Муҳрим
13.3K subscribers
626 photos
242 videos
1 file
1.66K links
Мурожаат учун — @muhrimchatbot

Тижорий таклифлар учун — @VenkonPRsales
Download Telegram
Муҳрим
Лукашенко ўтган куни Ўзбекистонга ақл ўргатган эди, ўша куни кечга томон блогерларимиз Лукашенкога ақл ўргатишни бошлаган эди, кеча блогерларимиз ҳам, шунингдек, халқаро муносабатлар бўйича бир дунё экспертларимиз (шунча эксперт бор экан, билмай юрган эканмиз)…
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Шавкат Мирзиёев: «Куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот билдирди».

Мана нега тили бийрон депутатларимиз, сенаторларимиз, ТИВларимизнинг вакиллари жим турган экан! Зўр жавоб! Ўша давлат раҳбари кимлигини ҳаммамиз биламиз — @davletovuz уни «Беларусь фуқароси Лукашенко» деб таништирибди ҳатто. Мана шу тўғри таъриф.

Ҳозир «Яратганга шукр» фильмидаги «охири Шекспир акам билан бир-биримизни тушундик» дейдиган телбанамо режиссёрдекман; юзимда бир қитмир табассум, шундайки, бу табассум билан эртадан депутат ва сенаторларимизнинг Лукашенкога қарши оташин постларини ўқишдан бошқа иш қилиб бўлмайди.

Яратганга шукр!
Кўнгилни оғритадиган бирор хабар эшитсанг, у хабар Андижонга тааллуқли бўлса, шу хабарнинг, қоида тариқасида: «Бу ишлар бошида ҳокиимбува турибди эмиш», деган давомиям бўлади-я нуқул https://t.me/davletovuz/14197

Ўзбекистондаги дарахтларга қарши жорий қирғиндан омон қолган ҳар бир 5—10 ёшдан катта дарахтга ҳозирдан ҳар йили медалми, орденми беравериш керак, менимча. «Қаҳрамон дарахт» деганми, шунга ўхшашроқ ном билан.

Президент жорий этган мораторийдан ҳам (ўзи, умуман олганда, ҳеч ким ва ҳеч нарсадан) қўрқмайдиган ҳокимларимиз, экополицияларимиз, экоқўмиталаримиз ва дарахтларимиз ҳимояси учун масъул барча давлат валломатларимизнинг саноқсиз арраларидан «қочиб», кейинги шундай валломатларимиз ҳукмронлигигача эсон-омон етиб олган ҳар бир дарахтимиз, шубҳасиз, миллий қаҳрамонимиздир. Уларни уруш фахрийлари сифатида ардоқлаш лозим.
Ўзи кеч қолмасликка ҳаракат қиламан, лекин бир-икки-уч-тўрт... марта кеч қолганман-да энди, бўлиб туради-ку ҳаммада ҳам. Шу-шу, таниш-билишлар орасида «Муҳрим ўзи кеч қолиб юради», деган фикр шаклланиб қолган. Масалан, охирги 10 сафардан бери чақирилган жойга ҳаммадан биринчи бўлиб келаётган бўлишим мумкин (назарий жиҳатдан шундай деб ҳисоблаб турайлик), шунда ҳам ҳар сафар мендан кейин етиб келган (ёки умуман етиб келолмаганлари ҳам) танишларим: «Ҳо, бу сафар кеч қолмай келибсанми?», деб гап бошлайди, кетма-кет 10-сафар кеч қолмаётганим унинг хаёлида ҳам йўқ (тўғри-да, унга нега керак бу ҳақда ўйлаш), унинг хаёлида фақат «Муҳрим кеч қолиб юради», деган гап.

Шунга ўхшаб, Андижон вилоятидаги бирорта давлат идораси бирор кор-ҳол бўйича бирор расмий муносабат билдиргани ҳақида эшитсам, ҳали муносабат матни, мазмуни билан танишмай туриб, унинг мундарижаси ва кулминацияси тахминан 2018 йил июлида Андижон вилоят ИИБ томонидан берилган ахборот каби абсурд бўлса керак, деб ўйлайман ва кўпинча бу ўйим тўғри бўлиб чиқади. Ўшанда нима бўлганини эслолмайдиган ўртоқлар учун эслатишим мумкин — андижонлик милиционерлар ярим тунда шаҳар кезиб юрган йигитларни ИИБга олиб бориб, уларни урган (ёқа тортиш, тарсаки, шапалоқ дегандек), бу ҳолатни бир киши видеога олиб, интернетга чиқарворган.

Ташқарида 2018 йил, эркинлик шабадалари чорак асрда чангланиб кетган кўнгилларни энди-энди қитиқлай бошлаган даврлар эмасми, жамоатчилик андижонлик шу жабрдийда йигитлар учун оёққа турган, «муштумзўр милиционерлар жазога тортилсин!», деб қўрқмасдан талаб қилган. Шунда Андижон вилоят ИИБ бир зўр ахборот берган: Андижон вилоят ИИБ ходимлари калтак еган йигитнинг отаси билан суҳбатлашганда, ота ўғлини ҳақиқатан ҳам милиционер урганини тасдиқлаган, лекин, шунга қарамай, ИИБ ходимларига ҳеч қандай эътирози йўқлигини айтган, аксинча, ИИБ ходимларидан ўғли билан боғлиқ ҳолатни видеога олиб тарқатган шахсга нисбатан қонуний чора кўриб беришни сўраган.

Ота билан алоҳида гаплашилса, у аслида нима деган бўларди — Худо билади, лекин ИИБга ишонилса (ишониб бўлармиди?) ота мантиқсиз бир илтимос билан чиққан. Андижонда кейинчалик яна шунга ўхшаш ҳолатлар бўлди («Андижонча спектакллар» ёдингиздадир), шундан бери бу вилоятдаги давлат органларининг ҳар қандай муносабатлари, ахборотлари, расмий изоҳларига фавқулодда шубҳа билан қарайдиган бўлдим. Кеча, вилоят перинатал марказидаги дарахтлар кесиб бўлинган вақтда ҳам вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «дарахтлар жойида турибди», деб ахборот берибди дастлаб. Бу ёлғонни очиқчасига рад этувчи фотофактлар чиққач, ахборотини таҳрирлаб қўйибди.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, Андижон вилоятидаги давлат органларининг кўнгиллари хотиржам бўлсин — улар ва уларнинг матбуот хизматлари «булар кўпинча абсурд, ҳатто ёлғон ахборот беради», деган обрўдан тез ва осон қутила олмайди. Мана, айтилган жойга кетма-кет 10-марта ҳаммадан вақтли келсам ҳам: «Муҳрим барибир кеч қолиб юради», деган рутба елкамдан тушмаяпти-ку. Лекин: «Барибир ман ҳақимда шунақа ёмон ўйлайверишаркан, ўзимни тартибга олиб нима зарил», деган хаёлга бормаслик керак, асло! Тузалиш йўлига кириш керак. Энг тўғри ва ҳақ йўл шу. Бошқа ҳар қандай йўл нафақат Андижондаги давлат органларини, балки бутун Ўзбекистон давлат органларини шарманда қилишда давом этади.
Ака Бакироо: “Фикрларим профессионал пропагандачиники билан уйқаш келади деб ўйламагандим”, деб ёзибди, Хайрулла Нуриддиновнинг: “Тошкентга трамвайларни қайтариш керак, менимча. Катта ва гавжум шаҳарга трамвай жуда асқотади. Ҳаммамизнинг эсимизда-ку ўша… қадрдон трамвайларимиз. Билмадиму, балки хато қилаётгандирман, лекин бу шахсий фикрим: агар пойтахт мутасаддиларининг ўрнида бўлганимда, ана шу ташаббус билан чиққан бўлардим”, деган гапини эшитиб.

Муаммо яшириб бўлмас ҳолатга етгач, ҳамма, ҳатто шу муаммонинг муаллифлари ҳам уни ҳал қилиш ҳақида бир хил фикрлай бошлаши мумкин. Шу боис бу сафар профессионал пропагандачининг гапи пропаганда муҳитидан ташқаридаги мантиқан тўғри мулоҳазалар билан уйқаш келганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Қимматбаҳо ва бесўнақай метро қурилаётган бир вақтда фаоллар арзон ва осон трамвайни тиклаш ҳақида гапирмай ҳам қўйганди, шу вақтда ташаббусни профессионал пропагандачи қўлга олгани зўр.

Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, дейдилар. Пропагандани ҳам устаси, профессионали қилиши керак. “Ўзбекистон 24” ишга тушгач, сал сифатлироқ пропаганда кўрамиз деб ўйлагандик (пропаганда умуман бўлмаслигини хоҳлаганимиз билан у йўқ бўлиб қолмайди-ку), маълум муддат кўрдик ҳам шекилли, аммо кейинчалик яна 2016 йилдан аввалги форматга қайтилгандек. Сайлов арафаси “Махсус ракурс”сифат тажрибаларни кўрдик, бир-икки ёндирадиган норасмий кадрларни бергач, оловдан фақат аччиқ тутун қолди.

Мен “Менимча”нинг биринчи сонини кўрмагандим (ҳозир ҳам бунга вақтимни кетказмадим), жамоат транспортига тааллуқли ўринлари (кўп муҳокама бўлгани) боис иккинчи сонини кўрдим. Кўрсатув менга ёқди — бу ҳақиқий, сифатли пропаганда. Ўзинг кўрганингда ҳам асабинг кўп бузилмайди (давлат телеканалининг бош(лиғи)ловчиси: “Давлат яхши бизнесмен бўлолмайди” деб турибди, аввал эшитганмидинг шунақа гапни давТВда?), шимолдаги пропагандачи ўртоқларингга кўрсатишга ҳам кўп уялмайсан.

Тан олиш керак, кўрсатув бошловчиси кучли. Кучи шундаки, у журналист/блогер ҳамкасбларимиз ва пропагандачи ўртоқларимиздан фарқли равишда айнан нимани ўткирроқ қилиб айтиш мумкину, қайси мавзуни айланиб ўтган маъқул — аниқ билади (масалан, мен билмайман). Тўғрисини айтганда, кўпчилигимиз айнан оқибатларни билмаганимиз учун қўрқоқмиз. Бу бошловчи эса айнан оқибатларни билади. Шунинг учун ҳам бемалол, дадил, ишонарли гапиради.

Солиқ қўмита раисига “қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” қабилида ақл ўргатади, Тошкент ҳокимига энг катта телеминбардан тавсия беради ва бунинг учун ҳатто мақтов (табиийки, сизу биздан эмас) эшитишини ҳам билади (мақтовнинг сабаби бошқа асли — ҳар бир ўткир фикрдан сўнг хаёлингда: “Вуй*ля!”, деган чақмоқ чаққач, бошловчи кўринмас андаваси билан ўткир фикрни оҳиста, юмшатиб суваб кетади; юксак маҳорат — енгилмас куч!).

Бошловчи шу қадар ишонарли гапирадики (худди сен ҳақингда қайғураётгандек, дардларингни айтаётгандек), ҳатто энг ашаддий танқидчи ҳам: “Фикрларим профессионал пропагандачиники билан уйқаш келади деб ҳеч ўйламагандим”, деб бошлайди. Ана шунда профессионал пропаганда иш бера бошлаганини ҳис қиласан киши. Шундай — ҳар ишни эгасига, устасига топшириш лозимлиги ҳақидаги навбатдаги ибратли ҳикоя гувоҳига айланганимиз билан табриклайман.

Дарвоқе, агар адашмаётган бўлсам, бошловчи кўрсатув давомида бирор марта президентга нисбатан биринчи шахс кўпликда гапирмади (яъни, “президентимиз”, “давлатимиз раҳбари”, “юртбошимиз” демади). Билиб қўйган яхши, ўртоқлар — шунақа қилса ҳам бўларкан.
“Газета.уз” 25 январдаги свет ўчиши бўйича катта материал тайёрлабди, қозоғистонлик сиёсатшунос, электр энергетикаси бўйича экспертнинг қизиқ фикрларини берибди. Биринчидан, Ўзбекистон томони дастлаб авария Қозоғистон тарафда бўлгани ҳақида ахборот берганди, кейин ўша ахборотини таҳрирлаб, “Қозоғистон” деган жойини олиб ташлабди; кейинроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги вакили 25 январь куни соат 10:57 да Сирдарё ИЭСда носозлик рўй берганини айтибди, Қозоғистон томони ҳам айнан Сирдарё ИЭСдаги авария зимистонга олиб келганини билдирибди (қозоқ эксперти ҳам, ўз манбаларига таяниб, Сирдарё ИЭСни сабабчи қилиб кўрсатибди).

Иккинчидан, қозоғистонлик экспертнинг Ўзбекистонда қурилиши мумкин бўлган АЭС ҳақидаги фикрлари қизиқ. Унинг айтишича, АЭС Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшиб олиш учун мўлжалланган лойиҳа, чунки АЭСнинг ҳатто бошланғич қуввати ҳам шу қадар каттаки, унга Ўзбекистон бозори торлик қилади — Ўзбекистон уни Евросиё иқтисодий иттифоқига шунчаки қўшиб олишларини эмас, чуқурроқ интеграция қилишларини ўзи сўрай бошлайди, дебди. “Евросиё иттифоқига қўшиласизми-йўқми, аммо атом станциясини қуришга қарор қилсангиз, у ҳолда Евросиё энергетика тизимига қўшилмаслигингизни иложи йўқ”, — дебди у.

Қизиқ савдолар.
Wanderlust сайёҳлик портали Ўзбекистонни эрта кузда ташриф буюриш учун энг қулай мамлакатлардан бири сифатида танлабди. Мақолада таъкидланишича, сентябрь Марказий Осиёни кашф қилиш учун энг қулай ой — тоғларда салқинлик ҳукмрон, текисликларда эса ҳаво унчалик иссиқ бўлмайди.

Пандемия даврида, ҳар турли махсус ва махсус бўлмаган комиссиялар пайт пойлаб, четдан келаётганлардан имкон қадар (ҳеч бўлмаса 5 доллардан) пул шилиб олишга ундиришга улгуриб қолай деб турган вақтда ҳам Ўзбекистоннинг мана шундай рўйхатлардан ўрин ололаётганига ҳайрон қолсанг ва хурсанд бўлсанг арзийди.
​​Гап билан бўлиб, “Кун.уз”нинг иккинчи туғилган кунини ўтказворибмизу — 2012 йил 16 январь куни сайтда биринчи материал эълон қилинган.

Ўтган йили “Дарё”га янги келган ёш ва истиқболли ходимлардан бири: “Дарёда чиққан яхши репортажларни ўқишга тавсия қилинг”, деди. Анча-мунча топиб бердим. “Ўзингиз ёзганларингиз-чи?”, деб қолди. Шунда билибман ўзим тайинли ҳеч нарса ёзмаганимни, кўзга кўринарли бирор иш қилмаганимни.

Бундай ўйлаб қарасам, “Кун.уз”даги фаолиятимда ҳам шундай бўлган — майда хабарлар кўп, лекин катта, “ушлаб кўрса бўладиган” бутун нарсалар йўқ ҳисоби. Лекин қилган камида бир ишим ўзимга ёққан — Гулнора Каримова билан гала-учрашувдан онлайн (скриншот ўша онлайндан). Сал дилетантча-ю (ҳар ҳолда, 9 йил аввал), лекин арзирли иш бўлган.

Шу қадар арзирлики, эртасига Гулнора Каримованинг ўзи “Твиттер”да, бўрттириб айтганда, ташланиб қолган. Ташқарида 2013 йил (“қора туш”нинг салкам чўққиси), ташланиб қолган одам Гулнора Каримова. “Пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди”, деган гапни танамда ҳис қилганман. Тер нафақат пешонангдан чиқаркан :)

Шундай қилиб, “Кун.уз”чиларни ва бу лойиҳага алоқадор ҳаммани навбатдаги туғилган кун билан табриклайман!
Ўзбекистон Сенати газ баллон ускунаси ўрнатилган транспорт воситаларининг хавфсизлиги масаласида ҳукуматга сўров юборишга қарор қилибди. Сўров юборишдан аввал бундай сўровга на ҳожатлиги муҳокама қилинибди. Муҳокамада, Сенат матбуот хизматининг маълум қилишича, «2021 йил давомида республика бўйича газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 14 та портлаш ҳамда 2 та ёнғин чиқиш ҳолатлари содир бўлиб, уларда 9 нафар фуқаро жароҳатланган ва 14 нафар фуқаро ҳалок бўлгани» айтилибди.

Сенаторлар 2021 йил ноябрида Фарғонада шу масалада ўрганиш ўтказган эди. Ўрганиш якунлари бўйича бўлган йиғилишда ҳам газ баллон ўрнатилган автомобиллар портлашларига доир кичик статистика берилганди: «2020 йил ва жорий (2021) йилнинг 10 ойи давомида республика бўйича газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 17 та портлаш ҳолати содир бўлган». Ўшанда «Дарё» 2021 йилнинг январь—октябрида камида 14 та, 2020 йилда эса камида 5 та портлаш бўлгани ҳақида ёзганди.

Шундай қилиб, Сенатнинг сўнгги ахборотига кўра, бутун 2021 йил давомида газ баллонли автомобиллар билан боғлиқ жами 16 та нохуш ҳодиса бўлган (14 та портлаш, 2 та ёнғин). Умуман олганда, очиқ маълумотлар бўйича, камида 16 ҳодиса бўлгани рост, лекин, биринчидан, ваколатли органлар (ИИВ, ФВВ) бу 16 ҳодисанинг барини портлаш (ўз тилида «чақнаш», «ёрилиш») деб берган (шунингдек, газ баллон портлаб, кейин ёнғин бўлганми ё ёнғин бўлиб, кейин газ баллон портлаганми — шунисини аниқлаб бўлмаган яна бир ҳодиса бор).

Иккинчидан, бошқа бир нарса эътиборга молик. Сенат ахборотида ушбу 16 ҳодиса оқибатида 9 фуқаро жароҳатланиб, 14 нафари ҳалок бўлгани таъкидланади (жами 23 киши). «Дарё» ИИВ ва ФВВ тузилмалари томонидан берилган ахборотларга таяниб тайёрлаган статистикада портлашлар дахл қилган инсонлар сони 24 нафар эди — 7 киши ҳалок бўлган, 17 киши тан жароҳати олган (дастлабки маълумотлар бўйича). Эҳтимол, вақт ўтиши билан жароҳатланганларнинг бири умумий рўйхатдан чиқиб кетган (нима сабабдан?), яна 7 нафари эса вафот этган.

Бунинг нимаси эътиборга молик? Агар тахминим тўғри бўлса, ваколатли органларимизда нафақат дастлабки маълумотлар бўйича (масалан, бир ҳодиса оқибатида дастлабки маълумот бўйича 2 киши ҳалок бўлган, 3 киши тан жароҳати олган), балки ҳодисанинг тўлиқ якуни бўйича ҳам (масалан, бояги жароҳатланган 3 кишидан яна бири вафот этгани бўйича) алоҳида статистика бўларкан (бўлиши табиий эди, лекин бундай маълумотлар ҳар доим ҳам эълон қилинмайди).

Ундай бўлса, муҳтарам Сенатдан, масалан, Ангренда бўлган фожиали ЙТҲ бўйича ҳам бир ўрганиш ўтказишни сўраган бўлардим — у ерда ҳодиса оқибатида, дастлабки маълумотлар бўйича, 7 киши ҳалок бўлган ва камида 14 киши тан жароҳати олган. Ваколатли органлар эса бу борадаги якуний маълумотларни очиқлашни истамаган эди. Катта эҳтимол билан, ўша воқеа қурбонлари сони кейинчалик 7 кишидан ошган ва 2021 йилда Ўзбекистонда юз берган энг катта қурбонлари ЙТҲга айланган. Бундай фожиаларнинг тафсилотлари яширилмаслиги керак.
Кино вазири Фирдавс Абдухолиқов 20 январь куни рафиқаси, қизи ва ўғли эгалик қиладиган “Севимли” хусусий телеканали кузатув кенгаши раиси этиб тайинланди. Кино вазирлиги хусусий телеканалларга сериал олиш учун давлат пулидан бериб туради, шу боис: “Окагинам шу жойида очиқчасига манфаатлар тўқнашувига йўл қўйвормадилармикин?”, қабилида навбатчи, лекин одатда эътиборсиз қолдириладиган (ахир фақат эринмаганларгина манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаяпти ҳозир) зерикарли савол янгради.

Не ажабки, бу сафар савол эътиборсиз қолдирилмади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳали ҳам тугатилмаганини эслатиб, 21 январь, жума куни кутилмаганда шу ҳолат бўйича ўрганиш бошлаганини эълон қилди. Бу агентлик шу вақтгача нечта шов-шувли ишни ўргана бошлагану, сиз улардан нечтасининг якуни ҳақида эшитгансиз? Бу сафар ҳам шундай бўлади деб кутганди кўпчилик.

Не ажабки, агентлик ҳали нафақат тугатилмаганини, балки ва ниҳоят ишлашни ҳам бошлаб юборганини кўрсатиб, рекорд даражада қисқа вақт — уч кун ўтиб (афтидан, шанбани шанба, якшанбани якшанба демай ишлаган шоввозлар), 24 январь куни манфаатлар тўқнашуви ҳолати тасдиқлангани ва Абдухолиқов бўйича тўпланган маълумотлар Бош прокуратурага юборилганини эълон қилди.

Бош прокуратурага нафақат қанақадир Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, балки ундан каттароқ органлар ҳам озмунча иш юборади дейсизми. Қанчасини қайта ўрганиш керак, қанчасининг қўшимча аниқлаштирадиган, сўраб-суриштирадиган жойлари бор. Бош прокуратура биттагина-ку, қачон улгуради ҳаммасига, э!.. деб ўйлагандирсиз сиз ҳам, ҳар доимгидек?

Не ажабки, Бош прокуратура Фирдавс Абдухолиқовга доир бу маълумотлар келишини худди 2003 йилдан бери кутиб тургандек, 25 январь куни маъмурий иш очиб, ишни жиноят ишлари бўйича (ий?) Чилонзор туман судига оширибди. Биринчи суд мажлиси 27 январда бўлибди ва унда кино вазири Фирдавс Абдухолиқовнинг шахсан ўзи қатнашиб (!), кўрсатма берибди. Замонасининг тезкорлигини-чи — телеканал кузатув кенгаши раислигидан суддаги жавобгарнинг курсисигача атиги бир ҳафта.

Ҳозирги кунда хато қилган, айниқса, мана шунақа “манфаатлар тўқнашуви”га йўл қўйган амалдор камми? Лекин, қаранг, шунақа қилса ҳам бўларкан — битта хатосини ушлаб олиб (ваҳоланки, бунақанги хато ҳам биринчи марта қилинмаётгандир), унча-мунча амалдор эмас, нақ вазирни намойишкорона сазойи қилиш мумкин экан (“кино вазири-ку, бу ҳам бир кино-да энди”, десангиз ҳам, ким билсин, балки ҳақсиз).

Хўп, унда, дейлик, нега қурилиш вазирига нисбатан шундай қилинмайди? Ахир Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг раҳбари ўтган апрелда айтмаганмиди, вазир ва “Трест-12” ўртасидаги яқин муносабатларга доир ҳолатда манфаатлар тўқнашуви ҳали ўрганишлар тугамай туриб тасдиқланганини? Тугаганми ўзи бу ўрганиш? Қачон? Қачондир тугайдими?

Ёки нега ҳар қадами, ҳар қарори манфаатлар тўқнашувидек кўринадиган энг машҳур ҳокими мутлаққа нисбатан шундай қилинмайди, масалан? ОАВда ёзишларича, ҳокимликка бир аёл совға қилган гибрид ҳам аслида ҳокимнинг ўзиники экан — нега Коррупцияга қарши курашиш агентлиги шуни ўрганмайди, “энди, миллий қонунчилигимизда шундай пробеллар ҳам бор-да”, деб гапни олиб қочади? Ўзи қанақа “пробел” йўқ бу миллий қонунчилигимизда?

Шу вақтгача бундан катта баҳоналар бўлганида шунча сўралса ҳам қўйилмаган бундай “кино” нега энди қўйиляпти? Қанақадир ҳисоб-китоб, “ақлни киритиб қўйиш” дарсими бу? Ҳар доимгидек “уй”да гаплашиб олинса бўлмасмиди? 8 млн сўмлик жарима солиниши мумкинлигини билдириб, одамларнинг баттар энсасини қотиришга на ҳожат? Ёки жазо муқаррарлигини кўрсатишмоқчими? Бу, бўлса ҳам, “Хўрланган жазо муқаррарлиги” — ундан ортиғи эмас. Афсуски.

Дарвоқе, кеча, 1 февраль куни, Фирдавс Абдухолиқов “ўз боласи” — ЎзЭОАВМА бошқаруви раислигидан, хабар беришларича, “ўзи сўраб” бўшабди (бу лавозимда унинг ўрнини ким эгаллаганини шу постимга лайк қўйсангиз айтаман) — Абдухолиқов 2003 йилдан, шу ассоциация тузилганидан бери унинг раҳбари эди (ўринсиз хатти-ҳаракатлар учун тўланаётган ҳақиқий “жарима” шу бўлса не ажаб — бунинг баҳоси нечта 8 миллионга тенг эканини фақат ўзлари билишади).
Ғиждувонда жуда қўрқинчли ҳожатхонага дуч келган бир акамиз: “Туалет маданиятини ўргатишимиз керагей одамларимизга”, деб ёзибдилар.

Одамларда туалетдан фойдаланиш маданияти пайдо бўлиши учун, менимча, Ўзбекистонда фақат сайёҳлар учун эмас, балки шу ўлкада юз йиллар, минг йиллардан бери яшаб келаётганлар — оддий ўзбекистонликлар учун нормал канализация тизимини ташкил этиш, оддий ўзбекистонликларнинг уйларига канализацияга уланган туалетларнинг кириб боришини таъминлаш керак.

Россияда ишлаб топган пулига қурилган икки қаватли шоҳона уйида ҳожатини ҳандаққа чиқариб юрган одамларга (масалан, ҳандақда ҳожатни чиқаргач сув оқизиш зарурати йўқ, шундай экан, тарки одат амри маҳол) мажбурлаб туалет маданиятини ўргатиб бўлмайди. Шароит ташкил этилса, катта эҳтимол билан, бу борада бирор нимани ўргатишга ҳам зарурат қолмайди.

Менимча.
Эски-янги алоқа вазиримиз Шерзодхон ака: “‘IMEI керак эмас, IMEI’ни йўқ қилинглар’ деган гаплар тагида бошқа сабаблар турибди: ноқонуний бозордан ‘доля’ олиб, фойда қилиб турганларнинг лоббиси турибди”, — дебди. Тавба, тавбалар қилдим-ей! А бу мен ҳавас қилиб юрган @davletovuz акам ҳам одам-подаммас экану, а? Ўзи чет элма-чет эл юришидан сезардим бу акамнинг бир балоси борлигини — ишсиз одам худди бир катта бизнесмендек бунақа дунё айланавермайди-ку, тўғрими? Қаердан “доля” олиб тургани аниқ! Энди тушундим — ҳар чет элга чиққанида Ўзбекистондаги телефонфуруш раҳнамоларининг топшириғига асосан Жаҳон банкидаги катта телефонфурушлар билан музокара ўтказиб, ойига бир-икки контейнер телефонни Ўзбекистонга контрабанда йўли билан ўтказишни ҳал қилиб келаркан-да (божхонадагилар ҳам “лох” экан-да, қаранг, шунча вақт билмаган бу акамнинг қилиб юрган ишларини). Хаҳ, соддалигим қурсин-а! Қани энди бирортанг Шерзодхон акамни туҳматчи деб кўр-чи! Билмаса гапирмайди у, камига Америкада ўқиб келган, мияси очиқ, дунё кўрган эски шаҳарлик; давлат шу одамни министрликка лойиқ деб билибдими, демак лойиқ — давлат бир ишни билмай қилмайди. Давлат танлаган министр на алдоқчи, на туҳматчи бўлиши мумкин! Давлетовуз, сен бўлса Жаҳон банкидаги танишларинг билан бирга ўзингни йиғиштириб ол, охири ёмон бўлади, бола!..

Майнавозчиликни бир четга суриб, жиддийлашадиган бўлсак, халқ таълими вазири сифатида “Кундалик” деган халқнинг қарғишига учраган чала-тизимнинг бошида туриб берган Шерзод Шерматовнинг алоқа вазири сифатида IMEI ҳақида айтган гапларини ўқиб хаёлга келган биринчи фикр: WTF?!

Дейлик, сенга бир дастурий таъминот керак, бир-иккита мақбул вариантини топдинг ҳам, лекин улар пуллик. Яхшигина қиммат. Бирдан шунча пул сарфлаб сотиб олишга қўрққулик — дастур сен кутганчилик бўлмаса-чи? Шунинг учун кўплаб пуллик дастурларнинг “синаб кўриш” даври бўлади. Худди янги машина сотиб олишдан аввалги “тест-драйв”дек. Биринчи таассурот алдамчи бўлиши, худди “тест-драйв” вақтида алданиб қолиш мумкин бўлганидек, афтидан, “Америкада ўқиб келган” вазир борасида ҳам унинг “пробний периоди”да алданиб қолганмиз, шекилли.

“Тузукроғи шу”, деб ўйлаганимиз кўнгилдан чиқариб айтилган муаммоли масалани ҳал қилиш ўрнига, бу муаммо ҳақида гапираётганларни “‘доля’да ўтирган аюҳанносчилар” деб фолбинлик қилиши — ачинарли. Бўлганда ҳам, бу вазирга эмас, балки унга ойлик тўлаётган халққа ачинарли. Тўғриси, бу гапни интернет ва умуман ҳар қандай янгиликни душман сифатида кўрувчи бирор 80-90-100 ёшли амалдор айтса ҳам ҳайрон қолмас эдим, аммо айнан 80—100 ёшли демагог ва бюрократ айтиши керак бўлган гапни гўёки энг умидли ёш вазирлардан бири айтганига ақлбовар қилмайди.

Начора, шармандаларга шаҳар кенг. Шўримиз қурисин. Эҳтимол, қуригани шудир.

#фаросатсизлик #инсофсизлик
Сўнгги вақтларда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб кетганига “права”ни ўқимай сотиб олиш одатий ҳолга айланиб қолгани сабаб бўлаётгани ҳақида кўп гапирилди. Ҳатто бу гаплар таъсирлироқ чиқиши, жамоатчилик бирор чиройли безакланган таклифга: “Ҳа, мана шунақа қилиш керак”, деб юбориши учун “ЙТҲ қурбонлари сони ковид қурбонлари сонидан ҳам ошиб кетди” қабилидаги жуда баҳсли (аммо расмий маълумотлар бўйича бехато) муқобил ҳақиқатлар ҳам айтилди.

Бу оғир вазиятни тўғрилаш мақсадида 2022 йил 2 февраль куни (яъни, кеча) Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи биринчи бўлиб YIM (Ягона имтиҳон маркази) деган компанияга берилибди. “Лицензия олган бўлса, энди нимадир қилишса керак”, деб ўйласангиз хато қиласиз — ҳаммаси лицензияни олишдан анча аввал қилиб бўлинган, бу видеодаги каби чиройли ўқув полигонини бир кунда қуриб, фойдаланишга топшириб бўлмайди-ку (шу жойида бир савол — ўзи аввал шунча қурилиш, харажат қилиб кейин лицензияга ариза бериш керакми ё аввал лицензия олиб, кейин ишга киришиш керакми?).

Компания сайтидаги “Алоқа” бўлимида Гугл-харитадан геолокация қўйилган. Геолокациядаги манзилга Autodriver Study деб ёзилган. Гугллаганда бир хусусий автомактабнинг Инстграми, Фейсбуки, сайти чиқди: Инстаграм ўчирилган, сайти эса кеча лицензия олган YIM’нинг сайтига қайта йўналтиряпти; дарвоқе, Гуглдаги маълумот бўйича, Autodriver Study’нинг телефон рақами (78) 120 20 02 — кеча лицензия олган YIM’ники билан бир хил. Статқўм маълумоти бўйича, Autodriver Study’нинг директори Даниэл Бурке — YIM’нинг раҳбари ҳам Даниэл Бурке; Статқўм бўйича, икки компания манзили ҳам бир хил — Файзли, 87.

“Веб.Архив” маълумоти бўйича, Autodriver’нинг иккита филиали бўлган — бири ҳозирги YIM’нинг ўрнида, иккинчиси Навоий кўчаси, 1-уй манзилида (худди шу манзилда “Автотест” инновацион автомактаби филиалларидан бири бўларди). Дилшод Шуҳратович Жўраев — Autodriver Study’нинг 100 фоизи эгаси. OrgInfo маълумотига кўра, Дилшод Шуҳратович Жўраевнинг Innodriver Study деган фирмаси ҳам бор (қизиқ жиҳат — 2017 йил октябрда очилган Autodriver’нинг э-мейли autodriver.study@mail.ru бўлса, 2017 йил ноябрда очилган Innodriver’ники innodriver.study@mail.ru).

Innodriver Study компаниясининг манзили сифатида Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 21-уй кўрсатилган. Масалан, Avtotest ва Avtotest 2.0 савдо белгиларининг эгаси ҳисобланган “Автотест Репорт” компанияси, шунингдек, бир вақтлар пойтахт туманлари учун алоҳида-алоҳида очилган (ва кейинчалик тугатилган) “Автотест” компаниялари ҳам худди шу манзилда жойлашган.

Ким билсин, балки ҳаммаси шунчаки тасодифлар, шунчаки ўхшашликлардир.
Муҳрим
Сўнгги вақтларда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб кетганига “права”ни ўқимай сотиб олиш одатий ҳолга айланиб қолгани сабаб бўлаётгани ҳақида кўп гапирилди. Ҳатто бу гаплар таъсирлироқ чиқиши, жамоатчилик бирор чиройли безакланган таклифга: “Ҳа, мана шунақа…
Лекин ўзи имтиҳон маркази чиройли чиқибди, видеосида (бу ерда эса фоторепортаж) кўрганим бўйича ёқди -- бир имтиҳон топшириб кўрардим (ўтолмай қолсам, “права”мни олиб қўймасликлари шарти билан ;) бугун катта блогерлар ҳам ўтолмабди-ку имтиҳондан).

Ҳар не бўлганда ҳам, имтиҳонлар айтилаётганидек тўла ҳаққоний, умуман таниш-билишчиликсиз ўтса бўлди. Ҳайдовчилик маданияти ўсар, ЙТҲлар сони бироз бўлса-да камаяр шунда.
​​«Azbobooks»дан 28 февральга қадар қуйидаги рўйхатдан 3 та ва ундан ортиқ китобни харид қилинг ва Ўзбекистон бўйлаб бепул етказиб бериш хизматидан фойдаланинг!

Бу таклиф айниқса Ўзбекистоннинг чекка туман ва қишлоқларида яшаётган китобхонлар ва онлайн таълим олаётган талабалар учун жуда фойдали!

1. Дункан Кларк: Alibaba. Жек Ма бунёд этган маскан - 45000 сўм
2. Жим Коллинз: Яхшидан буюкка (Good to great) - 69000 сўм
3. Жереми Дронфид: Отасининг ортидан Освенцимга кетган бола - 55000
4. Марк Менсон: Ҳаммаси расво. Умид ҳақида китоб - 39000 сўм
5. Жюль Пайо: Ирода тарбияси - 49000 сўм
6. Ҳадича Кубро тонгар: Бақирмайдиган болалар - 39000 сўм
7. Абдуфаттоҳ Абу Ғудда: Уламолар наздида вақтнинг қадри - 45000 сўм
8. Андрей Парабеллум: Қоидаларсиз бизнес - 55000 сўм
9. Евгений Замятин: Биз (антиутопик роман) - 39000 сўм
10. Энтони Бёржесс: 1985 - 49000 сўм
11. Жеймс Клир: Атом одатлар - 45000 сўм
12. Филип Котлер: Маркетинг А дан З гача. Ҳар бир тадбиркор ва менеджер билиши зарур бўлган 80 концепция - 49000 сўм
13. Жон Девидсон Рокфеллер: Миллиардернинг хотиралари - 44000 сўм
14. Сет Годин: Бинафшаранг сигир (Бизнесни таниқли қилиш бўйича) - 49000 сўм
15. Сет Годин: Буни маркетинг дейдилар - 69000 сўм

Жами: 15 та китоб 740 000 сўм.

Шунингдек сиз 14 февраль — "Халқаро китоб совға қилиш куни" муносабати билан 15 та китобни бир вақтда харид қилсангиз, 15 % чегирмага ҳам эга бўласиз!

Чегирмадаги сумма: 629000 сўм!

Буюртма учун:
Телефон: +998555000207

Телеграм: @azboboooks

@azbouzshop - энг сара китоблар дўкони!
Твиттерда электрон почта (email)ни ҳар куни текширасизми деган савол билан сўровнома ўтказгандик. Сўровномада қатнашганларнинг 43 фоизи ҳар куни текшираркан:
https://twitter.com/baqiroq/status/1488927127223345155

Кўп жиҳатдан Телеграмга боғланиб қолган ўзбекзабон интернет-фойдаланувчилар оммаси учун, менимча, етарлича катта кўрсаткич бу. Ўзим ҳам авваллари ҳар куни текширардим, ҳозир эса йўқ, ҳафталаб кирмайман почтага, зарурат йўқ чунки -- бутун мулоқот Телеграмга кўчиб қолган.
Давлат қудратли. Бунга шубҳа йўқ. Охирги икки-уч йилда бу қудратни бўй-басти билан кўриш имконини берадиган икки-уч кўнгилсиз ишлар бўлди (локдаунлар, вайронкор шамоллар ва бошқа табиий офатлар, Сардоба, Сўх, Афғонистон ва ҳоказо), ҳаммасида кўрдик (бахтга қарши, қудрат кўпроқ нохуш воқеалар вақтида кўринади ва кўриниши ҳам керак). "Давлатимизнинг қудрати бор экан, фалон бошқа давлатда шундай бўлганида, аллақачон тўкилиб тушарди", дедик, тан бердик. Муҳими, қудрат бор, биламиз, билишади.

Одамни ўйлантирадиган саволлар кўп, лекин айни дамда (куни кеча тарқалган хабарлар сабаб) бир савол қийнаяпти: нега шундай қудратли (экополицияси, экоқўмитаси, прокуратураси ва шу йўналишда яна бир қатор ташкилотлари бор) давлат Юнусободнинг Шаҳристонидаги бир ҳовуч дарахтни ҳимоя қилолмаяпти? Бу масалада давлатнинг ресурслари шу дарахтларнинг ёнида яшайдиган оддий одамларникидан кўра кўпроқ ва каттароқ, аммо шу одамларникичилик ҳам ҳаракат кўринмаётгандек, негадир (дарахтлар олдидаги навбатчилик — асло қудратли давлатнинг иши эмас, кўпроқ чорасизликдек).

Бу дарахтларга уюштирилган иккинчи (!) суиқасддан сўнг (қўлида арраси бор "ниқоб таққан номаълум шахслар" 4 та дарахтни кесиб кетган), шу дарахтларнинг ёнидада яшайдиганлар келаси сафар экополиция ва прокуратура "номаълум шахслар"ни излаб топишга қийналмаслиги учун ўз ҳисобидан камера ўрнатган. Шу камералар шарофати билан дарахтлар турган ер учун ҳар қандай ваҳшийликка тайёр одамлар уларнинг остига қандай қилиб бетон қуяётганини кўрдик.

Тасаввур қилинг, Шаҳристондаги бу дарахтлар аслида дарахт эмас, одам (баъзан муаммони англаб етиш учун шундай ўхшатишлар ҳам керак бўлади). Дастлаб бу "одам"лардан 10 тачасига "ўлдирадиган" даражада жароҳат етказиб кетилди. Кейин, такрор бўлса-да таъкидлаш жоиз, "ниқоб таққан номаълум шахслар" шу "одам"лардан 4 тасини ростмана "ўлдириб кетди". Энди қолган жароҳатланган ва ҳали жароҳатланишга улгурмаган "одам"ларни бир йўла "ўлдириб қўя олиш" учун уларнинг остига сифатли бетон қуйилди. Ваҳшийликми? Ўта кетган ваҳшийлик.

Бошқа томондан, шу ернинг қонуний эгалари ёки унга эгалик қилмоқчи бўлаётганлар камида учинчи марта жуда қўпол, бизга ваҳшийликдек кўринаётган ишга қўрқмай қўл уряпти ("мол аччиғи — жон аччиғи" дегани шудир балки) — бу ҳам, эҳтимол, давлатнинг қудратига солинган бир соядек, нафақат шу дарахтларни ҳимоя қилаётган одамлардан, балки қудратли давлатдан, унинг мораторий ва жиноят ишларидан ҳам қўрқмасликни очиқ-ошкора намойиш қилишга уринишдек. Ҳар ҳолда, шундай талқин қилиш ҳам мумкин (оҳ, бу талқин дегани қандай бало!).

Қандай талқин қилинса ҳам, хоҳлайсизми-йўқми, ёқадими-йўқми, шу бечора дарахтларнинг аҳволини кино вазириники билан боғлиқ жараёнга таққослагинг келади. Кино вазири қонунни бузганидан бир ҳафта ўтар-ўтмас судда кўрсатма бераётганди. Бу ҳам бўлса давлатнинг қудратидан — қонунни бузса, ардоқли вазир ҳам аяб ўтирилмайди, дегандек сигнал гўё. Лекин бу дарахтга суиқасд қилганлар бўйича ҳали ҳам бирор тайинли гап, уларга нисбатан қандайдир чора кўрилиши ҳақида мужда йўқ.

Давлат шу ва бошқа дарахтларни ростмана ҳимоя қила олмаслигига, уларга арралар ва бетонлар қандайдир навбатчиликларсиз ҳам ортиқ хавф солмаслигини таъминлай олмаслигига ишониш жуда қийин. Ким билсин, сўнгги икки-уч йилда чиндан қудратли эканига гувоҳи бўлганимиз давлат, эҳтимол, айни шу ҳолатда бу дарахтларни ҳимоя қилишни шунчаки хоҳламаётгандир.

PS. Тадбиркор бу ерни аукционда ютиб олган, дейиляпти. Худди Паркентда археологик ёдгорликни ғиштга айлантириб юбориб, Ўзбекистонга камида 1,5 триллион сўм зарар етказгани айтилаётган тадбиркор каби. Агар ерни олиш бўйича жараёнда ҳаммаси қонуний кечган бўлса (дейлик, манфаатдор гуруҳлар у ёки бу ерларни аукционга чиқарувчи масъуллардан айнан шу, дарахтлар ўсиб турган нуқтани аукционга чиқариб беришни сўраб (албатта текинга эмас), сўнг уни ортиқча рақобатсиз сотиб олмаган бўлса), у ҳолда давлат шу вақтгача "қўлидан келган" ҳамма ишни қилган бу тадбиркорга нафақат чора кўриши (суиқасдлар учун жавобгарлик бўлиши керак), балки ёрдам ҳам бериши керак.
​​Мотивацияси бор одам — кучли одам. Ҳеч бўлмаса "эплолмайди, фақат кар-кар қилишни билади", деб йиқилишингни кутиб турган одамларга айнан эплай олишингни исботлаб қўйиш истаги ҳам — зўр мотивация. Ҳозирги ЎзПФЛ менга ҳозир шундай кўринади. Ўзбек футболида ўн йиллар давомида шаклланган ва гўёки бузиб бўлмасдек кўринган "анъаналар"ни бузишни, йўққа чиқаришни бошлаганида ҳатто шу вақтгача шу "анъаналар"ни йўқотиш кераклиги ҳақида оғиз кўпиртириб келганларни ҳам ўзига душман қилиб олган бу ЎзПФЛ ҳозир давлат ташкилотларига ҳам ўрнак бир нодавлат ташкилотга айлана олди, менимча. Ҳар томонлама эмасдир балки, лекин кўп томонлама.

Масалан, менинг чала-чулпа кузатув бўйича билганим шуки, ЎзПФЛ деярли ҳар бир инқирозли ҳолатни ўзи учун фойдали бир жараёнга айлантира олади. Инқироз шу ташкилотнинг айби билан юз берган бўлса, айбини тан олиб, узр сўрайди (ЎзПФЛ ва унинг раҳбари Диёр Имомхўжаевнинг узр сўрашини футбол жамоатчилиги мемга айлантириб бўлган — Ўзбекистонда ҳеч бир раҳбар унчалик кўп узр сўрамаса керак), чунки оддий ҳақиқат шуки, "эгилган бошни қилич кесмас". Агар инқироз ЎзПФЛ имкониятларидан ташқарида, ташқи таъсирлар туфайли юз берган бўлса, ташкилот муаммо сабаб(чи)ларини (деярли) очиқ айтади. Ҳар хил шубҳа-гумон, фитна назарияларига ўрин қолдирмай.

Ўтган ҳафта ЎзПФЛнинг жамоатчилик олдида берган очиқ ҳисоботи ҳам эътиборга молик, ғирт янгилик. Такрор бўлса-да, яна таъкидлашим керак — буни халқ томонидан ёлланган, халқ пулига ишлайдиган давлат ташкилотлари ҳам айнан ўрганиши керак. Ҳисоботда ЎзПФЛ қанча пул ишлаб топгани-ю, қанча пул ишлатганини охирги бир сўмигача кўрсатган. Масалан, кўпчилик 1350 тўп учун салкам 1,5 миллиард сўм ишлатилганини сарлавҳага олиб чиққан, шу рақам устида кинояли фикрлар билдирган, "бефойда футбол"нинг бир тўпи учун шунча пул сарфлаш қанчалик мақсадга мувофиқлигини савол остига қўйган.

Киноялими, киноясизми, шундай савол қўйилишини нормал, қўйилиши ҳам керак. Муҳими, бундай саволлар жавобсиз қолмаслиги керак. Диёр ва ЎзПФЛнинг бошқа масъуллари ҳисобот ва ундан кейинги матбуот анжуманида шу каби саволларга атрофлича жавоб бериб кетган. Яъни, қандай савол берилмасин, бирортаси жавобсиз қолдирилмаган. Масалан, бу йил "Ўзбекистон Суперлигаси" номи остида амалда "Тошкент Суперлигаси" бўларкан — Сурхондарё, Жиззах, Навоий жамоалари ҳам Тошкентда ўйнамоқчи экан (улар ўз стадионлари ва майдонларини ЎзПФЛ талаби асосида таъмирлаб, тузатишни бошлаган). Диёр нега шундай бўлаётганини, муқобил йўллар қидирилаётганини эринмай тушунтирган.

Энг асосийси, бир замонлардагидек "Олий Лигада ҳар бир вилоятда биттадан жамоа бўлиши керак", вилоят жамоаси стадионида мухлисларга, майдонида футболчиларга бир грамм ҳам шароит бўлмаса-да "ўз уйида ўйнаши керак", "давлатимиз зўр стадионлар қуриб берган", "ҳар қандай шароитда ҳам мусобақаларни ўтказиб ташлашга қудратимиз етади", деган демагогиялар йўқ. Аччиқ ҳақиқатлар борича айтиляпти, шунча йил спортга шунча эътибор берилгани билан, бу эътибор косметикадан ортмагани, футбол ўйнаш учун Тошкент, Қарши ва Яйпан (!)дан бошқа жойда нормал шароит йўқлиги билдириляпти.

Хуллас, ҳар бир ташкилот йил якунлари бўйича шундай ҳаққоний ҳисобот бериши кераклигини билиб яшаса, шуни билгани ҳолда фақат асосли харажатлар қилса, эҳтимол, ҳавойи мақсадлар учун ортиқча харажатлар ҳам бўлмайди, ташкилотларнинг масъуллари эса жамоатчиликка олдига чиқиб, ўткир саволларга жавоб беришдан ҳам қўрқмайди. Менимча.

Суратда — ҳисоботдан кейин Твиттерда устозимиз томонидан қолдирилган ва менга жуда ёққан фикр
​​Нодир Нортўраев яқинда "Газета.уз"да милоддан аввалги 500 йилдан то ҳозиргача Ўзбекистон ҳудудида бўлган давлат тузилмалари ҳақида қизиқарли материал тайёрлади (асосий куч видеога йўналтирилган). Куни кеча у билан шу материал ҳақида оз-моз гаплашдик. Унинг хариталарида Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги 1880-йилдан Россия империяси таркибига кириб кетган, 1920—1924 йиллар оралиғидаги Бухоро ва Хоразм халқ совет республикалари йўқ экан.

Ўзимча: "Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини 1920 йилгача мустақил қолдираверса бўларди, БХСР ва ХХСРни ҳам алоҳида кўрсатиш керак эди", дегандек ақллилик қилдим. Кейин барибир манбаларни бирров "варақлаб чиқдим", эсимга тушди — Бухоро 1868 йилдан, Хива 1873 йилдан Россия протекорати бўлган, фақат 1917—1920 йиллар оралиғида бир муддат нисбатан мустақил бўлган бўлгардир; БХСР ва ХХСР ҳам, дейлик, Файзулла Хўжаев қанча ҳаракат қилмасин, барибир Совет Россияси таъсирида эди.

Қараб турсанг, Бухоро амирлиги ҳам, Хива хонлиги ҳам, БХСР ҳам, ХХСР ҳам мустақил давлатлар — чегаралари, валютаси, рамзлари бор. Лекин, айни вақтда, мустақил ҳам эмас. Худди ҳозирги Беларусдек. Эски Бухоро ва Хива ҳамда янги Бухоро ва Хоразм айнан ўз бошида турган раҳбарлар сабаб мустамлакага айланганидек, Беларусь ҳам ҳозир ўз бошида турган мўйловли фуқароси сабаб мустақил эмас.

Беларуснинг бу фуқароси шу қадар ғалатики, унинг гаплари Россиянинг энг жирканч пропагандачисини ҳам ўйлантиради: "Беларусь раҳбари Россия армиясининг полковниги бўлишни хоҳлаши ғалати эмасми?", деб савол беради у ҳам. "Буниси энди менинг муаммоим, Путин эса берган ваъдасини бажариб, полковник унвонини берсин" — бу Лукашенконинг ўша, ҳозир бизнинг асабимизга тегаётган интервьюсидан олинган бошқа парча. Соғ одамнинг гапи эмас бу. Масхарабоз деган таъриф мосроқ бу гапларни айтаётган одамга. Асаббузар масхарабоз.

Шу вақтгача Кремлнинг бошқа бир асаббузар масхарабозини билардик. Асабимизга тегаётганига 30 йилдан ошиб кетгани учун ҳам унинг маза-матраси йўқ гапларига эътибор бермасликни бир қадар ўргангандик. "Ҳа-а, Жириновский айтибдими бу гапни?", деб қўл силтаб қўярдик (ваҳоланки, у деярли ҳар доим қўрқинчли нарсалар ҳақида гапиради, масалан, яқинда "биз уруш қилиб бормаймиз, лекин айтганимизни қилмасаларинг, сизларда бирдан свет ўчиб қолади, ким ўчириб қўяркин, билмадик", қабилида видеоси ҳам тарқалди). Энди шу Жириновский деган бало иккита бўлибди. Кўргилик.

Лукашенко ҳозир НАТОни тиз чўктиришга уринаётган, лекин аслида Чеченистонга ҳам кучи етмайдиган хожасининг дилидагини тилга чиқараётган бир кимса, бунга ортиқ шубҳа йўқ. Унинг иттифоқ ҳақидаги гапларини эътиборсиз қолдириб бўлмайди, албатта. Эҳтимол, энди аввалгидек жавоб бериш шарт эмасдир — чунки энди бу "ит" тинмай акиллайди, унинг ҳар акиллашига жавоб бериш шарафсизлик.

Эътиборга олиш керак бўлган жойи шуки, унинг бу сассиқ гапларини "биз билан яқинлашманглар", деган огоҳлантириш сифатида қабул қилиш мумкин. Шунисига ҳам шукр. Балки, шу баҳона, кейинги 10—15 йилда қандай қадамлар қўйишимизни режалаштириб олармиз, XIX аср охиридаги Бухоро, Хива ва Қўқон, XX аср бошидаги Бухоро ва Хоразм давлатлари йўл қўйган хатоларни такрорламаслик чораларини излаб топармиз. Бу масхарабоз чоллардан эса дўст чиқмайди.
Кунни яхши янгилик билан бошлаш барчамиз учун фойдали бўлса керак.

Korzinka нинг ўзбек тилидаги канали Телеграмнинг тасдиқ белгисига эга бўлибди. Дўконлардаги янги маҳсулотлар, чегирма ва акциялар ҳақида тўлиқ маълумотни шу ердан топишингиз мумкин.

☑️ Ўзбек тилидаги Телеграм – t.me/korzinkauzb
☑️ Рус тилидаги Телеграм – t.me/korzinkauz
☑️ Facebook – fb.com/korzinkauz
▫️ Instagram – instagram.com/korzinkauz
▫️ Twitter – twitter.com/KorzinkaUzbek