🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
261 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
2:32.
قَالُوا سُبْحَانَكَ لَا عِلْمَ لَنَا إِلَّا مَا عَلَّمْتَنَا إِنَّكَ أَنتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

Оят: [Фаришталар] дедилар: “[Эй Аллоҳ] — Сен [барча айбу нуқсонлардан] Поксан! Биз, Сен билдирган илмдан бошқа илмга эга эмасмиз. Дарҳақиқат, Сен [энг мукамал равишда] Билувчи, [энг олий] Ҳикмат Эгасидирсан.

Тафсир: [Фаришталар Аллоҳга жавоб бериб: “Эй Роббимиз! Сен пок ва шарафлисан! Бизни Сенга эътироз билдиришга, ва Сенинг иродангга қарши чиқишга ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ. Бизларга, Сен Ўзингнинг раҳматинг ва кароматингдан ўргатганган нарсалардан бошқаси маълум эмас. Бироқ Сенга, бутун жонзотлар ҳақидаги илмлар маълум ва осмонлару ердаги, ҳаттоки энг майда зарралар ҳам Сенинг илминг остидан чиқиб кета олмайди. Сен энг комил ҳикмат Соҳибисанки, у Сенинг барча махлуқотларинг ва буйруқларингга тааллуқлидир. Сен яратган мавжудотлар ва Сенинг амрларинг илоҳий ҳикмат ва донолик билан тўлиб тошгандир.
Ҳикмат — деганда, барча нарсани ўзини ўрнига, ўз мақомига қўйишлик назарда тутилади. Малоикалар Аллоҳ Таъалонинг мукаммал илми ва илоҳий ҳикматини эътироф қилдилар, ҳамда ўзларининг ҳаттоки энг кичик нарсаларни мустақил билишдаги ожизликларини тан олдилар. Уларга, авваллари билмаган нарсаларини билдиришлик билан, Аллоҳ Таъало Ўзининг улкан раҳматини кўрсатганига амин бўлдилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:33.
قَالَ يَا آدَمُ أَنبِئْهُم بِأَسْمَائِهِمْ فَلَمَّا أَنبَأَهُم بِأَسْمَائِهِمْ قَالَ أَلَمْ أَقُل لَّكُمْ إِنِّي أَعْلَمُ غَيْبَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَأَعْلَمُ مَا تُبْدُونَ وَمَا كُنتُمْ تَكْتُمُونَ

Оят: У [Аллоҳ] деди: “Эй Одам, улар [фаришта]ларга, [улар билмаган] ўша [нарса]ларнинг исмларидан хабар беринг”. Ва қачонки у [Одам] уларга ўша [нарса]ларнинг исмларини айтиб берганида [ва Одамнинг фаришталардан устунлиги билинганда], У Зот [Аллоҳ] айтди: “Мен сизларга айтмаганмидим, осмонлару ернинг ғайбларини, ҳамда, сизларнинг ошкора қилган ва махфий нарсаларингизни биламан, деб”.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Одам (алайҳис-салом)га, фаришталар санаб беролмаган нарсаларнинг номларини айтиб беришни буюрди. Одам Роббисини айтганини қилди ва малоикалар унинг фазилати, ҳикмати ва устунлигига амин бўлдиларки, мана шунинг учун Аллоҳ Одамни ер юзида халифа қилмоқчи эканлигига шубҳалари қолмади. Аллоҳ Таъало эса, фаришталарга юзланиб: “Мен сизларга, осмонлару ернинг яширин, пинҳон нарсалари ҳақида (сизлардан) яхшироқ биламан деб айтмаганмидим?! Мен сизларнинг ошкор қилган ва махфий қилган нарсаларингиздан хабардорлигимни билмаганмидингиз?!”, деди. Бу оятдаги “ғайб”, ёки “ғойб” деб, бизнинг кўзимизга кўринмаган ва биз уни идрок эта олмаган ҳамма нарсага айтилади. Ва агар Аллоҳга барча яширин нарсалар маълум бўлса, у ҳолда, аниқ ва ошкор нарсалар У Зотга аллақачон маълумдир]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:34.
وَإِذْ قُلْنَا لِلْمَلَائِكَةِ اسْجُدُوا لِآدَمَ فَسَجَدُوا إِلَّا إِبْلِيسَ أَبَى وَاسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنَ الْكَافِرِينَ

Оят: Ва қачонки биз фаришталарга [буюриб]: “Одамга сажда қилинглар”, деганимизда, улар [дарҳол] саждага эгилдилар, магарам, Иблис такаббурлик [катта кетишлик] билан [Одамга саждга қилишдан] бош тортди ва кофирлардан бўлди.


Тафсир: [Аллоҳ Таъало Одамга иззат-икром кўрсатиш мақсадида, фаришталарни унга сажда қилишга буюрди. Бу Аллоҳ Таъалога нисбатан кўрсатилган итоат ва ибодат эди, шунинг учун фаришталар ўша заҳотиёқ Одамнинг олдида саждага эгилдилар, бироқ Иблис буни қилмади. У мутакаббирлик билан Аллоҳ Таъалонинг фармонини бажаришдан бош торди ва ўзича: “Мен Одамдан устунроқман”, деган қарорга келди. У Роббисининг бу буйруғига жавобан: «Наҳотки мен, Сен уни лойдан яратган хилқат олдида бош эгсам» (17:61), деб ўжарлик билан оёқ тираб туриб олди. Иблиснинг бу такаббурлиги ва итоатсизлиги, у авваллари ботинида яшириб юрган куфрнинг ошкор бўлиши эди. Содир бўлган воқеа, унинг Аллоҳга ва Одамга бўлган адоватини намойиш қилишга мажбур қилди ва қалбидаги куфр ва манмансирашни яққол кўрсатиб қўйди. Бу улуғвор оятлардан жуда кўплаган фойдали хулосалар чиқариш мумкин.
Биринчидан: Аллоҳ Таъало нутққа, сўзлашга қодир. Унинг нутқ сифати бор ва у ҳамиша У Зотга хос сифатлардан бўлган. Аллоҳ Таъало хоҳлаганини гапирадиган, ифода қилаоладиган Зот.
Иккинчидан: Аллоҳ Таъало — ҳар бир нарсадан хабардор ва улуғ ҳикмат Соҳибидир. Ва агар бандаларига Аллоҳ Таъалонинг баъзи бир махлуқотларини яратишдаги, ёки қайсидир амру фармонларининг нозил қилишдаги ҳикмати тушинарсиз бўлса, улар Роббиларининг иродасига бўйсуниб, нуқсонни ўзларининг ақлларидан излашлари ва Аллоҳ Таъалонинг ҳикмати ва донолигини тан олишлари шарт.
Учинчидан: Аллоҳ Таъало малоикаларга: таълим бериш орқали, улар билмаган нарсаларни уларга билдириш орқали ва улар эътибор қилмаган нарсаларга уларнинг диққатларини тортиш орқали, Ўзининг раҳмати ва лутфини кўрсатган Зотдир.
Бу қуръоний қиссада яна илмнинг фазилати ва юқори мавқеига урғу берилган, зеро:
Биринчидан, Аллоҳ Таъало фаришталарга Ўзининг мукаммал билими ва буюк ҳикматини намойиш қилди;
Иккинчидан: Одамнинг фаришталардан устунлиги, унинг улардан кўра кўпроқ билимлилигида ва бу хислат банданинг ҳақиқий фазилатларидан.
Учинчидан: Аллоҳ Таъало фаришталарга Одамнинг олдида сажда қилишга буюрганини боиси, токи фаришталар унга ўзларининг эҳтиромини кўрсатсинлар ва унинг билимларини юқори баҳоласинлар.
Тўртинчидан: Агар бирон киши бошқаларга, улар авваллари билмаган нарсаларни ўргатса, у ҳолда, унинг ўша ўқувчилардан устунлиги сақланиб қолади, чунки у, бу илмларни улардан аввал эгаллаган.
Бу тарихий воқеа бизни кўп ўй-фикрларга чўмдиради ва инсоннинг аждоди билан жинларнинг аждоди эга бўлган сифатлари устида тадаббур қилишга ундайди. Яъни, бир томондан, бу қиссада Одам (алайҳис-салом)нинг гўзал фазилатлари ва меҳрибонлиги ҳақида айтилган бўлса, бошқа томондан Иблиснинг инсонга туйган қаттиқ адовати ва нафратини зикри келган. Ва албатта бу қиссадан яна кўплаб фойдали хулоса ва ечимларга келиш мумкин.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:35
وَقُلْنَا يَا آدَمُ اسْكُنْ أَنتَ وَزَوْجُكَ الْجَنَّةَ وَكُلَا مِنْهَا رَغَدًا حَيْثُ شِئْتُمَا وَلَا تَقْرَبَا هَذِهِ الشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ الظَّالِمِينَ

Оят: Ва дедик: “Эй Одам, сен ва жуфтинг жаннатни маскан қилиб олинглар ва ундан (кўнглингиз) истаган нарсалардан хоҳлаганингизча енглар, бироқ мана бу дарахтга яқинламангларки [акс ҳолда Аллоҳнинг тоатидан чиқиб] золимлардан бўлиб қоласиз.

Тафсир: [Одамни яратиб ва унинг фазилатларига далолат қилувчи нарсаларни келтирганидан сўнг, Аллоҳ Таъало Одамга яна бир улкан марҳаматини кўрсатди, яъни, унинг учун, ўзидан жуфтини яратиб бердики, Одам бу жуфти ҳалолида сокинлик, хотиржамлик топсин ва у билан мулоқотда бўлсин. Аллоҳ Таъало уларга жаннатда яшашларига ва ажойиблиги билан хайратга солувчи жаннатнинг мева-ю ширинликларини хоҳлаган еридан ейишларига изн берди. Аллоҳ Одамга деди: «Унда [яъни, жаннатда] сен оч-яланғоч қолмассан. Унда ташналик ва иссиқдан азият чекмассан» (20:118–119). Аммо шу билан бирга, жаннатнинг дарахтларидан бир дарахтга яқинлашиш улар учун таъқиқланган эди. Бу дарахтнинг номи нима, меваси қандай, шакли қанақа — бу ҳақдаги энг батафсил билим фақат Аллоҳга тегишлидир. Аллоҳ Таъало уларга бу дарахтга яқинлашишларини таъқиқлашини сабаби, балки уларни имтиҳондан ўтказмоқчи бўлганидир, ёки қайсидир бошқа сабаб биландир — буниси бизга қоронғу. Уларга огоҳлантириб айтилдики, агар улар Аллоҳнинг амрига осийлик қилсалар, батаҳқиқ, золим гуноҳкорлар қаторида бўлиб қолишлари аниқ. Бу ҳолдаги огоҳлантириш, таъқиқнинг қатъийлигига ишора эди. Аммо бу ҳақда инсоннинг ёвуз душмани хабар топди дегунча, у Одамни ва унинг жуфтини қаттиқ васвасага сола бошлади. Иблис бу жуфтликни шу қадар гўзал ваъдалар билан фитна қилиб, ўша дарахтнинг мевасидан еб кўришларига таклиф қилдики, охир-оқибат улар бу васвасаларга бўйсундилар. Аллоҳ Таъало деди: «Бас, шайтон уларнинг ўзларидан тўсилган авратларини очиб ташлаш учун уларни васваса қилди ва: «Роббингиз сизга ушбу дарахтни, сизларни фаришталардан бўлмаслигингиз, ёки абадий ўлмайдиганлардан бўлмаслигингиз учунгина ман қилди», деди. Уларга қасам ичиб: “Дарҳақиқат, мен сизларга (холис, яхшилик тиловчи) насиҳатгўйларданман”, деди. (Шундан кейин) алдов билан (аста-секинликни ишга солиб) уларни (яъни, жуфтликни) жаннатдан чиқарди, ёки гуноҳ қилишларига тарғиб қилди. Ва қачонки, икковлари (таъқиқланган) дарахтнинг мевасидан тотиб кўрганларида, авратлари (очилиб) кўриниб қолди ва ўзларини жаннат барглари билан тўса бошладилар. Шунда Роббилари уларга нидо қилиб: «Сизларга ўша дарахтни (мевасидан ейишни) таъқиқламаганмидим ва батаҳқиқ, шайтон иккалангизга ҳам очиқ душмандир, демаганмидим?!» деди» (7:20–22).
Одам ва унинг завжаси, шайтоннинг ёлғон ваъдаларига ишониб қолдилар ва унинг маслаҳатига қулоқ солдилар. Шайтон бор кучини ишга солиб, Одамни унинг жуфти билан, лаззат ва тўкин-сочинлик диёридан чиқариб, тинимсиз меҳнат ва қийинчиликлар масканига туширишга муваффақ бўлди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:36.
فَأَزَلَّهُمَا الشَّيْطَانُ عَنْهَا فَأَخْرَجَهُمَا مِمَّا كَانَا فِيهِ وَقُلْنَا اهْبِطُوا بَعْضُكُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ وَلَكُمْ فِي الْأَرْضِ مُسْتَقَرٌّ وَمَتَاعٌ إِلَى حِينٍ

Оят: Шайтон уларни [иккаласини] шу дарахт[нинг мевасини ейишга васвас қилиш] билан йўлдан оздирди ва уларни у ердан [жаннатдаги масканларидан] чиқарди [яъни, жаннатдан чиқишларига сабаб бўлди]. Ва биз [уларга нидо қилиб] дедик: “Баъзингиз, баъзингизга душман бўлган ҳолингизда [жаннатдан, ерга] тушинг. Ер юзи сизлар учун муайян муддатга қарор топиш жойи ва манфаатланадиган нарса қилиб қўйилади.

Тафсир: [Одам (алайҳис-салом) ва унинг зурриётлари, Иблис учун ва унинг авлодлари учун [абадий, ашаддий] душманга айландилар. Маълумки, агар бир кишининг қалбида, бошқа кишига нисбатан душманлик бўлса, у унга қўлидан келганки ёмонликни қилади. Ҳар қандай йўллар билан бўлмасин, душманлар бир-бирларига зарар етказишга ва бир-бирларини яхшиликдан маҳрум қилишга уринадилар. Бу дегани, энди Одамнинг авлодлари шайтондан огоҳ бўлишлари керак. Ахир Аллоҳ Таъало очиқ-ойдин баён билан айтиб қўйди-ку: «Дарҳақиқат, шайтон сизларга [очиқ-ойдин, ашаддий] душман, бас, унга душманга муомала қилгандай, муомалада бўлинг. У ўзининг ҳизбини, улар қаттиқ қизитилган дўзаҳ аҳлидан бўлишларига чорлайди» (35:6); «Наҳотки сизлар Мени [Аллоҳни] қўйиб уни [шайтонни] ва унинг зурриётларини дўст [валий] қилиб оласизларми?! Ваҳоланки, у сизларга душмандир! Бу золимлар учун нақадар ёмон алмашинув [бадал]дир» (18:50).
Сўнгра Робб Таъало, уларнинг тушар жойлари бўлган ерни зикр қилди. Ер улар учун бир қароргоҳ қилиб қўйилдики, уларга ажратиб қўйилган муддат ичида унда яшаб, унинг неъматларидан баҳраманд бўлишлари керак эди. Муддатлари тугагач эса, улар учун яратиб қўйилган ва қайси маскан учун яратилган бўлсалар, ўшанга қайтишлари керак эди. Ер юзи улар учун вақтинчалик яшаш жойидирки, у уларнинг доимий, абадий маконлари эмас, балки охиратга заҳира тўплаб оладиган бир ўрталиқ холос, бамисоли кўприкдек жой, аммо унда абадий қоладигандек уйлар, қаслару, оқсаройлар қуриб, унда қолиб кетадиган маскан эмас эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:37
فَتَلَقَّى آدَمُ مِن رَّبِّهِ كَلِمَاتٍ فَتَابَ عَلَيْهِ إِنَّهُ هُوَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ

Оят: Бас, Одам ўз Роббисидан [тавба] калималарини қабул қилиб олди ва У Зот уни [Одамни] тавбасини қабул қилди. Албатта, У [Аллоҳ] тавбаларни [ҳамиша, кўп-кўп] қабул қилувчи, ўта раҳмли Зотдир.

Тафсир: [Одам (алайҳис-салом) Аллоҳ Таъало унга илҳом қилган тавба сўзлари (калималари)ни ёдлаб олди. Бу сўзлар: «Роббимиз! Албатта, биз ўз нафсимизга қаттиқ зулм қилувчилардан бўлдик, ва агар Сен бизларни кечирмасанг ва раҳматингга олмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қоламиз» (7:23). Одам ўзининг зиллатини (гуноҳини) тан олди ва Аллоҳдан кечирим сўради, Аллоҳ эса унинг гуноҳини кечириб, уни раҳматига олди. Албатта, кимки қилиб ўтган жиноят ва ёмон қилмишларидан тавба қилса ва Роббисининг йўлига қайтса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилмай қўймайди ва бу илоҳий сифат икки шаклда намоён бўлади:
Биринчиси: Аввалда Аллоҳ Таъало ўз бандасини [гуноҳларидан] тавба қилишга илҳомлантиради, тарғиб қилади;
Иккинчиси: Агар банда бу илҳомлантиришга бўйсуниб, тавбанинг барча шартлари ва талабларига амал қилгани ҳолда Аллоҳга қайтса, Аллоҳ уни тавбасини қабул қилади. Шунингдек, Аллоҳ Таъало меҳрибон ва раҳмли Илоҳдир ва Унинг раҳмлилиги ҳам икки нарсада кўринади:
Биринчиси: Аллоҳ ўз бандаларини тавбага чақиради, тавбанинг барча эшик ва йўлларини уларга очиб беради ва бор имкониятларни уларга яратиб беради;
Иккинчиси: Бандалари бу имкониятларни олиб, Аллоҳга ҳақиқий тавба (тавбатун-насуҳ — гуноҳга қайтмас тавба) билан келса, Аллоҳ уларни кечиради.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:38
قُلْنَا اهْبِطُوا مِنْهَا جَمِيعًا فَإِمَّا يَأْتِيَنَّكُم مِّنِّي هُدًى فَمَن تَبِعَ هُدَايَ فَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

Оят: Биз [яъни Аллоҳ] дедик: «Ундан [жаннатдан] ҳаммангиз [ерга] тушинглар. Бас, Мендан сизлар [ва сизларнинг авлодларингиз]га [ҳақнинг йўли кўрсатилган] ҳидоят келган вақтида, ким [Аллоҳнинг китобига иймон келтириш ва ундаги кўрсатмаларга амал қилиш билан] Менинг ҳидоятимга эргашар экан, уларга [келажакда, охират ҳаётида рўй берадиган нарсада] қўрқув йўқ ва улар [ҳаёти дунёда қўлдан бой берган нарсаси учун] махзун бўлмаслар.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:39.
وَالَّذِينَ كَفَرُوا وَكَذَّبُوا بِآيَاتِنَا أُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

Оят: [Аммо, Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига ва охират кунига] куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарадиганлар — улар олов [жаҳаннам] аҳлидандирки, улар унда абадий қолажаклар.

Тафсир: [(Аввалги оятда) Аллоҳ Таъало Одам ва унинг жуфтини ерда яшашларини, Роббиларидан берилган ҳақ йўл ва ҳидоят билан боғлаш учун, яна бир бор уларнинг ерга тушишларини зикр қилди. Эй инсонлар ва жинлар! Аллоҳдан сизларга қайси вақтда ҳақ кўрсатма келмасин, Аллоҳнинг элчиси ﷺ, сизларни Аллоҳга яқинлаштирувчи ва У Зотнинг ризолигига эришишга ёрдам берувчи ойдин китоб билан қай вақтда келмасин — унга эргашинглар. Кимки [шу ҳидоятга] эргашар экан, Аллоҳнинг элчисига ва у олиб келган китобга иймон келтирар экан, кимки пайғамбарнинг насиҳатларига амал қилиб, ундан келган барча ваҳий ва саҳиҳ хабарларни тасдиқлар экан, шу билан бирга, китобнинг мавъизаларига амал қилиб, барча таъқиқланган нарсалардан четланар экан [билиб қўйсинки], у ҳеч қачон [на бу дунёда, ва на охиратда] қўрқув [нималигини] билмайди ва махзунликка тушмайди.
Шу оятга ўҳшаш бошқа бир оятда Аллоҳ Таъало деди: «Ундан [жаннатдан] ҳаммангиз [ерга] тушинглар. Бас, Мендан сизларга ҳидоят келган вақтида, ким Менинг ҳидоятимга эргашар экан, у ҳеч қачон адашмайди ва бадбахт бўлмайди. Аммо кимки Менинг эслатмамдан юз ўгирар экан [огоҳ бўлсинки], уни тор (танг, қийинчиликлар билан тўлган) ҳаёт кутмоқда, қиёмат куни эса, уни сўқир [кўр] ҳолда тирилтирамиз» (20:123–124).
Бу оятларда Аллоҳ Таъало бизларга хабар беришича, ҳидоятни, ҳақ йўлини қабул қилиш, инсонга тўртта имтиёзни беради:
Энг аввало, у қўрқув ва махзунликдан халос бўлади. Агар инсон ўтмишда мусибатларни бошдан кечирган бўлса, бу нарса уни махзунликка, қайғуга солади; ва агар келажакда бир ёмон ишнинг содир бўлиши кутаётилаётган бўлса, бу инсон қалбида хавф, қўрқувни пайдо қилади. Энди ҳақ йўлида собитқадамлик билан турган кишига, на махзунлик, ва на қўрқув етмаслиги ҳақида Аллоҳ Таъало айтдиб, ваъда бериб қўйди. Бу эса, бундай кишига қўрқув ва махзунликка қарама-қарши турадиган икки нарса, яъни: омонлик ва саодат берилади деганидир. Ҳидоятга [қунт билан] эргашар экан, батаҳқиқ, инсон — ҳаёти дунёда ҳам, ўлимдан кейин ҳам, омонликка эришади ва бахт-саодат топади. Унинг қалбини, қўрқувнинг ҳар қандай тури тарк этади, у қайғудан халос бўлади ва адашиб, бадбахт бўлиб кетишликдан тамомий қутулади. Инсонга энг суюмли ва хоҳишли бўлган ҳамма нарсаларни қўлга киритиб, барча дахшатли ва ёмон нарсалардан нажот топади.
Бироқ, агар инсон ҳидоятга эътиборсизлик, лоқайдлик қилар экан, иймон келтиришдан бош тортиб, илоҳий оятларни инкор қилар экан, уни бутунлай бошқача ҳаёт кутмоқда. Шунинг учун, кейинги оятларда Аллоҳ Таъало, жаҳаннам аҳлининг оловдан ҳеч қачон чиқиб кета олмасликлари ҳақида хабар берди. Улар жаҳаннамнинг қийноқлари билан шунчалар яқинлашиб кетадиларки, худди энг яқин дўст-биродарлар ажралмас бўлганлари каби, ундан асло ажралмайдилар. Уларнинг дўзаҳдан чиқишга имконлари бўлмайди, азоблари енгиллатилмайди ва ҳеч ким уларга бирон ёрдам кўрсата олмайди. Шу ва шунга ўхшаш бошқа оятларда, Аллоҳ Таъало инсонлар ва жин тоифасини — бахтлилар ва бадбахтларга бўлиб юборган. Оятларда ҳар иккала гуруҳнинг сифатлари келтирилганки, бу сифатлари уларни айтиб ўтилган ҳаёт ва тақдирга маҳкум қилади. Оятлардан яна шундай хулоса чиқариб олиш мумкинки, жинлар, худди инсонлар каби диний мажбуриятларни адо этишлари ва таъқиқланган нарсалардан ижтиноб қилишлари шарт ва шубҳасиз, улар ҳам (инсонлар каби) ўзларига тегишли жазо, ёки мукофот билан тақдирланадилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:40.
يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اذْكُرُوا نِعْمَتِيَ الَّتِي أَنْعَمْتُ عَلَيْكُمْ وَأَوْفُوا بِعَهْدِي أُوفِ بِعَهْدِكُمْ وَإِيَّايَ فَارْهَبُونِ

Оят: Эй Исроил [яъни, Яъқубнинг] ўғиллари! Менинг сизларга [кўп маротаба] кўрсатган неъматларим [қанчалар улуғ бўлгани]ни эсга олинглар ва Менга [китобларим ва пайғамбарларимга иймон келтиришингиз, ҳамда кўрсатмаларимга амал қилишингиз ҳақидаги] берган аҳдингизга [жиддийлик, қунт билан] вафо қилинг, шунда Мен ҳам сизга берган аҳдимга вафо қиламан [яъни, бу дунёда ваъда қилинган марҳамат билан сизларни сийлаб, охират диёрида эса сизларга омонлик, нажот бераман] ва фақат Мен [Аллоҳ]дангина хавфсираб туринглар [яъни, агар аҳдни бузиб, кофирликка кетсангиз, Менинг интиқомим, азобимдан огоҳ бўлинг].

Тафсир: [Аллоҳ Таъало бани Исроилга, уларга кўрсатилган буюк марҳаматлар ҳақида эслатди. Исроил — бу, Аллоҳнинг пайғамбарларидан бўлган Яъқуб (алайҳис-салом)нинг яна бир исми ва қачонки Аллоҳ Таъало Исроил ўғилларига нидо қилса, Мадина ва унинг атрофларида яшаган (яҳудийлар) назарда тутилади. Аллоҳ Таъало уларга бир буйруқ билан мурожаат қилди ва Роббиларидан берилган барча неъматларни ёдга олишларини амр қилдики, уларнинг баъзилари ушбу [Бақаро] сурасида санаб ўтилган. Аллоҳнинг марҳаматларини ҳамиша эсга олиб юриш учун эса, инсон уларни энг аввало қалби билан тан олиб, Аллоҳни [бу марҳаматлар учун] тил билан мақтаб, олқишлаб, сўнгра эса, ўша ато этилган неъмат ва яхшиликларни Аллоҳ суйган ва рози бўлган солиҳ ишларга ишлатиши шарт. Уларга Роббилари билан тузган аҳдномага вафо қилишлари буюрилди. Бу дегани, улар Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтиришлари ва У Зотнинг динида ўрнатилган низом ва қонун-қоидаларга амал қилишлари шарт, бунинг оқибатида эса, уларга кароматли ажр-мукофотлар ваъда қилинган эди. Бу аҳднома ҳақида Аллоҳ Таъало [бошқа бир оятда] шундай деди: “Дарҳақиқат, Аллоҳ Исроил ўғилларидан аҳднома олди. Улар орасидан ўн иккитасини йўлбошчи (раҳбар) қилиб юбордик. Аллоҳ деди: “Албатта, Мен сизлар биланман! Агар намозни [ўз вақтида, мунтазам] барпо қилсангиз, закотни (тўкис) адо этсангиз, элчиларимга иймон келтирсангиз, уларга ёрдам кўрсатиб, Аллоҳга қарзи ҳасана берсангиз, батаҳқиқ, сизларни саҳв-хатоларингизни кечираман ва остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилурман. Аммо, сизлардан кимки шундан кейин ҳам кофир бўлиб кетадиган бўлса, батаҳқиқ, у ҳақ йўлидан адашибди» (5:12).
Бундан ташқари, Аллоҳ Таъало бани Исроилга шундай бир амалга ишора қилдики, агар уни бажарсалар, Аллоҳнинг аҳдига вафо қила олган бўлардилар. У Зот уларга [ҳақиқий тақво билан] фақат ягона Роббиларидангина қўрқишларини буюрди, чунки У Зотдан қўрқишлик, инсонни Яратувчисининг амрларини адо этиб, қайтариқларидан қайтишга ундайди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:41.
وَآمِنُوا بِمَا أَنزَلْتُ مُصَدِّقًا لِّمَا مَعَكُمْ وَلَا تَكُونُوا أَوَّلَ كَافِرٍ بِهِ وَلَا تَشْتَرُوا بِآيَاتِي ثَمَنًا قَلِيلًا وَإِيَّايَ فَاتَّقُونِ

Оят: Ва сизлар[нинг қўлингиз]даги нарса [яъни, таврот]ни тасдиқловчи қилиб нозил қилганим [қуръон]га иймон келтиринглар ва уни энг биринчи инкор қилувчилардан бўлманг. Менинг оятларим эвазига арзон баҳони сотиб олманг [яъни, Менинг каломимни ўткинчи дунё лаззатларига алиштирманг] ва Мендангина қўрқингиз [яъни, буйруқларимга итоат этиб, гуноҳлардан тийилинг].

Тафсир: [Аллоҳ Таъало бани Исроилга ўзига хос бир кўрсатмани нозил қилдики, унингсиз кишини иймони тўғри ва мукаммал бўла олмасди. У Зот уларга, пайғамбари Муҳаммад ﷺ га нозил қилинган муқаддас қуръонга иймон келтиришларини буюрди. Энди бани Исроил қуръонга иймон келтиришлари ва унга амал қилишлари керак эди, бу эса ўз навбатида уларни, пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺга иймон келтиришларини талаб қилар эди. Сўнгра Робб Таъало уларни иймон келтиришга ундайдиган вазият ҳақида зикр қилиб, дедики: Эй Исроил ўғиллари! Қуръони карийм сизларга нозил қилинган барча самовий китобларни тўлалигича тасдиқлайди, у уларни рад этмайди ва инкор қилмайди. Ва агар бу китоб [қуръон] сизларнинг китобларингизга ўхшар экан, уларга зид эмас экан, ҳўш унга иймон келтиришдан сизни нима тўсмоқда? Аллоҳнинг пайғамбари — Муҳаммад ﷺ, сизларга, худди аввалги пайғамбарлар олиб келган нарсани келтирмоқда ва энди сизлар унга биринчилардан бўлиб иймон келтиришинглар ва аввалгилардан бўлиб уни тасдиқлашинглар керак, ахир сизларга китоб берилган ва сизларда илм бор. Ёдингизда бўлсинки, муқаддас қуръон аввалги илоҳий китобларни ҳақлигини тасдиқлайди. Бинобарин, агар сизлар унга [қуръонга] иймон келтиришдан бош тортсангиз, демак сизларга авваллари нозил қилинган китоблардан ҳам воз кечган бўласиз. Аллоҳнинг элчиси бўлган Муҳаммад ﷺ, худди Мусо, Ийсо ва бошқа набий ва росуллар тарғиб қилган таълимот билан келди ва унга куфр келтириш, ундан аввалги китобларга куфр келтириш демакдир. Бу [сизларга нозил қилинган] китобларингизда сизлар набий ﷺнинг аниқ сифатларини ва унинг келишлиги тўғрисидаги башоратни топасизлар. Ва [билиб қўйингки] унга иймон келтиришни хоҳламаслигингиз, сизларга нозил қилинган нарсанинг бир қисмига иймон келтиришни хоҳламаслигингиздир. Энди ваҳийнинг бир қисмига ишонмаслик, унга бутунлай ишонмаслик деганидир, худди битта пайғамбарни ёлғончига чиқариш, барча пайғамбарларни ёлғончига чиқариш бўлгани каби. Иймонга келишларини амр қилгач, Аллоҳ Таъало бани Исроилни куфрдан [қатъий тарзда] огоҳлантирди. Улар учун Муҳаммад ﷺ га ва қуръони кариймга биринчилардан бўлиб куфр келтириш қатъиян ман қилинди. Аллоҳ Таъало оддийгина қилиб: “Куфр келтирманглар” деб қўйса бўлар эди, аммо Аллоҳнинг бу таъқиқлашига қаттиқ урғу берилган, зеро агар Исроил ўғиллари биринчилардан бўлиб иймон келтиришдан юз ўгирсалар ва уларга фарз қилингандек иш тутмасалар, у ҳолда улар нафақат ўзларининг гуноҳларидан, балки уларга эргашиб, уларнинг изидан юрганларнинг ҳам гуноҳларидан сўраладилар. Шундан кейин, Жаноби Ҳақ бани Исроилни иймон келтиришдан тўсиб қўйиши мумкин бўлган муҳим омилни эслатиб ўтди. У Зот уларга илоҳий оятларни арзон нарҳга сотиш йўли билан, абадий охират саодати турганда, ҳаёти дунёга устунлик беришни ман қилди. Бу арзон баҳо — юқори мансабни эгаллашлик ва дунёнинг турли ҳил лаззатларидирки, агар инсон Аллоҳга ва Унинг росулига ҳақиқий иймон келтириш билан иймон келтирса, бу нарсаларни йўқотиб қўйишдан қўрқади. Улар дунёнинг хою-ҳавасларига муккасидан кетганларидан, уларни илоҳий оятларга сотиб оладилар. Буни зикр қилгандан кейин, Аллоҳ Таъало бани Исроилга ягона Аллоҳдан тақво қилишларини буюрди, зеро тақво ва хавфсираш, инсонни Аллоҳнинг оятларини дунёнинг арзимас роҳатларидан устун қўйишига туртки бўлади. Аммо, агар инсон дунё лаззатларини [охират саодатидан] юқорига қўйса, демак тақво ва қўрқув уни қалбини аллақачон тарк этиб кетган]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:42.
وَلَا تَلْبِسُوا الْحَقَّ بِالْبَاطِلِ وَتَكْتُمُوا الْحَقَّ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ

Оят: [Мен сизларга баён қилиб берган] ҳақни [ўзингиз тўқиб чиқарган] ботилга аралаштирманг ва [ўз китобларингиздан Муҳаммад ﷺнинг ҳақлигини ўқиб] билиб турган ҳолингизда, ҳақни беркитиб олманг.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Исроил ўғилларига ҳақни ботилга аралаштиришни ва билиб туриб ҳақиқатни яширишни таъқиқлади. Аҳли китоблар ва диёнат эгалари ҳақни ботилдан ажратиб беришлари ва ҳақни яширмай, уни юзага чиқаришлари шартдир, токи солиҳ кишилар ишончлари комил бўлган ҳолда тўғри йўлдан юрсинлар, адашган, залолат тоифалари ҳаққа қайтсинлар, кофирликда ўжарлик қилувчи кимсалар эса, ўзларининг билмисизликлари билан [Аллоҳнинг хузурида] оқланиш имкониятидан маҳрум бўлсинлар. Инсонлар ҳақни ботилдан фарқлай олишлари ва гуноҳкорлар йўлини таниб олишлари учун, Аллоҳ Таъало уларга Ўзининг оятларини баён қилиб берди ва аниқ ҳукмларни нозил қилди. Агар илм эгалари бунда инсонларга ёрдам берсалар, улар пайғамбарларнинг ўринбосарлари ва ўз қавмларининг самимий насиҳатгўйларига айланадилар. Аммо, [аҳли илмлар] билиб туриб, қасддан ҳақни ботилга аралаштирсалар, унинг орасини фарқламасалар ва уларга маълум бўлган ҳақиқатни беркитсалар [ваҳоланки, улар ҳақиқатни ошкор қилишга маъмур эдилар], у ҳолда ўтли жаҳаннамга чақирувчилардан бўлиб қолишлари аниқ, зотан дин масалаларида оддий кишилар аҳли илмлардан, уламолардан намуна оладилар. Бас, аҳли илмларнинг ўзлари қайси йўл билан юришни танлаб олсинлар!]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:43.
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَارْكَعُوا مَعَ الرَّاكِعِينَ

Оят: [Сизга фарз қилинган] намозни [комил ҳолда] қойим қилинг, закотни [бахилликсиз, тўкис] адо этинг ва [энг охирги пайғамбарнинг умматидан бўлган] рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг.

Тафсир: [Намозни руҳ ва бадан билан барпо қилинг, закотни ҳақдорларга беринг ва намозхонлар билан бирга намозни адо этинг. Агар сизлар Аллоҳнинг элчиларига ва У Зотнинг оятларига иймон келтирсангиз, ҳамда зикр қилинган солиҳ амалларни бажарсангиз, Робб Таъалога қилинган самимий ибодат ва бандаларига бўлган гўзал муомалани бирлаштира оласиз. Шунингдек, юрак ибодатини, бадан ва мол ибодати билан жамлашга муяссар бўласиз. Рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилиш буйруғидан мурод — жамоат намозидир. Бунинг маъноси: жамоат намозлари — фард; рукуъ ҳам — намознинг фарзларидан бири, деганидир. Аллоҳ Таъало бутун намозни “рукуъ” деб аташлигини сабаби ҳам шу, зеро агар бирон ибодатнинг бир қисми, бутун ибодатни ифодалаш учун зикр қилинса, бу дегани, ўша қисм ўша зикр қилинган ибодатнинг фарзларидан биридир.
Таржимон изоҳи: масалан халқимизда: “Битта калла яхши, иккитаси ундан ҳам яхши” деган гап бор. Калла деганда бутунлайлигича бир инсон тушунилади, зеро инсонни калласиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ваҳоланки, калла бу инсоннинг фақат бир қисмидир. Шунга қарамай, инсон дейиш ўрнига, калла деб айтилса тўлақонли инсон тушунилаверади. Бу оятда ҳам шундай: намоз дейиш ўрнига рукуъ дейилдими, демак рукуъ намознинг энг муҳим фарзларидан ва бутун намозни ифодалайдиган қисм ҳисобланади (изоҳ тугади)]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:44.
أَتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنسَوْنَ أَنفُسَكُمْ وَأَنتُمْ تَتْلُونَ الْكِتَابَ أَفَلَا تَعْقِلُونَ

Оят: Наҳотки сизлар [эй бани Исроил] инсонларни яхшилик [солиҳ амаллар бажариш]га чақириб туриб, ўзингизни [ҳисоб-китоб қилишни] унутасизми, ахир [шу вақтни ўзида] китоб [Таврот]ни тиловат қилмоқдасиз! Ақл юргизмайсизларми?!

Тафсир: [Ақл — деб аталишига сабаб, унинг орқали махлуқотлар ўзларига фойдали бўлган нарсаларга яқинлашиб, уларга зарар келтирадиган нарсалардан четланадилар. Ақл инсонни, бошқаларни тарғиб қилган ишни биринчилардан бўлиб ўзи бажаришига чақириши ва биринчилардан бўлиб, ўзи бошқаларга таъқиқлаган нарсасидан юз ўгиришига ундаши керак. Агар инсон ўзи ҳеч қачон бажармайдиган яхшиликка бошқаларни чақирса ва ўзи бир гуноҳни [давомий равишда] қилган ҳолида, ундан бошқаларни огоҳлантирса, албатта у ақлсиз, жоҳилдир, айниқса бу ишни билиб туриб, қасддан қилса. Бундай одам ҳақиқатни билади ва билимсизлиги билан узрланиш имкониятидан (Роббисининг хузурида) маҳрум бўлади. Албатта бу оят бани Исроил ҳақида нозил қилинган, аммо унинг маъноси умумий бўлиб, у бутун одамзодга тегишлидир. Бошқа бир оятда Аллоҳ деди: «Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган ишингиз ҳақида (худди уни қилгандай) гапирасизлар? Қилмаган ишингиз[ни қилгандай] гапиришингиз Аллоҳнинг наздида энг нафратли ишлардандир» (61:2-3)
Бу оятлардан, агар инсон Аллоҳ Таъалонинг амру фармонларини адо этмаса, демак у энди инсонларни яхшиликка чақирмаслиги ва ёмонликдан қайтармаслиги керак эканда, деган хулоса чиқмаслиги керак. Бу оятларда фарз қилинган ишларни бажармаган кимсалар маломат қилинмоқда. Ахир биз яхши билган нарса, бу — ҳар бир киши нафақат ўз атрофидагиларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариши, балки энг аввало ўз нафсини ҳисоб-китобга чақириши шартдир. Ва модомики, у мана шу икки иш [яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш]дан биттасини бажармас экан, иккинчи ишни бажариш буйруғидан асло қутулмайди [яъни, ҳеч бўлмаганда, иккинчисини бажараверсин]. Бу иккала ҳукмни бажаришлик билан инсон камолотга эришади. Иккаласини тарк этишлик билан эса, тўлақонли зиёнга учрайди. Аммо, агар у биринчи ишни бажариб, иккинчисини тарк этса, комилликка эриша олмайди ва шу билан бирга қуййи мартабаларга ҳам тушиб кетмайди, балки ўрталиқ мавқеини эгаллаб туради. Бундай оятларни нозил бўлишини сабаби шуки, қалблар ҳамиша сўзи билан ишлари бир жойдан чиқмаган одамга итоат қилишдан, эргашишдан бош тортадилар ва солиҳ кишининг қуруқ сўз билан айтиб қўйган мавъизаларидан кўра, амалда кўрсатиб берган ишларидан инсонлар кўпроқ намуна оладилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:45.
وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى الْخَاشِعِينَ

Оят: Ва [тўлақонли] сабр қилиш, ҳамда намозни адо этиш орқали [ҳар бир ишингизда Аллоҳ Таъалонинг Ўзидангина] мадад (ёрдам) сўрангиз, ахир намоз хушуъли (камтар) қуллардан [бошқа барча одамзод учун], буюк [оғирлик]дир.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:46.
الَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُم مُّلَاقُو رَبِّهِمْ وَأَنَّهُمْ إِلَيْهِ رَاجِعُونَ

Оят: Улар [ўша намозларида хушуъли қуллар] ўз Роббилари билан [бир кун келиб] учрашишларига ва У Зотга қайтарилишларига ишонадиган кишилардир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало бани Исроилга, ҳар қандай вазиятда сабрнинг барча турлари орқали Роббиларидан ёрдам сўрашликка буюрди. Сабрнинг турларидан: маъсиятга рўбарў келганда, сабр билан ундан тийилишлик ва шикоят қилмаган ҳолда тақдир синовларини сабр билан бошдан кечиришликдир. Агар киши Аллоҳ Таъалонинг буйруқларини сабр-тоқат билан бажаришга ҳаракат қилса, унинг сабри, бошлаб қўйган ҳар қандай амалини охирига етказишига ёрдам беради. Ва бордию инсон ҳар қандай ҳолатларда сабрини сақлашликка уринса, батаҳқиқ, Аллоҳ унга етарли бўлган сабрни ато этади. Намоз ҳам инсонни худди шундай қўллаб-қувватлайди, ёрдам беради. У иймоннинг мезонидир, у инсонни фаҳш ва мункар ишлардан тўсиб қолувчи нарсадир ва бошлаган барча солиҳ ишларини охиригача етказишга ёрдам берувчи кучдир. Ҳақиқатдан ҳам, намоз ўта оғир фарзлардан биридир, аммо хушуъси бўлган, қалби ҳаққа эгилган қуллар учун эмас, чунки улар намозни бирон бир қийинчиликсиз, енгиллик билан адо этадилар. Уларнинг Аллоҳдан қўрқувлари, У Зотнинг олдида камтарлик, синиқлик билан туришлари, У Зотнинг ваъда қилган ажр-мукофотидан умид қилишлари, ўз намозларини жиддийлик билан, комил ҳолда, дилларида заррача тангликсиз адо этишга ундайди. Улар Роббиларидан энг гўзал ажрни кутадилар, ҳамда азобдан нажот топиш илинжида намозларини ҳимоя қиладиларки, бу сифатлардан маҳрум бўлган фосиқ кимсалардан ажралиб турадилар. Афсуски, гуноҳкор, фожир кимсалар бу гўзал фазилатлардан [ўзларининг хоҳиш-иродалари билан] жудо қилинганлар. Уларни намозга тарғиб қилувчи нарса [иймон, қўрқув, ажр умиди] йўқ, шунинг учун намоз улар учун энг оғир, энг қийин фарзлардандир. Аммо оятдаги “хушуъ” дан мурод: инсон намозни шошилмасдан, қалб ва бадан билан Аллоҳнинг олдида синиб, хорланиб, ўзининг нақадар ҳақир ва ожизлигини сезиб ва Роббиси билан бўладиган учрашувга иймонини мустаҳкамлаб адо қилишидир. Мана шунинг учун ҳам Аллоҳ Таъало, солиҳ бандалари ўз Роббилари билан учрашишларига ва қилган солиҳ амалларига тўкис ажр олишларига қатъий ишонишларини хабарини берди. Бу сифатлар мўмин кишига диний аҳкомларни бажаришни енгиллаштиради, бахтсизлик келганда унинг қалбига хотиржамлик солади, уни ғам-қайғулардан халос қилиб, гуноҳлардан узоқлаштиради. Батаҳқиқ, мўминлар жаннатнинг олий гўшангаларида, абадий роҳат-фароғатда бўладилар. Аммо, агар киши ўз Роббиси билан бўладиган учрашув [ўлим]га ишонмаса [ва унга тайёргарлик кўрмаса], шубҳасиз, бундай киши учун намоз энг оғир юк ва энг қийин вазифадир]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:47
يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اذْكُرُوا نِعْمَتِيَ الَّتِي أَنْعَمْتُ عَلَيْكُمْ وَأَنِّي فَضَّلْتُكُمْ عَلَى الْعَالَمِينَ

Оят: Эй Исроил ўғиллари! Сизларни [кўплаган] неъматлар билан неъматлаганимни ва [авваллари] сизларга [кўп китоблар нозил қилиниб, бирин-кетин пайғамбарлар юборилиб турган вақтларда] оламлардан афзаллик бериб қўйганимни ёдга олинг.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:48.
وَاتَّقُوا يَوْمًا لَّا تَجْزِي نَفْسٌ عَن نَّفْسٍ شَيْئًا وَلَا يُقْبَلُ مِنْهَا شَفَاعَةٌ وَلَا يُؤْخَذُ مِنْهَا عَدْلٌ وَلَا هُمْ يُنصَرُونَ

Оят: [Шубҳасиз рўй берадиган қиёмат] кунидан қўрқингки, [у кунда] бир жон, бошқа жонни [ўрнига] ҳеч нарсани адо қила олмайди, ундан [яъни бир жондан, иккинчисига нисбатан] шафоат ҳам қабул қилинмайди, ундан тўлов ҳам олинмайди ва уларга [Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун, ҳеч қандай] ёрдам берилмайди.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало яна бир бора Исроил авлодига, уларга [аввалдан] кўрсатилган марҳаматлар ҳақида эслатди. Бу эслатма улар учун биратўла: ҳам мавъиза, ҳам огоҳлантириш, ҳам яхши ишларга чақиришдир. Шу билан бирга, Робб Таъало уларни қиёмат куни ҳақидаги хабар билан қўрқитдики, бу кунда ҳеч бир инсон, у пайғамбар бўладими, солиҳми, ёки Аллоҳнинг тақводор бандаларидан бир банда бўладими, атрофидагиларга бирон нарса билан ёрдам беришга қодир бўлмайди, агарчи улар унинг яқин қариндошлари, оға-инилари бўлса ҳам, зеро бу кунда инсонга ёрдам бера оладиган бирдан бир нарса бу, унинг қилиб ўтган эзгу амалларидир. У кунда инсонлар Аллоҳ Таъалонинг изнисиз бир-бирларини шафоат қила олмайдилар ва шафоат изни фақат Аллоҳнинг ризолигини истаганларгагина насиб этади. Аллоҳнинг ризолигига эса, солиҳ амалларни Аллоҳнинг юзини истаб, пайғамбарнинг кўрсатмаларига мувофиқ бажариш орқали эришиш мумкин. Гуноҳкор, осий бўлган кимсалар қиёмат куннинг азобидан тўлов билан қутулиб кета олмасликлари ҳақида Аллоҳ Таъало алоҳида таъкид билан хабар берди. Қуръоннинг бошқа бир оятида Аллоҳ Таъало дедики: «Унинг [Роббиларининг] чақириғига жавоб бермаган [кофиру, фожир]лар, агар [азобдан қутулиш учун] ердаги бор нарсаларни ва яна шунчасини фидья (тўлов) сифатида берсалар ҳам, уларга ёмон ҳисоб бордир. Уларнинг қарор топар жойлари жаҳаннамдир, нақадар ёмон жойдир у» (13:18).
[Жазо кунида] кофирлардан на фидья талаб қилинмайди ва на даҳшатли, аламли азобдан уларга ёрдам берилмайди. Бу оятда, одамлар [қиёмат куни] бир-бирларига мутлақо ёрдам бера олмасликлари ҳақида айтилган. Улар ўша кунда бир-бирларига фойда келтиришга, ёки ёмонликдан бир-бирларини халос қилишга умуман қодир бўлмайдилар. Бу дегани, фосиқ ва осий бўлган кимсаларга бирон одам ўз ташаббуси билан мададкор бўла олмайди. Шу билан бир қаторда, улардан шафоат, ёки тўлов қабул қилинмайди, демак, ёрдам беришга Қодир бўлган Зотга қилган нола-ю илтижолари уларга бирон наф келтирмас экан. Аллоҳ Таъало улардан тўловни қабул қилмаслик билан бирга, уларни шафоат қилишга ҳам изн бермайди. Бу дегани, бандалар ўз умидларини махлуқотлар билан боғламасликлари керак, зеро улар на ўзларига, ва на атрофтдагиларга манфаат етказа олмайдилар. Билъакс, барчалари Аллоҳга суянишлари керакки, У Зот уларга фойда келтиришга ҳам, зарардан сақлашга ҳам қодирдир. Улар ягона Роббиларига, Унга бирон нарсани шерик қилмасдан, ибодат қилсинлар ва ўз ибодатларида У Зотдан ёрдам беришини сўрасинлар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:49.
وَإِذْ نَجَّيْنَاكُم مِّنْ آلِ فِرْعَوْنَ يَسُومُونَكُمْ سُوءَ الْعَذَابِ يُذَبِّحُونَ أَبْنَاءَكُمْ وَيَسْتَحْيُونَ نِسَاءَكُمْ وَفِي ذَلِكُم بَلَاءٌ مِّن رَّبِّكُمْ عَظِيمٌ

Оят: [Ва яна сизга кўрсатилган марҳаматлар ичида] сизларни фиравн аҳли [унинг ўзи ва лашкари]дан қутқарганимизни эсланг. Улар сизни ёмон азобларга солар эдилар, ўғилларингизни [кўпчилигини] сўйиб, аёлларингизни [ўзларига чўри қилиб олиш учун] тирик қолдилар эдилар. Ва бунда сизлар учун Роббинглар томонидан катта синов бор эди.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:50.
وَإِذْ فَرَقْنَا بِكُمُ الْبَحْرَ فَأَنجَيْنَاكُمْ وَأَغْرَقْنَا آلَ فِرْعَوْنَ وَأَنتُمْ تَنظُرُونَ

Оят: [Ва ёдингизда бўлса, эсон-омон ўтиб олишингиз учун] денгизни иккига ёриб, сизларни [ғарқ бўлишдан ва фиравннинг қўлига тушиб қолишдан] қутқардик ва кўз ўнгингизда [ортингиздан қувиб келаётган] фиравнни лашкарини сувга чўктириб юбордик.

Тафсир: [Шу оятлардан бошлаб, Аллоҳ Таъало бани Исроилга кўрсатган марҳаматларини санаш [эслатиб ўтиш]га еиришди. Эй Исроил авлоди! Аллоҳ сизларни фиравндан, унинг аҳли ва унинг қўшинидан халос қилди. Улар бошингизга улкан кулфатлар, азобу изтиробларни солган эдилар. Наслингизни давом этишидан қўрқиб, қанчадан-қанча ўғилларингизни тириклайин сўйдилар, аёлларингизни эса [ўзларининг қабиҳ, нопок истаклари учун] тирик қолдирар эдилар. Сизлардан бир тоифангизни ўлим, ҳалокат кутса, бошқа тоифани хорлик ва оғир меҳнатга маҳкумлик кутар эди. Сизларга гўёки раҳм-шафқат қилиб, сизларни тирик қолдирар эдилар, сўнгра эса қул қилиб, аямая ишга солар эдилар. Ҳақиқатдан ҳам, бу сизлар учун буюк зиллат, хорлик бўлган, бироқ Аллоҳ Таъало сизларга энг соф марҳаматини кўрсатди ва сизларни бутунлай қуллик, асирликдан халос қилди. Токи бу манзарадан қалбларингиз таскин топиб, дилларингиз ором олсин учун, душманларингиз кўз ўнгингизда чўкиб, ҳалок қилиндилар. Албатта, бу нажотга эришиш, сизлар учун улкан бир яхшилик эдики, бунинг учун Аллоҳга шукрлар келтириб, У Зотнинг амр-фармонларига бўйсунишингиз шарт эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:50.
وَإِذْ فَرَقْنَا بِكُمُ الْبَحْرَ فَأَنجَيْنَاكُمْ وَأَغْرَقْنَا آلَ فِرْعَوْنَ وَأَنتُمْ تَنظُرُونَ

Оят: [Ва ёдингизда бўлса, эсон-омон ўтиб олишингиз учун] денгизни иккига ёриб, сизларни [ғарқ бўлишдан ва фиравннинг қўлига тушиб қолишдан] қутқардик ва кўз ўнгингизда [ортингиздан қувиб келаётган] фиравнни лашкарини сувга чўктириб юбордик.

Тафсир: [Шу оятлардан бошлаб, Аллоҳ Таъало бани Исроилга кўрсатган марҳаматларини санаш [эслатиб ўтиш]га киришди. Эй Исроил авлоди! Аллоҳ сизларни фиравндан, унинг аҳли ва унинг қўшинидан халос қилди. Улар бошингизга улкан кулфатлар, азобу изтиробларни солган эдилар. Наслингизни давом этишидан қўрқиб, қанчадан-қанча ўғилларингизни тириклайин сўйдилар, аёлларингизни эса [ўзларининг қабиҳ, нопок истаклари учун] тирик қолдирар эдилар. Сизлардан бир тоифангизни ўлим, ҳалокат кутса, бошқа тоифани хорлик ва оғир меҳнатга маҳкумлик кутар эди. Сизларга гўёки раҳм-шафқат қилиб, сизларни тирик қолдирар эдилар, сўнгра эса қул қилиб, аямай ишга солар эдилар. Ҳақиқатдан ҳам, бу сизлар учун буюк зиллат, хорлик бўлган, бироқ Аллоҳ Таъало сизларга энг соф марҳаматини кўрсатди ва сизларни бутунлай қуллик, асирликдан халос қилди. Токи бу манзарадан қалбларингиз таскин топиб, дилларингиз ором олиши учун, душманларингиз кўз ўнгингизда чўкиб, ҳалок қилиндилар. Албатта, бу нажотга эришиш, сизлар учун улкан бир яхшилик эдики, бунинг учун Аллоҳга шукрлар келтириб, У Зотнинг амр-фармонларига бўйсунишингиз шарт эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy