bakiroo
57K subscribers
956 photos
315 videos
5 files
6.09K links
Download Telegram
Ташқи савдо уруш оқибатларини сезмаётгандек

Экспорт, олтинсиз экспорт ҳам ўсишда давом этаяпти. Апрель якуни бўйича экспорт ҳажми 7,1 млрд.долларни ташкил этган (олтинсиз 4,4 млрд.доллар). Импорт, гарчи тезлиги бироз сусайган бўлсада, ўсишдан тўхтаган йўқ ва 10,1 млрд.долларга етган. Украина билан савдо деярли тўхтаган. Беларусь ва Россия мундарижада жиддий ўзгаришларсиз билан давом этмоқда (Россияда эълон қилинган параллел импорт оқибатларини май ойи якунлари бўйича кўрсак керак).

Экспорт таркибида олтиндан ташқари текстиль (калава, мато), рангли металлар (асосан мис) ва мева сабзавот моддалари бўйича барқарор ўсиш бор. Экспорт таркибида энергия генератори ва саноат, машина қисмлари экспорти ўсаётгани ҳайратга солади. Бу худди Беларуснинг краб ва улиткалар экспортчисига айланганига ўхшайди.

Импорт мундарижасида энг катта ўсиш кутилганидек озиқ-овқат, нефть ва нефть маҳсулотлари, машина ва ускуналар бўлиб қолмоқда.
Агробанк «2021 йилнинг энг зўр ребрендинги» соврини соҳиби

Банк ўтган йилнинг декабрь ойида ребрендинг қилган эди. Албатта, бу ребрендинг қанчали ажойиб чиққани ва уни жамоатчилик ижобий кайфиятда қабул қилиб олганини яхши биласиз.

Шунингдек, Агробанк томонидан амалга оширилган лойиҳалар ҳам «2021 йил бренди» танловида совриндор бўлди:

«Молия» категорияси - Агробанк (иккинчи ўрин)
«Таълим» категорияси - Фермерлар Мактаби (учинчи ўрин)
«Жамият» категорияси - Agrobooks (учинчи ўрин)
Ёмон алоқа Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланган

Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб сафарга чиққан ватандош борки, икки нарсадан шикоят қилади: ёмон йўллардан ва ёмон алоқадан.

Ўзбекистонни энг асосий йўли бўлган Катта ўзбек тракти ҳам истисно эмас. Ҳозирги замонда йўл ва интернет ўзаро боғланган. Интернет алоқаси бўлса кифоя, ҳар қандай манзилни осон топасиз ва осон етасиз. Лекин алоқа дабдала бўлса-чи?

Тошкент- Термиз йўли мураккаб рельеф ё табиий тўсиқлардан иборат эмас. Лекин нега алоқа ёмон, мен тушунмайман. Чегара туманларда қўшни давлатлар сим картасини ишлатишга-ку кўникиб қолдик.

Одатда давлат раҳбари бирон манзилга ташриф билан борса, ўша манзилда асфальт пайдо бўлади, ҳатто йўқ уяли алоқа пайдо бўлади.

Балки давлат раҳбари Катта ўзбек тракти бўйлаб ташрифга чиқиши керакдир, зора нимадир яхшиланса. Чунки уяли алоқа компаниялари ўзи истаклари билан алоқа сифатини яхшилашига ишониш жудаям қийин.
Ҳақиқий Улуғбек издошлари кашф этилмоқда

19-21 май кунлари Тошкентдаги ИННО технопаркда бўлиб ўтган “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика танловининг финал босқичида 280 иштирокчи орасидан 100 нафар ғолиб аниқланди. Уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 20 баравари (5 400 000 сўм) миқдоридаги пул мукофотлари берилди. Бундан ташқари, яна 11та номинацияда ғолиб бўлганларга эсдалик совғалари топширилди.

Кўрик-танловда ўз лойиҳалари билан қатнашган ёш олимларнинг барчаси ҳозирда ҳам долзарблигини йўқотмаган муаммолар, хусусан, муқобил энергия, IT-технологиялар, робототехника, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, ирригация каби йўналишларда инновацион ечимларни таклиф қилишди.

“Мирзо Улуғбек ворислари” каби интеллектуал беллашувлар бизга янги иқтидорларни кашф қилиб беряпти. Бу анъана мунтазам давом этади деган умиддаман.
"Многоходовочка"

Ҳоким ёрдамчилиги институти ўзбек номенклатурасининг янги социал лифти бўлиши ҳақидаги юқори минбарлардан янграган баёнотларнинг амалда юз бераётганини кўрсатиш вақти келганга ўхшайди.

Мана бугун Андижонда ҳоким ёрдамчиси туман ҳокими лавозимига тайинлангани эълон қилинди.

Ҳамма гап шундаки, янги ҳоким ҳоким ёрдамчиси рутбасига ўтказилишидан олдин энг йирик банкнинг вилоят бошқармаси раҳбари, ундан аввалроқ эса вилоят Марказий банкининг раҳбар ўринбосарларидан бўлган.

Бошқача айтганда, яп-янгилар деб таништириладиганлар аслида унча ҳам янги эмас. Худди аввалги янгилар ҳам аслида асло янги бўлмаганлари сингари.

P.S. Аввалроқ илк ҳоким ёрдамчиси ҳокимга айлангани маълум қилинган экан. Менглибеков Бахтияр Бекмурзаевич ҳам худди юқоридаги схема сингари номенклатура ҳаракатини амалга оширган. Яъни, ҳоким ёрдамчиси трамплинига ўтказилишидан бурунроқ замҳоким бўлган.
Туркман манатига ғалати қизиқиш қаердан?

Ҳуқуқ-тартибот органлари қора бозорда туркман манатини долларга сотаётганларни қўлга олгани ҳақида хабар берилмоқда.

Ноқонуний валюта олди-сотдисида биринчи ҳолатда 1 доллар учун 11,98 манат, иккинчи ҳолатда 1 доллар учун 11,60 манат нисобида курс ишлатилган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда биронта банк эркин конвертирланмайдиган туркман манатини олмайди ва сотмайди.

Туркманистонда долларнинг расмий курси 1 доллар учун 3,5 манатни ташкил этади, лекин бу курсда ҳеч ким доллар ололмайди ва табиийки, сотмайди ҳам. Қора бозорда доллар курси 1 доллар учун 19,5 манат атрофида.

Юқоридаги ноқонуний олди-сотди ҳолатларида расмий ва қора бозор курсларининг деярли ўртачасидан фойдаланилган. Бу қандай схемалар бўйича занжирнинг қисми эканини ва туркман манати нима учун керак бўлиб қолгани мантиғини тушуниш қийинроқ.
Сифатли мулоқотсиз ислоҳотларга заррача ишонч бўлмайди

Эрталабдан газ ўчди. Кейин тўсатдан свет ўчди. Тўғри, бир муддат ўтиб свет келди ( ўчиш частотаси деярли ҳар куни такрорланади).

Газ ўчгани ҳолати бўйича аввал ҳисобимни текширдим. Йўқ, ҳаммаси жойида. Олдиндан тўловим бор. Қўшниларга чиқдим, улар ҳам газ йўқлигини, ўчиш сабабини аниқлаштира олишмаётганини билдиришди.

Балки огоҳлантириш бўлгандир дея Ҳудудгазтаъминотнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларини қараб чиқдим. Туманда ўчирилиш ҳақида ҳеч бир гап-сўз йўқ. Компания сайтидаги янгиликларда ҳам бу ҳақда маълумот қўйилмаган.

Контакт марказига 1104 рақамига қўнғироқ қилдим, узоқ кутиш ва навбатлардан кейин операторга ниҳоят уландим (контакт марказлардаги операторлар етишмовчилиги ва малакаси алоҳида мавзу). Оператор туманда синов ишлари олиб борилаётгани учун 26 майга қадар газ ўчирилганини қайд этди. Нима учун бу тўғрида маълумот олдиндан эълон қилинмаганини сўрасам, тумангазга мурожаат қилишим лозимлигини уқтирди.

Мана шунақа ҳолат. Истеъмолчи ўзи учун ўзи ўлиши керак, ўзи маълумот топиши, ўзи муаммони аниқлаши ва керак бўлса, муаммониям ўзи ечиши керак.

Тараша бўлиб қотиб кетган тизимда ўтирганларнинг ҳаёлининг бир бурчагига келмайди, тўхта, биз истеъмолчига тезкор ва олдиндан ахборот беришимиз керак, токи энг аввало, у хавфсизликни таъминласин, кейин ўзининг ҳаракатларини, бола-чақасининг овқати, ейиши, ичиши, ҳаловатини олдиндан қайта кўриб чиқсин. Йўқ, бундай ўлчовлар ва тескари алоқа тарзи Янги Ўзбекистон учун эмас.

Блокланган твиттерда бекорга қайд этмадим: токи элита энергетикадаги оғриқларни ўзининг танасида, ҳаётида, кун тартибида ҳис этмагунича ҳаммаси бекор.

P.S. Қидирган қидираверса топади. Нақ 455 та ўқувчиси бор Ҳудугазтаъминотнинг Тошкент вилояти телеграм канали кеча 20:12да учта туманда - Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманида газ ўчирилиши ҳақида маълум қилган экан. Демак Тошкент туманидаги 39125 истеъмолчи, билиб олинг, пайшанба кечгача газ бўлмайди!

@the_bakiroo
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Dori izlash endi Oson! Bu uchun "KATTA AKALAR"ni bezovta qilish shart emas!

1. @osonaptekabot ga kiramiz
2. Dori nomini yozib qidiramiz
3. Bot sizga dorixona manzili, nomeri, dorilarni narxini, ko'rsatib beradi

⚜️ OsonApteka bilan hammasi Oson
📱 Telegram Bot: @osonaptekabot

⬇️ linkni bosib kanalga obuna bo'ling! ⬇️
https://t.me/osonapteka_uz
Россия ЕОИИ давлатларидан буғдой экспортини чеклашни талаб қилмоқда

Россия ЕОИИга кирувчи иттифоқчи давлатлардан ғаллага нисбатан экспорт квотаси ва божлар жорий қилишни талаб қилмоқда. Сателлитлар бунга рози бўлмаса, Россия ғаллани ЕОИИга экспорти бўйича эълон қилинган, 30 июнга қадар амал қиладиган чекловларни яна чўзиши мумкин. Россиянинг баҳонаси тайин: Агар ЕОИИ давлатлари ҳам экспортга чеклов қўймаса, бошқа аъзолар Россия ғалласининг реэкспорти билан шуғулланиши ва бундан яхшигина фойда олиши мумкин.

Бу талабларга ҳозирча фақат қардош Қозоғистон жиддий қаршилик кўрсатмоқда.

Украинага бостириб киргандан кейин муваффақиятсизликларга учраган Россия бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат кризиси яратишга уриниб келмоқда. Украина портларида ғалла омборларининг блокланиши ёвуз агрессор учун етарли бўлмаган кўринади, энди Россия иттифоқчилар ҳам жаҳон ва минтақавий бозорларга ғалла етказиб беришини жиддий чеклашга уриниб кўрмоқда.

Маълумот учун, Қозоғистонда ҳам, Россияда ҳам бу йил ғалла ҳосили жуда юқори ҳажмда бўлиши кутилмоқда, мантиқан қаралганда чекловларга заррача зарурият йўқ.
!
Газета мухбири Шуҳрат Латипов Россия ва Беларусь билан боғлиқ валюта ўтказмаларининг америка банклари тарафидан музлатиш бошлангани муаммосига дуч келган компаниялардан ўз муаммолари ҳақида ёки шундай муаммоларга дуч келганлар ҳақида @contactajournalist_bot ботига маълумот юбориши мумкинлигини маълум қилмоқда.
Қандай қилиб Ўзбекистоннинг 80 фоиз нефть конлари ўзини “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК деб номлаб олган офшор илдизли контора балансига ўтиб қолди?

Ўтган ҳафта якунида Ўзбекистондаги энг йирик энергетика активларидан бири "Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи" “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХКга 100 миллион долларга сотилгани эълон қилинди. Очиқ савдо деб эълон қилинган жараёнда “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖдан бошқа яна қайси талабгорлар иштирок этгани ва уларнинг таклифлари ҳақидаги маълумотлар очиқланмаган. 100 миллион долларлик тўлов қайси манбалар ва схемалар ҳисобидан тўланиши ҳам ҳозирча номаълум.

Ҳали очиқ савдо эълон қилинмасдан аввалоқ завод "Jizzakh Petroleum" МЧЖ ҚКга (“Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХКнинг аввалги номи) ишончли бошқарув схемаси остида тортиқ қилинган эди. Агар очиқ савдо учун белгиланган шартларга диққат билан назар ташласангиз, бундай махсус "гўзаллик танлови"да “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ҚКдан ўзгаси ютиб чиқишининг ўзи ғалати ҳодиса бўларди.

Майли, бу ҳақда ҳали кўп ва хўб саволлар берилади. Ғалати хусусийлаштириш хусусийлаштириш легитимлигини сўроқ остига қўйиши, истиқболда режим ўзгариши билан национализация хатари ва рейдерлик эҳтимолларини юзага чиқаришини қўшни давлатлар мисолида кўп кўраяпмиз, майли, кўп узоққа бормай, ўзимизнинг қора ўтмишимизга назар ташланг. Ҳозир савол заводнинг ғалати хусусийлаштирилиши ҳақида эмас, қандай қилиб Ўзбекистоннинг 80% нефть конлари ва газ конларининг 20%дан кўпи “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ҚК балансига ўтиб қолгани ҳақида.

“Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ҚК аввалги номи "Jizzakh Petroleum" МЧЖ ҚК сифатида 2017 йилда ташкил этилганида унда Ўзбекнефтегазнинг улуши 60% бўлган. Жуда катта эҳтимолга кўра, Ўзбекнефтегаз мазкур конторанинг устав капиталига фойдаланувдаги ва истиқболли нефть ва газ конлари билан кирган. Нефть ва газ конлари қайси услубда ва қандай қийматда баҳолангани номаълум. Шунингдек, контора пайдо бўлган вақтда хорижий ҳамкор - Gas Project Development Central Asia устав капиталга қандай кўринишдаги активлар билан киргани ҳам маълум эмас.

Йиллар ўтгани сайин, Ўзбекнефтегазнинг улуши гоҳ 49%гача, кейин 30%гача камайди. 2021 йилнинг кузида Ўзбекнефтгаз конторанинг таркибидан бутунлай чиқиб кетди ва контора "Sanoat Energetika Guruhi" МЧЖ ҚК деб қайта номланди. Ўзбекнефтгаз улуши учун қанча маблағ тўлангани ва улуш учун тўлов пул шаклида ўтказилганми ёки балансга бепул ўтказиш шаклида бўлганми - буям номаълум. Ҳарқалай бирон сўм тўланган ҳақида бирон манбада хабар пайдо бўлгани йўқ. Нега улуш очиқ сотувга қўйилмагани-ку алоҳида масала.

Дарвоқе, Ўзбекнефтегазнинг "очиқ эшиклар сиёсати" тарзида активларини текинга тортиқ қилиб юбориши биринчи марта эмас ва назаримизда охирги марта ҳам эмас. Байналминал (Сеул) кўчасидаги машҳур АЁҚШ эсингиздами, шу АЁҚШ бир кечада кимларгадир бизнес марказ қуриш учун ўтказиб берилган эди, яқинда эса Ўзбекнефтгаз»нинг бир нечта ёнилғи қуйиш шохобчалари "Татнефть"га берилиши ваъда қилиб юборилди. Қисқаси, янги Ўзбекистонда таланган Ўзбекнефтегазни исталганча талаш мумкин.

Нефть ва газ конларига қайтамиз. Жараён конларнинг офшор илдизли контора балансига ўтиб кетиши билан ўзлаштириш тарихи якунланди, десангиз қаттиқ янглишасиз. Олигархиянинг аждарҳо оғзи ҳеч қачон тўлмайди. 2022 йил бюджетида контора учун нефть конлари бўйича солиқлар 2 баробар, газ конлари бўйича эса 3 баробарга пасайтириб берилди. Қарангки, "Sanoat Energetika Guruhi" МЧЖ ҚК учун каррасига пасайтириб берилган солиқлар Ўзбекнефтегаз ихтиёрида қолган конлар учун пасайтирилгани йўқ.

Солиқлар масаласида. ТОП солиқ тўловчилар рўйхатига қарасангиз, ўзингиз тушунасиз. Рўйхатда Ўзбекнефтегаз бор, лекин ўзбек нефтининг 80%ига ва газининг 20%ига бебилиска эга чиқиб олганлар эса йўқ.

Ҳали ўзгартирворилмаган Конституциямизда ер ости бойликлари ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани ёзиб қўйилган. Шунинг учун сўрашга ҳақлимиз:
Қандай қилиб Ўзбекистоннинг 80 фоиз нефть конлари ўзини “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ деб номлаб олган офшор илдизли контора балансига ўтиб қолди?
Омонат ставкалари пасайишни бошлаган

2022 йил 1 май ҳолатига аҳоли омонатларининг юқори фоиз ставкалари 21-23 фоиз атрофида шаклланиб, ўртача 21,7 фоизни ташкил қилган. Ҳисоб-китобларда Банк тизимидаги ТОП-10 тижорат банкининг депозит таклифлари инобатга олинган.

2022 йил йил 1 апрель ҳолатига, мазур методология бўйича аниқланадиган ставкалар ўртача 21,9 фоизгача етганди.

Апрель ойининг иккинчи ярмида ва май ойи давомида тижорат банклари қисқа муддатларга ва акциялар тарзида тақдим этилган юқори фоизлик миллий валютадаги омонатлар таклифини тўхтатишни ёки ставкаларни пасайтиришни бошладилар. Пул ва депозит бозорида таклифнинг ортиб бориши секин-аста фоиз ставкаларига ўзининг таъсирини ўтказмоқда.
Uzcard ишлатмайман, шунинг учун тизимдаги муаммоларни сезганим йўқ

Вақтинча яна давлат назоратига олинган Uzcard тизимида яна муаммолар кузатилаётгани ёзилмоқда. Тармоқ фойдаланувчилари картадан-картага пул ўтказишда, онлайн депозит операцияларида ва айримлар тўловларда ҳам муаммолар кузатилаётганини қайд этишмоқда.

Тизим бу ҳолат бўйича расмий муносабат билдиргани йўқ.

Муаммоларни ҳис қилганим йўқ, чунки Uzcard карталаридан деярли фойдаланмайман, биринчидан, хизматлар қиммат, иккинчидан, ҳеч қачон "тухумларни бир корзинкада сақламаслик" қоидасига амал қиламан.
Ҳаёт суғуртаси бозори лидерларидан бирининг лицензияси вақтинча тўхтатилди

Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги хабарига кўра, “Agros Hayot” суғурта компанияси акциядорлик жамиятининг 2021 йил 1 декабрдаги СФ 00024-сонли ҳамда “Farovon Sug‘urta” акциядорлик жамиятининг 2022 йил 25 февралдаги СФ 00046-сонли лицензияларининг амал қилиш муддати 2022 йил 23 май санасидан бошлаб ўн кун муддатга тўхтатилган.

UzLife бренди остида фаолият кўрсатувчи Agros Hayot” суғурта компанияси ҳаёт суғуртаси бўйича қатор сегментларда миллий бозорда етакчи мавқега эга ҳисобланган. Хусусан, компаниянинг онкосуғурта маҳсулоти анча оммалашган эди.

Суғурта регуляторининг қайд этишича, лицензияси вақтинча тўхтатилган компанияларга янги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини тузиш, шу жумладан амалдаги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини узайтириш тақиқланади. Илгари тузилган суғурта (қайта суғурта) шартномалари бўйича эса ўз зиммасига олган мажбуриятларини белгиланган тартибда бажарилиши шарт этиб қўйилган.

Регулятор хабарида “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 35 ва 36-моддалари талаблари бузилганлиги сабабли, уларни бартараф этиш, акс ҳолда суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияларини тўхтатилиши юзасидан бир нечта суғурта ташкилотларига тақдимномалар киритилганлиги ҳам маълум қилинган.
Лицензияси вақтинча тўхтатилган Agros Hayot нима дейди?

UzLife бренди остида фаолият кўрсатувчи “Agros Hayot” СК АЖ вакиллари компания лицензияси вақтинча тўхтатилганлиги ҳолатини қуйидагича изоҳламоқда:

Компания томонидан тиббий ассистанс компанияси устав капиталини шакллантирилаётганда 12.05.2008 йилдаги №1806-сонли “Суғурталовчилар ва қайта суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги Низом”нинг битта юридик шахснинг устав капиталида иштирок этиш улуши бўйича норматив талабларига амал қилинмаган. Ҳозирда ушбу номувофиқликни бартараф этиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилаётганлиги маълум қилинган.

Шунингдек, “Agros Hayot” СК АЖ тарафидан барча амалдаги суғурта шартномалари бўйича мажбуриятлар тўлиқ амалга оширишда давом этаётганлиги қайд этилган.
"Конституция шарпаси"

Шарпалар ҳақида мулоҳаза юритишни бошлаган Акмал Саидов тўғрисида, бу одамнинг мажбурий/болалар меҳнати, аёлларнинг мажбурий стерилизацияси, қийноқлар, Жаслиқ, умуман қамоқхоналардаги ҳолат тўғрисидаги фикрларини билиш учун вақтингиз бўлса, мана бу, мана бу ва мана бу видеоларни кўришни тавсия этаман. Шарпалар бу ҳолва.

Энди жиддий шарпалар ҳақида гаплашсак. Ўтган ёмон замонда Конституциямизга 1993, 2003, 2007, 2011 ва 2014 йилларда ўзгартиришлар киритилган.

1993 йилдаги ўзгартириш Конституцияда фақат биттагина рақамни ўзгартириш билан боғлиқ бўлган бўлса, қолган тўртта тузатишлар Конституциянинг 90- моддаси талабларини четлаб ўтиб Президент ваколатларини "обнулить" қилиш учун фойдаланилган. 2003, 2007 йилдаги ўзгартиришлар раҳматли Ислом Каримовга 2007 йилда амалда учинчи муддатга, 2011, 2014 йилдаги ўзгартиришлар эса 2015 йилда де-факто тўртинчи муддатга Президент ўлароқ сайланишга имконият яратган.

1997-2000 йилларда мамлакат сайловсиз, референдум ҳисобига ваколат муддати узайтирилган Президент тарафтидан бошқарилган, айримлар ва ҳатто Президент Каримовнинг ўзи ҳам бу даврни иккинчи муддат деб ҳисоблашни таклиф этган.

Бошқача айтганда, ақли - хушини таниган ўзбекистонликлар учун Конституцияни ўзгартириш деганда ҳаёлга келадиган биринчи фикр бу Конституциямизда бирон марта ишламаган, ишлатиб кўрилмаган, ишлатиш истагиям бўлмаган 90- моддани четлаб ўтиш масаласи келади. Шунинг учун, "Конституция шарпаси" иборасини эшитганда биз, эски замон кўргуликларини ва тажрибаларини кўрганлар чуқур истеҳзога боришимиз ва мақсадни бирдан тушунишимиз бежиз эмас.
Ҳукумат эълон қилган энергоислоҳотлар ҳақида иқтисодчи Отабек Бакиров "Менимча" дастури учун ўз мулоҳазаларини билдирганди. Ушбу интервьюнинг тўлиқ форматини мана шу манзилда кўришингиз мумкин:

https://youtu.be/FOdRUrq87GE

Савол-жавоблар мазумуни қисқача шундай:

- Энергосубсидиялар туфайли давлат/жамият шу пайтгача нималарни бой берди?
- Давлат энергоислоҳотлар бошлаш олдидан истеъмолчилар олдида ўзини қандай тутиши керак?
- Энерготарифлар ошса, кимга кўпроқ таъсир қилади? Аҳолининг заиф қатламларига қандай ҳимоя ёстиқчалари берилиши керак?
- Халқ бу ислоҳотлар натижасини қанча муддатда кўра олади?

@qurbonova_a
Келажак ижтимоий скорингда

Регуляторнинг "қора рўйхат"га тушганларнинг мурожаатлари бўйича тушунтиришларидан англаса бўладики, кредит тарихи тизими ва механизмлари гарчи юқори сифат даражасида бўлмасада, ишлай бошлади. Бунинг учун оз эмас, кўп эмас, 18 йил керак бўлди.

18 йил давомида қарздорлар ҳақида энг оддий ахборотларни жамлашни бошлаган тизим, вақт ўтиб йиғиладиган ахборотлар мундарижасини анча кенгайтирди ва бугунга келиб банклар ва умуман кредит ташкилотлари учун битимлар тузишда осон ва тез қарор қилишга ёрдам берувчи муҳим воситага айланди.

Айтиш керакки, ўзгариб бораётган дунёда кредит ва қарз бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун кредит тарихи ва даромадлар миқдори етарли бўлаётгани йўқ. Чунки дунё катта тезликда ижтимоийлашмоқда, қарздорларнинг қиёфаси ва мақсадларини кредит тарихи ва даромадлари тўла очиб бера олаётгани йўқ. Замонавий скоринг моделлари, агар бунга технологиялар имкон берса, потенциал қарздорнинг телефон рақами, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, жарималар ва солиқлар билан муносабатлари, коммунал хизматлар, ҳаво, темир йўл, транспортидан фойдаланиши каби ахборотлардан кенгроқ ва сифатлироқ хулосалар ясаб бера бошлади.

Ҳа, кредит тарихи тўғрисидаги маълумотларни жамғариш ва ундан фойдаланиш давом этади, лекин қарор қабул қилишда потенциал қарздорнинг ижтимоий қиёфаси кўпроқ ўринга эга бўлади. Аксар банклар айрим маҳсулотлар бўйича кредитлаш жараёнида даромадлар тўғрисидаги маълумотларни йиғишдан воз кечаётгани шу йўлдаги биринчи қадамлардан.

@the_bakiroo