MJTK | O‘zbekiston Respublikasi
13.8K subscribers
8 photos
24 links
Download Telegram
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ

ХIХ боб. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
269-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш вазифалари

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш вазифалари: ҳар бир ишнинг ҳолатини ўз вақтида, ҳар томонлама, тўла ва объектив равишда аниқлаб чиқишдан, бу ишни қонунчиликка мувофиқ ҳолда ҳал этишдан, чиқарилган қарорнинг ижросини таъминлашдан, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитларни аниқлашдан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашдан, қонунийликни мустаҳкамлашдан иборатдир.
269-1-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, ишни кўриб чиқиш жараёнида орган (мансабдор шахс) томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар, шунингдек қоғозда расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида шакллантирилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар электрон шаклда шакллантирилганда ишда иштирок этувчи шахслар органга (мансабдор шахсга) ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишга ҳақли.

Ишлар электрон шаклда шакллантирилганда ишда иштирок этувчи шахслар томонидан судга тақдим этилган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, орган (мансабдор шахс) томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишинча органнинг мажлисида раислик қилувчининг ва котибнинг ёки ишни кўриб чиқувчи мансабдор шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни электрон шаклда бошқа органга топшириш ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги электрон шаклда шакллантирилган ишларнинг қоғоздаги кўчирма нусхалари бўлиши мумкин.
269-2-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишда иштирок этувчи шахсларнинг мурожаатлари

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва муддатларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан мурожаат қилишга ҳақли.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкин.

Иш ҳолатлари ҳужжатларнинг фақат асл нусхалари билан тасдиқланиши лозим бўлганда, шунингдек бошқа зарур ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган органнинг (мансабдор шахснинг) талаби билан ҳужжатларнинг асл нусхалари тақдим этилади.
270-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
271-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар

Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим:

1) маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса;

2) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш пайтида шахс ўн олти ёшга тўлмаган бўлса;

3) ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизликни содир этган шахс ақли норасо бўлса;

4) шахс ҳаракатни зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса;

41) шахс ҳаракатни жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш натижасида қилган бўлса;

5) амнистия акти чиқиши, агар у маъмурий жазо чорасини қўлланишни бекор қилса;

6) маъмурий жавобгарликни белгиловчи ҳужжат бекор қилинган бўлса;

7) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш пайтига келиб ушбу Кодекснинг 36-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтиб кетган бўлса;

8) маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс хусусида шу факт юзасидан маъмурий жазо қўлланиш тўғрисида ваколатли орган (мансабдор шахс) қарор чиқарган бўлса ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тугатиш тўғрисида чиқарилган қарор бекор қилинмаган бўлса, шунингдек мазкур факт юзасидан жиноят тўғрисидаги иш қўзғатилган бўлса;

9) шахс иши юритила бошланган пайтда вафот этган бўлса;

10) ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари бартараф этилган тақдирда шахсни жавобгарликдан озод этиш ушбу Кодекснинг тегишли моддасида назарда тутилган бўлса;

10-1) ҳуқуқбузар ушбу Кодекснинг 21-2-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича жабрланувчи билан ярашган бўлса;

11) агар ушбу Кодекс 164-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, 165-моддасининг биринчи қисмида, 166-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида, 167-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, 168-моддасида, 171-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, 172, 173-моддаларида, 174-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 174-1-моддасининг биринчи — саккизинчи қисмларида, 175-моддасининг биринчи ва олтинчи қисмларида, 175-1-моддасининг биринчи қисмида, 175-3, 175-4-моддаларида, 175-5-моддасининг биринчи қисмида, 176-1 — 176-4-моддаларида, 177-моддасининг биринчи қисмида, 177-1-моддасининг биринчи қисмида, 177-2-моддасининг биринчи қисмида, 178-моддасининг биринчи, учинчи — саккизинчи қисмларида, 178-1-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 179-2-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 179-4-моддасининг биринчи қисмида, 179-5-моддасида, 215-моддасининг биринчи қисмида, 215-1-моддасининг биринчи қисмида, 227-8-моддасининг биринчи, учинчива бешинчи қисмларида, 227-14-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида, 227-15-моддасининг биринчи қисмида, 227-16-моддасининг биринчи ва тўртинчи қисмларида, 227-18-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида, 227-19-моддасининг биринчи қисмида, 227-21-моддасида, 227-22-моддасининг биринчи қисмида, 227-23-моддасининг биринчи қисмида, 227-24, 227-25 ва 227-26-моддаларида, 227-27-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар йўл қўйилган бузилишларни ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, бундан фуқароларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига зарар етказилган ҳоллар мустасно.
272-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни фуқароларнинг тенглиги асосида кўриб чиқиш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш барча фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида ва шу ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) олдида тенглиги асосида кўриб чиқилади.
273-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритиладиган тил

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади. Иш юритилаётган тилни билмайдиган иш иштирокчиларига таржимон орқали иш материаллари билан тўлиқ танишиш ва ишни моҳияти бўйича кўриб чиқиш чоғида қатнашиш ҳуқуқи, шунингдек ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
274-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишнинг очиқ кўрилиши

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш очиқ кўрилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг тарбиявий ва огоҳлантирувчи ролини ошириш мақсадида бундай ишлар ҳуқуқбузарнинг иш, ўқиш жойидаги жамоаларида ёки яшаш жойида кўриб чиқилиши мумкин.
275-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш чоғида қонунларнинг ижроси устидан прокурор назорати

Прокурор маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш чоғида қонунларнинг ижроси устидан назоратни амалга оширар экан:

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатишга;

иш материаллари билан танишиб чиқишга;

иш юритиш вақтида органлар (мансабдор шахслар)нинг ҳаракатлари қонунийлигини текширишга;

ишни кўриб чиқишда қатнашишга;

ишни кўриб чиқиш вақтида вужудга келган масалалар хусусида илтимосини баён этишга, хулосалар беришга;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун тегишли органлар (мансабдор шахслар) таъсир кўрсатиш чораларини тўғри қўлланганлигини текширишга;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қабул қилинган қарорга ёки шикоят юзасидан чиқарилган қарорга протест келтиришга;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳаракатлар қилишга ҳақлидир.
276-модда. Далиллар

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишга оид далиллар ҳар қандай фактик маълумотлардан иборат бўлиб, органлар (мансабдор шахслар) шу маълумотларга асосланиб маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати юз берган ёки бермаганлигини, муайян шахснинг уни содир этишда айбдорлигини ва ишни тўғри кўриб чиқиш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни қонунда белгиланган тартибда аниқлайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган маълумотлар қуйидаги воситалар: маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг тушунтиришлари ҳамда жабрланувчининг, гувоҳларнинг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, мутахассис маслаҳати (тушунтиришлари), ашёвий далиллар, ашёлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённома, аудио-, видеоёзувлардан ва фотосуратлардан иборат материаллар, шунингдек бошқа материаллар билан белгиланади.
277-модда. Далилларга баҳо бериш

Орган (мансабдор шахс) далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини ҳар томонлама, тўла ва объектив жамлаб текширишга асосланган ўзининг ички ишончи билан қонунга амал қилган ҳолда баҳо беради.
278-модда. Материалларни прокурорга топшириш

Башарти ишни кўриб чиқиш пайтида орган (мансабдор шахс) ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари бор деган хулосага келса, материалларни прокурорга топширади.
ХХ боб. МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ БАЁННОМА
279-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисидаги баённома ваколатли мансабдор шахс томонидан тузилади.
Ушбу Кодекснинг 283-моддасида назарда тутилган ҳолларда баённома тузилмайди.
280-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишга ваколати бўлган шахслар

Бузилиши маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қоидаларга риоя этилишини текшириш ва (ёки) назорат қилиш қонунчилик билан зиммасига юклатилган тегишли органнинг ваколатли мансабдор шахси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузади.
281-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённоманинг мазмуни

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада: шу баённома тузилган сана ва жой, баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми; ҳуқуқбузарнинг шахсига оид маълумотлар; маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳияти, ана шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив ҳужжат; агар гувоҳлар ва жабрланувчилар бўлса, уларнинг фамилиялари ва яшаш манзиллари; ҳуқуқбузарнинг тушунтириши; ишни ҳал қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади. Башарти ҳуқуқбузарлик туфайли моддий зарар етказилган бўлса, бу ҳам баённомада кўрсатилади.

Баённома уни тузган шахс ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан имзоланади; гувоҳлар ва жабрланувчилар бўлган тақдирда эса — баённома мазкур шахслар томонидан ҳам имзоланади.

Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, баённомага бу ҳақда ёзиб қўйилади. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённоманинг мазмуни юзасидан баённомага илова қилинадиган тушунтириш ва мулоҳазаларини беришга, шунингдек мазкур баённомага имзо чекишдан бош тортиш сабабларини баён этишга ҳақлидир.

Баённомани тузиш вақтида ҳуқуқбузарга ушбу Кодекснинг 294-моддасида назарда тутилган унинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилади ва бу хусусда баённомага ёзиб қўйилади.
282-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани жўнатиш

Баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган орган (мансабдор шахс)га юборилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага қуйидагилар илова қилинади:

1) маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси;

2) ички ишлар органларининг маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг илгари маъмурий жавобгарликка тортилганлиги факти мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаси;

3) маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг тушунтириши;

4) жабрланувчининг, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертнинг хулосаси, агар улар мавжуд бўлса;

5) маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги фактини тасдиқловчи бошқа материаллар.

Ушбу Кодекснинг 133 ва 134-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомага ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидагилар илова қилинади:

1) ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ва ишончноманинг кўчирма нусхаси;

2) суғурта полисининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

3) алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарилганлиги белгиланган тартибда текширувдан ўтказилганлиги тўғрисидаги тиббий хулоса, алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси таъсиридан ёки ўзгача тарздаги мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда икки холис иштирокида тузилган далолатнома;

4) кўздан кечириш далолатномаси ва ҳодиса жойининг чизмаси, транспорт воситасининг шикастланишлари тўғрисидаги маълумотнома ва техника воситалари шикастланишларининг фотосуратлари;

5) автомототранспорт воситасига етказилган зарарни баҳолаш далолатномаси;

6) судга қадар автотехника экспертизаси тайинланганлиги ҳақидаги қарор ва экспертларнинг хулосаси;

7) суриштирув якунларига кўра, манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материаллари билан танишганлиги тўғрисидаги баённома.

Ушбу Кодекснинг 52-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидагилар илова қилинади:

1) жабрланувчининг аризаси;

2) судга қадар тиббий экспертиза тайинланганлиги ҳақидаги қарор ва экспертларнинг хулосаси;

3) жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор.
283-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайдиган ҳоллар

Агар фуқаро ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирмаса ҳамда унга жойнинг ўзида солинадиган жариманинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан ошмаса, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши тўғрисидаги ишлар юзасидан эса фақат ушбу Кодекс 138-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди.

Жарима тўлаганлиги тўғрисида айбдорга белгиланган шаклдаги квитанция берилади.

Башарти фуқаро ўзига солинадиган жаримага эътироз билдирса, у ҳолда ушбу Кодекснинг 279-моддасига мувофиқ баённома тузилади.

Транспорт воситасидан фойдаланган ҳолда йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото- ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган, шунингдек божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қайд этилган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди

Ушбу Кодекснинг 193-моддасида назарда тутилган депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатлари бузилган тақдирда, тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари девонлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўзининг аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳияти ҳақидаги маълумотларни, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу Кодекснинг 197-1-моддасида назарда тутилган адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилинган тақдирда, адвокат маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу Кодекснинг 197-5-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим муассасасининг педагог ходими маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
284-модда. Ҳуқуқбузарни ушлаб келтириш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш мақсадида, агар баённома тузиш шарт бўлиб, уни жойнинг ўзида тузишнинг имкони бўлмаса, ички ишлар органи ходими ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишга ваколатли бошқа шахс ҳуқуқбузарни ички ишлар органига ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи биносига келтириши мумкин.

Транспорт воситаларидан фойдаланиш, ҳаракат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш, транспортда юкларни бут сақлашни таъминлаш борасидаги қоидалар, транспортда ёнғиндан сақлаш қоидалари, санитария-гигиена ва эпидемияга қарши кураш-санитария қоидалари бузилган тақдирда ҳуқуқбузар, агар унда шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва у ҳақда зарур маълумотлар бериши мумкин бўлган гувоҳлар бўлмаса, ваколатли шахс томонидан ички ишлар органларига ушлаб келтирилиши мумкин.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик бузилганда баённома тузиш мақсадида, башарти ҳуқуқбузарнинг шахсини ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида аниқлаш мумкин бўлмаса, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ва ундан фойдаланиш устидан назорат олиб борувчи органларнинг ходимлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг мансабдор шахслари, шунингдек ички ишлар органлари ходимлари шундай ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни ички ишлар органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи биносига ушлаб келтиришлари мумкин. Ҳуқуқбузар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жамоатчи инспекторлари, овчилик жамоатчи инспекторлари, балиқларни муҳофаза қилиш жамоатчи инспекторлари ва ўрмонларнинг жамоатчи инспекторлари томонидан ҳам ушлаб келтирилиши мумкин.

Юридик шахсларнинг қўриқланадиган объектларига, бошқа мол-мулкига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда ҳуқуқбузар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари ёки ҳарбийлаштирилган соқчилик ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликка барҳам бериш, ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш ва ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органига, ҳарбийлаштирилган соқчилик хизмати биносига ёки ички ишлар органларига ушлаб келтирилиши мумкин.

Ҳуқуқбузарни олиб келиш иложи борича қисқа муддатда амалга оширилиши лозим.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи биносига олиб келинган шахс бу ерда бир соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас.