🦅🦅🦅🌹🌸ХАЁТ СИНОВЛАРИ...!🌹🌸🥳3.06.2020
721 subscribers
27.1K photos
15.9K videos
65 files
30.4K links
🌐Teлеграммдаги
Xaётий канал.


✳️Бизнинг каналда сизларга:
Xaр куни🆕 Энг aжойиблари💯:

#Фотолар📸
#Xикоялар📚
#Mаслахатлар♻️
#Tабриклар🎁
#Қушиқлар 🎼
#Mонолог🎤

Бош AДМИНКА
#ГУЛИХОНИМ






Биз Сизларни яхши курамиз.
Канал Админлари ва Админкалари
Download Telegram
📚ДАРД 5 - кисм

Қизиқ, ўша воқеалардан Аня хабардормикан? Умуман уларнинг дўстлиги қай даражада? Бу яқинлик муддаоси руҳга озуқа беришми ёки баданга... Бу, жумбоқ. Нафсиламбрини айтганда бунинг аҳамияти йўқ. Айни чоқда улар азиз меҳмон мақомида. Меҳмонни муҳокама қилмайдилар, аксинча кўнглини хушлайдилар.
Ўртадаги жимликни табиат манзараларидан завқлана бошлаган Аня бузди.
— Қаранглар, боғларнинг адоғи кўринмайди. Ўзбеклар нафақат меҳнаткаш, шунинг баробарида бой-бадавлат ҳам эканлар.
Анварнинг кўзлари юмилиб, уйқуга кетди. Баҳор индамай атрофни кузатарди.
"Мовий кўз"нинг таассуротларига Ботир ойдинлик киритди.
— Сиз ҳозир моддий бойликни назарда тутяпсиз. Ўзбекларнинг маънавий бойлиги янада бисёр.
— Эҳтимол. Тўғриси, Ўзбекистон ҳақида жуда оз биламан. Сизларнинг очиқкўнгил, меҳмондўстлигинглар ҳақида кўп эшитганман. Аммо миллий адабиёт ва санъат намуналари билан таниш эмасман.
— Наҳотки, ўзбеклардан чиққан биронта шоир ёки ёзувчининг асарини ўқимагансиз?
— Нега энди, биламан. Алишер Навоий, Амир Темур тўғрисида ўқиганман. Яна Смирнова-Ракитинанинг "Абу Али ибн Сино" тарихий романини ўқиганман, Умар Хайём тўғрисида ҳам китоб бор.
— Умар Хайём ўзбеклардан чиқмаган, у форс-эрон миллатига мансуб.
— Мирзо Бобур-чи, мўғилми?
Ботир меҳмонни мулзам қилмаслик учун сукут сақлади. Унинг жонига Баҳор аро кирди.
— Биласанми, Бобур асли Андижонда туғилган, бизнинг ҳамшаҳримиз.
Аня астойдил қизиқиб қолди.
— Ростданми, Ҳиндистонда Тожмаҳални қурдирган подшони айтяпсанми?
— Тож маҳални Бобурнинг эвараси Шоҳжаҳон севгилиси Аржумандбонуга бағишлаб барпо этган. У дунёдаги етти мўъжизанинг бири.
Анвар ухламаган экан, бошини кўтармай деди.
— Бу оламда бир эмас, ўнта Тожмаҳалга арзийдиган не-не зеболар бор. Шунинг қаторида битта вайрона кулбага ҳам арзимайдиган маккоралар топилади.
Баҳор Анварнинг сўзларидаги ўкинчни пайқади.
— Анвар ака, севги бобида адашган кўринасизми?
Бу беозор аёл бехосдан йигитнинг жон жойини оғритди. Аслида ҳам у муҳаббатдан куйганлардан эди ва бу аламли хотиралар яраси ҳали тамоман битиб кетмаганди. Бу ҳол Ботирга ойдин эди. Шу боис тезда гурунг пайновини бошқа томонга бурди.
— Азизлар, шоирлар мадҳидаги гўзал Фарғонага кириб келдик.
Гарчи йўллардаги қучоқ етмас чинорлар кесилиб, сийраклаштирилган бўлса-да, барибир тоғлар қуршовидаги кент соя-салқин ва ҳавоси тоза эди.
Гулларга бурканган хиёбонлар, равон йўлаклар, чор-атрофда қўлтиқлашиб юрган ёшлар Аняга ёқди. Айниқса, у соқоли қордай оппоқ чолларга нигоҳи тушганида, ҳайратини яширолмасди. Машина тўхтаган жойда ихчам яктагига чорси боғлаб, узун пичоқ таққан оқсоқол меҳмонни ўзига ром этди. У сумкасидан кафтдай аппаратини олиб, ўша нуронийни суратга туширди. Кейин ўша матоҳини Ботирга бериб, қария билан бирга эсдалик учун муҳрлаб қўйишини сўради. Кайвони чол ҳам ёшларнинг илтимосини ерда қолдирмади, ҳатто пичоғини қинидан суғуриб, Аняга кўрсатиб турди. Кутилмаганда "фотомодел чол" русиялик ёқимтой қизнинг яноқларидан ушлаб, ўзига қаратди-да, пешонасидан чўлп этиб ўпиб олди.
Ушбу манзарани кузатиб турган Анварнинг қош-қовоғи уюлди, кенг пешонаси тиришиб, шўх "йигит"га хўмрайиб қаради. Ботир билан Баҳор кулгудан ўзларини тиёлмай, тескари ўгирилишди.
Аня эса ҳайратдан узун киприкларини пирпиратиб, қотиб турарди.
T.me/sinovlarihayot
— Водийнинг чоллари шунчалик, йигитларига тўзим берсин, — деди Анвар ўзига келиб.
У табиатан оқ кўнгил, тез ёниб, тез ўчадиганлар тоифасидан эди. Бир оёғини гўр тортган мўйсафиддан рашк қилгани учун ўзидан хижолат чекиб, базўр илжайди. "Рақиби"нинг ёнига келиб, оҳиста белидан қучиб, даст кўтариб яна авайлаб туширди. Қария қўлларини дуога очди:
— Илоҳим, қўшганинг билан қўша қаригин!
Машинага жойлашишгач, барибир Аня ҳайратини тилига кўчирди.
— Шустрий старичок!
Анвар унга тасалли беришнинг антиқа йўлини топди.
— Бекорга ранжияпсан. Водийда кекса одамнинг ўпичи энг юксак эҳтиром рамзидир. Афсуски, сен унга миннатдорлик билдирмадинг? Бундай пайтларда ўзбек қизлари пайтдан фойдаланишиб, яноғидан ҳам бўса олдиришади.
Меҳмон ишонқирамай, Баҳорга савол назари билан боқди. Бироқ, у нима дейишини билмай кулиб қўя қолди.
— Ана, Баҳор тасдиқламади-ку бу гапни, —деди у ўжарлиги тутиб.
Анвар қулоққа лағмон илишда устаси фаранг эди.
— Албатта индамайди-да, у сенга ҳавас қилаяпти. Оқсоқоллар ўзига ёққан қизларгагина шундай илтифот кўрсатишади, деб айтдим-ку.
Ботир бу пайтда "Нексия"ни Водил томон учириб борарди. Йўл бўйларидаги томи-томига тегиб турган иморатлар, ҳар бир дарвоза ёнида ўйнаётган уч-тўрттадан болалар меҳмонда қизиқиш уйғотди.
— Шу кичкинтойлар битта оила фарзандларими?
Яна Анвар тилга кирди.
— Албатта, сен нима деб ўйловдинг?
— Битта хонадонда шунча фарзанд... уларни тарбиялаш оғир эмасми?
— Асло, муҳими бола туғилиб қолса, бас, ўзлари бир-бирини етаклашиб улғаяверишади.
— Битта оилада қанча бола бор?
— Ҳар хил, озида учта, кўпида ўн учта.
— Ҳазиллашяпсанми?
— Ахир, ўзинг кўриб кетяпсан-ку. Бу болалар ҳали кичик.
Катталари ўз юмуши билан банд.
— Болалар ҳам ишлашадими?
— Ишлаган тишлайди-да.
— Улар қандай иш билан шуғулланишади?
— Масалан, мол, қўй боқишади, томорқага қарашади, экин экишиб, ҳосилини бозорда сотишади.
— Унда қачон дарс тайёрлашади?
— Мактабда! Энг қулай йўли шу.
Аня ж авоблардан қониқмади. У Анварнинг гап-сўзларига ишониш-ишонмасликни билмай лабини тишлади.
Машина Водил марказидаги кўприкдан ўтаётганида меҳмон яна Анварни сўроқ-саволга тутди.
— Буни қара, анови дарёдаги сувми?
Шоҳимардон суви оппоқ эди.
Энди Ботир ҳазилга мойиллик сезди.
— Аня, бу оддий сув эмас, сут. Ўзбекистонда айрим дарёлардан сут оқади.
Бу лофни Анвар янаям шиширди.
— Лекин, мойли эмас, ёғи олинган. Мойли сой Андижонда, адашмасам, Маданият қишлоғида.
Бу сафар Аня йигитларнинг гапига чиппа-чин ишонди.
— Ботир, тормоз бер! — деди у чап қўли билан унинг елкасига уриб.
— Нима қилмоқчисан?
— Дарёга тушамиз. Қара, қандай гўзал! Худди мўьжизанинг ўзи. Кўп мамлакатларга бордим-у, аммо, сут оқадиган дарё кўрмагандим.
Ботир рулни чап тарафга бурди. Дарё ўзани ям-яшил ўт-ўланлар билан қопланган кенг сайхонликдан иборат эди. Қирғоққа яқинлашганларида яйдоқ қум-шағаллик бошланди.
— Қаёққа кетяпсан, ахир, бу қайиқ эмас-ку? — капалаги учиб оёғида "тормоз" босди Анвар.
Ҳаммалари ташқарига чиқишди. Шарқираб, шўх оқаётган дарё "нафаси" юзга урилди. Ҳаводаги озон шундай ўпкага кириб борар, нафас олиб тўймайдиган даражада иқлим мусаффо эди. Дарёнинг нариги қирғоғида осмонўпар тоғ ястаниб ётибди, унинг тўшини писта, бодом ва яна арча дарахтлари эгаллаган.
Баҳор сершох арча остидаги кўм-кўк майсалар устига тўшакча ёзиб, Аняни ёнига чақирди. Бироқ сунбул соч бошини сарак-сарак қилганича дарёга яқинлашиб борарди. Анвар ҳам ноилож унинг ортидан чопди.
— Жоним, бу сенга Москва-река эмас, эҳтиёт бўлишинг керак.
Аня атайлаб унинг жаҳлини чиқарди.
— Гапини қаранглар, Москва-река олдида бу чувалчанг-ку.
— Тўғри, —дарров тан олди йигит. — Лекин бунинг ваҳми аждаҳо даҳшатидан қолишмайди.
— Мен сут ичмоқчиман, — сўзида қатъий туриб олди меҳмон.
— Нималар деяпсан, бу сут эмас, сув-ку.
— Демак, мени лаққиллатибсан-да.
— Асло, сут сал пастликда эди. Бу ердан муздай сув чиқади, тошдан, тошга урилиб, сутга айланади.
— Майли, сувга ҳам розиман.
Чиндан ҳам оқим жуда тез эди. Бу ердан идишга сув олишнинг иложи йўқлигини била туриб, қиз оёқ тирашини қўймасди.
— Яхши, — деди Анвар туфлисини ечаркан. — Ҳозир сув ичасан. Фақат ҳовучимда, бошқа йўли йўқ.
Шу пайт от чоптирган йигитлар уларга яқинлашиб, бир нималар дейишди. Бироқ дарё шовқинида гап эшитилмасди. Отлиқлардан бири эгардан ерга сакраб, Анварнинг орқасидан етиб олди.
— Ака, Шоҳимардон сой ҳазилни ёқтирмайди, қирғоққа яқинлашманг.
Анвар энгашиб йигит томон қаради-ю, беихтиёр мувозанатини йўқотиб, дарёга тушиб кетди.
Аня жон ҳолатда қичқириб юборди. Баҳор нима гаплигини билмай, ирғиб ўрнидан туриб, ўша тарафга чопди. Ботир машинасини ялангликдан йўл бўйига қайтараётганлиги туфайли фалокатни сезмай қолди.
Яхшиям, чўпон йигитлар эпчиллик кўрсатишди. Анварга гапираётгани унинг ортидан ўзини сувга отди. Бошқаси юз метр нарига бориб, дарё ёйилиброқ оқадиган жойга оти билан тушди. Икки қиз ҳам қирғоқ бўйлаб, ҳой-ҳойлашиб югуришарди.
Анвар ўзини йўқотиб қўймади. У болалигидан тоғ дарёсида чўмилиб улғайганди. Шу боис, ўзини оқим ихтиёрига ташлаб, фурсат пойлади. Фақат уйдай ҳарсанг тошларга урилишдан эҳтиётланди. Шу алпозда анча оқиб борди. Қуйида бешта отлиқ унинг "йўлини" пойлаб туришарди. Дарё шиддати пасайган жойда чўпонлар унинг белидан тортишиб, худди янги улоқ каби отга ўнгаришди. Кўп ўтмай, у ўзини машина олдида кўрди. Отлиқлар раҳмат эшитишгач, қирга қараб ўрлашди.
Аня қўрқувдан қалт-қалт титрарди. Анвар эса совуқдан кўкариб кетганди. Ботир уни машина ичига чорлади.
— Дарров уст-бошингни алмаштир, акс ҳолда шамоллаб қоласан.
— Янгиларини қаерга қўйди экан, — деди "сузувчи" оппоқ, садафга ўхшаш тишларини шаққиллатиб.
Бу пайтда "сунбул соч" спорт сумкасидан унинг қуруқ кийимларини топиб, Ботирга узатди.
— Шу холосми? — деди Анвар уст-бош ини алмаштиргач.
— Яна нима керак? — сўради Ботир ҳўл кўйлак-шимнинг сувини сиқиб ташларкан. Баҳор унинг қўлидан кийимларни олиб, қайтадан сиқиб, арча шоҳларига илиб қўйди.
— Бироз шабадада турсин, селгийди, кейин йиғиштириб оламиз.
— Шоҳимардонда сувда оққанларга ҳеч қандай имтиёз йўқми? — Ботирга қараб томоғини чертди Анвар.
Баҳор ўзи танлаган баҳайбат арча остига кичик дастурхон ёзилди. Биттадан помидор, бодринг, булғор қалампирини бўлак-бўлак қилиб кесди. Аня гўшт ва колбасадан газак тайёрлади. Уст-бош қуриши баҳона салкам бир соатча дарё қирғоғида ҳордиқ чиқардилар.
— Ҳалиям шу одатинг бор экан-да, — сўради Ботир бундан ўн икки йил илгари рўй берган воқеани эслатиб.
Ўшанда апрелнинг сўнгги куни эди. Иккинчи майда Андижонга таклиф этилгандилар. Боиси, Ботирнинг фотиҳа тўйи шу кунга белгиланганди.
— Аввал бизникига, Самарқандга борамиз, сўнг водийга қайтамиз, — таклиф киритди Анвар. Улар билан Нормурод ҳам бор эди. Анвар поёнсиз қир-адирлар оралиғидаги мўъжазгина қишлоқда яшаркан. Ҳар бир ҳовли оралиғи ярим чақиримдан зиёд. Девор-тош деган тўсиқнинг ўзи йўқ. Уйлар ҳам айвонсиз, пахсадан қурилган. Шу боис, ташқарида 50 даража иссиқ бўлса ҳам, ичкари муздай, роҳатбахш.
Талабаларнинг оёғига қўй сўйилди.
Кўз очиб-юмгунларича қишлоқнинг катта-кичиги ҳовлига тўпланди.
— Хўш, сафар муддати қанча, — саволни кўндаланг ташлади маҳалла оқсоқоли.
—Уч кун, холос.
— Шундайми? Жуда оз чиқар-у. Демак, ўн саккизта жойда икки соатдан қўноқ бўласизлар. Бугун шу ерда гурунглашамиз.
Ботир ҳайрон қолди. Меҳмон ҳурмати учун ҳатто қўшни ҳам ўз уйига чиқиб ётмади, бутун қишлоқ қўноқда қолди.
У пайтлар Ботир ичкиликдан узоқда эди. Тўрт-беш хонадонда зиқлаб кўришди, аммо, ичишга кўндиришолмади.
Навбат Анварнинг амакиси Маҳмуд муаллимга етиб келди. Қишлоқдаги ягона олий маълумотли зиёли шу одам эди. Оқ сариқдан келган, ўрта бўй, қўй кўз, доимо кулиб турадиган бу одам Ботирнинг таваллосини тан олмади.
— Хотин! — деди у бир уй одам орасида ўтириб. — Ташқаридан юзини енги билан бироз яшириб, янга кириб келди.
— Хотин, манови уканг эркаклар билан ичмаяпти. Эҳтимол, сен билан улфатчилик қилар. Мана шу мусаллас тоза узумдан сузилган, қани, қўлингга ол-чи.
Худди шундай сопол косадаги шароб Ботирга тутқазилди. Аёл ортиқ куттирмади:
— Онг, ука, эркакнинг лабзи ерда ётмасин!
У шундай деб, косани бўшатдию, май сузаётган соқий одамга қараб отди. У ҳам усталик билан идишни илиб олди.
Умрида бунчалик изза тортмаган Ботир кўзини чирт юмиб, косадаги мусалласни сипқорди. Чор-атрофдан "қойил", "бор экансиз-ку" деган хитоблар янгради. Нормурод эса оғзининг танобини қочириб куларкан, "Дардинг шу экан-ку, дўст" — деб қўйди.
Кўп ўтмай, Ботир еру осмон чир-чир айланаётганлигини сезди.
T.me/sinovlarihayot
Дастурхонга оёқ босиб, ташқарига отилди. Адирнинг муздай шабодаси ҳуш ёқди-ю, бироқ, кўнгил беҳузурлигига барҳам беролмади.
— Шошманглар, уни дўхтирга олиб бораман, — негадир мотоцикл миниб чиқди Анвар. Ботир ўзини ёмон сезарди. Лекин, мотоцикл кажавасига ўтириш бундан-да оғир оқибатларга дучор қилишини кўнгли сезди.
Анвар мотоциклни Тентаксой кўпригидан олиб ўтаётганида рулни бошқаролмай, сувга қулаб тушди. Худди ҳозиргидай, яп-янги либоси шалоббо бўлди. Таассуфки, шу куни Андижонга қайтишлари, фотиҳа тўйини ўтказиб, Тошкентга келишлари керак эди. Қўштерак қишлоғи аҳолисининг деярли барча эркаклари маст, оёқларида зўрға туришарди. Шундай бўлса-да, пойтахтлик талабаларни кузатиш маросими халқ сайлига айланиб кетди. Ҳатто аёллар, чилласи чиқмаган келинчаклар, эшак минган қари-қартанг чоллар ҳам бекатга ўхшаш майдончани тўлдириб олишганди. Ҳеч ким бировга гап бермайди. Қани энди, тупканинг тагидаги тоғли қишлоқ йўлидан автобус ёки йўловчи машина ўтса.
Ниҳоят, муюлишда шалоғи чиққан эски "Жигули" кўринди. Чамаси элликдан зи ёд одам унга қўл кўтариб "ҳой-ҳойлади". Ҳайдовчининг эсхонаси ўйнаб, оломонга яқинлашганида, тезликни оширди. Кейин бир чақирим жойдан қайрилиб, ортга қайтди.
— Миймонми эй?..
Худди симфоник оркестр хори каби бир овоздан ҳайдовчи сўроғига "миймон, миймон" деган жавоб янгради. Қорни сузма халтадай осилган, шоп мўйловли одам машина юкхонасини очди. Ботир билан Нормурод орқа ўриндиққа ўзларини уришганди, "шоп мўйлов" уларни тўхтатди.
— Эй, қаёққа буйтиб шошасан? Аввал гарддак гурунг бермайсанларми?
У шундай деб, қўлидаги ароқни Маҳмуд акага узатди.
— Муаллим, дадилроқ қуйинг, меҳмонлар шарофатига бир отайик.
Талабалар қолиб, ўзлари об-ҳаво, чорванинг аҳволи, қўзилатиш ва яна бир балолар тўғрисида гапга тушишди.
— Халойиқ, устидентлар ўқишга кеч қолишади! — деди инсофлироқ бир амаки.
— Ўчир, — деди қишлоқ раиси қўлини пахса қилиб. — Нима, сенга миймонлар ортиқча кўриняптими?
— Ҳар ҳолда болларнинг билим олуви сиёсат. Сиёсатминан ҳазиллашиб бўлмайди.
Бу фикр ҳаммани ҳушёр торттирди.
—Тўғри айтасан. Қани, гузарга кетдик. У ердан Работга машиналар кўп қатнайди.
Шундай қилиб, талабалар олдинда, орқада қўштераклилар тоғ йўлини тўлдириб, ашулани баланд айтишиб, юқорига ўрлашди.
Ярим соатдан мўлроқ вақт юришгач, эшакда келаётган кўса чол маслаҳат солди.
— Эй биродарлар, бу кетишда ҳализамон қош қораяди. Буларни “Жигули”га ўтиргизмайликми, улар кетаверишмайдими?
Шопмўйловли ҳайдовчи гердайиб рулга ўтирди.
— Қани, ҳамманг чиқ машинага.


Ҳайтовур, Анварнинг дадаси билан Маҳмуд муаллим ва уч талабадан бошқа ҳеч ким машинага сиғмади. Хайрлашув чоғи кимдир сўкинди, кимдир бақирди. Йўловчилар туман марказидаги бекатга етиб келишганида, "Икарус" энди қўзғалаётган экан. Ҳой-ҳойлашиб уни тўхтатишди. Автобус бўм-бўш эди. Уч талаба уч жойга ўтиришди. Навбатдаги шаҳарчадан учта спортчи чиқди. Анвар уларнинг гашига тега бошлади. Ботир уни тинчлантиргани орқасидан борганида, тўсатдан чап кўзида ўт ёнди. Кейин юз-кўзига дўлдай мушт ёғилди. Спортчи йигитлар мусобақага тайёргарликни ширакайф талабалар билан ўтказишаётгандай эди. Нормурод дўстларига ёрдамга шошилди-ю, иягига мушт еб, ўриндиқлардан бирига йиқилди. Калтак зарбидан мастлиги тарқалгач, Анварнинг ҳирсдай кучи иш берди: спортчи йигитларнинг ингичка белидан ушлаб, тоғликларга хос кураш усулини қўллаб, ерга ота бошлади. Вазият тенглашганини сезган Нормурод ҳам ўз рақибини чапақай зарбаси билан эсанкиратди. Ботир ўзига иш қолмаганлигини кўриб, ҳайдовчидан машинани тўҳтатишни сўради. Автобус яна гавжум жойда тўхташи билан йўл бўйида турган беш-олтита милиция ходим кўринди. Улар воқеани суриштиришиб, спортчиларга ҳеч нарса дейишмади-ю, уч талабани милиция хонасига қамаб қўйишди. Бу пайтда вақт анча кеч эди.
Тор ва заҳ хонада чурқ этмай ётган дўстларни қоқ ярим кечаси кўчага ҳайдаб юборишди. Яхшики, пули ва сумкаларига тегишмади.
Улар юк машинасига ўтиришиб, Самарқандгатонг ёришаётганида етиб келишди.
— Шу аҳволда Андижонга боролмайман, — деди Анвар моматалоқ юзига ишора қилиб.
Нормуроднинг аҳволи нисбатан дуруст эди. Фақат оғзини тўла очолмасди. Ботирнинг бир кўзи шишиб, бутунлай кўрмай қолганди.
— Барибир фотиҳа тўйида кутишади, — деди Нормурод узоқ ўйлаб. —Ҳеч йўқ Ботир иккаламиз йўлга тушамиз. Сен Анвар Тошкентга етиб олгач, ётоққа кирмай, Назокатнинг квартирасига бор. Ҳар ҳолда бироз муолажага муҳтожсан.
Шундай қилиб, Ботир ўзининг фотиҳа тўйига "бир кўз"да кириб келди. Онаси Саломатая ўшанда роса йиғлаганди. Қудалар эса йигитга нигоҳ ташлашиб, тўйни бузиб юборишларига оз қолганди. Аммо пешонага ёзилгани шу эканки, у Олияга уйланди.
10
—... Қани кетдик, — деди Ботир нафс бироз ором топгач. Биринчи бўлиб Анвар машина томон юрди.
Аёллар “дастурхон”ни йиғиштириб, арча шохидаги кийимларни ҳам олишиб, сўнгра ўз жойларини эгаллашди. Йўл бўйи Аняни лақиллатган Анвар энди бутунлай жим бўлиб қолганди. Ботир ҳам ўз хаёллари билан банд. Аня билан Баҳор шундайгина пешонасида осилиб турган қоялардан кўз узиш май, табиатдан завқланиб келишарди.
Шоҳимардон маркази одамларга лиқ тўлганди. Дам олувчилар сой соҳиллари бўйлаб чўзилган чой хоналарн и эгаллашган, чорпояларда эркак ва аёллар бир-бирларига гап бермай суҳбат қуришади. Очиқ майдонга дор тикилган.
Машҳур полвон Турсун Али шогирдлари билан зиёратчилар хизматида. Ҳамзанинг қабр-мақбараси томонда ҳам кишилар оқими узилмасди. Ёзнинг иссиқ тафтидан қочган водий аҳлининг аксарияти шу ердан паноҳ топганди.
Ботир қаерга қўнишларини тусмоллаб, машинани секин ҳайдарди. Ҳадемай ғала-ғовур марказ ортда қолди. Улар дарахтлар қуршовидаги пастқам йўлдан тоғ тарафга чиқиб боришарди. Ниҳоят, асфальт йўл тугаб, осма йўл бекати рўпарасида тўхташди. Худди шу ерда Фарғона тумани ҳокимлигининг оромгоҳи жойлашганди. Атрофи манзарали бетон девор билан ўралган дачанинг ёғоч дарвозаси берк эди. Ботир машина тумшуғини кўприкка тўғрилаб, сигнал чалди. Кўп ўтмай, ичкаридан кафтдай соқолли, кўзлари мулойим, чеҳрасидан хуш табиати уфуриб турган олтмиш ёшлардаги новча киши чиқди. У меҳмонлар истиқболига югураркан, бепарво қолгани учун узр сўраб, таъзим қилди. Яна иккита йигит пайдо бўлди. Улар индамай "Нексия" юкхонасидаги озиқ-овқат, ичимликларни ичкарига ташишди.
Шоҳимардонсой ирмоғига қўйилган кўприкка машина сиғмасди.


— Калитни беринг, — деди ўспирин йигит Ботирга қараб. — Машинангизни осма йўл тарафдан олиб келаман. Шоҳимардоннинг энг шимолий қисмидаги охирги дам олиш қароргоҳи бўлганлиги учун бу ерларда одам сийрак эди. Оромгоҳ ҳовлиси кўм-кўк майсалар билан қопланган. Бурама толлар остидаги чорпояга янги гилам, тўшаклар солинган. Ҳаво салқин ва роҳатбаҳш. Андижоннинг димиқ иқлимидан сўнг бу жой худди жаннатнинг ўзи эди. Ўзбекистонга ташрифидан буён енгил кийиниб юрган Аня Анвардан сўраб, эгнига спорт костюмини кийди. Баҳор шиддат билан оқаётган сувдан кўз узмай, тамоша қиларди.
Оромгоҳ мутасаддиси — Усмонали ака меҳмонларни чорпояга таклиф этди. Машина ҳам ҳовли этагидаги ёпиқ айвонга қўйилди. Ёшлар тезда ўчоққа ўт ёқишди.
Анвар одатига мос равишда ортиқча такаллуфсиз чорпоя тўрисига ўтиб, ёстиққа ёнбошлади. Бу одат уни болалигидан тарк этмасди. Аня унинг бош тарафига ўрнашди. Ботир билан Баҳор ёнма-ён ўгирдилар.
— Қани, ноз-неъматларга марҳамат! — деди Усмонали ака чой келтириб.
— Биз билан бирга гурунглашмайсизми? — деди Анвар хиёл қаддини ростлаб.
Мезбон узун қўлини кўксига босди.
— Сизлар бемалол, биз хизматдамиз.
У шундай, деб ошхона тарафга кетди.
— Қандай гўзал манзара, — ҳиссиётини босолмай завқ-шавқ билан гапирди Баҳор. Умуман, бу аёл ўзини жуда сипо тутар, ортиқча ҳазилларга аралашмас, айни чоқда Хатти-ҳаракатлари, кўз қарашлари билан барчага бирдай меҳрини билдирарди.
— Қирғизистон чинданам хуштабиат экан, — деди Аня виқорли тоғлардан кўз узмай. Бу луқма Ботирнинг ҳамиятига тегди.
— Биз ўтирган жой Ўзбекистон, деб аталади.
Аёл бепарвогина деди.
— Йўлда Қирғизистон чегарасига киргандик-ку.
— Тўғри, киргандик. Аммо, уларнинг йўлагидан ўтдик, холос.
Анвар ёнбошлаб ётиб қазига қўл чўзаркан, жазманини ёқлади.
— Э, шунга ҳам ота гўри қозихонами? Ахир бу қаерда Қирғизистон-у, қаери Ўзбекистон, қандай билсин. Муҳими, мириқиб дам олиб кетсак, бас, шундайми, — у Аняга ер остидан қаради. Ҳозирги гап ўзбек тилида айтилгани учун "сунбул соч" тушунмай кулиб қўя қолди. Умуман бу аёл анчайин дадил ва қатъиятли эканлиги хатти-ҳаракатидан билиниб турарди. Ҳатто Анвар устидан ҳукмронлигини, айтгани-айтган, дегани-деганлигини, сўз билан бўлмаса ҳам ўзини ўктам тутиши, ёқмаган нарсаси ҳақида дарров эътироз биддириши, фикрини дадил ҳимоя қилиши билан сездириб қўярди. Шунинг баробарида, Анвар учун икки дунё бир қадамга ўхшарди. Муҳими, у вақтини чоғ, кўнгилли, ширин суҳбатлар билан ўтказса, бас. Қолгани вазиятга қараб ечилади.
Суҳбат негадир қўр олмасди. Ботир Баҳордан нигоҳини узмас, унинг ҳар бир кўз қараши, лутфи-каломи, ҳаракатларидан завқланарди.
Давоми бор...


https://t.me/sinovlarihayot
📚ДАРД 6- кисм

Усмонали ака ярим косадан қайнатма шўрва тортди. Кейин бир товоқ пиширилган қўй гўшти дастурхонга қўйилди.
— Ботир иним, — деди Анвар қаддини ростлаб. — Алоҳида таклиф кутаяпсанми, қуймайсанми?
Шу ёшгача ичкиликка қизиқмаган Ботир чиндан ҳам бу "ноёб кашфиёт" борлигини ёдидан чиқарганди. Аниқроғи, шундай ширин кислородга бой ҳавода ичкилик истеъмол қилишни бориб турган нодонлик, деб ҳисобларди. Аммо, меҳмоннинг таклифи вожиб.
Қўлига қадаҳ тегиши билан Анварнинг кайфияти қаршисидаги тоғлар каби кўтарилиб, қулфи-дили очидди. У басавлат қоматини ростлаб сўз айтмоққа чоғланди.
— Азизларим, — деди у атрофдагиларга бирма-бир сузилиб қараб. —Жаннат фақат чин дунёдагина эмас, мана шу ёруғ оламда ҳам бор. Шу дийдорлашувимизнинг ўзи жаннат. Афсуски, ғанимат дамларни беҳуда ўтказиб, умр деб аталмиш ноёб неъматдан унумли фойдаланишни билмаймиз. Мана шу қадаҳни курраи заминдаги энг сулув аёллар ҳисобланмиш Аня ва Баҳор учун кўтарайлик.
Аёлларга шампан виноси қуйилганди. Улар оз-оздан ҳўплаган бўлишди.
Ботир бир қизиқ ҳолатда эди. Ёнидаги севгилиси унинг бутун вужудини ўзига жалб этгандай. Йўқ, бу тавсиф ҳам ўринсиз. Ҳозир у илк бора чимиддиққа кирган куёв йигит каби ҳаяжон ва титроғини босолмасди. Ҳатто қўллари оҳиста қалтираётганини ҳам сезиб, ўнғайсизланарди.
Наҳотки, севги шу қадар қудратли! Ҳар гал ёнбошига ўгирилиб, ўша нурли чеҳрага қараганида юрагида ширин орзиқиш бош кўтарар, ўзини бахтиёр ҳис этар, осмонўпар тоғларга қараб ҳайқиргиси келарди. Шу ёшгача аёл зотига бу қадар меҳр қўймаган, ҳаётда шунақанги ҳолатлар ҳам юз бериши мумкинлигини билмаган йигитга гўёки бахт-саодатининг чек-чегараси йўқдай эди.
У бамайлихотир гўшт тишлаётган Анварга нигоҳ бурди. Ҳайрати яна ортди. Қизиқ, ахир бир пайтлар Анвар ҳам ўзи каби Мажнун қиёфасига кирмаганмиди? Назокатнинг ишқида куйиб, бир ҳовуч кулга айланмаганмиди? Энди эса... Бу қанақа сир-синоат экан. Севги деганлари худди қуюн каби ёпирилиб келиб, борлиғингни яксон этиб, яна ўз йўлида парвоз этаверармикан? Ахир, бирининг нафасидан иккинчисида ҳаёт жонланган пайтлар рўёмиди? Муҳаббатни тушуниш шунчалар қийинми? Бугун жонини бермоққа қодир инсон эртага ўша зотнинг жонини олмоққа бел боғлаши замирида қандай ғайри-табиий куч ётади. Кечагина ҳаёти ўзанида оқаётган дарё каби сокин ва хотиржам эди. Бугун Баҳор келиб бу дарё сувини жунбушга солмоқда. Орадан кўз очиб юмгунча фурсат ўтди-ю, борлиғини шу вужудсиз тасаввур этолмай қолди. Гўёки бутун коинот Баҳор номи билан аталаётгандай, гўёки дунёнинг нурафшонлиги шу чеҳрадан таралаётгандай.
— Азизим дунёга бевақт келибмиз, қуйилган шаробни ичиб қўйибмиз,— Анвар ўзи ўқиган байтдан таъсирланиб қаҳ-қаҳ отиб кулди. Ботир хижолат чекиб, яна қадаҳни тўлдирди. Ва тўсатдан англадики, дўстининг бу савилга майли асносида, эҳтимолки, хиёнат вулқони ўтини босмоқ, ўша дардни унутмоқ, безовта қалбига халоват истаги ётгандир. Муҳаббатнинг томири узун, хиёнатники эса ундан-да чуқурроқ ботади. Агар Баҳор ундан юз ўгирса ёки хиёнатга қўл урса, Ботирнинг ҳоли не кечаркин? Дўсти каби дардини шаробга айтадими? Йўқ! Ҳозир бу ҳақда ўйлашнинг ўзи даҳшат! Баҳор ундай енгил фикрловчи аёл эмас. У ўз қадрини билади. Ботир унинг қалбидан жой олгунича озмунча заҳмат чекдими?
Қаёқдан ҳам шу хаёллар миясига ўрнашди? Эҳтимол, Анварнинг ичиши шунчаки кўнгилхушлиги, маишатга мойиллиги учундир. Назокат билан ажрашганига уч йил бўляпти. Ҳар нарсанинг давоси вақт дейдилар. Ёнида Назокатдай чиройли, эркатой жазмани турибди-ку. Агар уни унутмаганида бошқа бир аёл висоли кўнглига сиғармиди?
— Ҳой йигит, — деди Анвар яна ҳамманинг диққатини жалб қилиб, — Негажимсан? Талабалик кезларингда бировга гап бермасдинг, оғзингни ёпсак, қулоғингдан гап чиқарди. Жуда ўзгариб кетибсан. Бунақада қизларни зериктириб қўямиз-ку.
— Анвар ака, — деди Баҳор яна боягидай табассум билан. — Зерикмаяпмиз, тўғрисини айтсам, Сизнинг ичишингизнинг ўзи ажойиб санъат экан.
— Шуни айтаман-да, — дарров гапни илиб кетди у. — Ботир эса оммани шундай ноёб санъатдан жудо қилмоқчи. Қани, шишани буёққа узат. Асли зар қадрини заргар билади. Бу кам ичади, кўп ичадиганлар қадрига етмайди.
Атрофии қоронғулик чулғаб, баҳайбат тоғлар энди салобатли кўрина бошлади. Шу аснода бурама тол ва арча шохига илинган иккита лампочка пориллаб ёниб, атрофни кундуздай ёритди.
— Эҳ аттанг, Усмонали ака бироз шошди-да. Қоронғулик — ёшларнинг дўсти, деган гапни эшитмаган эканда.
Унинг гапи тугамай, чарх товоқда палов олиб келишди. Аня бунақа гуручни умрида кўрмаган экан, ҳайратини яширолмади.
— Намунча йирик бу, гуручми ёки...
Баҳор унга девзира гуручнинг хусусиятлари, шифобахшлиги, парҳез овқатлар сирасига киришлиги ҳақида батафсил тушунтирди. Шунга қарамай, у беш-олти қошиқ еб, дарров ўзини тийди.
— Бунақада семириб кетаман, — деди чорпоя четига сурилиб. — Яна Москвада дугоналарим танимай қолишмасин.
Ботир уни тинчлантирди.
— Қўрқманг, эрталаб тоққа чиқамиз, бунинг учун куч керак.
— Куч кераклиги тўғри, лекин, ортиқча вазн эмас-да. Умуман, семизлик аёлларнинг энг хавфли душмани. Тўғрими, Баҳор?
Баҳор бош ирғаб унинг фикрини тасдиқлади. Сўнг илк бора Ботирга ўтирилиб сўради:
— Ботир ака, бизни қаерга олиб чиқмоқчисиз?
— Сизни осмонимга олиб кетаман...
— Вой, унақа деманг, ахир, ерда ҳам юрибмиз-ку.
— Ерда бизга кун йўқ, жоним!
— Муҳаммад Юсуф! — олма арчаётган Анвар бошини кўтармай писанда қилди.
— Ким у? — Аня қизиқиб сўради.
— Ботирнинг дўсти, зўр шоир.
— Шоирларни яхши кўраман, рус тилида ҳам ёзадими?
— Ижодкор фақат она тилида шеър битади. Таржимонлар хоҳлаган тилига ўгиришади.
— Демак, ўша Муҳаммад Юсуфнинг ҳам рус тилида асарлари бор экан-да.
— Бўлмасамчи? Айтдим-ку у буюк шоир деб.
— Пушкиндайми? — Баҳсга киришиб кетди Аня. Боядан буён индамай ўтириб зерикканлиги энди билинди.
— Айтиш мумкин-ки, шу қатори. Сизларда Пушкин, бизларда Муҳаммад Юсуф.
— Ўҳ-ҳў, қойилман. Ўша шоир билан таништириб қўёлмайсанми?
— Бунинг иложи йўқ, — дўстининг ўрнига жавоб қайтарди Ботир.
Аня кўзларини катта-катта очиб қаради.
— Нега энди?
— Негаки у ўтган йили оламдан ўтган.
— Наҳотки?
— Ҳа, буюклар узоқ яшашмайди.
— Неча ёшида вафот этди?
— Элликка ҳам бормаганди.
— Эссиз... Барибир шеърларидан топиб берасизлар. Рости, мен ҳам оз-оз машқ қилиб тураман. Битта шеърим "Московский банкир" газетасида босилган.
— Шунақами, — деди Анвар унга олма бўлагини узатиб. — Шуни сал аввалроқ айтмайсанми?
— Нима, бу билан бирон нарса ўзгарармиди?
— Албатта, рус ш оираси қалбини иш ғол қилганлигимдан ғурурланардим.
— Ҳали ҳам кеч эмас.
Ботир билан Баҳор бу мунозарага жимгина қулоқ тутиб ўтиришарди.
Бир тарафдан анҳор шабадаси, иккинчи томондан салқин ҳаво, бунга йўл чарчоғи қўш илиш иб, ҳаммалари дам олиш учун қўзғалишди.
Оромгоҳ меҳмонхонаси анҳордан сал нарида, тоғ ёнбағридаги баланд бўйли дараҳтлар орасида қад ростлаганди. Чорпоядан ётоққа қадар энсиз йўлак чиқарилган, қолган ҳудуд ям-яшил майса билан қопланган. Ўт-ўланлар ва гиёҳлар шу қадар беғубор, шунчалар тиниқ эдики, бехосдан оёқ босгани кўнгил чопмасди. Яна бир тарафи ҳовли кенг ва баҳаво бўлиб, иқлими мўътадил ҳисобланаркан. Жуда ажойиб, ўша бир тегирмон ўйноқи сув шовуллаб оқаётган жойга яқинлашсангиз, шундай саратонда ҳам баданингиз жунжикади. Агар йўлак бўйлаб ётоқ тарафга ўрласангиз, енгил шабода юз-кўзларингизни сийпалаб, вужудингизга ҳузур бағишлайди.
Анвар анчагина ичиб қўйганди. Ҳамма билан қучоқлашиб хайрлашди. Ҳаттоки Усмонали ака билан ҳам. Баҳорга навбат келганида нозик кафтини қўлига олиб ўпиб қўйди. Бу ҳол шунчалар тез рўй бердики, бечора оғиз очгани ҳам улгуролмай, уялиб Ботирнинг орқасига яширинди.
Меҳмонхона ичида кенг фойе бор экан. Ҳар бир ётоқхонага иккитадан диван-каравот қўйилган. Тўшак ва чойшаблар янги, пастак столда салқин ичимликлар қатор терилганди. Хона ним ёритилганидан дам олишга қулай эди.
Анвар хонага кирибоқ ечинмай ўзини диванга ташлади. Ботир унинг кўйлагини ечишга ёрдамлашмоқчи эди, Аня шаштидан қайтарди.
— Тегманг унга, —деди у оёғи остига яна бир чойшаб тўшаб. — Бироз мизғисин, ҳали-замон ўзига келиб, ечиниб ётади.
Аёллар даҳлиздаги телевизор қаршисидан жой олишиб, ўзаро суҳбатга тушишгач, Ботир бу ерда ортиқчалигини сезди. Унинг ҳолати Баҳорнинг эътиборидан четда қолмади.
— Сиз ювиниб, дам олаверинг, мен ҳозир чиқаман.
Ботир ўзларининг хонасига кирди. Ёнма-ён қўйилган каравотлардан биридаги чойшабни очди. Аммо, тўшакка чўзилишга шошилмади, беихтиёр барчалари меҳмонхонага йўл олишган пайтда Усмонали аканинг бошқача нигоҳ билан кузатиб турганини эслаб, кўнглида ғашлик уйғонди. У бу нигоҳ маъносини тушунмаганди. Ва бу нигоҳ шунчаки қизиқиш туфайли ҳам эмасди.
Йигит туфлисини қайтадан кийиб, ташқарига чиқди. Осмонда сон-саноқсиз юлдузлар жилваланар, улар орасида тўлин ой ўзига йўл ахтариб тентирарди.
У даставвал чироғи ўчмаган ошхонага қаради. Ҳеч зоғ кўзга ташланмади. Афтидан, хизматдаги ошпазлар ҳам кетишганди. Унда меҳмонхона мутасаддиси ҳам жўнаб қолдимикан? Йўғ-е, шундай бино ва жиҳозларни меҳмонларга ишониб ташлаб кетишмас.
— Уйқу қочдими, меҳмон!
Ботир чўчиб тушди. Анҳор бўйидаги бояги чорпоя томондан Усмонали ака юриб келди.
— Келинг, бироз гурунглашамиз.
Йигитнинг муддаоси ҳам шу эди. У бу сирли одамнинг юрагига қўл солмоққа аҳд қилганди.
Чорпоядаги хонтахталар олиниб, ётиш учун жой солинган экан. Усмонали ака устига ёпадиган якандозни чорпоя қирғоғига тўшади.
— Қани, ўтирсинлар. Бундай ҳавода ухлаш ғафлатга ён бериш билан баробар. Қаранг, қандай ажойиб кеча. Куни билан тинмаган шаҳарча энди ором оляпти.
— Ҳа, Шоҳимардон юртимизнинг энг хушманзара хўшаси, шунинг учун ҳам одамлар бу ерга интилишади.
— Фақат хушманзара эмас, азизларнинг қадами етган табаррук жой. Бундай зиёратгоҳларда инсон ақл билан иш тутгани яхши. Акс ҳолда... Эшитгандирсиз Шоҳимардонни тошқин босганини.
Ботир бош ирғаб тасдиқлади.
— Ҳа, ёмон офат келди-да. Андижонлик дўстларимиздан беш-олти кишининг яқинлари чўкиб кетишди.
Усмонали аканинг қалин қошлари чимирилди.
— Ҳаммасига ўзимиз сабабчи, ука. Ўйлаб кўринг, шундай азиз қадамжоларни топтаб юборишди-ку. Ким кўнглига нима хуш келса қилаверди. Бизга ўхшаганларнинг насиҳатларини назарига илишмади. Ҳа, энди одамни бузадиган иллат, бу — пул, нафс... Ишқилиб, бу ёғига Аллоҳ асрасин.
— Айтганингиз келсин... — Ботир суҳбатдошининг ўгитлари худди ўзига айтилгандай хижолатда қолди. Демак, боя бекорга кузатмаган экан-да. Албатта, ҳар кимнинг эрки ўзи билан, бироқ, назардан қолган ёмон.
—Дўстингиз сал кўпроқ ичарканми? — ўсмоқчилади мезбон.
— Шундай, — лўндасини айтди Ботир. — Чиндан ҳам мўлроқ отади. Талабалигимизда унчалик эмасди. Лекин, билишимча, аламидан ичади.
Усмонали ака муштдай чойнак устидаги сочиқни суриб, жўмрагини очди. Чой қуйиб узатди. Кейин суҳбатга қўр ташлади.
— Шундай азамат йигитнинг ҳам ташвиши борми?
Одатда кам гапирувчи Ботир тилининг жилови ечилиб кетди. У қаршисидаги сирли, имон-эътиқодли одам билан гурунглашмоққа ўзида рағбат сезди.
— Ташвиш эмас, дард деяверинг!
— Ҳа, бу дунёда ғамсиз одамни ҳали учратмадим. Сир бўлмаса, дўстингизнинг изтироби нимадан, эҳтимол, ёрдамим тегиб қолар?
"Ёрдамим тегиб қолар! Қизиқ-ку, тупканинг тагида, бировларнинг хизматидан бўшамайдиган, бир қўлида капгир, иккинчи қўлида сочиқ тутган одам қандай қилиб ўзгалар корига яраши мумкин? Ёки қасидахон, қори, ёхуд экстрасенсмикан? Кўринишидан юқорида санаб ўтилганларга ўхшамайди. Майли, Анварнинг муҳаббат қиссасини айтиб кўрсин-чи. Эҳтимол, ҳанузгача Назокатдан кўнгил узолмаётган дўстининг қалб кўзи очилар".
Шу мулоҳаза билан Ботир бир муҳаббат қиссаси ҳақидаги ҳикоясини бошлади.

—...Курсимизда бор-йўғи тўртта қиз бор эди. Шулардан бири — Аломатни Нормурод ёқтириб қолди. Анвар бундай савдолардан ҳоли юришни афзал, деб биларди. Уни кўпроқ спорт ўйинлари, меҳмондорчилик, муштлашувлар қизиқтирарди. Гоҳо талабалар шаҳарчасида жанжал бўлса, уни тополмай қолардик. Кейин ярим кечада бош-кўзи ёрилган ёки пешонасига ғурра қўндириб келарди.
"Кўча боласи"нинг ўқишлари яхши-ю, лекин, бу хилдаги қилиқларнинг қийиғи чиқиши ҳам ҳеч гап эмасди.
— Уни бу йўлдан қандай қайтарсак экан? — маслаҳат солдим Нормуродга. У биздан бироз катта эди, шу важдан ўзини бошқалардан кўра ақллироқ, дебҳисобларди. Шуниси таажжубланарлики, кўпинча унинг айтгани башорат каби тўғри чиқарди-да.
— У севиб қолиши керак! — Жиддий оҳангда таклиф киритди у.
Мен ҳайронлигимдан бақрайиб унга қарадим.
— Юракка буйруқ бериш мумкинми?
— Албатта, — деди яна ўз қарорида қатъий туриб.
— Яхши, кимни севади? Бутун бошли курсда атиги тўртта қиз бор. Унинг ҳам бирини сиз туфаккаладингиз. (Қизиқки, биз то институтни битиргунимизча бир-биримизни сизлар эдик. Дил яқинлиги тил яқинлигига кейин йўл очган эди.) Учтасидан иккитасини биров севиши тошга жон киришидай ишончсиз. Демак, ҳисобда фақат Назокат қоляпти. Унга Анвар каби тўпори йигитлар ёқмаслиги аниқ. Чиройлиман, деб нуқул юқори босқичдаги замонавий кийинадиган, олифталар атрофида ўралашиб юради.
— Тем более, — деди у шу иборанинг ўзбекчасини топишга эриниб.
— Айтишга осон, — дедим унинг гоясига аввалдан ишонмай.
Бироқ, Нормуроднинг хаёлига келган фикр чиндаҳам антиқа ва умидбахш эди.
— Хуллас, ҳаммаси вазифангизни сидқидилдан адо этишингизга боғлиқ, — деди у топқирлигидан руҳланиб.
— Қандай? — ҳайронлигим ортди.
— Бу, жуда жўн. Йигитлар кўзи, қизлар қулоғи билан севади...
Нормурод шу топда ўзини Арастудан кам сезмаётганди. Узун киприклари орасидаги там қора қорачиғлари бир нуқтага тикилган эди.
— Бердисини айтмайсизми? — уни шоштирдим.
Аммо, у ноёб кашфиёти лаззатидан завқланиб, анор донасидай сочилган хаёлларини ҳадеганда жамлай олмади. Сўнг ялт этиб менга қаради.
— Яхши гап билан илон инидан чиқади, шундайми?
— Шундай.
— Шунақа эмас, орий рост. Демак, сиз Назокатнинг ёнига бориб, Анвар уни ёқтириб қолганлиги, кечалари уйқусида номини тилдан қўймай алаҳсираётганлиги, аммо, юрагини очишга қўрқаётганлигини тушунтирасиз.
Мен ундан жўяли таклиф кутгандим. Ҳафсалам пир бўлиб, қўл силтадим.
— Шу иддаога илоннинг ёғини ялаган Назокатдай қиз ишонармиди? Ахир, иккаласининг бир-бирини кўрарга кўзи йўқ-ку!
Нормурод кафтларини бир-бирига уриб, хушчақчақ ҳолда кулди.
— Ҳа, ана!.. Кўнгли борлиги учун қўпол гапиради, денг. Ахир даштда ўсган бўз боланинг севгиси ҳам ўзига ўхшайди-да.
Табиатимга мос равишда ортиқ тортишгим келмади. Нормурод сўзида давом этди.


— Кейин Анварнинг қулоғига лағмон иласиз. Айтасизки, Назокат Аломатга дилини очибди, курсимизда шу йигит бошқача, ҳеч кимга ўхшамайди, дебди, дейсиз. Ҳозирча шу кифоя. Асли бу тутантириқ, кейин шундай аланга ёнсинки...
Гарчи бу маслаҳатдан иш чиқмаслигига ишонсамда, азбаройи дўстинг учун заҳар ют, деганларидай унинг айтганларини қойилмақом қилиб бажардим.
Аввал Назокатни "тутдим". У Аломат билан университет ҳовлисидаги қаҳвахонада музқаймоқ еб ўтирган экан. Мени кўриб севиниб кетишди. Тезда суҳбатга қўшилдим ва гурунг орасида Анварнинг муносабати тўғрисида таъсирчан оҳангда гапириб бердим.
Назокат оқ сариқдан келган, кўзлари кўм-кўк, доимо жилмайиб турадиган очиқ қиз эди. Негадир бирданига ўйчан бўлиб қолди. Аломат уни уялтирди.
— Ҳа, Нози, ноз қиляпсанми?
У шу топда мени унутгандай эди.
— Тўғриси, кўнглим сезарди. Аммо...
У шундай деди-ю, тўсатдан ётоқхона томонга чопиб кетди. Аломат менга қаради.
— Шу гап ростми?
Ёлғонни ямламай ютдим.
— Ишонмасангиз, Нормуроддан сўранг. Гений алдамайди-ку.
Аломат шарақлаб кулди.
— Билмасангиз, билиб олинг. Ҳар бало доҳийлардан чиқади. Дунёга ўт қўядиганлар ҳам шулар, одамни бузадиганлар ҳам.
— Жа, оширвордингиз-ку, қайси доҳий қаерга ўт ёқибди?
— Мана, ҳозир Назокатнинг юрагига ўт ёқиб қўйдинглар-ку. Бу, Нормуроднинг лойиҳаси эди, шундайми?
Кутилмаганда унинг “пушка”сига нишон бўлибман.
— Сизга ҳам тиш ёрувдими?
...Бошида ишончсиздай туюлган режа кутилмаганда ўзини оқлади. Икки, уч бор “ишлов”дан сўнг, менга ҳожат қолмади. Энди Анвар Назокатнинг сумкасини кўтариб юрадиган, йўлини пойлайдиган, ётоғига қадар кузатиб қўядиган одат чиқарди.
— Эҳ, аттанг, — деди бир куни Нормурод ётоқхонада шахмат сураётганимизда.
— Яна нима ишкаллик? — сўрадим кўзимни доналардан узмай.
— Анварни айтаман-да, — деди у ҳам алфозини ўзгартирмай. — Биз уни ёмғирдан қутқариб, дўлга тутиб берибмиз.
— Тушунмадим?
У тахтадан бош кўтариб, менга астойдил тикилди.
— Нимасини тушунмайсиз, қаранг соат неча бўляпти?
Девордаги соатга кўз ташладим.
— Ярим кечадан ўтиб қолибди-ку, қани, ётдик, акс ҳолда биринчи парани “еб” қўямиз.
— Мен боғдан келсам, сиз тоғдан сўз очасиз-а... Анвар қани?
— Ҳа, эсим қурсин, у қизларнинг олдига бораман, деганди.
Нормурод узунчоқ иягини узоқ силади, кейин тиззасига сочиқ ёзиб, қалин сочидаги кепакни қоқишга тушди. Сезяпман, ҳозир асабийлашяпти. Аниқроғи, Анварнинг қўлга ўргатилган бургут каби ювош тортганидан сиқиляпти.
— Яқин, орада талабалар шаҳарчасида муштлашув бўлмадими? — деди у машғулотидан бир нафас тўхтаб.
— Нега энди, бўлди.
— Қачон?
— Ўтган куни!
— Ким, ким билан?
— Жисмоний маданият билан техника университета.
— Ким енгди?
— Биров “ноль иккига” қўнғироқ қилиб қўйибди. Омончилар "жанг" ни бузиб юборишди.
— Анвар ҳам бормиди?
— Жуда қизиқсиз-да. Анвар урушса, Назокатдан айрилиб қолмайдими.
Нормурод сочиқни ўраб, сув ютгичга (раковина) қоқди. Юз — қўлини ювиб, индамай чойшабни очиб, узала тушиб ётди.
— Чироқни ўчирайми?
— Э, ўчираверинг, бу бола айниди.
Мен ҳам ўринга чўзилдим.
— Асли сизга иссиқ ҳам, совуқ ҳам ёқмайди, шекилли. Анварни “йўлга соламан” деган ким эди?
— Мен уни йўлга соламан деб, йўлдан урибман. Туппа-тузук йигит, энди Назокат аксирса, "лаббай" деб қўл қовуштириб турадиган "ойим супурги"га айланиб қолса-я. Илгари боши ёрилиб, юзи пачақланиб келганида қайтанга ҳурмати баланд эди. Энди қулбаччага ўхшаб, бор-йўқлиги сезилмайди. Мулла минган эшак ҳам афзал ундан.
Нормурод ёнбошига ағдариларкан, юракдан сўкинди.
Шу пайт оғзи қулоғида Анвар кириб келди.
— Э-ҳа, катта даҳага тушиб кетибсизлар-ку, — деди у қувончдан энтикиб. — Дунё гўзаллигидан бехабар, ғафлатда ётмай туринглар, Ботир, мусиқани қўйинг, ўйинга тушгим келяпти.
Нормурод устидаги чойшабни ирғитиб, дўстига совуқ нигоҳ ташлади.
— Бу, қанақа байрам?! Чамаси, Назокатнинг сумкасини бешикаст жойига элтдингиз, шекилли!
Бу, оғир пичинг эди. Оламни сув босса тўпиғига чиқмайдиган Анвар кулиб, уни қучоқлади.
—Топдингиз, сумкасини авайлаб, ардоқлаб, жавон устига қўйдим. Аммо, бу, муҳим эмас.
Нормуроднинг энсаси қотди. Иягини асабий силашга тушди.
— Ие, ҳали ундан-да муҳими борми?


Анвар қоматини ростлаб, кенг елкаларини кериб, қўлларини ёзди.
— Эй, анжонлик йигит, мусиқани чалинг, алёр айтинг, Анвар чарчагунча ўйнасин...
Энди бу шодлик руҳи бизга ҳам юқди. Магнитофонни баланд овозда қўйдим, у тор жойда полни тепкилаб, ўйинга тушди. Бир маҳал ҳамсояларимиз эшикни очиб, бақиришга тушишди.
— Жинни-пинни эмасмисизлар?
— Э, ахир ярим кечаси тўс-тўполонга бало борми?
Кўпроқ оғиз кўпиртиргани ҳуқуқшуносликдаги барзангидай талаба Отаназар эди. Қолганлари унга жўр бўлишди.
Бирдан Анварнинг авзои бузилди.
— Нега хонага сўрамай кирдиларинг?
—Таққиллатдик, аммо, ҳеч ким эшитмади, — деди қўқонлик кумуш тишли Холмат иржайиб. Хоразмлик "ҳуқуқшунос"га Анварнинг муомаласи ёқмади.
— Ҳей бачча, қани, бу ёққа чиқ.
Вазият қалтис эди. Отаназар ҳам, Анвар ҳам ётоқхонанинг "кузири" ҳисобланишар, аммо, шу пайтга қадар мутлоқ ғолибликни талашишмаганди.
Анвар мушакларини ўйнатиб, йўлакка чиқди.
— Нима дейсан?
Отаназарнинг гўштли юзи оҳак тусини олган, дўрдоқ лаблари гезариб, қисиқ қовоқлари асабий учарди.
— Ке, орани очиқ қилайлик.
Фойе талабаларга тўлди. Ҳар иккиси ўртага чиқишиб, Тайсон билан Холифилд каби кўз уриштиришни бошлашди. Шунда "доҳий" ўз тафаккурини яна бир бор намойиш этди.
— Йигитлар, — деди у ҳар иккаласининг ўртасига тушиб. — Аввал мақсадни ойдинлаш тириб олайлик. Муддао ким кучлилигини аниқлашми?
— Ҳовва, — деди Отаназар пишқириб. Анвар эса мутлақо хотиржам эди. У ҳатто енгилса-да, пинаги бузилмайдигандай туюлди.
— Модомики, ният шу экан, келинглар гладиаторлар каби қон тўкмай, масалани ечишнинг енгилроқ йўлини топайлик.
— Не дейсан? — Отаназар Нормуродга юз бурди.
— Соғломлаштириш хонасида тош бор. Шу ерга кирайлик, тош кўтарайлик, ким кучлилиги дарров аёнлашади. Агар муштлашув бошланса, орага бошқалар ҳам қўшилади, тўс -тўполонга айланади, эртага уч-тўрттамиз ўқишдан ҳайдаламиз.
— Тўғри! — бу таклифни "томошабин" ва тарафкашлар бир овоздан маъқуллашди. Хоразм полвони ҳам ўйламай- нетмай розилик билдирди. Ҳолбуки, у бокс билан шуғулланар, Анвар иккаламиз эса оғир атлетикани ёқтирардик.
Зал лим тўлди. Ўртада битта бўйрача жой очиқ қолди. Тарози палласи шак-шубҳасиз биз томонга оғганини фаҳмлаган Анвар энди Отаназарни калака қилишга ўтди.
— Полвон, — деди у рақибининг алп қоматига урғу бериб. — Сен аввал кичик вазндаги шогирдимни енгиб ол, кейин мени майдонга таклиф қил!

Давоми бор...
ABDUMUTAL ABDULLAYEV


https://t.me/sinovlarihayot