MJTK | O‘zbekiston Respublikasi
12.4K subscribers
11 photos
25 links
Download Telegram
264-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати органлари

Ушбу Кодекснинг 175-2 ва 175-8-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати органларининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга кўриб чиқиш учун юборилади.
264-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва ҳудудий молия органлари

Ушбу Кодекснинг 175-6-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ва ҳудудий молия органларининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга кўриб чиқиш учун юборилади.
265-модда. Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш органлари

Техник регламентларга, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги қоидаларга риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларга ушбу Кодекснинг 212, 213-моддаларида, 214-моддасида (табиатни муҳофаза қилишга доир қисми бундан мустасно) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Қуйидагилар техник регламентларга, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги қоидаларга риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширувчи органлар номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чорасини қўлланишга ҳақлидирлар:

техник регламентлар, стандартлар ва ўлчов воситалари устидан назорат қилувчи Ўзбекистон Республикаси Бош давлат инспектори, Қорақалпоғистон Республикаси бош давлат инспектори, вилоятлар, Тошкент шаҳар бош давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари — базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваригача миқдорда;

техник регламентлар, стандартлар ва ўлчов воситалари устидан назорат қилувчи давлат инспекторлари — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда жарима солишга.
(266-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)

266-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг органлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг органларига ушбу Кодекснинг 60-моддаси иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида, 60-1-моддасида, 68-моддасида (бундан табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар, сув фонди ерлари мустасно), 68-1-моддасида ва 69-моддасида (бундан қишлоқ хўжалиги ерларининг чегара белгиларига оид қисми мустасно) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима солиш тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга қуйидагилар ҳақли:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори ва унинг ўринбосарлари;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари бошлиқлари.
266-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг органлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг органларига ушбу Кодекснинг 65, 68-моддаларида (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга оид қисмида) ва 69-моддасида (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг чегара белгиларига оид қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чораси қўллашга қуйидагилар ҳақлидирлар:

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг қишлоқ хўжалиги ерлари мониторинги бўйича ўринбосари;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари.
(266-3-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)

266-4-модда. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органлари

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органларига ушбу Кодекс 72-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида (ичимлик эҳтиёжлари учун сув қудуқларини қазишнинг белгиланган қоидаларини ва технологиясини бузишга оид қисмида), 74-моддасида (ичимлик суви олишнинг белгиланган лимитларини бузишга доир қисмида), 75-моддасида (сув объектларидан олинадиган ичимлик суви миқдорининг дастлабки ҳисобини юритиш қоидаларини бузишга оид қисмида), 76-моддасида (ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектларидан фойдаланиш қоидаларини бузишга доир қисмида), 163-моддасида (водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ва ичимлик суви таъминоти водопроводидан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузишга оид қисмида), 163-1-моддасида (уй-жойларни, жамоат, ишлаб чиқариш объектларини ва бошқа объектларни канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб олишга доир қисмида), 163-2-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чораларини қўллашга қуйидагилар ҳақли:

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг бошлиғи ва унинг ўринбосари, бўлим бошлиқлари, бош мутахассислари;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳудудий инспекцияларининг бош инспекторлари ва инспекторлари.
267-модда. Давлат статистика органлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси органларига ушбу Кодекснинг 215-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг раиси ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар статистика бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, туманлар, шаҳарлар статистика бўлимларининг бошлиқлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган органлар номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чорасини қўллашга ҳақлидир.
268-модда. Давлат пробир назорати органлари

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси органларига ушбу Кодекснинг 219-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг бошлиғи асиллик даражасининг давлат назорати органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва маъмурий жазо чораларини қўллашга ҳақлидир.
268-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги органлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги органларига ушбу Кодекснинг 215-1 ва 215-6-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишлар тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима солиш тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга қуйидагилар ҳақли:

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ҳамда унинг ўринбосарлари — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармалари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари — базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваригача миқдорда жарима солишга.
268-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекциясига ва унинг ҳудудий инспекцияларига ушбу Кодекснинг 99-моддасида (йўл қурилиши соҳасидаги қонунчиликни бузиш бундан мустасно) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Ушбу Кодекснинг 99-моддасида (йўл қурилиши соҳасидаги қонунчиликни бузиш бундан мустасно) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари номидан жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекциясининг бошлиғи, шунингдек ҳудудий инспекцияларнинг бошлиқлари ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекциясининг ва унинг ҳудудий инспекцияларининг мансабдор шахслари ушбу Кодекснинг 178-моддасида (истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузишга доир қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланганда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади ва ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга кўриб чиқиш учун юборади.
268-3-модда. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари

Ушбу Кодекснинг 64-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг ва унинг ҳудудий бошқармаларининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга кўриб чиқиш учун юборилади.
268-4-модда. Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш органлари

Ушбу Кодекснинг 99-моддасида (йўл-қурилиш соҳасидаги қонунчиликни бузишга оид қисми), 147-моддасининг биринчи қисмида (автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга кўриб чиқиш учун юборилади.
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ

ХIХ боб. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
269-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш вазифалари

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш вазифалари: ҳар бир ишнинг ҳолатини ўз вақтида, ҳар томонлама, тўла ва объектив равишда аниқлаб чиқишдан, бу ишни қонунчиликка мувофиқ ҳолда ҳал этишдан, чиқарилган қарорнинг ижросини таъминлашдан, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитларни аниқлашдан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашдан, қонунийликни мустаҳкамлашдан иборатдир.
269-1-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, ишни кўриб чиқиш жараёнида орган (мансабдор шахс) томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар, шунингдек қоғозда расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида шакллантирилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар электрон шаклда шакллантирилганда ишда иштирок этувчи шахслар органга (мансабдор шахсга) ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишга ҳақли.

Ишлар электрон шаклда шакллантирилганда ишда иштирок этувчи шахслар томонидан судга тақдим этилган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, орган (мансабдор шахс) томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишинча органнинг мажлисида раислик қилувчининг ва котибнинг ёки ишни кўриб чиқувчи мансабдор шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни электрон шаклда бошқа органга топшириш ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги электрон шаклда шакллантирилган ишларнинг қоғоздаги кўчирма нусхалари бўлиши мумкин.
269-2-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишда иштирок этувчи шахсларнинг мурожаатлари

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва муддатларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан мурожаат қилишга ҳақли.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкин.

Иш ҳолатлари ҳужжатларнинг фақат асл нусхалари билан тасдиқланиши лозим бўлганда, шунингдек бошқа зарур ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган органнинг (мансабдор шахснинг) талаби билан ҳужжатларнинг асл нусхалари тақдим этилади.
270-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
271-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар

Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим:

1) маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса;

2) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш пайтида шахс ўн олти ёшга тўлмаган бўлса;

3) ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизликни содир этган шахс ақли норасо бўлса;

4) шахс ҳаракатни зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса;

41) шахс ҳаракатни жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш натижасида қилган бўлса;

5) амнистия акти чиқиши, агар у маъмурий жазо чорасини қўлланишни бекор қилса;

6) маъмурий жавобгарликни белгиловчи ҳужжат бекор қилинган бўлса;

7) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш пайтига келиб ушбу Кодекснинг 36-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтиб кетган бўлса;

8) маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс хусусида шу факт юзасидан маъмурий жазо қўлланиш тўғрисида ваколатли орган (мансабдор шахс) қарор чиқарган бўлса ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тугатиш тўғрисида чиқарилган қарор бекор қилинмаган бўлса, шунингдек мазкур факт юзасидан жиноят тўғрисидаги иш қўзғатилган бўлса;

9) шахс иши юритила бошланган пайтда вафот этган бўлса;

10) ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари бартараф этилган тақдирда шахсни жавобгарликдан озод этиш ушбу Кодекснинг тегишли моддасида назарда тутилган бўлса;

10-1) ҳуқуқбузар ушбу Кодекснинг 21-2-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича жабрланувчи билан ярашган бўлса;

11) агар ушбу Кодекс 164-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, 165-моддасининг биринчи қисмида, 166-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида, 167-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, 168-моддасида, 171-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, 172, 173-моддаларида, 174-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 174-1-моддасининг биринчи — саккизинчи қисмларида, 175-моддасининг биринчи ва олтинчи қисмларида, 175-1-моддасининг биринчи қисмида, 175-3, 175-4-моддаларида, 175-5-моддасининг биринчи қисмида, 176-1 — 176-4-моддаларида, 177-моддасининг биринчи қисмида, 177-1-моддасининг биринчи қисмида, 177-2-моддасининг биринчи қисмида, 178-моддасининг биринчи, учинчи — саккизинчи қисмларида, 178-1-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 179-2-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 179-4-моддасининг биринчи қисмида, 179-5-моддасида, 215-моддасининг биринчи қисмида, 215-1-моддасининг биринчи қисмида, 227-8-моддасининг биринчи, учинчива бешинчи қисмларида, 227-14-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида, 227-15-моддасининг биринчи қисмида, 227-16-моддасининг биринчи ва тўртинчи қисмларида, 227-18-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида, 227-19-моддасининг биринчи қисмида, 227-21-моддасида, 227-22-моддасининг биринчи қисмида, 227-23-моддасининг биринчи қисмида, 227-24, 227-25 ва 227-26-моддаларида, 227-27-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар йўл қўйилган бузилишларни ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, бундан фуқароларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига зарар етказилган ҳоллар мустасно.
272-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни фуқароларнинг тенглиги асосида кўриб чиқиш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш барча фуқароларнинг жинси, ижтимоий келиб чиқиши, шахсий ва ижтимоий мавқеи, ирқи, миллати, тили, дини ва эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида ва шу ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) олдида тенглиги асосида кўриб чиқилади.
273-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритиладиган тил

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади. Иш юритилаётган тилни билмайдиган иш иштирокчиларига таржимон орқали иш материаллари билан тўлиқ танишиш ва ишни моҳияти бўйича кўриб чиқиш чоғида қатнашиш ҳуқуқи, шунингдек ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
274-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишнинг очиқ кўрилиши

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш очиқ кўрилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг тарбиявий ва огоҳлантирувчи ролини ошириш мақсадида бундай ишлар ҳуқуқбузарнинг иш, ўқиш жойидаги жамоаларида ёки яшаш жойида кўриб чиқилиши мумкин.