bakiroo
50.4K subscribers
836 photos
231 videos
5 files
5.33K links
Ўйиндан ташқари фикрлар

Твиттер: https://twitter.com/the_bakiroo
Download Telegram
Ўзбекистон ўз фуқароларини ҳимоясига оладими?

Россия қамоқхоналарида муддатини ўтаётган ва ихтиёрий-мажбурий тарзда Вагнерчи каллакесарлар сафига қўшилишдан ўзга чораси қолмаган уч нафар ўзбекистонлик одамхўрлар лагеридан қочиб кетганига уч кун бўлди.

Қочоқлар тутиб олинса, натижа қандай тугаши аниқ. Кувалда билан мажақлаб ўлдирилади. Путиннинг ошпази Пригожин етовидаги Вагнер одамхўрларининг анъанаси шунақа.

Ўзбекистон иқтидори Россия қамоқхоналаридаги ўзбекистонликларни урушга юборилишига тўсқинлик қила олмади. Ҳеч қурса маҳбусларни Ўзбекистонда жазони ўташда давом этиши учун кўчириб келтириш ҳаракатлари ҳам амалга оширилмади. Чунки маҳбус бўлсаям, ватандош. Ўзбекистон фуқароси улар. Адашмасам, маҳбусларни ўзаро алмашиш тўғрисида икки мамлакат ўртасида битим мавжуд.

Мана энди уч ўзбекистонлик ваҳшийларча ўлимга рўпара бўлиб турипти. Хабар чиққанига уч кун ўтди. Негадир расмийларимиз жим.

Балки янги ташқи ишлар вазиримиз биринчи ишини шундан бошлар?
Яхши қарор: қатор ОТМларда дарслар 9:30дан бошланади

11 январдан пойтахтдаги метро бекатларига яқин жойлашган 16та олий таълим муассасасининг иш графиги 9:30га ўзгаради. Бу ўзгариш тиғиз вақтларда метрополитенда йўловчи оқимини мақбуллаштириш билан боғлиқ.

Дарслар 9:30дан бошланадиган ОТМлар рўйхати:

– Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети;
– Сингапур менежментни ривожлантириш институти;
– Пучон университети;
– ТМC институти;
–Тошкент давлат иқтисодиёт университети;
– Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали;
– Ўзбекистон давлат консерваторияси;
– Вебстер университети;
– Тошкент кимё-технология институти;
– Тошкент фармацевтика институти;
– Тошкент давлат юридик университети;
– Тошкент молия институти;
– Муҳаммад ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети;
– Тошкент давлат техника университети;
– Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети;
– Янги Ўзбекистон университети.

Ўзбекистон миллий университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университетида дарслар 8:00дан, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университетида эса 8:30дан бошланади.

P.S. Бу ерда тўлиқроқ рўйхат берилган.
https://t.me/eduuz/11694
Бу вақтинчалик чора бўлиши керак

Қатор ОТМларда дарсларнинг бошланиш вақти 9:30га кўчирилиши турлича кутиб олинди.

Масалан, Фируз Аллаев ишлаётган талабалар учун кечиктирилган режим муаммо туғдиришини қайд этган бўлса, иқтисодчи Ботир Қобилов "метрони разрузка қилиш учун ўқиш жараёнини регулировка қилишдан кўра жамоат транспорти қамрови, интервали ва сонини кўпайтириш тўғрироқ бўлишини" эслатди.

Албатта, ОТМларда дарсларнинг кечроқ вақтга кўчирилиши фақат вақтинчалик ечим ўзлароқ кўрилиши даркор. Поездлар ва вагонлар сонининг оширилиши масаласи эсдан чиқмаслиги ва кун тартибидан олинмаслиги шарт ва лобуд.

Қўшимча равишда поездларга 5-вагонни улаш, тиғиз вақтлардан кейин интервални узайтириб юбормаслик, Олмазор бекатидан ҳаракат бошлайдиган захира поездларни йўлга қўйиш, ер усти йўлларидаги бекатларда иккинчи тарафдан ҳам кириш ва чиқишни йўлга қўйиш масалалари ҳам ўз ечимини кутмоқда.

Эсда тутиш керакки, Тошкентда жамоат транспорти муаммоси Маҳкамовнинг ё ички ишлар вазирининг учта қатновидан кейин сўрилиб кетгани йўқ.
Humo Air қачон сотувга қўйилганди?

2022 йилнинг охирги иш кунида Давлат активларини бошқариш агентлиги Humo Air авиакомпаниясининг 100%лик давлат улуши 27,2 млрд.сўмга сотилганини эълон қилди. Хабар тарқатган ОАВлар асосий эътиборни улушни сотиб олган "швейцариялик ўртакаш харидор" ва битим суммасига қаратдилар холос.

Гап шундаки, токи Humo Air сотилгани ҳақида хабар берилгунга қадар авиакомпанияни хусусийлаштириш жараёни бошлангани, сотувга қўйилгани ва инвесторларга талаблар ва шартларни ўз ичига олган танлов ҳам эълон қилингани йўқ.

Яъни, Давактив Humo Air авиакомпаниясининг 100%лик давлат улуши сотилаётгани эълон қилмасдан, сотувни амалга оширди. Бу бутунлай янги даража.

Бундай даражага ҳатто Россияни кўтарасига сотиб адо қилган "хусусийлаштириш отаси" Чубайс ҳам етмаганди.

Лекин ҳали охири бўлмаслиги керак. Янги ва янги даражага етиш керак. Энди буёғига танлов ҳам эълон қилмай, активлар сотиб бўлингач, сотилганини ҳам айтиш керак эмас.
Давактив Ўзагроэкспортбанк сотилганини ниҳоят тан олди

Амалда икки ярим ой аввалги ёпиқ қарор билан сотилган Ўзагроэкспортбанк бўйича битим ҳақиқатдан амалга оширилгани ниҳоят Давактив тарафидан тан олинди.

Харидор “Support Level” МЧЖ. МЧЖ 100% таъсисчиси Олимжон Шодиев. Олимжон Шодиев Давактив раҳбари Ортиқов билан бирга НКМК кенгаши аъзолари ҳисобланишади.

2 ҳафта аввал Шодиевлар назоратидаги "Евразийский банк" АЖ Ўзбекистонда шўъба банк очишга рухсат олган.
Очиқлик ва рақобатдан ёпиқлик ва монополия истайдиганлар ҳам ютади

Лекин улар буни тушунишлари учун вақт ва чуқур деградация жараёни керак бўлади.

2017 йилгача ёпиқ конвертациядан манфаатдорларнинг моддий манфаатдорлиги ўсишдан буткул тўхтаган эди. Лекин улар токи манфаатдорлиги ўсишдан тўхтамагунча конвертация ёпиқ ҳолда қолиши учун барча ҳаракатларни давом эттиришган. 2017 йилга келиб, экспорт ўсмай қўйгач, валюта тушуми камайишни бошлагачгина, битта пирогни қайта ва қайта бўлишга, ҳатто кечаги иттифоқчи номаълум оталар битта пирог учун ўзаро курашишни бошлагачгина, улар ортиқ бундай ишлаб бўлмаслигини тушунишган.

Худди шу ҳолат прописка билан ҳам боғлиқ. 2020 йилгача "ёпиқ прописка" асосий бенефициарларидан бири уй жой қурувчилари ва девелоперлар ҳисобланган. Улар кам сонли, лекин қиммат уйлар қуришган. Чунки прописка олиш мумкин бўлган қатлам коррупциялашган, коррупцион даромадларга эга ва асосан қиммат уйларга талабгорлардан ташкил топган. Пандемия бу қоидаларни чилпарчин қилиб юборди. Чунки энди ўша кам сонли, лекин қиммат тўлашга қодир мижозлар ҳам йўқотилди. Фавқулодда йўотишларгина пропискани очиб юборишга туртки бўлди. Мана ҳозир, ўша ёпиқ прописка режимини қўллаганларнинг бизнеси ва даромадлари ўша ёпиқ давридагига нисбатан каррасига кенгайган. Ойига 10та квартира сотаётганлар, ойига 100та квартира сотаяпти.

Худди шу ҳодисани 2000 йиллар ўрталаридаги уяли алоқа бозори, кейинроқ ритейл тармоқлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бозорнинг очиқлиги, битта эмас, бир нечта мустақил ўйинчиларнинг пайдо бўлиши бозорни кескин, каррасига кенгайтиради. Кеча бутун бозорга бир ўзи эгалик қилиб, чекланган шароитда шартли 1 миллион фойда кўраётган компания. очиқлик ва бозор шароитда энди бозорнинг 30 фоизини назорат қилиши мумкин, лекин унинг фойдаси шартли 5 миллиондан кўпроқ бўлади.

Импорт бўйича чекловлар ва адресли протекционизмдан баҳраманд бўлиб келаётганлар, айниқса Ўзавтомоторс мисолида шуни айтиш мумкин, тушунишлари керакки, уларнинг деградацияси давом этади, токи бозор очилмагунча ва янги ўйинчилар ва қўшимча талаб ҳисобига бозор каррасига кенгаймагунча.

Ҳа, айтгандай, ёпиқ хусусийлаштиришдан ютқазадиган энг асосий тараф бу ёпиқ хусусийлаштириш орқали активларга эгалик қилаётганлардир, улар арзон ёки текин актив эмас, вақти келиб портлайдиган мина сотиб олишаётгани билмасликлари мумкин. Афсуски, буниям улар жуда кеч тушунадилар.

@the_bakiroo
Ёпиқлик нимадир? Сен мендан сўра

Битта давлат назоратидаги акциядорлик жамиятининг мулкдорлик улуши, молиявий натижалари ва бошқарувида юз берган эҳтимолий ўзгаришларни олиш учун бир соатдан бери уринаяпман.

Корхонанинг корпоратив сайтида маълумот йўқ (қонун бўйича бўлиши шарт).

Корпоратив маълумотлар омбори https://openinfo.uz/ очилмаяпти.

Давактив сайтининг улушлар бўлими очилмаяпти.

Ўзбекистонни Ёпиқ деяпсанми, мана сенга ёпиқлик, кўрсатиб қўямиз сенларга ёпиқлик нима эканини дейишаётган бўлса керак.

Маълумот бўлмаса, таҳлил ҳам бўлмайди, солиштириш ҳам бўлмайди, демак, ёқимсиз савол ҳам бўлмайди. Қулоқ тинч бўлади.

P.S. Эҳтимол, бу пост ўрнида Ўзбекистон жамоатчилиги учун жуда муҳим бир маълумот бўлиши мумкин эди.

P.P.S. Давактив матбуот котиби: "Бугун дам олиш кунилигини ҳисобга олиб, Давактив серверларида UPS ускуналари янгисига алмаштирилиши сабабли, айрим серверларга бевосита боғланган бир қатор маълумотлар базаси (ҳусусан “улушлар бўлими”) бугун соат таҳминан 17:00 дан 19:10 ларга қадар вақтинчалик ишламаган"
Дивиденд тўлаш нега керак?!

"Қувасойцемент" АЖнинг жисмоний шахс акциядорларидан бири ёзаяпти:

"Қувасойцемент" АЖ акциялари ҳақида ҳеч ким қизиқмай қўйди. Халқга дивиденд тўланиши керак. Завод офшор компаниялар қўлида. Халқни пули ҳақида ҳеч ким қизиқмай қўйди".

Янги Ўзбекистонда олигархия солиқ тўламайди. Зарурат бўлса пулни солиқ тўлаб дивиденд орқали эмас, хизмат кўрсатиш шартномалари билан олиб чиқиб кетиш нормага айланган. Хизматлар импорти статистикасига бир қаранг.

Ўтган йили деярли 90% акцияси офшордаги United Cement Group эгалигида бўлган заводнинг ҳозирги формал эгалигига назар солинг:

"Raybird Limited" ва "Rayblock limited" 30%дан, "Rayeross limited" 29% ва "Ansher finance llр+Ansver investm" 1%.

Ўтган йили ёзган эдик:

Буёғига заводларнинг асл бенефициарларини аниқлаштириб бўлмайди, бунинг устига,, цемент заводларининг эгалиги бўйича кейинги битимлар Ўзбекистондан ташқарида туриб амалга оширилаверади.

Миноритар акциядорлар эса ё улушлари секин-аста ювилиб кетишига рози бўлишлари ёки бозор нархидан арзон нархларда акцияларини пуллашдан ўзга чора бўлмайди. Дивиденд кутмасдан.
Куч ва иқтидор ҳукуматда, Параламентда вакили йўқ, овози жамланмаган қатламга нисбатан ишлатилаверади

Ўзавтомоторснинг халқдан ундириб, бюджетга ўтказилмаган деярли 10 трлн.сўмлик утилизация йиғимини талаб қилишга куч етмайди.

ҚҚСни қайтариш схемаларини бизнесга айлантирганларга куч етмайди.

Яширин иқтисодиётнинг макони бўлган уй-жой сотувини кэшбек тизимига қамрашга куч етмайди.

Чунки уларнинг каттакон аждарҳо эгалари бор.

Лекин кичик дўконлар, ошхоналарни, сервисларни, демакки, халқни ҳам хоҳлаганча савалаш, эзғилаш мумкин.

Чунки улар кўпчилик ва саноқсиз бўлсада, ҳукуматда, Параламентда вакили, ҳимоячиси, овози йўқ.

https://t.me/davletovuz/16923
Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСлар бўйича ишончли бошқарув бекор қилиндими?

Соҳадаги манбаларга кўра, ҳар икки иссиқлик электр станцияси бўйича 2019 йилда тузилган ишончли бошқарув шартномалари бекор қилинган. Янги Ангрен ИЭС ва Ангрен ИЭС "Иссиқлик электр станциялари" АЖ таркибига қайтарилган ва станцияларга зудлик билан янги раҳбарлар тайинланган.

Мазкур маълумотлар ҳозирча Давактив агентлиги ёки Энергетика вазирлиги тарафидан эълон қилингани йўқ. Корпоратив маълумотлар ва раҳбарият таркибидаги ўзгаришлар жойлаштириладиган openinfo.uz платформаси кечадан бери ишламаяпти.

Ёпиқ қарор билан Янги Ангрен ИЭС ва Ангрен ИЭС олигархлар назоратидаги «Central Asia Energy» МЧЖга ишончли бошқарувга топшириш битими шартлари шу пайтгача очиқланмай келинган. Шу сабабли битим қайси сабабларга кўра бекор қилиниши мумкинлиги бўйича аниқ бир нарса дейиш қийин. Лекин бекор қилинмаса, бу Ўзбекистон манфаатларига тупуриб қўйиш ва очофат олигархлар билан оғизбирчилик давом этаяпти дегани бўлади.

Шоввозлар шу пайтгача муаммо бўлмаган Ангрен шаҳрида иситиш тизимини барбод этишган. Таъмирланиши ва янги блоклар қўшилиши керак бўлган станцияларнинг боши авариядан чиқмайди. Кун.ўз еб тўймас олигархияга берилганидан кейин иссиқликсиз қолган шаҳардан махсус репортаж ҳам тайёрлаган. Давактив ё Энергетика вазирлиги масъуллари бирор тунни Ангреннинг музлаган хонадонларида ўтказиб кўришса бўларди.

Масаланинг иқтисодий тарафига қараймиз. Мана сизга ишончли бошқарув оқибатлари:

Ангрен ИЭС 2022 йилнинг 9 ойини 112 млрд.сўм зарар билан якунлаган. Станция ишончли бошқарувга берилганидан буён йиғилган зарар 577 млрд.сўмга етган. Бугун унинг соф активлари қиймати баланс бўйича минус 117 млрд.сўм.

Янги Ангрен ИЭС 2022 йилнинг 9 ойини 169 млрд.сўм зиён билан якунлаган. Жамият ишончли бошқарувга берилганидан буён йиғилган зарар 875 млрд.сўмдан ошган. Соф активлари минус 440 млрд.сўм.

Яъни жамият ўзининг капиталини еб тугатган. Тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган 3 йил ичида 1,5 трлн.сўмлик зарар жамланган. Онгли равишда текинга берса, биров олмадиган даражага олиб келинган.

Яна, шундай катастрофа оқибатларга қарамай, давлат бу шоввозларга ишончли бошқарув учун комиссия ҳақи ҳам тўлаган. Тўланган комиссиялар тўғрисидаги ахборот бирон марта очиқланмаган.

Ҳар икки ИЭС ЎЗбекистондаги энг йирик кўмир импортчилари ҳисобланишади. Кўмир қаердан, қанақа нархларда олиб келинаётгани, қанчаси ёқилаётгани, қанчаси қаёққа кетаётгани ҳақида биронта очиқ ахборот йўқ. Газета.ўз кўмир статистикаси бўйича берган саволлари саволлигича қолган. Иқтибос: "Россиядан 7,5 млн доллар (бир тоннаси 281,2 доллар) эвазига 26,7 минг тонна кўмир келтирилди, бу Қозоғистондан 7 баробар, Қирғизистондан эса деярли 10 баробар қимматроқдир"

Йирик давлат активларининг ишончли бошқарувга берилишининг аянчли оқибатли биринчиси эмас. ИЭСлар билан бир вақтда Ўзметкомбинат, ОКМК ва Ўзвторцветмет ҳам бошқа бир очофат олигарх билан боғланган структурага ишончли бошқарувга берилган, яққолига чайиш, қиммат контрактлар билан ўзлаштириш ва кўтарасига сотиш ишлари бошлангани вақтида пайқаб қолинган ва ишончли бошқарув бекор қилинганди.

Ишончли бошқарувга берилган барча активларда "зарари давлатга, фойдаси чўнтакка қабилида"ги схемалар ишлатилди ва ишлатилмоқда.

Бу схемалар тўлиқ тафтиш этилиши ва ҳеч қурса, хатоларга бошқа қайтмаслик учун сиёсий баҳо берилиши лозим ва лобуд!
Давактив барча маълумотларни очиқлаши, Прокуратура эса иш очиши керак

Ҳарқалай нормал давлатда энергетика тизимига етказилган бундай кўламдаги зараркунандалик учун айнан шундай қилинади.

Кунўз Қозоғистонда рўйхатдан ўтган компания ишончли бошқаруви даврида “Янги Ангрен” ва “Ангрен” ИЭСлардаги тизим бутунлай издан чиққани ҳақида ёзмоқда.

Шаҳар ҳокимияти:
“Ангрен ИЭС”нинг 10-энергоблокида жиддий авария ҳолати юзага келгани сабабли тармоққа уланган уйларга иссиқлик етиб бормаган".

Шаҳар прокурори:
“Қозоғистонликларга тегишли компания бу ИЭСларга умуман қарамай қўйди.

Бу бўйича бош вазиргача чиқилди, 2 январ куни иккала ИЭС ҳам ташқи бошқарувдан олиниб, Энергетика вазирлигига берилди. Янги раҳбар ҳам тайинланди. Ўзимизга тўлиқ ўтганидан кейин пул ажратиладиган бўлди, ҳозир носозликларни тузатиш учун ишчи гуруҳ жалб этилган”.

Айрим маълумотларга кўра, “Central Asia Energy” МЧЖ “Янги Ангрен” ИЭС бўйича ишончли бошқарув шартномасини давом эттирмоқчи ва масъуллар орасида ҳатто бунга рози бўлаётганлар ҳам бор. Бир неча юз миллиардлик зарар, шубҳали контрактлар орқали ўзлаштиришлар, электр ва иссиқлик ишлаб чиқаришнинг кескин камайтириб юборишидан кейин ҳам шундай қадамга борилса, демак бу ерда мамлакат зиёнига ишлайдиган шериклик бор, деб хулоса қилса бўлади.
Пул ўзлаштиришнинг 99 усули: Импорт кўмирда ишлайдиган яна учта ИЭС қуришмоқчи

Импорт ва қимматлаштирилган кўмир орқали пул ўзлаштиришга айланиб кетган Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСлари ўпқони етмаганидек, Ўзбекистонда кўмирга асосланган яна учта ИЭС қуришмоқчига ўхшайди. Ҳарқалай, самарасиз, лекин саноқсиз лойиҳалар генератори Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида шунақа режалар бор. Балки олигархларнинг "ишончли бошқарув" доирасидаги кўмир схемалари бошқа эҳтимолий шерикларга ҳам ёқиб тушгандир.

Демак, янги режаларга кўра, Самарқанд, Фарғона ва яна Тошкентда умумий қуввати 2 Гвт бўлган учта иссиқлик станциялари қурилади. Станциялар кўмирда ишлайди. Қозоқ кўмирида. Кўмир Шубаркўлдан ташкиб келтирилади.

Шунчаки ўзингизга тасаввур қилинг, Шубаркўлдан Самарқандгача деярли 1550 км. Фарғонагача 1600 км, Тошкентгача 1200 км. Иссиқлик электр станцияси учун қанча узоқдан кўмир келтирилса, шунча қиммат бўлади. Қанча қиммат бўлса, шунча кўп пул ўзлаштириш мумкин. Тўловини барибир шўрпешона ўзбекистонликлар тўлайдику.

Ҳа, айтгандай. Асосий гап эсдан чиқипти. Шубаркўл ҳавзасидаги конларга асосан Шодиевлар оиласи нззоратидаги Eurasian Resources Group эгалик қилади.

Оғизбирчилик давом этади.
Кутилмалар оқланмади

Кредитлар бўйича риск шкалалари бирхиллаштирилиши бўйича ижобий кутилмаларимиз, афсуски, оқланмади. Марказий банк таваккалчилик даражаларини, деярли ўзгартиришсиз, фақат бу сафар асосий ставкага боғламаган ҳолда қайтадан тасдиқлади. Ягона ўзгариш хорижий валютада ажратилган кредитлар бўйича юқори риск даражалари энди 10 фоиздан бошланади.

"Кредитлар фоизи қанча юқори бўлса, риск шунча баланд бўлади" деган кўзқараш хато эканини таъкидлашда давом этамиз.

Регулятор банкларнинг капиталлашувига ундамоқчи бўлса, вазиятни риск шкалалар билан эмас, капиталга қўшимча буферлар киритиш билан тартибга солиши керак.

Юқори риск шкалалари билан фаол кредитлашни тийиб туриш маъмурчилиги ҳам иш бермайди. Банклар янги ва янги усулларни топишда ва қўллашда давом этади. Энг ёмони, регуятор бозордаги реал ставкалар тўғрисида сувалган хира картинага эга бўлади. Табиийки, қарорларда чалғишлар кўпаяди.

Қолаверса, бу йил банкларни фаол кредитлашдан тийиш ҳам шарт эмас. Асосий ресурс канали бўлган бюджет ва давлат фондлари имкониятлари жиддий чекланган. Ташқи қарз ва ресурслар эса ўта қиммат. Кредит портфелининг ўсиши ЯИМ номинал ўсишидан ортиб кетмайди, ўзгарса, фақат таркибий ўзгаришлар бўлади: Чакана кредитлаш фаолроқ, корпоратив кредитлаш сустроқ давом этади.
Янги йилда SQBдан янги акция

SQB VISA картаси билан онлайн ёки терминаллар орқали умумий суммаси 100 000 сўмдан ортиқ камида 3 харидни (товар ёки хизматлар учун) амалга оширинг ҳамда қуйидаги совринлардан бирини қўлга киритинг:

- Mi электр самокати
- iPhone 14 Pro
- MacBook Pro

Aкция 2023 йил 31 мартгача уч босқичда ўтказилади.

Ҳар бир босқичда банк Инстаграм саҳифасида 12 нафар ғолиб тасодифий равишда аниқланади.

Шартлар ҳақида батафсил

Реклама
Ҳаммаси бойлар учун

Охирги йилларда юз бераётган воқеалардан келиб чиқиб, тепадагилар демократия, танлов ва эркинликнинг талабини яратадиган ўрта синф шаклланишини умуман исташмайди, Ўзбекистонда бир сиқим бойлар ва қолган люмпен камбағаллардан иборат жамият моделини қуриш танланган деб ўйлайман баъзан. Бундай фикрлар туғилишига жуда кўп ишоралар ва мисоллар бор. Узоққа бормай, мана электромобиль импорти билан боғлиқ сиёсатга қаранг.

BYD билан ҳамкорлигини бошлаган Ўзавто электромобиль импортини йўлга қўйгани айтилмоқда. Сиз нима деб ўйлайсиз, Ўзавто BYD'нинг Ласетти нархидаги E2 моделини ёки Нексия-3 нархидаги Seagull электромобилларини олиб келаяптими? Йўқ, чунки ҳукуматнинг монополист эркатойи кенг халқ оммасига, айниқса қайсар ва талабчан ўрта синфга тупуриб қўйгани бор. Қанақадир 1000 долларлик маржага қаноат қилмайди.

Монополист чайқовчига бойлар учун бемалол устига 10 минг қўйиб қиммат авто келтириб сотиш манфаатли. Қолаверса, бойсевар ҳукуматнинг ўзи айнан қиммат автоларнинг импорт қилишга яширин имтиёз ёки очиқ қарорлари билан рағбат бериб турипти.

Мана қаранг, Ўзавто BYD'нинг қанақа электромобилларини олиб келиб сотмоқчи?

Хитойдаги нархлари 26 мингдан бошланадиган BYD Song, 23 мингдан бошланадиган BYD Chaser ва 29 мингдан бошланадиган BYD Han. Ва албатта бу нархлар устига камида 10 минг миндириб сотилади.

Эсингиздами, BYD билан монополистнинг ҳамкорлиги қанақа кулфатларни яратиши ҳақида ёзган эдик? Биз мана шу кунларга келдик.

Лаънатлар бўлсин.

@the_bakiroo
Қарғашдан ўзга чора қолмаган

2022 йил бюджетига ўзгартиришлар тасдиқланган. Ўзгартиришлар орасида UzAuto учун қўшимча 225 млрд.сўмгача (жами 336 млрд.сўм) субсидия беришни назарда тутувчи норма ҳам мавжуд. Аслида утилизация учун субсидиялар транспорт харажатларига компенсация деб ниқобланган. Парламент қуйи палатасида янграган саволлар, аниқлик киритиш бўйича ваъдалар жавобсиз қолган.

Бу ҳали ҳолваси. Тасдиқланган 2023 йил бюджетида худди шундай йўналишида 418,2 млрд.сўм компенсация тўлаш кўзда тутилган. Табиийки, бу UzAuto учун. Шунчаки солиштириш учун, онкологияга 3 баробардан камроқ 137,5 млрд.сўм пул ажратилган. "Ўзбекистонда тахминан ҳар 10 дақиқада битта онкологик касалга чалинган одам нобуд бўлади". Саратонга чалинганлар ўлишда давом этади, лекин UzAuto субсидия олади. 2023 йилда биз етиб келган мораль шу.

Пенсия, нафақа ё бюджетниклар ойлиги яқин ойларда ошмайди, инфляция даромадларни кемиришда давом этади. Лекин UzAuto субсидия олади. Қарғанг.

Болангиз 45 ўқувчи ўтирган синфда дарсга қатнайди, иккинчи сменага. Лекин UzAuto субсидия олади. Қарғанг.

Қишлоғингизда сув йўқ. Йўл йўқ. Лекин UzAuto субсидия олади. Қарғанг.

Токи қарғаш ҳуқуқингизниям олиб қўйишмагунча қарғанг.

Чунки ОАВ, жамоатчилик, чўнтак парламентда янграган эътирозлар ва саволлар шунчаки игнор қилинган. Ҳукумат очиқча цинизм позасида турволиб бюджет ҳисобидан ўзининг монополист ва паразит эркатойини боқишда давом этади. Бунга таъсир кўрсатишга, ниманидир ўзгартиришга ҳеч қандай восита йўқ. Яъни, қарғашдан ўзга чора қолмаган.

Тешиб чиқсин, буюрмасин, деб қарғанг. Ҳақдорларнинг қарғиши албатта ўтади. Тонг сахардан айтилган қарғиш етиб боради.
Кучли тизим кучли ходимлардан тузилади

Ўзбекистонда эса замонавий касблар бўйича тажрибали кадр топиш доим муаммо бўлиб келган. Хоҳ у давлат сектори бўлсин, хоҳ хусусий сектор.

Жамоамиз билан ушбу муаммога бир неча йилдан бери ечим бериб келяпмиз. Ва "Freelance team" ҳозиргача юзлаб давлат ва хусусий ташкилотлар билан хaмкорлик қилиб келмоқда.

Агар сизга тажрибали, билимли ва кучли кадрлар керак бўлса, ҳозироқ бизга мурожаат қилинг: @freelance_manager

- Иш изловчилар телеграм каналимиз орқали иш топишлари мумкин.

@freelanceteam_uz — кадрлар ва иш берувчиларни боғлаймиз! | Реклама
Бюджет ишоралари: "ФРРУ" феълан "тугатилди", уни расмийлаштириш қолган холос

Ташкил этилганидан токи 2017 йилгача Ўзбекистоннинг суверен фонди ўлароқ ҳимоя буфери вазифасини бажарган Тикланиш ва тараққиёт фонди (ФРРУ) янги эпоханинг 6- йилига келганида ўзининг функционаллигини буткул йўқотди, деса бўлади. Хафа бўлишмасину, лекин "тугатилди" дейишда қанақадир ноқонунийлик маъноси йўқ, халқнинг тилига яқинроқ тушунтириш бўлади. Қонуний, лекин хато қарорлар оқибатида "тугатилди".

2023 йил бюджетида 250 трлн.сўмлик активларга эга фонднинг тушумлари 11,7 трлн сўм кўрсатилган бўлса, чиқимлари ҳам шунча миқдорда акс этган. 2024 ва 2025 йиллар прогнозларида фонднинг тушумлари муттасил камайиб боради, чиқимлари эса каррасига ошади ва фарқлик 2 баробарга етади. 2017 йилни 87 трлн.сўм фойда билан билан ёпган фонд, 2022 йил 9 ойини деярли 3 триллион зарар билан якунлаган. Яъни капиталнинг фаол емирилиши бошланган.

Фонд автономлигини бекор қилиниши, уни консолидацияланган бюджетнинг бир қисмига айлантириш, маблағларни пала партиш, самарасиз, иқтисодий асосланмаган, популистик йўналишларга сарфлаш, мажбуриятлар ва активларнинг даромад ва харажат, муддатлар, валюталар қирқимидаги диспропорцияси, бугуннинг тушумларини бугун ишлатиш сиёсати оқибатлари мана энди яққол кўрина бошлаяпти. Фонд ўзининг аввалбошдан белгиланган фунционаллигини сақлаб қолганида эди даромади харажатига тўғри келмай қолган, иқтисодий ўсиш секинлашган ва ташқи молиялаш манбалардан узилган 2023 йилда жуда асқотиши мумкин эди. Буёғига Ўзбекистон ҳар қандай ички ва ташқи чақириқларни жуда оғир ўтказади. Оқибатлар билан ўтказади.

Энди фонднинг қолган активлари ва мажбуриятларини масалан, Молия вазирлигига ўтказиб юборилса, пул оқимларини алоҳидалаштирмасдан бюджетда акс эттирса бўлаверади. Юқорида қайд этганимиздек, уни фонд деб аташга ҳам ҳеч қандай зарурият қолмаган.

Лекин ФРРУ тарихимизда қолади. Нима қилиш керагу, нима қилмаслик кераклиги тўғрисида жуда қиммат хато сифатида тарихимизда қолади.
"UDEA"нинг Буюк Британияда ўтказилган дастури муваффақиятли якунланди

Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университети
(UDEA) томонидан Буюк Британиянинг нуфузли – Ковентри университети билан биргаликда “Банкларда комплаенс бўйича профессионал курс” қисқа муддатли ўқув курси ташкил этилди.

Ушбу ўқув курси тижорат банкларининг рискларни бошқариш ва ғазначилик бўлинмалари ходимлари учун мўлжалланган бўлиб, тингловчиларга тижорат банкларида санкцияларга риоя қилиш (“Комплаенс”) билан боғлиқ операцион ва молиявий рискларни тушуниш, таҳлил қилиш ва рискларни камайтириш бўйича билим ва кўникмаларни шакллантириш мақсадларини ўзида жамлаган.
Ўқув курсига жорий йилнинг 6-декабрь куни Тошкент шаҳрида старт берилди, 9-декабрдан бошлаб машғулотлар бевосита Ковентри университетида (Буюк Британия) давом этди.

Дастур якунида тингловчилар Ковентри университетининг сертификатлари билан тақдирланишди!

Telegram | Instagram | Facebook
Мурожаат учун:
☎️ +998 78-888-08-00

реклама
Монополист ва олигархларнинг дўсти бўлган ўзбек чиновникларига керак бўлганида 4 соатда бюджетни тасдиқлашади, халққа оид масала бўлса 4 йил ҳам етмайди

Севимли монополистларга субсидия ажратиш, олигарх дўстларга буюртмаларни кафолатлаш ва умуман мафкураси йўқ, лекин ўзлаштиришга асосланган Бюджетни бир овоздан тасдиқлаш бўйича мутлақ рекорд ўрнатиб, оғалари Россия думасининг натижаларини ҳам бир тупуриб ортда қолдиришганидан хабарингиз бор.

Лекин халққа оид нимадир енгилликни кўда тутадиган таклифлар ё топшириқлар ижроси йиллаб кутилади.

Мана масалан, истеъмол кредитини ишлаб чиқарувчидан ёки реализация қилувчи ташкилотдан фақат Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган истеъмол товарларини сотиб олиш учун бериш тўғрисидаги талабларни бекор қилиш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинганига тўрт йилу икки ойдан ошди.

Бу ҳақдаги Ҳукумат қарорида ижро учун аниқ муддат белгиланганига 2,5 йилдан ошди.

Жамоатчиликнинг қайта ва қайта эслатишларидан кейин тегишли қонун лойиҳаси тайёрланганига яқинда 4 ой бўлади.

Истеъмол кредити тўғрисдаги қонунга ўзгартиришлар ПАРАламентда муҳокамага киритилганига яқинда бир ой бўлади. Айтгандек, лойиҳа 4 соатда тасдиқланган бюджетдан аввалроқ киритилган.

Сизда савол туғилиши мумкин:

Нимага Президент фармони, ҳукумат қарори ва жамоатчилик маъқуллаган лойиҳа бўла туриб шу учта сўзни алмаштириш билан боғлиқ қонун тақа тақ тўхтаб турипти. 4 йилдан бери яна?

Чунки бу қонун қабул қилинса, паразит монополистлар ва маҳаллийлаштириш шиори билан халқни талаётган олигарх ўғриларнинг нони яримта бўлади. Бу қонун қабул қилинса, оддий халқ кредит ҳисобига хорижда ишлаб чиқарилган ёки фуқаролар ихтиёрида бўлган товарларни комиссионерсиз сотиб олаверади. Фоизлар ва комиссиялар арзонлашади. Асосийси халқда танлов бўлади. Лекин бунга йўл қўйиб бўладими?

Ахир Янги Ўзбекистонда энг аввал монополист ва олигарх ўғрилар манфаатлари устуворку!. Улардан қандайдир нушқутлар қолсагина, кейин қора халққа увоқлар улоқтирилади.

Тўғриси, ҳозир ҳам нимадир ўзгариш бўлишига ишонмайман. Ё лойиҳа халқ номидан вакиллик қила оладиган битта депутат қолган қонунчилик палатасида қотиб қолади, ёки ҳеч ким сайламаган уйқучи сенаторлар тарафидан орқага қайтарилади.

Мавзу бўйича аввалги постлар:
Биринчиси.
Иккинчиси.
Учинчиси.
Тўртинчиси.
Бешинчиси.
Етим халқнинг етим қонуни

Депутат Дониёр Ғаниев юқоридаги етим лойиҳа ҳақида ёзмоқда:

"...Лойиҳа кирганига бир ой бўлди. Бюджет билан бирга қабул қилиниши керак эди. Лидеп фракцияси лойиҳани қўллаб, 2-ўқишга маъқуллаб берганди. Лекин негадир кун тартибидан "тушиб қолди".

Авваламбор, Дониёр Ғаниевга очиқлик ва аниқлаштирувчи муносабат учун раҳмат. Айтинг, айтинг, бунақа позициялар ихтиёрий-мажбурий равишда қувилиш билан якунланмасин.

Энди тасаввур қилишингиз учун айтаман. Агар қайсидир ўғри олигарх ёки паразит монополист (янги Ўзбекистон шуларнинг томорқасига айланиб қолди) манфаатлари билан боғлиқ қонун лойиҳаси бўлганида ҳукуматнинг бутун состави Қонунчилик палатасига келиб ётиб олишган бўларди. Токи уч ўқиш якунланмагунича Қўмиталардан вазирлар, фракция кабинетларидан замвазирлар чиқишмасди.

Эсингиздадир, мажлисда Uzauto motors ёки Ўзавто вакилларининг ўзи йўқ, кўндаланг қўйиб, келишмаган, ҳатто онлайн уланишни лозим топишмаган. Лекин ҳукуматнинг бутун состави паразит монополистга 226 млрд.сўм ажратиш масаласини жон жаҳди билан ҳимоя қилди. Мана, ишонмасангиз, қайтадан кўринг.

Истеъмол кредити ҳисобидан харид қилинаётган товарлар ва хизматлар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган бўлишига оид чекловларни олиб ташлаш масаласи эса етим масала, етим қонун. Етим халқнинг етим қонуни. Ҳукуматнинг биронта вакили келиб ҳимоя қилишни лозим ҳам топмаган. Бу биринчи сабаб.

Иккинчи сабаб
, буниям эҳтимоли жуда катта, Ўзбекистоннинг сўриб ётган ўғри олигархия ва паразит монополистлар битта қўнғироқ билан шунчаки масалани пайсалга солиб туришни сўраган бўлишлари ҳам мумкин. Бунинг учун баъзида қўнғироқ ҳам шартмас, профиль қўмитага ёки қайсидир фракцияга биттагина смс ҳам кифоя.

Орзудаги Ўзбекистонда ўғри олигархлар, агар халқдан ўмарган бор мол-мулкини халққа топширмаса, қамоқда ўтиради, паразит монополистларнинг куни триллионлаб штраф тўлаш билан ўтади. Лекин унгача ҳали жуда узоқ. Унгача халқ етим. Унинг хоҳишлари ҳам.