bakiroo
63.1K subscribers
1.15K photos
355 videos
5 files
6.88K links
Download Telegram
Мулк ҳуқуқи — қуш ҳуқуқи: "Қўйлиқ бозори" акциядорлари бозорнинг ихтиёрий тугатилишига қарши бўлишган

2024 йил 31 январь куни ўтказилган акциядорлар умумий йиғилишида "Тошкент қишлоқ хўжалик махсулотлари улгуржи бозори" АЖ акциядорлари бозорни ихтиёрий тугатиш ҳақидаги масалага 100% қарши овоз беришган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бозор кузатув кенгашининг 2024 йил 24 январдаги қарори билан номинал қиймати 53,9 млрд.сўмлик 36 397 681 дона акция чиқарилуви маъқулланган ва 28 февраль куни ушбу чиқарилув давлат рўйхатидан ўтган.

Тасаввур қилаяпсизми? Тугатилишидан бир кун аввал акциялар чиқарилуви рўйхатдан ўтаяпти. Тугатилмоқчи бўлган жамият қўшимча акция чиқарадими? Акциялар чиқарилувини давлат рўйхатидан ўтказадими?

Бозор ўз фаоиятини ихтиёрий тугатаётганлиги тўғрисидаги қарор 29 февраль куни қабул қилинган ва орадан 12 кун ўтиб эълон қилинган. Лекин бу қарор билан 24 январдаги ихтиёрий тугатилишга қаршилик акс этган қарор бекор қилинмаган.

Кичик хулоса қилганда, "Қўйлиқ бозори"нинг апил-тапил тугатилиши барча белгиларига кўра акциядорларнинг ва бозор бошқарувчиларининг қарори эмас. Бу қип-қизил маъмурий босим остидаги ўзбилармонлик ва масалага жиддий ёндашилса, бир неча процедуралар бузилганини ҳам аниқлаш мумкин бўлади.

Яна қизиғи, юзлаб қарз ва кредитлар илинган ва банкротлик ёқасида бўлган ва зарар кўриб ишлаётган АЖ лардан фарқли равишда "Қўйлиқ бозори" молиявий ҳолати жуда мустаҳкам бўлган, 43 млрд.сўмдан ортиқ жами активларининг 99%дан зиёд манбаи ўз капиталига таянган.

Энг асосий хулоса шуки, "Қўйлиқ"нинг кунпаякун қилиниши Ўзбекистонда мулкдорлар ва акциядорлар ҳуқуқи манфий қийматга эга эканини яна бир бор исботлади. Олигархлар билан келишиб олган бир тўп чиновниклар истаса, сиз бу ҳуқуқдан бир кунда маҳрум бўласиз.

Бундай муҳит ва маконда фақат ўғридан-ўғри инвесторлар ўзини балиқдек ҳис этади.
Рублнинг "сайлов"дан кейинги динамикаси қандай бўлади?

Прогноз қилинганидек, ўтган йил кузидан токи мана "сайлов" ёрлиқли махсус операциягача рублнинг барқарорлиги сақлаб турилди. Бу даврда долларга нисоби 88-93 коридорда ҳаракатланган рубль курси, ўзини ўзи собиқ метрополияга қарам қилишда давом этаётган сателлит давлатларнинг валюталари барқарорлигига ҳам ижобий таъсир ўтказди.

Энди кўпчиликда туғилаётган савол, "сайловдан" кейинги аҳвол билан боғлиқ. Душанба куни "ғолиблиги" эълон қилинадиган шахснинг ишора ва баёнотларига кўра, Мордор узоқ урушга тайёргарлик кўрмоқда. Урушнинг кўлами ҳозирги локациясидан чиқиб, янада кенгайишидан қолган эркин дунё ютқазади. Мордор эса ютади.

Шу маънода унга янги одамхўрликлар учун молиявий ресурслар ва манбалар керак. Анонс қилинган бизнес ва аҳоли учун солиқларнинг оширилиши келаси йилга юз беради. Унгача бюджетни тўлдиришнинг осон ва арзон йўли яна рублни қўйиб юбориш бўлиши мумкин. Бунинг учун уруш бошлангач киритилган ва ўтган йили октябрда қўшилган чекловлар олиб ташланиши шарт эмас.
Бу ҳали тўғирланиш эмас

Гарчи савдолар мундарижаси (банклар сотиб олаётган ва банклар сотаётган ҳажм) бўйича расмий маълумотлар бўлмасада, доллар курсининг бешинчи сессия кетма-кет кўтарилиши (+66,89 сўм) навбатдаги тўғирланиш ёки тўғирланишнинг бошланиши эмас.

Илгари ҳам, шу яқин ўтган ойларда бундан-да узоқроқ давом этган кичик раллиларни кузатганмиз. Масалан, ўтган йили 5-13 декабрдаги 6 та кетма-кет сессиядаги ўсиш 95,0 сўмни ташкил этган.

10 августдаги росмана тўғирланишдан бироз ўтиб, 27 августдан 6 сентябргача кетма-кет 8 сессия давом этган кичик раллида ўсиш 93,09 сўмдан иборат бўлган.
Coscom МЧЖ (Ucell) уяли алоқа компаниясининг солиқ юки ҳақидаги пост бўйича изоҳи:

Coscom МЧЖ томонидан мамлакатда телекоммуникация соҳасини ривожлантириш учун 157 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган. Айнан соҳага киритилган инвестициялар туфайли компания инвестор сифатида айрим турдаги преференция ва имтиёзларни қўлга киритади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 266 - моддаси 1 - қисми 3 - бандига кўра, телекоммуникация воситаларини олиб киришда Ўзбекистон Республикаси божхона органлари орқали қўшилган қиймат солиғини тўлаш инвесторларга давлат бюджетига тўланадиган ҚҚСнинг умумий миқдорини камайтириш ҳуқуқини беради.

Солиқ кодексининг 255 - моддаси 9 - қисмига мувофиқ, солиқ агенти сифатида ҚҚС тўлаш резидентга бюджет ҳисоб-китобларида ушбу суммани ҳисобга олиш (камайтириш) ҳуқуқини бериши белгилаб қўйилган.

Компаниянинг таъкидлашича, Coscom МЧЖ телекоммуникация соҳасини ривожлантириш учун киритган инвестицияси ҳисобига солиқ имтиёзини қўлга киритган.
Сифатли таълим мактабга қатнаш даражасини қанчага оширади?

Иссиқ, свет ўчмайдиган мактаб-чи?

Канализация, туалет, иссиқ ва совуқ сув бўлиши-чи?

Кутубхона-чи, спорт зали ёки мактабнинг бир сменали бўлиши-чи.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг бепул тушлик мактабга қатнаш даражасини 8 фоизга ошириши хулосаланган таҳлиллари бепул тушликни давоматни оширишнинг воситаси ўлароқ шимолдан бошқа ҳудудларга ҳам ташкил этиш керак, деган ишора улашади.

Шимолий минтақамизда берилаётган бепул нонуштанинг ҳеч қурса иссиқ овқат, иссиқ ичимлик ё сутли маҳсулот бўлмагани, шакар, ёғ ва яна алламбало кимёвий унсурларга тўла углеводлардан экани алоҳида масала.

Таҳлилчиларимиз турли давлатлар тажрибаларига мурожаат қилишиб, Россия мисолига алоҳида тўхталишгани янада таажжубли. Зеро Россиядаги бепул нонушта каллакесар Пригожиннинг Вагнер ҳарбий гуруҳини прокси молиялаштириш воситаси бўлганини билмаслик мумкин эмас. Ҳеч қурса "Конкорд Вагнер" деб қидирув берилса, нонуштадан захарланган ўқувчилар ҳақида маълумотлар чиқишига гувоҳ бўлишган бўлишарди.

Буям майли. Мактабнинг вазифаси ўзи нима? Овқатлантиришми ё таълим бериш? Агар болалар бепул нонушта учун мактабга кўпроқ бораётган бўлса, бу бошқа чуқурроқ муаммоларга бориб тақалмайдими? Уни мактабга тиркашнинг нима кераги бор?

Ўзи қолган ҳудудлар учун "бепул нонуштага" айтайлик, яна 1 трлн. сарфлаб эришадиган натижамиз нима бўлади?

Муҳимлиги бўйича мактабларимизнинг асосий муаммолари нима? Тақсимот ва маблағлар қачондир шу приоритетлардан келиб чиқиб белгиланадими?

P.S. Пойтахтда, "Реновация" қилиниши эълон қилинган Оқтепада хитойлик "инвестор" нечта мактаб, нечта боғча ва нечта поликлиника қуради, деган саволга ўқитувчиларимиздан бир ёзмоқда: "Ёнгинасидаги 180 мактабда ишлаяпман, ҳозирги аҳоли сони ҳолатида ҳам бу ҳудуд болаларига инглиз тили, ўзбек тили каби бўлиниб ўтилиши керак бўлган ҳамма фанлар бирга ўқитилади, информатика хонаси ҳам йўқ, мактаб 3 сменада, бирорта катта танаффус йўқ, ўқитувчи етишмайди"
Пиёдалар йўлагими ё бюджет ўзлаштириш йўлаги?
bakiroo
Пиёдалар йўлагими ё бюджет ўзлаштириш йўлаги?
Метронинг Мирзо Улуғбек бекатидан Новза бекати томонга юрсангиз, кўзингиз Бунёдкор кўчаси оралиғи бўйлаб жуда чиройли йўлакка тушади. Йўлакнинг рангларидан у пиёда ва велосипедчилар учун қилинганини англайсиз.

Лекин йўлакка ўтиб олиш учун, ҳаттоки коляска етакламаган ё аравачада бўлмасангиз ҳам анча уринишингизга ва ҳаётингизни хавфга қўйишингизга тўғри келади. Чунки пиёда ё велосипедчи бу йўлакка ўтиши учун бирлаштирувчи ё йўналтирувчи йўлак йўқ.

Бир амаллаб ўтиб олдингиз ҳам дейлик. Энди Новзага етгуча 2 марта яна автомобил йўлини кесиб ўтишингизга тўғри келади. Новзага етиб олгач, йўлакдан чиқишингиз учун яна бир машаққат чекасиз.

Новзадаги пиёдаларни жазолаш учун қилинган кўприкдан ўтгач, йўлак давом этади. Яна ҳаётингизни хавфга қўйиб йўлакка ўтиб олиб, Ўзтелеком биносигача боришда орада яна бир марта автомобиллар йўлини кесасиз. Шу билан тупикка тиқиласиз.

Сиз айтишингиз мумкин йўлакка ўтиш учун инфратузилма қилишга улгуришмаган бўлишлари мумкин деб. Лекин қанчадир миллиаррдга тушган бу йўлак қурилганига бир неча ой бўлди.

Йўлакка ўтиш жисмоний имконсиз бўлгани учун пиёдалар ундан фойдалана олишаётгани йўқ, автотеррористлар эгаллаб олган, кўлмак ва ямаларни айланиб, совет давридан буён янгиланмаган тротуардан фойдаланишда давом этишмоқда.

Энди савол: пиёдалар фойдалана олишмаётган бўлса, пиёдаларга мўлжалланмаган бўлса, бу йўлак нима учун қурилди ўзи? Бюджет ўзлаштириш учунми?
9 ойдан кейин 80 шиптир 92 бензин деб сотиладими?

Агар эълон қилинган режалар ўзгариб қолмаса, Ўзбекистонда яна 9 ой ва яна 2 ҳафтадан сўнг Аи-80 маркали бензиндан воз кечилиши керак.

2023 йилда ишлаб чиқарилган жами бензиннинг 85 фоиздан зиёди 80 бензинга тўғри келган. 2024 йилнинг ўтган давридаям бу картина ўзгариб қолгани йўқ. Кризисли қишда 80 бензин ишлаб чиқариш янада кўпайди, айрим кунларда биржада сотилган бензиннинг 90%дан ортиғи 80 бензинга тўғри келди.

Юқори октанли бензин ишлаб чиқаришни кескин кўпайтириш (Евро-5 стандартларидаги бензин ишлаб чиқариш шартларида "хусусийлаштирилган" завод нима қилаяпти?) ва импорт манбаларини диверсификациялаган ҳолда таклифни кўпайтириш йўлида бирон бир қадам қўйилдими? Йўқ.

Эркин рақобатни қўллаб-қувватлаш, нотариф ва бюрократик тўсиқларнинг олиб ташлаш орқали 92 ва ундан юқори октанли бензин нархини туширишга ҳаракатлар қилинмоқдами? Йўқ.

Ўзи умуман энергетикларнинг олтин тухумига айланиб қолган 80 шиптирдан воз кечиш учун бирон бир ҳаракатлар режаси ё йўл ҳаритаси эълон қилиндими? Йўқ.

Охирги вақтда шимолдаги босқинчиларнинг 13та нефтни қайта ишлаш заводларига ишлаб чиқариш вақтинча ёки бутунлай тўхтатиладиган даражада шикаст етказилди (кеча тунда Славянскда 14-завод кунпаякун қилинди). Айрим ҳисобларга кўра, ишлаб чиқариш вақтинча ёки тўлиқ тўхтаган заводлар агрессорнинг жами ишлаб чиқариш қувватларининг 30 фоиздан зиёд бензинини ишлаб чиқарган. Табиийки, бензин нархи Мордорда кескин кўтарилмоқда. Бензин экспортига чекловларга қарамай, Биржадаги нархлар янги рекордларни забт этмоқда. Бу биз учун ҳам ишора. Тушуниш учун картага қарасангиз кифоя, логистика бўйича энг яқин заводлар йўқ қилинмоқда.

Демак, юқори октанли бензин импорти бўйича муқобил ва арзон каналларни ишга тушириш керак. Ҳозирданоқ. Эртага кеч бўлади.

Агар 9 ойдан кейин 80 шиптирни 92, деб сотишни бошлаш кўзланмаётган бўлса.
80 шиптир 55 каррагача зарарли

Таркибидаги олтингугурт миқдорига қараб, таснифига кўра 80 шиптир К2 тоифага киритилади. Ушбу тоифадаги бензинда олтингугурт миқдори 1 кг.га 500 миллиграммгача рухсат этилган. Юқори октанли, К5 тоифага киритилган масалан, 95 маркадаги бензинда олтингугурт 1 кг.га 8 миллиграммгача миқдорни ташкил этади. Яъни, норма деб ҳисобланадиган 80 шиптирда олтингугурт миқдори 55 баробаргача юқори бўлади.

Соҳа мутахассисларга кўра, бензин ёниши натижасида олтингугурт ҳеч қаерга йўқ бўлмайди ва ҳосил бўлган газлар билан бирга ҳавога чиқарилади. Олтингугурт дарахтлар, ер муҳитига қараб ҳавога аралашади, ҳаводаги кислород билан бирикиб олтингугурт диоксидини ҳосил қилади. Бу модда инсоннинг нафас йўллари, ўпкаси ва жигарига жуда ёмон салбий таъсир кўрсатади (болаларга зиёни йўтал, шамоллаш, ачишиш, кўнгил айниши кўринишида айниқса яққол намоён бўлади). Бензин таркибидаги олтингугуртнинг автомобиль ҳаракат қисмларига темир билан бириккан (феррумсульфид) ҳолда етказадиган зиёни алоҳида мавзу.
Нохуш ишора: Ўзбекистонда туғилиш камая бошлади

2024 йилнинг январь-февраль ойларида 137 457 нафар тирик туғилиш ҳолатлари қайд этилган. Бу 2023 йилнинг тегишли даврига (141 090) нисбатан 3 631 (2,6%) нафарга кам.

Ўзбекистонда йиллик туғилиш сони 2018 йилдан буён узлуксиз ўсиб келаётган эди. Тескари тенденция муваққат четланишми ёки янги тенденциянинг бошланишими, хулоса чиқаришга анча эрта.

Лекин айрим трендлар бу ҳолат давом этиши мумкинлигини кўрсатади.

Биринчидан, қайд этилган никоҳлар сони иккинчи йил кетма кет қисқармоқда ва 2023 йилда янги даврдаги энг кам никоҳ рўйхатга олинган (283,8 минг). Бундан камроқ кўрсаткич 2016 йилда қайд этилган (275,0 минг).

Иккинчидан, ажралишлар сони сунъий бюрократик тўсиқларга қарамай, 2023 йилда барча даврлардаги максимумга 49,2 мингга етган. Бу рақам мавжуд реалликни ифодаламаслиги ва аввалги йиллардаги тўсиқларнинг юмшатилиши эффекти бўлиши ҳам мумкин.

Учинчидан ва бу энг асосийси, даромадларнинг ўсиши кескин секинлашгани. 2023 йилда жон бошига реал даромадлар ўсиши пандемия йилини ҳисобга олмаса, охирги 7 йилдаги энг паст кўрсаткичгача секинлашган (2,4%). 5 та ҳудудда эса реал даромадлар қисқарган.

Ўзи янги даврда туғилишнинг кескин ортиши даромадларнинг ўсиши билан юқори корреляцияда бўлган эди. Туғилиш динамикаси узоқ муддатли тренди яна урбанизация, гендер чақириқлари, миграция, эртанги кунга ишонч каби кўплаб омиллар таъсири остида шаклланади.