🦅🦅🦅🌹🌸ХАЁТ СИНОВЛАРИ...!🌹🌸🥳3.06.2020
708 subscribers
27.2K photos
16K videos
65 files
30.5K links
🌐Teлеграммдаги
Xaётий канал.


✳️Бизнинг каналда сизларга:
Xaр куни🆕 Энг aжойиблари💯:

#Фотолар📸
#Xикоялар📚
#Mаслахатлар♻️
#Tабриклар🎁
#Қушиқлар 🎼
#Mонолог🎤

Бош AДМИНКА
#ГУЛИХОНИМ






Биз Сизларни яхши курамиз.
Канал Админлари ва Админкалари
Download Telegram
---Анбарнисо?... Кўзингни оч болам...
Сўнг ўтирганларга юзланиб сўради:
---Не бўлди? Ўз ўзидан бу аҳвол бўлдими?
---Очофат саллотлардан(солдат) яширмак бўлиб бир пақир туршак ва бир сузма халтада ёрмани томдаги хашак остига яширмак учун томга чиқаётган эди. Нияте нарвоннинг ярмига чиққан маҳал мўр--малахдай гузарнинг бошидан кириб келаётган ўша гадойларни кўриб тезроқ чиқмак бўлиб шошилдими йиқилиб тушди.---деди йиғлаб қайнонаси.---Уйга олиб кириб ётқиздим. Бошини кўтариб қайт қилдию яна ётди. Шундан бери шу аҳвол. Табиб ҳам келиб кўрди. Дорую---гиёҳ наф қилмаяпти.
Файзибой ўрнидан туриб чиқиб кетиб кечга яқин бир ўрис кишини бошлаб келди. Кўзойнак таққан, пастак бўйли тепакал бу одам кирган заҳоти Анбарнисонинг ярим юмуқ кўзларининг тепа қовоғини бармоғи билан кўтариб қаради.
---Номаҳрам кимса келинимга қўлларини текизмасунлар қуда!
Рус киши ҳайрон бўлиб бойга қаради. Қайнонанинг иддаоли луқмаси Файзибойнинг тўлиб турган сабр косасига охирги томчи бўлди.
---Номаҳрам қўлини теккизмасунда лекин қизим ўлсада майли! Шундоқми биби қудо?!
Умрида иккинчи марта кўраётган қудасининг ғазабнок юзи ва қаҳрлик товушидан аёлнинг нафаси ичига тушиб кетди.
---Ўғлингиз қаёқда?! Нега заифасининг ёнидамас?!
---Рустамжон орияти бор йигитлар билан бирга қудожон.
Паст овозда берилган бу жавобдан бойнинг шашти бироз пасайди.
---Дуруст. Вақтни ўтказмайлик. Дўхтур кўрсинлар беморни.---деди у ва давом этаверинг дегандек ишора қилди рус докторга.
---Оғир мия чайқалиши юз берган. Уч кун беҳуш ётгани сабаб вужудида сувсизланиш ҳам бошланган. Ижозат бўлса ман давони бошласам.---деди доктор беморни кўриб бўлгач. Бир ҳафта давомида қилинган муолажалардан сўнг Анбарнисо ўзига келиб бироз таом тотинди. Ўрис дўхтир кўпгина беморлар ва ёш болаларни ҳам даволагани бошқа қишлоқларга ҳам тарқалди. Ким шифо илинжида эдию кимлардир ғайридинни олиб келиб қизининг билагини тутқазган Файзибойни динини бузганликда айбларди... Ҳар не бўлганда ҳам шу баҳона ота-қиз юз кўришди.Анбарнисо отасига кўзи тушган замон пойига йиқилиб йиғлади. Файзибой эса қизини қўлтиғидан суяб турғизиб бағрига босди.
---Беайбгина айбдорим! Бегуноҳ гунаҳкорим!---дея пичирлади кўзидан ёш қуйилиб.
Орадан уч ойча ўтиб Анбарнисо ота уйига илк маротаба ташриф буюрди.
Замон сенга боқмаса сен замонга боқ! Бошқа пайт бўлганда балким қўйлар сўйиб элга ош берарди Файзибой невараси Отахон уйига илк қадам қўйгани шарафига. Лекин ҳозир бу дабдаларни замон кўтармай қолган.
---Опажон! Опажоним!!!
Иқболига югуриб келаётган гўзал жувонга қараб Анбарнисо қучоқ очиб пешвоз чиқди.
---Қамарим! Нури офтобим!
Бир бирини бағрига босиб иккиси унсиз йиғлашди.
---Қаний... Бир кўрай жамоли жон олгувчингизни!---синглини ўзидан узоқлаштириброқ разм солди Анбарнисо. Йигирма ёшга тўлиб тенгсиз гўзалга айланган Қамарнисонинг этагидан тутиб турган тўрт ёшлар чамаси қизалоқни кўриб кўзи чақнаб кетди. Чўккалаб ўтир қизчани бағрига босиб юзларидан қаттиқ--қаттиқ ўпиб олди, кўзларидан ўпиб сочларини ҳидлаб йиғлади.
---Отингиз ким отин?
---Мукаррам.--- ҳеч тортинмай ширин жилмайиб жавоб қилди қизча.
---Ман Анбар холангиз. Ҳеч эшитганингиз борми?
---Боооор!---катталардек маъноли чўзиб жавоб берди қизалоқ дадил.---Бибижоним билан онам ҳар кўришганларида сизни айтиб йиғлайдурлар. Ман ҳам сизнинг учун йиғлаганим бор.
Қизчанинг маҳмаддоналигидан ҳамма кулиб юборди.
---Сизни йиғлатган холангизнинг узрини қабул қилинг. Кўз ёшингизга сабаб бўлган гунаҳкорман!... Ман сабаб тўкилган ёшингизга ёзуқлар бўлсин.
Мукаррам бу гўзал аёлнинг нима деётганини тушунмади шубҳасиз. Лекин ҳали мана шу парирўй холасининг чимилдиқдан ўғриланганинг касрига шу қизалоқ қолиши ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаганди.

Ўша куни опа сингил тонгга довур суҳбатлашишди.
---Куёвингиз ҳар ойда бир икки кўраман опа.---деди Қамарнисо хўрсиниб.---Кўпчилик қариндош уруғларимиз қай бирлари Қашқарга, қай бирлари Афғонистонга ўтиб кетишди.Яхши кунлар келса қайтишдан умидвор яшамакдалар.
---Биз ҳам кетишимиз керак экан Қамар.Амир Афғонга ўтиб кетганига беш йил тўлди. Яхши кунлар келмаги даргумон энди. Ман ҳам эримни санингдек ойда бир кўраман. Яширин келиб кетади. Қасос олинмагидан қўрқиб индамай туришибти бизга ёки биз орқали қўлга туширмакчи. Кўнглимда хавотир бор.
Анбарнисо ёнида ухлаб ётган беш ёшли Отахонга маъюс тикилди.
---Эрингизни... ёқтирдингизми?
Қамарнисонинг истиҳола билан берган саволи Анбарнисони бироз ўйга толдирди.Ўтган беғам кунларни эслаб кулимсираб қўйди. Миробид... У билан болаликда бирга ўйнашарди. Анбарнисо бир ғарам ғўзапояни ёқиб юборганда Миробид айбни ўз бўйнига олган эди ҳатто. Анбарнисо ўн икки ёшга тўлганда бувиси унга энди ўғил болалардан юзини бекитмагини, Миробид билан ўйнамасликни тайинлади.
---Энди уят бўлур қизжоним! Ўйнаш у ёқда турсин магарки кўчада кўриб қолсангиз юзингизни бекитиб дарҳол ичкари киринг. Мавриди етиб турмушга чиқар маҳали барча тўю томошо, барча дабдаба қиз боланинг мана шу ҳаёси учун қизжоним!
Зукко Анбарнисо бувисининг ўгитига амал қилди. Токи унаштирилгунича Миробидни кўрмади, у билан бир мартаям юзма юз келмади. Унаштирилганидан кейин бир мартагина кўрди. Тўйига икки кун қолганда кўрди. Девор дармиён қўшни бўлганликлари сабаб мана шу дармиён(ўртадаги) девордаги даричанинг тирқишидан кўрди. Ҳовлисидан йигитнинг кимгадир баланд баланд гапираётганини эшитиб аста даричанинг тирқишидан мўралади. Ваҳ! Қўшни ҳовлида соқоли ўзига ярашган, бўйлари баланд, қош--кўзлари мафтун қилгувчи йигит турарди. Қўлида икки дона қип--қизил олма. Шу томонга қараб тургани учун юзи яққол кўриниб турган Миробидни Анбарнисо юраги ҳапқириб, икки ёноғи ловуллаб кузатарди. Бирдан йигит даричага қараб кулимсиради. Аста юриб яқинроқ келди. Дарича ортидан кўринмаётганига ишончи комил Анбарнисо ҳамон уни кузатишда давом этарди. Бирдан... Йигит кулимсиради.
---Олма ирғитсам ейсанми Анбар?
Анбарнисо "Вой" деганча ура қочди. Даричанинг ортидалигини қандоқ сезди экан? Уятдан икки ёноғи қип--қизариб шу саволга жавоб излардию даричанинг ости бир қарич очиқлиги, ўша жойдан оёқлари кўринганига ақли етмасди. Кўргани шу бўлди. Ўша толеъида ўғирланмак битилган кундан беш кун ўтиб Рустам полвонга никоҳланди. Лекин ҳали у отаси Миробидга унинг ўрнига бир бокира ваъда қилганидан бехабар эди.
Биринчи ҳикоя ниҳоясига етди. Иккинчи ҳикояда учрашгунча хайр.
Муаллиф: Лейла Мустафасайяр

https://t.me/Ibratlihikoyavaqissalaruz
ЧАРХПАЛАК...

(Бобом угитлари туркумидан)

Муаллиф: Рустамхон

Бобом раҳматли инсон ажратишни жуда яхши билар эдиларми, ё мен болалик қилиб эътибор қилмас эдимми? Инсонлар бир нарсага тариф бераётганда, ер юмолоқ, тақдир чархпалаги деган тарифлар ишлатилади. Айрим тасодифий воқеаларни кузата туриб айнан шундай эмасу, шунга ўхшаш воқеалар лоп этиб ёдимга тушади............

Бизга қўшни қишлоқда яшовчи "Ҳомид трактир" деган одам бор эди. Доим усти боши қора мойга ботиб юрар. Унинг кир чирлигидан негадир ғашим келарди. Аксига олиб тоғамнинг фермирлик ерини тракторида ағдариб берадиган Ҳомид трактирга овқат олиб боришни бувим одам қуриб кетгандек менга топширар эди. Ўн икки ёшли ўжар, қайсар боламан. Бувимнинг айланиб ургилишлари остида, катта лаганга солиниб устига иккита нон бостирилган дастурхонга тугиб, қўлимга тутқазган егуликни салтанглатиб йўлган тушаман. Атайдан қўлимни силкитиб силкитиб оламан. Дастурхон қўлимдан тушсаю, идиш чил чил синиб овқат тупроқ кўчага сочилса, мен эса овқат тукилди баҳонаси билан ўзим жирканадиган инсон турқи таровотини кўрмасам! Овқатни отиб юборишдан эса қўрқаман! Бувимни нонни уволи борлиги, у одам кўзини кўр қилиши мумкинлиги тўғрисидаги ривоят, эртаклари туфайлими, қўлимдагиларни отиб юбора олмайман. Ҳуллас қовоғимдан қор ёғиб далага бораманда, трактори ёнида куймаланиб юрган Ҳомид акадан анча нарида қўлимдаги дастурхонни қўяман.
Бувим бериб юбордилар дейман энсам қотиб, еб идишларни берар экансиз! У то овқатланиб идишларни бергунича кутиб ўтиришим кераклигини ўйлаб тупроғи кўпчиб кетган ерга яхшилаб тупириб оламан. Ҳар куни келганим учун бўлса керак, Ҳомид аканинг ҳар бир ҳаракати ёд бўлиб кетган. Ҳомид ака ковлаб ўтирган ишини ташлаб, қора мой бўлиб кетган қўлини обдон тупроқлайди. Сунг қора мойга ботиб кетганидан ранги билинмай кетган камзули чунтагидан буклаб тахланган қоғоз олади. Биламан унда оппоқ кир ювуш кукуни бор. Кафтига икки отим носчалик кукундан тукади. Бир қўли билан ариқдаги сувдан томчилатиб кукун устига сепадида сунг эринмай қўлларига ишқалайди. Бармоқлари орасида қоп қора сув пайдо бўлади. Кунглим айниб юз угираман.
Эшонбова дейди шанғиллаб, Сиз овқат едизми?
Нима ишинг бор дейман ичимда ғижиниб. Ташимда эса
-Ҳм дейман.
-Эшонбовам қаердалар дейди дилкашлик билан.
-Билмайман дунғиллаб нари кетаман. Қўлини ювиб чайган Ҳомид ака сочиққа эмас шундоқ устидаги кир кийимига артиб олиб дастурхонни авайлабгина оладида, лаган устига бостирилган нонни олиб оҳ тортиб юборади.
-Оҳҳ оҳее Оямизни қўллари дард кўрмасин! Ошку а эшонбова!? дейди тиржайиб.
Индамай туравераман. Уни овқат ейишини кузатиш ҳам мен учун ёқимсиз ҳолат. Сарғайиб кетган кемтик тишли оғзи ғордек очилиб, қошиқлаб ошни ташлаверади. Оғзи тўлгач икки лунжи билан чала майдалаб ютган ошни устида хўриллатиб чой хўплайди. Яна ғор очилади.... Бу жараён катта лаган бушагунича давом этади. Бушаган идишни ўзидан нари қилган эркак чўзиб чўзиб кекириб оладида, ўзидан нарироқда турган ёстиқни биқинига тортиб олиб тиш ковлашга киришади. Тишлари орасида қолган гурунч қолдиқлари, гушт булакларини у ён бу ёнига туфлаб узоқ вақт тиш ковлайди. Сунг ўрнидан туриб идишларни ариқ сувига чайқаб дастурхонга тугадида менга узатади.
Оямомомга салом деб Раҳмат денг эшонбова дейди илжайиб. Ош зўр чиқибди! Зўрлигини билдириш учун бош бармоғини ҳавода тепага кутариб кўрсатади. Эшонбова ортимдан эшитилган чақириққа ҳоҳламайгина бош бураман.
-Оямга айтинг кечда бир қулинг ўргилсин манти қилиб берсинлар!
-Ҳм ҳўп дейманда, тупроғи купчиб кетган йўлдан тарсиллаб юриб кетаман.
Манти ермиш! Яна мен келаманми!? Келиб бупман! Ана Беҳруз келсин! Кечга бориб далага бормаслик учун шунчалик кўп баҳона қилсамда, бувим ҳеч бирига ишонмай алдаб сулдаб жунатади. Бу жараён йилда икки бор. Кузда ва баҳорда чамаси ўн кунлар давом этарди. Ҳозир ўйлайман. Мен нега у одамни бу даражада ёмон кўрганман?
Менимча унинг кир-чирлигидан эмас, у ҳақидаги гап сўзлар кўпроқ ғашимга тегарди. Ундан ҳам кўра, янгамлар ичида бир мунча шўх-шаддод бўлган Сожида янгамни " Рустамжон Ҳомид тоғаизни овқати тайёр бўлди. Тез олиб боринг, тоғангиз кутиб қолдилар " дейишлари, хумрайиб турганимни кўриб шарақлаб кулиб юбориши жонимни чиқариб юборар эди.
Кунлардан бир куни ана шу янгамни одатдаги ҳазилига жавобан, қўлимдаги идишни стол устига ташладим. Боринг ўзингиз!-удағайладим.-У мени тоғам эмас! Сизнинг акангиз!
-Оғажоним, ишонаверинг у сизнинг тоғангиз, бувингизни асранди ўғли бўлади. Янгамни шўхлиги тутиб шарақлаб кулиб юборганди. Негадир кулгуси кесилди. Ғазабли кўзларимни янгамдан узиб ошхона эшига томон бурдимда, қошлари бир паст бири юқори бўлиб турган бобомни кўриб нафасимни ичимга ютдим.
-Тарбиясиз! Титроқ овозда танбеҳ берган бобом. Янгамга оғир оғир нафас олиб бир оз қараб турдида, афсуслангандек бош чайқади. -Эртанг қандай бўлишидан бехабар холингда бировни гапирма нобакор! Шарт юз угирди.
-Отажон, отажон мени кечиринг бобомни ортидан эргашган янгамни зорли овози эшитилди.-Мен Рустамжонга тегишгандим. Ғашлари келишини билиб отажон!
Бобом ҳеч бир жавоб қилмай ўз хонасига кириб кетганини кузатиб турдимда, индамайгина ўзим стол устига ташлаган дастурхонни қўлимга олиб дала томон юрғаладим. Уйга келишга юрагим бетламай, қишлоқ кўчасидан имиллаб уйга қайтдим. Дарвоза тагида мени бетоқат кутиб ўтирган бувим узоқдан менга кўзи тушиб мен томон шошилди.
-Отажонимаа бунча узоқ қолиб кетдингиз! Ўпкалаган бўлди.-Нима бўлди? Отажоним кайфиятингиз йўқ?
-Анави Соҳи янгам, Ҳомид сизни тоғангиз бувингизни ўғли деди. Шуни бобом эшитиб хафа бўб қолди. Чимирилдим.
-Янгангиз эшитадигани эшитди. Бобонгиз Ҳомидни жуда ҳурмат қилади отажоним. Билиб олинг бўлган бўлмаган гапларни гапириб, бобонгизни хуноб қилманг! Бобомни бутун қишлоқ ҳар ҳил мишлар билан хар куни муҳокама қиладиган. Эгни боши кир чир юрадиган одамни хурмат қилишини эшитиб ҳайрон бўлиб бувимга боқдим. Мени ўзига ҳайрон боқиб турганимни кўрган бувим эркалаб бошимдан силади.
-Аянгиз келаяптилар. Юзи ёришиб, куча бошида кўринган машинага ишора қилди.
Машинадан тушган аямни кўришим билан, Соҳиба янгамни қупол ҳазили, Ҳомид трактирни унутдим. Уйимиздаги таранг муҳитни дарров англаган аям бувимга савол назари билан боқди.
Юз буриштириб елка қисиб олган бувим. Индамай бурилиб ошхонага чиқиб кетди. Аям бир паст ҳовлида нима қилишини билмагандек мени қўлимдан тутганча гангиб турдида, бобомнинг хонасини секингина чертди.
Отажон, мен келгандим....
Киравер ичкаридан эшитилган бобомнинг буғиқ овозига жавобан қош учириб олган аям ичкарига қадам ташлади.
-Ассалому алайкум отажон!
Уй тўрида ўтирган бобом бош ирғаб аям билан сўрашган киши бўлдида, остонада турган менга нигоҳларини тикди.
-Келинг отам,- ўзи томон имлади.-Қаерларда юрибсан?
-Ҳомид акага овқат бериб келдим. Минғирлаб бобом томон юрдим.
-Ишлари битай деб қолибдими?
-Ҳм. Уч айланаман деб айтди.
-Унда бувингизга тайинланг, кечки овқатни эртароқ тайёрлаб берсинлар. Бобомни бувимни ортидан сизлаб гапираётганига диққат қилган аям лаб тишлади.
Аямнинг лаб тишлаб бобомни юзига жовдирашидан билдимки, бечора бувим бобомдан қаттиқ гап эшитган. Сабаби эса... Соҳиба янгам ва мен...
-Отажон ўзим, тезда пишириб эртароқ неварангиз билан ташлаб келамиз! Ҳавотир олманг.
-Йўлдан чарчаб келгансан.
-Чарчамадим. Ҳамзахон олиб келдилар. Тошкентга чиқиб кетишлари керак бўлгани учун бирровга олдизга кириб чиқишга ҳам улгурмай...
-Кирмагани ҳам маъқул... Тунд бобом қош чимириб олди.-Узлқ йўлга кетадиган одам... Кайфияти тушиб...
Аям ортиқча савол бериб бобомни асабийлаштиргиси келмади менга шу ерда бўл дегандек имлаб қўйиб ўзи хонани тезда тарк этди. Бобом жим хаёлга берилиб ўтирибди. Худди очиқ кўз билан ухлаётгандек. Эшик очилиб, аям чойнак кўтариб кирди. Аям томон бир кўз ташлаган бобом
Одамзот эртага нима бўлишини билмай бугун гапирмаслик керак отам деб негадир менга мурожат қилган бобом -Кўзларини ўйчан бир нуқтага тикиб бир оз жим қолдида сўзида давом этди.-Бир инсонни ортидан гапириш, гапирганда ҳам ўзи гувоҳ бўлмаган ва уша гапирган инсонини юзига ҳам ортидан гапирган гапини айтолмаса, яхшиси бу гапларни гапирмаслик керак. Чунки, у гап ана унда ғийбат бўлади. Ғийбат эса оғир гуноҳ отажон! Ғийбат шунчалик оғир гуноҳки, бу ўз биродарингни гуштини ейишдир. Оғир хўрсиниб олган бобом. Яна хаёлга берилди.
- Мана шу Ҳомид бир замонлар, қишлоқнинг олди йигитларидан бўлган. Бобом ўйчан сўз бошлади.-Ота онасининг тилаб тилаб олган арзандаси эди. Отасининг катта боғи бўлиб у ерда анор етиштирар эди. Анор етиштиришни пири бўлган Юнусбой меваларини чамодонларга жойлаб Москвага ўтказар эди. Авғон деган бало чиқди. Ёлғизини урушдан олиб қоламан деб куп югурган Юнусбой олиб қола олмади. Тоғанг орадан кўп ўтмай Ҳомидбой ҳам армияга кетди. Иккиси ҳам Авғонга тушди. Оллоҳга айтганимиз бормикан тоғангни бир жойи тирналмай қайтиб келди. Бу ўртада ўғлини йўлига интизор бўлиб кунда почтада ўтирадиган она кунлардан бир кун кўчада тап йиқилиб жон таслим қилди. Ёши олтимишга яқинлашиб қолган бўлса ҳам ёш йигитлардек илдам юрадиган Юнусбойга ҳазил қилиб белингдаги пул қувватинг дер эдик. Йўқ. Уни қуввати аёли экан. Хотини ўлдию, икки ойда қадди эгилиб қолган Юнусбой учинчи ойга бориб тушакка михланиб қолди. Бир куни мени ёнига чақирди. Бордим. Бор бисотини кўрсатиб ёлғиз ўғлини менга васият қилди. Бисотида иккита наввоси бўлиб,тоғда чупонда экан.
Ялт этиб ўзига боққан аямга ғамгин жилмайиб олган бобом бош ўйчан бош силкиди.
-Шунинг учун уни тўйида наввос бергандим.
Армиядан қайтган Ҳомидни тоғалари, холалари амма амакилар уйлантириб қўйишди. Мен отаси омонати топшириб енгил тортдим.
Эр кишини бор қиладиган ҳам йўқ қиладиган ҳам аёли эканлигини шу Ҳомид мисолида билдим. Авғондан олган жароҳати туфайли салгина гаплари пойма пой бўлиб чиқадиган йигит йил ўтмай эл орасида, Ҳомид тунда кучага чиқиб кетармиш, тундан тутқаноқ тутиб қолармиш деган гапи чиқди. Илгари шимини дазмоли текислигидан бурга сирпаниб тушса, энди унинг кийим ғижими қат қат бўлиб юрадиган Ҳомиддан аста секин эл ҳазар қила бошлади. Бунга сабаб, аёли томонидан айтиладиган ҳар ҳил гаплар эди... Йиллар ўтаверди. Ҳомидбой энди тўйларда самовар ёқадигае гулах, тўй тугагач ичиб кўчада думалаб ётадиган одамга айланиб қолди. Эркак уйидан ҳаловот топсин экан қизим. Бобомни ҳикоясини жим тинглаб ўтирган аям отасини гапини маъқуллагандек бош ирғаб олди. Бефаросот худо бехабар аёлдан эрни ажал қутқармаса, одамзот қутқара олмас экан. Мана энди Ҳомидни ҳаётини кўр. У кўчада хукиздек ишлаб топиб келган пулини аёли қоқиб олади. Агар бермаса элни бошига йиғади. Эрини айблаш учун туҳматдан ҳам тоймайдиган даражада баттол хотин. Насиҳат қилсанг безрайиб тураверади. Онангдан охирги туҳматини эшитгандирсан?
Бобомни саволини эшитган аям индамай бош ирғади. Эл эл эмас! Оломон! Ким нима деса шуни кутариб ўзидан қўшиб чатиб ёяди. Худди келинг Соҳибадек! Ғазаби жушиб кетган бобом тиззасига мушт туширди. Онангдан шунга ҳафаман. Келинларига ғийбатга йўл беради. Эйй гаииргандан фойда йўқ! Ҳафсаласизлик билан қўл силтаган бобом жим бўлиб қолди.
Бобом назарда тутган буҳтондан мени ҳам хабарим бор эди. Мен ҳам янгамдек Ҳомид акадан жирканиб эшитгандим бу гапларни... Эмишки, Ҳомид ака тунда маст бўлиб бўйи етиб қолган қизини қўйнига кирган эмиш! Бутун қишлоқ оғзида нечи ойлардан буён шу гап. Бу гапларни эшитган Ҳомид акани хотин қариндошлари уйидан чиқиб кетишни талаб қилибди. Оқсақоллар ўртага тушса ўн ёшли қизини гувоҳ қилибди. Қиз ҳам тунда отаси опасини кўрпасига кирганини тасдиқлабди. Қизчасини гапларини эшитган Ҳомид ака қизини йиғлаб қарғабди.
"Бир жойда ўлиб қирқ жойда сасигин! Берган тузимга рози эмасман!" Бобом кафил бўлиб далага олиб кетганмиш....
-Ҳали йиллар ўтади. Балким у кунларни мен кўрмасман! Ҳали Ҳомидни қора деганларга худойим уни поклигини кўрсатиб ибрат қилади. Дераза ортида турган бувимни йиғи аралаш овози келди.
-Отажониси келингиз ёшлик қилибди кечиринг! Бобом жавоб бермади. Кунлар ўтаверди. Бувим айланди ургилди. Аям янгамга бобомни кунглини олиш йўлларини ургатди. Хуллас янгам кечирилди. Соҳиба янгам, хулосада ғийбатга яқин йўламайдиган турт аёл тупланиб ғийбат халтасини очса нари юрадиган аёлга айланди....
Хомид ака тоғамни фермирлик ерида қурилган каталакдек уйчада яшаб тракторидаодамларни оғирини енгил қилиб яшашда давом этди.Мен унга овқат ташийман.....
Бобом айтгандек йиллар ўтди. Аммо, бобом уша кунни кўрди. Чамаси уч йиллар ўтиб, Ҳомид ака арафа кунида тракторининг олд балони ёрилиб кетиб каналга троктори билан қулаб тусатдан вафот қилди. Ҳайит номози, унинг жаноза номозига уланди... Жанозасидан қайтган бобом ўйчан чой хуплади.
-Шаҳид мақомида, ҳайит куни жойига борди. Оллоҳга беадад шукрки ичмай қуйганди. Энди номозга кирганди.Номоз ўқиб масжидга қатнай бошлаганига уч ой бўлганди. Эссиз бир йигит! Ёмон хотин дастидан.... Уни ўлими ҳам ҳавас қилгудек бувиси қаршисида ўтирган бувимга кўз тикди.- Ювишга кирдим. Ишонасанми, жилмайиб ётибди. Худди гудакдек. Юзи чирой очган. Ўликни юзи оппоқ бўлса, унинг икки ёноғи қип қизил бўлиб, худди бир нарсадан уялгандек жилмайиб ётарди.. Фариштаи малаклар келганмикан жонини олганиЁ оллоҳ деб юбордим.
Йиллар ўтди... Турт кун олдин хабар келди. Ҳомид аканинг қизини Қаршида чавақлаб кетишибди. Моргда ўн кун ётган аёлнинг ўлигини нима қилишни билмай туришган экан. Ниҳоят шахси аниқланибди...
Ойбекнинг хабаридан карахт бўлиб қолдим. Мендан атиги икки ёш кичик қизнинг аянчли якунидан қотиб қолдим.
Нега чавақлашибди?
Россиядан пул билан келаётганини билганлар ортидан тушганми билмасам елка қисган дўстимга тикилиб қолдим. Ёдимга бобомнинг сўзлари ва Ҳомид аканинг қарғиши тушди.
" Бир жойда ўлиб қирқ жойда сасигин! " Отанинг қарғиши ўқ дегани шумикан!?
Ҳаёт чархпалак мисол айланаверади... У ўз ковушида биз учун нима олиб келиши бизга номаълум лекин бир нарсага амин бўлиб бораяпман... Чархпалак ковушида нима келиши ўзимизга ҳам маълум даражада боғлиқ экан........


РУСТАМХОН


https://t.me/sinovlarihayot
Қутулиш

Толмас банкдан илк кредитни олганда айни йигит эди. Ялиниб-ёлвориб уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлган хотинига истамаса кетиши мумкинлигини эслатиб қўйди. Иккинчи фарзандини кутаётган аёлга уйга қайтиб бориш ўлим билан тенглини яхши биларди, хотини ҳам бошқа бу ҳақда оғиз очмади. Унча-мунча нарсадан қўрқмас, тоғларни толвон қиладиган кучи, ўзига ишончи ва кичкинагина фермер хўжалиги бор эди. Кенгайтиришни ният қилди. Биринчи йилни амаллаб ўтказди. Қарзларини ёпди, аммо фойда топдими, топмадими, сезмади. Кейинги йил яна фоизга кредит олди, назарида, куни ўтаётгандек моли кўпаяётгандек эди. Йил давомида қарзини тўлаб борди. Моли ўша-ўша, бирпасда тўлов муддати келиб қолар, бор топганини банкка топширар эди.
Уйидан барака кетди, барибир, умидини сўндирмади. Ҳар йили кредит олар, банкдан олаётган пул миқдори ҳар йили ошиб борар, ўғил-қизи ҳам вояга етиб келарди. Ёши элликка яқинлашиб ҳам бу балодан қутула олмади. Бу вақтга келиб минг азобда топган пулларини ойма-ой қарзга устамаси билан тўлаш жонига теккан эди.
Кирар ақли кириб, кексалик эшик қоқаётганда нима учун Аллоҳ судхўрликни ҳаром қилгани ҳақида ўйлай бошлади.
Жавобини ўз ҳаёти мисолида топгандек бўлди. "Агар Аллоҳга таваккал қилиб яшаганимда балки бирим икки бўлармиди? Нажотни Ўзидан эмас, банкдан қидирибман, ҳамма нарсага бирдан, тез эришмоқчи бўлдим-у, бари чиппакка кетди" Жидду жаҳд қилиб қарзларини ёпишга, бу балодан тезроқ қутулишга ҳаракат қила бошлади. Тунлари уйқуси қочиб кетар, муҳрланган қалби очилиб бораётганди.

Эрталаб ўғли чой устида янги машина олмоқчи эканлигини, банкдаги ўртоқлари орқали номига кредит олиб беришини отасидан илтимос қилди.
—Агар фоиз тўлаб улов оладиган бўлсанг, яхшиси бир умр машинасиз ўтиб кета қол, аммо кредит олишингга рухсат бермайман!—деди отаси.Онаси ялт этиб отасига қаради.
Ўғли бундай жавоб олишини кутмаган эди.
—Ўғлим, агар бугун ўлсам, менинг шунча қарзимни бир кунда тўлай оласанми?—деди.
"Пиқ-пиқ" йиғи овози аралаш. "Оллоҳимга шукур!"-деган овоз ҳар иккала эркакни ҳам ўзига қаратди.
—Адаси, ва ниҳоят шунча йил давомида қилган дуоларим ижобат бўпти, худойим қалбингизга урган муҳрни опти, ўзига шукур!

Феруза.Салходжаева

https://t.me/sinovlarihayot
Kulib qo'y
Ziyoda
Men hech kimga dard aytmaydigan odamman. Lekin bazida meni ham kimdur tinglashini hohliman🫠

https://t.me/sinovlarihayot
📚​​​​НОҚОБИЛ ФАРЗАНД

Ўша оқшом Уста Амин бобо Чориқулбойнинг ҳукумат мусодара қилган минг-минглаб қўйлари қирилаётгани сабабли, уларни даволаш учун бойни қамоқхонадан конвой билан олиб келишганини, у жуда оддий усул билан даволаганини ҳикоя қилди. Бойни қамаганларида ўғли билан учраштирган пайтларини айтганда тингловчиларнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Қанча романлар ўқиганман, қанча фожиали саҳифаларни варақлаганман, кўзимдан ёш чиқмаган. Аммо Уста бобо ҳикоя қилган воқеа мендек дийдаси қаттиқ одамни ҳам йиғлатиб юборган эди.

Чориқулбойни ўзи қуриб берган клубга қамайдилар. Бир ўзини эмас, қариндош-уруғларини ҳам қамаб қўядилар. Шу жойда бойни якка-ю ягона ўғли билан бетма-бет қиладилар. Бой: “Яхшимисан, болам, эсон-омонмисан, чироғим?” – дея унга қучоқ очиб келади. Лекин ўғил отасига тескари қараб: “Нега мен бойнинг ўғли бўлиб туғилдим? Камбағал ёки косибнинг ўғли бўлиб туғилсам бўлмасмиди?” – дейди. Шунда Чориқулбой турган ерида ўтириб қолади. Бир оздан кейин чуқур уф тортиб: “Менга қара, ноқобил фарзанд, – дейди. – Мана бу ерга ўтир, ҳали бўз бола эдим, ният қилардимки, бир кун келиб мен ҳам уйланарман, хотиним ўғил туғар, тўй қиларман, деб. Худойи Карим мани ниятимга етказди. Тўй-томошалар билан онангни олдим. Вақт-соати етиб онангнинг бўйида бўлди. Худога илтижо қилардимки, илоҳо, ўғил бўлсин, деб. Онангни еру кўкка ишонмасдим, чунки унинг бўйида менинг зурриёдим, мол-мулкимнинг эгаси, гўштдан айирганим – темир тирноғим бор деб… Ниҳоят сен туғилдинг… Чўлда эдим, суюнчи келтирган чўпонга оқ туя ва уч кишига учта оқ арғумоқ миндирдим, санинг йўлинг оқ бўлсин деб. Сани йўргаклаб чиққан доя кампирга бошдан-оёқ адрас-кимхоб ёпдим, бошингдан кумуш, тилла тангалар сочдим, серуруғ, серфарзанд бўлсин деб бешик тўйи, соч тўйи, суннат тўйларингни ўтказганда ҳам юртга ош бердим. Чавандозлар сани номингни қайта-қайта тилга олиб, давраларда оқ фотиҳа бердилар. Сан ҳамиша бағримда, тиззамнинг кўзида ўтирардинг. Тўй-томошалар қилиб эшигингни очиб бердим. Яхши кўрган қизингга уйлантирдим. Гўдакликдан сани номинг бойвачча эди. Қаерга борсанг, иззат-ҳурматда эдинг. Водариғ! Энди бойнинг ўғли бўлганингдан ор қиласанми? Ўз пушти камаримдан бино бўлган сан ноқобил фарзанд энди отангдан юз ўгирасанми? Шу умидлар билан сенга яхши от қўйганмидим? Ўзим шу қоронғу ертўлада ётсам-да, ташқарида чироғим ёниб турибди-ку, деган умидда эдим… Ё Парвардигор, не гуноҳим бор эдики, ўз пушти камаримдан бўлган фарзанд таъна-ю маломат чилвири билан бўғса!.. Илоё, кўкармагайсан, илоё, тирноққа зор бўлгайсан!”

Таниш миршаблар ҳам йиғлаб юборадилар, турманинг тошлари ҳам бу фарёддан эриб кетгандек бўлади… Бойнинг ўғли ҳушини йиғиб: “Тавба қилдим, отажон!” – дея ўзини отасининг оёғи остига ташлайди. Юзларини отасининг кавшига суртиб, ҳўнграб йиғлайди. Шунда Чориқулбой ўғлининг қучоғидан оёғини суғуриб олиб: “Тур ўрнингдан, ноқобил ўғил, энди от кетди, қорда қоп-қора изи қолди”, дея юзини тескари ўгиради.

Мен сизга айтсам, жўра, Чориқулбойнинг ўша ўғли тирноққа зор бўлиб, хорликда ўлиб кетди.

Отанинг қарғиши – ўқ! У охиратда эмас, шу дунёнинг ўзида нишонга тегади.

© Саид Аҳмад

https://t.me/sinovlarihayot
Ҳурлар эрингизга қилаётган муомалангизни кузатиб боради!!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Аёл эрига бу дунёда озор бермасин. Акс ҳолда ҳур ийнлардан бўлган аёли шундай дейди: "Аллоҳ жазолагур, унга озор берма! У ҳузурингда меҳмон, яқинда сендан ажраб бизга келади".

Имомлар Аҳмад ва Термизийлар ривоятлари.


https://t.me/sinovlarihayot
#мулоҳаза

Шундай ўғрилар борки биздан ўғирлайдиган нарсаларини кўпроқ ўғирлашларини жон деб истаган бўлар эдик...

Бу ўғрилар бизнинг гуноҳларимизни ўғирлашади... Яна қандай йўл билан?!

👉🏻Ортимиздан завқланиб ғийбат қилиш билан,
👉🏻Завқланиб туҳмат қилиш билан,
👉🏻Яйраб иғво қилиш билан гуноҳларимизни «шилиб кетишаркан»...

Биз эса катта-катта гуноҳларимиз тунаб кетилганлигидан гоҳида бехабар ҳам қоламиз. Агар билганимизда эди, ўша ўғриларга раҳматлар айтган бўлардик.

👉🏻 Сизни ғийбат қилишяптими?
👉🏻 Иғво қилишяптими?
👉🏻 Хафа бўлиб ўзизни сиқманг! Балки хурсанд бўлинг. Гуноҳларингизга ЎҒРИ тушди


https://t.me/sinovlarihayot
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
​​СЕВИМЛИ БЎЛИШНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ? УНДА...

– Бошқаларни тинглашни ўрганинг, суҳбатдошингизнинг гапириш эркинлигини чекламанг;
– Камтар бўлинг. Чунки камтарлик севимли бўлишнинг энг таъсирли йўлидир;
– Ҳадеб мақтов эшитиш истагингизни бир четга суриб, руҳлантиришни, бировларни мақташни ҳам ўрганинг, худбин бўлманг;
– Доим хушчақчақ ҳолда юриш қийин. Бу тушунарли. Лекин қўлингиздан келганича ғам-ташвишларингизни яшира билинг;
– Танқидни тўғри қабул қилишни ўрганинг;
– Очиқ юз, ширин сўз кўнгиллар калитидир;
– Ҳамиша аввал салом беринг, сўнг ҳол-аҳвол сўранг;
– Қариндош-уруғлар билан борди-келди қилинг, қўни-қўшни, таниш-билишлар билан яхши муносабатда бўлинг.

"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан.


•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈•
#илоҳий_қонунлар

Бир кишини қанчалик кўп таҳқирласанг ёки ғажисанг, унинг аҳволига тушиш эҳтимолинг шунча кўп ортади. Бу, коинотнинг ўзгармас қонуни. Инсон бир қўяди, бир олади. Билмасдан ўз ҳисобини тугади, деб ўйлайди. Аслида эса ундай эмас.

Ҳеч бир мавзуда амин бўлма! Ўзингни ўзгача деб билма, яъни ўзингга юқори баҳо берма. Халқнинг сен тўғрингдаги эътирофларига ёки мавқеингга, исмингга ёки шуҳратингга асло ишонма! Ҳаётдаги барча зоҳирий зийнатлар (обрў-эътиборлар), совун кўпигидан иборатдир.


Ҳазрати Шамс Табрезий


•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
БИР ОЯТ

"Биз инсонлар орасида дунёдаги ҳаёт кечиришларини ҳам тақсимлаб қўйганмиз!".

Зухруф сураси 32 -оят.

Бировларнинг ҳаётини орзу қилманг. Чунки сиз фақат уларга берилган баъзи нарсаларни биласиз холос. Уларнинг нималардан маҳрум қилинганини эса билмайсиз.
Китобнинг ғилофи бошқа, мазмуни тамоман бошқадир.
Машҳурлик имтиҳондир. Бундан кўпчилик ўта олмаган.
Мансаб фитнадир. Кўпларнинг кўзини мансаб кўр қилиб қўйган. Нима учун яратилганларини унутишган.
Мол-давлат сеҳрлидир, Қоруннинг ақлини олган.
Обрў-мартаба адаштиради. Зулайхо шунинг учун Юсуф алайҳис саломга зулм қилган.

Сиз ҳозир ўзингиз учун энг муносиб ўриндасиз. Бу ҳаётингизни ўзгалар ҳаёти билан солиштираверманг.
Солиштириш билан машғул инсонлар хотиржамликдан, сакинатдан маҳрумлардир. Бунақалар бошқалар билан овора бўлиб ўз ҳаётини ҳам унутиб қўйганлардир!


•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Она бор дунёда яшаш бошқача,
Онани таърифи-ю мехри бошқача.
Тўлса хамки хатто тўқсон ёшгача,
Она бор хаётда яшаш бошқача.

Яшайди онамиз бизларни ўйлаб,
Туну-кун Аллохдан бахтимиз сўраб.
Онасиз қолганлар тўймайди йиғлаб,
Она бор дунёда яшаш бошқача.

Одамда мартаба обрў бўлса хам,
Қўлида миллионлаб пули бўлса хам.
Ёнида Отаси хаёт бўлса хам,
Она бор хаётда яшаш бошқача.

Оналар доимо хурматда бўлсин,
Фарзандин бахтини албатта кўрсин.
Етимлик дардини азоби қурсин,
Она бор хаётда яшаш бошқача.

Етимлик дардини етим билади,
Унинг бу дунёси бир кам бўлади.
Ўзидан ўтканин ўзи билади,
Она бор дунёда яшаш бошқача.

Онангиз умрига умр тилайман,
Бир умр тугалмас бахтни тилайман.
Онаси йўқлардан узр сўрайман,
Она бор хаётда яшаш бошқача.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Қайтиб онанг хизматига бор!
📚ДАРД 14-кисм

— Мен ўз фаолиятимни хаспўшламоқчи эмасман. Тўғри, камчиликлар бор. Хатоим шуки, ўз қарашларимда қатъий турмадим, топилган фойда ҳисобига ишлаб чиқаришни кенгайтириш тўғрисида бош қотиришим зарур эди. Афсуски, унинг ўрнига юқоридан берилган буйруқлар, таг-замини йўқ ажратмалар, шубҳали жамғармалар ариғига сув очиб юраверибман.
Дониёр Даминович ўрнидан оғир қўзғалди. У шу тобда зах жойда ухлаган одамдай бутун бадани увишиб, кўнглига қоронғулик тушганини сезди. Ҳамма бало шундаки, ҳозирги гиналарда ҳақиқат қилич дамидай ярақлаб, турарди. “Ишқилиб, бу корхонага вазирнинг амакиси кўз тикканини билиб қолмаса гўрга эди”. Ҳали бу фикр миясини тарк этмай, Ботир худди оғриқ нуқтага найза санчди.
— Агар кимдир корхонани хусусийлаштирмоқни кўзлаган бўлса, чучварани хом санабди. Мен энди оддий томошабин каби қўл қовуштириб туролмайман. Жамоани қўзғатаман, умум манфаатини қаттиқ ҳимоя қиламан.
Дониёр Даминович миқ этиб оғиз очолмай, қўлига қалин муқовали дафтарини ушлаганича, ташқарига йўналди. Бироздан сўнг Ботир ҳам унинг орқасидан чиқди.
Йўлакда раҳбарлар қадамига пешвоз турган йигитлар тезда ўзларини четга тортишди. Вазир муовини зинапоядан чопқиллаб тушди. Бироқ, машинага чиқишга унчалик шошилмай, Ботирни кутди. Сўнг у билан хайрлашиш учун қучоқ очаркан, аста қулоғига, пичирлади.
— Хўп, ука! Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолсин, бу ёғи бир фикрга келармиз.
У шундай деб, яп-янги “Эсперо” машинасининг орқа ўриндиғига ўзини урди.

                    
Янги йил арафасида қалин қор ёғди. Дарахтларнинг мўрт шохлари қарс-қарс синди. Беҳи, олма каби дарахт новдалари “елка”даги оғир юк залворидан қадди замин қадар эгилди. Табиат бир зумда оппоқ либосга бурканди.
Ботир Аҳмедович буйруғига кўра, қўшма корхонада тушликдан сўнг иш тўхтатилди. Анчадан буён мўмай пул кўрмаган ишчилар қўлларига мукофот теккач, тезда янги йил совғалари харид қилиш учун бозорга чопишди.
Раҳбар ёрдамчиси Акмални чақирди. Қадди-басти курашчиларни эслатувчи, бўйни йўғон йигит қўлига қора чарм муқовали дафтар кўтариб кирди.
— Қоровуллар ишончлими? — қоғоздан бош кўтармай сўради бошлиқ.
— Худди шундай, — ҳарбийларга хос шиддат билан жавоб қайтарди Акмал.
— Жуда соз. Унда, сенга ҳам жавоб.
Бироқ, ёрдамчи жойидан қилт этмади. Бироздан сўнг Ботир Аҳмедович маълумотномадан кўз узиб, ҳамон қоққан қозиқдай турган йигитга савол назари билан боқди.
—Айтдим-ку кетавер, деб...
Акмал тараддудланди. Сўнг юрак ютиб дилига туккан гапини айтишга ўзида журъат топди.
— Ботир ака, Баҳор опамни байрам билан табриклаб қўйинг.
Шу бир оғиз лутф, арзимас туюлган эътибор раҳбарнинг кайфиятини кўтариб юборди. У индамай туриб бориб, Акмалнинг кенг елкасидан қучоқлади.
— Раҳмат, ука! Сен ҳам ота-онангни янги йил билан менинг номимдан қутлаб, уларга сиҳат-саломатлик тила!
Акмал шу мулозаматдан кейин ҳам кетишга шошилмади. Ботир орқасига ўгирилиб, унга ҳайрон тикилди.
— Яна нима дейсан?
— Ҳозир Саломат ая қўнғироқ қилувди.
— Нима гап экан?
— Тинчлик, овқат қилиб қараб ўтирибмиз. Тезроқ келсин, деб тайинладилар.
— Яхши, ҳозир бораман!
Акмал хайрлашиб чиқиб кетгач, Ботир дераза ёнидаги креслога чўкди. Соатига қаради. Вақт ўн беш дақиқа кам ўн тўрт. Унинг тушликка боришга оёғи тортмаётганди. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчидан, онаси “Янги йилни биз билан бирга кутасан”, деб тинчлик бермайди. Иккинчидан, Олиянинг сўзсиз мискин қарашлари, ўғлининг ётсираб туришларини кўриб юраги эзилади. Аммо, оила дастурхонидан давра тўрисини эгаллаб, хонадонга файз киритишининг асло иложи йўқ. Унда байрам ўз аҳамиятини йўқотади. Ахир, Баҳор бир ҳафтадан буён бу кунни орзиқиб кутаяпти.
Ҳойнаҳой, янги либос тиктирган, уйни ёғ тушса ялагудай артиб- тозалаган. Аслида-ку, тозалик бу аёлга теккан касаллик. Ҳафтада бир марта барча хоналарни эринмай артиб чиқади. Ҳар кеч ётишдан аввал мебеллар, ошхона жиҳозлари, ванна унинг назаридан ўтказилади, игнанинг учидай ғуборни қўймайди. Гоҳида Ботир ҳазиллашиб, “Бу одам яш айдиган уйм и ёки касалхонанинг жонлантириш бўлимими?” — деб қўяди.
Шунда у ҳам чеҳраси очилиб: “Тўғри! Жонлантириш гўшалиги айни ҳақиқат, фақат шифохонанинг эмас, бизнинг ихчамгина кулбамизнинг” — дейди.

Умуман, Ботир Баҳорни ҳанузгача тушуниб етмади. Энди бутун табиатини беш панжамдай билиб олдим, деганида, мутлақ кутилмаган фазилати ёки феъл-атворига дуч келиб, ҳатто эсанкираб қолади. Унинг назарида бу ажойиб аёл бутун вужудингни ўзига тортадиган катта китоб, фақат фарқ шуки, бу китоб саҳифаси ҳеч қачон тугамайди. Аниқроғи, ҳар бир кун ўзгача бир саҳифа. Ана шундай битиклар битилган варақни ўқиган сари бош кўтаролмайсан, кун оша қизиқишинг кучайгандан кучайиб бораверади. Арзимаган эътибор ёки бир даста гул билан кайфияти тоғдай ўсади, айни чоқда лабдан учган ихтиёрсиз бир сўз дилига наштар каби санчилиб, анчагача ўзига келолмайди. Яҳшики, Ботир унинг “ўнгу терс” хислатларини мукамал ўрганиб олган. Шу боис ораларидан мушук ўтадиган дамлар жуда оз. Оз-у, барибир ўтади. Бундай пайтларда йигитнинг тавба-тазарруси, кечирим сўраши, эркалашлари Баҳорнинг оғриган кўнглига малҳам бўлолмай қолади. У “ўзи оғриб, ўзи тузалади”. Унга қадар ошиқ қалбига ўт кетади, ўз ёғига-ўзи қовурилади, фироқ азобида эс-ҳушини йўқотарлик даражага етади. Аммо, эрка аёлнинг нози ҳам ярашади. Ҳижрон азоби вужудини қақшатиб, саратон тиғидаги тошдай қиздиргани бир сари, шунинг баробарида ярашганларидан сўнг икки ташна қалбнинг “жиз” этиб бир-бирига қўшилиши ҳар қандай таърифу тавсифдан ташқари. Висол оғушидаги сархуш изҳори ишқлар китобларда битилмаган, ашъорлар қатига сингдирилмаган. Агар ўша тобдаги сўзлардан шеър битилса, мисралардан фикр эмас, олов сачраган бўларди.
— Сизсиз ўтган дамларни умрим сарҳисобидан ўчирганман, — дейди Баҳор кўзларига ёш олиб.
— Дунёдаги барча қийноқларга мингдан, минг розиман, фақат сизнинг фироқингизгамас,—дейди Ботир севгилисининг майин сочларига бош суқиб.
— Севги шунақа оғриқли, изтиробли кечадими, — қирмизи дудоқлар сокин пичирлайди.
— Ишқдайин қувонч, бахт бормикан бу оламда? Билсангиз, унинг озорида ҳам тенгсиз ором мужассам. Муҳаббат худди ўткир тиғли ханжарга ўхшайди. Фарқи шуки, юрагингга санчилганида жароҳатлайди-ю, ўз жароҳатига ўзи малҳам ясайди. Бу ханжардан заҳар эмас, бол томади.
— Ботир ака, мунча яхшисиз. Менга сизни туҳфа этган Яратганга шукр.
— Сиз эса, қалбимнинг доимий баҳорисиз. Сизни учратганимдан буён бошқа фаслларни илғамай қўйганман. Мен учун йилнинг тўрт фасли баҳор. Менинг Баҳорим ҳамиша ёнимда, ёдимда, ҳамиша бағримда. Сиз чиндан-да бағримдаги Баҳоримсиз.
— Қанийди туннинг умри узоққа чўзилса. Қанийди ҳализамон оппоқ тонг отиб, сизни қучоғимдан тортиб кетмаса.
— Ё тавба, мен ҳам худди шу тилакни тилайман. Сиз ширин уйқуга чўмган пайтларингизда сокин чеҳрангизга тикилиб, руҳан осойиш топаман. Биласизми, ҳатто ухлаётганингизда ҳам ойдай юзингиздан ҳаё кўтарилмайди. Гўё фаришталар бошингизда саловат айтиб туришгандай.
— Жоним, наҳотки бедорлигингиздан бехабар хотиржам уйқуга кетган бўлсам. Мени хижолатга қўйманг.
— Хижолатга ўрин йўқ. Бағримдан бешик ясаб, нигоҳим билан эркаласам-у, шунда ҳам ором олмасангиз, бундай ошиқ ҳолига вой эмасми?
Баҳор шундай пайтларда севгилиси пинжига яна ҳам яқинроқ суқилади.
— Тилингиз бунчалар бийрон...
— Қизиқсиз-да. Ғунча завқ бермаса, булбул берилиб сайрармиди?
Энди, айтинг, айб гулдами ёки булбулда?
Баҳор енгилгина тин олиб, Ботирнинг дудоғидан секингина ўпиб қўяди. Кейин оқ билагини бўйнига ташлаб, “Бўлди, энди ухланг, эртага ишга кеч қоласиз” — дея дам олишга чорлайди.
Э ҳ-ҳе, бундай сирли кечалар неча бор уларнинг висол қўшиғига гувоҳ бўлмади, дейсиз...
Тўсатдан телефон жиринглаб, Ботирнинг тотли хаёллари бўлинди. У стол устидаги телефондан қай бири чақираётганини билолмай, бир зум кутди. Кейинги қўнғироқдан сездики, шаҳар телефони экан. Гўшакни қулоғига яқинлаштириши билан юракни орзиқтирувчи овоз эшитилди.
— Жоним!
— Ассалому алайкум, қулоғим сизда, хоним.
— Менга қулоғингиз эмас, ўзингиз кераксиз. Байрам дастурхони соҳибига мунтазир.
Ботир ўйланиб қолди. Айни шу дамда уйдагилар ҳам йўқлашганди. Сезгир қиз бу андишани тушундими, дарров елкасидаги тошни туширди.
— Ҳазиллашдим. Ҳозир салонга бораман, у ердан онамнинг дугонасини табриклагани кираман. Қисқаси кеч соат бешларда уйга қайтаман. Унга қадар сиз ҳам бўшаб қоларсиз. Ҳа, айтмоқчи, ойингизни, Олияхонни, Қодирбекни янги йил билан табриклаб қўйишни унутманг. Хўп, оқшомгача хайр!
Ботир қўшма корхона цехларини яна бир бор кўздан кечириб, навбатчиликка қолаётган ўринбосари Аҳрор Суюновичдан ҳушёрликни оширишни тайинлади.
Ташқари анча совуқ эди. Ёғаётган қор пасайибди, аммо укпар каби ҳавода учиб юрган қор парчалари кўз ва киприкка қўниб, дарров эриб кетади.
Фаррух машина суянчиғини йиқитиб, магнитофондан Охунжон Мадалиевнинг ашулаларини эшитиб ётганди. Бошлиқни кўриб, дарров суянчиқни тиклади.
Ботир орқа эшикни очди. Унинг кайфияти яхши эди. Салонга кириб-кирмай, ҳайдовчисига ҳазиллашди:
— Аканг нима деяпти?
Фаррух атрофга аланглади.
— Қайси акам? — Кейин гапнинг мағзини чақиб, ҳозиргина ўчирган магнитофон тугмачасини босди. Бояги қўшиқ янгради.
— Бирин эркалайман дудоғим билан,
Бировин эркалаб нигоҳим билан.
Яшарман савобу гуноҳим билан,
Кўнглимда бир ёру қўйнимда бир ёр...
Қўшиқ тинди. Фаррух ҳижолат тортиб раҳбарига ийманиб қаради.
— Ашула деб айтишаверар экан-да.
Ботир Аҳмедович ҳайдовчи елкасига қўл ташлади.
— Қайси уйга, деб сўрашга ботинолмаяпсан чоғи?
Бояги мулзамлик бу луқма олдида ҳолва экан. Фаррух базўр жилмайган эди, бурни устида майда ажинлари пайдо бўлди.
— Хижолат тортма, биродар, буни тақдир, дейдилар. Қани “чу”демайсанми?
— Қаёққа бурай, хўжайин?
— Бошинг оққан тарафга.
— Баҳор опамникигами?
— Адашдинг, Баҳорникига бош эмас, кўнгил оқади. Ҳозир уйга бур. Саломат ая ўғлини кўриб, севиниб кетди. Иссиқ уйда китоб титкилаётган Қодирни чақирди.
— Ўғлим, югур, даданг билан кўриш.
Ичкари хонадан ўзига оро берган, ясан-тусан қилган Олия ҳам чиқиб келди. У эрининг қўлидан телпагини оларкан, “Янги йилингиз билан” деб қиё боқди. Бироқ, Ботир ўз хотинини шу тобда Баҳорга ўхшатолмади. Шу боис кўзига жуда тўпори кўринди. Фақат ич-ичигача ботган кўзлари, эрта ажин инган юзларига қараб, дилида ачиниш ҳисси уйғонди.
— Бугун жуда очилиб кетибсизми? — деди у Олиянинг озғин панжаларидан ушлаб. Эркалашни унутган аёл эркалатишни ҳам ёдидан чиқаради.
— Унақа деманг, — деди у худди ўғирлик устида қўлга тушгандай ҳадиксираб. — Бувимнинг ёнида...
Ботир индамай дастурхон безатилган хонага кириб, хонтахта тўридан жой олди. Қодирбек ҳам унинг қаршисига ўтирди. Олия овқат сузгани қўзғалган найти онаизор яна эрталабки пўписасини бошлади.
— Бугун бир қадам ташқарига чиқмайсан. Бас, беш-олти йилдан буён тишимни-тишимга босиб келяпман. Ахир, менинг ҳам неча кунлигим бор, хотининг бу аҳволда. Сезяпсанми, бора-бора ўз оилангга бегоналашиб кетдинг. Ҳатто бор-йўқлигинг билинмай қоляпти. Мендан кейин уйнинг чироғини ўчирмасанг гўрга эди...
Шу амру маъруфдан сўнг Саломат ая йиғлашга тушди. Аммо, бу йиғи юрак изтироби эмас, навбатдаги “профилактика” эканлиги билиниб турарди.
Ботир онасининг муштдай гавдасини ўзига тортиб, эркалатди.
— Хўп дедим-ку, ойи. Шундай қутлуғ кунда ҳам кўз ёши тўкасизми?
Саломат ая дарров тўхтади. Ўғлига астойдил тикилди.
— Мунча бағринг тош-а, болам? Қанийди ҳаммага бирдай бўлсанг? Аммо, айримларга шундай ийиб кетасан-ки.
— Ойи, ҳозир бу мавзу мавриди эмас, илтимос, яхши гаплардан гапиринг.