MacroBS
1.38K subscribers
14 photos
70 links
Макроиқтисодиёт ва унинг яқин радиусидаги фикрлар.

(Канал бирор ташкилотнинг фикри ёки қарашини ифода этмайди)

Боғланиш учун алоқа:
the.macrobs@gmail.com
Download Telegram
Агар иқтисодий ўсиш суръати 2020 йилда 1,6%ни ташкил этса, бу сўнгги 20 йилдаги Ўзбекистоннинг энг паст кўрсаткичи бўлади.

График Статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди

@macrobs
2020 йил дунё иқтисоди “Буюк инқироз”дан кейинги энг ёмон ҳолатни қайд этади

Халқаро валюта фонди ижрочи директори Кристалина Георгиева фонднинг баҳорги учрашувидан олдин нутқида 2020 йилда бизни нима кутаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, 2020-йил кескин иқтисодий пасайиш йили бўлиб, 170та❗️ давлатда аҳоли жон бошига иқтисодий ўсиш суръати манфий бўлиши кутилмоқда. 2021 йилда дунё иқтисодининг тикланиши ҳам катта сўроқ остида. Инқирозга қарши давлатлар томонидан шу кунга қадар 8 трлн долларлик фискал ва мислсиз даражада монетар чоралар кўрилмоқда. Унинг фикрича, кутилаётган глобал иқтисодий пасайиш масштаби бўйича ўтган асрнинг 30 йилларидан бери кузатилмаган.

@macrobs
Халқаро валюта фонди давлатларга моддий ёрдамни кучайтирмоқда

Халқаро валюта фонди (ХВФ) Covid-19 га қарши курашиши ва тўлов баланси билан боғлиқ фавқулотда ҳолатда ривожланаётган давлатларни тезкор молиялаштириш учун 50 млрд доллар ажратган эди. Кузатилаётган иниқрознинг кўлами ва жиддийлигидан фонд тарихида қайд этилмаган ҳолат кузатилиб, ХВФга бир пайтнинг ўзида шу кунга қадар тезкор ёрдам олиш мақсадида дунёнинг 90 дан ортиқ давлати мурожаат қилган. Юқоридаги маблағ бунча кўп давлат эҳтиёжини қондиришга етмаслиги кўриниб турганди.

Шундан келиб чиққан ҳолда ХВФнинг ижрочи директорлари кенгаши қарори билан юқоридаги 50 млрд долларлик бюджет 2 бараварга кўпайтирилиб, 100 млрд долларга етказилган.

Шунингдек, қоида тариқасида давлатлар ХВФдаги квотасининг 50% миқдорида қарз олиши мумкин бўлган. Эндиликда мазкур лимит ҳам вақтинчалик 100%гача кўтарилган. Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳам, агар зарурият туғилса ва фонд “розилиги” олинса, ХВФдаги квотамизнинг 100%гача, яъни 746,7 млн долларгача кредит жалб қилиши мумкин бўлади.

@macrobs
Пандемия натижасида пайдо бўлган инқирозга қарши курашни иккига бўлиш мумкин: пандемия даврида ва пандемиядан кейин қўлланадиган чоралар. Ўзбекистон учун барча чоралар ҳозирда пандемия даври учун қабул қилиниши керак.

Давлатлар тажрибаси кўрсатяптики, пандемия даврида қабул қилиниши керак бўлган энг муҳим 3 та чора-тадбир бор:

иш ҳақини сақлаб қолиш учун субсидиялар ёки кредитлар бериш;
бизнесга пул оқимларини сақлаб қолиш бўйича ёрдам бериш (солиқ таътиллари, кредитларни кечиктириш ва в.ҳ.);
ишидан айрилган, ишсизлар, ўз-ўзини иш билан таъминловчи шахсларга яшаш учун зарур миқдорда пул бериш.

COVID-19 га қарши курашиш учун қабул қилинган чора-тадбирлар қисман бўлса-да юқоридаги чораларнинг дастлабки иккитасини қамбраб олган. Лекин, фикримизча, бир жиҳат бироз эътибордан четда қолмоқда. Яъни, карантин натижасида ишидан, кунлик даромадидан айрилган одамларни қўллаб-қувватлаш механизми. Буни депутатимиз ҳам қайд этиб ўтди.

Расмий фаолият билан банд бўлганлар энг камида қонунлар билан ҳимоя қилинган. Бироқ, бошқа ривожланаётган давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам асосий муаммолардан бири – норасмий кўринишда иш билан банд бўлганлар улуши юқори. Қайтараман – норасмий бизнес эмас, норасмий тарзда меҳнат фаолиятини юритувчилар бугунда асосий муаммо.

Статистикага мурожаат қилсак, 2018 йилги маълумот бўйича 7,9 миллион киши норасмий равишда иш билан банд. Шундан 1,6 миллион киши вақтинчалик ва мавсумий иш билан банд аҳоли бўлса, 2,6 миллионини меҳнат мигрантлари ташкил этади.

Карантин даврида энг катта ишсизлик сервис соҳасида пайдо бўлади. Бу соҳада эса жами иш билан банд бўлганларнинг 50%дан ортиғи фаолият юритади. Яъни, иш билан таъминловчи энг йирик соҳа ҳисобланади. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, сервис секторида банд бўлганларнинг 50% норасмий равишда банд, яъни тўлиқ меҳнат қонунчилиги асосида ишламайди. Шундай экан, карантин даврида зудлик билан мазкур қатламни пандемия даврида вақтинчалик қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этиш талаб этилади. Бу қатлам қашшоқ эмас, балки карантин туфайли ишини йўқотган одамлар. Уларга фақат озиқ-овқатни бериш билан муаммо ечилмайди, уларга нақд пул керак – ижара, комунал ва шунга ўхшаш тўловларни амалга ошириш керак.

Нима қилиш керак?

Карантин оқибатида ишдан айрилган (ҳам расмий, ҳам норасмий), ишсизлар, ўз-ўзини иш билан таъминловчи шаҳсларга пандемия даврида энг мақбул йўл – карантин даври давомида уларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (679 330 сўм)да пул бериш. Бундай чора Бразилия, Чили, Хиндистон, Индонезия, Перу ва Тунис каби давлатларда жорий қилинди.

Қаердан пул оламиз?

Маълумки, иниқрозга қарши жамғарма тузилган ва унда 10 трлн сўм шаклланиши белгиланган ва уни шакллантириш учун 1 млрд доллар ташқи қарз жалб этилиши керак. Ташқи қарзни жалб этиш вақт талаб этилишини ҳисобга олса, қисқа муддатда бу ишни Марказий банк орқали амалга ошириш мумкин. Қонунчиликда белгиланганки, Марказий банк ҳукуматнинг фискаль агенти ҳисобланади. Юқоридаги ташқи қарз жалб этилгунча Марказий банк керакли миқдорни молиялаштириши мумкин бўлади.

@macrobs
Халқаро валюта фонди 2020 йил учун прогнозларни эълон қилди. Базавий сценарий бўйича пандемия натижасида глобал иқтисодиёт бу йил -3,0%га пастлаши кутилмоқда. Бу жорий йилнинг январь ойида эълон қилинган прогноздан 6.3 фоиз пунктга паст ҳисобланади.

Агар вирус билан курашиш ва карантин II ярим йилликда ҳам давом этса, унда глобал иқтисод -6%га пасаяди.

Асосий савдо ҳамкоримиз бўлган Хитойда эса иқтисодий ўсиш 1.2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Бу январдаги прогноздан 4.8 фоиз пунктга паст. Россияда эса ЯИМ -5,5 фоизга камайиши мумкин.

@macrobs
Нима учун бюджет харажатлари оптималлаштиришни талаб қилади?

Макроиқтисодиёт китобларига назар ташласак, идеал ҳолатда давлат иқтисодиётга фақат инқироз пайтида аралашиши керак. Аралашиш деганда давлат бюджети орқали қўшимча харажатларни амалга ошириш орқали ялпи талабни яратиш назарда тутилади. Иқтисодиёт ҳаракатга келиши учун кимдир ҳаражат қилиш керак бўлади. Иниқроз пайтида эса давлатдан бошқа иқтисодий агентлар - хусусий сектор, одамлар – харажатларини камайтиради.

Шунинг учун, бугун дунёнинг барча давлатлари жуда катта миқдорда қўшимча бюджет харажатларини амалга оширмоқда. Халқаро валюта жамғармаси дунё бўйича жами фискаль чора-тадбирлар миқдори 8 трлн доллардан ошганини қайд этди. Бироқ, мазкур миқдорнинг тақсимотига назар ташласак, харажатларнинг катта қисми ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Нима учун ривожланган давлатлар бундай катта миқдордаги харажатларни амалга ошириши мумкин-у, лекин ривожланаётган давлатлар бундай қила олмайди?

Қисқа жавоб – кеча Молия вазиримиз таъкидлагандек, бунинг учун давлат бюджети етарли фискаль буфер (fiscal space)га эга бўлиши керак. Фискаль буфер дегани – давлат бюджетидан қилинадиган ортиқча харажатлар макроиқтисодий барқарорликка путур еткизмаcлиги зарур. Яъни, қўшимча харажат натижасида – инфляция суръати ошмаслиги, давлат қарзи барқарор сақланиши керак.

Ривожланган давлатларда инфляция суръати жуда пастлиги ва энг муҳими, давлат қарзлари асосан ўзларининг миллий валютасида эканлиги – триллионлаб долларлик харажатларни амалга ошириш имконини бермоқда. Шунинг учун ҳам Япония, АҚШ, Буюк Британия синагри давлатларнинг давлат қарзи уларнинг ЯИМга нисбатан жуда юқори. Бироқ, бу ҳеч қандай муаммони келтириб чиқармайди. Сабаби, суверен давлат ўзининг валютасида дефолт бўлиш эҳтимоли жуда-жуда паст, йўқ деса ҳам бўлади. Шунинг учун мазкур давлатлар 3 ой олдин кўплаб иқтисодчиларнинг тушига ҳам кирмаган чораларга қўл урмоқда – АҚШ тўғридан-тўғри аҳолига пул тарқатмоқда ёки штатлар чиқарган облигацияларини сотиб олмоқда, Буюк Британия Марказий банки эса ҳукумат чиқарган давлат облигацияларини тўғридан-тўғри сотиб олиб, давлат бюджети қарзини монетизация қилмоқда.

Бироқ, ривожланаётган давлатлар бундай “премиум” чора-тадбирларни амалга ошира олмайди. Сабаби, мазкур давлатларда асосий муаммо – давлат қарзи асосан хорижий валютада. Қўшимча фискаль харажатлар, албатта, валюта курсига босим ўтказмасдан қолмайди. Шунинг учун, ривожланаётган давлатлар катта миқдорда фискал чораларни кўра олмайди ва ҳаражатларни оптималлаштиришга мажбур бўлади. Шунинг учун ҳам бўлса керак бизда ҳам харажатларни қайта кўриб чиқишга қарор қабул қилинди.

@macrobs
Инқироз вақтида валютанинг алмашув курси (доллар курси) “ушлаб” турилиши керакми ёки йўқми?

Бу савол ривожланаётган давлатларга тегишли, сабаби ривожланган давлатларда капитал ҳаракати эркин ва валюта курси тартибга солинмайди.

Демак, юқоридаги савол бўйича иккита қараш мавжуд:

Биринчи қараш шундан иборатки, давлатлар ташқи шокларга юз тутганда, Марказий банклар валюта курсини ушлашга ҳаракат қилмаслиги керак. Валюта режими қанча эгилувчан бўлса, яъни курс кўпроқ бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланса, бу ташқи шокларга қарши “буфер” вазифасини бажаради. Буни иқтисодчилар тилида “автоматик стабилизатор” (automatic stabiliser) деб атайдилар. Механизм қандай ишлайди? Шок содир бўлди, долларга талаб ортяпти, натижада, миллий валюта қадрсизланади. Бу эса бизнинг экспортимизни қўллаб-қувватлаб, импорт товарлар нархини қимматлаштиради. Охир-оқибатда, иқтисодиётда валюта тушумлари ва тўловлари баланслашади.

Иккинчи қараш: Марказий банк “фавқулотда” ҳолатларда валюта курсини тартибга солиш учун фаолроқ интервенцияни амалга ошириши керак. Сабаби, миллий валютанинг кескин қадрсизланиши макроиқтисодий барқарорликка путур еткизиши мумкин. Ривожланаётган давлатларда даромаднинг катта қисми истеъмолга сарфланиши туфайли доллар курсининг кўтарилиши ва инфляция ўртасида кучли боғлиқлик мавжуд (“pass through effect”). Назариядан четда қолган яна бир ҳолат - ривожланаётган давлатларда “долларизация” юқори. Миллий валюта кўп ҳолатларда товар ва активлар учун ўлчов функциясини бажармайди. Бу эса яна бир қўшимча салбий эффектни келтириб чиқаради – нафақат товарлар, балки узоқ муддатли активларнинг ҳам миллий валютадаги нархи қимматлашади. Кўчмас мулк, ёки автомобиль бозорлари бунга мисол бўлиши мумкин.

Пандемия натижасида кўплаб ривожланаётган давлатлар ташқи савдо билан боғлиқ шокдан ташқари, яна бошқа бир шокни ҳам қабул қилиб олди. Инқироз бошланган бери мазкур давлатлардан 100 млрд доллардан зиёд капитал оқиб чиқиб кетган. Миллий валюта кескин қадрсизланишини олдини олиш учун Марказий банклар бозорга аралашишга мажбур бўлишмоқда. Масалан, Россия, Қозоғистон Марказий банклари бунга мисол бўла олади.

Қисқа қилиб айтганда, инқироз пайтида тарозининг палласи иккинчи қарашга кўпроқ ён босади. Сабаби, бундай шароитда валюта курсига таъсир этувчи энг муҳим фактор - Марказий банк Раиси таъкидлаганидек, аҳолининг девалвацион кутилмалари ҳисобланади.

Девалвацион кутилмаларни иқтисодиёт китобларидаги талаб ва таклиф қонуни орқали тушунтириш мумкин. Талаб қонунига кўра, қоида тариқасида товарнинг нархи кўтарилса унга бўлган талаб пасаяди. Валюта бозорида эса бу жараён тескари ҳаракатланади. Яъни, доллар курси кўтарилиши бўйича кутилмаларнинг мавжудлиги долларга бўлган талабни янада кўпайтиради. Таклиф қонуни ҳам шундай - товар нархи кўтарилса уни ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиб, таклиф миқдори ортади. Бироқ, валюта бозорида айнан шу кутилмалар сабаб “ишлаб чиқариш”ни, яъни валюта таклифини ҳеч ким кўпайтирмайди.

Халқаро валюта фонди ҳам ўзининг сўнгги ҳисоботида, агар мамлакатда инфляция паст, ишончли монетар сиёсат, валюта алмашув курси эгилувчан бўлсагина валюта курсининг тушиши ташқи факторларга “буфер” бўлиши мумкинлигини қайд этган. Бундай давлатларга мисол қилиб Арманистон, Грузия, Козоғистон кўрсатилган. Агар юқоридаги ҳолатлар мавжуд бўлмаса, валюта курсининг кескин тушиши инфляция ва иқтисодий фаолликни тушишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистоннинг валюта бўйича позицияси яхши эканлигини, яъни олтиннинг нархи барқарор кутилаётганлиги, экспорт ва импорт тушумлари мутаносиб равишда камайишини ҳисобга олсак, Марказий банк валюта курсини ўзининг фундаментал баҳосида шаклланиши учун фаолроқ интервенцияни амалга ошириши мақсадга мувофиқ.
@macrobs
Инқироз сабоқлари

Баъзи бир соҳалар борки, уларга давлатнинг аралашуви иқтисодий жиҳатдан мақбул деб қаралади. Мазкур соҳаларда яратиладиган товар ва хизматларни иқтисодчилар тилида – “public goods” дейишади. Бундай хизматлар тоифасига таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизликни таъминлаш каби жамият учун ўта муҳим бўлган ва хусусий бизнес орқали амалга ошириш иқтисодий жиҳатдан самарасиз ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган соҳалар киради. Сиз билан биз давлатдан мазкур хизматларни олиш учун ҳам даромаддан, ҳам истеъмолдан солиқ тўлаймиз.

Юқоридаги хизматларнинг асосий тури бўлган соғлиқни сақлаш тизими бўйича Ўзбекистонда вазият қандай?

Яқинда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан Марказий Осиё давлатларида COVID-19 инқирозига қарши кўрилаётган чоралар ҳақида материали чоп этилибди. Мазкур репортда бир ҳолат эътиборни тортди:

“Марказий Осиё давлатларида соғлиқни сақлашни молиялаштириш бўйича давлат харажатларининг пастлиги мазкур соҳа ҳаражатларининг катта қисми одамлар (уй ҳўжаликлари) томонидан қопланишига ва натижада аҳолининг истеъмол даражаси паст бўлишига олиб келмоқда...”

Бошқача қилиб айтганда:

“Жами соғлиқни сақлаш харажатларини аҳолининг “чўнтагидан” қоплаш даражаси бўйича Марказий Осиё минтақаси дунёда энг юқори кўрсаткичга эга”.

Дунёнинг энг бой давлатларида мазкур кўрсаткич тахминан ўртача 18% атрофида бўлса, 2018-йилги маълумот бўйича Ўзбекистонда аҳолининг соғлиқни сақлаш бўйича тўғридан-тўғри тўловлари даражаси 45%га тенг.

Чуқур ўйлашга арзигулик рақам, шундай эмасми?

@macrobs
Инқироз сабоқлари - 2

Куни кеча иккита хабар пайдо бўлди: Ўзбекистон 3,1 млрд доллар қарз жалб қилмоқчи ва давлат қарзи бўйича ўрнатилган лимитини қайта кўриб чиқмоқчи. Бу эса, ўз навбатида, давлатнинг ташқи қарзи кўпайиб кетмаяптими ёки унинг ҳолати барқарор сақланиб қоладими деган саволларни юзага чиқармоқда.

Биринчи масала - ҳақиқатда сўнгги уч йилда (чет эл валютасидаги) ташқи қарзимиз кўпаяётгани рост ва бу хатто капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Атабек Назировни ҳам ҳавотирга соляпти. А.Назиров ўз ишини бошлаганидан буён хорижий валютадаги ташқи қарзлар нақадар хатарли эканлигини кўп такрорлайди. Лекин, ҳеч ким қулоқ солмаётгандек...

Иккинчи ҳолат - қарзимиз барқарор қоладими ёки йўқми?

Халқаро ташкилотлар тавсиясига кўра, Ўзбекистон учун ташқи қарз бўйича максимум кўрсаткич ЯИМга нисбатан 55%ни ташкил этади. Молия вазирлиги бу чегарани 50%дан паст бўлиши керак деб баҳолаган. 2019 йилнинг якунига кўра бу кўрсаткич 27% атрофида. Хавотирга асос борми ёки йўқми?

Умуман, ташқи қарз барқаролигига 3та фактор таъсир кўрсатади – реал иқтисодий ўсиш, қарз бўйича тўланадиган реал фоиз ставка ва валюта курсининг ўзгариши. 2020 йил иқтисодий ўсиш паст ва ташқи қарзни ўзлаштириш режалаштирилганидан кўп бўлишини ҳисобга олсак, тез суръатда 50%га етиб олишимиз ҳеч гап эмас. Иккинчидан, юқоридаги 50%лик ҳисоб-китоб пандемия натижасида валюта курсининг кескин девалвация бўлишини ҳисобга олганлиги ҳам сўроқ остида. Кўриб турганимиздек, инқироз вақтида 1 ва 3 фактор бизга қарши ҳаракатланади. Таскин берувчи бир ҳолат - юқоридаги миллиард қарзлар, агар келиб тушса, имтиёзли шартларда берилади.

Ва ниҳоят, мазкур инқироз биз учун сабоқ бўлиши керакки, инқироз пайтида четдан пул жалб этиш жуда ҳам қийинлашади. Қанчалик мақтанмайлик, шу пайтга қадар вирусга қарши курашиш бўйича жалб қилиш кўзда тутилган 1 млрд доллларлик ташқи қарзнинг атиги 95 млн доллари келиб тушди, холос. Бундай пайтда, ҳаттоки, евроблигацияларимиз орқали олган “бенчмаркимиз” ҳам ёрдам бермаяпти.

Нима қилиш керак?

Хорижий инвесторларга бўлган “алоҳида меҳрни” энди маҳалллий инвесторларга ҳам кўрсатиш пайти келди. Чет эл инвесторларига кўрсатаётган шунча эҳтиромларимизга қарамай, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми мигрантлар юбораётган пулдан ҳам кам.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг қўлида 10 млрд АҚШ доллари атрофида пул мавжуд. Айнан шу маблағларни мобилизация қилишнинг ҳали-ҳануз механизми мавжуд эмас. 2-3 йил олдин зўр бериб миллий капитал бозорини ривожлантирамиз деб ҳаракатни бошладик. Янги агентлик тузилди. Лекин, ҳалигача бирор натижа кўрингани йўқ. 2019 йилнинг сўнггида тасдиқланиши керак бўлган стратегия ҳам тасдиқланмаган.

Демак, посткризис даврида зудлик билан:

🔸Ташқи қарз олишни кескин жиловлаш;
🔸Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги инвестицион тоифага етгунга қадар евроблигациялар чиқаришни тақиқлаш;
🔸 Миллий капитал бозорини тезроқ оёққа тургизиш керак.

@macrobs
Реал ҳаёт ва моделлар

Иқтисодчиларнинг севимли машғулоти бор – модделаштириш. Маълум бир фаразлар ва сценарийлар асосида улар келгусида экономикада вазият қандай ўзгариши ҳақида доимий равишда оммани хабардор қилиб туради. Бу ишни нимаси ёмон дейсизми? Ҳеч ҳам ёмон жойи йўқ, фақат баъзида мана шу модделлар “қаттиқ” панд беради.

Масалан, 2008 йидаги инқирозни олайлик – иқтисодчилар модделларига ишонилса, фонд бозоридаги “коллапс”нинг эҳтимоллиги нолга жуда яқин бўлган ва кризис содир бўлмаслиги керак эди. Банклар томонидан рискларни баҳолашда ишлатилган VAR (Value-at-risk) ёки бутун иқтисодиётни модделаштирувчи DSGE деб номланувчи моделларининг бирортаси мана шундай катта инқирозни кўра олмаган. Шунинг учун бўлса керак, 2008 йилда Британия қироличаси ҳайрон бўлиб сўраган экан: “Наҳотки, шундай катта инқироз келаётганини ҳеч бир иқтисодчи кўра олмаган бўлса?!”.

Мана шундай мутахассисларнинг “бахтига” собиқ трейдер Нассим Толиб томонидан ёзилган китоблар орқали “Black Swan” термини кириб келди ва уларнинг фаол лексиконига айланди. Бирор фавқулотда ходиса содир бўлса, бу - “Black Swan” ҳолат деб қаралиб, экспертлар ва улар яратган моделлар камчилигини оқлаш воситасига айланиб қолди.

Масалан, реал ҳаётда модел кўзда тутмаган ёки ҳисобга олмаган сценарий пайдо бўлиб қолса ва экспертлар сўроққа тутилса, уларнинг бундай вазиятда жавоби – бу “умуман кутилмаган”, “ вазият бундай жиддийлашиб кетиши ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган” ёки “тарихда кузатилмаган воқеа бўлди” каби жавоблар бўлади. Шу орқали, воқелликка “Black Swan” деб тус берилади ва экспертларнинг узоқни кўра олмаганлиги ёки вақтида реакция қилмаганлиги масаласини кун тартибидан олинишига “ёрдам” беради.

Лекин, Нассим Толиб одамларни хушёрликка чақириб, ҳар қандай ҳодисани “Black Swan” деб номлаш нотўғри ва бундай ҳатти-харакатга уриниш моделнинг ёки экспертнинг хатосини яшириш учун бир бахона холос дейди. Унинг фикрича, кўпчилик ўйлаганидек 2008 йилги глобал инқироз ҳам, хозирги кузатилаётган пандемия ҳам “Black Swan” ҳодиса эмас, уларни олдини олса ёки энг камида, бунга пухтароқ тайёргалик кўрса бўларди.

Бу дегани моделлаштириш - умуман фойдасиз деганини англатмайди. Фақат, модделар реал ҳаёт ёки тажрибанинг ўрнини алмаштирмаслиги зарур. Сабаби, реал ҳаёт экспертлар модделлари билан ҳисоблашиб ўтирмайди.

P.S. Мазкур фикрлар Жаҳон банки ва Халқаро валюта фондининг Ўзбекистон ташқи қарз барқарорлиги ва унинг хавфсиз нуқтасини моделлаштириш бўйича “paper”ини ўқиш натижасида пайдо бўлди.

@macrobs
Хитойнинг қарз сиёсати бўйича хавотирлар

Сўнгги йилларда ривожланаётган давлатларнинг асосий кредитори сифатида Хитойнинг роли жуда ортди. Охирги гигант лойиҳаларидан бири – “Бир макон, бир йўл”. Бундай катта ҳажмдаги қарзлар кўплаб ривожланаётган давлатларни қарз ботқоғига ботирмоқда ва иқтисодчиларда Хитойнинг қарз бериш амалиёти ҳақида хавотирли саволларни туғдиряпти.

Ривожланаётган давлатлар бўйича иқтисодчи Атиф Мианнинг фикрича, Хитойнинг ривожланаётган давлатларга ажратилувчи кредитлари механизми нотўғри тузилган ва кредит олувчи давлатларнинг манфаатига хизмат қилмайди.

“Бир макон, бир йўл” лойиҳасини олсак, у Хитойнинг “сахийлиги” эмас, балки ўзининг ички дисбалансларини ечишга қаратилган. Бу дисбаланс қаердан пайдо бўлган? Бунга жавобни ҳар қандай давлатнинг тўлов баланси кўрсатади.

Сўнгги йилларда Хитойнинг жорий ҳисоблар бўйича позицияси фақат профицитдан иборат, яъни экспорт ҳажми импортдан юқори. Шу туфайли йиллар давомида давлатда катта миқдорда жамғарма тўпланган. Даромадингиз харажатингиздан юқори бўлса, албатта, жамғармангиз кўпаяди. Давлатларда ҳам шундай. Бу жамғармалар эса қаергадир ишлатилиши керак – ё ички инвестицияларга ёки бошқа давлатлар инвестицияларини молиялаштиришга йўналтирилади. Айни пайтда Хитой иқтисодиёти ички инвестицияга тўйингани ва АҚШ ҳам мазкур “ортиқча” инвестицияларни қабул қилишни секинлаштиргани сабабли асосий эътибор кучсизроқ давлатларга қаратилди ва “Бир макон, бир йўл” ҳам шу дисбалансни ечишга қаратилган.

“Кучсиз давлатлар лидерлари учун ҳам бу айни муддао – мазкур имкониятни ўзларнинг қандай кучга эга эканлигини кўрсатувчи лойиҳалар сифатида кўз-кўз қилиши мумкин. Шунингдек, бундай лойиҳалар кўпинча маромига етказиб ҳам ишлаб чиқилмайди. Масалан, Хитойнинг давлат корпорациялари бир пайтнинг ўзида ҳам молиялаштирувчи, ҳам пудратчи сифатида лойиҳада иштирок этади. Бу эса лойиҳа харажатларини юқори кўрсатиш орқали Хитой учун инвестициядан келувчи фойда қайтимини максималлаштиришга имкон беради.

Шу билан бирга, инвестициялар асосан ички истеъмол учун ишлатилувчи ёки маҳсулотини экспорт қилиш мумкин бўлмаган соҳаларга киритилади. Экспортни кўпайтирмаганлиги учун қарзни қайтариш ҳам қийинлашади. Устига-устак қарз — АҚШ долларида. Инқироз пайтида доллар топиш муаммога айланади.

Яна бир муаммо. Қарз олувчи давлат лойиҳа бўйича “due diligence”ни амалга оширилмайди. Хусусан, қарздор давлат учун ташқи шоклар қандай молиявий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги таҳлил қилинмайди. Юқоридаги муаммоларни кимдир гапирса, уларга “ватанни севмаслик” ёрлиғи ёпиштирилади.

Шунинг учун бундай қарзлар катта муаммоларни келтириб чиқараётганлиги таажубланарли эмас. Сабаби қарз бериш механизмининг ўзи “коллапс” бўладиган қилиб яратилган. Агар Covid-19 бўлмаса, бошқа муаммо чиқиши турган гап эди”.

Миан фикрича, ҳам Хитой, ҳам қарз олувчи давлатлар учун “win-win” йўли бор:

Капитални ўзини экспорт қилиш ўрнига Хитой ривожланаётган давлатлар билан ўзининг технологияларини баҳам кўриши ва ривожланаётган давлатлар миллий институтларини кучайтириши мумкин эди. Ёки, Хитой бошқа давлатларга ўзининг “ўсиш” моделини қўллашда ёрдам бериши мумкин. Ривожланаётган давлатлар учун сабоқ жуда ҳам оддий: иқтисодий ўсишни импорт қилиб бўлмайди ёки қашшоқликдан чиқишни ҳам қарз олиш эвазига ҳал қилиб бўлмайди. Унинг ўрнига одамларга ва институтларга инвестиция киритиш ва давлатнинг салоҳиятини кўтариш керак.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, давлатлар кесимида Ўзбекистонга энг кўп қарзни ҳам Хитой берган ва жами давлат ташқи қарзимизнинг 20%дан ортиғини ташкил этади. Мазкур қарз маблағлари “мамлакатимиздаги давлат корхоналари томонидан юқори рентабелли ва экспортга йўналтирилган инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун” жалб этилган. Ваҳоланки, экспортимиз таркибида ҳали ҳамон асосий улушни – олтин, газ ва бошқа ресурслар ташкил этади.

@macrobs
“Барқарорлик – нобарқарорликдир”

Инқироз натижасида АҚШда ҳар 5 та одамдан 1 таси ўз ишини йўқотибди. Бу рақам ҳар 5 кишидан 5 киши бўлса ҳам қўрқинчли эмас Америка учун. Нимага? Сабаби, АҚШ ҳар инқироздан олдингисига нисбатан кучлироқ бўлиб чиққан. Инқироз ҳар бир индивидуал одам учун қийин кечиши мумкин, лекин бутун жамият учун бу янгиланиш даври бўлади. Янги ғоялар, янги хизматлар, янги маҳсулотлар. Шунингдек, инқироз филтрлаш фукциясини ҳам бажаради – кучсиз, рақобатсиз, қўллаб-қувватлаш орқали фаолият юритаётган фирмалар хаёти якунига етади. “Creative destruction” деб номланувчи бу феномен АҚШда ҳам сўнгги йилларда молия тизимининг роли керагидан ортиқча даражага етиши (financialization) натижасида бироз секинлашди. Шундай бўлсада, бу масалада бизга ўхшаган давлатларнинг АҚШга етишига анча бор.

Ривожланган давлатлар фаровонлигнинг асосий сабабларидан бири ҳам айнан шу – инқироз пайтида қанчалик оғир бўлса ҳам компаниялар давлат томонидан қутқариб қолинмаган. Қолоқ давлатларда эса тескариси: давлат иштирокидаги корхоналар жуда кўп, улар эса инқироз ҳақида умуман қайғурмайдилар. Сабаби, уларни қутқарувчи ҳалоскор мавжуд – давлат. Бунақа ҳолат иқтисодиётда “moral hazard” деб номланади. Сизни қутқариб қолишлари кафолатланган бўлса, ўзингизни асраб-авайлашга ёки ёмон ҳолатларга тайёргарлик кўришга хожат йўқ.

Нима учун мамлакат миқёсида компанияларни қутқариш мақсадга мувофиқ эмас?

Бунинг учун биздан меҳнат унумдорлиги фаровонликнинг асоси эканлигини тушуниш кифоя. Пол Кругман деган иқтисодчи айтганидек, меҳнат унумдорлиги қисқа муддатда ҳеч нарса бўлиши мумкин, бироқ узоқ муддатда у ҳамма нарса. Содда қилиб тушунтирганда, меҳнат унумдорлиги орқали одамларнинг иш самарадорлиги ортади. Бу эса уларнинг иш ҳақини кўпайтиради ва товар (хизматлар) нархини арзонлаштиради.

Меҳнат унумдорлигининг ортиши учун инновацион технологиялар (жуда ҳам сийқаси чиққан сўз, биламан) ишлаб чиқариш жараёнига тадбиқ этилиши керак. Бу дегани кимдир таваккалчиликка бориши ва янги технологияга инвестиция киритиши керак дегани. Ва энг муҳими – инвестиция қилинаётган маблағ кўп ҳолатда хусусий капитал бўлиши керак.

Жуда кўп лойиҳалар ўзини оқламайди ва бу ҳолат лойиҳанинг концепсиясини ва хаётга тадбиқ этилишини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу инновацияларнинг алгоритми. Муваффақиятсизликлар бизнесни “чиниқтирса”, аксинча муваффақият капитални кўпайтиради.

Агар давлат мазкур жараёнга қўшилса нима бўлади? Бозор принципларига кўра фаолияти якунига етиши керак бўлган бизнес мажбурий равишда сақланиб қолинади ва янги самаралироқ бизнесда ишлатилиши мумкин бўлган ресурсларни сақлаб қолади. Шунинг учун инқирозга ўзининг энг муҳим ишини қилишга имкон бериш керак. Бу худди компютерни “перезагрузка” қилгандек гап – иқтисодиётнинг узоқ муддат нормал ишлаши гаровидир.

Ўзбекистонда вазият эса бундан ҳам оғир. Биз кризис пайтида эмас, оддий нормал шароитда ҳам давлат компанияларини беминнат қўллаб-қувватлаймиз. Шунинг учун 30 йилдан бери на бирорта дунё бозори учун маҳсулот ярата олдик, на бирорта инновация қилдик. Соф бозор иқтисодиёти хеч қаерда мавжуд бўлмасада, бозор ва давлат ўртасида мувозанат бўлиши керак. Посткризис даври шу мувозанатни таъминлаш учун яхши имконият.

@macrobs
Япония vs Ўзбекистон

Япония

50 долларлик купюранинг олд қисмида акс эттирилган Американинг ўн саккизинчи Президенти Улисс Грант 1879 йили Японияга ташрифи чоғида Император Меижига суверен давлат учун четдан қарз олишдан кўра қўрқинчлироқ ҳолат йўқ, деб таъкидлайди. Бир қатор давлатларнинг аянчли ҳолатларини мисол келтириб, У.Грант Япония императорига зудлик билан ташқи қарзлардан қутилишни маслаҳат беради. “Ташқи қарзлар кўп эмаслигини ҳисобга олсак, қанчалик улар тез қайтарилса, шунчалик Япония учун яхши бўлади. Имкони бўлса, Япония ҳеч қачон бошқа давлатлардан қарз олмаслиги керак” - дейди.

Япония мазкур маслаҳатни яхшилаб қулоғига қуйиб олган шекилли, нафақат давлатнинг ташқи қарзи мавжуд эмас, балки бошқа давлатларни ҳам қарз қилиб қўйган (бугунда Япониянинг давлат қарзи ўзининг ялпи ички маҳсулотига нисбатан 200 фоиз атрофида, бироқ, эътибор берамиз, бу қарзларнинг ҳаммаси Япон миллий пул бирлигида).

Ўзбекистон

Халқаро валюта фонди Ўзбекистонга 375 млн доллар атрофида қарз маблағи ажратиши билан биргаликда жорий йил ва келгуси йиллар учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича прогнозларини янгилган.

Эътиборга молик рақамлардан бири, жорий йил ташқи дунё билан ҳисоб-китоб қилиш учун Ўзбекистонга жами 8,5 млрд доллар керак бўлади – 2,6 млрд олдинги қарзларни қайтариш учун, 5,9 млрд эса жорий ҳисобни молиялаштириш учун.

8.5 млрд қаердан оламиз? Валюта фонди 6 млрддан зиёдроқ ташқи қарз жалб этилишини ва олтин-валюта захиралардан 2,5 млрд доллар ишлатилишини прогноз қилмоқда.

***
Бир нарсани тан олиш керак, ҳар қанча хохламайлик, бугунги шароитда четдан қарз жалб қилиш ёки қилмаслик Ўзбекистон учун танлов эмас. Бу пост-пандемия шароитида ҳукумат томонидан жиддий тарзда бош қотиришни талаб қилувчи масала. Мустақил молиявий сиёсат юритишга эришиш, қолоқ давлатлар тушган “қарз” тузоғига тушмаслик ва пафос бўлса ҳам айтиш керак, ривожланган давлатга айланиш учун Улисс Грантнинг юқоридаги маслаҳатига амал қилишга тўғри келади.

@macrobs
Гудхарт қонунияти

Чарлез Гудхарт деган Британ иқтисодчиси номи билан машхур бир қонуният бор:

“Агар ўлчов мақсадга айланса, ўлчов ўзининг қийматини йўқотади.”

Яъни, ҳар қандай кузатиладиган статистик қонуният, агар унга назорат мақсадида босим ўтказилса, бузилади. Бунда иккита ҳолат юз бериши мумкин – биринчидан, мазкур қўйилган кўрсаткичга етиш учун одамлар ҳар қандай ишни амалга ошира бошласа, иккинчидан, мазкур мақсад бош приоритетга айланиб, бошқа оқибатлар эътибордан четда қолади.

Бу қонуниятга мисолларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Масалан, иқтисодни олсак – бутун дунёда иқтисодий ўсиш асосий мақсадга айланди. Ўсиш билан овора бўлиб, иқтисодий тенгсизлик муаммоси пайдо бўлди ва бу масала бугунда кўплаб давлатларнинг асосий бош огриги. Ёки, 2008 йилга қадар паст инфляция асосий таргетга айланди, бироқ молиявий барқарорлик масалалари эътибордан четда қолди.

Серқуёш ўлкамизда ҳам мазкур қонуниятни амалда кўп учратиш мумкин. Мана, масалан, айрим ҳудудларда экспорт кўрсаткичларини ошириш мақсадида ҳудуддаги раҳбарлар экспортерлар олдида сунъий тўсиқларни қўймоқда. Ёки, ҳар ойда солиқ планини бажариш учун тадбиркорлардан солиқ тўловларини олдиндан тўлашни илтимос қилиш, ҳудудларда нарх навони ўсишига чегара қўйиш, янги қурилган объектларни байрам кунларига топшириш кабилар мисол бўлиши мумкин.

Шунинг учун маълум бир ҳолатга баҳо бераётганда ягона метрикадан фойдаланишдан имкон қадар қочиш; қарор қабул қилиш учун миқдорий эмас, сифат кўрсаткичларига каттароқ вазн бериш мақсадга мувофиқ.
S&P’ глобал рейтинг компанияси Ўзбекистонни огоҳликка чақирмокда

S&P’ Ўзбекистоннинг рейтингини «BB-» даражада тасдиқлаган бўлсада, кутилма (outlook) "барқарор"дан "салбий"га ўзгартирилган. Ҳисоботда қайд этилишича, ташқи қарз кутилганидан кўра юқори суръатда ўсмоқда ва агентлик ҳисоб-китоби бўйича йил охирига келиб Ўзбекистоннинг ликвид ташқи активлари (экспорт тушумлари, пул ўтказмалари, Марказий банк ҳисобидаги олтин валюта захиралари ) унинг ялпи ташқи қарзини қоплашга етмай қолади. Мазкур сабаблар туфайли кутилма салбий деб баҳоланган. Бу дегани келгусида Ўзбекистон рейтинги бир поғона пастлаши мумкин.

Ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистоннинг рейтинги:
-қарз олиш суръати ортиб, бюджетнинг ҳолати ёмонлашса;
-ташқи қарзга бўлган эҳтиёж янада ортса;
- давлат корхоналари ҳолати ёмонлашса;
- долларизация даражаси кучайса пасайтирилиши мумкин.

Кутилманинг салбийга ўзгартирилишининг яхши тарафи ҳам бор – бу Ўзбекистон учун рационал бўлмаган евроблигация чиқариш амалиётини энг камида бироз ортга суради. Бенчмаркми, ўзимизни кўрсатиш учунми, 2019 йилда АҚШ долларида деноминация қилинган суверен евроблигация чиқарган эдик. Бундан рухланган ҳолда кейинроқ банклар, давлат корхоналари бозорга чиқиши керак эди. Ўзсаноатқурилишбанк 300 млн долларлик евробондлар чиқариб, бунга улгурди ҳам.

Аслида бундай паст суверен рейтинг билан дунё бозорига чиқиш ва бунга банклар ва давлат корхоналарини мажбурлаш кўр-кўрона мамлакатнинг ташқи молиявий позициясини хатарга қўйиш эди. Бошқача айтганда, евроблигация чиқарилиб рейтинг кўтарилмайди, аввал рейтинг кўтарилади, кейин облигация чиқариш мумкин.

Умуман, S&P’ ҳисоботида Ўзбекистондаги жорий иқтисодий вазият ҳолис таҳлил қилингани бироз ҳайрон қолдириши мумкин. Сабаби, рейтинг агентлигига пулни рейтинг олувчи давлат ёки компания тўлайди ва бу манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқаради. Бундай ҳолатда рейтинг агентликлар мижознинг ҳамма “касаллар”ини ошкор этмаслиги мумкин. Лекин, S&P’ мавжуд рискларни кўрсатиб ўтган.

Хусусан, Ўзбекистоннинг рейтинги нима учун инвестиция тоифасига кирмаслигининг сабаби рейтингни аниқловчи 6 та омиллардан энг мухимлари – институтционал вазият ва жон бошига тўғри келувчи ички маҳсулотнинг пастлигидир. Мана шу иккита фактор бўйича Ўзбекистон 6 баллик (6 балл энг паст баҳо) тизимда 5 баллга баҳоланган. Институтционал вазият бўйича рейтинг пастлигининг сабаби сифатида мамлакатда қарор қабул қилиш жараёнининг ўта марказлашганлиги, институтлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат принципларининг паст ривожланганлиги кўрсатилган. Мана қаерга эътибор қаратишимиз керак.

P.S. S&P’нинг Ўзбекистон бўйича ҳисоботи тўлиқ матни билан унинг сайтидан текинга рўйхатдан ўтиб танишиш мумкин.
Халқаро валюта фонди 2020 йил учун прогнозларни янгилади. Базавий сценарий бўйича пандемия натижасида глобал иқтисодиёт бу йил -4,9%га пастлаши кутилмоқда. Бу жорий йилнинг апрел ойида эълон қилинган прогноздан 1,9 фоиз пунктга паст ҳисобланади. Бунинг сабаби - пандемиянинг таъсири 2020 йилнинг биринчи ярим йилида кутилганидан кўра кучлироқ бўлган. Шунингдек, мазкур инқироз даромади бўйича аҳолининг қуйи қатламига жиддий таъсир кўрсатади ва ўтган асрнинг 90 йилларидан бери қашшоқлик бўйича эришилган прогрессни йўққа чиқариши мумкин.
Америкача орзу ёхуд Ўзбекистонда ҳам миқдорий юмшатиш (Quantative Easing)ни амалга ошириш керакми?

Давлатлар томонидан амалга оширилаётган турли экспериментлар билан ҳам мазкур инқироз эсда қоладиган бўляпти. Кўплаб ривожланган давлатлар иқтисодиётни тиклаш учун қилиш мумкин бўлган барча ишларни амалга оширмоқдалар. Масалан, АҚШ марказий банки хусусий компаниялар облигацияларни сотиб олишга киришмоқда. 6 ой олдин бундай ишга социализмга қайтиш деб баҳо берилган бўларди. Лекин, хозирги инқироз кўлами шу даражадаки, бундай чораларга нормал қаралмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ривожланган давлатларда қўлланилаётган чоралар ривожланаётган давлатлардаги иқтисодий сиёсатга ҳам босим ўтказмоқда. Гўёки шундай тасаввур борки, АҚШ, Германия, Буюк Британия ёки Франция амалга оширган чора-тадбирларни бемалол ривожланаётган давлатларда ҳам амалга оширса бўладигандек. Иқтисодчилар томонидан "нима учун мана бу давлат бундай қиляпти, биз шундай қилмаслигимиз керак?" дегандай фикрлар тез-тез янграб турибди. Бундай ёндашув, фикримизча, нотўғри. Сабаби ривожланган давлатлар билан бошқа давлатлар макроиқтисодий ҳолати ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.

Шу ўринда ривожланган давлатлар қаторига кирмайдиган давлатларни ҳам икки тоифга ажратиб таҳлил қилиш керак бўлади – бозор иқтисодиёти ривожланаётган (“emerging economies” – Туркия, Россия, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, Мексика ва х.к) ва ривожланаётган давлатлар (Ўзбекистон ҳам шу тоифага киради). Боиси, бозор иқтисодиёти ривожланаётган давлатлар амалга ошириши мумкин бўлган ишларни ҳам ривожланаётган давлатларда амалга ошириш амри маҳол.
Америкача орзу ёхуд Ўзбекистонда миқдорий юмшатиш (Quantative Easing)ни амалга ошириш керакми?

давоми

Дастлаб миқдорий юмшатиш ҳақида. Инқироз содир бўлса, иқтисодиётни тиклаш/рағбатлантиришни икки хил йўл бор – фискаль ва монетар сиёсат орқали. Фискаль сиёсат солиқларни пасайтириш, бюджет харажатларини кўпайтириш орқали, монетар сиёсат эса одатда асосий ставкани пасайтириш орқали амалга оширилади. Асосий ставка пасайтирилса инвестицияни рағбатлантиради ва пировардида бу иқтисодий ўсишни тезлаштиради.

2008 йилги иқтисодий инқироздан сўнг ривожланган давлатлар инқироздан чиқиш учун мазкур ставкани нолгача туширишига қарамасдан иқтисодиёт олдинги ҳолатга қайтмади. Фоиз ставка нол дегани Марказий банк ўзининг бизнес циклларга таъсир этувчи асосий инструментидан айрилди дегани. Яъни, номинал фоиз ставкани нолдан пастлатиб бўлмайди. Шунинг учун, мазкур давлатлар 2000 йиллардан буён Япония қўллаган чорага ўтишди – турли муддатли давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш орқали бозордаги узоқ муддатли фоиз ставкаларини пасайтиришга ҳаракат қила бошлади. Мақсад – пул кредит сиёсатини узоқ муддатда ҳам “юмшоқ” бўлишига эришиш. Шундан буён мазкур инструмент ривожланган давлатлар Марказий банкларининг асосий арсеналига айланди.

Ривожланаётган мамлакатларда эса вазият бироз бошқача – инфляция суръати ва фоиз ставкаси юқори. Анаънавий монетар сиёсат инструменти ўзини кучини йўқотмаган. Фоиз ставкасини пасайтириш орқали иқтисодиётни рағбатлантириш мумкин. Шундай бўлсада, кўплаб ривожланган давлатлар изидан бозор иқтисодиёти ривожланаётган давлатларда миқдорий юмшатиш копи-паст бўлаётган чоралардан бири бўлмоқда. Туркия, Польша, Малайзия, Филиппин, Индонезия, Венгрия, Жанубий Африка каби давлатларнинг Марказий банки ўзларининг ҳукумати томонидан чиқарилган облигацияларни сотиб олишга қарор қилди. Восита бир хил бўлсада, миқдорий юмшатишнинг мақсади бу давлатларда умуман бошқа – инқироз таъсирида мазкур мамлакатлар облигациялар бозорини тарк этаётган хориж капиталини ўрнини тўлдириш ва бозорда катта тўлқин содир бўлишини олдини олиш.

Ўзбекистонда ҳам миқдорий юмшатишни амалга ошириш керакми?

Ўзбекистонда, фикримизча, бугунги шароитда миқдорий юмшатишни амалга оширишга зарурият йўқ. Биринчидан, бизда ривожланган давлатлардаги ҳолат эмас – Марказий банк асосий фоиз ставкаси жуда баланд, инфляция даражаси юқори. Иккинчидан, бозор иқтисодиёти ривожланаётган давлатлар сингари бизда чуқурроқ миллий облигация бозори мавжуд эмас, яъни миқдорий юмшатиш орқали сотиб оладиган активни ўзи йўқ. Учинчидан, жуда кўпчилик ўйлаганидек, миқдорий юмшатиш бу пул эмиссия қилиш дегани эмас, шунчаки бунда бир ликвид актив – давлат қимматли қоғозлари иккинчи ликвид актив - Марказий банк резерв пули билан алмашади холос. Ва ниҳоят, миллий облигация бозори миқдорий юмшатиш орқали ривожантирилмайди. Аксинча, бу давлат бюжетини билвосита монетизация қилиш хавфини туғдиради. Бу эса шундоғам юқори бўлган инфляцияни тезлашишига олиб келиши мумкин. Ваҳоланки, бугунги қонунчилигимиздаги энг яхши нормалардан бири бу - Марказий банк томонидан бюджет дефицитини молиялаштирилишининг тақиқланганлиги.

Ҳозирги шароитда Марказий банк қилиши керак бўлган энг муҳим иш асосий ставкани белгиланган коридорда ушлаб туриш. Нима учун Марказий банк банклараро пул бозорида фоиз ставкани тўлиқ назорат қила олмаётганлиги ҳалигача тушунарсиз.

Ташқи қарз олишни камайтиришнинг энг мақбул йўли эса тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилишни кўпайтириш ва миллий капитал бозорини ривожлантириш. Бу ишлар эса негадир ўта суст амалга оширилмоқда.

@macrobs
Миллий валютанинг қадрсизланиши экспортни қўллаб-қувватламайди

Макроиқтисодиёт ёки ҳалқаро савдо бўйича китобларга мўралаб қарасангиз аксиомага айланиб кетган бир механизмга кўз тушади – валюта курсининг қадрсизланиши (масалан, доллар курсининг кўтарилиши) экспортни рағбатлантириб, импортни чеклайди. Бу ҳақда оз-моз гаплашгандик – шок содир бўлди (СOVID-19 дан алангали салом), экспорт кескин пасайяпти ва савдо баланси (жорий ҳисоб)да катта дефицит пайдо бўляпти. Нима қилиш керак?

Стандарт макроиқтисодий рецепт – миллий валютани девалвация қилиш. Бу, биринчидан, импорт товарлари нархини ошириб, импорт ҳажмини камайтиради. Иккинчидан, девалвация миллий маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ошириб, экспорт ҳажмини кўпайтиради. Шу билан ҳамма нарса “чики-пуки” бўлади – импорт ҳажми камаяди, экспорт ортади.

Афсуски, экспортни кўпайтириш бунчалик осон эмас, акс ҳолда 1994 йилда 7 сўм бўлган долларнинг бугун 10200гача кўтарилиши (сўмнинг қадрсизланиши) экспортимиз ҳажмини мисли кўрилмаган миқдорга еткизиши керак эди. Кимдир контр аргумент келтириши мумкин, агар валюта курси девалвация қилинмаганда ҳозирги экпортимиз ҳажми бундан ҳам паст бўларди деб. Лекин, шу пайтга қадар юқоридаги рецептнинг ишлатилиши учун бош қош бўлган Халқаро валюта жамғармаси Бош иқтисодчиси Гита Гопинат бугун баралла айтмоқдаки, миллий валютани девалвация қилиш экспорт учун кутилганидек ёрдам бермайди.

Унинг фикрича, экспортнинг валюта девалвациясига қисқа муддатли “жавоби” деярли мавжуд эмас. Давлатлар кесимида қилинган таҳлил кўрсатмоқдаки, миллий валюта девалвацияси импортни камайтирган, экспортни эса деярли кўпайтирмаган.

Механизм қандай ишлаши керак: айтайлик 1 та маскани ишлаб чиқиш 10 минг сўм бўлсин, 70 рублдан сотилсин. Девалвациядан кейин 1 та маскани ишлаб чиқиш ҳали ҳамон 10 минг сўм, нарх эса 50 рублга тушсин. Рублдаги нархнинг тушиши маскага бўлган талабни кўпайтириши ва натижада экспорт ортиши керак.

Аммо, юқоридаги механизм амалда ишламайди. Биринчидан, компаниялар ўзаро олди-сотдини шартнома орқали амалга оширади ва нархлар олдиндан ўрнатилади. Бу дегани, қисқа муддатда мазкур нархлар деярли ўзгармайди. Ва энг муҳими нархлар ДОЛЛАРда белгиланади. Сўнгги ҳисоб китобларга кўра, бугунда халқаро савдо операцияларнинг 50% долларда амалга оширилади. Эътиборлиси, Марказий Осиё давлатларида бу кўрсаткич жуда юқори – экспортнинг 80-90% долларда ҳисоб-китоб қилинади.

Шунинг учун валюта девалвацияси кутилган натижани бермайди. Яъни, миллий валюта девалвация қилинишидан қатъий назар, чет элликлар учун маска яна ўша эски нархда тураверади.

Қисқа қилиб айтганда, товарларнинг долларда олди-сотди қилиниши қисқа муддатда валюта курсининг девалвациясидан келиб чиқувчи эффектларни йўққа чиқаради. Савдо балансида ўзгариш эса асосан импорт нархининг кўтарилиши орқали содир бўлади.

Шундай экан, биз ҳам мазкур маслаҳатларга қулоқ солсак фойдадан ҳоли бўлмайди. Сўмнинг қадрсизланииши Ўзбекистонда нафақат экспортни рағбатлантирмаяпти, балки инфляцияни жиловлашда ҳам ҳалақит қилмоқда. Аҳолининг нарх-наво бўйича кутилмаларига қарайдиган бўлсак, инфляцияга таъсир этувчи асосий омил сифатида доллар курсининг ошиши кўрсатилган. Пандемия натижасида аҳоли даромадларининг пасайиши, ишсизликнинг кучайиши ва иқтисодий ўсиш сўнгги 20 йилда энг паст кўрсаткични қайд этиб турган ҳолатда ҳам инфляцияни бир хонали сонга тушмаслиги валюта курсини активроқ бошқаришни талаб қилади. Зеро, миллий валютага бўлган ишончни сурункали равишда сўм курсининг тушиши орқали тиклаб бўлмайди.

@macrobs
Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳалоскори - Олтиннинг нархи 2011 йилдан буён энг юқори нархда.

Манба