Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!
37.1K subscribers
6.15K photos
2.38K videos
46 files
9.95K links
Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz

Вазирликнинг Матбуот ва ПР хизмати томонидан юритилади.

Расмий сайт: ssv.uz
Cаҳифаларимиз:
facebook.com/ssvuz
twitter.com/ssv_uz

Манзил: Тошкент ш. Навоий кўчаси, 4.
Тел: 1003
Download Telegram
❗️ЖССТ куз-қиш мавсумида коронавируснинг олдини олиш бўйича ўз тавсияларини берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти яқинлашаётган куз-қиш мавсумида коронавирусни юқтириш ҳолатлари янада ошиши мумкинлигидан хавотирда.

Шу боис мазкур даврда одамларни COVID-19нинг “омикрон” штаммидан ҳимоя қилиш муҳим. Бунинг учун бирламчи самарали чора — эмланиш қамровини оширишдан иборат. Қолаверса, жамоат жойларида тиббий ниқоб тақишни рағбатлантириш катта натижа беради.

“Аввало, иммунитети заиф бўлган қатлам бустер-дозанинг иккинчи босқичи билан эмланиши лозим, — дейилади ЖССТ тавсиясида. — Қолаверса, ҳомиладор аёллар, сурункали касалликларга чалинган беморлар, кекса ёшли инсонлар ва шифокорлар ҳам хавф гуруҳига мансуб”.

Ташкилотнинг маълум қилишича, вакцинанинг навбатдаги дозасини қабул қилганидан камида 3 ой ўтгач, касалликни қайта юқтириш эҳтимоли пайдо бўлади.

Қолаверса, ҳар қайси мамлакатда эпидемиологик вазият турлича. Шунга қарамай, ҳукуматлар касалликнинг олдини олиш ва уни жиловлаш бўйича аниқ саъй-ҳаракатларни амалга оширишлари зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Маълумотларга кўра, дунёда коронавирус асоратлари ва бошқа қатор омиллар туфайли тизза ва чаноқ-сон бўғимлари хасталиклари тобора кўпайиб бормоқда.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида шундай касалликларни даволашга қаратилган мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказиляпти.

Эътиборли жиҳати, бу жараёнда инвазив жарроҳлик, яъни тана ва бўғимларга ортиқча тиғ теккизмасдан, кичик камерали махсус ускуна ёрдамида бажариладиган илғор амалиёт усуллари қўлланилаяпти.

Бундан ташқари, муассасада умуртқа эндоскопик хирургияси, болаларда кўкрак қафаси деформациялари, сколиоз, суяк ва бўғимларнинг туғма аномалияларини оператив даволаш сингари йўналишларда ҳам янги стандартлар амалиётга татбиқ этилган.

“O‘zbekiston 24” телеканали орақли намойиш этилган юқоридаги репортаж мазкур марказ фаолиятига бағишланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Айни пайтда Президент Ш.Мирзиёевнинг мамлакат тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбирда давлатимиз раҳбари соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан:

2023 йил 1 январдан
бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.

📌 Бунда, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади.

📌Ёки улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.

Шунингдек:

2023 йил 1 январдан кичикдан ўрта бизнесга ўтган
корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди.

2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) 12 фоизга туширилади.

‼️Президент тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечиш таклифини билдирди.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этилади

"Бизда қурувчи, маданият, таълим каби соҳа вакиллари учун фахрий унвонлар мавжуд.

Лекин, Янги Ўзбекистон пойдеворини яратишга энг катта ҳисса қўшиб келаётган заҳматкаш тадбиркорларнинг эътибордан четда қолгани адолатдан эмас.

Шу боис, кўп иш ўринлари яратган, бизнеснинг янги йўналишларини йўлга қўйган, ўз соҳасида инновация ва ислоҳотлар қилган ва эл-юрт орасида обрў топган бизнес вакилларини муносиб эътироф этиш учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этишни таклиф қиламан", деди Президент очиқ мулоқотда.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилади

Давлат раҳбарининг мамлакат тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти давомида юқорида айтилган барча таклифларни амалга ошириш учун Президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилиши қайд этилди.

Президент Администрацияси раҳбарига икки ҳафта муддатда ушбу кенгаш ишини ташкил қилиш топширилди.

Президентимиз сўзини якунлаб, айни пайтда тадбиркорлар билан фикр алмашмоқда, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тингламоқда.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️ Кеча дунё бўйича қарийб 603 минг нафардан зиёд кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Энг юқори кунлик ҳолатлар қуйидаги мамлакатларда рўйхатга олинди:

🇯🇵 Япония — 226 минг,

🇰🇷 Жанубий Корея — 59 минг,

🇷🇺 Россия — 39 минг,

🇦🇷 Аргентина — 24 минг,

🇹🇼 Тайвань — 22 минг,

🇮🇹 Италия — 19 минг,

🇦🇺 Австралия — 10 минг,

🇮🇳 Ҳиндистон — 9 минг,

🇨🇱 Чили — 9 минг,

🇺🇸 АҚШ — 8 минг.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Болаларда ҳолсизлик, кўп терлаш ва сут тишларининг кеч чиқиши рахит аломатими?

Янги туғилган чақалоқ парвариши ота-оналардан алоҳида эътибор ва масъулият талаб этади. Айниқса, бу даврда бола суякларининг тўғри ривожланиши жуда муҳим. Акс ҳолда, мурғак организмнинг соғлом шаклланишига тўсиқ бўлувчи турли касалликлар бош кўтаради. Улардан бири рахит хасталигидир.

Хўш, мазкур касалликнинг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлади? Унинг белгилари ва даволаш усуллари нималардан иборат?

ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига тиббиёт фанлари доктори Умида Рустамова жавоб берди:

— Рахит янги туғилган чақалоқлар ва 3 ёшгача бўлган болалар организмининг умумий хасталиги бўлиб, "Д" витамини етишмаслиги сабабли юзага келади, — дейди шифокор. — Натижада суяк тўқималарининг ҳосил бўлиши, шаклланиши ва уларнинг минерализацияси билан боғлиқ турли бузилишлар кузатилади.

Маълумки, бола организмининг бенуқсон ривожланиши, хусусан, суякларнинг тўғри ўсиши ва мустаҳкам бўлиши учун кальций ва фосфор элементлари жуда зарур. “Д” витамини эса ушбу моддаларнинг ичакда сўрилиши, суяк, мушак ва бошқа аъзо тўқималарига етиб боришини бошқаради.

Агар бу витамин етишмаса, танада ўз-ўзидан кальций ва фосфорга бўлган эҳтиёж ҳам қондирилмайди. Бу эса рахит хасталигини келтириб чиқаради.

Касалликнинг бошланиши боланинг 3-4 ойлигига тўғри келиб, ундаги неврологик ўзгаришлар билан намоён бўлади. Яъни, гўдак кўп безовталанади. Бот-бот қайсарлик ва инжиқлик қилади. Уйқу бузилиши, шовқин ва ёруғликдан чўчиши ҳамда таъсирчанлик кузатилади. Кичкинтой кўп терлайди ва мушак тонуси пасаяди. Натижада боланинг жисмоний ривожланиши кечикади. Яъни, у тенгдошларига нисбатан ўтириш, эмаклаш ва оёққа туришда ортда қолади.

Бола ўз вақтида даволанмаса, касаллик янада зўрайиб, суякларда салбий ўзгаришлар содир бўлади. Яъни, пешона ва калласининг тепа қисми туртиб чиқади, энса соҳалари яссиланади. Умуртқа поғонаси букчайиб, оёқ “Х” ёки “О” шаклида қийшаяди ҳамда яссиоёқлик ривожланади. Шунингдек, жажжи беморнинг иммунитети пасайиб, юқумли касалликларга таъсирчан бўлиб қолади.

Ҳатто узоқ вақт рахит билан оғриган ва даволанмаган болаларнинг кўкрак қафаси қийшайиши, шу билан бирга, ичга ботиб кириши, қовурғаларнинг йўғонлашуви, камқонлик, суяклар юмшаши, тишлар ўз вақтида ва бир текис чиқмаслиги аниқланади. Хасталикнинг оғир даврида эса бола анча вақтгача бош ва гавдасини тута олмайди.

Агар ота-оналар фарзандида рахит касаллиги белгиларини сезса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиши зарур . Чунки ушбу хасталикни даволаш алоҳида муолажаларни талаб этади. Касалликнинг дастлабки босқичида “Д” витамини ва кальций препаратларини қабул қилишнинг ўзи етарли. Аммо касаллик зўрайган даврда унинг олдини олиш учун қатор тиббий чораларни қўллаш лозим.

Хусусан, зарур ҳолларда болада шифокор тавсияси билан уқалаш муолажаси, кварц лампаси билан нурлантириш амалиётлари ўтказилади. Ушбу даво чоралари ва махсус дори-дармонлар фақат мутахассис тавсияси билангина белгиланади.

Касалликнинг олдини олиш учун болани қуёшли кунларда ва эрталаб очиқ ҳавода сайр қилдириш, чўмилтириш, дармондорилар, жумладан, "Д" витамини бериш лозим. Энг муҳими, рахитнинг олдини олиш билан боғлиқ профилактика ишларини бола туғилмасдан олдин бошлаш мақсадга мувофиқ.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Коронавирус: кеча юртимизнинг 2 та ҳудудида 14 нафар кишида касаллик аниқланди

🔴 2022 йил 22 август куни рўйхатга олинган беморларнинг:
📌1 нафари Навоий вилоятида,
📌13 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида қайд этилди.

Коронавирусдан ҳимояланишнинг энг тўғри ва самарали йўли унга қарши эмланишдир. Шундай экан барча юртдошларимизни ўз вақтида ва тўлиқ дозаларда вакцина олишга чақирамиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
⚡️Кеча, 22 август куни мамлакатимизда коронавирусга қарши эмлаш жараёнларида 138 861 доза вакцинадан фойдаланилди.

💉Уларнинг 95 980 дозаси бустер доза сифатида қўлланилган вакциналардир.

Шу кунга қадар юртимизда қўлланилган вакциналар миқдори 65,1 миллион дозани ташкил қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Магистратура қабул натижалари эълон қилинди

2022/2023 ўқув йили учун магистратура мутахассисликларига қабул бўйича http://magistr.edu.uz электрон тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтган 10 031 нафар фуқаронинг аризалари кўриб чиқилди.

📋Жами қабул қилинган аризалар сони 5 минг 219 тани ташкил қилди.

❗️Талабгорлар магистратура қабул натижаларини magistr.edu.uz платформасидаги шахсий кабинети орқали билиб олишлари мумкин.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️ЖССТ: Барча тиббиёт ходимлари ва 60 ёшдан ошган кишилар коронавирусга қарши эмланиши зарур

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус кечаги баёнотида коронавируснинг олдини олишга доир чора-тадбирлар хусусида сўз юритди.

Унинг қайд этишича, дунёдаги барча тиббиёт ходимлари ва 60 ёшдан ошган кишилар COVID-19га қарши вакцина олиши ва эмланиш қамрови 70 фоизга етиши зарур.

“Бу инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва барқарор ривожланиш жараёнини тиклашнинг энг яхши усули”, — деди бош директор.

Шунингдек, Т.Гебрейесуснинг таҳлилларига кўра, жорий йил бошида 34 та мамлакатда аҳолининг коронавирусга қарши оммавий эмланиш даражаси 10 фоиздан кам бўлган.

Ҳозирга келиб эса бундай давлатлар сони атиги 10 та қолган ва уларнинг аксарияти турли гуманитар вазиятларга дуч келган.

❗️Эслатиб ўтамиз, ЖССТнинг 22 август ҳолати бўйича берган маълумотига кўра, пандемия бошланганидан буён жами 593 миллион 269 минг нафардан ортиқ киши коронавирус инфекциясига чалинган. Улардан қарийб 6 миллион 447 минг нафари касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Мутахассис: “Фастфуд”лардаги семизликни келтириб чиқарувчи трансёғлар ҳазми учун камида икки йил зарур!

Лаваш, гамбургер, хот-дог, нон кабоб, чипс... Бу тезпишар маҳсулотлар — ҳозир аксарият ёшларнинг севимли таоми. Аммо бозори чаққон ушбу егуликларнинг фойдасидан зарари кўпроқ, десак хато бўлмайди.

🍔 Масалан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йилда инсоният ҳаётига таҳдид солаётган беш асосий хавф рейтинги бошида семизликни келтириб, буни “фастфуд”лар истеъмоли авж олиши билан изоҳлади.

Хўш, тезпишар таомларнинг саломатлик учун қандай зарари бор? Улар қайси касалликларни келтириб чиқариши мумкин?

— Кўплаб хасталиклар нотўғри овқатланиш туфайли юзага келишини яхши биламиз, — дейди олий тоифали шифокор Ҳилола Жамилова. — Жигар, ўт қопи, ошқозон-ичак, қон-томир, эндокрин тизими хасталиклари кўпинча носоғлом таомланиш асоратлари сифатида изоҳланади.

🫀Чунончи, ортиқча вазн туфайли ички аъзолар фаолияти бузилиши кузатилади. Юрак қон ҳайдашга, жигар заҳарларни тозалашга, эндокрин безлар эса организмни керакли миқдордаги гормонлар билан таъминлашга қийналади. Оқибатда семизлик қатор сурункали касалликларга сабаб бўлади.

🌭Чунки “фастфуд”лар таркибида тўйинган ва трансёғлар миқдори ҳаддан зиёд кўп. Бу эса семизликни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири. Чунки тўйинган ва трансёғларнинг организмдан тўлиқ чиқиб кетиши жуда қийин жараён. Баъзи манбаларда бунинг учун камида 2 йил вақт талаб этилиши айтилади.

🍕Шунингдек, тезпишар таомларнинг аксарияти юқори калорияга эга. Ўрта вазнли эркаклар учун бир суткада қарийб 2500 Ккал, аёллар учун эса 2000 Ккал қувват талаб этилишини инобатга олсак, “фастфуд”лар таркибидаги ортиқча углеводлар организмда тўпланиб, вазн ортишига олиб келади.

🍟 Бундан ташқари, тезпишар маҳсулотлар тайёрлашда туз кўп ишлатилади. Ваҳоланки, жисмоний соғлом инсон учун кунига ўртача 5 грамм туз истеъмоли меъёрий кўрсаткич.

🧂 Аммо битта лаваш ёки гамбургер таркибида 2-3 грамм, ўртача порция картошка фрисида эса 0,5 грамм туз қўлланилади. Бир таомланишда ярим кунлик меъёрни истеъмол қилиш эса организм учун зиён. Бу юрак-қон томир касалликларининг ривожланишига туртки бўлади.

🍹Худди шундай, “фастфуд”лар билан бирга истеъмол қилинадиган газланган ширин ичимликлар, соуслар таркибидаги ҳаддан зиёд шакар қандли диабетни шакллантирувчи бирламчи маҳсулотлар сирасидан.

🧠 Ўз навбатида, австралиялик олимлар ўтказган тадқиқотда тезпишар таомлар ва улар оқибатида шаклланадиган семизлик мия хасталиклари, хусусан, ақлий заифликни ҳам келтириб чиқариши исботланган.

❗️Ўйлаймизки, буларнинг бари “фастфуд” истеъмол қилишга одатланган ёшларни огоҳликка чақиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида Халқаро туризм марказининг очилишига бағишланган байрам тадбирида иштирок этмоқда.

"Халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан бунёд этилган ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги яна бир салмоқли, зафарли натижа бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Қадимий ва навқирон Самарқанд бағрида қад ростлаган мана шундай замонавий, улуғвор меъморий мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин, буюрсин!", деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Йилига 2 миллион туристга хизмат қиладиган бу кўп тармоқли марказ таркибида “Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс ҳолл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлар мавжуд.

Марказ лойиҳасини ишлаб чиқишда тажрибали меъмор ва муҳандислардан иборат халқаро жамоа жалб этилган. Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг юксак малакали инженер ва техник мутахассислари қурилиш жараёнида фаол иштирок этган.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Президент Шавкат Мирзиёев: "Қадимий ва навқирон Самарқанд бағрида қад ростлаган мана шундай замонавий, улуғвор меъморий мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин, буюрсин!"

Президент Шавкат Мирзиёев: "Поздравляю всех вас с таким современным, великолепным архитектурным комплексом, возведенным в древнем и вечно молодом Самарканде. Пусть долгие века он служит нашему народу!"

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
"Азим Самарқандимиз, жонажон Ўзбекистонимиз дунё тургунча турсин!
Барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган танти ва меҳнаткаш халқимиз доимо омон бўлсин!"

"Пусть славятся в веках древний и вечно молодой Самарканд, родной Узбекистан!
Пусть счастлив будет наш народ – созидатель всех наших успехов и свершений!"

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Коронавирус: кеча юртимизнинг 4 та ҳудудида 19 нафар кишида касаллик аниқланди

🔴 2022 йил 23 август куни рўйхатга олинган беморларнинг:

📌2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
📌1 нафари Сурхондарё вилоятида,
📌2 нафари Тошкент вилоятида,
📌14 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида қайд этилди.

Коронавирусдан ҳимояланишнинг энг тўғри ва самарали йўли унга қарши эмланишдир. Шундай экан, барча юртдошларимизни ўз вақтида ва тўлиқ дозаларда вакцина олишга чақирамиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
⚡️Кеча, 23 август куни мамлакатимизда коронавирусга қарши эмлаш жараёнларида 144 457 доза вакцинадан фойдаланилди.

💉Уларнинг 104 500 дозаси бустер доза сифатида қўлланилган вакциналардир.

Шу кунга қадар юртимизда қўлланилган вакциналар миқдори 65 миллион 252 минг дозадан ортди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Хориж мутахассислари: “Омикрон” штаммининг сўнгги вариантлари янги аломатлар билан намоён бўлмоқда

Яна саноқли кунлардан сўнг куз мавсуми бошланади. Салқин об-ҳаво шароитида эса одамлар асосий вақтини ёпиқ бино ва иншоотларда ўтказиши табиий. Қолаверса, олдинда янги ўқув йили. Болажонлар мактабларга, талабалар олий ўқув юртларига қайтади.

Буларнинг барчаси коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиши учун қулай муҳит. Шу боис, мутахассислар келгуси ойларда дунёда касалланиш кўрсаткичлари янада ошиб кетиши мумкинлигидан ташвишда.

Ана шундай шароитда шифокорлар “омикрон”нинг айни пайтда доминантга айланган штаммларига хос асосий касаллик белгилари ҳақида бойитилган маълумотларни тақдим этмоқда.

🦠 Хусусан, ҳозир биргина Россияда COVID-19 ташхиси билан рўйхатга олинаётганларнинг қарийб 93 фоизида B.А.4 ва B.А.5 субвариантлари аломатлари кузатилмоқда. Шу билан бирга, беморлар орасида “кентавр”ни юқтирганлар ҳам бор.

🩺 Мутахассислар фикрича, йўтал ва ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши энди коронавирусга хос асосий аломат ҳисобланмайди. Яъни ушбу белгиларсиз, қолаверса, умуман симптомсиз ҳам касаллик кечиши мумкинлиги такрор-такрор ўз исботини топмоқда.

🏥 Шифокорлар кузатувига кўра, бугунги кунда мушаклар ва бел соҳасидаги оғриқлар ҳам COVID-19дан далолат бериши мумкин. Айниқса, бош ва кўзларда оғриқлар кузатилиши “омикрон”нинг янги мутацияларига хосдир. Чунки кейинги пайтларда фақат шу белгилар билан мурожаат қилаётганларда ҳам коронавирус инфецияси аниқланяпти.

Хўш бу нима билан боғлиқ?

💉 Олимлар фикрича, дунё аҳолисининг катта қисми эмланган ёки аввалроқ вирус билан касалланган. Шундан сўнг организмда антитаналар юзага келганлиги эса хасталик аломатлари ўзгаришига сабаб бўлмоқда.

❗️Бинобарин, бу ҳар бир янги штамм, ҳар бир янги тур, аслида, янги хусусиятларга эга бўлса-да, аста-секин инсон танасига мослашишини англатади. Натижада касалликнинг кечиши осонлашиб, асоратлар енгиллашади.

Бунга доир яхши хабарлар ҳам бор. Масалан, шифокорлар прогнозига кўра, энди беморларнинг саломатлиги 2-3 кун ичида махсус муолажаларсиз ҳам тикланиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матубот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Мутахассис: Никелдан тайёрланган буюм ва жиҳозлар аллергик касалликларни келтириб чиқариши мумкин

Бугун аллергия эпидемияга қиёсланади. Чунки XXI асрда ер юзида энг кўп тарқалган ноинфекцион хасталиклар орасида шу турдаги касалликлар етакчи ва у дунё аҳолисининг 35-40 фоизида учрайди.

Хавотирли жиҳати, кейинги ўн йил ичида аллергиядан азият чекувчи беморлар сони 2 баробар ошган. Бу экологик муаммолар, нотўғри овқатланиш, дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш, кам ҳаракатлилик каби омиллар билан боғлиқ.

Аммо касалликни келтириб чиқарувчи яна шундай аллергенлар борки, улардан кўпчилик яхши хабардор эмас. Шулардан бири никель моддасидир.

— Дерматит хасталиги юзага келишида никелдан ясалган буюмларнинг таъсири катта, — дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова.

— Дунё бўйича 4 фоиздан қарийб 14 фоизгача кишиларда ушбу моддага нисбатан аллергия кузатилиши аниқланган. Ҳатто 4 мг. никель соғлом инсонларнинг 70 фоизида аллергик хасталикларни ривожлантириши тадқиқ этилган.

Шунингдек, 1 мг. никель сульфат дозаси илгари ушбу моддага сезгирлиги бўлмаган одамларнинг 40 фоизида дерматитни келтириб чиқариши эҳтимоли бор.

Айни сабабдан ўтган асрнинг 90-йилларида Европада буюм ва жиҳозлар тайёрлашда рухсат этилган меъёрдан ортиқ никелни қўллаш тақиқланган. Бироқ сезгир инсонларда ушбу металнинг паст кўрсаткичи ҳам аллергик реакция пайдо қилиши мумкин.

Бундан ташқари, мазкур хасталик аллергияга генетик мойиллиги мавжуд, болалигида астма ёки поллинозга чалинган беморлар ўртасида ҳам кузатилади.

Бугунги кунда никелдан ясалган ёки у билан ишлов берилган маҳсулотлар тури жуда кўп. Тақинчоғу акссесуарлардан тортиб ялтироқ қошиқлару кастрюлларгача, жамоат транспортидаги тутқичлардан то қўлимиздаги смартфонгача қайсидир даражада никелдан холи эмас.

Бу маҳсулотлар терига ишқалангач, терлаш оқибатида металл коррозияга учрайди. Натижада эркин никель ионлари ажралиб чиқиши туфайли аллергик реакция ҳосил бўлади ва шу жойда дерматит шаклланади.

Шифокорнинг таъкидлашича, одатда, аломатлар никель таъсиридан 12-48 соат ўтиб бошланади ва икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача давом этиши мумкин. Хасталик белгилари, қизариш, тошма, қичишиш, турли доғлар, пуфакчалар кўринишида намоён бўлади.

Агар ўз вақтида тегишли даво чоралари кўрилмаса, жароҳатлар ўрни йиринглаши, ёрилиши, қорайиши мумкин. Никелга нисбатан аллергия бор-йўқлиги юзасидан клиник ташхис беморнинг касаллик тарихи асосида қўйилади. Бунинг натижалари эса махсус тиббий тестлар орқали тасдиқланади.

‼️Шу маънода, тақинчоқлар, бижутериялар, рўзғор буюмлари ва анжомларини танлашда, энг аввало, уларнинг ташқи жозибасига эмас, балки саломатлигимиз учун безиён эканлигига эътибор қаратишимиз лозим.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
ССВ: Ўзбекистонда СМА бўйича рўйхатга олинган 93 нафар бемор давлат томонидан дори воситалари билан таъминланмоқда

Прогрессив мушаклар кучсизлашуви ривожланиши билан тавсифланувчи спинал мушак атрофияси (СМА) ҳаёт учун хавфли генетик касаллик ҳисобланади.

Хасталик ногиронликнинг оғир шакли ҳамда ҳаракат чекланиши билан боғлиқ. Бинобарин, у ирсий касалликлар туфайли болалар ўртасида содир бўладиган ўлим ҳолатларининг энг кенг тарқалган омилларидан биридир.

Шу кунларда дунё бўйлаб “Спинал мушак атрофияси бўйича хабардорлик ойлиги” ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан Cоғлиқни сақлаш вазирлиги билан “СМА УМИД” нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ушбу ирсий касалликка чалинган болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

👉Батафсил

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
❗️Германия тараққиёт банки Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш учун маблағ ажратади

Германия тараққиёт банки — “KfW”нинг расмий сайтида “Рақамлаштириш ислоҳотлари орқали соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш: Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Мақолада қайд этилишича, “KfW” Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш учун 45 миллион евро имтиёзли кредит ва 5,5 миллион евро миқдорида грант ажратишга қарор қилган.

Бу орқали Ўзбекистонда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга доир рақамли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган, — дейилади материалда. — Ушбу ҳамкорлик рақамли маълумотларни қайта ишлаш учун миллий соғлиқни сақлаш платформасини жорий этишга қаратилган.”

Шунингдек, 2030 йилгача амалга оширилиши муўлжалланган лойиҳа соғлиқни сақлашни бошқаришнинг рақамли инфратузилмаси ва унинг маъмурий жараёнларини оптималлаштиришни кўзда тутади.

Ундан тиббиёт ходимларини ахборот технологиялари йўналишида ўқитиш, беморларнинг электрон базасини яратиш, диагностика ва даволаш жараёнларини жадаллаштириш каби устувор мақсадлар ҳам ўрин олган.

Ўз навбатида, тиббий асбобларга техник хизмат кўрсатишни яхшилашга доир маълумотлар базаси рақамлаштирилиши ҳам режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram