MJTK | O‘zbekiston Respublikasi
12.4K subscribers
11 photos
25 links
Download Telegram
294-модда. Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари

Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иш материаллари билан танишиб чиқишга, изоҳлар беришга, далиллар келтиришга, ўз илтимосини баён этишга, ишни кўриб чиқиш вақтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга, ўз она тилида сўзлашга ва таржимоннинг хизматларидан фойдаланишга, иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иштирокида кўриб чиқилади. Мазкур шахсга ишни кўриб чиқиш жойи ва вақти ҳақида хабар қилинганлиги тўғрисида маълумотлар бўлган ва ундан ишни кўриб чиқишни кечиктириш хусусида ҳеч қандай илтимос тушмаган ҳолларда, шунингдек ушбу Кодекс 3091-моддасининг биринчи қисмида ва 3092-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллардагина иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.

Башарти содир этган ҳуқуқбузарлиги учун ушбу Кодексда маъмурий қамоққа олиш, ашёларини мусодара қилиш ёки ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш чораларини қўллаш назарда тутилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг иштирок этиши шарт. Мазкур шахс бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда иштирок этишдан бўйин товлаган тақдирда, у жиноят ишлари бўйича суднинг ажримига биноан ички ишлар органи томонидан мажбуран олиб келиниши мумкин. Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни ёки бошқа қимматликларни олиб ўтиш билан боғлиқ бўлиб, мусодара қўлланилиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш алоҳида ҳолларда, агар маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлса ёки унинг турган жойини аниқлаш имкони бўлмаса, бундай шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилади.
295-модда. Жабрланувчи

Маъмурий ҳуқуқбузарлик йўли билан маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказилган шахс жабрланувчи деб топилади.
Жабрланувчи ишга оид ҳамма материаллар билан танишиб чиқишга, кўрсатувлар беришга, далиллар келтиришга, илтимослар қилишга, ишни кўриб чиқиш пайтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга, ўз она тилида сўзлашга ва таржимон хизматидан фойдаланишга, иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлидир.
296-модда. Қонуний вакиллар

Вояга етмаган ёки ўзининг жисмоний нуқсонлари ёхуд руҳий ҳолатининг бузилганлиги сабабли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар юзасидан ўз ҳуқуқини ўзи амалга оширолмайдиган — маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг ёки жабрланувчининг манфаатларини улар учун мазкур шахсларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, эр ёки хотинлари, вояга етган болалари, фарзандликка олувчилар, васийлар, ҳомийлар) ифодалашга ҳақлидирлар.

Қонуний вакиллар иш материаллари билан танишишга ва манфаатларини ўзлари ифода этаётган шахс номидан илтимослар қилишга, иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлидирлар.
297-модда. Адвокат

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда шу ҳуқуқбузарликни содир этган шахсни ушлаб туриш пайтидан бошлаб адвокат қатнашиши мумкин.

Адвокат ишга оид материаллар билан танишиб чиқишга, уни таклиф қилган шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан илтимослар қилишга ва иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлидир.
298-модда. Гувоҳ

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича аниқланиши керак бўлган бирон-бир ҳолатдан воқиф бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай шахс шу иш юзасидан гувоҳ сифатида чақирилиши мумкин.

Ишни юритаётган органнинг (мансабдор шахснинг) чақирувига биноан гувоҳ кўрсатилган вақтда келиши, ҳаққоний кўрсатувлар бериши, шу иш хусусида ўзига маълум бўлган ҳамма нарсаларни айтиб бериши ва қўйилган саволларга жавоб бериши шарт.
299-модда. Эксперт

Хулоса бериш учун зарур фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган жисмоний шахс эксперт сифатида тайинланиши мумкин.
Эксперт сифатида давлат суд-экспертиза муассасаси эксперти, бошқа корхона, муассаса, ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс иштирок этиши мумкин.

Эксперт маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган орган (мансабдор шахс) томонидан махсус билимларга зарурат туғилган ҳолларда тайинланади.
Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар эксперт сифатида жалб этилиши мумкин эмас.

Эксперт: маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишнинг экспертиза предметига оид материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш; экспертизани ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш; маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган орган (мансабдор шахс) рухсати билан ишни кўриб чиқишда ҳозир бўлиш, жавобгарликка тортилаётган шахсга, жабрланувчига, гувоҳларга экспертиза предметига оид саволлар бериш; ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш; ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки экспертиза предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш; унинг хулосаси ёки кўрсатувлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритишда иштирок этувчи шахслар томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш; агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; агар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган органнинг (мансабдор шахснинг) қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) экспертнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

Эксперт: ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона ёзма хулоса бериши; маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган органнинг (мансабдор шахснинг) чақирувига биноан ҳозир бўлиши; ўзи ўтказган экспертиза хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши; экспертизани ўтказиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги; тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг сақланишини таъминлаши; маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда тартибга риоя қилиши шарт.
299-1-модда. Экспертнинг ёки экспертлар комиссиясининг хулосаси

Эксперт ёки экспертлар комиссияси эксперт текширувларини ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт ёхуд экспертлар комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.

Хулосада: экспертиза ўтказилган сана ва жой; экспертизани ўтказиш асоси; экспертизани тайинлаган орган (мансабдор шахс) тўғрисида маълумотлар; эксперт (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва экспертизани ўтказиш топширилган ташкилот ҳақида маълумотлар; экспертнинг била туриб нотўғри хулоса берганлиги, хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги; экспертнинг олдига қўйилган саволлар; экспертга тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материаллари; экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақида маълумотлар; қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолда эксперт текширувларининг мазмуни ва натижалари, шунингдек бу эксперт текширувлари, агар экспертлар комиссияси ишлаган бўлса, ким томонидан ўтказилганлиги; эксперт текшируви натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар; иш учун аҳамиятга молик бўлган ва экспертнинг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар кўрсатилиши лозим.
Хулосада ҳуқуқбузарлик сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, шунингдек уларни бартараф этишга доир ташкилий-техникавий тавсиялар кўрсатилган бўлиши мумкин.

Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Эксперт текширувининг олиб борилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар давлат суд-экспертиза муассасасида ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотда қонунчиликда белгиланган муддатларда сақланади. Улар экспертизани тайинлаган органнинг (мансабдор шахснинг) талабига биноан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади.

Агар тақдим этилган текшириш объектларининг, материалларнинг ёки экспертнинг махсус билимлари етарли эмаслиги эксперт текшируви давомида маълум бўлиб қолса, хулоса айрим қўйилган саволларга жавоб беришни рад этиш асосини ўз ичига олган бўлиши лозим.

Эксперт текшируви тугаганидан сўнг хулоса, текшириш объектлари ва иш материаллари экспертизани тайинлаган органга (мансабдор шахсга) юборилади.

Хулоса маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган орган (мансабдор шахс) учун мажбурий эмас, бироқ унинг хулосага қўшилмаслиги асослантирилган бўлиши керак.

Агар эксперт қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни экспертизани тайинлаган органга (мансабдор шахсга) юборади.
299-2-модда. Мутахассис

Далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш йўли билан кўмаклашиш ҳамда илмий-техника воситаларини қўллашда ёрдам бериш мақсадида фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билим ва кўникмага эга бўлган, ишнинг якунидан манфаатдор бўлмаган вояга етган шахс мутахассис сифатида жалб этилиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар мутахассис сифатида жалб қилиниши мумкин эмас.

Мутахассис: маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишнинг текшириш мавзусига доир материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш; маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва ўрганиш объектларини тақдим этиш тўғрисида илтимосномалар бериш; маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ўз иш юритувида бўлган органнинг (мансабдор шахснинг) рухсати билан ишни кўриб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш, жавобгарликка тортилаётган шахсга, жабрланувчига, гувоҳларга текшириш мавзусига тааллуқли саволлар бериш; ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш; ўз маслаҳатлари (тушунтиришлари) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишда иштирок этувчи шахслар томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш баённомасига киритилиши лозим бўлган фикр-мулоҳазалар билдириш; агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, она тилида маслаҳат бериш ва тушунтиришларини баён қилиш ҳамда бу ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; агар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ўз иш юритувида бўлган органнинг (мансабдор шахснинг) қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ушбу мутахассиснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузса, мазкур органнинг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Мутахассис: ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган масалалар юзасидан асосли ва холисона маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериши; маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ўз иш юритувида бўлган органнинг (мансабдор шахснинг) чақирувига биноан келиши; ўтказилган текшириш хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган маслаҳатларни (тушунтиришларни) тушунтириб бериш учун қўшимча саволларга жавоб бериши; текшириш ўтказилиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги; тақдим этилган текшириш объектларининг ва иш материалларининг бут сақланишини таъминлаши; маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда тартибга риоя этиши шарт.

Мутахассиснинг барча юзага келган масалалар бўйича маслаҳатлари судга ёзма шаклда тақдим этилиши керак, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда мутахассис томонидан берилган тушунтиришлар эса маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш баённомасига киритилади.
300-модда. Таржимон

Таржимон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган орган (мансабдор шахс) томонидан тайинланади.

Таржимон мазкур органнинг (мансабдор шахснинг) чақириғига биноан келиши, ўзига топширилган таржимани тўла-тўкис ҳамда аниқ бажариши шарт.
301-модда. Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларнинг қопланиши лозим бўлган харажатлари

Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган орган (мансабдор шахс) ҳузурига келишлари муносабати билан уларнинг қилган харажатлари белгиланган тартибда қопланади.

Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар сифатида чақирилган шахсларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган орган (мансабдор шахс) ҳузурига келишлари муносабати билан улар ишда бўлмаган вақтда ўз иш жойидаги маоши белгиланган тартибда сақланади.

Эксперт, мутахассис ва таржимон хизмат топшириғи тартибида бажарилган ҳоллардан ташқари, ўзининг вазифаларини бажарганлиги учун мукофотланиш ҳуқуқига эгадир.
302-модда. Маъмурий жавобгарликка қонунга хилоф равишда тортилганлиги сабабли фуқарога етказилган зарарни қоплаш

Маъмурий жавобгарликка қонунга хилоф равишда тортилганлик натижасида фуқарога етказилган зарар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиққан органнинг (мансабдор шахснинг) айбидан қатъи назар давлат томонидан тўлиқ ҳажмда тўланади.

Зарарни қоплаш ҳуқуқи маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилган тақдирдагина вужудга келади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган орган (мансабдор шахс) фуқарога бузилган ҳуқуқларини тиклаш тартибини тушунтириб бериши ва маъмурий жавобгарликка қонунга хилоф равишда тортилганлиги натижасида фуқарога етказилган зарарни қоплаш учун қонунда назарда тутилган чораларни кўриши шарт.
ХХIII боб. МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ
303-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишга тайёрланиш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишга тайёрлаш вақтида тегишли орган (мансабдор шахс):

1) мазкур ишни кўриб чиқиш ўзининг ваколат доирасига кириш кирмаслиги;

2) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар тўғри тузилган-тузилмаганлиги;

3) ишни кўриб чиқишда қатнашувчи шахслар уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинган-қилинмаганлиги;

4) зарур қўшимча материаллар сўраб олинган-олинмаганлиги;

5) маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс, жабрланувчи, қонуний вакиллар, адвокат қилган илтимослар тўғрисидаги масалаларни ҳал этади.
303-1-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини қайтариш

Маъмурий иш мазкур органга (мансабдор шахсга) тааллуқли бўлмаган (судловига тегишли бўлмаган) ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материаллари ушбу Кодекснинг 281 ва 282-моддаларида назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда юборилган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материаллари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузган органга (мансабдор шахсга) қайтарилади.
304-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш жойи

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш шу ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда кўриб чиқилади.

Ушбу Кодекснинг 113-моддасининг бешинчи қисмида, 119, 125, 125-1, 126, 127, 128, 128-1, 128-2, 128-3, 128-4, 128-5, 128-6, 129, 130, 131, 132, 133, 134, 135, 135-1, 136, 139, 140-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар транспорт воситалари рўйхатга олинган жойда кўриб чиқилиши ҳам мумкин.

Ушбу Кодекснинг 187-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар шундай ҳуқуқбузарликлар содир этилган жойда ёки ҳуқуқбузарнинг истиқомат жойида кўриб чиқилади.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ҳуқуқбузарнинг истиқомат жойида кўриб чиқадилар.
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бошқа жойда кўриб чиқилиши ҳам назарда тутилиши мумкин.
305-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш муддатлари

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш мазкур ишни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилади.

Ушбу Кодекснинг 51-2, 51-3, 51-4, 51-5, 51-6, 51-7, 51-8, 51-9, 170, 180, 181, 183, 187, 194, 194-1-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бир сутка мобайнида кўриб чиқилади, ушбу Кодекснинг 47-моддасида, 164-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида, 197-5, 201, 202, 203, 204, 205-моддаларида назарда тутилган ишлар — уч сутка ичида, ушбу Кодекснинг 61-моддасида назарда тутилган ишлар эса — беш сутка ичида кўриб чиқилади.

Ушбу Кодекснинг 56, 57, 58-моддаларида, 611-моддаси биринчи қисмида, 94, 165-1, 184-2, 184-3, 189, 189-1, 201, 202-1, 224-1-моддаларида, 225-моддасининг биринчи — учинчи қисмларида, 239, 240, 241-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар, улар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан содир этилганда, бир сутка мобайнида кўриб чиқилади.

Ушбу Кодекс 271-моддасининг 11-бандида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишнинг бошқа материаллари ишни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан олинган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда кўриб чиқилади.
306-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш тартиби

Ишни кўриб чиқиш шу ишни кўрувчи органнинг таркибини эълон қилиш ёки мансабдор шахсни таништиришдан бошланади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни судда кўриб чиқиш чоғида суднинг ташаббусига ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.

Ишни кўриб чиқувчи органнинг мажлисида раислик қилувчи ёки ишни кўриб чиқувчи мансабдор шахс қандай иш кўриб чиқилиши лозимлигини, маъмурий жавобгарликка ким тортилаётганлигини эълон қилади, ишни кўриб чиқишда қатнашувчи шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва вазифаларини тушунтиради, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани ўқиб эшиттиради. Мажлисда ишни кўриб чиқишда қатнашувчи шахсларнинг сўзлари эшитилади, келтирилган далиллар ўрганилади ва тушган илтимослар ҳал этилади. Ишни кўриб чиқишда прокурор қатнашган тақдирда унинг хулосаси ўқиб эшиттирилади.
307-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган (мансабдор шахс): маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини, шунингдек ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шарт.
308-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш баённомаси

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш пайтида тегишли орган баённома юритади. Унда:

1) суд ишининг рақами, мажлиснинг санаси ва жойи;
2) ишни кўриб чиқувчи органнинг номи ва таркиби;
3) кўрилаётган ишнинг мазмуни;
4) ишда қатнашувчи шахсларнинг ҳозир бўлган-бўлмаганлиги ҳақидаги маълумотлар;
5) ишни кўришда қатнашувчи шахсларнинг тушунтиришлари, уларнинг илтимослари ва бу илтимосларни кўриб чиқиш натижалари;
6) ишни кўриб чиқиш пайтида ўрганилган ҳужжатлар ва ашёвий далиллар;
7) қабул қилинган қарорни ўқиб эшиттириш тўғрисидаги маълумотлар ва қарор устидан шикоят бериш тартиби ва муддатлари тушунтирилганлиги кўрсатилган бўлади.

Суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилган тақдирда, суд мажлисининг баённомасига фақат ушбу модда биринчи қисмининг 1 — 4, 6-бандларида назарда тутилган масалалар юзасидан ёзув киритилади, ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришларининг, гувоҳлар кўрсатувларининг, экспертлар ўз хулосалари юзасидан берган оғзаки тушунтиришларининг, музокараларнинг ҳамда прокурор фикрларининг бошланган ва тугаган вақти кўрсатилади, шунингдек суд мажлисини ёзиб олишнинг техник воситаларидан фойдаланилганлиги тўғрисида белги қўйилади.

Электрон ёхуд бошқа аудио- ёки видеоёзувлар жамланган воситалар суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилади.

Суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, суд мажлисининг баённомасида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган маълумотлардан ташқари:

суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги тўғрисидаги;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган суднинг номи ҳақидаги;

ишда иштирок этувчи шахслар ва суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган судга келган суд процессининг бошқа иштирокчилари тўғрисидаги;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган суднинг ва ишни кўриб чиқаётган суднинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ходимлари ҳақидаги маълумотлар ҳам кўрсатилиши керак.

Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг, жабрланувчининг ва ўзга манфаатдор шахсларнинг илтимосига биноан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишнинг мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилиши қандай бораётганлиги ушбу модданинг биринчи қисми талабларига мувофиқ равишда юритилувчи баённомада акс эттирилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш баённомаси тегишинча орган мажлисидаги раислик қилувчи ва котиб томонидан ёки ишни кўриб чиқувчи мансабдор шахс томонидан имзоланади.

Ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор чиқарилган шахс, жабрланувчи ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган ўз ҳисобидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш тўғрисидаги баённоманинг кўчирма нусхасини, шунингдек суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзувини олишга ҳақли.
308-1-модда. Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги масалани ҳал этиш тартиби

Агар орган (мансабдор шахс) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётганда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги тўғрисида ёки ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо чорасини қўллаш учун асослар борлиги ҳақида хулосага келса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимнома билан судга юборилади.

Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимномада шахснинг маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши ёки унга нисбатан енгилроқ маъмурий жазо чораси қўллаш кераклигининг сабаблари ва асослари баён этилади.

Суд ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимномани кўриб чиқиб, ушбу Кодекснинг 310-моддасида назарда тутилган қарорлардан бирини чиқаради.

Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимнома маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш судга келиб тушган кундан эътиборан уч сутка ичида ушбу Кодекснинг 303, 304, 306—309-моддаларида назарда тутилган умумий қоидаларга риоя этилган ҳолда кўриб чиқилади