Qur'oni Karim ma'nolari tarjimasi
2.23K subscribers
27 photos
1 video
9 links
©️ Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf
Download Telegram
179. Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бор-у, тушуна олмаслар. Кўзлари бор-у, кўра олмаслар. Қулоқлари бор-у, эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар. [7-179]
180. Аллоҳнинг гўзал исм-лари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг ва Унинг исмларидан оғадиганларни тек қўйинг. Яқинда қилган амалларига яраша жазоланурлар. [7-180]
181. Ва Биз яратган кимсалар ичида ҳақ ила ҳидоят қиладиган ва у ила адолат қиладиган жамоат ҳам бор. [7-181]
182. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, улар билмайдиган томондан аста-секин оламиз. [7-182]
183. Уларга муҳлат бериб қўяман. Албатта, Менинг «макрим» метиндир. [7-183]
184. Улар ўз соҳибларида мажнунлик йўқлигини тафаккур қилиб кўрмайдиларми?! У фақат ошкора огоҳлантирувчи, холос. [7-184]
185. Осмонлару ернинг мулкларига, Аллоҳ яратган нарсаларга ва, ажаб эмаски, ажаллари яқинлашиб қолган бўлишига назар солмайдиларми? Бундан кейин яна қайси гапга ишонадилар?! [7-185]
186. Аллоҳ кимни залолатга кетказса, унга ҳидоят қилувчи йўқдир. Уларни тек қўйиб қўяди, туғёнларида адашиб-улоқиб юраверадилар. [7-186]
187. Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир»,–деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар»,–деб айт. [7-187]
188. Сен: «Ўзим учун на фойда ва на зарарга молик эмасман. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмасди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмлар учун огоҳлантирувчи ва башорат берувчиман, холос»,–деб айт. [7-188]
189. У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз»,–деб дуо қилдилар. [7-189]
190. Уларга солиҳ(фарзанд)ни берганида эса, Аллоҳ берган нарсада Унга шериклар қила бошларлар. Аллоҳ улар келтирган ширкдан олийдир. [7-190]
191. Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, ўзлари яратиладиган нарсаларни ширк келтирурларми? [7-191]
192. Ва уларга ёрдам беришга қодир эмаслар ҳамда ўзларига ҳам ёрдам бера олмаслар. [7-192]
193. Агар уларни ҳидоятга даъват қилсангиз, сизга эргашмаслар. Уларни даъват қиласизми ёки жим турувчи бўласизми, сиз учун бари бир. [7-193]
194. Албатта, сиз Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётганлар ўзингизга ўхшаш бандалардир. Агар ростгўй бўлсангиз, уларни чақириб кўринг, бас, сизга жавоб берсинлар-чи! [7-194]
195. Ёки уларнинг оёқлари бормики, юрсалар; ёки қўллари бормики, ушласалар; ёки кўзлари бормики, кўрсалар; ёки қулоқлари бормики, эшитсалар. Сен: «Шерикларингизни чақиринг-да, менга ҳеч муҳлат бермай, зиддимга ҳийла-найранг қилаверинг! [7-195]
196. Албатта, менинг валийим–эгам Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни дўст тутадир. [7-196]
197. Ундан ўзга сиз ибодат қилаётганлар сизга ёрдам беришга қодир эмаслар ва ўзларига ҳам ёрдам бера олмаслар. [7-197]
198. Агар уларни ҳидоятга даъват қилсангиз, эшитмаслар. Уларни сенга назар солиб тургандек кўрасан. Ҳолбуки, улар кўрмаслар»,–деб айт. [7-198]
199. Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир. [7-199]