. Бу ишлаб чиқарувчи бюджетга 6 доллар миқдорида ҚҚС тўлайди дегани (24-18).

Энди импортчи тадбиркор, айтайлик, даъво қилинаётганидек, 200 долларлик кондиционерни инвойсда 15 доллар қилиб кўрсатдиям дейлик. Лекин ҚҚС ва бож тўловлари 15 доллардан эмас, маҳсулотнинг божхона қийматидан (маҳсулот ёки унга ўхшаш маҳсулотнинг жаҳон бозоридаги нархи) тўланади. Яъни, импортдаги ҚҚС 200 доллар ҳисобидан нисоб олиниб, 24 доллар тўланади.

Кўраяпсизки, 200 долларлик маҳсулот ҳисобидан маҳаллий ишлаб чиқарувчи 6 доллар, импортчи 24 доллар ҚҚС тўлайди.

ҚҚС ўз номи билан корхона занжирда ўзи қўшган қўшилган қийматдан тўланадиган солиқ ва бу солиқни якунда охирги истеъмолчи, яъни биз тўлаймиз.

Ҳисоб-китобларда кондиционер учун 30%лик импорт божи ёки давлат харидларида 20%гача нарх преференцияси қўлланилмаган. Умумий қилиб олинса, кондиционер мисолида маҳаллий ишлаб чиқарувчига импорт қилувчига нисбатан 60%дан кам бўлмаган устунлик берилган.

Имкониятларни тенглаштириш, яъни шартли ноллаштириш деганда шу фарқни бирхиллаштириш тушунилиши керак бўлади.
Тиббиётни фармацевтика тижоратидан қутқариш бошланадими?

Мамлакатимизда фармацевтика бозори ҳажми 2 миллиард долларга етгани айтилаётган мажлисда дори воситаларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ишлари сустлиги кўрсатилмоқда.

Айниқса, антибиотик қабул қилиш устидан назорат умуман йўқ. Протоколларга амал қилмасдан, “пул ишлаш” учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиляпти.

Бундан халқимизни соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўраяпти
”, демоқда Давлат раҳбари.

Оилавий шифокорларга касаллиги енгил бўлган беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволашни ўргатиш муҳимлиги таъкидланмоқда.

Яна иқтибослар:

"Уч йил аввал онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилган эди.

Лекин, бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида, тўлиқ етказиб берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, бюджетдан етарли маблағ ажратилмоқда.

Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбур.

Мана – фармацевтикадаги ўйинлар!
Бу фақат онкологияда".
Автомобиль импортида Хитойнинг улуши мутлақ даражага етган

2023 йилда жами 73 206та автомобиль импорт қилинган бўлса, шундан 79,3%и ёки 58 078таси Хитойдан келтирилган.

Солиштириш учун, 2021 йилда Хитойнинг импортдаги улуши 32,8%, 2022 йилда 36,9% бўлган.

Бошқа йирик автомобиль мамлакатлари бўлган Корея, АҚШ, Германия ва Япониядан импорт сонда ўсишда давом этаётган бўлса-да, улушда фақат қисқариб бормоқда.

Эътиборлиси, автомобиль импорт қилинадиган мамлакатлар қаторига Ҳиндистон ҳам қўшилган. Қозоғистон ва Россия тушиб қолган (бошқалар қаторида).

Қайд этиш керакки, агарда кутилаётган чекловлар жорий қилинса, автомобиль импорти ўсиши 2024 йилда секинлашиши, ҳатто қисқариш кузатилиши мумкин.
Қурилиш сектори яширин иқтисодиёт тимсолига айланган

Ўзбекистонда юзлаб хонадонлардан иборат кўп қаватли уйларни қураётган пудратчилардан тортиб ҳатто давлат буюртмаси бўича объектларни бунёд этаётган субъектларгача фаолияти мазмуни нақд айланмаларга, расмийлаштирилмаган ишчиларга бориб тақалади.

Ниҳоят бу ҳақда юқори минбарлардан ҳам айтиш бошланмоқда. Бугун қурилиш сектори вакиллари билан ўтказилган семинарда келтирилган рақамлар соғлом ақлга сиғмайди. Соҳадаги 10 947та корхона биттагина ишчи ишлатади. Сиз ҳатто кичкина квартирада ремонт қилсангиз ҳам камида 2 та уста ёллайсиз. Шу гўёки 1та ишчиси бор қурилиш фирмалари дом қураяпти, кўприк қураяпти, йўл қураяпти. Тасаввур қилинг.

Яна эътибор берганмисиз, гарчи қурилиш компаниялари битта бренд номида ишласа-да, ҳар бир дом ё лойиҳа учун алоҳида фирма очилади. Дом сотиб бўлингач, табиийки, фирма ёпиб юборилади. Ўрага сичқон тушди, гулдур гуп.

Қурилиш бизнеси молиявий қийматига нисбатан амалда деярли солиқ тўланмайдиган соҳага айланган. Ер сотиб олиш нақдга (коррупцион омили бошқа муаммо). Қурилиш материаллари нақдга. Техника нақдга. Иш ҳақи нақдга. Ҳисобварақларга фақат нақдсиз пул ўтказиш мумкин бўлган миқдордагина пул туширилади.

Суратда қурилиш компанияси кесилган дарахтлар учун жарима тўламоқда. Албатта нақд пул билан.
Бюджет дефицити хавфли эмас

Мифономика лойиҳасининг навбатдаги сонида бюджет дефицити мавзуси атрофида шаклланган қатор ақида ва мифлар муҳокама қилинган.

Бюджет дефицити назоратга олинмаса, нима бўлади? Дефицит ошиб кетаверса, Ўзбекистонга қарз бермай қўйишадими? Дефицит инфляцияни кучайтирадими? Дефицит кенгайиши валюта курсига қандай таъсир кўрсатади? Харажатлардан тийилиш ва бюджет мувозанати учун нима қилиш керак?

Маълумот учун, Ўзбекистонда кетма-кет баён қилинаётган декларацияларга қарамай, охирги 4 йилда бюджет дефицитининг белгиланган лимитлари узлуксиз бузиб келинмоқда. Хусусан, 2023 йилда консолидациялашган бюджет дефицити чекланган миқдори 3,0% этиб белгиланган бўлсада, 5,5%ни ташкил этган.

2024 йилнинг январь ойида давлат бюджетининг харажатлари даромадларидан 5,8 трлн.сўмга ошиб кетган бўлса, харажат юкламаси катта бўлган февралнинг дастлабки 5 кунида эса йиғилган дефицит 8,2 трлн.сўмдан ошган.

2024 йил консолидациялашган бюджети 52,6 трлн.сўмлик дефицит билан қабул қилинган.
Бухоро

Бухоро маркази бузилиши ва ўрнига туристик марказ қурилишига оид аллақачон қабул қилиб бўлинган қарорни ўзгартириш энди имконсиз, лекин пиар пропагандага қўшилиб, уни жўр бўлиб олқишлаш шарт эмас. Жим туриш, сукут сақлаш ҳам мумкин ҳеч қурса.
Прилепин Ўзбекистон банкларида счет оча оладими?

Афсуски, ҳа. Нафақат счет оча олади, бемалол Ўзбекистонда бизнес юритиши, қайсидир давлат объектларини хусусийлаштириши ва ҳатто ишонмаслигингиз мумкин, Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олиш режаларини амалга ошириш учун банк ёки тўлов ташкилоти ташкил этишиям мумкин. Буни тақиқлайдиган биронта қонунимиз йўқ.

Урушнинг иккинчи йили тугамоқда. Лекин Ўзбекистонда санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга оид биронта қонун йўқ. Банклар тақиқланмаганми, демак мумкин қабилида ишлашни давом эттиришмоқда. Балки бунинг қанақадир аччиғини ё аламли совуғини ёки қимматроқ товонини кўрганимиздан кейингина бу юз берар. Айтайлик, қайсидир ўриспитиш банк санкцияга тушади, бутун дунё Ўзбекистон банк-молия секторининг санкцион рўйхатдагиларга қанчалар меҳрибон ва бағрикенглигидан хабар топади.

Ўзини ҳурмат қилган давлатларда халқаро санкцияларга дучор бўлган субъект фойдасига ҳар қандай транзакциялар бажарилишини таъминлаш, шунингдек, бундай субъектлар билан бизнес юритиш тақиқланади Бу фарқи йўқ, банкми, лизингми, суғуртами ё инвестицион фаолиятми.

Шунинг учун, масалан, Грузия ё Туркия банклари санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришда нафақат санкцияга тушган мижозларга, балки тармоқлар ва медиада чиқишлари орқали шубҳа остига олинган исталган субъектларга банк хизматларини кўрсатиш, ҳисобварақ очиш, уларни тўлдириш, тўловларни амалга ошириш ва нақдлаштиришни бемалол рад эта оладилар.

Банкирлардан бири "агар Пригожин тирик бўлса, унгаям счет очаверамиз" деб ҳазиллашганди. Бу ҳазил эмас, чин.
Муҳим Ютуқ, лекин бу ҳали Ғалаба эмас

Солиқ кодексининг баҳсли 227-1-моддаси бўйича 100 млн сўм жаримага тортилган умумий овқатланиш шохобчаси иши судда кўриб чиқилиб, тадбиркор фойдасига ҳал қилув қарори чиқарилган.

“Бу кейсда Солиқ кодексининг 227-1 моддаси бўйича тадбиркорга 100 млн сўм жарима қўлланган эди. Бизнинг ҳолатимизда корхона R_keeper дастуридан фойдаланган, лекин харидорга чек бермаган. Шу сабабдан 5 млн сўм жарима ва 227-1-модда бўйича R_keeper дастури интеграция қилинмаган деган масала билан ўтган чоракдаги 3 ойлик тушуми миқдорида жарима қўлланган, бу жарима жами 100 млн сўмни ташкил қилади. Биз судда солиқ органи томонидан 227-1-модда нотўғри талқин қилинаётганини кўрсатиб бердик”, деб изоҳ берган солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов.

Биринчи фикр шуки, мазкур даъвони қўзғатган солиқчилар, гарчи 2023 йил декабрдаги йиғилишда айтилганидек "судда синиб қайтгани" учун ишдан олинмаслиги керак (солиқчилар ҳам судда ютқазиши мумкин, агар процесс ташқи аралашувларсиз ва тенг тортишувларга асосланса). Қайтанга солиқчиларимизнинг шу каби аналогдаги даъволари қайтариб олиниши соғлом қадам бўлган бўларди.

Иккинчидан, ўша учрашувда ваъда қилинган ва компромисс деб кўрилган қадамлар ҳалигача ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилгани йўқ. Керак бўлса, бир кунда уч ўқишда ҳар қандай лойиҳани тасдиқлаб берадиган қонун ижодкорларимиз 50 кундан бери жарима миқдорини тушириш, қўлланган 400 млрд сўмлик жарималарни ҳисобдан чиқариш борасидаги "аминистия" масаласида сукут сақлашда давом этишмоқда.

Шу маънода умумий овқатланиш шохобчаси ишининг тадбиркор фойдасига ҳал бўлгани бу Ютуқ, лекин ҳали Ғалаба эмас.
Minerva City хатоси энди хитойлик билан такрорланадими?

Газета Янгиҳаёт тумани ҳокимига таяниб, Minerva city мажмуасини қураётган ҳиндистонлик тадбиркор устидан судда ютиб чиқилгани ва 100 гектар майдон давлатга қайтарилганини маълум қилмоқда.

Бу жуда қувончли хабар. Охирги йилларда дордан қочган нопок инвесторлардан, масъулиятсиз девелопер-у, худобехабар қурувчилардан пойтахтликлар, пойтахт маъмурияти имиджи кўп зиён кўрди ва кўрмоқда. Қачонлардир ер тақсимлашдаги бу ёқимсиз, саволли ва иқтисодий самарасиз жараёнга чек қўйиш кераклиги ҳақида жуда кўп гапирилмоқда.

Афсуски, хабарнинг иккинчи қисми бу умидларни чиппакка чиқаради. Чунки ҳокимнинг сўзларига кўра, давлатга қайтарилган 100 гектар ер майдони Хитойлик инвесторга берилиши мумкин.

"Жойнинг ўрнида нима бўлади деган саволга келсак, Хитойга борганда буни инвесторларга кўрсатдик. Унга пул тикаман деган инвестор бор. Тахминан 96−100 гектар жойда уй-жой бўлади", демоқда туман ҳокими.

Яъни, ҳоким айтгандек иш тутилса, бу Minerva City каби хатонинг иккинчи фасли бўлади холос. Гап амалдаги талабларни истисно қилиб, аукционсиз, Бош плансиз, битта инвесторга 100 гектар ерни топширишдагина эмас, битта инвесторга боғлиқ бўлиб қолишда. Диверсификация йўқлигида, хатарлар тўғри баҳоланмаётганида. Айтайлик, ўша инвестор билан Хитой ҳукумати ўртасида муаммо юз берса нима бўлади, Хитой банклари кредит бермай қўйса-чи? Уй-жой бозорида совуш давом этаётган Хитойда рецессия бошланса-чи? Назаримда, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмаган.

Шунинг учун давлатга қайтарилган 100 гектар ер борасида ер қонунчилигига тўлиқ амал қилган холда, айтайлик, уни 50та лотга бўлиб, аукционга чиқариш энг тўғри қадам бўлади. Майли 40 та лот уй жой учун, 2та лот мактаб учун, 2та лот боғча учун, 2та лот университет, 2 та лот поликлиника, 2 та лот клиника учун бўлсин. Керак бўлса, яна бир лотда хусусий футбол клубига эгалик қилмоқчи бўлганлар томонидан стадион қурилсин. Ҳаммаси, бозор қоидаларида амалга оширилсин. Кимгаки имтиез берилса, бу фақат социал объектларга оид бўлсин.

Наҳотки, шундай қилиш қийин? Имконсизми ё бунга хоҳиш йўқми? Ёки Хитойлик инвестор билан келишволиш осонроқми?
2024 йил кутилмалари

Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати шарҳи нафақат 2023 йилнинг охирги чораги хулосаларини тақдим қилиши билан, 2024 йилнинг яқин даври бўйича прогнозлари билан ҳам эътиборни тортади.

Шарҳдан ўрин олган айрим кутилмаларни фаол аҳоли ҳам, кенгайишда давом этаётган бизнес ҳам инобатга олиши керак бўлади.

"Эҳтимолий энергия ресурслари
қимматлашиши
инфляциянинг янги тўлқинини пайдо бўлиш
хатарини кучайтиради".

"Асосий хатар сифатида Хитой иқтисодиёти ўсишининг секинлашиши кутилмоқда".

"Қатъий пул-кредит сиёсати билан биргаликда нисбатан барқарор шаклланган рубль курси инфляцияни биринчи ярим йилликда мувозанатда бўлишига хизмат қилади"

"Олтиннинг ўртача нархи 1 унцияси учун 2 минг доллар5
атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда".

"Прогнозлар буғдой нархи 2024 йилда 3 фоиз пасайишига ишора қилмоқда".

"Экспорт (олтинсиз) ҳажми жаҳон бозорларида шаклланаётган нархлар, хусусан, пахта ва уран нархлари ҳамда металлургия саноатида мис ва рух ишлаб чиқариш ҳажмининг кутилаётган ошиши ҳисобига 10-12 фоиз атрофида ўсиши прогноз қилинмоқда".

"Импорт ҳажми ўсиши сўнгги йиллардаги юқори даражасига
нисбатан пасайиши ва жорий йилда 10-12 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда".

"Кириб келувчи пул ўтказмалари ҳажми .. хориждаги ишчи кучига юқори талаб натижасида 6-8 фоиз атрофида ўсиши прогноз қилинмоқда".

"Пул ўтказмаларининг кириб келиши бўйича ижобий
кутилмалар, иқтисодиётдаги иш ҳақи миқдорларининг ошиб бориши аҳоли даромадларининг реал ўсишини 5-7 фоиз атрофида шаклланишига хизмат қилади".

Импортга талаб юқори бўлган соҳаларга (хусусан, автокредитлар ва маиший техникалар учун ажратилаётган
истеъмол кредитлари) миллий валютадаги кредитларнинг
ажратилиши кейинчалик ички валюта бозорида талабни ошириши орқали алмашув курсига босим яратиши билан бирга банк тизимида
ликвидлик хатарини юзага келтириши мумкин".
Бензин арзонламоқда

Йўқ, қуёш қаёқдан чиқди деб, хурсанд бўлиб кетманг, Арзонлаётган бензин Ўзбекистонда эмас. Қирғизистонда.

Шонли энергетикларимиз бензин нархи ҳақида гап кетиб очофат монополистларимизнинг нархлари ва қўшни Қозоғистондаги нархлар солиштирилса, шаблон жавоби доим тайин. Яъни, қозоқларда нефть бу "деҳқончилик" экани, қардошлар Ўзбекистондан кўра деярли 120 баробар кўп нефть (90 млн.тонна) қазиб олиши айтилади.

Лекин, шундоқ ёнгинамиздаги Қирғизистонда ўзининг нефти етишмаслиги билан боғлиқ муаммо худди Ўзбекистондаги каби. Қирғиз қардошлар йилига ўртача 280 минг тонна нефть қазиб олади. 1,5 млн.тоннагача нефть ва нефть маҳсулотлари импорт қилинади.

Табиийки, нега унда Қирғизистонда бензин Ўзбекистондан арзон деган савол туғилади. Жавоб жуда оддий: Очофат монополист ишлаб чиқарувчилар ва бир қўлли чўнтак олигарх импортчилардан фарқли ўлароқ Қирғизистонда соғлом бозор бор, ўзаро рақобатлашувчи ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар истеъмолчилар танлови учун тинимсиз курашади (5та турли нефтни қайта ишлаш заводи ва 50га яқин импортчилар).

Буни қўшнилардаги бензин нархлари динамикасидан ҳам кўришингиз мумкин. Январь ойи давомида 95 маркали бензин 71,39 сом (9 947 сўм)дан 70,09 сомгача (9 765 сўм) арзонлашган. Ўзбекистонда 95 бензин 13 900 сўмдан 16 500 сўмгача.

92 маркали бензин қирғиз қардошларимизда 63,74 сомдан (8 882 сўм) 62,59 сомгача (8 720 сўм) арзонлаган. Ўзбекистонда 92 бензин 10 500 сўмдан 12 500 сўмгача.

Дизель ёқилғиси нархлари 4 млрд.долларгача шиширилган GTL заводи йўқ қирғизларда 71.49 сомдан (9 960 сўм) 70,93 сомгача (9 883 сўм) пасайган. Ўзбекистонда 10 500 сўмдан 15 000 сўмгача.

2024 йилнинг январь ойида бир хил шароитдаги ва жўғрофик жойлашувдаги Қирғизистонда бензин 2,2%гача арзонлаган бўлса, Ўзбекистонда бензин 6,4%гача қимматлаган.

Энди очофат монополистлар ва муттаҳам олигархлар назорати билан эркин бозор фарқини тушунгандирсиз? Қиммат бензин ва таланаётган истеъмолчилар учун ким айбдор ва жавобгар эканини-чи?
Такси агрегатор ва етказиб берувчи хизматларнинг рейтинги қандай?

Бугун Тадбиркорлик субъектларинг барқарорлик рейтинги тест режимида ишга тушди. Шунчаки қизиқиш ва ишлатиб кўриш учун кўп фойдаланадиганим такси ва етказиб бериш хизматлари рейтингини аниқлаб кўрдим.

Демак, такси хизматлари бўйича:

Yandex Go (Yandexgo UB МЧЖ) В рейтинги (59 балл);
My Taxi (Nyumaks Technology МЧЖ) ССС рейтинги (55 балл);
Uklon (Uklon UB МЧЖ) D рейтинги (22 балл).

Етказиб бериш хизматлари бўйича:
Express 24 (MyDigital МЧЖ) ВВ рейтинги (72 балл);
Yandex Eats (Yandex Eats МЧЖ) СС рейтинги 41 балл;
Uzum Tezkor (Uzum Tezkor МЧЖ) СС рейтинги 39 балл.

Товар белгилари ва тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар очиқ манбалардан олинди.

P.S. 19:40 ҳолатига ҳавола ишламай қолди, балки сўровлар кўпайиб кетгандир
Ёқилғи корчалонлари ҳаммаси қуйи рейтингда

Ўзбекистонда ёқилғи таклифини назорат қилувчи ишлаб чиқаруви ва импортчиларнинг ҳаммаси қуйи СС ва С тоифасида экани шахсан мени ажаблантиргани йўқ.

Демак, феълан давлат назоратидаги компаниялар:
Ўзбекнефтегаз АЖ рейтинги С (33 балл);
Ung Petro МЧЖ рейтинги СС (39 балл).

"Хусусий хорижий" корхоналар:
SDK Group And МЧЖ рейтинги СС (40 балл);
Sanoat Energetika Guruhi МЧЖ рейтинги СС (46 балл).

"Қўшма корхона" дейиладиганлар:
Natural Gaz Stream МЧЖ СС рейтинги (41 балл);
New Silk Road Oil and Gas МЧЖ СС рейтинги (46 балл).

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 апрелдан субсидия, имтиёз ва преференциялар компанияларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилиши белгиланган.
Қирғиз статистикасига ҳавас қиламан

Бу очиқлик бўйича биринчи рақамли давлатлар Дания, Норвегия ё Финландия эмас, шундоқ ёнимиздаги Қирғизистон.

Аввал ҳам ёзганман, қўшниларимиз статистик маълумотларнинг очиқлиги бўйича доим ҳайрон қолдиради. Масалан, кеча озиқ-овқатлар нархи бўйича маълумот қидираётиб, Қирғизистон Статистика қўмитаси нархлар мониторингини кунлик олиб боришига кўзиб тушди. 18 та шаҳар қирқимида, ҳар куни. Тасаввур қилаяпсизми маълумотлар кенглиги ва чуқурлигини? Ва бу маълумотлар яшириб, ёпиб ўтирилмайди. Ҳаммаси очиқ.
Хавотирли таклиф

Ўтаётган ҳафтада Ўзбекистонда бўлган Лукашенконинг бизга берган бир ғаройиб таклифи, назаримда, эътиборсиз қолди. Ўзбекистон нима қилиши кераклигини гўёки "ўз номидан" бот бот такрорлашни хуш кўрадиган Лукашенко бу сафар Россиядан ғалла олиш кераклигини уқтиргандек бўлди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон ўзи 8 млн.тоннагача ғалла етиштирган ҳолда, асосан қўшни Қозоғистондан буғдой ва ун импорт қилади. Яъни, ғаллага бўлган ички талабимиз етарлича диверсификация қилинган, ҳатто Афғонистонга экспортимиз ҳам бор. Мисол учун, охирги очиқ маълумотга кўра, 2022 йилнинг 10 ойида Қозоғистондан 579 млн.долларлик буғдой, 104 млн.долларлик ун импорт қилганмиз. Шундай кейин статагентлик озиқ-овқат импорти бўйича ҳисобот беришни тўхтатган.

Маълумот учун айтиш керакки, Россия империяси ўлкамизни босиб олгандан кейин ва Совет ҳокимияти йилларида ҳам Россия марказидан буғдой келтириш масаласи мустамлакачилик сиёсатнинг асосий воситаларидан бўлган. Собиқ марказ ўлкадан арзон пахта олиш ва эвазига қиммат ғалла етказишни ҳеч қачон кун тартибидан туширмаган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин, 1994 йилга келибгина бу бўйинтуруқ занжирдан қутулганмиз. Мамлакатимиз ўз эҳтиёжига етадиган ғалла етиштириш ва қолганини энг қулай, логистик арзон, дўст ва қардош Қозоғистондан импорт қилишнинг энг оптимал ечимини мана 30 йилдирки, учинчи тараф аралашувисиз қўллаб келмоқда. Шунинг учун, бутун дунёда 2021-22 йилларда, айниқса уруш бошлангач, сунъий равишда уюштирилган ғалла дефицитини ўзбекистонликлар сезганиям йўқ. Умид шуки, бундан кейинам шундай бўлади. Ёқилғи бозоримизни бериб қўйганимиз каби хатоликка ҳаёт-мамот масаласи бўлган ғалла бўйича йўл қўйилмайди.

Қолганларнинг, керак бўлса ўзимизниям, хатоларимизни кўриб тўғри фикр қилишда давом этишимиз керак. Ҳар қандай товарни, хусусан ғалланиям таъсир аслаҳаси ўлароқ кўрадиган Россияга боғлиқ бўлиб қолган Грузияда қимматлашаётган дон ва ун тўғрисида Анҳор.ўз яхши материал жойлаштирипти.
Олий таълим бозори давлат назоратига яна қайтадими?

Ўқув йилининг қоқ ўртасида хусусий универститетларнинг ёпилиши кампанияси давом этмоқда. Олий таълим вазирлиги баёнотига кўра, ҳозирда 6та хусусий университет лицензиясини бекор қилиш бўйича даъво аризалари киритилган. Хабарда номи келтирилган университетлардан фақат Урганч шаҳридаги халқари Binary универститети лицензияси мавжуд ОТМлар рўйхатида ҳозирча 206- рақам билан турипти.

Лицензия талабларини бажармаган хусусий университетларни ёпиш ўз йўлига, қонун талаблари барчага тенг ва баравар ишлаши керак. Лекин бир йилдан буён хусусий универститетлар учун лицензия бериш ҳам тўхтаб қолган. Бу даврда фақатгина битта, у ҳам бўлса ҳукумат қарори бўлгани учун, Acharya университетига лицензия берилди.

Хусусий университет очиш ҳаракатидаги юздан зиёд инвесторлар нима қилишини билмайди. Ер, бино, ускуналарга миллионлаб доллар пул тикилган. Олимлар, профессорлар, тадқиқотчилар чақирилган, шартномалар тузилган. Буларнинг ҳаммаси учун шаффоф аниқлик керак. Агар давлат олий таълим бозорини яна ўз назоратига қайтармоқчи бўлса, бу ҳақда аниқ режаларини очиқлаши зарур. Агар давлат хусусий университетлар учун талабларни кескин кучайтирмоқчи бўлса, масалан, устав фонди, ликвидлик, инфратузилма, жойлашган ҳудуди, қабул лимитлари бўйича, буниям очиқ мезонлар билан баён этиши тўғри бўлади.

Бозор ва инвесторлар ва ўзи умуман, ота-оналар, талабалар ва абитуриентлар учун энг ёмони бу ноаниқлик. Янги вазирдан ҳозирда энг кўп кутилаётгани, назаримда, бир йилдан буён давом этаётган шу ноаниқликларга узил-кесил барҳам бериш бўлса керак.
Энергетика учун навбатдаги синов, қишлоқ хўжалиги учун сезиларли йўқотишлар

18-19 февраль кунлари мамлакатнинг катта қисмида тунда ҳаво харорати -3 -8 даражагача совуққа, шимолда эса 17-18 февралда -13 -16 даражагача совуққа пасайиши энергетикларимиз учун навбатдаги синов бўлади. Электр энергияси ва газ таъминотининг бардошлилиги декабрь ва январдаги бир неча кунлик совуқлардан кейин яна стресс-тестдан ўтади.

Лекин келаётган совуқ оқимнинг энг катта хавотирлари қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ. Мамлакатнинг катта қисмида мевали дарахтлар аллақачон уйғониб, куртак отиб, айрим жойларда гуллаб бўлди. Тажрибали фермер ва боғбонлар эрта уйғонишни кимёвий йўл билан тўхтатишга уринишди. Лекин муваффақиятли кейслар ҳақида маълумотлар тарқагани йўқ.

Экспортимизга ва даромадларга зиёни сезиларли бўлишини инобатга олиш керак бўлади. Борган сари иқлим ўзгаришларини чўнтагимизда ҳис қилиб бораверамиз.
Марказий банк биржадаги валюта савдоси бўйича маълумотларни чеканкалашни бошлаган

2023 йил якунлари бўйича Марказий банкнинг Статистик бюллетенида айрим маълумотлар чеканкаланган ҳолда тақдим этилган.

Хусусан, Валюта биржасидаги "Тижорат банклари томонидан сотиб олинган ва сотилган чет эл валюталари" тўғрисидаги маълумот ўрнига "Тижорат банкларининг валюта савдоси айланмаси" тақдим этилган. Бириктирилган суратлардан жадваллардаги фарқни яққол англашингиз мумкин.

2023 йилнинг 11 ойида биржада Тижорат банклари томонидан сотиб олинган ва сотилган валюта ҳажми фарқи 11,4 млрд.доллардан ошиб кетган эди. Яъни, банклар ўзи ва мижозлари учун борган сари биржадан кўпроқ валюта сотиб олмоқда, биржага камроқ валюта сотмоқда. Ошаётган фарқ юки Марказий банк, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, ФРРУ зиммасига тушади.

Чеканкалашдан мақсад қандай "эзгу" бўлганидан қатъий назар, ёмонлашаётган картина устига парда тортиб туриш ҳеч қачон ечим бўлмаганини ёмон тарихимиз кўп марта кўрсатганини эслатиб кетиш жоиз.