🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
263 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
2:14.
وَإِذَا لَقُوا الَّذِينَ آمَنُوا قَالُوا آمَنَّا وَإِذَا خَلَوْا إِلَى شَيَاطِينِهِمْ قَالُوا إِنَّا مَعَكُمْ إِنَّمَا نَحْنُ مُسْتَهْزِئُونَ

Оят: Улар [мунофиқлар] иймон келтирганлар билан учрашиб қолсалар, уларга: “Биз иймон келтирдик”, дейдилар. Аммо ўзларининг шайтонлари [кофир пешволари ва мушрик дўстлари] билан ёлғиз қолганларида: “Дарҳақиқат, биз сиз биланмиз, биз фақатгина истеҳзо қилувчилармиз” дейдилар.

Тафсир: [Мунофиқлар дилларида ишонмаган нарсасига тиллари билан ишонишларини айтиб юрадилар. Мўминлар орасига кириб қолсалар, ўзларини мусулмон қилиб, мўминларни йўлидан юргандек қилиб кўрсатишга уринадилар. Бироқ, куфр пешволаридан бўлган шайтонлари билан ҳоли қолишлари билан: “Биз сизнинг дунёқарашингизни (дин ва эътиқодингизни) маъқуллаймиз, лекин мўминларнинг устларидан кулиш учун, ўзимизни исломга киргандек қилиб кўрсатиб турибмиз холос” дейдилар. Ўшаларнинг жамиятига кирганларида ҳақиқий башараларини намойиш қиладилар]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:15.
اللَّهُ يَسْتَهْزِئُ بِهِمْ وَيَمُدُّهُمْ فِي طُغْيَانِهِمْ يَعْمَهُونَ

Оят: Аллоҳнинг Ўзи [уларга хорлик юбориш билан] уларни устларидан кулувчидир ва туғёнларида кўр бўлган ҳолларида [адашиб] улоқиб юришлари учун уларни [узоқ вақтга] тек қўйиб қўяди.

Тафсир: [Ёмонлик устига қурилган макр-ҳийлалар, бунга лойиқ бўлганларгагина зарар етказади. Мунофиқлар мўминларнинг устларидан кулганлари эвазига, Аллоҳ уларнинг устларидан кулади. (У Зотнинг кулиши шундан иборатки), ҳаёти дунёдаликларида уларнинг қилаётган ёмон амалларини уларга зийнатли қилиб кўрсатиб қўяди. Аллоҳ Таъало мўминларга мунофиқларни жазолашга йўл бермайди, шунинг учун улар ҳамиша мўминлар билан бирга бўлишларига хомтамъа бўлиб яшайдилар. Жаноби Ҳақ уларнинг фисқу фужурларини зиёдалаштиради ва сўқирларча, куфр ва туғённинг зулумотларида адашиб, улоқиб юришларига қўйиб беради. Қиёмат куни келганида эса, Аллоҳ мунофиқларга, мўминларга ато этилган нурдан беради, бироқ мўминларнинг нурлари уларнинг кетиб бораётган йўлларини охиргача ёритиб боради, мунофиқларнинг нурлари эса ярим йўлда сўниб қолади ва улар нурафшон йўлнинг бир қисмини ёруғлик билан босиб ўтганларидан кейин зулматга тушиб қолганларидан қаттиқ озор-азият чекадилар. Ёрқин, улкан умиддан сўнг, изтиробли тушкунликдан ёмонроқ нима бўлиши мумкин?! Аллоҳ Таъало деди: «Ўша кунда мунофиқ ва мунофиқалар мўминларга қараб: “Тўҳтаб туринглар, нурингиздан озгина (иқтибос) олайлик” дейдилар. Шунга уларга айтиладики: «Ортингизга қайтингда, ўша ердан нур изланглар». Уларнинг ўрталарида дарвозали қўрғон уриладики, унинг ички қисми раҳмат, ташқариси эса, азобдир. Улар (мўминларга) нидо қилиб: “Ахир биз (ҳаёти дунёдалигимизда) сизлар билан бирга эмасмидик?!”, дейишса, улар (мўминлар, бунга жавобан): “Ҳа (бирга эдингиз), аммо Аллоҳнинг буйруғи (яъни, ўлим) келгунига қадар, ўз нафсларингизни фитнага солдингиз, пойлаб, кутдингиз, шубҳаларга тушдингиз ва маънисиз умидларга чўмдингиз. Ғорур бўлган (шайтон) сизларни Аллоҳнинг борасида алдаб қўйди. Бугун на сизлардан, ва на кофир бўлганлардан фидя (тўлов) олинмас. Турар жойингиз жаҳаннамдир, у сизга энг ярашимли маскан. Бас, қандай ҳам ёмон борар жойдир у”» (57:13–15).]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:16.
أُولَئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الضَّلَالَةَ بِالْهُدَى فَمَا رَبِحَت تِّجَارَتُهُمْ وَمَا كَانُوا مُهْتَدِينَ

Оят: Улар [мунофиқлар] залолат [адашишлик, ёки куфр]ни ҳидоят [тўғри йўл] эвазига сотиб олдилар, бироқ тижоратлари уларга рибҳ [фойда]ли бўлмади [чунки улар бирон фойдали нарсага эришмадилар] ва улар ҳидоят топувчилардан бўлмадилар.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало мунофиқлар ҳақида улар лойиқ бўлган ҳаққоний таърифни берди ва ҳидоятни эвазига куфрни сотиб олишлик билан, фойдасиз бўлган тижорий битимни имзолаганларини хабарини берди. Худди тижоратчи катта пул эвазига бирон маҳсулотни сотиб олишни хоҳлагани каби, мунофиқлар ҳам залолатни сотиб олиб, уни ўзига дин қилиб олишни истайди. Бу таққослаш қуръоннинг энг гўзал ва энг яхши қиёсларидан биридир. Энг улкан ёмонлик бўлган залолатни, Аллоҳ (сотиладиган) маҳсулотга қиёс қилди, аммо энг улкан яхшилик — ҳидоятни бўлса, улкан эзгулик деб атади ва маҳсулот учун тўланадиган тўлов қилиб қўйди. Мунофиқлар бу улкан эзгулик — ҳидоятга умуман бефарқлар ва адашишликни ундан устун қўядилар ва афзал кўрадилар. Мана уларнинг тузган битимлари — у қанчалар зарарли ва фойдасиздир! Мана уларнинг таърифлари — уларнинг хислатлари қанчалар ёмон а! Агар дирҳамга динорни алмаштираётган киши (тижоратида) зиён тортгувчилардан бўлса, ҳўш қимматбаҳо тошни дирҳамга алмаштирувчи киши ҳақида нима дейиш мумкин?! Ҳидоятни залолатга алмаштиришлик билан, ўзининг абадий бахт-саодатини қурбон қилаётган, ҳақир нарсани деб, буюк нарсалардан воз кечган ва бадбахтликни ихтиёр қилган кимса ҳақида нима дейиш мумкин?! Бундай тижорат ҳақиқатдан ҳам зиёнкор тижоратдир, ундан кўра улканроқ ва унданда ёмонроқ зиён, йўқотувнинг ўзи йўқ!
Аллоҳ Таъало деди: «Дарҳақиқат, зиён қилгувчилар, қиёмат куни ўз-ўзларини ва аҳлларини йўқотиб қўйгувчилардир. Мана шунинг ўзи очиқ зиёндир» (39:15).
Шундан сўнг Аллоҳ Таъало таъкидлаб туриб, мунофиқлар ҳидоят йўлидан юрмайдиган кимсалар эканини яна айтди. Бу нарса уларнинг адашган гуноҳкорлар эканликларига, ҳеч қачон ҳидоятга чақирув сўзларини эшитмасликларига аниқ гувоҳликдир. Уларга шундай таърифларни берганидан кейин, Аллоҳ Таъало улар ҳақида масал келтириб (кейинги оятларда) деди:]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:17.
مَثَلُهُمْ كَمَثَلِ الَّذِي اسْتَوْقَدَ نَارًا فَلَمَّا أَضَاءَتْ مَا حَوْلَهُ ذَهَبَ اللَّهُ بِنُورِهِمْ وَتَرَكَهُمْ فِي ظُلُمَاتٍ لَّا يُبْصِرُونَ

Оят: Мисол қилиб айтилса, [мунофиқлар аввалда иймон келтиришган ва иймон нури илк бор қалбларига кирган эди. Аммо кейинчалик уларнинг динларида шак-шубҳалар пайдо бўлишлиги билан, бунинг оқибатида улар кофир бўлдилар. Уларнинг тутган мавқеларини, худди атрофни кўриш ва тўғри йўлни топиш учун олов ёққан кишиларга ўҳшатса бўлади. Аммо олов сўниб қолганда, улар қоп-қора зулматларда қолдилар ва на кўзлари билан бирон нарсани кўра олмайдилар ва на тўғри йўлни топа олмайдилар. Бунинг сабаби, улар динни, иймонни қадрламадилар, ҳидоят йўлини гўзаллиги, олийлигини англаб етмадилар. Тушиб қолган аҳволларидан ўзларини йўқотиб қўйдилар ва нажотга олиб борувчи бирон на сабабни, ва на воситаларни кўришдан маҳрум бўлдилар] улар бамисоли олов ёққан киши кабидирлар. Қачонки олов (ёниб) атрофни ёритганида, Аллоҳ уларни нурдан маҳрум қилди ва ҳеч нимани кўриб бўлмас зулматларда уларни қолдирди.

Тафсир: [Бу масал тўлалигича уларнинг аҳволларига мувофиқ, чунки мунофиқлар ҳақиқатдан ҳам зулматни ёритиш учун олов ёққан кишига ўҳшайдилар. Бу киши оловга қаттиқ эҳтиёжи бор эди ва уни бошқалар орқали топди ҳам, зеро ўзининг қўлида етарли воситалар бўлмаган. Қачонки олов ёниб, унинг атрофини ёритганида, уни қаерда хатар ва ёмонлик пойлаб турганини кўрди ва бу ёмонликдан омон қолиш йўлларини ҳам билди. Олов унга жуда катта манфаатлар келтирди ва улкан ҳурсандчиликларга сабаб бўлди. У ҳаттоки оловни сақлаб қўйишга уриниб ҳам кўрди, аммо Аллоҳ уни нурдан ва сурурдан жудо қилиб қўйди ва у яна, аранг ёниб турган чўғдан бошқа нарсаси бўлмагани ҳолида қоп-қора зулматда қолиб кетди. Бу чўғ энди унинг атрофини ёрита олмайди, бироқ танасини қаттиқ куйдириб, унга озор етказиши мумкин. У бирданига бир неча ҳил зулматларда қолди. Туннинг зимистони, булутларнинг қоралиги билан, ёмғирнинг қоралиги билан ва оловдан кейинги келган зулмат билан аралашиб кетди. Бу каби мавқега тушиб қолган кишини аҳволини нима деб таърифлаш мумкин? Мунофиқларнинг аҳволлари худди шундай. Улар мўминларнинг иймонларидан чиққан нурлари эвазига ҳаёт йўлларини ёритиб яшайдилар, зотан ўзлари бу нурга эга эмаслар. Уларнинг мўминлардан (алдов билан, ўғринча) олган нурлари, фақат вақтинчалик муддатга йўлларини ёритади ва улар бундан қайсидир маънода манфаатланиб турадилар. (Шу нур сабабидан) улар жонлари ва молларини сақлаб қоладилар. Дунё ҳаётида улар ўзларига шу (ёвуз) йўллар орқали омонлик, хотиржамликни кафолатлаб олишган, бироқ кутилмаган ўлим, бировларнинг нурлардан фойдаланиш имкониятидан уларни маҳрум қилади. (Буни хотирларига келтирмаганликларидан) уларни қаттиқ махзунлик ва ғам-ташвиш босади, ҳамда энг шиддатли азобга гирифтор қилинадилар. Бу ёғига энди қабрнинг зулмати — куфрнинг, нифоқ ва турли ҳил катта гуноҳларнинг зулматидан янада зиёдалашади. Охир-оқибат эса, уларни жаҳаннамнинг қоп-қоралиги кутмоқда...Нақадар ёмон жой у!]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:18.
صُمٌّ بُكْمٌ عُمْيٌ فَهُمْ لَا يَرْجِعُونَ

Оят: Улар [ҳақни эшита олмайдиган] кар, [ҳақни гапира олмайдиган] соқов, [ҳақнинг нурафшон йўлини кўра олмайдиган] сўқирдиларки, энди [ҳидоятга] қайтмаслар [чунки қачонлардир уни куфрга, арзон баҳога сотиб юборишган].

Тафсир: [Мунофиқлар, уларга наф келтирадиган барча нарсаларга карлик қиладилар; манфаатли (шаръий) нарсалар ҳақида гапириш керак бўлса, унга гунг бўлиб, соқов бўлиб туриб оладилар; ҳидоятнинг ҳақ йўлига ишора қилинса, нажот топиш воситалари кўрсатилса, бамисоли сўқирдирлар. Уларга қайтиш тақдир қилинмаган, чунки улар ҳақни таниб туриб, ўз ихтиёрлари билан ундан юз ўгирдилар. Мунофиқларнинг жоҳиллардан фарқланадиган жиҳатлари шуки, жоҳил ўзининг билимсизлиги сабабли ҳақдан воз кечади, чунки бундай кимсалар нимадан воз кечаётганини билмайдилар ва агар илм олсалар, дарҳол қайтадилар, аммо мунофиқ ҳақни яхши танийди, бу ҳақда илми бор ва билиб туриб, кўриб туриб, ундан юз ўгиради.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:19.
أَوْ كَصَيِّبٍ مِّنَ السَّمَاءِ فِيهِ ظُلُمَاتٌ وَرَعْدٌ وَبَرْقٌ يَجْعَلُونَ أَصَابِعَهُمْ فِي آذَانِهِم مِّنَ الصَّوَاعِقِ حَذَرَ الْمَوْتِ وَاللَّهُ مُحِيطٌ بِالْكَافِرِينَ

Оят: Ёки уларнинг [мунофиқларнинг яна бир тури]нинг мисоли, осмондан ёққан қаттиқ сел остида қолган киши кабидирки [бу ёмғир ўзи билан] зулмат, момақалдироқ ва яшин олиб келган. Улар эса, чақмоқнинг, яшиннинг даҳшатли гумбурлаши оқибатида келадиган ўлимдан қўрқиб, бармоқларини қулоқларига тиқиб оладилар. Батаҳқиқ, Аллоҳ кофирларни [ҳар томонлама] қамраб олувчидир.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:20
يَكَادُ الْبَرْقُ يَخْطَفُ أَبْصَارَهُمْ كُلَّمَا أَضَاءَ لَهُم مَّشَوْا فِيهِ وَإِذَا أَظْلَمَ عَلَيْهِمْ قَامُوا وَلَوْ شَاءَ اللَّهُ لَذَهَبَ بِسَمْعِهِمْ وَأَبْصَارِهِمْ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

Оят: Яшин уларнинг кўзларидан жудо қилиб қўйишга таёр [улар унинг ёрқинлигидан кўр бўлаёзадилар]; қачонки яшиннинг ёруғлиги [йўлларини] ёритса, улар [унинг нуридан фойдаланиб] илгари қадам босадилар. Ва қачонки уларнинг устларида зулмат қуюқлашса [турган жойларидан] жилмай қоладилар. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларни эшитиш ва кўриш [қобилиятидан] маҳрум қилиб қўярди, ахир Аллоҳ ҳар қандай нарса устида қудратли бўлган Зот.

Тафсир: [Буюк Аллоҳ мунофиқларни бир кишига ўҳшатдики, ҳалиги одам қаттиқ ёғаётган сел остида, бирданига бир неча турдаги зулматлар — тун зулмати, булут ва ёмғир зулматлари қуршовида қолган. У момақалдироқнинг гумбурлашини эшитади, яшиннинг ёрқин нурини кўрадики, улар қоронғулик оғушида унинг йўлини ёритиб, илгари юришига имкон яратадилар. Бироқ яшиннинг ёруғи сўниши билан, у ҳам жойида тик туриб қолади ва йўлини тўҳтатади. Мунофиқларнинг (бир ҳилларини) аҳволи шунақа! Улар қуръоннинг оятларида келган буйруқ ва қайтариқлар, ваъда ва қўрқитувларни эшитган чоғларида, бармоқлари билан қулоқларини беркитиб оладилар ва бу амру фармонлардан, гўзал ваъдалардан ва даҳшатли қўрқитувлардан терс бурилиб кетадилар. Шубҳа йўқки, қуръоннинг огоҳлантирув оятлари уларнинг қалбларига ҳадик, ваъдалари эса нотинчлик солади, шу сабабдан улар имконлари борича уларни эшитмасликка ҳаракат қиладилар. Худди ёмғир остида қолган кишига момақалдироқнинг гумбурлаши нафратли бўлгани каби, ҳикмат ва донолик билан ваҳий қилинган нарсалар уларни нафратини қўзғотади. Чақмоқда қолган киши ўлимдан қўрққани учун қулоқларига бармоқларини тиқиб олади ва унинг нажот топишига имкон бор. Аммо мунофиқларда бундай имкон йўқ, чунки Аллоҳ Ўзининг қудрати ва билими билан уларни ҳар томонлама қамраб олган Зотдир. Улар Аллоҳдан қочиб қутула олмайдилар, зеро қилиб ўтган амалларининг ҳаммаси У Зотнинг хузурида сақланади ва улар жазоларини тўлалигича оладилар. (Билиб қўйсинларки) улар руҳий карлик, соқовлик ва кўрликка маҳкумлар, ҳамда иймонга олиб борувчи барча йўллар улар учун тўсилган, эшиклар беркилган. Агар Аллоҳ хаҳлаганда, улар жисмоний томондан эшитиш ва кўришдан айрилган бўлардилар. Бу сўзлар билан Аллоҳ Таъало мунофиқларга таҳдид солмоқда ва бу дунёда уларнинг бошларига келиши мумкин бўлган жазодан огоҳлантирмоқда. Бас, бу интиқомдан қўрқсинлар ва қилаётган ёвузликлари ва нифоқларини қисман бўлса ҳам, аста-секинлик билан тарк этсинлар. Ахир Аллоҳ ҳар бир нарсанинг устида қудратли ва Унинг учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Агар Аллоҳ ирода қилган ишини амалга оширишни истаса, У Зотга ҳеч нарса монеълик қилолмайди ва қаршилик кўрсата олмайди. Бу ва шу каби бошқа оятлар, қадария оқимининг дунёқарашини йўққа чиқаради, чунки уларнинг эътиқодича, инсоннинг амаллари Аллоҳнинг иродасига боғлиқ эмас. Аммо [аҳли суннанинг ақидаси бўйича] инсонларнинг амаллари ҳам яратилган махлуқот бўлиб, Аллоҳ Таъало уларнинг устларидан қодирдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:21.
يَا أَيُّهَا النَّاسُ اعْبُدُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ وَالَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

Оят: Эй инсонлар! Сизларни ва сизлардан аввалгиларни [йўқдан бор қилиб] яратган Роббингларга ибодат қилинглар [қуллик келтиринглар], ажабмаски [Аллоҳнинг азобидан қўрқиб] тақво қилсанглар.

Тафсир: [Бу буйруқ, энг кенг кўламли маънода барча инсонларга қаратилган. Уларга амр қилинган нарса: ибодатнинг барча турларини ягона Аллоҳга бағишлашлик, Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниб, қайтарган нарсаларидан қайтишлик ва У Зотдан келган барча хабарларни ҳаққи рост деб тан олишликдир. Аллоҳ Таъало одамларни нима учун яратилганликларини эсларига солиб: «Жинлар ва инсонлар тоифасини [бирон бошқа нарса учун яратмадим, магарам] фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (51:56), деди ва инсонларга яратилишларидан мақсад қилинган ғояни амалга оширишларини буюрди.
Эй инсонлар! Сизлар ягона Аллоҳга сиғинишга маъмурсизлар, чунки У Зот сизларнинг Роббингиз ва сизларни кўплаган фазлу икром ва неъматлар билан неъматлантирди. Худди аввалги қавмларни яратгани каби, сизларни ҳам йўқдан бор қилди. У сизларга кўзга кўринган ва кўринмаган яхшиликларни ато этди ва хотиржам яшашингиз учун, ерни тўшаб, текис қилиб қўйди. Ер юзида бино қуриш, қишлоқ хўжалигини бошқариш, бирон жойдан иккинчи жойга кўчиш ва бошқа кўплаган манфаатли ишларни бажариш орқали, жуда кўплаган фойда ва нафларни қўлга киритасизлар. Аллоҳ осмонни сизларга шифт қилиб қўйди ва унда қуёш, ой, юлдузлар ва бошқа самовий жисмларни яратдики, уларсиз тирикчилигингизни тасаввур қилиш қийин. Агар Аллоҳга сидқидилдан қуллик қилсангиз [У Зотга бошқаларни тенглаштирмасангиз ва Ундан ўзгасини илоҳ қилиб олмасангиз] батаҳқиқ, тақвога эришасизлар [яъни, азобидан қўрқиб, солиҳ амаллар қилиб яшайсиз ва гуноҳлардан тийиласиз].
Бошқа фикрга кўра, бу оятнинг маъноси қуйидагича: агар одамлар ягона Аллоҳга сиғинсалар, У Зотнинг ғазаби ва жазосидан қутула оладилар, зеро уларнинг танлаган (яккаилоҳлик) йўли уларни ёмон оқибатдан сақланишларига сабаб бўлади.
Учинчи талқин бўйича эса, бу дегани: агар одамлар ягона Аллоҳга қуллик қилсалар, солиҳлар қаторига кирадилар, чунки солиҳларнинг фарқли жиҳатларидан бири — тақводир.
Бу тафсирларнинг барчаси тўғридир ва улар ўзаро боғланган. Айнан Аллоҳ буюрганидек У Зотга сиғинган ҳар бир инсон — тақволи, солиҳ одамдир. Ҳар бир тақволи солиҳ эса, албатта Аллоҳнинг ғазаби ва интиқомидан нажот топадир. Бу набий ﷺ, ва у зотнинг таълимотларини ростлигини тасдиқловчи мантиқий далилдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:22.
الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ فِرَاشًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَأَنزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجَ بِهِ مِنَ الثَّمَرَاتِ رِزْقًا لَّكُمْ فَلَا تَجْعَلُوا لِلَّهِ أَندَادًا وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ

Оят: У Зот сизлар учун [яшашингизга қулай бўлсин деб] ерни тўшалган [гилам каби] қилиб қўйди, осмонни эса [тартибга келтирилган] бино қилиб, ундан сувни туширдики, унинг орқали ризқланишингиз учун, сизларга меваларни [ердан] чиқариб берди. [Бас шундай экан, Аллоҳдан ўзга Яратувчи ва ризқ берувчи йўқлигини, Ундан ўзга сиғинилишга лойиқ илоҳ йўқлигини ва фақат У Зот ягона маъбуд эканини] билган ҳолларингда, У Зотга [бошқаларни] тенглаштирманглар [Аллоҳни улуғлагандек, ўзгаларни илоҳ сифатида улуғламанглар].

Тафсир: [Осмон деб, устимизда мавжуд бўлган шифтга айтилади. Баъзи муфассирларнинг фикрича, бу оятдаги осмон сўзидан мурод — булутлардир. Аллоҳнинг изни билан булутлардан сув ёғиладики, унинг натижасида ердан уруғлар униб, турли ҳил мевали дарахтлар ва ўсимликлар ўсиб чиқади. Одамзот бу ҳосилни йиғиб олиб, ризқланади ва унинг ҳисобидан тирикчилик кўради, қолаверса, бу ризқлар унга ҳурсандчилик ва роҳат бахш этади. Бас, Аллоҳга бирон нарса, ёки кимсани тенглаштирманглар ва махлуқотларини У Зотга ўҳшатманглар, акс ҳолда худди Аллоҳга сиғингандек, ўша яратилган нарсаларга ибодат қилишни бошлайсизлар ва Аллоҳни севгандек, уларни севиб қоласизлар [бу эса улкан бир хатар ва энг оғир гуноҳдир]. Бундай қилиш жоиз эмас, зеро улар [ўша сизлар сиғинаётганлар] худди сизлар каби оддий махлуқдирлар. Улар ҳам йўқдан бор қилинган, ризқу насибага муҳтож ва Яратувчисининг иродасига тобедирлар. На осмонларда, ва на ерда улар заррадек нарсага эгалик қилолмайдилар ва сизларга на фойда ва на зарар етказишга қодир эмаслар. Билиб туриб уларни Аллоҳга шерик қилмангиз, ахир У Зот мутлақо шерикликдан пок эканлигидан хабарингиз бор! Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи мавжудотларни яратади, ризқларини юборади ва оламларни бошқаради; Унинг якка Ўзи камолот, етуклик сифатларига Эгалик қилади ва илоҳ, маъбуд деб улуғлашларига сазовор Зот. Ҳўш нима учун У Зот билан бир қаторда бошқа нарсаларни [ёки кимсаларни] маъбуд қилиб ушлайсизлар ва уларга сиғинасизлар?! Қилаётган ишларингиз ғалати ва ақлга сиғмас.
Бу оятда ягона Аллоҳга ибодат қилиш буйруғи ва Ундан ўзга илоҳларга сиғинишдан қайтариш бор. Қолаверса, оятнинг аниқ далиллари шунга ишора қиладики, Аллоҳ Таъалога қуллик қилиш — фарз, ўйлаб топилган худоларга сиғиниш эса, маънисиз ва бекор ишдир. Оятда, Аллоҳ Таъало ягона Тарбияловчи экани, фақат У махлуқотларни яратгани, уларни ризқлантириб, оламлардаги ишларни тасарруф қилаётгани зикр қилинган. Демак, агар инсон, санаб ўтилган ишларда Аллоҳга ҳеч ким шерик бўлолмаслигини тушуниб етса, батаҳқиқ, ибодатда, сиғинишда ҳам У Зотга ҳеч ким шерик бўлолмаслигини тан олишга мажбур. Бу тавҳиднинг зарурийлигини фойдасига ва ширкнинг номақбуллигига қарши келтирилган далилларнинг энг ақлга таянгани ва энг кучлисидир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:23.
وَإِن كُنتُمْ فِي رَيْبٍ مِّمَّا نَزَّلْنَا عَلَى عَبْدِنَا فَأْتُوا بِسُورَةٍ مِّن مِّثْلِهِ وَادْعُوا شُهَدَاءَكُم مِّن دُونِ اللَّهِ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ

Оят: Ва борди-ю, бизнинг қулимиз [Муҳаммад ﷺ]га нозил қилган нарса [қуръон]дан шак-шубҳада бўлсангизлар, [унинг суралари] мисолидек [ҳар томонлама гўзал, фасоҳатли ва фойдали] бир сурани келтиринглар ва Аллоҳдан ўзга [илоҳ қилиб олган] гувоҳларингизни [ёрдамга] чақиринглар, агар [эътиқодингиз ва сўзингизда] содиқ бўлсангиз,

Тафсир: [Эй ўжарлик билан Аллоҳнинг росулига иймон келтиришдан, у зотнинг мавъизаларини эшитишдан бош тортаётган ва у зотни ёлғонда айблаб, туҳмат қилаётган кофирлар!! Агар бизнинг Ўз бандамизга ваҳий қилган нарсамизнинг ҳақлиги борасида шубҳа қилаётган бўлсангиз, ҳақиқатни ошкор қилиш учун адолатли мезондан фойдаланинг. Аллоҳнинг элчиси ﷺ, худди сизлардек инсон. У бошқа жинсдан ёки тоифадан эмас. Унинг ҳаёт тарзи, туғилган вақтидан бошлаб сизларга маълум. У на ўқишни, ва на ёзишни билмайди. Сизларга Аллоҳдан бир китоб билан келди ва бу муқаддас китоб Аллоҳнинг нозил қилгани деди. Аммо сизлар уни қуръонни тўқиб олганликда айбладингиз ва уни Аллоҳга ёлғондан нисбатлади деб туҳматладингиз. Агар бу иддаоларингизда ростгўй бўлсангиз, қуръоннинг сураларига ўҳшаш биргина сурани келтиринг ва кимни хоҳласангиз ўшани ёрдамга чорланг. Ахир сизлар тиллари бурро кишиларсиз, шоирликни даъво қиласизлар, демак, бу ёзишни ва ўқишни билмайдиган кишини осонлик билан енга оласизлар, агар унга бўлган нафратингиз шу қадар кучли бўлса. Борди-ю, қуръоннинг сураси каби бирон сурани келтириб берсангиз, демак рост сўзлаяпсиз. Аммо буни уддасидан чиқолмасангиз ва ёрдамсиз ташлаб қўйилсангиз, шу ожизлигингизни ўзи, пайғамбар ﷺ нинг ҳақлиги ва инсонларга Аллоҳдан келтирган нарсасининг тўғрилиги фойдасига оят-белги бўлади. Шунда сизларнинг ҳар бирингиз, иссиғига чидаб бўлмайдиган жаханнамдан сақланиш учун, унинг ортидан эргашишга мажбур бўласиз. Унинг (дўзаҳнинг) оташи, сизлар бу дунёда ўтин билан ёқадиган оташга ўҳшамайди. У (олов) Аллоҳга ва Унинг элчиларига иймон келтирмаганлар учун тайёрлаб қўйилгандир. Бас, пайғамбарнинг нубуввати ҳақлигига ишонч ҳосил қилганингиздан кейин, Аллоҳ ва росулига (ﷺ) куфр келтиришдан огоҳ бўлингиз. Бу ва шунга ўхшаш бошқа оятларда, Аллоҳ Таъало қуръондек бир нарсани махлуқотлар асло тўқиб чиқаролмасликлари ва ҳеч қачон унга қарши чиқа олмасликларини кофирларга исботлаш учун уларга чақириқ ташлади. Аллоҳ Таъало деди: «Агар инсонлар ва жинлар биргаликда жамланиб, қуръоннинг мисолидек бирон нарсани келтирмоқчи бўлганларида, унга ўхшашини асло келтира олмаган бўлардилар, агарчи бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар ҳам» (17:88). Ахир тупроқдан яратилган оддий бир махлуқ, оламлар Роббиси айтгандек сўзни айта оладими?! Ахир сифатлари номукаммал, айбу-нуқсонларга тўлиб тошган, ҳақир инсон, сифатларида энг етук ва энг мукаммал бўлган, ҳеч кимга муҳтожлиги бўлмаган, олий ва буюк Аллоҳ нутқ қилганидек нутқ қила оладими?! Ҳақиқатда, инсон бу нарсага қодир эмасдир ва қуръони карийм билан инсонлар томонидан ёзилган адабиётни орасидаги фарқни билиш учун, уларни солиштириб, таққослаб кўришни ўзи кифоя қилади.
Бу оятдан яна шундай хулоса чиқадики, адашган кишининг тўғри йўл топишига қачон умид қилиш мумкин? Қачонки, у тараддудланиб, шак-шубҳалардан қийналса ва ҳақ билан ботилни ажрата олмаётган бўлса. Агар бундай киши ҳақиқатдан ҳам тўғри йўлни излаётган бўлса, унга ҳақиқат очилиши билан уни қабул қилади. Аммо ҳақни таниб туриб, билган ҳолларида ундан юз ўгирувчи қайсар кофирларга келсак, улар (аксар ҳолларда) ҳидоятга қайтмайдилар, чунки уларга ҳақ очилган вақтда ҳам, улар ҳақни инкор қиладилар. Бунга сабаб уларнинг билимсиз, жоҳилликлари эмас ва уларга бу аҳволдан чиқиш йўллари беркилган. Худди шуни, ҳақни излашликда ниятларида холис бўлмаган ва доимо шубҳаланиб юрадиган кофирларга нисбатан ҳам айтса бўлади. Аслида улар ҳаққа бутунлай лоқайдлар: улар уни ҳаттоки излашга уринмайдилар ҳам ва кўп ҳолатларда ҳидоятга келмайдилар. Бу оятда бир нарса эътиборга лойиқки, Аллоҳ Таъало унда Ўз пайғамбари (ﷺ)ни “қулимиз”, “бандамиз” деб атади.
Ушбу улуғвор матндаги бундай ифода, пайғамбаримиз ﷺ нинг энг муҳим фазилатларидан бири, бу — қуллик вазифаларини сидқидилдан, энг аъло даражада бажарганликларига ва шу фазилати туфайли, у зот барча ўтмишдошлари ва издошларидан устунликка эга бўлганлигига далолат қилади. Худди шу исм, яъни “қул” исми билан Аллоҳ Таъало Ўзининг росулини “ал-Исро” ва ал-Фурқон сураларининг энг аввалида таърифлади, масалан:
Ал-Исро сурасининг энг биринчи оятида Аллоҳ Таъало деди: «Ўз қули (Муҳаммад)ни, кечаси Масжидул-Ҳаромдан, атрофларини баракотли қилиб қўйганимиз Масжидул Ақсога, оятларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир» (17:1)
Ва ал-Фурқон сурасининг аваалида, Аллоҳ Таъало деди: «Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқон (ҳақдан ботилни фарқловчи қуръон)ни нозил қилган Зот баракотлидир» (25:1)]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:24.
فَإِن لَّمْ تَفْعَلُوا وَلَن تَفْعَلُوا فَاتَّقُوا النَّارَ الَّتِي وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ

Оят: Бас, агар [буни, яъни қуръон сурасидек биттагина сурани келтиришни] амалга ошира олмасанглар — ва ҳеч қачон амалга ошира олмайсизлар ҳам — ёқилғиси одамлар ва тошлардан иборат бўлган оловдан қўрқинг. У кофирлар учун тайёрлаб қўйилган.

Тафсир: [(Бу оятда) Аллоҳ Таъало хабар беришича, жаҳаннам кофирлар учун аллақачон тайёрлаб қўйилган. Бу ва бошқа ўхшаш оятлар суннат тарафдорлари тутган эътиқодни ҳақлигига тасдиқдир. Адашган мўътазила оқимидан фарқли ўлароқ, суннат тарафдорлари адолатли равишда, жаннат ва жаҳаннамнинг (айни вақтда) мавжудлигини ва иккаласи ҳам яратилган махлуқот эканини иқрор қиладилар. Бу оят яна шунга ишора қиладики, яккаилоҳликни тутган тавҳид аҳли, жаҳаннамда абадий қолмайдилар, агарчи (ширк ва куфр даражасига етмаган) катта, оғир гуноҳларни бажариб ўтган бўлсалар ҳам. Албатта бу, хавориж ва мўътазилаларнинг бузуқ эътиқодларига зиддир. Жаҳаннам кофирлар учун тайёрлаб қўйилгани ҳақида Роббимиз бизга айтиб ўтди ва агар, осий муваҳҳидлар абадий жаҳаннамга маҳкум бўлганларида, у ҳолда дўзаҳ фақат кофирларга эмас, балки умумий ҳолда, барча одамлар учун тайёрлаб қўйилган, дейилган бўларди. Бу оятдан яна шуни англаш мумкинки, гуноҳкорлар ўзлари қилиб ўтган жиноятлари — куфр, ёки катта гуноҳлар — сабабидангина жазоланишга мустаҳиқлар. Кофирларга бериладиган жазони зикр қилиб ўтгач, Аллоҳ Таъало, солиҳ амаллар қилувчи тақводор мўминларга тайёрлаб қўйилган ажр-мукофотни эслатиб ўтди. Ўзининг илоҳий китобида Аллоҳ Таъало кўпинча шу услубни қўллаган. Аввалига У Зот Ўз қулларини азоби ва иқоби билан қўрқитади, сўнгра эса ажр-мукофотларини эслатадики, улар ҳамиша Аллоҳдан қўрқиб яшасинлар ва шу билан бирга Аллоҳдан чиройли умид қилишлик билан умид қилсинлар. Робб عز وجل, деди:]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:25.
وَبَشِّرِ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ كُلَّمَا رُزِقُوا مِنْهَا مِن ثَمَرَةٍ رِّزْقًا قَالُوا هَذَا الَّذِي رُزِقْنَا مِن قَبْلُ وَأُتُوا بِهِ مُتَشَابِهًا وَلَهُمْ فِيهَا أَزْوَاجٌ مُّطَهَّرَةٌ وَهُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

Оят: Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган [қул]ларга, улар учун остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар борлигини башоратини беринг. Ҳар қачон у[жаннатнинг]нинг мевасидан ризқланишлари учун берилса, [улар]: “Биз бундан аввал ҳам [яъни дунёдалик чоғларимизда ҳам, бу мевалар] билан ризқланган эдик”, дейдилар. Аммо уларга [бир-бирига] ўхшаш нарса [мева]лар берилади. Уларга унда [яъни жаннатда] покиза [ичларидан бирон нопоклик чиқмайдиган ва на гуноҳ, маъсият қилмаган] жуфтлар бор ва улар унда абадий қолажаклар [унда ўлмайдилар ва ундан ҳайдаб чиқарилмайдилар].

Тафсир: [Эй набий! Эй унинг йўлини давом эттираётган мўминлар жамоаси! Чин қалбдан, самимий иймон келтириб, бадан аъзолари билан солиҳ амалларни қилишлик орқали иймонларини тасдиқланган қулларни гўзал башорат билан суюнтиринг. Уларнинг қилган амаллари ҳақиқатдан ҳам солиҳдир, зеро эзгу ишлар бандаларнинг аҳволларини ислоҳ қилади, тартибга келтиради; бу дунёда уларни осойишталик, хотиржамлик билан таъминлаб, охират диёрида буюк ютуққа эриштиради, ҳамда, уларни бало-ю бахтсизликлардан халос қилиб, жаннатга сазовор солиҳ қуллар қаторига олиб кирадики, улар Роҳман бўлган Зотга яқинлашиш саодатига сазовор бўладилар. Шундай экан, уларни жаннатга кириш хабари билан хурсанд қилингки, улар унда ажойиб дарахтлар, бетакрор мева-чевалар, ёқимли салқинлик ва оромбахш маъвони топадилар. Бу боғларнинг номи шунинг учун ҳам “жаннат” деб номланадики, улар салқин, хушбахш жойларга ва жаннат аҳлига лаззат етказадиган оромбахш масканларга тўлиб-тошгандир. Уларнинг остларида, сувдан, сутдан, асалдан ва хамр (май)дан анҳорлар бордир ва жаннат аҳолиси бу анҳорларни ўзлари хоҳлаган томонга буриб қўйишлари мумкин. Жаннат дарахтлари мана шу анҳорлар билан суғорилиб туриладилар ва уларда турли ҳил, бир-бирларига ўхшамаган мева-ю, самаротлар етишиб пишади. Қачонки, уларни жаннат аҳлига тортиқ қилинганда, улар хайрат ичида: “Бу мевалар, биз авваллари тановул қилган меваларга ўхшар экан”, дейдилар. Бунинг маъноси: жаннат самаротлари энг ажойиб таърифга эга деганидир. Уларнинг ҳаммаси ёқимли ва иштаҳани уйғотувчи, ҳамда у ерда нохуш, ёки ёмон меванинг ўзи йўқ. Жаннатга кирганларидан сўнг, жаннат аҳли бир сонияга ҳам лаззатланишдан тўҳтамайдилар ва тотимли, ёқимли озиқ-овқатлар уларга мисли кўрилмаган, абадул-абад роҳатни бахш этиб туради.
Уламолар томонидан берилган биринчи фикрга кўра, бу оятлардаги меваларнинг ўхшашлигидан мурод: улар ердаги мевалар билан номдош [яъни, номи бир], аммо таъмда, ширада бутунлай улардан фарқланади;
Иккинчи тафсирга кўра: жаннат мевалари, ернинг меваларига фақат ранг жиҳатидан ўхшаш, аммо номда фарқланади;
Учинчи тафсирга кўра эса: жаннат мевалари бир-бирларига ўзларининг гўзал ва бетакрор сифатлари билан ўхшаш бўлиб, солиҳ қулларга бирдек роҳат ва лаззат бахш этадилар. Мана шу фикр энг тўғри фикр эканлигида шубҳа йўқ.
Жаннатдаги масканлар, емоқ-ичмоқ ва мевалар ҳақида зикр қилгандан сўнг, Аллоҳ Таъало жаннатдаги жуфтлар ҳақида сўз очди ва уларни энг гўзал тарзда васфлаб берди. Робб Таъало уларни покиза, тоза деди-ю, аммо қандай айбу нуқсонлардан покланган, тозаланганликлари ҳақида айтмади. Бунинг маъноси: улар энг комил ҳолда, ҳар томонлама пок ва тоза бўладилар деганидир. Уларнинг ахлоқлари покиза, баданлари покиза, тиллари покиза ва нигоҳлари покиза бўлади. Уларнинг одоб-ахлоқлари, турмуш ўртоқларига бўлган вафолари ва муҳаббатларида намоён бўлиб, завжлари ҳам уларни гўзал хулқлари, ажойиб фазилатлари, оилавий садоқатлари, нафис ҳатти-ҳаракатлари ва ёқимли нутқлари учун севадилар. Уларнинг жасадлари: ҳайз қонидан, нифос қонидан, манийдан, бавл (сийдик)дан, ахлатдан, балғамдан ва бадбўй ҳидлардан покланган бўлиб, уларнинг ташқи кўринишлари жуда, чиройли, бежирим ва энг комил сувратда бўлади.
Улар ҳар қандай ёмонлик, айб, нуқсон, камчилик ва бадбашараликдан қутулганлар. Бу фазилатли ва муборак жуфтлар бўлиб, уларнинг нутқлари ва нигоҳлари ҳар томонлама нохушлик, ёмонликдан тозалангандир. Нигоҳларини ёт, бегона эркаклардан олиб қочган, тилларини эса, ножўя гап-сўзлардан тийган бўладилар.
Бу муборак оятда, гўзал башорат кимга берилиши, башоратнинг ўзи ва бу башоратга эришишнинг сабаблари келтирилган. Инсонларга бу хуш башоратни етеазувчи даъватчилар, бу — пайғамбар ﷺ, ва у зотнинг йўлини (динини, суннатини) давом эттираётган мусулмонлардир. Бу башорат билан фақат солиҳ амалларни қилаётган мўминларнигина хурсанд қилинади. Башорат деб эса, бу оятда васфланган жаннат боғлари назарда тутилади. Унга эришишнинг бирдан бир йўли эса, саҳиҳ иймон ва солиҳ амалдир! Бошқа йўли йўқ! Шу тариқа Аллоҳ Таъало, энг буюк башоратни, энг буюк башоратчи (Муҳаммад ﷺ), энг буюк амалларни қилган кишиларга етказганини ёд қилди.
Бу оятдан яна шундай маъно келиб чиқадики, мўминларни хушхабар билан суюнтириш, солиҳ амалларга — уларга бериладиган ажрни ва гўзал оқибатни зикр қилишлик билан, мўминларни рағбатлантириш, мақталган, яхши ишлардандир. Айниқса, агар бунинг оқибатида инсонларга солиҳ амалларни бажариш янада осонлашса.
Бир сўз билан айтганда, инсонга берилган хушхабарнинг энг муҳими (ва энг аввалгиси), унинг иймонга келиши ва солиҳ амалларни бажаришидир. Шундай кейингина, дунё билан хайрлашаётган кезида мўминга жаннат башорати бериладики, шу вақтдан бошлаб солиҳлар абадий лаззат ва абадий роҳатга эришадилар. Эй Роббимиз, бизларни бу марҳаматингга мушарраф қил]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:26.
إِنَّ اللَّهَ لَا يَسْتَحْيِي أَن يَضْرِبَ مَثَلًا مَّا بَعُوضَةً فَمَا فَوْقَهَا فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا فَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُوا فَيَقُولُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَذَا مَثَلًا يُضِلُّ بِهِ كَثِيرًا وَيَهْدِي بِهِ كَثِيرًا وَمَا يُضِلُّ بِهِ إِلَّا الْفَاسِقِينَ

Оят: Дарҳақиқат, Аллоҳ чивиндан, ёки унданда каттароқ бўлган нарса ҳақида масал келтиришдан уялмайди. Иймон келтирганлар, бу [масал] ҳақ — уларнинг Роббилари томондан келганини биладилар. Аммо куфр келтирганлар: “Аллоҳ бу масал билан нимани ирода қилмоқчи?” дейдилар. Бунинг [орқали, У Зот синамоқчи бўлиб] кўпчиликни залолатга олиб киради ва кўпчиликни ҳидоят [йўли]га чиқаради [яъни, мўминларни иймонларини зиёда қилади ва тўғри йўлида собит қилади]. Аммо, Аллоҳ у [масал] орқали фосиқлардан ўзгасини адаштирмайди.

Тафсир: [Буюк ва марҳаматли Аллоҳ ҳаттоки чивиндек, ёки бошқа майда махлуқотлардек нарсалар ҳақида масал келтиришдан ҳижолат бўлмайди, зеро бунда жуда чуқур маъно ва инсонларга ҳақни баён қилиб беришлик бордир. Аллоҳ Таъало ҳақни гапиришдан ва тушунтиришдан асло ҳаё қилмайди. Бу оят билан Аллоҳ Таъало гуёки, майда махлуқотлар билан масал келтиришни бемаъни нарса деб ҳисоблаётганларга ва Аллоҳга эътироз билдирмоқчи бўлганларга раддия бергандек. Бироқ бундай масаллар эътироз билдириш учун асос бўла олмайди. Аксинча, улар бир марҳаматдирки, улар орқали Аллоҳ Таъало Ўз бандаларига таълим беради ва инсонлар уларга қулоқ солишлари ва миннатдорчилик билан уларни қабул қилишлари шартдир. Мана шунинг учун ҳам, мўминлар, агар масал уларнинг Роббиларидан келган бўлса, уни идрок қилиб, унинг маънолари устида фикр юритишлари лозимлигини тушинадилар. Агар бу масалнинг маъноларини батафсил ҳолда англашга муваффақ бўлсалар, бунинг натижасида уларнинг иймонлари ва билимлари кучаяди. Бордию, бунга эришолмасалар, унинг ҳақлигига ишонишлари ва маъноларини ҳақиқат экани билишлик билан кифояланадилар. Нозил қилинган масалнинг ҳақиқатини бир қисми мўминлар учун яширин қолган бўлса ҳам, улар ўз ишончларида комил қоладилар, зеро уларнинг билганлари шуки, Аллоҳ Таъало бекордан бу масалларни келтиргани йўқ, балки уларнинг ичига буюк маъно ва чексиз раҳматни ўрнатиб қўйгандир. Аммо иймон келтирмаган кофир кимсаларга келсак, улар бемаъни савол бериб: “Бу масал билан Аллоҳ нима демоқчи эди?”, дейдилар. Улар ғазабланиб, саросимага тушадилар, бу [масалларнинг] нинг натижасида эса, худди мўминларнинг иймонларига иймон қўшилгани каби, уларнинг куфрларига ҳам куфр қўшилади. Айнан шунинг учун ҳам, Аллоҳ Таъало қуръоннинг ваҳийси орқали бир тоифа инсонларни адаштиришини, бошқаларини эса тўғри йўлга ҳидоят қилишини айтиб ўтди. Шу тариқа мўминлар ва кофирлар қуръоннинг янгидан нозил қилинган оятларини қабул қиладилар. Бу ҳақда Аллоҳ Таъало деди: «Бирон сура нозил қилинган вақтда уларнинг орасида: «Бу сизларнинг ичингизда қайсингизни иймонини зиёда қилди?» дейдиган кимсалар бор. Аммо, иймон келтирганларнинг иймонлари бундан зиёда бўлди ва улар хурсанд бўлдилар. Бироқ, қалбларида марази бўлганларнинг нопокликлари устига нопокликни [шубҳа устига шубҳани] зиёда қилди ва шунинг учун улар кофир ҳолларидаўладилар» (9:124–125).
Инсонлар учун қуръон оятларини нозил қилинишидан кўра буюкроқ раҳмат, марҳамат йўқдир, аммо шунинг ўзи бир гуруҳ кишилар учун синов, имтиҳон, умидсизликка тушиш ва адашишликка айланиши мумкинки, уларнинг бадбахтликларига бадбахтликни зиёда қилади; бошқалар учун эса, уларни яхшиликларини кўпайтирувчи улуғ неъмат ва икромли атодир. Ўзининг бандалари орасида фарқланишни ўрнатиб қўйган Зот — Пок ва Шарафлидир. Унинг Ўзи ҳақ йўлига ҳидоят қилади ва Унинг Ўзи адаштиради!
Шундан кейин, марҳаматли Аллоҳ хабар бериб айтдики, агар Аллоҳ бир тоифа одамларни залолатга киритадиган бўлса, буни фақат илоҳий ҳикмат ва адолат юзасидан амалга оширади. Робб Таъало, У Зотга итоат қилишдан бош тортган ва ўжарлик билан пайғамбар ﷺга қарши чиққан фосиқларнигина адаштиради. Фисқ ва итоатсизлик бу гуноҳкорларнинг ажралмас хислатларидан бўлиб қолганки, улар бу аҳволни ўзгартиришга уринмайдилар ҳам.
Улар ҳидоятнинг ҳақ йўлига нолойиқ бўлганлари сабабли, Аллоҳ Таъалонинг ҳикмати ва донолиги уларни залолатга киритишни тақозо қиларди. Улардан фарқли ўлароқ, солиҳ кишилар самимий иймонга эга бўлдилар ва ўзларини тақво амаллари билан зийнатладилар, шунинг учун Аллоҳнинг раҳмати ва ҳикмати уларни ҳидоятга йўллашни тақозо этарди.
Фисқ-фасод икки турли бўлади:
Биринчи турига: фосиқни дин ва иймондан чиқарувчи итоатсизлик киради. Биз муҳокама қилаётган оятда ҳам, бошқа қуръоний оятларда ҳам фисқнинг айнан шу тури зикр қилинади.
Иккинчи турига эса: инсонни дин доирасидан чиқармайдиган фисқ киради. Унинг мисоли Аллоҳ Таъалонинг: «Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга фосиқлик билан танилган одам бир хабарни келтирса, уни аниқлаб кўрингларки, [билиб-билмасдан] бир қавмга мусибат етказиб, қилган ишинглардан надомат чекувчилардан бўлиб қолманглар» (49:6)]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:27.
الَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِن بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ أُولَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ

Оят: Улар Аллоҳ билан [У Зотни илоҳ деб тан олиб, Унга итоат қилишлари ҳақида] аҳд тузганларидан кейин уни бузувчи, Аллоҳ боғлашга буюрган [қариндошчилик ришталарини] қирқувчи ва ер юзида фасод ёйиб юрувчи кимсалардир. Ана ўшалар [дунё-ю, охиратда] зиён тортгувчилардир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало, бузғунчи бўлган кимсаларни таърифини келтира туриб, энг аввало улар Аллоҳга мийсоқ (ваъда) берганларидан кейин, уни йўққа чиқарувчи эканликларини хабарини берди. Бу (мийсоқ) банданинг аввало Роббиси, сўнгра махлуқотлар олдидаги мажбуриятларига тегишли бўлиб, улар қаттиқ аҳд билан муҳрлангандир. Аммо фосиқ ва бузғунчи бўлган кимсалар бунга умуман беэътибордирлар. Бундан ташқари, улар бу аҳдни, Аллоҳнинг фармонларига лоқайдлик кўрсатиш ва белгилаб берган чегараларидан чиқиш орқали, поймол қиладилар. Шу билан бир қаторда, улар одамлар билан тузган шартнома ва аҳдномаларга нисбатан ҳам ўз мажбуриятларини тўкис бажармайдилар.
Сўнгра уларнинг қабиҳ сифатларини санай туриб, Аллоҳ Таъало уларга боғлашни буюрган нарсаларни кесиб-қирқиб ташлашларини айтди ва бу диннинг кўплаган аҳкомларига тааллуқли. Роббимиз бизларга У Зотга иймон келтириш [Унинг амрлари ва қайтариқларига бўйсуниш] орқали, У билан алоқани тиклаб туришимизни буюрди. Пайғамбар ﷺ га иймон келтириш, уни севиш, уни эъзозлаб, унга нисбатан бўлган мажбуриятларимизни бажариш орқали, у зот ﷺ билан алоқамизни мустаҳкамлашга буюрди. Ота-онамиз, қавм-қариндош, дўст-биродар ва бошқа одамларнинг олдидаги вазифаларимизни адо этиш йўли билан, алоқаларни маҳкамлашни буюрди. Аллоҳ боғлашни амр қилган алоқаларни тиклаш ва ўз мажбуриятларини чиройли тарзда ўташ — мўминларга хос бўлган хислатдир. Фосиқлар эса бу алоқаларни узиб, ўзларининг мажбуриятларига мутлақо бефарқлар. Улар илоҳий фармонларга осий бўлиш, гуноҳ, жиноят, ёвузлик амалларни содир қилиш билан ер юзида фасод тарқатадилар. Бундай нопок хислатларга эга бўлган ҳар қандай киши, батаҳқиқ, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрувчи, ютқазувчидир. Фақат мана шундай хислатли кимсалар зиён тортарлар ва уларнинг зиён тортишлари ҳар тарафлама бўлади. Уларнинг бошлаган ҳеч бир ишлари уларга зафар ва ютуқлар олиб келмайди, чунки ҳар бир солиҳ амалнинг муҳим шартларидан бири, бу — саҳиҳ иймондир. Агар киши бундай иймондан маҳрум бўлган бўлса, унинг қилган ҳеч бир амали солиҳ бўлмайди. Бундай йўқотувга фақат кофирлар мубталодирлар. Лекин зиённинг (хусроннинг) яна бир кўриниши борки, унга инсон нафақат куфр сабабли, балки осийлиги ва мустаҳаб ишларга эътиборсизлиги билан кириб қолиши мумкин. Зиённинг бу тури ҳақида Аллоҳ Таъало шундай деди: «Аср [вақти] га қасам [ёки: вақтга қасам]. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон зиён [йўқотув, ютқазиш] устидадир. Магарам, иймон келтирган, солиҳ амаллар қилган, бир-бирларига ҳақни васият қилган ва бир-бирларига [бу ҳақ йўлида] сабрни васият қилганлардан ташқари [қолган ҳаммаси очиқ зиённи устида] (103:1-3).
Бу ютқазув ва бу хусрондан ҳеч ким қутула олмайди, магарам, саҳиҳ иймон [саҳиҳ ақида бўлган аҳли сунна ақидаси]ни мустаҳкам тутган, солиҳ амалларни [Аллоҳни юзини истаб, пайғамбарини суннатига мувофиқ] бажарган, ҳақни дастурул-амал қилиб олишни бир-бирларига васият қилган ва [бу чақирув йўлида дуч келган озор-азиятларга] сабр қилишни бир-бирларига васият қилганларгина бундан мустасно. Бу зиённинг моҳияти шундаки, инсон эришиши мумкин бўлган яхшиликдан маҳрум бўлади]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:28.
كَيْفَ تَكْفُرُونَ بِاللَّهِ وَكُنتُمْ أَمْوَاتًا فَأَحْيَاكُمْ ثُمَّ يُمِيتُكُمْ ثُمَّ يُحْيِيكُمْ ثُمَّ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

Оят: [Эй мушриклар!] қандай қилиб Аллоҳга куфр келтирасизлар, ахир [бундан аввал] жонсиз эдингиз — У сизларга ҳаёт бахш этди [ва бу дунёга яратди]. Сўнгра сизларни ўлдиради, сўнгра [яна бир бор қиёмат кунида] тирилтиради ва [барчангиз] Унга [Унинг қазосига] қайтарилажаксиз.

Тафсир: [Бу савол — таажжуб, қоралаш ва айблашни билдиради. Эй одамлар! Қандай қилиб, сизларни йўқдан бор қилган ва сон-саноқсиз неъматлар билан сийлаган, ҳаёт муддатингиз тугаганда сизларни ўлдирадиган ва қабр ҳаётини ўзидаёқ мукофотлайдиган ёки жазолайдиган, сизларни тирилтирганидан кейин иккинчи бор ҳаётга қайтариб, қилган ҳар бир амалингизни тўкис ажр, ёки жазо билан тақдирлайдиган Аллоҳга иймон келтиришдан бош тортасиз? Сизлар У Зотнинг амри остидадирсиз, Унга қарамсиз ва У Зотнинг кавний қонунларига бўйсуниб яшамоқдасиз, сўнгра эса, У Зотнинг динига асосланган қонунлар бўйича ҳукм қилинасиз. Хўш, Роббингизга иймон келтиришдан бош тортишга қандай ҳаддинглар сиғди?! Ахир бу каби кофирлик — улкан жаҳолат ва даҳшатли нодонлик эмасми?! Албатта Роббингиздан қўрқиб, Унга шукр қилиб, Унга сидқидилдан иймон келтириб, азобидан огоҳ бўлиб, мукофотидан умид қилиб яшашингиз шарт.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:29.
هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا ثُمَّ اسْتَوَى إِلَى السَّمَاءِ فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

Оят: У сизлар учун ер юзида мавжуд бўлган барча [сиз фойдаланаётган яхши] нарсани яратди, сўнгра эса самога юзланди [яратишга киришди] ва уни етти [осмон] ҳолига келтириб тўғрилади. Ва фақат Унинг Ўзи барча нарсани [мукаммал равишда] билувчи Зотдир.

Тафсир: [Ер юзидаги барча неъматларни Аллоҳ Таъало инсонлар учун Ўз раҳмати билан яратди, токи улар бу нарсалардан фойдаланиб, лаззатлансинлар ва ўзларига тегишли хулосалар чиқарсинлар. Бу улуғвор оят шунга далолат қиладики, ер юзида мавжуд бўлган нарсаларнинг ҳаммаси ҳалол ва тоза, токи бунинг акси исботланмагунча, зеро Аллоҳ Таъало инсонларга бўлган раҳматини ёд этиб ўтди. Яна, бу оятга асосланиб, барча зарарли ва мункар бўлган нарсалар таъқиқланган деб айтиш мумкин, чунки Аллоҳ Таоло инсонларга, фақат уларга фойдаси тегадиган нарсаларни яратиб берди. Демак одамларнинг, бунинг чегарасидан ташқарига чиқадиган нарсаларни истеъмол қилишга ҳақлари йўқ. Одам боласига зарари ва ёмонлиги тегадиган нарсаларни таъқиқлаш билан, Аллоҳ Таъало уларга Ўз раҳматини намойиш қилди.
Оят давомида, Робб Таъало ерни яратиб бўлганидан кейин, осмонга юзлангани ҳақида хабар бермоқда. Оятдаги “Истава” феъли, қуръони каримда уч турдаги маънода ишлатилади:
1) Агар бу феъл умуман сўз қўшимчасиз келса: “камолотга етганлик”, “балоғат” маъноларини англатади. Масалан: Аллоҳ Таъало, Мусо (алайҳис-салом)ни қиссасини келтира туриб, бу феълни айни шу маънода ишлатди ва дедики: «Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганида (ваставаа), унга ҳикмат ва илмни бердик» (28:14);
2) Агар “истава” феъли, олийликка, юксакликка ишора қилувчи сўз қўшимчаси (على 'ала) билан келса, унинг маъноси: “юксалиш”, “баландлаш”, “кўтарилиш”дир. Бу маънода “истиво” феълини Аллоҳ Таъало “То ҳа” сурасининг 5-оятида келтириб, шундай деган: «Роҳман бўлган Зот — аршга юксалди (иставаа 'алал-арш)»;
Яна бир оятда: «У Зот барча жуфт [ҳайвон]ларни яратган ва сизга кемалар, ҳамда чорва ҳайвонларидан [устларига] минадиган нарсаларни қилди. Токи сиз уларнинг устига ўрнашгайсизлар...» (43:12–13). Бу оятда ҳам устига кўтарилиш, ўрнашиш маъноси берилган;
3) Агар “истава” феъли йўналишга ишора қилувчи сўз қўшимчаси билан келса, унинг маъноси: “юзланиш”, “йўналиш” деганидир. Бу оятдаги маъно — айнан учинчи маънода келган.
Ерни яратиб бўлгандан сўнг, Аллоҳ Таъало осмонни халқ қилишга киришди ва уни етти осмон қилиб ўрнатди. Аллоҳ уларга [яъни етти осмонларга] энг мукамал кўринишни ато этди ва албатта, У ҳар бир жон устида илмга Эгадир. У Зот, ерга нималар тушаётганини ва ундан нималар чиқаётганини, осмондан ерга нималар нозил бўлиб ва осмонларга нималар кўтарилаётганини яхши билувчидир. У барча яширин ва ошкор нарсалардан Хабардор. Бу ва бошқа оятларда, Аллоҳ Таъало оламларнинг яратилишини зикр қилиш билан бир қаторда, Ўзининг илоҳий билимини ҳам ёд қилиб ўтади. Аллоҳ Таъало деди: «Ва сиз ўз сўзларингизни сир сақлайсизми, ёки уларни ошкора айтасизми, албатта, У қалблардаги [нарсалар]ни билгувчидир. Наҳотки Яратувчи бўлган Зот [бу ишларни] билмаса, ваҳолангки У Латийф [тафсилот, икир-чикиргача ҳамма нарсани билувчи, ёки мулойим], Хобийр [ҳар бир нарсадан мукаммал равишда хабардор Зот]дир» (67:13–14).
Бунинг сабаби эса шундаки, махлуқотларнинг яратилиши, Аллоҳнинг билими, ҳикмати ва қудратига далолат қилувчи энг ишончли исботдир]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:30.
وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الْأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُوا أَتَجْعَلُ فِيهَا مَن يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاءَ وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لَا تَعْلَمُونَ

Оят: Қачонки, Роббингиз малоика [фаришта]ларга: “Мен ер юзида [унда яшайдиган] халифа ўрнатмоқчиман”, деганида, улар: “Унда [ерда] фасод тарқатадиган ва қон тўкадиган кимсани ўрнатмоқчимисан? [Бунинг ҳикмати нимада, эй Роббимиз?!] Ахир биз Сенинг ҳамдинг ила, Сенга тасбеҳ айтиб, Сени муқаддаслаб турибмиз-ку”, дедилар. Аллоҳ [бунга жавоб бериб] деди: “Мен сиз билмаган нарсаларни [ҳикматини] биламан”.

Тафсир: [Буюк Аллоҳ, энг аввалда Одам Атонинг яралиши қандай бўлгани ва бошқа махлуқотлар устидан унинг эгаллаган мавқеи ҳақида хақида хабар берди. Одам (алайҳис-саломни) яратишни ирода қилар экан, Аллоҳ Таъало бу ҳақда фаришталарга билдирди. Шунингдек, уни [Одамни] ер юзида халифа қилиб ўрнатиш истаги борлигини ҳам айтди. Шунда фаришталар: “Эй Роббимиз! Наҳотки Сен ер юзида гуноҳлар ва қон тўкиш орқали, фисқ-фасод тарқатадиган кимсани яратмоқчи бўлсанг?!”, дедилар. Малоикаларнинг бу сўзлари, умумийдан кейин қисмийни зикр қилишнинг яққол мисолидир, зеро қон тўкиш ҳам бузғунчиликнинг бир кўринишидир. Бу билан фаришталар, қотилликнинг нақадар оғир гуноҳ эканини таъкидлаб ўтдилар ва Одам боласининг зурриётлари ер юзида айнан шу жиноятни содир этишлари ҳақидаги таҳминларини билдирдилар. Шу билан бирга, улар Аллоҳ Таъалога нисбатан ҳурмат-эҳтиромни ва У Зот ҳар қандай ёмонликдан, ҳар қандай айбу нуқсондан пок эканлигини унутганлари йўқ. Улар Аллоҳ Таъалога энг гўзал ва комил суратда ибодат қилишларини У Зотни, Унинг мукаммаллигига ва олийлигига ярашадиган тарзда ҳамдлашларини ёд этдилар. Яна шу билан бирга, У Зотни муқаддаслашларини ҳам тилга олдилар. Уламолар томонидан билдирилган фикрга кўра, фаришталарнинг “Нуқоддису лак” деган сўзлари: “Сенга тақдис айтиб, Сени муқаддаслаймиз” деганидир. Бундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, фаришталар Аллоҳдан ўзгасини пок ва муқаддас деб ҳисобламайдилар. Бошқа тафсирга кўра, бу сўзлар: “Биз ўзимизни Сен учун [Сенинг ибодатинг учун] пок тутамиз”, дегани. Яъни, фаришталар Аллоҳ Таъалони севиш билан, У Зотдан қўрқиш билан ва У Зотни улуғлаш билан, ўзларининг ахлоқларини олижаноб фазилатлар билан поклайдилар. Бунга жавоб бериб, Аллоҳ Таъало деди: “Бу халифам ҳақидаги сизга аён бўлмаган нарсаларнинг илми Менда. Сизларнинг бу айтган сўзларингиз таҳминларингизга қурилгандир, аммо барча ғайбий ва ошкор ишлар фақат Менга маълумдир. Бу халифани яратишликда, ёмонликдан кўра, кўпроқ хайр ва яхшиликлар бор”. Аллоҳ Таъало, Одам (алайҳис-салом)нинг зурриётларидан пайғамбарларни, сиддиқларни, солиҳларни, Аллоҳ йўлида ўтган шаҳидларни ва авлиёларни танлаб олдики, бу билан Ўз махлуқотларига оят-аломатларини кўрсатмоқчи бўлди. Ҳамда ер юзидаги синов-имтиҳон орқали инсонлар қалбидаги яхшилик ва ёмонликни юзага чиқариш, итоаткор бандаларини, итоатсизларидан ажратиб олиш, Иблиснинг катта бир ёлғонини ошкор қилмоқчи бўлиб, инсонга У Зотнинг йўлида курашиш имкониятини берди ва бошқа мавжудотлар қодир бўлмаган Аллоҳнинг буйруқларини бажариши орқали, уни синовдан ўтказди. Инсонни яратилишидаги олий ҳикмат мана шундан иборат ва ҳикматнинг мана шу кичиккина қисми, инсонни яратиш учун муҳим асослардан бири бўла олади.]

https://t.me/tafsirassaadiy