bakiroo
62K subscribers
1.25K photos
392 videos
5 files
7.24K links
Download Telegram
Чилонзор қишга тайёрмиди?

Иситиш мавсумига старт берилганига эртага бир ҳафта бўлади. Лекин Чилонзорнинг марказдан узоқроқ кварталларида шу кунгача ё отопление ёқилмаган ёки ёқилган бўлсада, иссиқлик талаб даражасида эмас.

Эътиборлиси, ўтган йилги аномал қишда қайси кварталлар совуқдан азоб чеккан бўлишса, бу йил ҳам ўша ҳудудларда аҳвол ўзгармаган. Мурожаатлар мундарижасига қарасангиз, Чилонзор кварталлари ичига (5,6,7,8,9...) кирган сайин шикоятлар сонини кўпайиб боришини кўришингиз мумкин.

Табиийки, савол туғилади. Баҳордан буён фасад бўяш ва ташрифларга тайёргарликдан бўлак яна нима билан машғул бўлишди?
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Фермер хўжалиги раҳбари Юлия Сергеева Президент пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишда фермерлар муаммоси тингланганидан бағоятда хурсанд эканлигини таъкидлади.

"5 йил олдин чорвачилик соҳасида катта ҳажмдаги ислоҳотлар амалга оширилди. Ўшанда кўплаб тадбиркорлар, хусусан, мен ҳам қишлоқ хўжалигига сармоя киритгандик. Германия, Австрия ва Чехиядан чорва моллари келтирдик. Ўз ходимларимиз билан биргаликда Россияда ўқидик ва қишлоқ хўжалигида яхши натижаларга эришдик.

Афсуски, қуруқ сут маҳсулотлари импорти кўпайгани туфайли ишлаб чиқарувчиларнинг табиий сутга бўлган талаби пасайиб кетганди. Бахтимизга ҳукумат бизни эшитди ва бу муаммога эътибор қаратди",
– деди тадбиркор.

Давлат раҳбари мажлисда сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш бўйича Ҳукуматга топшириқ берган эди.
Келгуси харажатлар режасида таълим биринчи ўринга чиққан

2023 йилнинг учинчи чораги истеъмол кайфиятини умумий қилиб битта сўз "ўзгаришсиз" қолмоқда деб ифодалаш мумкин. Барча субиндексларда турғунлик ҳукм сурмоқда.

Лекин сўровлар ўтказилиши бошлангандан буён илк марта келгуси харажатлар режасида Таълим биринчи ўринга чиққан. Ўзбекистонликлар автомобиль ҳам, уй-жой ҳам, тўй ҳам, турли буюмлар ҳам таълимсиз умуман маъносиз эканини англаб боришмоқда.

Ўтган чоракда истеъмолчилар кайфиятида рўй берган бошқа кузатувлар:

Кредит олишга бўлган эҳтиёж пасаймоқда.

Келгусида даромади ўсишини кутаётганлар камаймоқда.

Жамғармаларнинг ўсиши кутилмалари ҳам кескин ёмонлаша бошлаган. Лекин жамғармаси йўқлар улуши қисқарган.

Истеъмолчилар олдинда мураккаб давр юз бериши мумкинлигини кутаётгандек. Мутлақ кўпчилик охирги чоракда молиявий ҳолатларида ўзгариш сезмаган.
Хусусий иш берувчилар аёллар меҳнатидан шартномасиз фойдаланишмоқдами?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хусусийда ишлайдиган аёлларга "декрет пули" учун бюджетдан ажратмалар ҳажми камайтирилгани сабабларига изоҳ бермоқда.

Қайд этилишича, ўтган 9 ойда хусусий секторда ишловчи 12 минг нафар аёлга жами 24,6 млрд.сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб берилган.

2023 йил бюджетида жами 130 минг нафар аёлга 300 млрд.сўм "декрет пули" бериш режалаштирилган бўлган. Амалда йил якунигача 19 мингдан сал кўпроқ аёлга 40 млрд.сўм йўналтирилиши мумкин.

Мазкур реалликлардан келиб чиқиб, 2024 йилда 40 минг аёлга жами 100 млрд.сўм декрет пули ажратиш мўлжалланган.

Вазирлик тақдим этаётган маълумотлардан келиб чиқилса, жами туғилишлар нисобида хусусий сектордаги аёлларнинг улуши 2 фоизга етмайди. Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Ёки юзминглар аёллар хусусий секторда расмийлаштирилмаган ҳолда ишлаб келмоқдами?

Балки муаммога кенг жамоатчилик, хусусан аёлларнинг ўзини эътиборини қаратиш вақти келгандир?

Расмий меҳнат шартномаси қонун билан кафолатланган ижтимоий ҳимоянинг ва барқарор пенсия тизимининг негизи ҳам.

Балки худди 2009 йилгача бўлгани сингари Давлат "декрет" пули тўлашни хусусий ва бюджетга ажратмасдан, барча аёлларга умумий асосда кафолатлашга ўтиши керакдир?

Шунда хусусий бизнес аёлларни шартномасиз ишлатишдан тийилади, қолаверса, аёлларнинг ўзи иш берувчилардан расмий шартнома талаб қилишни бошлайди. Бюджет харажатлари кўпаяди, ҳа, лекин легаллашувдан бюджет даромадлари ҳам ортади.

Ўйлаб кўрайлик.
Сотувда йўқ Onix позициялари 19%гача қимматлаган

Монополист UzautoMotors автомобиллар позициялар нархини бу ҳақда расмий хабар бермасдан туриб ошириш йўлини тутганга ўхшайди. Ваколатсиз, бунинг устига раҳбарсиз қолган Рақобат қўмитаси монополистнинг ўзбекистонликлар устидан ўтказишни бошлаган мазкур тажрибасига бирон бир муносабат билдиргани йўқ.

Истеъмолчилар нархлар ошганини олдинги ва компания сайтидаги жорий нархларни солиштирибгина билишларига тўғри келмоқда.

Демак:

Chevrolet Onix LS MT 149 млн.сўмдан 176,9 млн.сўмгача;

Chevrolet Onix 1LT MT 155 млн.сўмдан 180,8 млн.сўмгача;

Chevrolet Onix 4LT LTZ Turbo AT 185 млн.сўмдан 199,9 млн.сўмгача;

Chevrolet Onix Premier 1 207,3 млн.сўмдан 211,9 млн.сўмгача;

Chevrolet Onix Premier 2 214,7 млн.сўмдан 219,6 млн.сўмгача қимматлаган.

Таъкидлаш лозимки, саналган позицияларнинг биронтаси очиқ сотувда йўқ (алоҳида келишиб, топса бўлади).

Октябрда Chevrolet Onix 3LT MT позицияси 26 млн.сўмга оширилгач, 184,8 млн.сўм нарх билан контактациялар очилганди (2024 йил июнга шартнома тузиш мумкин).

Эҳтимолки, нархлари ошган позициялар эртадан сотувда пайдо бўп қолиши мумкин. Эсда тутингки, энди Lacetti'дан арзон Onix расман йўқ.

Тажрибахонага айлантирилган, бозор дейишга тил бормайдиган танловсиз муҳитимизни Қозоғистон билан солиштиринг. Қардош қўшниларда ўзимизнинг Chevrolet Onix 0% бадал билан 7 йилга бўлиб тўлашга берилмоқда.
🏦Асакабанк барча омонат фоиз ставкаларини оширди!

«Максимал фойда» номли омонат:
Фоизи-25%
Муддати-24 ойгача
Энг кам миқдори-100 минг сўм
Батафсил

«Аванс» номли омонати:
Фоизи-23%
Муддати-370 кун
Энг кам миқдори-1 млн сўм
Ушбу омонатга 100 млн сўм миқдорида маблағ жойлаштирсангиз, ҳар бири 16 млн сўмлик 20 граммлик 6 та олтин қуймалардан бирини ютиб олишингиз мумкин. Танлов ҳар 15 кунда ўтказилади.
Батафсил

«Онлайн» номли омонат:
Фоизи-23%
Муддати-13 ой
Энг кам миқдори-100 минг сўм
Батафсил
☎️1152

Ушбу омонатларга маблағларингизни «ASAKABANK» мобиль иловаси орқали жойлаштиришингиз мумкин.

👉Иловани юклаб олиш👈

Реклама
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
“Менинг биринчи уйим” Зангиотада қурилади

Таклиф этилаётган қарор лойиҳасига кўра, "Менинг биринчи уйим” дастурининг биринчи босқичи тажриба-синов тариқасида Зангиота тумани “Туркистон” МФЙда бошланади. Дастур доирасида амалга ошириладиган қурилиш ишларини мувофиқлаштириш учун “Менинг биринчи уйим” дастурини амалга ошириш дирекцияси ташкил этилади.

Қуриладиган уй-жойлар аҳолига имтиёзли ва бозор шартларда реализация қилинади:

имтиёзли уй-жойлар охирги 5 йил давомида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган оилаларга, 15 фоиз миқдорда бошланғич тўлов асосида 20 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида реализация қилинади;

уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли уй-жойлар бўйича бошланғич тўловининг бир қисмини қоплаш учун – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, ойлик тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – беш йил давомида ҳар ойлик қатъий белгиланган 1 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратилади.

Қайд этилишича, Дастурнинг амалга оширилишида Туркия Республикаси давлат уй-жой бошқармаси (TOKI) билан ҳамкорлик қилинади. TOKI Туркияда кам ва ўрта даромадли оилалар учун ижтимоий уйлар қуриш бўйича катта тажрибага эга.
Kорзинкадан бозорлик қиладиганлар учун яхши имконият. Камида 200 минг ёки ундан юқори миқдорда харид қилиб, Chery Arrizo 6 Pro автомобилини ютиб олишингиз мумкин. Бунинг учун харидорлар тўловни Korzinka Plus картаси орқали (жисмоний, виртуал ёки Korzinka Go иловасига боғланган) амалга оширишлари керак бўлади.

Акция доирасида мини-ўйинларга ваучерлар ва промокодлар ҳам бериляпти. Шартлар билан батафсил бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Акция 2023 йил 6 ноябрдан 10 декабргача амал қилади.

App
| Telegram-bot | Facebook | Insta | Web

Реклама
Банклар омонатлар фоизларини оширишни бошлашди

Омонат бозорининг асосий хусусий ўйинчилари, уларнинг ортидан давлат банклари ҳам муддатли омонатлар бўйича ставкаларни кўтара бошладилар.

Августдаги "курс тўғирланиши"дан кейин омонатлар ставкалари 25%гача шаклланган янги коридорда барқарорлашгандек эди. Бу сафарги кўтарилишга қандай омиллар туртки бермоқда.

Биринчидан, йилнинг охирида, айниқса янги йилга яқин кредит, хусусан, чакана кредит маҳсулотларига талаб сезиларли даражада ортади. Банклар 15 декабрга бормасдан кредитлашни тўхтатиб қўймаслиги учун депозит базасининг барқарор ўсишини таъминлашлари керак. Бу вазифани бозордан қимматроқ ёки нисбий афзал шартларни таклиф этибгина амалга ошириш мумкин.

Иккинчидан, ўтган йиллардан фарқли равишда жорий йилнинг охирги чорагида банк тизими ресурс базасининг асосий канали бўлиб келган фискал рағбатлантиришга катта умид қилмасаям бўлади. Декабрда олдинги йиллардагидек бозорда "пул кўпайиб" қолмайди.

Учинчидан, даромадларнинг ўсиши анча секинлашгани омонат бозоридаги таклиф ўсишини ҳам секинлаштирмоқда. Бунинг устига яқин ва ўрта истиқболда реал кўрсаткичларда пасайиши кўринмаётган юқори инфляция йирик омонатчиларни даромадларни кўпайтиришнинг муқобил вариантларини излашга ундамоқда.

Шундай экан, омонат бозори учун 25 фоиздан юқори ставкадаги таклифлар бу янги реаллик ва янги коридор эканини қабул қилиш керак бўлади.
Ҳокимият ва маҳалла орасидаги "кўричак"

Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси фуқароларнинг электрон имзоларини қўлга киритиб, уларнинг номига иссиқхона фаолияти ташкил этиш учун 4 маротаба 33 млн. сўмдан жами 132 млн. сўм кредит ажратилишига эришиб, ушбу пулларни ўзи раҳбарлик қилаётган жамият ҳисобига тушириб, ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Google'да ўзбек ё рус тилида "ҳоким ёрдамчиси ушланди" деб ёзсангиз ўнлаб, балки юзлаб криминал ҳаволаларга рўпара бўласиз. Бунёдга келишганидан буён Коррупцион "хит-парадлар"ни ҳоким ёрдамчилари ҳеч кимга бермай бошқариб келишмоқда.

Афсуски, тўқ йилларда ура-ура билан ташкил этилган ушбу бюрократик армия нима натижа кўрсатди, деб ҳеч ким савол қўйгани йўқ. Ҳа, икки, уч йил олдин ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти, захиралари ҳар йили қўшимча урчитиладиган ўнминглаб коррупцион чиновникларни боқа оларди. Улар қўшилган қиймат яратиши ёки иқтисодий самара кўрсатиши шарт эмасди. Ҳозир захираларимиз таги кўриниб қолган, иқтисодий имкониятлар ҳам анча чекланган.

Бунинг устига, ҳоким ёрдамчиларига кафолатланган уй-жой субсидиялари, компенсациялар етарли бўлмаган шекилли, яқинда бир тўпи чиқиб, энди имтиёзли автокредит ҳам талаб қилишни бошлашди. Шу кетишда алоҳида давлат пенсиясини талаб қилишга ўтишади.

2024 йилда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантиришга бюджетдан 160,2 млрд.сўм ажратилиши белгиланган. Бу уларга етарли бўлармикан? Солиштириш учун, айтайлик, онкология ёрдами учун 151,3 млрд.сўм ажратилади.

Жамият ўлароқ, ўзимизга ўзимиз савол беришимиз керак. Ер, имтиёзли кредит ажратишдан таъминотчиларни танлашгача ҳокимларнинг ўртамчисига айланган ёрдамчилар юқоридаги каби ўзларига боғлаб берилган ҳудудларни талашда, талагандаям энг муҳтожларни чув туширишда давом этиши биз учун энди нормами? Норма бўлса, келган жойидан давом этавериш керак.

Норма эмас, дегувчилар кўпроқ бўлса, ҳурматли қарор қабул қилувчилар, ўйлаб кўринг, Ҳокимият ва маҳалла ўртасидаги шу "кўричак" кесиб ташланса, нима ютқазамиз?
CENGIZ буғ-газ электр станцияси қуради. Кафолатли харид тарифлари яна очиқланмаган

CENGIZ ENERJI SAN.VE TIC A.Ş Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги 9,54 гектар ер участкасида қуввати 550 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуради.

Жиззахдаги станция шу тоифадаги қурилаётган энг йирик станция эмас, лекин молиялаштириш хусусий инвестор томонидан амалга оширилиши ва давлат томонидан кафолатли харид принципларига кўра аввалги лойиҳаларнинг айни ўзгинаси.

Демак,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олади. Тўловлар чет эл валютасида деноминацияланган ва миллий валютада тўланадиган қатъий тариф бўйича амалга оширилиши белгиланган. Қатъий тариф қиймати яна очиқланмаган.

Шартнома субъекти этиб «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ белгилангани яна саволли. Келаси йилдан бошлаб электр энергиясини марказлашган тарзда харид қилиш функцияси Ўзэнергосотиш АЖга ўтказилишини яна эслатиб кетишга тўғри келади.

Лойиҳа компанияси эҳтиёжлари учун табиий газ ва техник сув етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланиши топширилган. Электр станциясини табиий газ билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш мақсадида табиий газ таъминоти инфратузилмасини барпо этиш билан боғлиқ харажатларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Қайд этиш лозимки, Жиззахдаги худди шу станция бир неча ой олдин 337,5 млн.доллар инвестициялар ҳисобига амалга оширилиши ва 450 МВт қувватга эга бўлиши керак эди. Уч ой ўтиб инвестиция суммаси 1,5 баробарга 500 млн.долларгача, генерация қуввати эса 22%га 550 МВтгача оширилган.
Сўм-купонга 30 йил!

Пул-кредит соҳасидаги мустақиллигимизнинг ибтидоси ҳисобланган илк қадам - оралиқ валюта бўлган сўм-купон муомалага киритилганига 30 йил бўлди.

Ҳукумат қарорига кўра:

1993 йилнинг 15 ноябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида «Сўм-Купонлар» 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10000 «Сўм» қиймати билан 1961—1992 йиллар нусхасидаги 1 рублга 1 «Сўм-Купон» нисбатида ва Россия банкининг 1993 йил нусхасидаги қоғоз пулларига ҳам худди шундай нисбатда муомалага чиқарилган.

1993 йилнинг 15 ноябридан бошлаб 1961—1992 йилларда чиқарилган нусхадаги нақд рубль пулларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келиш тақиқланган.

Қайд этиш керакки, худди шу кундан бошлаб сўм-купонни бошқа валюталарга айирбошлаш мумкин бўлган илк пунктлар очилишни бошлаган.

Сўм-купон билан бир кунда 1993 йил 15 ноябрдан қўшни қардош Қозоғистонда тенге ҳам муомалага чиқарилган.

Тарих учун эслаб ўтиш керакки, Россия МДҲда ҳеч кимни огоҳлантирмасдан 1993 йил августдан ўзининг рублини жорий этиб, қийматини йўқотган совет рубллари билан бошқа собиқ иттифоқ республикалари иқтисодиётини пароканда этиш ҳаракатларини бошлагач, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро биргаликдаги умумий валютасини жорий қилиш режаларини ишлаб чиққан. Бу ҳақда Президент Ислом Каримов 1993 йил ноябрь бошида Олий Кенгаш сессиясида ҳам тўхталганди. Минг афсуски, минтақамизда интеграциямизни бошлаб бериши мумкин бўлган бу улуғ қадам турли провокация ва синовлар туфайли босилмай қолиб кетган.

Лекин ишонаманки, Улуғ Туркистон заминида бир кун келиб, инсон ва ресурслар эркин ҳаракатда бўладиган ягона иқтисодий макон бунёдга келади. Ўшанда сўм ва тенгедан ўсиб чиққан умумий валютамиз ҳам, албатта, бўлади.
Омонатлар бўйича кафолатлар тизими ўзгаради

Кеча "Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган эди. Лекин негадир бугун лойиҳа порталдан ўчириб юборилди. Киришга уринишлар, афсуски, 404 хатолигини кўрсатмоқда.

Ўчириб юборилиш сабаби нималигини айтиш қийин, лекин бу қонун лойиҳасининг ёпиқ муҳокамаси давом этаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Балки ташаббускор Марказий банк қандайдир изоҳ берар.

Қонун лойииҳасининг маъно мазмунига кўра, энг катта ўзгаришлар кафолатланадиган омонатлар миқдори ва компенсация тўлаш тартибига оид. Шунингдек, омонатларни кафолатлашнинг маъмурчилиги қайтадан кўриб чиқилган.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда банкдаги омонатлар суммасидан қатъий назар мажбурий кафолатланади. Табиийки, бундан майда омонатчилар эмас, банкларда миллиардлаб пул сақлайдиган йирик омонатчилар, яъни бойлар фойдаланишади. Кафолатлашнинг миллий ёки хорижий валютада, муддатлар бўйича табақалашган рационал тизими йўқ.

Шунингдек, жорий кафолатлаш тизими банкларни масъуллигини яратиш ўрнига, боқимандалигини ўстиришга кўпроқ хизмат қилади.

Омонатларни кафолатлаш тизимимиз муаммолари ҳақида илгари ҳам кўп ёзганмиз. Мана бу ерда ва мана бу ерда амалдаги тизимнинг камчиликлари ва таклифлар баён этилган.
Кўчаларни ёпволиш анъанаси қайтдими?

Эски даврда қайсидир каттакон ишора қилса бўлди эди, бутун бошли кўчалар қора халқ учун ёпилиб кетаверарди. Ёки каттакон айтишиям шартмас, тепадагиларга ёқиш учун шотирлар шу амални бажаришарди.

Назаримизда, эски даврнинг аста-секин тикланаётган тақиқ тажрибалари қатори шу анъана ҳам қайтди.

Талабалар шаҳарчасига иши тушган одам биладики, Беруний метросидан чиқиб Миллий университет томон кетишда Университет кўчаси тез-тез ёпилиб туради. Тадбир ўтсаям ёпилади, меҳмон келсаям ёпилади. Вазирнинг кайфияти бўлмасаям ёпилади. Маълумот учун, Олий таълим ва энновация вазирлиги айнан шу ерда жойлашган. Вазирликнинг катталари нақ пошшо ҳисоблашади ўзларини.

Қарангки, хар икки кунда ҳаракат тўхтатиб туриладиган Университет кўчаси энди шлагбаум қўйилиб, тақа-тақ ёпилипти.

Истисно Олий таълим ва энновация вазирлиги пошшолари учун эканини хув вазирлик биноси остидаги терилган мошинлардан билсангиз бўлади.

P.S. Идеалда Университет кўчаси фақат пиёдалар ва велосипедчилар ҳаракатланадиган кўчага айланса, нур устига аъло нур бўлади. Лекин бунинг учун шлагбаум кўндаланг қилиб қўйилмаслиги, айрим мошинтеррористлар ва пошшолар учун истисно қолдирилмаслиги керак. Ректормисан, марҳамат қилиб, талабалар қатори пиёда ё велосипедда кел. Вазирмисан, фуқародан бир грамм устунлигинг йўқ, солиқ тўловчилар олиб берган мерседесни 2 км наридаги боғламада қолдир.
Агар Олий таълим деб бошланадиган "Энновация" вазирлигига мумкин бўлса...

Демак, Адлия вазирлиги Матбуотчилар кўчасини, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Истиқлол кўчасини, Маданият вазирлиги Шевченко кўчаcини ва ҳакозо вазирликлар ўзлари жойлашган кўчаларни тўсиб олиб, кириш ва чиқишга шлагбаум ўрнатсин. Ўзларига вип стоянка қилиб қўйсин.

Кейин ўзларингиз учун алоҳида, ёпиқ қоидалар ёзинглар. "Биз ким Ўзбекистон халқидан ва қонунларидан устун бўлган элита.." деб бошлансин.

Дарвоқе, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жойлашган Қибрай туманидаги Университет кўчаси ҳали тўсиб олинмадими? Хавотирдаман рости.
Бодринг ва узум каррасига қимматлаган

Охирги ҳафтада бозор ва дўконларда айрим мева ва сабзавотларнинг нархи сезиларли даражада тезроқ кўтарила бошлаганини кузатиш мумкин бўлмоқда.

Қайд этиш лозимки, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳар куни Қўйлик бозоридан узатаётган нарх индексларида ҳам буни кўриш мумкин.

Демак, 15 ноябрь куни ҳолатига 8 ноябрь билан солиштирганда улгуржи нархлар максимумлари қуйидагича ўзгарган:

Саримсоқ пиёз 22 минг сўмдан 25 минг сўмгача;
Мандарин 30 минг сўмдан 35 минг сўмгача;
Помидор 20 минг сўмдан 25 минг сўмгача;
Анор 23 минг сўмдан 35 минг сўмгача;
Беҳи 15 минг сўмдан 25 минг сўмгача қимматлаган.

Лекин энг сезиларли нарх кўтарилиши бодринг ва узум билан рўй берган.

Бодринг юқори нархлари 9 минг сўмдан 25 минг сўмгача, узум эса 45 минг сўмдан 90 минг сўмгача ошган.

Статистика агентлиги истеъмол нархлари ўзгаришини 10-20 саналар оралиғида ўтказади, табиийки, ушбу даврдан ташқаридаги аксар нарх ирғишлари, гарчи истеъмолчилар қимматлашув тўлқинларини чўнтакларида ҳис қилиб улгуришган бўлишсада, кузатувдан четда қолади. Шу сабабли кўплаб мамлакатлар ҳафталик нарх кузатишларига асосланган инфляция статистикасига ўтиб бўлган.
Universalbank пластик карталардан пул маблағлари ечиб олиниши борасидаги вазиятни изоҳлади

Пул Unired иловаси орқали турли банкларнинг карталаридан ўғирланганлиги маълум қилинди.

11 ноябрь куни банк фойдаланувчилари карталаридан пул ечиб олинаётганлигини пайқашди. Universalbank воқеани текшираётгани ҳақида хабар қилди ва Unired иловасидаги барча жараёнларни вақтинча тўхтатди.

UPD: сўнгги маълумотларга кўра, банк антифорд тизими томонидан тўхтатиб қўйилган 380 миллион сўмни қайтаришни бошлаган.
"Пул-кредит сиёсатининг овози янада баландроқ жаранглаши лозим"

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов кеча Қозоғистонда ўтган молиячилар Конгрессида чиқишида охирги уч йилда дунё кетма-кет шокларга рўпара келаётганини қайд этиб, айнан шу чақириқлар монетар ва фискал сиёсат, макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик муҳимлигини олд қаторга чиқараётганини таъкидлаган.

Нурмуратовнинг маърузасида эътиборга молик бошқа фикрлар:

“Бугунги кунда нарх барқарорлиги масаласи билан бир вақтда молиявий барқарорлик масаласи ҳам ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда”.

"Бугун барчамиз инфляцион жараёнларда турғунликни кузатмоқдамиз. 9 фоизлик инфляция прогнозларимиз доирасида бўлишига қарамай, базавий инфляция юқорироқ шаклланмоқда".

"Юқори ноаниқлик ва ўзгарувчанлик даврида пул-кредит сиёсати ноаниқлик манбаига айланмаслиги керак. Биз қўйган ҳар бир қадам ҳар томонлама ўйланган, сигналлар эса аниқ ва тушунарли бўлиши керак".

"Реал фоиз ставкалари юқори шаклланган даврда, қарорларимизни иқтисодиётга узатилиши (трансмиссияси) самарадорлигини ошириш ставкаларни оширишдан кўра муҳимроқдир".

"Бозор иштирокчиларининг иқтисодий фаоллиги тез даромад келтирадиган сегментларда жамланган бўлиб, булар асосан қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидир".

“Иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш қувватларини узоқ муддатга оширувчи ва талабни ҳар томонлама қондиришга йўналтирилган тармоқларнинг ўсиши талаб омилларининг ўсиш суръатларидан ортда қолмоқда.
Бундай шароитда макроиқтисодий барқарорликка фақатгина инфляцияни пасайтириш орқали эришишимиз мумкин".

"Биз қарорларимиз трансмиссияси етарлича бўлмаётганлигини кузатмоқдамиз. Бу биринчи навбатда қондирилмаган талаб ва бозор иштирокчиларининг норационал хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ. Даромадлари чекланган бўлса-да, кредитларга қизиқиш катта, ҳатто юқори фоиз ставкалар шароитида ҳам. Бу ҳолатда макропруденциал чораларини қўлламасликнинг иложи йўқ”.

"Биз фискал консолидация зарур деган позицияда қоламиз ва иқтисодий ўсиш даврида мувофиқлаштирилган бюджет сиёсатини жорий қилиш учун пул-кредит сиёсатининг овози янада баландроқ жаранглаши лозим".
Ҳоким ёрдамчилари ўрнини рақамлаштириш эгаллайдими?

Кечаги қарорнинг миллиард у ёққа, триллион буёққа қисмидан ташқари фавқулодда муҳим бўлган қисми бор. У ҳам бўлса, давлат дастурлари бўйича бутун кредитлаш жараёнини рақамлаштириш.

Демак, агар Давлат раҳбарининг топшириғи ўз вақтида бажарилса,

2024 йил 1 июлдан бошлаб:

кредит ажратишнинг барча босқичлари (аризани кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, кафиллик бериш ва кредит ажратиш) рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади;

кредит таъминотларини назорат қилиш, гаровга олинган мулкларни тақиқдан тўлиқ ёки қисман чиқариш ҳамда алмаштириш жараёнлари электрон платформалар орқали марказлашган ҳолда ташкил қилинади;

ахборот технологиялари ёрдамида мижозлар бизнес-режалар асосида фаолият юритиши, пул оқимлари ва бошқа кўрсаткичларини таҳлил қилиш орқали хатарларни олдиндан аниқлаш механизми амалиётга киритилади;

давлат дастурлари доирасида туман (шаҳар) ва маҳаллаларга ажратиладиган кредитлар ҳажми юзага келган муаммоли кредитлар улушидан келиб чиқиб белгиланади.

Бугун шу вазифалар маъмурий бюрократик тарзда, юқори даражада коррупциялашган занжирлар иштирокида ва энг ёмони бошида "сеҳрли таёқча" дея кўрилган ҳоким ёрдамчилар иштирокида рўй бермоқда. Ўзи савол туғилади, барча дафтарларни ўз ичига олган Ижтимоий реестр базаси шаклланган бўлса, ер ва мулк кадастри, автомобиль, кредит тарихи, солиқ, МИБ, суғурта, ижтимоий ёрдамлардан тортиб шахс, унинг телефон ва ижтимоий тармоқлардаги хулқ-атворигача ахборотларни жамлаш ва қайта ишлаш имкони бўла туриб ҳоким ёрдамчиларини нега урчитдик ўзи? Ижтимоий табақа ё кичик бизнесини бошлаётганлар ҳоким ёрдамчиларига қарам ва тобе бўлиши учунми?

Мен умид қиламан, мазкур қарорнинг давоми ўлароқ яна битта қарор чиқади ва шу билан бюджетимизга ҳар йили бир неча юз миллиард сўмлик бухгалтерия зиёни келтираётган ҳоким ёрдамчилари институтидан тўлиқ воз кечилади.

Яна бир умидим, Бизнесни ривожлантириш банкини навбатдаги Микрокредитбанкка айланиб қолмаслиги билан боғлиқ. Бизга иккита Микрокредитбанкнинг нима кераги бор? Биттасининг зиёниям етиб ортади, тўғрими?