MJTK | O‘zbekiston Respublikasi
12.4K subscribers
11 photos
25 links
Download Telegram
ХХ боб. МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ БАЁННОМА
279-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисидаги баённома ваколатли мансабдор шахс томонидан тузилади.
Ушбу Кодекснинг 283-моддасида назарда тутилган ҳолларда баённома тузилмайди.
280-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишга ваколати бўлган шахслар

Бузилиши маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қоидаларга риоя этилишини текшириш ва (ёки) назорат қилиш қонунчилик билан зиммасига юклатилган тегишли органнинг ваколатли мансабдор шахси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузади.
281-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённоманинг мазмуни

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада: шу баённома тузилган сана ва жой, баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми; ҳуқуқбузарнинг шахсига оид маълумотлар; маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳияти, ана шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив ҳужжат; агар гувоҳлар ва жабрланувчилар бўлса, уларнинг фамилиялари ва яшаш манзиллари; ҳуқуқбузарнинг тушунтириши; ишни ҳал қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади. Башарти ҳуқуқбузарлик туфайли моддий зарар етказилган бўлса, бу ҳам баённомада кўрсатилади.

Баённома уни тузган шахс ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан имзоланади; гувоҳлар ва жабрланувчилар бўлган тақдирда эса — баённома мазкур шахслар томонидан ҳам имзоланади.

Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, баённомага бу ҳақда ёзиб қўйилади. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённоманинг мазмуни юзасидан баённомага илова қилинадиган тушунтириш ва мулоҳазаларини беришга, шунингдек мазкур баённомага имзо чекишдан бош тортиш сабабларини баён этишга ҳақлидир.

Баённомани тузиш вақтида ҳуқуқбузарга ушбу Кодекснинг 294-моддасида назарда тутилган унинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилади ва бу хусусда баённомага ёзиб қўйилади.
282-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани жўнатиш

Баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган орган (мансабдор шахс)га юборилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага қуйидагилар илова қилинади:

1) маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси;

2) ички ишлар органларининг маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг илгари маъмурий жавобгарликка тортилганлиги факти мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаси;

3) маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг тушунтириши;

4) жабрланувчининг, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертнинг хулосаси, агар улар мавжуд бўлса;

5) маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги фактини тасдиқловчи бошқа материаллар.

Ушбу Кодекснинг 133 ва 134-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомага ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидагилар илова қилинади:

1) ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ва ишончноманинг кўчирма нусхаси;

2) суғурта полисининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

3) алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарилганлиги белгиланган тартибда текширувдан ўтказилганлиги тўғрисидаги тиббий хулоса, алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси таъсиридан ёки ўзгача тарздаги мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда икки холис иштирокида тузилган далолатнома;

4) кўздан кечириш далолатномаси ва ҳодиса жойининг чизмаси, транспорт воситасининг шикастланишлари тўғрисидаги маълумотнома ва техника воситалари шикастланишларининг фотосуратлари;

5) автомототранспорт воситасига етказилган зарарни баҳолаш далолатномаси;

6) судга қадар автотехника экспертизаси тайинланганлиги ҳақидаги қарор ва экспертларнинг хулосаси;

7) суриштирув якунларига кўра, манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материаллари билан танишганлиги тўғрисидаги баённома.

Ушбу Кодекснинг 52-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидагилар илова қилинади:

1) жабрланувчининг аризаси;

2) судга қадар тиббий экспертиза тайинланганлиги ҳақидаги қарор ва экспертларнинг хулосаси;

3) жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор.
283-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайдиган ҳоллар

Агар фуқаро ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирмаса ҳамда унга жойнинг ўзида солинадиган жариманинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан ошмаса, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши тўғрисидаги ишлар юзасидан эса фақат ушбу Кодекс 138-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди.

Жарима тўлаганлиги тўғрисида айбдорга белгиланган шаклдаги квитанция берилади.

Башарти фуқаро ўзига солинадиган жаримага эътироз билдирса, у ҳолда ушбу Кодекснинг 279-моддасига мувофиқ баённома тузилади.

Транспорт воситасидан фойдаланган ҳолда йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото- ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган, шунингдек божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қайд этилган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди

Ушбу Кодекснинг 193-моддасида назарда тутилган депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатлари бузилган тақдирда, тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари девонлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўзининг аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳияти ҳақидаги маълумотларни, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу Кодекснинг 197-1-моддасида назарда тутилган адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилинган тақдирда, адвокат маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу Кодекснинг 197-5-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим муассасасининг педагог ходими маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
284-модда. Ҳуқуқбузарни ушлаб келтириш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш мақсадида, агар баённома тузиш шарт бўлиб, уни жойнинг ўзида тузишнинг имкони бўлмаса, ички ишлар органи ходими ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишга ваколатли бошқа шахс ҳуқуқбузарни ички ишлар органига ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи биносига келтириши мумкин.

Транспорт воситаларидан фойдаланиш, ҳаракат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш, транспортда юкларни бут сақлашни таъминлаш борасидаги қоидалар, транспортда ёнғиндан сақлаш қоидалари, санитария-гигиена ва эпидемияга қарши кураш-санитария қоидалари бузилган тақдирда ҳуқуқбузар, агар унда шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва у ҳақда зарур маълумотлар бериши мумкин бўлган гувоҳлар бўлмаса, ваколатли шахс томонидан ички ишлар органларига ушлаб келтирилиши мумкин.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик бузилганда баённома тузиш мақсадида, башарти ҳуқуқбузарнинг шахсини ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида аниқлаш мумкин бўлмаса, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ва ундан фойдаланиш устидан назорат олиб борувчи органларнинг ходимлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг мансабдор шахслари, шунингдек ички ишлар органлари ходимлари шундай ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни ички ишлар органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи биносига ушлаб келтиришлари мумкин. Ҳуқуқбузар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жамоатчи инспекторлари, овчилик жамоатчи инспекторлари, балиқларни муҳофаза қилиш жамоатчи инспекторлари ва ўрмонларнинг жамоатчи инспекторлари томонидан ҳам ушлаб келтирилиши мумкин.

Юридик шахсларнинг қўриқланадиган объектларига, бошқа мол-мулкига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда ҳуқуқбузар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари ёки ҳарбийлаштирилган соқчилик ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликка барҳам бериш, ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш ва ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органига, ҳарбийлаштирилган соқчилик хизмати биносига ёки ички ишлар органларига ушлаб келтирилиши мумкин.

Ҳуқуқбузарни олиб келиш иложи борича қисқа муддатда амалга оширилиши лозим.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи биносига олиб келинган шахс бу ерда бир соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас.
ХХI боб. МАЪМУРИЙ ЙЎЛ БИЛАН УШЛАБ ТУРИШ, АШЁЛАР ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ КЎЗДАН КЕЧИРИШ, АШЁЛАР ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ ОЛИБ ҚЎЙИШ
285-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни таъминлаш чоралари

Бошқа таъсир кўрсатиш чоралари қўлланиб бўлинганидан кейин маъмурий ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш, башарти баённома тузиш зарур бўлиб, уни ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида тузиш имкони бўлмаган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш, ишларнинг ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини таъминлаш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқарилган қарорларни ижро этиш мақсадида мазкур шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туришга, шахсан кўрикдан ўтказишга, унинг ашёлари, транспорт воситаларини кўздан кечиришга ва ашё ҳамда ҳужжатларни олиб қўйишга йўл қўйилади.

Ушбу моддада назарда тутилган мақсадларда шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш, шахсан кўрикдан ўтказиш, унинг ашёлари, транспорт воситаларини кўздан кечириш ва ашё ҳамда ҳужжатларини олиб қўйиш тартиби ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилиги билан белгиланади.
286-модда. Маъмурий йўл билан ушлаб туриш

Маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисида баённома тузилиб, унда: баённома тузилган сана ва жой, баённома тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми; ушлаб турилган шахс ҳақидаги маълумотлар; уни ушлаб туриш вақти, жойи ва унинг асослари кўрсатилади.

Баённома уни тузган мансабдор шахс ва ушлаб турилган шахс томонидан имзоланади. Ушлаб турилган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, баённомага шу ҳақда ёзиб қўйилади.

Ушлаб турилган шахснинг илтимосига кўра, у ушлаб турилган жой ҳақида унинг қариндош-уруғлари, адвокат, иш ёки ўқиш жойидаги маъмурият хабардор қилиб қўйилади. Вояга етмаган шахс ушлаб турилгани ҳақида унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар албатта хабардор қилинади.
287-модда. Маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар (мансабдор шахслар)

Маъмурий йўл билан ушлаб туриш бу ишга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан ваколат бериб қўйилган органлар (мансабдор шахслар) томонидангина амалга оширилиши мумкин, чунончи:

1) ушбу Кодекснинг 47-4, 47-5, 51-2, 51-8, 51-9, 54, 56, 57, 58, 61-моддаларида, 61-1-моддасининг биринчи қисмида, 70-1, 90, 901, 91, 92, 94, 113, 114, 115, 116, 1161, 116-2, 117-моддаларида, 118-моддасининг учинчи қисмида, 121, 122, 123, 125, 125-1, 126, 127, 128, 128-1, 128-2, 128-3, 128-4, 128-5, 128-6, 129, 130, 131, 133, 134, 135, 135-1, 136, 137, 138, 141, 142-моддаларида, 144-моддасининг учинчи қисмида, 146-моддасида, 147-моддасининг биринчи қисмида, 152-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида, 154, 156-моддаларида, 164-моддасининг тўртинчи қисмида, 170-моддасида, 176-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, 176*3-моддасида, 176-4-моддасининг иккинчи қисмида, 183, 184-1, 184-2, 184-3, 185, 185-1, 185-2, 185-3,186, 187, 188, 188-3,189, 189-1, 190, 191, 192, 194, 195, 198, 199, 201, 202-1, 203, 204, 205, 209, 209-1, 210, 218, 220, 224-моддаларида, 225-моддасининг биринчи — учинчи қисмларида, 2251, 228, 239, 240, 241-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда — ички ишлар органлари томонидан.

2) ушбу Кодекснинг 184-2, 184-3, 196-1, 224, 224-1, 224-2-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда — чегара қўшинлари томонидан;
3) ушбу Кодекснинг 61, 198-моддаларида, 2101-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда — шу қўриқланадиган объект жойлашган ердаги ҳарбий соқчиликнинг катта мансабдор шахси томонидан;
4) Қуролли Кучлар ва чегара қўшинларининг транспорт воситаларини бошқарувчи ҳайдовчилар ёки бошқа шахслар ушбу Кодекснинг 125, 125-1, 126, 127, 128, 1281, 128-2, 128-3, 128-4, 128-5, 128-6, 129, 130, 131, 133, 134, 135, 1351, 136, 137, 138, 141-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган тақдирда — ҳарбий автомобиль инспекциясининг мансабдор шахслари томонидан;

5) ушбу Кодекснинг 60-моддасида, 69-моддасида (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бундан мустасно), 701, 77, 79, 81, 82, 83, 84, 90, 90-1, 91, 92, 93, 94, 198-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда — Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларининг мансабдор шахслари томонидан;

5-1) ушбу Кодекснинг 77-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 79-моддасида (ўрмон фонди ерларига оид қисмида), 83, 84-моддаларида (ўрмон фонди ерларига оид қисмида), 90-моддасининг биринчи қисмида (ўрмон фонди ерларига оид қисмида) назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда — Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси органларининг мансабдор шахслари томонидан;

6) ушбу Кодекснинг 90-1, 184-2, 184-3, 185-1, 189, 189-1, 198, 227, 227-1 — 227-27-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда — божхона органлари ходимлари томонидан;

7) ушбу Кодекснинг 194, 204, 205-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда — ҳарбий патруль томонидан;

8) ушбу Кодекснинг 152-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида (радиоэлектрон воситаларни ёки юқори частотали қурилмаларни сотиш ёхуд ўзгага доимий ёки вақтинчалик фойдаланиш учун бериш қисми), 164-моддасининг тўртинчи қисмида, 165-1, 166, 170-моддаларида, 176-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, 176-3-моддасида, 176-4-моддасининг иккинчи қисмида, 186-1, 198-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда давлат солиқ органларининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг мансабдор шахслари томонидан»;

9) ушбу Кодекснинг 54, 61, 185-1, 194-1, 195-1, 198-моддаларида, 210-1-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда — Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларининг мансабдор шахслари томонидан.
288-модда. Маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддатлари

Маъмурий йўл билан ушлаб туриш уч соатдан ортиқ давом этиши мумкин эмас. Айрим ҳолларда алоҳида зарурат муносабати билан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида маъмурий йўл билан ушлаб туришнинг бошқача муддатлари белгиланиши мумкин.

Чегара тартибини ёки Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахслар баённома тузиш учун уч соатгача муддатга ушлаб турилиши мумкин, ҳуқуқбузарнинг шахсини ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш учун зарур бўлган ҳолларда эса — ушлаш пайтидан бошлаб йигирма тўрт соат ичида прокурорга ёзма тарзда маълум қилиб, уч суткагача ёки ҳуқуқбузарда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, прокурорнинг санкцияси билан ўн суткагача муддатга ушлаб турилиши мумкин.

Ушбу Кодекснинг 54, 56, 57, 58, 61, 90-моддаларида, 164-моддасининг тўртинчи қисмида, 170, 183, 184-2, 184-3, 191, 194, 194-1, 195, 195-1, 201, 204, 205, 206, 210-моддаларида, 225-моддасининг биринчи — учинчи қисмларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд ўзининг шахси тўғрисидаги маълумотларни яширган шахслар ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иши жиноят ишлари бўйича суд ёки ички ишлар органи бошлиғи (бошлиқ ўринбосари) томонидан кўриб чиқилгунга қадар, лекин 24 соатдан кўп бўлмаган муддатга ушлаб турилиши мумкин.

Маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддати ҳуқуқбузарни баённома тузиш учун олиб келиш пайтидан бошланади, маст ҳолдаги шахслар учун эса — улар ҳушёр тортган вақтдан бошланади.
289-модда. Шахсни кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш

Шахсни кўрикдан ўтказиш ички ишлар органларининг, ҳарбий соқчилик, ҳаво транспортининг, божхона органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари ва чегара қўшинларининг ваколатли шахслари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида бевосита назарда тутилган ҳолларда эса, шунга ваколати бўлган бошқа органлар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Шахсни кўрикдан ўтказиш кўрикдан ўтказилаётган шахс билан бир жинсда бўлган шахслар томонидан ва шу жинсдаги иккита холис гувоҳ иштирок этган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Ашёларни кўздан кечириб чиқиш ички ишлар органларининг, ҳарбий соқчилик, ҳаво транспортининг, божхона органларининг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларининг, чегара қўшинларининг, солиқ органларининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларининг, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси органларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида бевосита назарда тутилган ҳолларда эса, шунингдек тегишли ваколати бўлган органларнинг бошқа ваколатли шахслари томонидан амалга оширилади.

Ашёларни, ов қилиш ва балиқ тутиш қуролларини, қўлга киритилган маҳсулотлар ва бошқа буюмларни кўздан кечириш, одатда, шу ашё ва буюмлар кимнинг мулки ёки эгалигида бўлса, ўша шахс иштирокида амалга оширилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, мазкур ашёлар, буюмларни мулкдорсиз (эгасисиз) иккита холис гувоҳ иштирокида ҳам кўздан кечириб чиқилиши мумкин.

Шахсий кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш тўғрисида баённома тузилади ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ёхуд маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисидаги баённомага тегишинча ёзиб қўйилади.

Божхона муассасаларида шахсий кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш божхонага доир қонунчилик билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
290-модда. Ашёлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш

Ҳуқуқбузарларни ушлаш, шахсий кўрикдан ўтказиш ёки ашёларини кўздан кечириш вақтида аниқланган ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли ёки бевосита шундай ашёлар бўлмиш ашё ва ҳужжатлар ушбу Кодекснинг 287 ва 289-моддаларида назарда тутилган органларнинг мансабдор шахслари томонидан олиб қўйилади. Олиб қўйилган ашё ва ҳужжатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилгунга қадар шундай ашё ва ҳужжатларни олиб қўйиш ҳуқуқи берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан белгилаб бериладиган жойларда сақланади, иш кўриб бўлинганидан кейин эса, уни кўриб чиқиш натижаларига қараб, бу ашё ва ҳужжатлар белгиланган тартибда мусодара қилинади ёки эгасига қайтариб берилади ёхуд йўқ қилиб юборилади, ашёлар ҳақ тўлаб олиб қўйилган тақдирда эса — сотиб юборилади.

Олиб қўйилган орден, медаль, фахрий унвоннинг кўкракка тақиладиган нишони қонуний эгасига қайтариб берилади, башарти, эгаси номаълум бўлса, унда тегишли органга жўнатилади.

Божхона қоидалари ёки солиқ ва валюта тўғрисидаги қонунчилик бузилган тақдирда, башарти ҳуқуқбузар Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлмаса, жарима ундирилишини таъминлаш мақсадида унинг ашёлари (қимматли буюмлари) олиб қўйилиши мумкин.
Ашё ва ҳужжатлар олиб қўйилган тақдирда бу хусусда баённома тузилади ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ёхуд буюмларни кўздан кечириб чиқиш ёки маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳақидаги баённомаларга тегишли ёзув ёзиб қўйилади.

Содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ушбу Кодексга мувофиқ транспорт воситасини, кичик ҳажмли кемани бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо қўлланилиши мумкин бўлса, ҳуқуқбузардан унинг иши юзасидан қарор чиқарилгунга қадар транспорт воситаси, кичик ҳажмли кемани бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома, овчилик билети олиб қўйилади ва бу ҳақда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага, шунингдек ҳайдовчилик гувоҳномасининг талонига, кема бошқарувчиси гувоҳномасининг талонига тегишлича ёзиб қўйилиб, талонлар транспорт воситаси ҳайдовчисига, кема бошқарувчисига қайтариб берилади.

Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиб қўйиш — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиб қўйиш — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ов қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиб қўйиш эса — Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ушбу Кодекснинг 185-моддасида, 220-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 221 ва 222-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, ички ишлар органлари ходимлари иш кўриб чиқилгунга қадар ўқотар қуролни, шунингдек ўқ-дориларни олиб қўйишга ҳақлидирлар, бу хусусда мазкур қуролнинг марка ёки модели, калибри, туркуми ва тартиб рақами, ўқ-дориларнинг миқдори ва тури кўрсатилган ҳолда баённомага тегишли ёзув ёзиб қўйилади.
Ўз хизмат бурчини бажариш вақтида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан унинг ашёларини олиб қўйиш, шахсий кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириб чиқиш жуда зарур бўлган ҳоллардагина қўлланилади.
291-модда. Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби

Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш қонунчилик билан ваколат берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилгунга қадар амалга оширилиши мумкин, чунончи:

а) транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ушбу Кодекс 54-моддасининг иккинчи қисмида (транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чекловлар бузилиши қисмида), 90-1-моддасида, 125-моддасининг учинчи, бешинчи ва олтинчи қисмларида, 125-1-моддасининг иккинчи қисмида, 126-моддасида, 127-моддасининг иккинчи қисмида, 128-6-моддасида (агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса), 131-моддасида, 135-моддасида (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси, ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати ёнида мавжуд бўлмаганлиги ҳоллари бундан мустасно), 136-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 137, 176-3-моддаларида, 194-моддасида (ички ишлар органи ходимининг транспорт воситасини тўхтатиш тўғрисидаги қонуний талабини бажармаслик қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганда, шунингдек қонунчиликда тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда — ички ишлар органлари томонидан;

б) Қуролли Кучларнинг ва чегара қўшинларининг транспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар ва бошқа шахслар йўл ҳаракати қоидаларини бузганда — ҳарбий автомобиль инспекциясининг мансабдор шахслари томонидан;

в) ушбу Кодекснинг 60, 70-1, 78, 79, 81, 82, 84, 90, 90-1, 92, 94-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда — Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларининг мансабдор шахслари томонидан;

в1) ушбу Кодекснинг 78-моддасида, 79-моддасида (ўрмон фонди ерларига оид қисмида), 84-моддасида (ўрмон фонди ерларига оид қисмида), 90-моддасининг биринчи қисмида (ўрмон фонди ерларига оид қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда — Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси органларининг мансабдор шахслари томонидан;

г) ушбу Кодекснинг 901, 198, 227 — 227-27-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда — Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан;

д) ушбу Кодекснинг 164, 166, 167, 168, 172, 173, 176, 176-3, 186-1-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг мансабдор шахслари томонидан;

е) ушбу Кодекснинг 1961, 224, 224-1, 224-2-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда — чегара қўшинларининг мансабдор шахслари томонидан;

ж) ушбу Кодекс 210-1-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда — ҳарбийлаштирилган соқчиликнинг мансабдор шахслари томонидан;

з) ушбу Кодекснинг 119 ва 132-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг мансабдор шахслари томонидан.
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши муносабати билан тегишли ҳудудларда ёки объектларда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилган шароитларда транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан ушбу Кодекс 54-моддасининг иккинчи қисмида (транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чекловлар бузилиши қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда, транспорт воситаларини ушлаб туриш ички ишлар органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилгунига қадар амалга оширилади.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбарининг ёзма кўрсатмасига биноан жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар ушлаб турилади.

Қонунчилик бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини (Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ва чегара қўшинларининг транспорт воситаларидан ташқари) сақлаб туриш жойларига олиб бориш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
292-модда. Транспорт воситасини бошқаришдан четлатиш, мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтказиш

Транспорт воситаларини бошқараётган мастлик ҳолатида деб ҳисоблашга етарли асослар бўлган шахс транспорт воситасини бошқаришдан четлаштирилиши ва мастлик ҳолатини аниқлаш учун белгиланган тартибда текширувдан ўтказилиши керак.

Мазкур шахсни текширишга юбориш ва бу текширувни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
293-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишни таъминлаш чоралари устидан шикоят бериш

Маъмурий йўл билан ушлаб туриш, шахсни кўрикдан ўтказиш, ашёларни кўздан кечириш, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўздан кечириш, ашё ва ҳужжатларни олиб қўйиш, транспорт воситасини бошқаришдан четлаштириш устидан манфаатдор шахс юқори органга (мансабдор шахсга), прокурорга ёки судга шикоят бериши мумкин.
ХХII боб. МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШНИ ЮРИТИШДА ҚАТНАШУВЧИ ШАХСЛАР
294-модда. Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари

Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иш материаллари билан танишиб чиқишга, изоҳлар беришга, далиллар келтиришга, ўз илтимосини баён этишга, ишни кўриб чиқиш вақтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга, ўз она тилида сўзлашга ва таржимоннинг хизматларидан фойдаланишга, иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иштирокида кўриб чиқилади. Мазкур шахсга ишни кўриб чиқиш жойи ва вақти ҳақида хабар қилинганлиги тўғрисида маълумотлар бўлган ва ундан ишни кўриб чиқишни кечиктириш хусусида ҳеч қандай илтимос тушмаган ҳолларда, шунингдек ушбу Кодекс 3091-моддасининг биринчи қисмида ва 3092-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллардагина иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.

Башарти содир этган ҳуқуқбузарлиги учун ушбу Кодексда маъмурий қамоққа олиш, ашёларини мусодара қилиш ёки ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш чораларини қўллаш назарда тутилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг иштирок этиши шарт. Мазкур шахс бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда иштирок этишдан бўйин товлаган тақдирда, у жиноят ишлари бўйича суднинг ажримига биноан ички ишлар органи томонидан мажбуран олиб келиниши мумкин. Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни ёки бошқа қимматликларни олиб ўтиш билан боғлиқ бўлиб, мусодара қўлланилиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш алоҳида ҳолларда, агар маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлса ёки унинг турган жойини аниқлаш имкони бўлмаса, бундай шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилади.
295-модда. Жабрланувчи

Маъмурий ҳуқуқбузарлик йўли билан маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказилган шахс жабрланувчи деб топилади.
Жабрланувчи ишга оид ҳамма материаллар билан танишиб чиқишга, кўрсатувлар беришга, далиллар келтиришга, илтимослар қилишга, ишни кўриб чиқиш пайтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга, ўз она тилида сўзлашга ва таржимон хизматидан фойдаланишга, иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлидир.