🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
261 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
2:153.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ
Оят: Эй иймон келтирганлар! [Барча ишларингизда] сабр қилиш ва намозни адо этиш орқали [Аллоҳдан] мадад сўранглар. Дарҳақиқат, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир [Ўзи уларга мададкордир]!

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Ўзининг иймонли бандаларига, диний [ва дунёвий] ишларида сабр ва намоз орқали ёрдам сўрашни буюрди. Сабр — бу, нафсга оғир ва ёқимсиз бўлган нарсалардан уни тийишдир. Сабрни уч қисмга бўлиш мумкин: 1) Аллоҳнинг буйруқларини сабр билан бажариш; 2) Унинг қайтариқларидан сабр билан қайтиш; 3) Аллоҳнинг тақдир қилган ишларига, нолишсиз, сабр билан бардош бериш. Албатта сабр инсонга, унинг барча ишларида улкан фойдалар келтиради ва борди-ю, инсон етарли даражада сабрли бўлмас экан, у олдига қўйган мақсадларида бирон натижага эриша олмайди, айниқса, диннинг қийин бўлган аҳкомларини доимий равишда бажариш, инсондан катта матонат ва бардошни талаб қилади. Ҳар бир инсон, Аллоҳнинг оғир буйруқларини бажаришда катта сабрга муҳтож. Сабрли, матонатли киши албатта ютуққа, зафарларга эришади, аммо, агар оғир имтиҳонлар ва шиддатли синовлар уни сабридан айириб қўйса, у буюк марҳаматдан маҳрум бўлиши ва қуруқ қўл билан қолиши турган гап. Худди шуни, инсоннинг нафси етаклайдиган гуноҳ ва маъсиятлар ҳақида ҳам айтса бўлади. Инсон гуноҳлардан ўзини тийиши мумкин, аммо бунинг учун у доимо сабрли, тоқатли бўлиши, нафсининг паст эҳтиросларини босиб яшаши ва Аллоҳдан, уни гуноҳлардан сақлашини сўраши шарт, зеро гуноҳлар инсон учун энг катта имтиҳонлардан бўлиб ҳисобланади. Ҳаётий оғир синовлар ҳам шу жумладандир, айниқса, агар улар давомий тарзда инсонни бошига тушиб турса ва кишининг руҳи ва танасини заифлаштирса. Инсон ушбу синовларга Аллоҳ учун сабр қилмас экан, Роббисига суянмас ва Унинг мададини тиламас экан, у албатта ҳаётидан, тақдиридан нолий бошлайди. Айтиб ўтилган гаплардан хулоса шуки, Аллоҳнинг қули катта сабрга муҳтож ва унинг муҳтожлиги ҳамиша ва ҳар вақт билиниб туради. Айнан шунинг учун, Аллоҳ Таъало Ўз қулларига сабрли бўлишни амр қилиб, У ҳамиша сабрли бандаларига ҳамроҳ экани ҳақида хабар берди. Бу дегани, агар сабр-тоқат инсоннинг ажралмас сифатига айланса, Аллоҳ унга албатта ёрдам беради, тўғри йўлга ҳидоят қилади ва унинг ҳатоларини тўғрилайди. Аллоҳнинг мана шу мадади туфайли, мўмин бандалар синовларнинг шиддати ва оғирликларини сезмайдилар, осонлик билан энг қийин диний буйруқларни бажарадилар ва машаққат билмайдилар. Бу оятда, Аллоҳнинг [жисмоний маънода эмас], балки ўзига хос [махсус] маънодаги ҳамроҳлиги ҳақида айтилганки, у Аллоҳнинг Ўз бандасига бўлган муҳаббати, қўллаб-қувватлаши, ёрдами ва яқинлигида акс этади. Албатта бу шундай фавз ва шарафдирки, унга сабрли мўмин бандаларгина мушарраф бўлишди. Аслида, сабрли бандаларга Аллоҳнинг ҳамроҳлик қилиши, шунинг ўзи улар учун буюк фазилатдир. Аммо, Аллоҳнинг Ўз махлуқотларига умумий ҳамроҳлик қилишига келсак, у илоҳий илм ва қудрат орқали намоён бўлади ва буни биз Роббимизнинг ушбу сўзларидан англаймиз: “Сизлар қаерда бўлсангиз ҳам, У Зот сизлар билан. Аллоҳ қилаётган [иш]ларингизни кўриб тургувчидир” (57:4). Аллоҳнинг бу умумий ҳамроҳлиги барча мавжудотга тааллуқлидир.
Ушбу гўзал ояти каримада, Аллоҳ Таъало намоз орқали ёрдам сўрашга буюрди, чунки намоз ислом динининг устунларидан биридир, у мўминларнинг нуридир ва қулнинг Роббиси билан бўлган мулоқотининг услубидир. Агар банда комил равишда намозларини қойим қилар экан, намознинг фарз ва нафилаларига эътибор қилар экан, Роббисининг олдида бутун руҳи билан камтарлик, хушу сақлаб турар экан, намозни моҳиятини, унинг аҳамиятини англаб етар экан ўзининг сўз ва амалдаги ҳатоликларини ўйлаб, бор вужуди билан Аллоҳнинг мулоқотига киришар ва намозида Аллоҳдан бошқа ҳеч нарса ва ҳеч ким унинг ҳаёлига келмас экан, у ҳолда, унинг намози унга диннинг бошқа аҳкомларини осонлик билан бажаришда ёрдам беради, ахир намоз фаҳш ва мункар ишлардан сақлаб, инсонни ўнгланишидаги энг катта омил бўлиб ҳисобланади.
Намозда хушу ва қўрқув билан туришлик эса, инсон қалбида Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилиш ва ман қилган нарсаларидан четланиш ҳиссини уйғотади. Солиҳ амалларни бажаришда, мусулмон уммати айнан мана шу турдаги намоз орқали ёрдам сўраши лозим.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:154.
وَلَا تَقُولُوا لِمَن يُقْتَلُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أَمْوَاتٌ بَلْ أَحْيَاءٌ وَلَكِن لَّا تَشْعُرُونَ
Оят: [Тавҳид калимаси ер юзида олий бўлиши учун] Аллоҳнинг йўлида ўлдирилганларни “ўлик” деб атаманглар. Йўқ [бу ундай эмас], улар тирикдирлар, лекин сизлар [буни] сезмассизлар.

Тафсир: [Ҳар бир яхши ишда сабр орқали ёрдам сўраш буйруғидан сўнг, Аллоҳ Таъало сабрнинг ортидан эришиш мумкин бўлган буюк амални бу оятда зикр қилди. Бу албатта, Аллоҳнинг йўлида қилинган жиҳодда қатнашишдир. Жиҳод — бу энг шарафли ибодат тури бўлиб, у бадан билан қилинади ва инсон нафси учун энг оғир бўлган, энг шиддатли бўлган синовдир, чунки у жароҳат, ҳалок бўлиш ва дунёни тарк этиб кетиш билан боғланган оғир имтиҳондир. Инсонлар умрлари узоқ бўлишини истайдилар ва ҳаётий муддатларини узартириш учун барча зарурий чораларни кўрадилар, масалан, тиним билмай ишлайдилар, умрларини давомлироқ бўлиши ва ўлимни нарироққа суриш учун бор кучларини ишлатиб, ҳаракат қиладилар. Биз-у сизга яхши маълумки, ақли расо бўлган одам, ўзи яхши кўрган нарсадан, фақат ўша нарсадан афзалроқ ва гўзалроқ бўлган нарсанинг фойдасигагина воз кечиши мумкин. Шунинг учун, Аллоҳ бизга хабар бериб айтадики, агар инсон Аллоҳнинг сўзи ер юзида олий бўлиб, Унинг дини ғалаба қилиши учун, У Зотнинг йўлида жангга чиқса ва агар қалбида ёмон ниятлари бўлмаган ҳолида жиҳодда ўлдирилса, у ўзи яхши кўрган бу ҳаёти дунё билан хайрлашмас экан. Аксинча, унга шу қадар гўзал ва комил ҳаёт бериладики, бунақасини инсон тасаввурига ҳам келтирмаган. Бошқа бир оятда Аллоҳ деди: “Аллоҳнинг йўлида ўлдирилганларни асло ўлик деб ҳисобламангиз. Йўқ, улар тирикдирлар ва Роббиларининг хузурида ризқланмоқдалар. Улар Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсалардан фараҳдалар [ҳурсандлар] ва ҳали ортларидан уларга қўшилмаган биродарларига, уларга хавф ҳам йўқлигини, ҳамда улар хафа бўлмасликларининг башоратини бермоқдалар” (3:169-170). Ҳўш, Аллоҳнинг йўлида ўлдирилган шаҳидларнинг ҳаётлариданда афзалроқ ҳаёт бор эканми? Ахир улар Ўз Роббиларининг яқинида, У Зотнинг моддий ва маънавий неъматларидан лаззатланмоқдалар. Бу лаззатлар жумласига, турли ҳил таомлар ва ичимликлар, бахт ва сурур, ҳамда хавф ва махзунликдан омонда бўлиш киради. Уларнинг барзаҳдаги ҳаётлари, ердаги ҳаётларидан анча мукаммалроқ ва яхшироқдир. Пайғамбаримиз ﷺдан келтирилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, шаҳидларнинг руҳлари яшил қушчалар ичига ўрнатилган бўлиб, улар жаннат меваларидан еб, Аршга боғлаб қўйилган фонуслар остида тўпланар эканлар. Биз муҳокама қилаётган оятда, Аллоҳнинг йўлида бўладиган жиҳодда қатнашишга ва бу машаққатли йўлда сабр, бардош кўрсатишга катта тарғиб бордир. Агар инсонлар Аллоҳнинг йўлида ўлдирилган шаҳидларга атаб қўйилган ажру мукофотни кўрганларида эди, улардан биронтаси жиҳодда қатнашишдан қочмас эди. Бироқ, иймоннинг номукаммаллиги, ишончнинг сустлиги мусулмонларни шаштини пасайтириб қўяди, кўп ухлашга, эринишга олиб келадики, оқибатда улар буюк ажр ва катта ғанимат, ўлжалардан маҳрум бўладилар. Қандай қилиб бу олий ажрлардан шубҳаланиш мумкин, ахир Аллоҳ айтиб турибди-ку: “Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди. Улар Аллоҳнинг йўлида қатл қилиб, ўзлари ҳам ўлдирилиб, жанг қиладилар” (9:111), деб?
Аллоҳга қасамки, агар инсоннинг мингта умри бўлса ва мана шу мингта умрини у Аллоҳнинг йўлидаги жангда йўқотса, бу ажр-мукофотлар олдида унинг қилган иши ҳеч нарса эмас. Шунинг учун ҳам [қиёмат кунида], Аллоҳнинг ажр-мукофотларини аниқ кўз билан кўрган шаҳидлар, бу дунёга қайтиб, яна бир бор Аллоҳнинг йўлида ўлдирилишдан бошқа нарсани хоҳламай қоладилар. Шунингдек, бу оят барзаҳ ҳаётидаги лаззатнинг ва жазонинг ҳақ эканлигига гувоҳ беради ва бу ҳақда бошқа кўплаб шаръий далиллар ҳам келтирилган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:155.
وَلَنَبْلُوَنَّكُم بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ
Оят: [Ва Мен — Аллоҳ, қасам ичиб айтаманки], Биз албатта сизларни озгина қўрқув, очлик, мулкдаги, жонлардаги, ҳосилдаги йўқотиш [зиён тортиш] билан балолаймиз [синаймиз] ва сабрлиларни [уларга дунё-ю, охиратда улкан яхшиликлар тайёрлаб қўйилгани билан] суюнчиланг.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:156.
الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ
Оят: [Чунки ўша сабрлилар шундай кишиларки,] қачон уларга бирон мусибат етса [қалблари ва тиллари билан]: “Албатта, биз Аллоҳникимиз [У Ўзи хоҳлаганича бизни тасарруф қилади] ва албатта, биз Аллоҳга қайтгувчидирмиз [ўлганимиздан кейин У Зот сабримиз учун ажрлантиради]”, дейдилар.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Ўз бандаларига албатта синов, имтиҳонлар юборишини ва бу синовлар орқали, У Зот ростгўйларни ёлғончилардан, сабрлиларни сабрсизлардан ажратиб олиши ҳақида хабар берди. Робб Таъало ҳамиша Ўз қуллари билан мана шундай иш тутган, зеро агар мўминларнинг бошларига узоқ вақт ҳеч қандай синовлар келмаса, уларнинг қаторларига ёлғончилар, мунофиқлар кириб оладики, бунинг оқибати албатта ёмонлик билан тугайди. Шунинг учун илоҳий ҳикмат, эзгу кишиларни ёвуз кимсалардан ажрашини тақозо қилади. Синовларнинг фойдаси мана шунда. Шиддатли ибтилолар, имтиҳонлар самимий мўминларнинг иймонларини сўндирмайди ва ҳақиқий мусулмонларни динларидан ўгирмайди, чунки Аллоҳ ҳеч қачон ҳақиқий иймонлиларнинг иймонларини зое қилгувчи эмасдир. Ушбу оятда хабар берилишича, Аллоҳнинг қуллари ўз душманлари билан қўрқитилиш орқали ва очлик ва хавф билан синаладилар, ваҳоланки, хавф ва очликлари арзимас, озгина бўлади, чунки агар бунинг акси бўлса, мўминлар уммати ҳалок бўлиб, ер юзида ҳақиқий иймон эгалари камайиб кетган бўлар эди. Аммо, имтиҳонлар фақатгина уларнинг қаторларини ёлғончилардан, соҳта иймонлилардан тозалаш учун берилади, ва асло уларни ҳалок қилиш учун эмас. Шу билан бирга, Аллоҳ Таъало Ўз бандаларини яна, мол-мулк, одамлар ва ҳосилни йўқотиш билан ҳам синовдан ўтказади. Оятда зикр қилинган “йўқотиш” сўзи остида, инсонга молиявий зарар етказадиган ҳар қандай ҳодисалар, инқирозлар, зиён ва ютқазувлар тушунилади. Бу шунингдек, табиий офатлар бўлиши мумкин, сув тошқинлари, сув босишлар, зилзилалар, ер кўчкилари, катта талафотлар, ҳокимларнинг ва зўравонларнинг бузғунчиликлари, йўлтўсарлик ва бошқа бахтсизликлар.
Жонлардаги йўқотувлар, бу: болаларнинг, яқин қариндошларнинг, дўст-биродарлар ва суюмли кишиларнинг ўлими, ҳамда, инсонни ўзига ва унинг яқинларига кулфат келтирадиган дард-касаллик ҳам тушунилади.
Ҳосил, самаротлардаги йўқотувлар, деб: экин-тикиннинг, пишиб етилаётган ҳосилнинг ҳалок бўлиши, хурмо ва бошқа мевали дарахтларнинг — ёнғин, сув босқини, чигиртка босиши ва бошқа нарсалар оқибатида нобуд бўлиши назарда тутилади. Мазкур ҳодисалар ҳамиша содир бўлган ва бундан кейин ҳам содир бўлиб туради, чунки бунинг хабарини энг билувчи ва энг хабардор Зот берди. Мана шу ҳодисалар, синовлар юз бераётган вақтда, инсонлар икки тоифага: сабрлилар ва сабрсизларга ажраладилар. Шунда сабрсиз кишиларга бирданига иккита бахтсизлик, иккита маҳрумлик тайёрлаб қўйилган: биринчидан, улар севимли нарсаларидан, суйган кишиларидан маҳрум бўлдилар ва бунинг ўзи битта мусибат. Иккинчидан эса, улар сабрлиларга атаб қўйилган ажру мукофотлардан ҳам маҳрум бўлдилар. Агар сабр қилганларида бу ажрлар уларники бўлар эди. Бундай кимсалар катта йўқотишдадирлар ва Аллоҳнинг мададидан жудо бўлганлар, иймонлари эса сусайиб кетади. Улар сабр кўрсатишдек гўзал имкониятни, тақдирга рози бўлишдек бахтни ва Аллоҳга шукр қилишдек олий нарсани қўлдан бой бериб қўйганлар. Аксига олиб, улар тақдирга ғазаб қиладилар ва норозилик билдирадилар ва албатта бу уларнинг йўқотувларининг катта ва жудоликларини оғир эканидан далолат беради. Агар инсон Аллоҳдан келган имтиҳонлар вақтида чиройли сабр кўрсатса, на сўз ва на амал билан норозилик билдирмаса, Аллоҳнинг сабрлиларга атаб қўйган ажр-мукофотларига умид қилса ва бошига келган синовларда илоҳий ҳикмат, яхшилик ва иноят борлигини англаб етса, демак у Аллоҳнинг амрига бўйсунган кишилардан бўлади ва буюк фавзга эришади. Шу сабабли Аллоҳ Таъало сабрлиларга ҳисобсиз ажр борлигини ҳушхабарини беришни буюрди. Бундай фазлу икром ва бундай суюнчли хабарга фақат сабрли, бардошли қулларгина муваффақ бўладилар.
Қачонки уларга руҳий ва жисмоний жиҳатдан ёмонлик етса, синов келса, уларнинг айтар сўзлари: “Биз — Аллоҳнинг қулларимиз ва У Зотнинг иродасига боғланганмиз. Биз ўз ҳаётларимиз, ўз мулкларимиз устида бирон нарсага эга эмасмиз. Агар Аллоҳ бизни соғликдан, ёки молу мулкимиздан жудо қиладиган бўлса, биз Унинг ҳукмига бўйин сундик, ахир У Зот марҳаматли, Ўз қуллари ва Ўзининг мулки устида хоҳлаганидек тасарруф қилиш ҳуқуқига эга. Биз бунга қарши чиқмаслигимиз керак. Бундан ташқари, ҳақиқий мўмин банда билиши керакки, унинг бошига келаётган ҳар қандай бахтсизлик ва балолар ҳикматли Подшоҳнинг иродаси билан рўй берадики, У Зот Ўзининг бандаларига, улар ўзларига раҳмдил бўлганиданда раҳмлироқдир. Агар инсон Аллоҳнинг ҳикматини тушинмаса ҳам, Унинг тақдир қилган ишларини англаб етмаса ҳам, пешонасига ёзилган нарсадан розилик билдирсин ва Аллоҳга қадар қилиб қўйган нарсаси учун ўз шукрини билдирсин. Аллоҳнинг қуллари бўлган ҳолимизда, биз албатта ўз Роббимизга қайта тирилиш кунида қайтариламиз, ўшанда ҳар бир жон қилиб ўтган амалларига яраша ажр, ёки мукофот билан тақдирланади. Борди-ю, биз бошимизга тушган кулфатлардан нолисак, норозилик билдирсак, гўзал ажрдан айриламиз ва бизда, қилган ғазабимиздан ва норозилигимиздан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Бизнинг қуллик мавқеимиз чиройли сабр қилишга ва матонат кўрсатишга бизни чақиради.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:157.
أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ
Оят: Ана ўша [сабрли киши]лар Роббиларининг салавотлари ва раҳматига эришадилар [яъни, бундай кишилар, Аллоҳнинг фаришталари томонидан ёдга олинишлик билан икром қилинадилар]. Ва ана ўшалар тўғри йўлдан юрувчилардир [чунки, синовларда чиройли сабр қилиш — тўғри йўлнинг асосий шартларидандир].

Тафсир: [Сабрли мўминлар Роббиларининг мақтови ва буюк раҳматига, ўзларига Роббиларидан берилган сабр-тоқатлари билан сазовор бўлдилар. Шунга биноан уларга энг комил ажр-мукофот бордир. Бундай кишилар ҳақиқатдан ҳам тўғри йўлдан юрувчилардир, зеро улар ҳақни таниб, ўз амалларида уни кўрсатма қилиб олганлар. Бу ердаги “Ҳақни таниш” деганда, инсонлар Аллоҳнинг қуллари эканликларини ва бир кун албатта ўз Роббиларига қайтишларини билиш, англаш назарда тутилган. “Солиҳ амал” — дегани эса: Аллоҳ учун қилинган сабр демакдир. Ушбу оят бизга хабар беришича, агар инсон керакли равишда сабр, бардош кўрсатмас экан, унинг тақдири бутунлай ўзгача бўлади. Аллоҳ уни хорлайди, пастлатади ва жазолайди, унинг топган насибаси эса, залолат ва зиён тортишдир. Бу икки гуруҳ инсонларнинг фарқи нақадар улкан! Аслида, сабрли бандаларнинг қийинчиликлари озроқ, сабрсизларнинг эса, тортган азоб-уқубати кўпроқ бўлади. Бу ва бундан аввалги оят, инсонларни бошларига мусибатлар тушмай туриб, олдиндан уларни тарбиялагандек ва синовларга тайёрлагандек гўё, токи инсонлар бу синовларни осонроқ бошдан кечирсинлар ва талвасага тушиб қолмасинлар. Бу ваҳийлардан шу нарса аниқ бўладики, инсон ҳар қандай имтиҳон ва синовларни, гўзал сабр билан кутиб олсин. Одам боласи билиб қўйсинки, Аллоҳ ҳар вақтларда Ўз қулларини синаган ва У Зотнинг бу ўрнатган низоми бекор қилинмайди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:158.
إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِن شَعَائِرِ اللَّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَن يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَن تَطَوَّعَ خَيْرًا فَإِنَّ اللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ
Оят: Дарҳақиқат, Сафо ва Марва — Аллоҳ[нинг Ўз динида ўрнатиб қўйган] шиор [белги, аломат]ларидандир. [Сафо ва Марва тепаликлари орасида юриш, Аллоҳнинг белгиларидан, аммо тепаликнинг ўзи белгилардан эмас]. Бас, [шунинг учун] кимда ким [Аллоҳнинг] уйи [кааба]га ҳаж, ёки умра [зиёратини] қилса, шу икки [тепалик]ни тавоф қилишида [айланиб юришида] унга гуноҳ йўқдир. Ва кимки ихтиёри билан [нафилани қасд қилиб] яхшиликни танласа [Роббисига тоат-ибодатни кўпайтирса], бас, Аллоҳ ўта шукрли [озгина яхшиликка кўп ажр берувчи] ва ўта билимли [қулларидан ким кўпроқ нафила ибодатларини бажарганини] билувчи Зотдир.

Тафсир: [Сафо ва Марва икки машҳур тепалик бўлиб, улар Аллоҳнинг динини белги-аломатларидандир ва инсонлар улар орқали Роббиларига сиғинадилар. Шунинг учун Аллоҳ уларни иззат-икром қилишни ва улуғлашни буюрди, ахир Аллоҳнинг диний шиорларини эҳтиромлаш, кишининг тақвосидан, солиҳлигидан дарак беради. Барча инсу жин тоифалари тақво қилишга маъмурлар, бу дегани эса, мана шу икки тепаликнинг орасида югуриш, ҳаж ва умра зиёратини фарз қилинган қисмларидандир. Бу кўплаган уламоларнинг фикридир. Ушбу фикрни қувватлайдиган кўплаб саҳиҳ ҳадислар келган, қолаверса, бу амалларни набий ﷺнинг ўзлари бажарганлари ҳақида келтирилади. У зот ﷺ, дедилар: «Ибодатингиздаги қонун-қоидаларни мендан ўрганингиз». Аввалда мушрик бўлган кимсалар бу икки тепаликнинг олдида ўзларининг сохта илоҳларига сиғинганлари боис, баъзи мусулмонлар Сафо ва Марва тепаликлари орасида югуришни гуноҳ деб ҳисоблар эдилар, бироқ Аллоҳ Таъало уларнинг бу хатоликларига раддия берди. Бу раддия беришлик фақатгина икки тепаликнинг орасида югуришни гуноҳ эмаслигини таъкидлаш учун бўлди, аммо унинг номажбурийлигини белгилаш учун эмас. Оятдан аниқ бўлишича, агар инсон ҳаж, ёки умра зиёратини бажараётиб, Сафо ва Марва тепаликларида югурса, унга гуноҳ йўқ, аммо бошқа вақта буни қилишлик жоиз эмас. Бундан тепаликлар орасида югуриш билан каабани атрофини тавоф қилишнинг фарқини кўрамиз, чунки тавофни фақатгина ҳаж ва умрада эмас, бошқа хоҳлаган вақтда ҳам қилса бўлади, аммо тепаликлар орасида югуриш муайян вақтда ва ҳолатда бажарилади. Арофат тоғида туриш, икки тепаликнинг орасида югуриш, Муздалифада тунаш ва шайтонга тош отиш — буларнинг ҳаммаси ҳажнинг ажралмас қисмларидандир ва бу амалларни ҳаждан, умрадан ташқарида бажариш — залолатдир. Шуни билиш муҳимки, залолат (аниқроғи зиндиқлик) икки турли бўлади: биринчисида: инсон умуман ислом шариатида бўлмаган ибодатни бажаради; иккинчисида: шариатда муайян шаклда жорий қилинган ибодатни бошқа шаклда бажаради. Айни вақтда иккинчи турдаги залолат (бидъат) ҳақида сўз бормоқда, яъни, шариатда тепаликлар орасида югуриш бор, аммо инсон уни белгилаб берилган шаклда бажармайди.
Сўнгра Роббимиз хабар бериб айтмоқдаки, агар инсон Роббисига чин ихлос билан ҳаж, ёки умра зиёратини бажарса, каабани айтилганидек тавоф қилса, ёки намозини адо этса, рўзасини тутса, ёки бошқа эзгу амалларни бажарса, у албатта улардан катта фойда ва манфаатлар олади. Яъни, агар банда Аллоҳга янада тиришқоқлик билан итоат қилса, у янада мукаммаллашади, салоҳиятга эришади ва Роббисининг наздида янада баландроқ мартабаларга эришади, чунки иймони зиёдалашиб, тақвоси кўпаяди. Ихтиёрий (нафила) амаллар албатта яхши, солиҳ амаллардан ташкил топиши кераклигига Аллоҳ Таъало алоҳида урғу бериб ўтди. Борди-ю, киши Аллоҳ ва росули буюрмаган бидъатларни бажарар экан, у ўзига умуман фойда келтирмайдиган нарсалар билан ўзини машғул қилган бўлади [ва бундай нафила ибодатни амали солиҳ деб атаб бўлмайди — тарж.] Бундан ташқари бу бидъат амаллар [унга фақатгина фойдасиз эмас, балки] катта зарар-зиён етказиши мумкин, айниқса, агар киши бу амалларни шариатга зидлигини билиб туриб, қилса.
Оят сўнггида, Аллоҳ Таъало Ўзининг гўзал исмларидан — Аш-Шаакир (Миннатдорчилик билдирувчи) ва ал-Алийм (Ўта Билгувчи) исмларини зикр қилди. Шунингдек, Аллоҳнинг — аш-Шакуур (ўта шукрли Зот) — исми ҳам мавжуд. Бу исмларининг маъноси шуки, Аллоҳ Таъало Ўз бандаларидан ҳаттоки энг кўримсиз, арзимас, энг назарга илинмас амалларни ҳам қабул қилади ва уларнинг эвазига буюк, катта, улкан ажру мукофот билан тақдирлайди. Агар У Ўз бандасини, У Зотга бўйсунишни хоҳлаётганини, У Зотнинг амрига итоатгўй бўлишга интилаётганини кўрса, Аллоҳ албатта ўша бандасига Ўз ёрдамини кўрсатмай қўймайди. Бундай бандаларини итоатлари учун Аллоҳ мақтайди, уларнинг қалбларини кенгайтиради, дилларини нур ва иймонга тўлдиради, баданларини қувватли, ғайратли қилиб қўяди, мубораклик ато этади, уларнинг гўзал сифатларини еўпайтириб қўяди ва амалларига салоҳият киритади, сўнгра эса, охиратда уларнинг амаллари учун ажрларини комил қилиб беради. Қулларига ихлос билан солиҳ амалларни бажаришда Ўзи ёрдам бергани учун, улардан биронтасини арзимас, кичик деб санамайди. Аллоҳнинг Ўз бандаларига бўлган шукрини яна бир нарсада кўриш мумкин: агар банда, Аллоҳнинг ризолиги учун бирон яхши кўрган нарсасидан воз кечса, унинг эвазига у ўша воз кечган нарсасиданда яхшироқ, афзалроқ бўлган нарсани қўлга киритади. Агар киши Аллоҳга бир қаричга яқинласа, Аллоҳ унга бир зироъга яқинлайди [бир зироъ — таҳминан икки қарич — тарж.]. Агар инсон Аллоҳга бир зироъга яқинласа, Аллоҳ унга бир қадамга яқинлайди. Агар инсон Аллоҳ томонга юриб келса, Аллоҳ унинг истиқболига югуради. Агар у Роббисини деб меҳнат қилса, тер тўкса, бир неча баробар катталикдаги ажрларга эга бўлади. Ўта шукрли ва ўта билимли Робб бўлгани ҳолида, Аллоҳ кимнинг нияти, иймони ва тақвоси энг комил ажрга лойиқ эканини яхши билади ва бундай бандаларини бошқалардан ажратиб, уларга алоҳида ўрин беради. У Зот Ўзининг қулларини қилган амалларидан жуда яхши хабардордир ва ҳеч қачон бу амалларни зое бўлишига йўл қўймайди. Билъакс, уларнинг ҳар бирлари ўз амалларини, Аллоҳга аён бўлган ниятлари асосида жамланганини топади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:159.
إِنَّ الَّذِينَ يَكْتُمُونَ مَا أَنزَلْنَا مِنَ الْبَيِّنَاتِ وَالْهُدَى مِن بَعْدِ مَا بَيَّنَّاهُ لِلنَّاسِ فِي الْكِتَابِ أُولَئِكَ يَلْعَنُهُمُ اللَّهُ وَيَلْعَنُهُمُ اللَّاعِنُونَ
Оят: Батаҳқиқ, Биз нозил қилган аниқ оятларни ва [ҳақ] кўрсатма [ҳидоят]ни инсонларга китобда баён қилиб берганимиздан сўнг, уни [ўша илмларни] беркитган кимсалар — ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлайди [яъни, раҳматидан узоқлаштиради] ва лаънатловчилар ҳам [уларни] лаънатлайдилар,]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:160.
إِلَّا الَّذِينَ تَابُوا وَأَصْلَحُوا وَبَيَّنُوا فَأُولَئِكَ أَتُوبُ عَلَيْهِمْ وَأَنَا التَّوَّابُ الرَّحِيمُ
Оят: Магарам [улардан кимиси] тавба қилса [ҳақни яширишни тўхтатиб, уни одамларга ошкор етқаза бошласа], ва [амалларини] ислоҳ қилса [ўнгласа] ва [ҳақиқатни одамларга] баён қилиб берса — ана ўша [киши]ларнинг тавбасини қабул этаман. Ва [албатта] Мен тавбаларни [кўплаб, ҳамиша, тез-тез] қабул қилгувчи, ўта раҳмлидирман.

Тафсир: [Ушбу оят, сўнгги пайғамбарнинг келиши ва унинг белгилари ҳақидаги илмни беркитган аҳли китоблар борасида нозил бўлишига қарамасдан, у ҳар замонларда яшаган, Аллоҳнинг аниқ оятларини, ҳақиқатни ва илмларни яширган кимсаларга бирдек тааллуқлидир. Инсонларга тўғри йўлга иршод қилувчи кўрсатмани ва жаннатий мўминлар билан жаҳаннамий кофирлар ўртасини ажратиб берувчи ҳақиқатни яширган ҳар қандай кимсага мана шу оятлар алоқадордир. Аллоҳ Таъало аҳли китоблардан, Ўз қулларини неъматлаган китоб ҳақидаги илмларни одамларга баён қилиб, тушунтириб беришлари ва ҳеч қачон билим ва ҳақиқатни яширмасликлари тўғрисида шиддатли ваъда олди. Аммо улар [аҳли китобларнинг] орасида, бу ваъдани унутган ва унга хилоф иш тутадиган кимсалар топилди. Улар нафақат нозил бўлган ҳақни сир тутдилар, балки Аллоҳнинг бандаларини алдадилар ва бу қилмишлари учун Аллоҳ томонидан ва махлуқотлар томонидан лаънатландилар. Аллоҳнинг уларга бўлган лаънати нималардан иборат? Уларни Аллоҳ рад этди, Ўзидан узоқлаштирди ва раҳматидан маҳрум қилди. Шунингдек, улар барча одамларнинг лаънатлашларига мустаҳиқ бўлдилар, чунки уларни [инсонларни] залолатга киритмоқчи, динларига футур етказмоқчи, ҳамда Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштирмоқчи бўлдилар. Қилган қилмишларига мувофиқ жазога лойиқ бўлдилар. Агар улар инсонларни яхшиликка ўргатганларида, ҳаққа чақирганларида, Аллоҳнинг, малоикаларнинг ва бошқа барча мавжудотларнинг мубораклашларига сазовор бўлар эдилар. Агар улар инсонларга фойда келтиришга, уларни эътиқодларини тўғрилашга ва оддий халқни Аллоҳнинг раҳматига яқинлаштиришга интилсалар эди, ҳаттоки денгизлар қаъридаги улкан балиқлар улар учун истиғфор айтиб, кечирим сўраган бўлар эди. Бундай солиҳ амал ҳам, худди шундай мукофотга сазовордир. Оятдан бизга бир ҳақиқат аён бўладики, агар инсон Аллоҳдан нозил бўлган ҳақиқатни беркитса, демак у Аллоҳнинг буйруқларига қарши чиққан бўлади, ахир Аллоҳ инсонларга ҳақни баён қилиб бермоқчи бўлган бир пайтда, у бу ҳақни нурини сўндирмоқда; Аллоҳ Ўз динини баён қилиб бермоқчи бўлган бир пайтда, у бу йўлни тўсмоқда. Демак бундай киши энг қаттиқ огоҳлантириш берилишига лойиқдир. Аммо, у [ҳали тирик экан] унинг тавба келтириш имконияти бор. Бунинг учун энди у қилган ишидан надомат чекиши, гуноҳу маъсиятлардан тийилиши ва бошқа ҳеч қачон бу ёмон йўлга кирмасликка қатъий аҳд қилиши шарт. Аммо, ёмон йўл ва амалларлардан қайтишнинг ўзи ҳали унинг тавбасига кифоя қилмас экан, токи у ўнгланиб, солиҳ амалларни бажаришни бошламагунча. Қарангки, ҳақни яширган кишининг тавбасига ҳали бу ҳам етарли эмас экан. Унинг тавбаси комил ва тамомий бўлиши учун, у инсонлардан беркитган ҳақни энди очиқ-ошкор эълон қилиб, уни одамларга тушунтириб, аниқлаб бериши керак, шундагина Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади, чунки бандасининг самимий, тўлақонли тавбасини қабул қилиши учун, Аллоҳга бирон нарса тўсқинлик қилишга қодир эмас. Киши тавбанинг мана шу шартларини бажарсагина, Аллоҳ унинг барча гуноҳларини кечиради, ахир У Зот ҳамиша, тавба билан Унга қайтган қулларини, олижаноблик билан кечириб келган ва маҳрум бўлганларидан сўнг, яна Ўз раҳматини уларга ёғдирган. Жаноби Ҳақнинг комил сифатларидан бири, бу: барча нарсани қамраб оладиган раҳматидир. Ўзининг раҳмати билан Аллоҳ бандаларини тавбага илҳомлантиради. Энди қачонки улар тавба қилсалар ва ҳақ йўлга қайтсалар, Аллоҳ яна Ўз раҳмати билан уларнинг тавбаларини қабул қилади ва уларга нисбатан раҳмдиллик, дардкашлик кўрсатади. Қилиб ўтган ишларидан Роббисига тавба билан қайтган ҳар бир кишининг тутган мавқеи мана шундай.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:161.
إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَمَاتُوا وَهُمْ كُفَّارٌ أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ لَعْنَةُ اللَّهِ وَالْمَلَائِكَةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ
Оят: Албатта, куфр келтирган ва кофир бўлган ҳолларида ўлиб кетганлар — ана шундай [кимса]ларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва жамики одамларнинг лаънати бўлгай,

Тафсир: [Агар киши иймон келтиришдан бош тортган бўлса ва то ўлимига қадар кофирликда яшаган бўлса, агар у Роббисини йўлига қайтмасдан, жиноятларидан тавба қилмасдан дунёдан ўтган бўлса, у Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва инсонларнинг лаънатига лойиқдир. Кофирлик бундай кишининг ажралмас сифатидир, шу сабабдан абадий лаънатланиш унинг қочиб қутула олмас тақдиридир. Бу дегани, ҳар қандай ҳукм, то ўша ҳукмнинг сабаби мавжуд бўлиб, жорий бўлиб тургунча, ўзи мавжуд бўлиб туради деганидир. Қачонки, сабаб йўқолса, ҳукм ҳам ўз кучини йўқотади.]


2:162.
خَالِدِينَ فِيهَا لَا يُخَفَّفُ عَنْهُمُ الْعَذَابُ وَلَا هُمْ يُنظَرُونَ
Оят: Улар унда [яъни лаънатда, ёки жаҳаннамда] абадий қолурлар [ва] уларга [Аллоҳ томонидан етказиладиган] азоблари [асло] енгиллатилмас ва [Аллоҳ тарафидан] уларга назар солинмайди ҳам [ёки, азоблари кейинга қолдирилмайди]

Тафсир: [Жаҳаннамийларнинг лаънатланишлари ва тортган азоб-уқубатлари абадий давом этади. Уларнинг чеккан заҳмат ва изтироблари асло енгиллатилмас — бу оғриқ ва қийноқлар ўта аламли, ўта шиддатли ва чегарасиз. Шунда ҳеч ким уларга [тавба қилиб, амали солиҳ қилиб олишлари учун] ҳеч қандай муҳлат бермайди, чунки муҳлат инсонларга фақат ҳаёти дунёда берилган. Аммо, у вақтда ҳаёти дунё тугаган бўлади ва улар ўз зулмларини оқлаш имкониятидан бутунлай маҳрум бўладилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:163.
وَإِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ لَّا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الرَّحْمَنُ الرَّحِيمُ
Оят: Ва [Эй одамлар! Сиғинилишга ва бўйсунилишга ҳақли бўлган ҳақиқий] Илоҳингиз — ягона Илоҳдир! Ундан [Аллоҳдан] ўзга — Меҳрибон ва Раҳмли бўлган — ибодатга сазовор илоҳ йўқдир!

Тафсир: [Аллоҳ — ягона маъбуддир. Илоҳий вужуд, гўзал исмлар, мукаммал сифатлар ва раббоний амаллар фақат Унинг Ўзига хосдир. Унинг на шериги, на тенгқури, на ўхшаши йўқ! У Зот билан биргаликда бошқа яратувчилар ва на оламни бошқарувчилар йўқдир. Бу дегани эса, ягона Аллоҳнинг Ўзигина илоҳийлаштиришга ва ибодатга лойиқдир ва махлуқотлардан биронтаси У Зотнинг шериги бўла олмайди. Аллоҳ Таъалонинг илоҳий сифатларидан бири — бепоён, чегараси бўлмаган раҳматидир ва Унинг бу сифатини [худди бошқа сифатларида бўлганидек] махлуқотлар раҳмдиллигига ўхшатиб бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг раҳмати барча нарсани қамраб олган ва бутун борлиққа тарқалгандир. Илоҳий раҳмат туфайли мавжудотлар мавжуд бўлиб турадилар; унинг сабабидан махлуқотлар ажойиб неъматларга эга бўлиб, бало-ю, бахтсизликлардан халос бўладилар. Чексиз раҳмати билан Аллоҳ Таъало Ўз қулларига Ўзининг сифатларини, саҳовати ва кароматини танитди, китобларини нозил қилди, ҳамда инсонлар муҳтож бўлган диний ва дунёвий неъматларни уларга баён қилиб берувчи пайғамбарларни юборди. Ва агар инсон, ўзининг тасарруфидаги барча нарса Аллоҳнинг фазлу иноятидан эканини англаб етса ва махлуқотлар ўз-ўзларидан [Аллоҳнинг изнисиз] бир-бирларига фойда етказа олмаслигини тушинса, у ҳолда, фақат ягона Аллоҳгина барча ибодат турларига ва шаклларига сазовор эканини ҳам тушуниб етади. Фақат ёлғиз Аллоҳ — Уни [чин қалбдан] севишларига ва Ундангина қўрқишларига, Унга умид боғлаб, Унгагина суянишларига, Уни юксалтириб, улуғлашларига, фақат Уни деб, Унинг ризолигини истаб ибодатларнинг ҳамма турларини бажаришларига лойиқ бўлган Зотдир. Шуни баробарида, инсон яна шуни фаҳмлаб қоладики, зулм ва адолатсизликнинг энг даҳшатлиси ва буюги, жиноятнинг энг мудҳиш ва энг ёмон тури — бу, бандаларнинг Илоҳини қўйиб, Унинг бандаларига, махлуқотларига сиғиниш; ёки тупроққа айланиб кетадиган ҳақир мавжудотларни, оламлар Роббисига тенглаштириш, ёки ўзлари муҳтож бўлганларни, Беҳожат бўлган Зотга шерик қилиш. Ушбу гўзал оят, Яратувчининг ягоналигига гувоҳлик беради, яккаилоҳлик [тавҳид]ни ҳаққонийлигини тасдиқлайди ва махлуқотлардан илоҳий сифатларни инкор қилади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:164.
إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ وَالْفُلْكِ الَّتِي تَجْرِي فِي الْبَحْرِ بِمَا يَنفَعُ النَّاسَ وَمَا أَنزَلَ اللَّهُ مِنَ السَّمَاءِ مِن مَّاءٍ فَأَحْيَا بِهِ الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا وَبَثَّ فِيهَا مِن كُلِّ دَابَّةٍ وَتَصْرِيفِ الرِّيَاحِ وَالسَّحَابِ الْمُسَخَّرِ بَيْنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَعْقِلُونَ
Оят: Албатта, осмонлар ва ернинг яратилишида, кеча-кундузнинг алмашиниб туришида, одамларга манфаатли бўлган нарсаларни [ўзига юклаб] денгизларда сузиб юрган кема[лар]да, Аллоҳнинг [осмондан] сувни нозил қилиб, у билан ўлик ерни тирилтиришида ва унинг [ернинг] устида турли ҳил жонзотларни тарқатиб қўйишида, шамолларни йўналтириб қўйишида, осмонлар ва ер ўртасидаги [Аллоҳнинг амрига] бўйсунган булутларда — ақл юритувчи қавмлар учун оят-аломатлар бор.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало бизларга, осмонлар ва ер — илоҳий оятлардан экани ҳақида хабар берди. Бу улкан махлуқотлар, Яратувчининг якка-ю, ягоналиги, Унинг илоҳийлиги, чексиз султонлиги, раҳмати, марҳамати ва Аллоҳга хос бўлган барча сифатлари ҳақида гувоҳлик беради. Аммо, бу оятлардан ҳақиқий манфаатлар олиш, фақат ақли расо, онгли кишиларгагина насиб этган, зеро улар ўз ақлларини белгиланган мақсад учун ишлатадилар. Аллоҳ инсонга ҳар қанча катта ақл, ҳар қанча кенгроқ онг бергани сари, инсон Аллоҳнинг оятларидан шунча кўпроқ фойдалар олади ва уларнинг борасида шунча кўпроқ тафаккур юритади. У осмоннинг баланд гумбази, унинг ҳажми, комиллиги ва хатосиз ишланганлиги устида фикр юритади. Қуёшга, ойга, юлдузлар ва бошқа чироқларга назар солиб, уларнинг ҳар бирлари инсонларга манфаат етказиш учун ўз ўринларига жойлаштирилиб қўйилганига қойил қолади. Ер одамзот учун тирикчилик кўрадиган хотиржамлик маскани қилингани, инсон унинг устида яшаб, сон-саноқсиз яхшиликларни хоҳлаганича олганини кўриб, хайрон бўлади. Бу оят-мўъжизалар, Аллоҳ Таъало махлуқотларни Ўзи яратиб ва Унинг Ўзи уларни бошқаришига ишора қилади. Бундан ташқари улар, илоҳий қудратдан, гувоҳлик берадики, унинг туфайли Аллоҳ оламларни яратди ва йўқдан пайдо қилди; улар илоҳий ҳикматдан гувоҳлик берадики, унинг сабабидан Аллоҳ Таъало бу оламларга гўзал ва комил кўриниш бериб, уларда Ўз низомларини ўрнатиб қўйди; яна бу оятлар илоҳий билим ва раҳматдан гувоҳлик берадики, унинг туфайли Аллоҳ Ўз қулларини уларга фойдаси тегадиган, улар муҳтож бўлган ва тирикчиликларига зарурий бўлган барча нарсалар билан таъминлаб берди. Буларни ҳаммаси, Аллоҳнинг нақадар мукаммал ва нақадар етук Зот эканлигига ишончли ҳужжатдир. Аллоҳнинг Ўзи махлуқотларни яратади, бандаларининг ишларини бошқаради ва уларнинг ибодатларига сазовордир. Оят-мўъжизалардан яна бири, бу: тун ва куннинг ҳамиша алмашиниб туришидир. Уларнинг бири, доимо бошқасини ўрнига келаётиб, ўзи билан ё совуқни, ё иссиқни, ё мўътадил об-ҳавони олиб келади. Кеча ва кундуз бир-бирлари билан алмашинаётган вақтда, ё қисқариб туради, ё узайиб туради. Шунга биноан йил фасллари пайдо бўладики, улар Одам боласининг ҳаётини, жониворлар, ўсимликлар ва ер юзида борки мавжудотни тирикчилигини тартибга солиб туради. Буларнинг барчаси ажойиб интизом билан, ажойиб бир аниқлик билан ва ажойиб қонунларга бўйсуниб рўй берадики, инсон ақлини ҳайратга солади ва бу нарсаларни ҳар томонлама кашф қилиб ўрганиб чиқиш энг ақлли кишиларнинг ҳам қўлидан келмайди. Ахир бу ҳодисалар, оламларнинг Подшоҳини қанчалар қудратли, билимли, ҳикматли, раҳмати кенг эканлигидан далолат бермайдими?! У Зотнинг қудрати, султонлиги ва мулкининг буюклиги, инсонни фақат Унгагина сиғинишга ва Унигина илоҳийлаштиришга, Уни севиб, Ундан қўрқишга, Ундан умид қилиб, Унгагина таваккул қилиб яшашга, ҳамда ибодатларини фақат Унга бағишлаш орқали, Унинг ризолигига интилишга ундайди.
Денгизларда сузиб юрувчи кема ва қайиқлар ҳам, Аллоҳнинг мўъжизотларидан ҳисобланади. Жаноби Ҳақ, Ўзининг бандаларини ушбу сузиб юрувчи нарсаларни ясашга, яратишга илҳомлантирди. Уларга бунинг илмини, маҳоратини бериб, керакли асбоб-ускуна ва ашёлар билан таъминлаб қўйди.
Роббимиз Ўз қулларига сувдек жўшқин нарсани, ҳамда кемаларни, ичидаги озиқ-овқати ва инсонларга манфаатли бўлган нарсалари билан, у ёқдан, бу ёққа ҳайдовчи шамолларни бўйсундириб қўйди. Бунинг туфайли инсонларнинг эҳтиёжлари қондирилади, манфаатлар етказилади, ҳамда ҳаётлари тартибга тушади. Ҳўш, инсонлар кемасозлик қилишлари учун, уларни бунга илҳомлантирган, йўналтириб қўйган ким? Ким уларга кемасозлик учун зарурий нарсаларни ато этди? Ким уларга денгизлар ва шамолларни бўйсундирди? Кемаларга денгиз ва океанларда сузиб юришга изн бериб қўйган ким? Инсонларни, уларнинг юклари билан ташиб юрувчи транспорт воситаларини ким яратиб берди? Уларнинг ёқилғиси бўлган бензин, солярка, нефть, газ каби ашёларни ким чиқариб берди? Ахир буларнинг ҳаммаси, Яратувчимизнинг марҳаматини натижаси эмасми? Наҳотки, аввалда онасининг қорнидан умуман илмсиз, мутлақо қувватсиз, кучсиз бўлиб туғиладиган, сўнгра эса, улғайгани сари илм олиб, куч-қувватга аста-секинлик билан эга бўладиган инсон, буларнинг барчасига ўзи, мустақил [Аллоҳнинг бошқарувисиз] эриша олса? Балки бу нарсаларнинг рўй бериши, ҳикматли ва ҳар нарсадан хабардор бўлган, барча нарсанинг устида қудратли бўлган, жалолати ва улуғлиги олдида барча махлуқотлар бош эгган Зотнинг марҳамати туфайли бўлаётгандир?! Ҳақир ва ожиз қул, ҳеч бўлмаганда, бу буюк режани амалга ошириш учун Аллоҳ яратган сабаблардан бири бўлиши мумкин. Албатта, бунда Аллоҳнинг марҳаматидан ва Ўз бандаларига кўрсатган чексиз ғамҳўрлигидан даракдирки, энди инсонлар бўйнидаги мажбурият, бу: Аллоҳни самимий севиш, фақат Ундан қўрқиш, фақат Унга умид боғлаб, фақат Унгагина суянишдир, ҳамда Унинг барча амрларида бўйсуниб, Унинг олдида хорлик кўрсатиб, Уни улуғлашдир.
Булутлардан ёққан ёмғир ҳақида ҳеч тафаккур юритганмисиз? У ҳам Аллоҳнинг оятларидан биридир. Ёмғир суви туфайли ер юзида турли ҳил дарахтлар, ўсимликлар ва наботот олами вужудга келадики, бошқа махлуқотларнинг уларсиз яшашининг умуман иложи йўқ. Ахир, осмонлардан сувни ёғдириб қўйган ва у орқали ўсимликларни чиқариб қўйган Зот — Аллоҳнинг қудратига шу нарсани ўзи етарли ҳужжат эмасми? Бу, У Зотнинг марҳамати, қулларига бўлган ҳамдардлиги, муҳаббатидан дарак эмасми? Аллоҳ Таъало ўликларни қайта тирилтира олишига ва уларни тегишли жазо, ёки мукофот билан тақдирлай олишига кифоя қиладиган исбот эмасми? Роббимиз ер юзида турли-туман жониворларни тарқатиб қўйди ва мана шунинг ўзи Унинг қудратлилиги ва буюклигига, Унинг ягоналиги ва мутлақ ҳукмига гувоҳликдир. Ер юзидаги барча ҳайвонотни одамга бўйсундириб қўйдики, инсонлар уларни ўз шахсий манфаатлари йўлида ишлата олсинлар. Улар ҳайвонларнинг гўштларидан ейдилар, ёки уларнинг сутларини ичадилар, уларни устига минадилар, ёки қўриқчилик мақсадида ишлатадилар ва бошқа ишлар учун уларни қўллайдилар, ҳўш бу ҳақда фикр юритармиканлар ва ўзларига керакли хулосаларни чиқариб олармиканлар? Аллоҳ Таъало бу ҳайвонларни бутун ер юзига тарқатиб қўйиб, уларни ризқланишларини Ўз зиммасига олди, шунинг учун Аллоҳ деди: «Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир» (11:6).
Шамолларнинг алмашинувида биз билан сиз учун катта оятлар бор. Бу шамоллар гоҳо совуқ, гоҳо илиқ, гоҳо жанубий ва шимолий, гоҳо эса, шарқий ва ғарбий бўлади, ҳамда оламнинг мана шу тўрт тарафнинг бошқа йўналишларида ҳам эсиб турадилар. Улар булутларни ҳайдаб, бир жойга жамлайдилар, уларни сув билан таъминлайдилар, ёмғирни улардан сиқиб чиқарадилар, булутларни нимта-нимта қилиб, ҳар ҳил ёмон оқибатларни олдини оладилар. Баъзида бу шамоллар ўзида илоҳий раҳмат, марҳаматни олиб келса, баъзида жазо билан келадилар. Бас, ким уларни мана шу тарзда бошқармоқда? Ким уларни инсонлар муҳтож бўлган яхшиликларни келтиришга мажбурлаб қўйди? Ким бу шамолларни ҳайвонотнинг манфаатига, тирик махлуқотларнинг, ўсимлик ва эканларнинг фойдасига эсдириб қўйди? Бунга қодир Зот, фақат ягона, ҳикматли ва раҳмати кенг Аллоҳдир. У қулларининг барча ибодатларига лойиқдир. Севилишга, қўрқилишга, умид қилиб, суянишларига лойиқдир.]
У Зот одамлар сувга эҳтиёжли бўлиб турганларида уни нозил қилади, бироқ, ёмғирларнинг куплиги инсонларга зарар етказса, уни тўхтатиб қўяди. Унинг куч-қудрати қанчалар чексиз ва яхшилиги қанчалар буюк! Наҳотки, Аллоҳнинг яратиб қўйган неъматларидан лаззатланиб, фазлу иноятидан фойдаланиб, сўнгра ўша неъматларни Аллоҳнинг маъсиятига, таъқиқлаб қўйган ишларига сарфлаган кишини ақли расо, адолатли, инсофли деб бўладими? Бундай кимсаларга нисбатан Аллоҳнинг кўрсатган сабри, ғазабини босиши, азобини тезлатмаслиги, ҳалимлиги ва олижаноблиги Унинг нақадар мулойим ва нақадар раҳмдил эканидан далолат беради. Барча нарсадан ҳам, барча нарсадан кейин ҳам, мақтовлар ва ҳамду сано ягона Аллоҳгадир. Кўринган ва кўринмаган ҳамдлар Аллоҳга бўлсин!]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:165.
وَمِنَ النَّاسِ مَن يَتَّخِذُ مِن دُونِ اللَّهِ أَندَادًا يُحِبُّونَهُمْ كَحُبِّ اللَّهِ وَالَّذِينَ آمَنُوا أَشَدُّ حُبًّا لِّلَّهِ وَلَوْ يَرَى الَّذِينَ ظَلَمُوا إِذْ يَرَوْنَ الْعَذَابَ أَنَّ الْقُوَّةَ لِلَّهِ جَمِيعًا وَأَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعَذَابِ
Оят: Ва одамлар ичида [шундай] кимсалар борки,[ўзларига] Аллоҳдан ўзгаларни [Холиқларига] тенгдош [илоҳ] қилиб оладилар ва уларни [ўша илоҳларини] худди Аллоҳни севгандек, севадилар. [Аммо] иймон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари [барча нарсанинг муҳаббатидан] шиддатлироқдир. Агар зулмкор бўлган кимсалар, азобни кўрган чоғларида, батаҳқиқ, барча куч-қувват Аллоҳники эканлигини ва батаҳқиқ, Аллоҳ азоби қаттиқ бўлган Зот эканлигини кўрсалар эди.

Тафсир: [Ушбу оят, ўзидан олдинги оят билан қанчалик гўзал тарзда боғланган-а! Чунки, аввалдаги оятда, Аллоҳ Таъало Ўзининг ваҳдониятига (ягоналигига) ҳеч рад қилиб бўлмас далилларни келтирдики, иймон эгалари учун бу далиллар илмдан — қатъий ишончга айланиши ва шак-шубҳаларни тамомий йўқолиши учун етарлидир. Аммо, ушбу оятда, Робб Таъало хабар бериб айтадики, Аллоҳнинг ўша [олдинги оятда] санаб ўтилган оят-мўъжизаларини аниқ кўриб, билиб, англаб туриб ҳам, инсонлар ичида шундайлари борки, махлуқотларни Холиққа тенглаштирадилар: уларга чин юракдан, самимий муҳаббат кўрсатиб, эҳтиромлашади ва уларга алоҳида ибодат турини бағишлаб, уларнинг олдида итоат билан бош эгиб турадилар. Агар инсон, унга яккаилоҳликнинг ҳақиқатини англатадиган далилларни келтиргандан кейин ҳам, ўзининг ширкида давом этса, у албатта, ё Аллоҳга ўжарлиги билан кофирдир, ё Аллоҳнинг оятлари ва турли ҳил махлуқотлари борасида тафаккур қилишни хоҳламаслиги билан куфр қилади. Бундай кишини, ўзининг куфрида ҳеч қандай узри йўқ. Бундан ташқари, у энг шиддатли азобга лойиқ. Бу оятда мушрик бўлган кимсалар ҳақида гап кетган, аммо улар, Аллоҳга, Унинг яратувчилигида, ёки ризқ беришида, ёки оламларни бошқаришида бошқаларни шерик қилмаганлар [яъни, яратувчи, ризқ берувчи ва бошқарувчи ягона Аллоҳ деганлар], аммо, улар Аллоҳнинг ибодатида бошқаларни У Зотга шерик, тенгқур қилганлар. Улар махлуқотларга сиғинар эканлар, ўша соҳта илоҳлари уларни Аллоҳга яқинлаштирадилар, деган эътиқодда ибодат қилганлар. Бироқ, уларнинг бут-санамлари ва сиғинган нарсалари Аллоҳга ҳеч қачон, на шерик ва на тенгқур бўлолмайдилар, лекин уларнинг ўзлари ўша ҳудоларини Аллоҳга тенглаштирар эдилар. Ўзларининг бут-санамларини "илоҳ" деб аташар, ҳолбуки, уларнинг бундай деб аташлари умуман асоссиз ва ҳар қандай маънодан маҳрум қилингандир. Бу ҳақда Аллоҳ Таъало деди: «Аммо улар Аллоҳга шерик келтирадилар. Айтинг: “Ҳўш, [ўша соҳта худоларингизни] исмларини айтиб берингчи! Ёки Унга [Аллоҳга] ер юзида У [Аллоҳ] билмайдиган нарсанинг [яъни, илоҳларингизнинг] хабарини берасизларми? Балки, бу қуруқ гапдир...» (13:33). Аллоҳнинг пайғамбари — Юсуф (алайҳиссалом) ҳам шундай деганлар: «Эй ҳамзиндон дўстларим, турли-туман [тарқалиб кетган] робблар яхшими, ёки ягона, қаҳҳор бўлган Аллоҳми? Сизлар эса, Ундан бошқаларга ва аждодларингиз исмлаб қўйган исмларга сиғинмоқдасизлар, ваҳоланки, Аллоҳ улар ҳақида ҳеч қандай ҳужжат нозил қилмаган эди. Ҳукм чиқариш фақат Аллоҳга хосдир. У фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни буюрди. Худди шу — тўғри, саҳиҳ диндир, лекин одамларнинг кўплари билмаслар” (12:39–40).
Яратилган махлуқ, ҳеч қачон Аллоҳ билан тенг бўлолмайди, чунки Аллоҳ — Яратувчи, Холиқдир, Ундан ўзга барча нарса эса — яратилгандир. Робб — ризқ берувчи Раззоқдир, ундан бошқа барча мавжудот ўша ризққа муҳтождир. Аллоҳ беҳожат ва бирон нарсага эҳтиёжли эмасдир, ундан ўзга барча мавжудот эса фақир ва ожиздир. Аллоҳ — ҳар томонлама мукаммал ва бенуқсондир, бандаларига эса айбли, камчиликли, нуқсонли бўлиш хос. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи фойда келтира олади, ёки зарар етказишга қодир, аммо Ундан бошқа барча мавжудот ҳеч қандай манфаат келтиришга, на зарар етказишга ва на тақдирларини бошқаришга қодир эмасдир.
Бундан, Аллоҳ Таъалога фаришталарни, пайғамбарларни, солиҳларни, бут-санамларни ва бошқа махлуқотларни шерик ва тенгқур қилаётган кимсаларнинг эътиқодлари қанчалик бузуқ эканлигини англаб оламиз. Ягона Аллоҳнинг Ўзигина самимий, комил ҳолда севилишга ва бўйсунилишга лойиқ эканини билиб оламиз. Шунга биноан, мушриклар ўзларининг илоҳларини севганларидан кўра, мўминлар Аллоҳни кўпроқ севишларини ёдга олиб, Аллоҳ уларни мақтади. Ҳақиқатдан ҳам, мўминларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари холис ва чинакам бўлиб турган бир пайтда, мушриклар ўзларининг бутларини Аллоҳга шерик қиладилар холос. Бошқа томондан, мўминларнинг ўз Роббиларини севишлари, уларни бахт-саодат, фавз ва ютуққа эриштирса, мушрикларнинг ўз бутларига бўлган муҳаббатлари уларни абадий бадбахтлик ва абадий қийноқларга гирифтор қилади. Шунинг учун ҳам бу оятда, Аллоҳга ширк келтирувчи, одамларнинг Роббисига итоат этиш ўрнига, бут-санамларга сиғинувчи, Аллоҳнинг бандаларига нисбатан зуғум ўтказувчи, уларни тўғри йўлдан оздириб, уларга зарар етказувчи, бузғунчи бўлган кимсаларни, қиёмат куни улар аниқ кўзлари билан кўрадиган азобдан огоҳлантирилди. Ана ўшанда улар, барча куч-қудрат тўлалигича фақат ягона Аллоҳга тегишли эканини ва улар сиғинган олиҳалари ҳеч нарсага қурби етмайдиган, ожиз махлуқотлар эканини тушуниб, англаб етадилар. Ўша кунда улар ўзларининг соҳта ҳудолари нақадар заиф ва нақадар ёрдамсиз эканини биладилар. Ҳаёти дунёдалик чоғларила, уларнинг бут-санамлари ва ўйлаб топилган соҳта илоҳлари бирон ҳукмга эга ва одамларни Аллоҳга яқинлаштиришга қодир деб эътиқод қилган эдилар, аммо бу ақидалари нечоғли хато, қилган ишлари эса ҳабата бўлганини гувоҳи бўладилар. Бу бадбахт, шақий кимсаларни жазога маҳкум қилинганда, ўша ўзлари сиғинган ҳудолари уларни қийноқлардан қутқара олмайди ва уларга зиғирчалик фойда келтиришга қодир бўлмаслар. Устига устак, ўша умид боғлаган ва суянган илоҳлари уларга зарар ва зиёндан бошқа нарсани келтирмайди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:166.
إِذْ تَبَرَّأَ الَّذِينَ اتُّبِعُوا مِنَ الَّذِينَ اتَّبَعُوا وَرَأَوُا الْعَذَابَ وَتَقَطَّعَتْ بِهِمُ الْأَسْبَابُ
Оят: [Уларга шундай бир кун келишини эслатингки], ўшанда [куфр ва залолатга чақирган] пешволар [ўзларига] эргашган [жоҳил киши]лардан воз кечадилар [танимасликка оладилар]. Ва [мана энди] улар азобни [ўз кўзлари билан аниқ] кўрдилар ва [мана энди] ўрталаридаги боғлиқликлари узилиб кетди.

Тафсир: [Қиёмат соати қойим бўлганида, куфрга бошловчи бошлиқлар, залолатга чақирган [имомлар] пешволар [ҳаёти дунёда] уларнинг ортларидан [кўр-кўрона] эргашган барча оддий, жоҳил кишилардан воз кечадилар ва улардан безор эканларини эълон қиладилар. Ер юзида уларнинг ўрталарида боғланган барча алоқалар, ришта ва боғланишлар ўша даҳшатли кунда тамомий узилиб кетади. Бу боғланишлар, Аллоҳ учун ва Аллоҳнинг буйруқларига мувофиқ бўлмаган, билъакс, улар ботилнинг, ёлғоннинг устига қурилган ришталар эди, шунинг учун кофирларнинг [дунёда] қилган барча амаллари йўққа чиқиб кетади. Мана энди улар ноҳақ, ботил гапларни гапирганларини англаб етдилар; мана энди “фойдали ва яхши натижалар беради”, деб ўйлаган амаллари уларга хасрат ва надоматни келтирди. Ундан ҳеч қачон чиқа олмайдиган ва ҳеч қачон нажот топа олмайдиган жаҳаннамнинг абадий аҳолиси бўлишга маҳкум эканликларига ақллари етиб қолади. Бундан ортиқроқ ва бундан мудхишроқ зиён, ютқазишнинг ўзи бўладими? Мушрикларнинг бу аҳволга тушишларига сабаб эса, уларнинг ёлғонга эргашганлари, умид боғлаб бўлмайдиган нарсаларга умид боғлашлари ва суяниб бўлмайдиган нарсаларга суянишлари бўлди. Уларнинг [динлари, эътиқодларини] пойдевори (фундаменти) аввалдан бузуқ ва яроқсиз бўлган [пишиқ, мустаҳкам бўлмаган], шу боис, амаллари ҳам бузуқ ва фойдасизга айланди. Буни англаб етган чоғларида уларни қаттиқ хасрат, ғам-қайғу ва тасаввурга сиғмас махзунлик қамраб олади. Умидлари пучга чиқади, қилган қилмишлари эса ўзларига энг даҳшатли тарзда зиён етказади. Уларнинг тақдирлари, Роббиларига суянган ва Роббиларига умидларини боғлаб, амали солиҳ қилган ва амаллари фойда келтиришига ишонган кишиларнинг тақдирига асло ўхшамас. Бу солиҳ кишилар ҳақни — ҳақ деб қабул қилдилар, чин, самимий ихлос билан солиҳ ишларни бажардилар ва ҳаққа суяндилар. Улар албатта, ўзларининг салоҳиятли ишларини самараларини кўрадилар ва Аллоҳнинг хузурида ўзларининг туганмас ажрларини топадилар. Аллоҳ Таъало деди: «Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан [одамларни] тўсганларнинг амалларини У Зот йўққа чиқарди. Иймон келтирган, солиҳ амалларни бажарган, ҳамда, Роббиларидан Муҳаммадга нозил қилинган ҳаққа иймон келтирганларнинг гуноҳларини яширди ва аҳволларини ислоҳ қилди. Бундай бўлишига, албатта, кофир бўлганларнинг ботилга эргашишлари, иймон келтирганларнинг эса, Роббиларидан бўлган ҳаққа эргашишлари сабабдир. Мана шундай [тарзда] Аллоҳ инсонларнинг мисолларини келтириб беради» (47:1–3).]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:167.
وَقَالَ الَّذِينَ اتَّبَعُوا لَوْ أَنَّ لَنَا كَرَّةً فَنَتَبَرَّأَ مِنْهُمْ كَمَا تَبَرَّءُوا مِنَّا كَذَلِكَ يُرِيهِمُ اللَّهُ أَعْمَالَهُمْ حَسَرَاتٍ عَلَيْهِمْ وَمَا هُم بِخَارِجِينَ مِنَ النَّارِ
Оят: Ва [адашган пешволар ортидан] эргашганлар [ўша куни қаттиқ кулфатда] айтадиларки: “Қанийди бизлар учун яна бир бора [ҳаёти дунёга қайтиш] имкони берилса эди, ўшанда улар [куфр пешволари қиёмат куни] худди бизлардан воз кечиб қўйганлари каби, биз ҳам улардан воз кечиб кетган бўлар эдик”. Мана шундай тарзда Аллоҳ уларнинг амалларини ўзларига қарши ҳасрат [надомат] қилиб кўрсатиб қўяди ва улар [асло] олов [жаҳаннам]дан чиқиб [нажот топиб] кетгувчи бўлмаслар.

Тафсир: [Ўзларининг [адашган] йўлбошчиларини изларидан эргашган кофирлар, ўша кунда ҳаёти дунёга бир қайтишни ва ўзлари кўр-кўроналик билан эргашган ўша пешволаридан воз кечишни орзу қилиб қоладилар. Мушрикликдан тамомий қайтиб, ягона Аллоҳгагина қуллик қилишни истайдилар. Аммо, улар бу орзуларига етиша олмайдилар, чунки инсонларга берилган муҳлат ўтиб бўлди, фурсат тугади. Бундан ташқари, уларнинг [бу дунёга қайтиб, қўлдан кетган нарсаларни тиклашлик ҳақидаги] ваъдалари ёлғон ва қуруқ гапдир, зеро агар уларни бу дунёга қайтарилса эди, улар барибир таъқиқланган ишларни яна содир қилар эдилар. Ўзларининг асоссиз иддао ва ваъдаларини, ўша куфр бошлиқларига нисбатан туйган нафратлари ва ғазаблари туфайли айтадилар холос. Куфр ва залолат пешволарининг ўша кунда тортадиган азоблари энг қаттиқ ва шиддатли бўлур, буларнинг бошида эса Иблис бўлади [яъни, Иблисга берилган азоб энг оғир ва энг шиддатлиси бўлади, чунки у куфр пешволарининг энг каттасидир, бинобарин, азобни ҳам энг улкани ва энг ёмони унга аталган]. Аллоҳ Таъало деди: «Қачонки, иш битиб [ҳукмлар чиқарилиб] бўлганда, шайтон [ўша унга эргашганларга қарата] айтади: “Албатта, Аллоҳ сизларга ҳақ ваъдаларни берган эди [ва ҳамиша ваъдасини бажаради]. Мен ҳам сизларга [турли ҳил] ваъдаларни бердим, аммо [кейин] сизларга [берган сўзимга] хилоф қилдим. Сизларнинг устингиздан менинг султонлигим йўқ эди [биронтангизни гуноҳга мажбурлаганим йўқ], магарам, сизларни [ўз йўлимга] чақирсам, ўзинглар менинг [чақириғимга, ўз ихтиёрингиз билан] жавоб бердинглар [яъни, ортимдан эргашдинглар]. Бас [энди] мени маломат қилмасдан, [балки] ўзингизни маломат қилинглар! Мен сизларни [Аллоҳнинг азобидан] халоскорингиз эмасман, сизлар ҳам [азобдан] мени халос эта олмассиз. Илгарилари мени [Аллоҳга] шерик қилганларингизни мутлақо тан олмасман [инкор қиламан]. Дарҳақиқат, золим бўлган кимсаларга аламлантирувчи азоблар тайёрлаб қўйилгандир” (14:22)]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:168.
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ
Оят: Эй инсонлар! Ер юзидаги [Аллоҳ томонидан ризқ қилиб берилган] нарсалардан ҳалолини, покизасини енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар, [чунки] батаҳқиқ, у сизларга аниқ душмандир.

Тафсир: [Бу мурожаат барча инсонларга — у мўмин бўладими, кофир бўладими — бирдек тегишлидир. Инсонларга турли ҳил таом ва самаротларни истеъмол қилишга, мева-чева ва кўплаган ҳайвонларнинг гўштларини ейишга изн беришлик билан, Аллоҳ Таъало уларга улкан раҳматини намойиш қилди. Бу неъматлар, агар уларни ҳалол йўл билан топилган бўлса; ўғрилик, йўлтўсарлик билан, қонунбузарлик ва бировларнинг ҳақларини поймол қилиш орқали топилмаган бўлсагина, ҳалол деб эълон қилинди. Аллоҳ Таъало инсонга, ўз таомида фақат покиза, ҳалол нарсаларни тановул қилишга ва таъқиқланган нарсалардан: ўлакса, қон, чўчқа гўшти ва бошқа нопок нарсалардан четланишликка буюрди. Демак, оятдан маълум бўладики, то шариатимизда аниқ [далил билан] таъқиқ келмагунича [масалан, чўчқа гўштига, қонга таъқиқ келганидек], ер юзидаги барча нарса ҳалол, покиза деб саналаверади ва истеъмол қилинаверади.
Ҳаром қилинган нарсаларга келсак, улар икки гуруҳга бўлинади: уларнинг биринчилари ўз-ўзидан [зотида] ҳаром ва бунинг сирасига покиза нарсаларнинг зидди бўлган [нажосат, қон, чўчқа гўшти, ўлакса каби] нопок нарсалар киради. Иккинчилари эса, Аллоҳнинг ва Унинг махлуқотлари ҳуқуқларини поймол қилиш йўли билан топилгани учун ҳаромдир [яъни, нарсанинг ўзи аслида тоза нарса, масалан: нон, ҳалол гўшт каби, аммо у ҳаром йўллар билан: ўғрилик, зино, рибо орқали топилган, ёки, Аллоҳ учун сўйилмаган, шунинг учун ҳаром — тарж.]
Оят яна шунга ишора қиладики, инсон танасини тириклигини тутиб турувчи миқдордаги таомни истеъмол қилиб туриши — вожибдир ва борди-ю, агар инсон ўзини овқат ейишликдан мутлақо тийса [ва бу уни ўлимга, ёки қаттиқ очарчиликка олиб келадиган бўлса], демак у Аллоҳнинг аниқ буйруғини бузган бўлади. Биз муҳокама қилаётган амру фармонда инсонлар учун фақат фойда ва яхшиликлар бор бўлгани сабаб, Аллоҳ Таъало одам боласига шайтоннинг изларидан юришни, яъни, унинг амрларини бажаришни, куфрни дин қилиб олишни, жиноят ишларга қўл уришни, ҳамда зулмкорлик, адолатсизлик қилишни ман қилди. Бу таъқиққа яна: баъзи ҳайвонларни муқаддас санашлик ва ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилишлик ҳам киради. Шайтон ҳеч қачон инсонларга бўлган адовати, нафратини яширмаган: уларни адашишликка олиб кириш учун, ер юзида ёвузлик, зулм, зўравонлик қилишларини уларга буюради; Одам боласининг барчалари — аввалгисидан, то охиргисигача — ёниб турган жаҳаннамнинг аҳлидан бўлишларини астойдил хоҳлайди. Аммо, ҳақгўй Илоҳ фақатгина шайтоннинг изидан юришни одамларга таъқиқлабгина қолмай, балки шайтоннинг инсонга бўлган ашаддий душманлиги ҳақида ҳам уларга хабар берди. Шунинг ўзи ундан эҳтиёт бўлиб, унинг вас-васларига кўнгил бурмасликка кифоя қилади. Бундан ташқари, дин рухсат берган ҳалол нарсалар, дин таъқиқлаган нарсаларга нисбатан анча устунлиги борлигини ва ислом шариати фақат зарарли, нопок ва исқирт нарсаларнигина ҳаром қилиши ҳақида марҳаматли Роббимиз баён қилиб берди ва келаси оятда дедики: ]

https://t.me/tafsirassaadiy