🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
261 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
2:167.
وَقَالَ الَّذِينَ اتَّبَعُوا لَوْ أَنَّ لَنَا كَرَّةً فَنَتَبَرَّأَ مِنْهُمْ كَمَا تَبَرَّءُوا مِنَّا كَذَلِكَ يُرِيهِمُ اللَّهُ أَعْمَالَهُمْ حَسَرَاتٍ عَلَيْهِمْ وَمَا هُم بِخَارِجِينَ مِنَ النَّارِ
Оят: Ва [адашган пешволар ортидан] эргашганлар [ўша куни қаттиқ кулфатда] айтадиларки: “Қанийди бизлар учун яна бир бора [ҳаёти дунёга қайтиш] имкони берилса эди, ўшанда улар [куфр пешволари қиёмат куни] худди бизлардан воз кечиб қўйганлари каби, биз ҳам улардан воз кечиб кетган бўлар эдик”. Мана шундай тарзда Аллоҳ уларнинг амалларини ўзларига қарши ҳасрат [надомат] қилиб кўрсатиб қўяди ва улар [асло] олов [жаҳаннам]дан чиқиб [нажот топиб] кетгувчи бўлмаслар.

Тафсир: [Ўзларининг [адашган] йўлбошчиларини изларидан эргашган кофирлар, ўша кунда ҳаёти дунёга бир қайтишни ва ўзлари кўр-кўроналик билан эргашган ўша пешволаридан воз кечишни орзу қилиб қоладилар. Мушрикликдан тамомий қайтиб, ягона Аллоҳгагина қуллик қилишни истайдилар. Аммо, улар бу орзуларига етиша олмайдилар, чунки инсонларга берилган муҳлат ўтиб бўлди, фурсат тугади. Бундан ташқари, уларнинг [бу дунёга қайтиб, қўлдан кетган нарсаларни тиклашлик ҳақидаги] ваъдалари ёлғон ва қуруқ гапдир, зеро агар уларни бу дунёга қайтарилса эди, улар барибир таъқиқланган ишларни яна содир қилар эдилар. Ўзларининг асоссиз иддао ва ваъдаларини, ўша куфр бошлиқларига нисбатан туйган нафратлари ва ғазаблари туфайли айтадилар холос. Куфр ва залолат пешволарининг ўша кунда тортадиган азоблари энг қаттиқ ва шиддатли бўлур, буларнинг бошида эса Иблис бўлади [яъни, Иблисга берилган азоб энг оғир ва энг шиддатлиси бўлади, чунки у куфр пешволарининг энг каттасидир, бинобарин, азобни ҳам энг улкани ва энг ёмони унга аталган]. Аллоҳ Таъало деди: «Қачонки, иш битиб [ҳукмлар чиқарилиб] бўлганда, шайтон [ўша унга эргашганларга қарата] айтади: “Албатта, Аллоҳ сизларга ҳақ ваъдаларни берган эди [ва ҳамиша ваъдасини бажаради]. Мен ҳам сизларга [турли ҳил] ваъдаларни бердим, аммо [кейин] сизларга [берган сўзимга] хилоф қилдим. Сизларнинг устингиздан менинг султонлигим йўқ эди [биронтангизни гуноҳга мажбурлаганим йўқ], магарам, сизларни [ўз йўлимга] чақирсам, ўзинглар менинг [чақириғимга, ўз ихтиёрингиз билан] жавоб бердинглар [яъни, ортимдан эргашдинглар]. Бас [энди] мени маломат қилмасдан, [балки] ўзингизни маломат қилинглар! Мен сизларни [Аллоҳнинг азобидан] халоскорингиз эмасман, сизлар ҳам [азобдан] мени халос эта олмассиз. Илгарилари мени [Аллоҳга] шерик қилганларингизни мутлақо тан олмасман [инкор қиламан]. Дарҳақиқат, золим бўлган кимсаларга аламлантирувчи азоблар тайёрлаб қўйилгандир” (14:22)]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:168.
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ
Оят: Эй инсонлар! Ер юзидаги [Аллоҳ томонидан ризқ қилиб берилган] нарсалардан ҳалолини, покизасини енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар, [чунки] батаҳқиқ, у сизларга аниқ душмандир.

Тафсир: [Бу мурожаат барча инсонларга — у мўмин бўладими, кофир бўладими — бирдек тегишлидир. Инсонларга турли ҳил таом ва самаротларни истеъмол қилишга, мева-чева ва кўплаган ҳайвонларнинг гўштларини ейишга изн беришлик билан, Аллоҳ Таъало уларга улкан раҳматини намойиш қилди. Бу неъматлар, агар уларни ҳалол йўл билан топилган бўлса; ўғрилик, йўлтўсарлик билан, қонунбузарлик ва бировларнинг ҳақларини поймол қилиш орқали топилмаган бўлсагина, ҳалол деб эълон қилинди. Аллоҳ Таъало инсонга, ўз таомида фақат покиза, ҳалол нарсаларни тановул қилишга ва таъқиқланган нарсалардан: ўлакса, қон, чўчқа гўшти ва бошқа нопок нарсалардан четланишликка буюрди. Демак, оятдан маълум бўладики, то шариатимизда аниқ [далил билан] таъқиқ келмагунича [масалан, чўчқа гўштига, қонга таъқиқ келганидек], ер юзидаги барча нарса ҳалол, покиза деб саналаверади ва истеъмол қилинаверади.
Ҳаром қилинган нарсаларга келсак, улар икки гуруҳга бўлинади: уларнинг биринчилари ўз-ўзидан [зотида] ҳаром ва бунинг сирасига покиза нарсаларнинг зидди бўлган [нажосат, қон, чўчқа гўшти, ўлакса каби] нопок нарсалар киради. Иккинчилари эса, Аллоҳнинг ва Унинг махлуқотлари ҳуқуқларини поймол қилиш йўли билан топилгани учун ҳаромдир [яъни, нарсанинг ўзи аслида тоза нарса, масалан: нон, ҳалол гўшт каби, аммо у ҳаром йўллар билан: ўғрилик, зино, рибо орқали топилган, ёки, Аллоҳ учун сўйилмаган, шунинг учун ҳаром — тарж.]
Оят яна шунга ишора қиладики, инсон танасини тириклигини тутиб турувчи миқдордаги таомни истеъмол қилиб туриши — вожибдир ва борди-ю, агар инсон ўзини овқат ейишликдан мутлақо тийса [ва бу уни ўлимга, ёки қаттиқ очарчиликка олиб келадиган бўлса], демак у Аллоҳнинг аниқ буйруғини бузган бўлади. Биз муҳокама қилаётган амру фармонда инсонлар учун фақат фойда ва яхшиликлар бор бўлгани сабаб, Аллоҳ Таъало одам боласига шайтоннинг изларидан юришни, яъни, унинг амрларини бажаришни, куфрни дин қилиб олишни, жиноят ишларга қўл уришни, ҳамда зулмкорлик, адолатсизлик қилишни ман қилди. Бу таъқиққа яна: баъзи ҳайвонларни муқаддас санашлик ва ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилишлик ҳам киради. Шайтон ҳеч қачон инсонларга бўлган адовати, нафратини яширмаган: уларни адашишликка олиб кириш учун, ер юзида ёвузлик, зулм, зўравонлик қилишларини уларга буюради; Одам боласининг барчалари — аввалгисидан, то охиргисигача — ёниб турган жаҳаннамнинг аҳлидан бўлишларини астойдил хоҳлайди. Аммо, ҳақгўй Илоҳ фақатгина шайтоннинг изидан юришни одамларга таъқиқлабгина қолмай, балки шайтоннинг инсонга бўлган ашаддий душманлиги ҳақида ҳам уларга хабар берди. Шунинг ўзи ундан эҳтиёт бўлиб, унинг вас-васларига кўнгил бурмасликка кифоя қилади. Бундан ташқари, дин рухсат берган ҳалол нарсалар, дин таъқиқлаган нарсаларга нисбатан анча устунлиги борлигини ва ислом шариати фақат зарарли, нопок ва исқирт нарсаларнигина ҳаром қилиши ҳақида марҳаматли Роббимиз баён қилиб берди ва келаси оятда дедики: ]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:169.
إِنَّمَا يَأْمُرُكُم بِالسُّوءِ وَالْفَحْشَاءِ وَأَن تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ
Оят: [Ва] батаҳқиқ, у [шайтон] сизларни ёмон ишлар [яъни, кичик гуноҳлар]га ва фаҳш амаллар [яъни, катта гуноҳлар]га, ҳамда, Аллоҳга қарши ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришга буюради [яъни, Аллоҳ ҳақида, билимсизлик билан ёлғон тўқишликка чақиради]

Тафсир: [Ушбу оятдаги “бис-су'и” ибораси остида, ҳар қандай гуноҳу маъсиятлар назарда тутилган, чунки уларни бажарувчи гуноҳкор одамга, улар албатта, зиён-зарар етказади. Аммо, бу ўринда фаҳш амалларни зикр қилиниши, қисмийни умумийга киритишнинг ёрқин мисолидир. Шубҳасиз, фаҳш амаллар ҳам гуноҳ, деб саналади, бироқ, ҳар қандай ақли расо, онги теран киши улардан нафратланади ва номақбул ҳисоблайди. Бундай гуноҳлар жумласига: зино қилиш, маст қилувчи ичимликларни ичиш, қотиллик, бўҳтон (туҳмат), бахиллик ва бошқа кўплаган қабиҳ ишлар киради. Оятда зикр қилинган: “Аллоҳга туҳмат қилиш”, деганда, Аллоҳнинг қонунлари ва илоҳий тақдир борасида қилинган ҳар қандай асоссиз иддаолар тушунилади. Агар инсон — Аллоҳ Таъалони, У Зот Ўзини Ўзи васфлагандек васфламас ва пайғамбари таърифлагандек, таърифламас экан; ҳамда, Аллоҳ Ўз-Ўзини ва Унинг пайғамбари Аллоҳни васфлаган нарсаларни Аллоҳдан инкор қилар экан, у ҳолда, Роббисига ўзи билмаган нарсасида туҳмат қилган бўлади. Агар у Аллоҳ билан биргаликда бошқа ибодатга лойиқ илоҳлар бор деса ва ўша илоҳлар бандани Аллоҳга яқинлаштиришга қодир, деб эътиқод қилса, демак, билимсизлик билан Аллоҳга бўҳтон қилган бўлади. Агар инсон, далилларга асосланмай туриб, Аллоҳнинг буйруқ, ёки қайтариқлари ҳақида гапирса, демак Аллоҳга, ўзида бўлмаган нарсалар билан ёлғон тўқиган бўлади. Борди-ю, Аллоҳ баъзи бир махлуқотларини муайян бир мақсад учунгина яратган деса ва бу гапларини саҳиҳ, рад этиб бўлмас далиллар билан далиллаб беролмаса, билими бўлмаган нарсада Аллоҳга бўҳтон тўқиган бўлади. Аллоҳга қилинган туҳматданда оғирроқ, ёмонроқ туҳмат бўлиши мумкинми? Аллоҳнинг гаплари ва росулининг нутқи билан келган ҳақиқатнинг асл маъносидан оғиб кетиб, унга бошқача маъно-мазмун бериб, уни ўзгартиришданда хатарлироқ нарсанинг ўзи бўладими? Ахир кўплаган адашувчи, залолатда қолган кишилар айнан шундай йўл тутадилар. Улар қуръон оятларига ўзгача маъно бериб, асл маъносидан бузиб туриб, Аллоҳ худди шундай демоқчи бўлганини бизларга уқтирмоқчи бўладилар. Билиб қўйингки, Аллоҳнинг номидан, саҳиҳ далилларга асосланмай туриб қилинган ҳар қандай иддаолар катта гуноҳлар сирасига киради. Бу гуноҳлар ўз навбатида бошқа кўплаган жиноятларни жалб қилади ва шайтоннинг йўли бўлиб саналадики, у ўзининг аскарлари билан биргаликда одамларни шу йўлга чақиради. Улар макр-ҳийлалар уюштириб, инсонларни алдайдилар ва одамларни ҳақ йўлидан залолатга киритиш учун, қўлларидан келган барча имкониятларни ишга соладилар. Шунинг баробарида, Аллоҳ Таъало инсонларга адолатни қойим қилишни, ёзгулик кўрсатишни ва қариндошларга ёрдам беришни буюриб, фаҳш ва мункар ишларни бажаришдан қайтаради, ҳамда бузғунчилик қилишни таъқиқлайди. Ҳар бир инсон фикр юритиб, қайси даъватга қулоқ солишни ва кимнинг йўлидан юришни ўйлаб кўрсин! Унга яхшилик тилаётган ва уни дунё-ю охиратда саодатга, нажотга эришишга чақираётган Аллоҳнинг даъватига қулоқ солиши ва эргашиши мумкин, зеро Аллоҳга итоат қилиш фавзга эришишнинг кафолати бўлиб, инсонга улкан фойдаларни келтиради. Аллоҳ Таъало Ўзининг бандаларини кўзга кўринган ва кўринмаган марҳаматлар билан сийлайди, фақат яхшилик қилишга буюради ва ёмонликдан қайтаради. Аммо, инсон ўзининг ашаддий душмани бўлган, одамларга фақат ёмонликни, фақат ёвузликни хоҳлайдиган ва уларнинг дунё-ю охиратини ҳалоқ қилиш учун қўлидаги барча имкониятларни бажараётган шайтонга эргашиб, унинг чақириғига қулоқ солиши ҳам мумкин. Шайтонга бўйсуниш, бу мутлақ ёмонликдир, у билан дўст тутинишнинг оқибати эса, дунё-ю, охиратда зиён тортиб қолишликка олиб келади. Зеро шайтон фақат ёмонликка чақиради ва солиҳ амаллардан инсонни қайтаради.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:170.
وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنزَلَ اللَّهُ قَالُوا بَلْ نَتَّبِعُ مَا أَلْفَيْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ شَيْئًا وَلَا يَهْتَدُونَ
Оят: Ва қачонки у [адашган кофир кимса]ларга: “[Барча ишларингизда] Аллоҳ нозил қилган нарса [қуръон ва суннат]га эргашинглар”, дейилса, улар [бунга жавобан ўжарлик билан]: “Йўқ, биз ота-боболаримизни нимани устида [яъни, қандай ақида ва амаллар устида] топган бўлсак, ўшанга эргашамиз [ота-бобаларимиз тутган динни тутиб, улар ибодат қилгандек, ибодат қиламиз]”, дейдилар. Наҳотки оталари ҳеч нарсага ақллари етмаган [ҳақ йўл борасида ҳеч нарсани билмаган], ҳамда ҳидоят топмаган [кишилар] бўлсалар ҳам [уларга шундай кўр-кўроналик билан эргашиб кетаверадиларми]?

Тафсир: [Қачонки мушрик бўлган кимсаларга, Аллоҳ Ўз пайғамбари ﷺга нозил қилган буйруқ ва қайтариқларга итоат қилиш буюрилса, уларнинг аҳволлари ва айтар сўзлари қандай бўлишини бизга Аллоҳ айтиб берди. Улар Роббиларининг иродасига бўйсунишдан бош тортиб, фақатгина ўзларининг аждодлари изидан юришлари ҳақида гапирадилар. Ўз ота-боболарига кўр-кўрона эргашиш билан кифояланадилар, ҳамда Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтиришдан юз ўгирадилар, ҳолбуки, уларнинг аждодлари жоҳил, билимсиз ва адашган кимсалар бўлганларига қарамай, уларнинг йўлларини ўзларига йўл, динларини эса дин қилиб оладилар. Ўзлари ўйлаб топган ботил, номақбул далиллари билан ҳақни инкор этмоқчи бўладилар, бу эса уларнинг ҳақдан юз ўгириб, уни билишни истамасликларидан далолатдир. Яна бу нарса уларнинг адолатсиз, зулмкор кимсалар эканига гувоҳликдир, ахир, агар улар ҳақ йўлга чиқишни хоҳлаганларида ва ниятлари холис бўлганида, уларнинг мақсадлари ҳам ҳақиқатни ошкор қилиш бўлар эди. Ҳақиқатни излаётган инсон, турли ҳил иддаолар, эътиқод ва дунёқарашларни солиштириб кўради, таққослайди, фикр юритади ва агар у ҳақни излашдаги ниятида самимий бўлса [ниятида бировга кўр-кўрона эргашиш бўлмаса], у албатта ҳақни топади ва агар у адолатли ва холис кишилардан бўлса, ҳақни топган вақтида унга эргашмай қўймайди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:171.
وَمَثَلُ الَّذِينَ كَفَرُوا كَمَثَلِ الَّذِي يَنْعِقُ بِمَا لَا يَسْمَعُ إِلَّا دُعَاءً وَنِدَاءً صُمٌّ بُكْمٌ عُمْيٌ فَهُمْ لَا يَعْقِلُونَ
Оят: [Ҳақ йўлига чақираётган даъватчи] ва [ҳаққа унамаган] кофир кимсаларнинг мисоли, худди [ҳайвон тўдасига] қичқираётган [чўпон] кабидирки, [ўша ҳайвонлар тўдаси чўпоннинг] қичқириғи ва нидосидан бошқа нарсани эшитмайди [гапирилган гапларнинг маъносини уқмайди]: улар [ҳаққа нисбатан] карлар, [тиллари бор-у, лекин ҳақни гапиролмайдиган] соқовлар ва [ҳақни аниқ далилларини кўролмайдиган] кўрдирлар. [Уларга нималарда фойда ва манфаатлар борлиги ҳақида] ақл юритмаслар.

Тафсир: [Кофирлар ўз ота-боболарига кўр-кўрона, ақлсизлик билан эргашиб, пайғамбарлар даъватини қабул қилишдан юз ўгиришлари ҳақида баён қилгандан сўнг, Аллоҳ Таъало уларни ҳайвонларга ўхшатдики, бу ҳайвон тўдасига чўпон қичқириб туради, улар эса, ўша чўпоннинг гапларини [маёно-мазмунини] англамаслар, бироқ, фақат [чўпоннинг] қичқириғи ва овозинигина эшитадилар. Аллоҳнинг даъватчилари кофирларни ҳақ йўлига чақириб турганларида, бу жиноятчи кимсалар ўзларини худди ўша ҳайвонлар тўдаси каби тутадилар. Улар эшитаётган даъват, энди уларни жоҳиллик билан Аллоҳнинг олдида ўзларини узрлаш имкониятидан маҳрум қилиб қўйди, бироқ бу даъватдан манфаат олишга улар қодир эмаслар. Ҳақни тўлақонли тинглаб, уни англаб, уни қабул қилишдан ожизларки, қулоқлари карлик билан [ҳақдан] тўсилган. Атрофларида рўй бераётган Аллоҳнинг ҳаққа далолат қилувчи оятларини кўришдан ожиздирларки, [ҳақни] кўришдан кўзлари кўр қилинган. Уларга [дунё-ю, охиратларида] фойда келтирадиган нарса [ҳақиқат]ни эса, тиллари баён қилиб бера олмайди [ҳақдан бошқа барча нарсани гапиришга келганда, тиллари бурро-бурро бўлиб гапирадилар]. Бунинг сабаби эса, уларнинг саҳиҳ ва теран ақлдан маҳрум қилинганларидирки, улар энг аҳмоқ ва энг жоҳил махлуқотлардирлар. Бир тасаввур қилиб кўринг-а: бир инсонни сиротол мустақимга чақирилса, фаҳш ва мункар ишлардан уни қайтарилса, аламлантирувчи азобдан огоҳлантирилса ва унга абадий саодат, нажот ва ютуқни келтирувчи яхши амалларга уни чақирилса-ю, у бўлса яхши панд-насиҳатларга қулоқ солмаса, Аллоҳнинг амрларидан юз ўгирса, ўз ихтиёри билан жаҳаннам оловига ўзини ташласа, ботилга, ёлғонга эргашса ва ҳақни ён томонига отса — ҳўш ақли бор киши бундай кимсани аҳмоқ ва нодонлигида, ақлдан жудо қилинганлигида яна шубҳа қилиб ўтирадими?! Агар, бунинг устига у яна ҳаққа қарши макр-ҳийлалар уюштирса, атрофидаги кишиларни алдаб, майнавозлик қилса, у аҳмоқларнинг аҳмоғи ва нодонларнинг нодонидир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:172.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِن طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِن كُنتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ
Оят: Эй иймон келтирганлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган [нарса]ларнинг фақат покиза [ҳалол]ларидан енглар ва Аллоҳга [Унинг кўрсатган марҳаматлари учун] шукр қилинглар, агар Унга [ҳақиқий] ибодат қилувчи бўлсангиз!

Тафсир: [Ушбу буйруқ — Аллоҳнинг [барча одамларга қаратилган] умумий буйруғидан кейин, фақатгина мўминларга хосланган буйруқ бўлиб келди, чунки айни мўминларгина илоҳий амр ва қайтариқлардан ўзларига тегишли фойда ва нафларни оладилар, бунга сабаб эса, уларнинг [Аллоҳга бўлган] чин иймонларидир. Роббилари уларга фақат тоза, покиза ва ҳалол нарсаларни тановул қилишга ва бу илоҳий марҳаматларни Аллоҳга ибодат қилиш ва Унга бўйсунишга ишлатиш орқали, У Зотга шукр қилишларига буюрди. Шунга ўхшаш фармон билан Аллоҳ Таъало Ўзининг пайғамбарларига ҳам алоҳида мурожаат қилиб, дедики: “Эй пайғамбарлар! Покиза нарсаларни енглар ва солиҳ амалларни адо этинглар. Дарҳақиқат, Мен қилаётган [иш]ларингизни яхши билгувчиман” (23:51). Бу оятда, инсон ўз шукрини солиҳ амалларни бажариш орқали намоён қилишига буйруқ бордир. Бундан ташқари, бу оятда, ато этилган неъматларнинг барчаси ҳалол дейилмади, зотан Аллоҳ мўмин бандаларига, уларга наф келтирадиган ва уларни ёмон оқибатларга олиб келмайдиган нарсалардан фойдаланишни амр қилди, чунки уларнинг Роббиларига бўлган иймонлари, ҳаром қилинган нарсалардан ижтиноб қилишга ундайди. Оятда таъкидлаб ўтилишича, агар инсон ўз Роббисига ношукрлик, нонкўрлик қилса, демак у ягона Аллоҳга сиғинмаган бўлади; борди-ю, у Аллоҳга қунт билан шукр қилса, албатта У Зотнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилиши ва Унгагина бўйсуниши лозимдир. Оятдан яна шундай хулоса келиб чиқадики, таомга тоза ва ҳалол нарсаларни истеъмол қилиш, инсонни солиҳ амалларни бажаришига ва [ўша солиҳ амалларни] Аллоҳ томонидан қабул қилинишига сабаб бўлади. Аммо, Аллоҳнинг марҳаматларини зикр қилингандан сўнг, У Зотга шукр қилишни зарурийлигини эслатилишининг боиси шуки, Робб Таъалога шукр, миннатдорчилик кўрсатиш, инсоннинг қўлидаги неъматларни сақланиши, асранишига сабаб бўлади. Бунинг муқобилида, агар инсон Роббисига ношукрлик қилар экан, ўзининг тасарруфидаги неъматлардан жудо бўлади, мулкининг баракоти йўқолади ва бошқа неъматларга эришишига тўсқин бўлади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:173.
إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنزِيرِ وَمَا أُهِلَّ بِهِ لِغَيْرِ اللَّهِ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلَا عَادٍ فَلَا إِثْمَ عَلَيْهِ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
Оят: [Ахир] У Зот [Аллоҳ] сизларга фақатгина ўлаксани, қонни, чўчқанинг гўштини ва Аллоҳдан ўзгасига [аталиб] қурбонликка келтирилган [ҳайвон гўшти]ни ҳаром қилди. Бас, кимки музтар [мажбур] бўлиб турган ҳолида, лаззат талаб қилмасдан ва ҳаддлардан ошувчи бўлмасдан [ўлиб қолмаслик учун, ҳаётини сақлаб қолиш учунгина ўлаксани еса], унга гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ ўта кечиримли, ўта раҳмли Зотдир.

Тафсир: [Ҳалол қилинган нарсаларни зикр қилгандан сўнг, Аллоҳ Таъало тановул қилишга рухсат берилмаган, нопок, ҳаром нарсалар ҳақида сўз юритди. Бундай нопок нарсалар тоифасига: шаръий йўл билан сўйилмаган ва ўзининг ўлими билан ўлган ҳайвоннинг ўлакса [ёки, ўлимтик] гўшти киради. Албатта, ислом шариатида ўлакса нопок ҳисобланиб, инсон танасига зарарлидир. У ўз-ўзидан ифлос нарсадир ва [агар қаттиқ заруратсиз ейилса] инсонда турли ҳил касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Денгиздан тутилган ўлик балиқ ва ўлик чигиртка ҳам ўлаксадир, аммо, бу икки нарса умумий таъқиқдан истисно қилингандир, яъни, саҳиҳ далиллар асосида, фақат шу икки ўлакса ислом динида ҳалол қилинган ва покиза деб ҳисобланадилар. Ҳаром қилинган нарсаларга яна, сўйилган ҳайвоннинг томирларидан оқиб турган қонни ҳам қўшса бўлади. Бу умумий таъқиқнинг маъносига, бошқа қуръоний оят орқали аниқлик киритилади, яъни, Аллоҳнинг ушбу сўзлари: «Айтинг: “Менга ваҳий қилинган нарса [қуръон]да [мен] таомланишга ҳаром қилинган нарсалардан, фақат ўлаксани, ёки оқиб турган қонни, ёки, чўчқа гўштини, ёки, Аллоҳдан ўзгасининг номи билан сўйилган гўштни ҳаром деб топмоқдаман. Албатта бу нопоклик ва итоатсизликдир...”» (6:145).
Шунингдек, тошдан ясалган бут-санамларга, қабрлар, зиёратгоҳлар ва мозорларга, ёки бошқа турдаги бут-санам ва соҳта илоҳларга аталиб сўйилган ҳайвоннинг гўштини таомга истеъмол қилиш ҳам, қатъият таъқиқлангандир. Бироқ, шуни инобатга олиш керакки, ушбу санаб ўтилган нарсалар, ҳаром қилинган нарсаларнинг тўлиқ рўйҳати дегани эмасдир. Аллоҳ Таъало уларни санаб ўтишининг боиси, фақат баъзи бир ҳаром қилинган нарсаларни бизга билдириш учундир. Аммо, умумий қилиб олинганда, барча нопок ва ҳаром йўл билан топилган нарсаларни таомга истеъмол қилиш ман этилган ва бу ҳақда аввалги оятларда айтиб ўтганмиз. Юқорида ёд этилган нопок маҳсулотларни таъқиқлаш билан, Аллоҳ Таъало одамларга катта марҳамат кўрсатди ва уларни улкан зарардан халос қилди. Аммо, шундай бўлишига қарамай, агар инсон ҳаром қилинган нарса [ўлакса, қон, ёки чўчқа гўшти]ни, шиддатли очлик туфайли, ёки, уни қаттиқ мажбурлашлари туфайли ейдиган бўлса, бу қилган иши учун унга гуноҳ йўқдир. Лекин, агар инсон очликка сабр қила олса, ёки, ҳалол билан кифояланса, унга ҳаром ейиш мумкин эмас.
Ҳаромни мажбуран тановул қилиш асносида [яъни, ҳаромни мажбуран еяётган пайтида] у ўша ҳаромга иштиёқ сезмаслиги керак; балки уни керакли ҳаддидан ошиқча емаслиги ва тирикчилигини тутиб турадиган даражада ейиши шарт. Бундай шароитда, ҳаром нарсаларни ейиш таъқиғи инсондан ечилиб туради ва Аллоҳ Таъалонинг исрофгарликсиз, ҳаддига сиққанчалик еб-ичиш буйруғи асос қилиб олинади. Бу эса, инсон ўзини ҳалокатга қўйиши ва очликдан ўзини ўлдириши жоиз эмас деганидир. У имкон қадар очликни қондириши шарт. Борди-ю, очликни ўлакса билан бўлса ҳам қондирмаса ва шу туфайли ўзини ўлимга гирифтор қилса, катта гуноҳ қилган бўлади, унинг гуноҳи эса, ўзини ўлдириш гуноҳига тенглаштирилади. Ҳаром қилинган нарсаларни қаттиқ мажбурий аҳволда истеъмол қилиш — бу, Аллоҳ Таъалонинг Ўз бандаларига кўрсатган раҳматидир, айнан шунинг учун ҳам, ушбу оятни Аллоҳ Таъало Ўзининг икки гўзал исми билан якунладики, улар шу оятнинг маъносига жуда монанддир. Ҳаром нарсани музтар бўлиб турганда ейишлик, Аллоҳнинг кечирими ва раҳмати билан чамбарчас боғлангандир. Бундай шиддатли очлик ҳолатларида инсон ҳар доим ҳам бошидан ўтаётган вазиятга тегишли баҳони беролмаслиги ва ҳаромни ейишда ҳатоликларга йўл қўйиб қўйишлиги мумкинлиги бўлганлиги учун, Аллоҳ Ўз кечиримлилигини зикр қилди. Оятдан яна бир шаръий қоида келиб чиқади: қаттиқ мажбурланган аҳволда, баъзи бир ҳаром қилинган нарсалар [амаллар] рухсат берилган амалларга айланади. Қатъий мажбурият [икроҳ] бўлиб турган жойда меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ Ўз қулларига ҳар қандай амални бажаришларига изн берди. Аввалда ҳам, охирда ҳам барча ҳамду сано — фақат Аллоҳникидир. Кўринган ва кўринмаган ҳамма мақтов ва олқишлар ягона Аллоҳгадир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:174.
إِنَّ الَّذِينَ يَكْتُمُونَ مَا أَنزَلَ اللَّهُ مِنَ الْكِتَابِ وَيَشْتَرُونَ بِهِ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَئِكَ مَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ إِلَّا النَّارَ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
Оят: Дарҳақиқат, [яҳудий ва насоролардан бўлган] Аллоҳ китобдан нозил қилган нарса [ҳақиқат] ни яширганлар ва [ўша яширишларини дунёнинг] арзимас баҳо[си]га сотиб олганлар — ана ўшалар ўз қоринларига оловдан бошқа нарсани емаслар; Аллоҳ улар билан қиёмат кунида гаплашмас ва уларни [гуноҳлардан] покламас ва уларга оғриқли азоб бўладир.

Тафсир: [Бу шиддатли ва қўрқинчли огоҳлантириш, Аллоҳ Ўз пайғамбарларига юборган ҳақни, шаръий саҳиҳ билимни одамлардан беркитиб, яширган кимсаларга қаратилгандир. Аслида, улар одамларга ҳақиқатни тушунтириб беришлари ва ваҳийни беркитмасликлари ҳақида Аллоҳга ваъда берган эдилар. Энди агар улар ҳақни ўткинчи неъматларга алмаштирсалар ва уни ортларига улоқтирсалар, у ҳолда, қоринларини олов билан тўлдирган бўладилар. Улар бу дунё неъматларини энг ёмон, энг жиноий йўл билан топиб егандилар, оқибатда энг шиддатли азобга мустаҳиқ қилиндилар ва албатта, Аллоҳнинг жазоси ҳар доим кишининг амалига мувофиқ бўлади. Қиёмат куни келганда эса, Аллоҳ улар билан гаплашмайди, ғазаб билан улардан юз ўгиради ва Аллоҳнинг уларга қилган бу муомаласи, улар учун жаҳаннам қийноқларидан ҳам қўрқинчлироқ бўлади. Аллоҳ уларни покламайди, ёмон хулқлардан халос қилмайди ва уларнинг ҳисобида мақтовга, олқишлашга лойиқ бирон амал бўлмайди. Покланмасликларининг сабаби шуки, улар бунинг учун етарли сабабларни қилмадилар: Роббиларининг покловчи китобини ўзларига кўрсатма қилиб олмадилар, унинг аҳкомларига риоя қилмадилар ва унга бошқаларни ҳам чақирмадилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:175.
أُولَئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الضَّلَالَةَ بِالْهُدَى وَالْعَذَابَ بِالْمَغْفِرَةِ فَمَا أَصْبَرَهُمْ عَلَى النَّارِ
Оят: Ана ўша [кимса]лар залолатни ҳидоят эвазига, азобни мағфират эвазига сотиб олдилар. Дўзаҳ ўтига чидашга қанчалар ҳам тайёрлар-а?

Тафсир: [Улар Аллоҳнинг китобини ўз орқаларига ирғитиб юбордилар ва унга ортларини ўгириб олдилар. Ҳақни устидан залолатни афзал кўрдилар; кечирим, мағфиратни устидан азоб ва қийноқларга устунлик бердилар. Улар жаҳаннам оловидан бошқа нарсага сазовор эмаслар, бироқ, бундай аламли қийноқни ва шиддатли жазони кўтара олармикинлар? Бунга уларнинг сабр-бардошлари етармикин?!]


2:176.
ذَلِكَ بِأَنَّ اللَّهَ نَزَّلَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ وَإِنَّ الَّذِينَ اخْتَلَفُوا فِي الْكِتَابِ لَفِي شِقَاقٍ بَعِيدٍ
Оят: Бунинг [яъни, уларга бундай жазо берилишининг] сабаби, албатта, Аллоҳ [Ўзининг ҳар бир] китобини ҳақ билан нозил қилганида эди ва албатта, китоб борасида ихтилофга тушганлар, [ҳақдан йироқлашган ҳолларида] узоқ талашиб-тортишувдадирлар.

Тафсир: [Ҳидоят йўлидан юришни хоҳламаган ва залолатни афзал кўрган кишиларни Аллоҳ Таъало Ўз адолати билан ҳақ кўрсатмадан маҳрум қиладир. Аллоҳнинг бундай кишиларга берган жазоси шундай ва бунинг сабаби — Аллоҳ Ўзининг китобларини ҳақ билан нозил қилганида эди. Агар ҳақ кўрсатма [қуръон]га амал қилинса, солиҳ киши ўз мукофотини олади, ёвуз эса, жазога мустаҳиқ қилинади. Оятнинг мазмуни шундаки, Робб Таъало томонидан нозил қилинган китоблар, инсонларни тўғри йўлга ҳидоят қилиш, ҳақ ва ботил ўртасидаги чегараларни аниқлаб бериш ва тўғри йўл билан залолатни ажратиб бериш учун одамларга туширилган эди. Энди борди-ю, инсон бу китобларни асл маъносидан бузар экан, мазмунларини, моҳиятини ўзгартирар экан, у албатта, энг оғир жазога лойиқдир. Илоҳий китоблар борасида бахслашган, уларнинг бир қисмига ишониб, иккинчи қисмини инкор қилган, ёки ҳавоий нафсига учиб бу китобларни асл маъносидан ўзгартириб юборган киши, ҳаққа умуман мувофиқлиги йўқ ва ҳаққа рози бўлмаган деб ҳисобланади. Бунинг оқибатида улар талвасага тушиб қоладилар, уларнинг ораларида эса айирмачилик, бўлиниб кетиш содир бўлади. Уларнинг аҳволлари ҳақиқий аҳли китобларнинг аҳволларидан фарқланиб туради, чунки ҳақиқий китобга иймон келтириб, унга эргашиб яшаганлар бу китобларни ўзларига ҳаётий қонун ва дастурул амал қилиб олганлар. Ягона китобга иймон келтириш уларни бирлаштирди ва шунга биноан улар саодатли, барқарор ҳаёт қуриб яшайдилар. Ушбу оятда илоҳий ваҳийни беркитган, уни дунёнинг арзимас, ҳақир матосига сотган ва илоҳий ғазабни сотиб олган фосиқларга қаттиқ таҳдид бордир. Аллоҳ бундай кимсаларни қалбларини покламас, зеро У Зот уларни яхши амалларга илҳомлантирмайди ва қилган гуноҳларини мағфират қилмайди. Бунинг боиси, улар билиб туриб ҳақ йўлини залолатга алмаштирганларидир ва улар ҳар қачон Аллоҳнинг мағфиратини, Аллоҳнинг азобига бадал қилишга тайёрликларидир. Шуни айтиб ўтгандан сўнг, Аллоҳ Таъало, кофирларнинг жаҳаннам оловига нисбатан сокинлик ва сабр билан муомала қилганларига ва дўзаҳ азоби ҳақида эшитиб туриб ҳам, жиноятларида давом этишларига Ўз ҳайратини билдирди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:177.
لَّيْسَ الْبِرَّ أَن تُوَلُّوا وُجُوهَكُمْ قِبَلَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ وَلَكِنَّ الْبِرَّ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَالْمَلَائِكَةِ وَالْكِتَابِ وَالنَّبِيِّينَ وَآتَى الْمَالَ عَلَى حُبِّهِ ذَوِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَالسَّائِلِينَ وَفِي الرِّقَابِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَالْمُوفُونَ بِعَهْدِهِمْ إِذَا عَاهَدُوا وَالصَّابِرِينَ فِي الْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ وَحِينَ الْبَأْسِ أُولَئِكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ
Оят: [Албатта] эзгулик — бу юзингизни [намозларда] машриқ, ёки мағриб томонга қаратишингизда эмасдир. Лекин эзгулик [кўрсатган бўлади, агар] кимки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, пайғамбарларга иймон келтирса; ва ўзи яхши кўриб [ўзи муҳтож бўлиб] турган ҳолида, молини [пулини] қариндошларга, етимларга, мискинларга, [пули йўқлигидан сафарини давом эта олмайдиган] йўловчиларга, сўровчи [тиланчи]ларга, қулларни озод қилишга бериб юборса; ва намозини [комил] адо этса, ҳамда, закотни [вақтида ҳақдорларга] тўласа. Ва аҳднома тузганларида аҳдларига вафо қилувчилар, [қаттиқ камбағаллик] йўқчилик ва қийинчилик [дард-ситам] тортганда, ҳамда шиддатли пайтларда [жиҳодда] ҳам сабр кўрсатувчилар — ана ўшалар [Аллоҳ ва Унинг бандалари билан бўлган аҳдларида] содиқ [ростгўй]дирлар, ана ўшалар [Аллоҳнинг азобидан] тақво қилувчилардир.

Тафсир: [Аллоҳнинг қуллари риоя қилишлари вожиб бўлган эзгулик (ал-бирр) — бу, юзни машриқ, ёки мағриб томонга қаратиш эмас. Бу ҳолда улар ҳақни узоқ истайдилар ва мужодала қилишдан тўхтамайдилар, бироқ, бу нарса уларга чарчоқдан бошқа нарсани келтирмайдики, оқибатда ажралиш ва бўлиниб кетишга маҳкумдирлар. Бу оят худди набий ﷺнинг ушбу сўзларига ўхшайди: “Ўзаро курашишда енгган киши кучли эмасдир, балки, ғазабланган пайтида, ўзини тута билган киши кучлидир”. Шундай маънодаги ҳадислар жуда кўп ворид қилинган. Ҳақиқий солиҳ ва эзгу киши: мукаммал сифатларга эга бўлган ва барча айбу нуқсондан пок бўлган ягона Аллоҳга иймон келтиради; ўлимдан сўнг рўй берадиган, оят ва ҳадисларда зикри келган, охират билан боғлиқ бўлган барча ишларга иймон келтиради; жамики илоҳий китоблар ва ваҳийларга, жумладан, Муҳаммад ﷺга нозил қилинган қуръонга иймон келтиради; Аллоҳнинг барча пайғамбарларига ва энг сўнгги элчиси — Муҳаммад ﷺга иймон келтиради. Шу билан бирга, эзгу киши ўзининг молидан, уни яхши кўришига қарамасдан, инфоқ-эҳсон чиқаради. Аллоҳнинг сўзларидан шу нарса бизга маълум бўладики, мол-дунёни севиш инсон табиатига хос, аммо, агар у молига бўлган муҳаббати устидан Аллоҳнинг ризолигини устун қўйса, бу унинг етук иймонидан далолатдир. Садақанинг энг афзал тури — бу, камбағал, фақир кишининг ихлос билан берган садақасидир, чунки бундай йўқчилик ҳолатида ҳар ким ҳам молидан ажрашни хоҳламайди ва баттар фақирликка тушиб қолишдан қўрқади. Худди шуни, ўзининг энг яхши молидан, энг аслини, энг қимматини садақа қилаётган киши ҳақида ҳам айтса бўлади. Бу борада Аллоҳ Таъало деди: “Сизлар ҳеч қачон эзгуликка эриша олмассизлар, токи ўзингиз суйган нарсадан эҳсон қилмагунингизча ва ниманики инфоқ қилсангиз, албатта, Аллоҳ бундан хабардордир” (3:92).
Сўнгра Аллоҳ Таъало закотга, садақага лойиқ кишиларни, ҳамда яхшилик кўрсатишга сазовор тоифаларни санаб ўтди. Энг аввало, садақалар қариндошларга берилади, ахир уларнинг ҳурсандликлари инсонни суюнтиради ва қариндошларнинг бахтсизликлари инсонни қайғуга солади. Қариндошлар ҳамиша бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар, алоқаларни боғлайдилар, шунинг учун яхшиликнинг энг афзали уларга кўрсатилганидир. Шунингдек, садақотлар қаровсиз қолган ва ўзлари пул ишлаб топишга қодир бўлмаган етимларга берилади. Бу ваҳийдан биз Аллоҳ Таъалонинг Ўз қулларига нақадар меҳрибон эканлигини, ҳаттоки, Унинг меҳрибонлиги онанинг ўз боласига кўрсатган меҳридан кучлироқ эканига гувоҳ бўламиз. Ота-онасидан жудо бўлган етимларга Аллоҳ мана шундай ғамҳўрлик қиладики, улар муҳтожликда қолмасинлар ва уммат уларни ўз қарамоғига олсин. Кимки етимга мурувват кўрсатса, вақти келиб, ўзининг етимлари ортидан қолса, унинг авлодларига ҳам албатта мурувват кўрсатилади. Яна садақа-эҳсонлар, камбағаллик уларни хорлаган мискину фуқароларга тегишлидир. Мусулмон жамиятининг бой-бадавлат кишилари, бу аҳволи ночор кишиларга ёрдам бериб, уларни оталиққа олишлари шартдир, токи улар ўз эҳтиёжларини қисман, ёки умумий ҳолда қондирсинлар. Ўзга юртларда ватангадо бўлиб, юртига қайтишга етарли маблағи бўлмаган мусофирларга ҳам хайр-эҳсонлардан насиба бордир. Улар ўз сафарларини давом эттиришлари учун, мусулмон кишилар уларга моддий ёрдам кўрсатишлари керак, чунки кўпинча йўловчи кишилар фақир бўладилар, молиявий эҳтиёжлари кучли бўлади. Тиланчилик қилиб кун кўришга мажбур бўлган кишилар ҳам, садақа, ёки закотга ҳақдорлар. Бундай кишилар, ё содир қилган қотилликлари учун фидя тўлайдилар, ёки ҳукуматга солиқ тўлашлари керак, ёки масжид, мадраса, мактаб ва шунга ўхшаш жамиятга фойдали муассасаларни қуриш учун пул йиғаётганлардан ҳам бўлишлари мумкин. Агар бундай кишилар ўзлари бой бўлсалар ҳам, мусулмон уммати уларга молиявий томондан ёрдам беришлари шартдир. Агар мусулмонлар ичидан кимдир адолатсизлик билан асирликка, зулм билан қулликка тушиб қолган бўлса, уни қутқариб олиш учун ҳам, садақа, закотлар чиқарилади. Ушбу солиҳ амалларни бажарар экан, эзгу инсон яна намозларига эътиборли бўлиб, закотни ўз вақтида адо этади. Биз Аллоҳ Таъалонинг намоз билан закотни биргаликда кўп бора зикр қилгани ҳақида юқорида гапирганмиз, чунки бу икки ибодат — ибодатларнинг энг фазилатлиси ва Аллоҳга яқинлашишнинг энг гўзал йўлидир. Уларда Аллоҳга юрак билан, бадан ва мол билан сиғинишлик жамланган. Айнан шу ибодатлари билан ҳақиқий мўминлар, ёлғончилардан ажралиб турадилар.
Эзгуликка интилган киши аҳдларга вафо қилади. Бу оятдаги аҳддан мурод — энг аввало инсоннинг Роббисига берган аҳди, сўнгра Аллоҳнинг қуллари билан тузган шартнома ва ваъдаларидир. Одамлар Аллоҳ билан аҳдлашганлар ва ўз аҳдларига содиқ бўлишга ваъда берганлар. Бу аҳдларга яна Аллоҳга қилинган назрлар ва инсон ўз зиммасига олган бошқа келишувлар ҳам киради.
Қаттиқ қийинчилик, фақирлик, беморлик ва жиҳод пайтида ҳам, эзгу инсон чиройли сабр кўрсатади ва ризолик билан бу синовларни қабул қилади. Айниқса, йўқчиликка мубтало бўлган киши ҳар томонлама сабр-бардош кўрсатишга муҳтождир, чунки у доимо, бошқа одамларнинг бошига тушмаган ҳам жисмоний, ҳам руҳий оғриқни ҳис қилиб яшайди. Бундай киши, ўзгалар лаззат, роҳат тотиб турганда, у ва унинг болалари ҳаттоки бир бурда нон топа олмаётганидан қийналади; хоҳлаган таомини ея олмаётганидан, истаган кийимини кия олмаганидан ва имкониятлари чекланган эканидан изтироб чекиб яшайди; ўз келажаги ҳақида ўйлаганда ва унга тайёргарлик кўриш кераклигини ҳис қилганда қийналади; қахратоннинг совуғидан ўзи ва оиласини сақлай олмаганидан қийналади ва албатта, шунга ўхшаш имтиҳон ва синовлар инсонни сабр-тоқат қилишга ва Аллоҳнинг ажру мукофотларидан умид қилишга ундайди.
Беморликка, дардга чалинганда солиҳ, эзгу киши бардош кўрсатишга муҳтождир.
Агар уни иситма тутган бўлса, ёки ярадор бўлган бўлса, ёки қорин оғриғидан қийналса, ёки баданининг қайсидир аъзосида шиддатли оғриқ сезса, ҳаттоки тиши оғриса, ёки бармоғига тикон кирса ҳам, у барибир сабр--қаноатга эҳтиёжлидир, чунки шу топда унинг бадани зирқираб оғрир, руҳи эса ожизлашади. Ҳар қандай дард инсон руҳи учун қаттиқ ибтилодир, айниқса унинг шифо топиши узоққа чўзилиб кетган бўлса. Шунинг учун бундай вақтларда инсондан сабр ва Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиш талаб қилинади. Душманлар билан бўладиган жиҳодда ҳам эзгу киши катта сабрни намоён қилади. Албатта, жангга чиқиш инсон учун ўта оғир синовдир, чунки жароҳатланиш ва асирликка тушиш хавфи инсон қалбини безовта қилади. Ана шу сабабдан жангчилар, аскарлар катта сабрга муҳтожлар ва ҳамиша Роббилари ваъда қилган буюк мукофотдан умидвор бўлишлари керак. Ана энди, инсон мана шу санаб ўтилган ишларни бажарса, ўзини мана шу гўзал сифатлар билан зийнатласа, демак Аллоҳнинг хузурида у иймонида содиқ, тақвосида ростгўй кишилардан бўлади. Аллоҳнинг амрларига бўйсунишлик ва таъқиқларидан четланишлик билан у ўз мўминлигини тасдиқлаган бўлади. Ушбу оятдаги санаб ўтилган амаллар сирасига, барча солиҳ амаллар ва эзгу ишлар киради. Ва аниқки, ўзининг салоҳияти, тақвоси ва ростгўйлиги эвазига, инсон бу дунёда ҳам, охиратда ҳам буюк марҳаматларга ва мисли кўрилмаган иззат-икромга эришади, аммо бу мукофот ҳақида тафсилот келтириш бу оятнинг тафсирида ўринли эмас.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:178.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِصَاصُ فِي الْقَتْلَى الْحُرُّ بِالْحُرِّ وَالْعَبْدُ بِالْعَبْدِ وَالْأُنثَى بِالْأُنثَى فَمَنْ عُفِيَ لَهُ مِنْ أَخِيهِ شَيْءٌ فَاتِّبَاعٌ بِالْمَعْرُوفِ وَأَدَاءٌ إِلَيْهِ بِإِحْسَانٍ ذَلِكَ تَخْفِيفٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَرَحْمَةٌ فَمَنِ اعْتَدَى بَعْدَ ذَلِكَ فَلَهُ عَذَابٌ أَلِيمٌ
Оят: Эй иймон келтирганлар! Сизлар учун китобат [фарз] қилинган нарса, бу: ўлдирилган [киши]лар учун қасос олишдир. Озод [кишининг эвази]га озодни, қул[нинг эвази]га — қулни, аёл [нинг эвази]га — аёлни [ўлдирилади]. [Аммо] кимгаки [яъни, қотиллик қилган кишига] ўз биродари [ўлдирилганнинг қариндоши] томонидан бирон нарса афв қилинса, бас яхшилик билан [қасос бекор қилинсин] ва [ўлдирилганнинг қариндошларига] тўланадиган тўлов энг гўзал тарзда [чўзишликсиз ва ҳаддан ошишликсиз] адо этилсин. Бу [қасос учун тўлов ва кечиримни орангизда ўрнатилиши] — Роббингиздан [ҳам қотил учун, ҳам ўлдирилганнинг қариндошлари учун] енгиллик ва раҳматдир. Энди кимки шундан кейин ҳам [яъни, кечириб бўлганидан сўнг, ёки тўловни олиб бўлганидан сўнг қотилни ўлдирса, ёки қотил кечиримни олиб бўлиб, фидяни тўлашдан бош тортса], унга оғриқли азоб бўлади.

Тафсир: [Зулм билан, ёки ноҳақдан ўлдирилган кишилар учун адолатли қасос олиш буйруғида қанчалар буюк раҳмат ва марҳамат борлиги ҳақида Аллоҳ Таъало Ўз мўмин бандаларига ушбу оятда эслатиб ўтди. Бу дегани: Адолат ғалаба қилиши учун, қотил кишини ҳам ўлдирилади, чунки у ҳам ўз навбатида кимнидир ўлдирган эди. Бу фармон барча иймон келтирган кишиларга тегишли бўлиб, уларнинг барчалари ўлдирилган кишининг қариндошларига унинг учун қасос олишларига ёрдам беришлари керак, агар у қотилни ўлимини талаб қилаётган бўлса. Худди исломдан аввалги жоҳилият пайтларида араб мушриклари қотилни яшириб, уни ўлимига тўсқинлик қилганлари каби, адолатни қойим қилишда тўсқинлик қилишга ва ўлдирилганни қасосини олишда ҳалақит беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Сўнгра Аллоҳ Таъало қасоснинг аҳкомлари борасида батафсилроқ баён қилиб берди. Агар ўлдирилган киши озод, ҳур кишилардан бўлса, демак унинг эвазига ҳам бир ҳур, озод киши ўлдирилади; эркак, ёки аёлнинг ўлими учун, бир эркакни ўлдириш жоиз; ва эркак, ёки аёлнинг ўлими учун, аёлни ўлдириш ҳам жоиздир. Бу оятнинг қўшимча маъноси шундай ва ундан аввалги хулосаларни чиқаришдан аввал мана шу маънога эътибор берилиши шарт. Чунки, бир қарашда бу оятдан, аёлнинг ўлимига, фақат аёл ўлдирилар экан-да, деган хулоса чиқариш мумкин, аммо, саҳиҳ ҳадисларда ворид қилинганидек, аёлнинг ўлимига, эркакни ўлдириш шариатимизда жоиздир. Бу ҳукмнинг умумий маъносидан фақат ота-оналар, боболар ва бошқа юқори насаб яқин қариндошлар истисно қилинади. Уларни ўз фарзандларини ўлдирганлари учун жазоланилмайди ва бу нарса саҳиҳ ҳадислар билан тасдиқлангандир. Бироқ, биз муҳокама қилаётган оятнинг маъносига бу асло зид эмас, зеро бу оят адолатли қасосни ўрнатилишини талаб қилмоқда, аммо фарзандини ўлдирган ота-онани ўлдиришлик, адолат ҳисобланмайди. Бунинг сабаби шундаки, аслида ҳар қандай ота-она ўз фарзандига меҳрибон ва дардкашдир ва бу ҳис-туйғулар ўз боласини жонига қасд қилишларига йўл қўймайди, магарам, агар ота-она ақлдан озган бўлса, ёки боласи унга қаттиқ, чидаб бўлмас изтироб, азобларни етказаётган бўлсагина [шунда ота-она тоқат қилолмай боласини ўлдириб қўйиши мумкин]. Шунингдек, бу оятдан, кофирнинг мусулмон киши томонидан ўлдирилиши ҳам истисно қилинади, зеро буни ҳам тасдиқлайдиган саҳиҳ ҳадислар бор. Бу ҳам оятнинг маъносига асло қарама-қарши эмасдир, чунки ундаги хитоб фақат мўминларга қаратилган. Бундан ташқари, Аллоҳнинг душманини ўлдиргани учун, тақводор мўминни ўлдиришлик, адолат деб аталмайди. Аммо, қулларга келсак, уларнинг ўлими учун қуллар ўлдирилади ва унинг жинси, ҳамда нарҳига эътибор берилмайди. Демак, оятга кўра, қулнинг қасосига озод кишини ўлдирилмайди, зотан уларнинг ҳуқуқлари турличадир. Оятдан аниқ бўлишича, қасос олишлик, бу — асос, аммо қотилнинг ўлимини фидя тўлаш билан алмаштиришга рухсат ҳам берилган.
Агар даъво қилувчи киши [яъни, ўлдирилганни қариндоши], ёки уни бошқа яқинлари келишиб туриб, қотилни кечиришга ҳукм чиқарсалар ва ундан фидяни қабул қилишга келишсалар, у ҳолда, уни ўлдириш мумкин эмас ва қотил киши ўлдирилганни қариндошларига фидя тўлаши вожибдир. Бир сўз билан айтганда, даъво қилувчи қотилни ўлдиришлик билан, ундан фидя ҳақини олишлик ўртасида ўзи танлаб олиш ҳуқуқига эга. Борди-ю, агар даъвогар қотилни кечирган бўлса, у адолат қилиши ва қотилни зиммасига у кўтара олмайдиган мажбуриятларни юклашга ҳаққи йўқ. Эзгулик, одамгарчилик кўрсатган ҳолида фидяни талаб қилсин ва қотилни қийин аҳволга солиб қўймасин. Аммо, қотил ҳақида гап кетадиган бўлса, у ҳам ўз навбатида, фидя тўловини узоққа чўзмаслиги, фидянинг нарҳини туширмаслиги ва даъвогарни сўз, ёки амал билан хафа қилмаслиги керак. Кечиримнинг эвазига тўланган фидя, энг гўзал тарзда адо этилиши шартдир. Бу ҳолат, инсон бошқалар олдида масъулиятни кўтарган барча вазиятларга тегишлидир. Даъвогар ўз ҳақларини талаб қилаётган пайтда, адолат билан иш кўрсин; ҳақни адо этаётган киши ҳам, ўз мажбуриятларини энг чиройли тарзда бажарсин. Агар оятга эътибор берилса, даъвогарни ҳам, қотилни ҳам Аллоҳ Таоло бир-бирларига “биродарлар”, деб атади ва шу билан, биродарларни бир-бирларига нисбатан кечиримли бўлишга, ҳамда фидя тўланишига рози бўлишга чақирди. Агар улар фидядан воз кечиб, фақат кечириб қўйсалар — бу янаям яхши, янаям гўзал амал бўлади. Бу оятдаги “биродарлик”дан мурод, диндаги, мўминларнинг биродарлигидир ва бу дегани, қотил киши [қотиллик қилиш билан] диндан чиқмайди, қолаверса, мўминларга биродар бўлиб қолишда давом этади. Демак, катта куфр ва катта ширк даражасига етмаган гуноҳлар [масалан, зино, рибо, қотиллик, ўғрилик ва ҳоказолар] инсонни диндан чиқармайди, аммо, иймонига футур етказади ва заифлаштиради. Оятдан оладиган яна бир хулоса: агар ўлдирилганнинг қариндоши қотилни кечирса, у ҳолда, унинг ҳаёти энди омонликдадир ва унинг жонига қасд қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундан кейин ҳам, қотилнинг ҳаётига кимдир рахна соладиган бўлса, охиратда унинг учун аламли азоб тайёрлаб қўйилгандир. Бу дунёда эса, ўлдирилган кишини қариндошлари ундан қасос талаб қилишлари мумкин, чунки у кечирилган, ёки фидя тўлашга келишилган кишини ўлдириб қўйди ва бу қилмиши учун у олий жазога маҳкум этилиши керак. Баъзи бир аҳли илмларнинг фикрича, оятдаги “аламли азоб”дан мурод, айнан олий жазо — ўлимдир. Бу тафсирга кўра, кечирилган қотилни ўлдирган кимса, албатта, ўлдирилиши шарт ва кечиримга лойиқ эмас. Бироқ, аввалги тафсир тўғрироқ ҳисобланади, чунки бу кишининг қилган жинояти, оддий қотилликдан оғирроқ эмасдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:179.
وَلَكُمْ فِي الْقِصَاصِ حَيَاةٌ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
Оят: Ва [қотилдан ўлдирилган кишини] қасосини олишда сизлар учун [хотиржамлик, омонликка тўла] ҳаёт бор [ёки, қасос олишлик, ҳаётларингизни сақлаб қолади], эй ақл эгалари! Шоядки, тақво қилсангиз.

Тафсир: [Қасос олишлик инсонлар учун нақадар фойдали экани ҳақида Робб Таъало Ўз бандаларига изоҳлаб берди. Ҳақиқатдан ҳам, ўлдирилган одам учун интиқом олиш, кўплаган инсонларни ҳаётини сақлаб қолиши мумкин, зеро, агар одам ўлдирмоқчи бўлган кимса, оқибатда шу қилаётган жинояти учун уни албатта ўлим жазосига тортишларини билса, ўз жиноятидан қайтади; агар бутун халқ олдида бирон қотилни ўлимга маҳкум қилинса ва уни ўлдирилса, аксар инсонлар бу қилмишни содир қилишдан қўрқиб қоладилар ва ўзларини ундан тиядилар. Аммо, агар қотиллик ўлим жазоси билан жазоланмас экан, у ҳолда қотиллардан келаётган ёвузлик ва ёмонликни қайтаришдан инсонлар жамияти ожиз бўлиб қолади. Бу қоида шариатнинг бошқа ҳадд (жазо)ларига ҳам тааллуқлидирки, улар нафақат жиноятчига жазо бўлиб хизмат қилади, балки инсонлар томонидан улар иккинчи қайталанмасликларига ҳам етарли сабаб бўла олади. Албатта бунда ҳикматли ва мағфиратли Роббнинг буюк адолати ва ҳикмати бордир. Шуни таъкидлаб ўтиш муҳимки, бу оятдаги “ҳаёт” сўзи ноаниқ шаклда [накирода] келтирилди, бу ўз навбатида қасоснинг нақадар муҳим ва нақадар фойдали эканидан далолатдир. Бироқ, бу калиманинг асл маъносини, фақат соф ақл ва тоза онг эгаларигина идрок қила оларлар ва айнан шунинг учун ҳам, ушбу оятда ақл эгаларига мурожаат қилинмоқда. Аллоҳнинг содиқ бандалари, У Зотнинг фарз қилган ҳар бир ҳукмида Унинг ҳикмати, адолати ва раҳмати борлигини тадаббур қилишлари шарт. Агар инсон бунинг устида ўй-фикр юритар экан, демак у “ақл эгаси” деб аталишга лойиқдир, ахир айнан шундай кишиларга Аллоҳнинг Ўзи мурожаат қилди. Ва шунинг ўзи, онг эгаларининг шариатимизда эгаллаган юқори мавқеларини билдириш учун кифоя қилади. Оят сўнгида Аллоҳ Таъало инсонларга тақво қилишни буюрди, зеро агар инсон ўз Роббисини таниса, Унинг буюк оятлари, гўзал ҳикмати ва ажойиботлари устида тафаккур юритса, бу уни Аллоҳга янада итоатлироқ бўлишга ва гуноҳу маъсиятлардан четланишга ундайди. Борди-ю, у ҳақиқатдан шу ишларни амалга ошира олса, демак ҳақ билан “тақводор” деган имсга лойиқ бўлади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:180.
كُتِبَ عَلَيْكُمْ إِذَا حَضَرَ أَحَدَكُمُ الْمَوْتُ إِن تَرَكَ خَيْرًا الْوَصِيَّةُ لِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ بِالْمَعْرُوفِ حَقًّا عَلَى الْمُتَّقِينَ
Оят: Сизлардан биронтангизга ўлим яқинлашса ва у ўзидан кейин бойлик [мол-мулк] қолдираётган бўлса [у ҳолда], унга фарз қилинган нарса: ота-онасига ва яқин [қариндош]ларига тўғрилик билан васият қолдиришдир. Тақводорларнинг бўйнидаги мажбуриятлари шундайдир.

Тафсир: [Эй иймонли бандалар! Агар сизлардан биронтангиз ўлим соати яқинлашганини сезса, ёки оғир дард, ёки хатар ҳаётингизга хавф солаётган бўлса ва сизларнинг бойликларингиз етарли даражада катта бўлса, у ҳолда, ота-онангиз ва яқинларингизни моддий аҳволлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолингизда адолатли васият қолдиришингиз сизлар учун вожибдир. Васият тузаётганингизда исрофга йўл қўйманг ва яқин қариндошларни эътиборсиз қолдириб, узоқ қариндошлар фойдасига васият тузманг. Аксинча, уларнинг қариндошчилик, яқинлик даражаларини албатта инобатга олинг ва эҳтиёжларига эътибор беринг. Мўминларнинг вазифаси шундан иборатдир! Оятнинг энг сўнгги жумласи, ота-она ва яқин қариндошларни фойдасига васият қолдиришни фарзлигига ишора қилмоқда. Бундан ташқари, Аллоҳ Таъало буни тақвонинг шартларидан бири қилиб қўйди. Шуни билиш лозимдирки, аксар қуръон муфассирлари ушбу оятни, мерос оятлари нозил бўлиши билан мансух (бекор) қилинган дейдилар, бунинг баробарида бошқа уламолар, бу оят ота-она ва меросҳўр бўлмаган яқин қариндошлар васиятигагина дегишли деб талқин қиладилар. Бироқ, энг саҳиҳ фикр шуки, Аллоҳ Таъало аввалда мулкни ота-она ва яқин қариндошларга умумий ҳолда васият қилишни буюрган эди, аммо кейинчалик [нисо сурасида келганидек], ота-оналар ва бошқа қариндошларга муайян миқдорда мерос қолдиришлик ҳақида бошқа оятларни нозил қилди. Демак, бундан шундай хулосага келиш мумкинки, биз муҳокама қилаётган оят ўз кучини йўқотмаган ва у, турли ҳил сабабларга кўра мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она ва яқин қариндошларга тааллуқлилигича қолади. Бундайин қариндошлар фойдасига инсон васият қолдириши шартдир, чунки яқин қариндошларга, узоқ қариндошлар устидан ҳамиша устунлик берилади. Бу фикрни барча мусулмонлар маъқуллайдилар ва у икки аввалги тафсирни жамлашга ёрдам беради, чунки уларнинг ҳар бирлари алоҳида далилларга таянган ва муқаддас матнлар орасида фарқлашга ёрдам беради.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:181.
فَمَن بَدَّلَهُ بَعْدَمَا سَمِعَهُ فَإِنَّمَا إِثْمُهُ عَلَى الَّذِينَ يُبَدِّلُونَهُ إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
Оят: Энди кимки [васиятни аниқ] эшитганидан кейин, [билиб туриб] уни ўзгартирса [масалан: мероснинг васият қилинган қисмини ўзига олиб қолса, ёки васиятга бирон нарсани қўшса, ёки ундан бирон нарсани яширса], унинг гуноҳи [ўзгартиргани учун], фақат ўзгартирувчиларнинг ўзларига бўлади [васият қолдирган кишида эса гуноҳ йўқ]. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи Зотдир.

Тафсир: [Агар васият қолдираётган одам, ўлимидан сўнг унинг вакили қолдираётган васиятини ўзгартиришидан қўрқса, бу қўрқув уни васият қолдиришдан ман қилиши мумкин, шунинг учун Аллоҳ Таъало хабар бериб айтадики, агар вакил одам васиятни эшитиб, уни ҳаётга қандай татбиқ қилишни англаб, тушинганидан кейин ҳам, уни ўзгартирса, ўзгартирганни гуноҳи унга ёзилади, ваҳоланки, васият қолдирган одамда гуноҳ бўлмайди ва у ўз ажрини Роббисидан олаверади. Албатта, Аллоҳ Таъало ҳар қандай товуш ва овозларни эшитади; васият қолдирувчини гапларини тинглайди ва вакилни доимо муроқаба қилиб кузатиб туради, токи у адолат билан иш юритсин. Мерос қолдираётган кишининг ниятлари ва васиятни қабул қилиб олган вакилнинг амаллари Аллоҳга аёндир ва энди агар мерос қолдираётган киши ўз мулкини тўғри тасарруф қилмоқчи бўлса, унинг ниятларии билган Аллоҳ, албатта уни ажр билан икром қилади, агарчи у мерос қолдираётганда баъзи бир хатоликларга йўл қўйган бўлса ҳам. Вакил бўлган одамга васиятни ўзгартириши таъқиқланганлиги ҳақида оят огоҳлантирмоқда, ахир Аллоҳ уни билиб турибди ва унинг амалларини назорат остига олган, бас, Роббисидан тақво қилсин.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:182.
فَمَنْ خَافَ مِن مُّوصٍ جَنَفًا أَوْ إِثْمًا فَأَصْلَحَ بَيْنَهُمْ فَلَا إِثْمَ عَلَيْهِ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
Оят: Бас кимки васият қилувчининг [мерос масалаларида ҳақдан] тойилиб кетишидан, ёки гуноҳ содир қилишидан қўрқса ва улар [меросҳўрлар]нинг ўртасида [келиб чиққан низоларни] ислоҳ қилса (ўнгласа), унга [бу ўнглашлиги учун] гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ ўта кечиримли, ўта раҳмли Зотдир.

Тафсир: [Бундан аввалги оятда адолатли васият ҳақидаги аҳкомлар зикр қилинди. Аммо, мерос қолдирувчи томонидан адолатсизлик, зулм билан васият тузиладиган бўлса, унинг ёнида хозир бўлиб турганлар унга насиҳат қилиб, молини тўғрилик билан тасарруф қилишини эслатишлари ва уни зулмга йўл қўйишдан ҳимоялаб қолишлари шартдир. Бу оятдаги “жанаф” калимаси, билимсизлик, хато билан ҳақдан оғиб кетиш — маъносини билдиради; бироқ, “исм” (إثم) сўзи эса, билиб туриб ҳақдан оғишликка ишорадир. Агар мерос қолдирувчи шаръий васият қолдиришдан бош тортса, унинг вакиллари уни васиятини ўнглаб қўйишлари шартдир, токи барча томонлар рози бўлиб, ислоҳга келсинлар. Шу билан бирга, меросҳўрларга вафот этган қариндошини адолатсиз васияти учун жавобгарликдан озод қилиш зарурлигини улар эслатиб қўйишлари лозим. Агар шундай қилсалар, катта яхшилик қилган бўладилар ва адолатли васиятни ўзгартирганлар қўл урган гуноҳга, улар қўл урмайдилар. Ана шунинг учун ҳам, оят давомида Аллоҳ Таъало эслатма бериб, У одамларнинг хатоларини ҳамиша кечиришини ва агар инсон тавба қилса, қилган қилмишларини ёмон оқибатларидан уни халос қилишини айтди. Ўзига қолдирилган мероснинг бир қисмидан ўз оға-иниси ҳисобига воз кечган одамни Аллоҳ кечиради, зотан инсонларга олижаноблик қилганларга, У ҳам олижаноблик кўрсатади. Нотўғри васият тузган вафот этувчини ҳам Аллоҳ мағфират қилади, модомики унинг меросҳўрлари адолатни қойим қилиб, бошқа қариндошлар фойдасига ўз мерос қисмларидан воз кечган бўлсалар, зеро бунда ўлган кишини бўйнидаги гуноҳдан уни халос қилишлик бордир. Жаноби Ҳақ Ўз қулларига раҳмлидир ва улар ҳам бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатишларини буюрди. Бу ва бундан олдинги оятлар, мўминларни васият қолдиришга чақирмоқда, ҳамда, меросга ким ҳақдор ва васиятни ўзгартирган вакилга қандай жазо борлиги ҳақида батафсил баён қилиб бермоқдадир. Бундан ташқари, бу қуръоний оят бизни адолатсизлик билан тузилган васиятларни ўнглашликка тарғиб этмоқда.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:183.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
Оят: Эй иймон келтирганлар! [Худди] сизлардан аввалги [уммат]ларга фарз қилингани каби, сизларга ҳам [Аллоҳ томонидан] рўза [тутишлик] фарз қилинди. Шоядки [Аллоҳнинг буйруқларини бажариш ва гуноҳлардан четланиш орқали, У Зотдан] тақво қилсангизлар.

Тафсир: [Фарз қилинган рўзани Ўз бандаларига китобат қилиш орқали, уларга нақадар улкан раҳматини намойиш қилгани ҳақида Роббимиз бизларга хабар бермоқда. Бу ҳукм биздан аввал яшаб ўтган умматларга ҳам нозил қилинган эди, зеро рўза — ҳар қандай замон ва даврларда инсонларга фойда келтирадиган амаллардан биридир. Бамисоли Аллоҳ мусулмон бандаларини яхши ишларни қилишликда ўзга умматлардан ўзиб кетишликка ва гўзал, етук фазилатларга эришиликка чақираётгандай. Бамисоли бу ояти билан, рўза одамлар ўйлаганчалик оғир ибодат эмаслигини ва фақатгина мусулмонлар рўза билан синалмаганликлари, балки аввалгилар ҳам бу синовдан ўтказилганлари ҳақида айтиб бермоқчидек. Сўнгра Роббимиз рўзанинг энг улкан фойдаларидан бири ҳақида зикр қилиб ўтдики — у тақвога эришишдир, чунки рўзадор мусулмон Аллоҳнинг буйруғини бажаради ва таъқиқланган нарсалардан ўзини четга олади. Албатта, рўза, бир неча сабабларга кўра, инсоннинг тақвосига ўзини ижобий таъсирини кўрсатади:
Биринчидан: рўзадор кишига емоқ-ичмоқ, жинсий алоқа қилмоқ ва бошқа, инсон нафси интилган амалларни бажармоқ ман қилинган ва агар киши бу нарсалардан Аллоҳга яқинлашиш ва ажр умидида воз кечса, бу унинг тақвосидан дарак беради;
Иккинчидан: рўзадор киши ҳамиша Аллоҳнинг назорати остида эканлигини ёдда тутишга ўзини ўргатади. У нафси интилаётган лаззатлардан билиб турган ҳолида юз ўгиради ва буни фақат Аллоҳ кузатиб тургани учунгина қилади;
Учинчидан: маълумки, инсоннинг қон томирларидан шайтон ҳаракатланиб юради, аммо у рўза тутганда унинг қон томирлари тораяди, шу сабабли шайтоннинг инсонга ўтказадиган салбий таъсири ҳам сусаяди, бу эса, гуноҳ амалларни озайишига олиб келади;
Тўртинчидан: рўзадорлик вақтида инсон кўпроқ солиҳ амалларни бажаришга тиришади, ахир улар инсоннинг салоҳиятини ва тақвосини белгисидир;
Бешинчидан: бой-бадавлат киши очликдан пайдо бўладиган оғриқ ва заифликни ўз баданида сеза бошлаганида, у оч ва мискин кишиларни аҳволларини тушуниб, энди уларга янада кўпроқ яхшилик қилгиси, саҳоват кўрсатгиси келади. Бу ҳам ўз навбатида тақво ва иймоннинг аломатларидандир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:184.
أَيَّامًا مَّعْدُودَاتٍ فَمَن كَانَ مِنكُم مَّرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَن تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَّهُ وَأَن تَصُومُوا خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُون
Оят: [Рўза тутишлик] саноқли кунлар[да фарз қилинган]дир. [Бироқ], сизлардан ким бемор бўлиб [дардга чалинса], ёки сафарга чиққан [мусофир] бўлса, бас, [тутолмаган кунларини рўзасини] бошқа кунлар[га қолдириб, ўшанда қазосини тутиб берсин]. Рўзани қийинчилик билан тутадиганлар, фидясига бир мискинни [тўйгунча] таомлантиришлари шартдир. Бас, кимки яхши амалларни [нафилаларни] ўз хоҳиши билан бажарса, ўзи учун хайрлидир. [Аммо] билсангиз, рўзани тутмоқлигингиз ўзингиз учун яхшидир.

Тафсир: [Рўза тутиш фарз қилинган амаллардан эканини ёд этиб ўтганидан сўнг, Аллоҳ Таъало ислом шариатидаги рўза қисқа [узоқ муддатли эмас] ва енгил [осон кечадиган] экани борасида хабар берди. Қолаверса, Аллоҳ Таъало Ўз қулларининг мажбуриятларини енгиллаштириб қўйдики, бемор ва сафарда бўлган кишиларга, қолдирган рўзаларини қазосини бошқа кунларда тутиб беришликка рухсат берди. Одатда касаллик ва узоқ сафар инсонларга кўп машаққат ва ноқулайликлар етказади, шуни ҳисобга олиб, бундай вазиятларда Робб Таъало мусулмонларга еб-ичишни ва рўзада таъқиқланган бошқа ишларни бажаришни жоизлаб берди. Аммо, шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳар бир иймонли киши учун, рўза энг фойдали ва энг нафи кўп тегадиган ибодат туридир, шу сабабдан, Аллоҳ Таъало, қолдирилган рўзаларни қазосини, бемор одам соғайганидан кейин, мусофир ўз юртига қайтиб келганидан кейин, хотиржамликда тутиб беришликни амр қилди. Кунларнинг саноқлилигини зикр қилишдан мақсад шуки, қазосини тутаётганда, мусулмон киши рамазон рўзасидан неча кун қолдирган бўлса, ўшанча кун тутиб беришга маъмурлигини ёдда тутсин; қолдирилган тўлиқсиз, ярим кун учун, комил, тўлиқ бир кунни тутиб бериши шарт. Рўзани қазосини тутаётган киши, узун ва иссиқ куннинг эвазига, қисқа ва совуқ кунда рўза тутишлигига ва бунинг аксини ҳам қилишлигига рухсат бор. Сўнгра, Робб Таъало рўзани тутиш ўрнига, ҳар бир қолдирилган кунига биттадан мискинни таомлантиришни жоиз қилди. Бу ҳукм, Аллоҳ Таъало эндигина рўзани фарз қилган пайтларида, қисқа вақт давомидагина жорий бўлиб турди. Рўза тутиш мусулмонларга шунчалар ғайриодатий, нотабиий ҳол эдики, қатъийлик билан уларни рўзага буюриш, кўпчиликларига оғир, қийин бўлар эди, шунинг учун ҳикматли Робб Ўз қулларини бу оғир ибодатга аста-секинлик билан тайёрлашни ирода қилди ва рўза тутиш билан, мискинни таомлантириш ўртасида танлаш ўзларига ҳуқуқини бериб қўйди. Шу билан бирга, рўза тутишлари ўзлари учун яхши эканлигини таъкидлаб қўйди. Аммо, кейинчалик [мусулмонлар рўзага чиниққанларидан сўнг], ҳар бир рўзага қодир бўлган киши сўзсиз бу ибодатни бажариши; тутолмай вақтинчалик қийинчиликларга дуч келганлар эса, бошқа кунларда қазоларини тутиб беришликлари китобат қилинди. Уламолар томонидан билдирилган фикрга кўра, мискинни таомлантириш рухсати, фақат катта ёшлардаги қариялар, (ҳомиладор ва эмизикли аёллар) ва рўзага қодир бўлмаган [шифо топмайдиган дардга чалинган] бошқа тоифа инсонларга тегишлидир. Улар кейинчалик рўзаларини қазосини тутишга маъмур эмаслар. Ҳар бир қолдирилган кунни эвазига биттадан мискинни [қорни тўйгунча] таомлантиришлари кифоя қилади. Ва барча фикрлар ичида энг саҳиҳ фикр мана шудир.]

https://t.me/tafsirassaadiy