MacroBS
1.4K subscribers
14 photos
71 links
Макроиқтисодиёт ва унинг яқин радиусидаги фикрлар.

(Канал бирор ташкилотнинг фикри ёки қарашини ифода этмайди)

Боғланиш учун алоқа:
the.macrobs@gmail.com
Download Telegram
Ҳукумат қандай ёрдам бериши керак?

Мана бу ерда иқтисодчиларнинг Ўзбекистонда инқироз содир бўлса ҳукумат кимга ёрдам бериши керак деган саволга жавобларининг жамланмаси берилган.

Шу бўйича қўшимча фикр-мулоҳазалар

Инқирозга қарши курашиш учун аввало инқирозни табиатини тушуниш керак бўлади. Ташқи факторларни ҳисобга олмаган тақдиримизда ҳам, вируснинг тарқалишига қарши кураш аҳолининг фаоллигини маълум муддатга пасайтириш, бу эса иқтисодда ялпи талабни пасайшини англатади. Вируснинг тарқалишини олдини олиш учун онгли равишда, шу ишга қўл уряпмиз.

Берилган таклифлардан бири - иқтисодий инқироз ортидан жабр кўрадиган аҳоли қатламига бир марталик ёрдам пули ажратилиш керак. Иккита плюси келтирилмоқда: аҳолининг инқироздан жабр кўрган қатламига ёрдам берилади, иккинчи тарафдан ўша пуллар яна иқтисодиётга қайтади, мультипликатив эффект яратади, инқироздан тезроқ чиқишга замин яратилади. Нима учун бизнес вакиллари қўллаб-қувватланмаслиги керак? Асосий аргументлардан бири – улар асосан давлат корхоналари, бизни шу пайтгача қонимизни ичган, энди бемалол банкрот бўлиши мумкин улар.

Бироқ, бундай ёндашув, фикримизча, бироз нотўғри. Биринчидан, ҳар қанча давлат корхоналарини ёмон кўриш мумкин, бироқ ҳозир ўзимиз ишонган ғояларни тиқиштирадиган пайт эмас. Биринчи навбатда бу соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳолатдан пайдо бўлган – эгзоген инқироз бўлади. Хусусийми, давлат компаниясими ҳеч кимда иммунитет мавжуд эмас бундай кризисга. Шунинг учун ҳар қандай ёрдам мақсадли, талабни пасайишидан жабр кўрган соҳаларга – улар ҳоҳ хусусий, ҳоҳ давлатга тегишли бўлсин ёрдам берилиши керак.

Асосий диққат-эътибор мавжуд, фаолият юритаётган компанияларни сақлаб қолишга, улар томонидан иш ҳақларини узлуксиз берилишини таъминлаш, ишчиларни ишдан бўшатишларни олдини олишга қаратилиши керак.

Бир марталик бериладиган ёрдам, биринчидан, етарли бўлмайди, иккинчидан уни чексиз амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун бизнес ёпилишига йўл қўйиш керак эмас. Учиничидан, биз онгли равишда талабни пасайтиряпмиз, бундай пайтда иқтисодиётда истеъмолни рағбатлантириш абсурд.

Давлатнинг чора-тадбирлари нималарни ўз ичига олиш керак?

- Ирландия , Австралия, Дания ёки Канадаги каби – талабни пасайишидан жабр кўрган корхоналарга (мехмонхона, ресторан бизнеси, туризм билан боғлиқ фаолият турлари ва бошқа ҳизмат кўрсатувчи компаниялар) иш ҳақи бўйича мажбурияталарини тўлиқ ёки қисман қоплаш бўйича субсидиялар бериш;

- корхоналарнинг солиқ ва мажбурий тўловлари бўйича солиқ таътиллари ва пасайтирилган ставкаларни қўллаш;

- кам таъминланган, ишсиз ва ўзини-ўзи иш билан таъминловчи қатламга соғлиқни сақлаш ҳаражатлари бўйича нафақалар бериш;

- уй ҳўжаликларининг доимий ҳаражатлари - коммунал тўловлар, кредит ёки ипотека бўйича тўловларини вақтинчалик тўхтатиш.

Одамларга пул бериш ёқимли бўлиши мумкин, лекин айни вазиятда нотўғри йўл бўлади.
Нима учун ижтимоий узоқлашиш керак?

COVID-19нинг тарқалиши Ўзбекистонда ўзининг энг дастлабки босчиқида турибди. Ҳукумат томонидан мазкур пандемияни пасайтириш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан ҳам таъкидланганидек, бу касалликка бепарволик билан қараб бўлмайди. Куни кеча докторларимиз ҳам одамларни имкон қадар уйида ўтиришга чақирдилар.

Бунга қўшимча равишда вируснинг кенг тарқалиб кетмаслиги учун фуқаро сифатида қилишимиз мумкин бўлган энг муҳим иш – вақтинчалик ижтимоий узоқлашиш (бошқа одамлар билан алоқани камайтириш) ҳисобланади.

Ижтимоий узоқлашув этикаси

Бир қарашда бир одам учун вирусни юқтириш эҳтимоллиги жуда паст кўриниши ва шу асосда доимий кундалик фаолиятимизни давом эттиришимиз мумкин. Бироқ, шу орқали биз вирусни тарқалишига ҳисса қўшиб, ҳолатни ёмонлаштиришимз мумкин. Шунинг учун, ўзимизнинг манфаатларимизга қарши юриб бўлсада бир-биримиздан узоқлашишимиз керак, гарчи мазкур ҳатти-харакатимиз тезлик билан қандайдир натижа келтирмасада.

Ҳар биримиз учун риск жуда кичик бўлиши мумкин, бироқ жамият учун катта.

Математика ҳам узоқлашиш тарафдори

Эпидемиологияда - вируслар тарқалишни моделлаштиришда - R0 рақами кенг ишлатилади. Бу рақам вируснинг бир одамдан ўртача нечта одамга тарқалиши (юқтирилиши)ни кўрсатади. Агар R0 бирдан кичик бўлса, вирус тарқалишини тўхтатиш мумкин бўлади.

R0
- учта факторга боғлиқ:

R0= с*p*d

с
- контактлар сони;
p – контакт содир бўлганда вирус юқиш эҳтимоли: касалликни қанчалик юқумли эканлиги;
d – вирус тарқалиш давомийлиги.

R0 – мана шу учта факторнинг ўзгаришига қараб ўзгариб туради. Мазкур учта фактор ичида ҳар биримиз назорат қилиши мумкин бўлган ягона нарса контактлар сони – с ҳисобланади. Айнан шу ўзгарувчи ижтимоий узоқлашув параметри ҳисобланади. Агар мазкур миқдорни нолга яқинлаштирсак, R0 ҳам пасаяди.

Шундай экан, қанчалик бир-биримиздан узоқ юрсак, шунчалик бир-биримизни ҳимоя қилган бўламиз.

@macrobs
Коронавируснинг тарқалиши нима учун ривожланган давлатларда кучлироқ

Юқоридаги 1-график давлатлар кесимида короновирусга чалинганлар сони ва аҳоли жон бошига тўғри келувчи ялпи ички маҳсулот ўртасидаги боғлиқликни кўрсатади. Кўриниб турибдики, давлатларнинг ривожланганлик даражаси билан вируснинг тарқалиш ўртасида юқори боғлиқлик (коррелация) мавжуд. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

- ривожланган давлатларда одамлар кўпроқ саёҳат қилади ва натижада вирусни юқтириб олиш эҳтимоли катта;
- ёки, ривожланган давлатлар томонидан жуда кўп тест (вирусни аниқлаш учун) қилинмоқда. 2 графикдан кўришимиз мумкинки, ривожланган давлатларда жами аҳоли сонига нисбатан ўтказилган тестлар миқдори ҳақиқатда ҳам кўпроқ.

@macrobs
Ўзбекистон 1 млрд АҚШ долларни қандай жалб қилиши мумкин?

Ўзбекистон ҳукумати коронавирус ва инқирозга қарши курашиш учун 1 млрд АҚШ доллари миқдорида қарз жалб қилмоқчи. Ўзбекистон учун бу маблағ етарли бўлмаслиги ва камида 5-6 млрд АҚШ доллар қарз олиш керак деган фикр ҳам мавжуд. Бундай катта миқдордаги қарз ҳақиқатда керак ёки керак эмаслигини бир четга суриб, шуни айтиш керакки, нафақат, 5-6 млрд доллар, балки 1 млрдни ўзини жалб қилиш ҳам осон кечмайди.

Ҳўш, Ўзбекистон қаердан 1 млрд долларни жалб қилиши мумкин?

Қуйида қарз жалб этишнинг мавжуд манбалари, улар билан боғлиқ муаммолар ҳақида фикрлар берилган.
АҚШ федерал заҳира тизимининг глобал иқтисод учун беминнат ёрдами давом этмоқда

Марказий банкнинг асосий функцияси – инқироз пайтида сўнгги кредитор вазифасини бажариш (“lender of last resort” ). Яъни, кризис даврида соғлом ва тўловга лаёқатли банклар учун ёрдам бериши ва бутун молия тизимининг барқарор ишлашини таъминлашдир. Лекин, ҳар қандай давлатда Марказий банк ўзининг миллий пул бирлигидагина ёрдам бера олади, ҳолос. Агар доллар билан боғлиқ муаммо бўлса, АҚШ Марказий банкидан ташқари бошқа Марказий банклар доллар печать қилиб, ёрдам бера олмайди.

Нима қилиш керак? Ечим жуда оддий – Марказий банклар бир-бирига ёрдам беради.

Ривожланган давлатлар учун инқироз билан боғлиқ муаммонинг катта қисми долларнинг етишмаслиги билан боғлиқ бўлгани туфайли АҚШ федерал заҳира тизими 6та давлат Марказий банки учун худди 2008 йилдаги каби своп линияларни очиб берди, бу давлатлар эса ўз навбатида ўзларининг молия институларига доллар кредитларини тақдим этди. Шу орқали молия бозорларида доллар билан боғлиқ вазият бироз юмшаган бўлсада, доллар муаммоси бошқа давлатларда сақланиб қолганди. Иқтисодчиларнинг аюханноси биланми ёки бошқа сабаб туфайлими своп линиялари бироз ўтиб яна қўшимча 9та давлат учун очиб берилди. Бу давлатлар ичида Бразилия, Корея, Мексика каби айрим ривожланаётган (emerging) давлатлар ҳам мавжуд. Бироқ, айрим йирик ривожланаётган (Хитой, Россия, Туркия каби) давлатлар бундай “эҳтиромдан” қуруқ қолган эди. Айниқса, Хитойнинг четда қолиши кўпчиликни бир тарафдан ҳайрон қолдирган бўлса, иккинчи тарафдан доллар муаммоси сақланиб қолишини англатарди.

Иниқрозни яхши тарафи – янги-янги кашфиётларга туртки беради. Шундай янгилликка мана Федерал заҳира тизими қўл урди: АҚШ қимматли қоғозларига эга Марказий банклар учун репо операциясини жорий этди. Cвоп билан репо операцияси ўртасида унчалик катта фарқ йўқ. Своп операциясида кафолат сифатида хорижий давлатнинг валютаси олинса, репода бу вазифани АҚШ ғазначилик мажбуриятлари (облигациялари) бажаради. Яъни, энди бошқа Марказий банклар, агар балансида АҚШ облигациялари мавжуд бўлса, бу кредит линиясидан фойдаланиши мумкин. Мазкур операция жорий қилиниши билан энди бемалол айтиш мумкинки, Федерал заҳира тизими бутун дунё учун сўнгги кредиторга айланди.

Албатта, сарлавҳада ёзилганидек Заҳира тизими юқоридаги “ёрдам”ни давлатлар учун беғараз амалга ошираётгани йўқ. Буларнинг барчаси узоқ муддатда ҳам долларнинг ҳозирги мавқеини сақлаб қолишга қаратилган.

@macrobs
Нефть бозорида “нарх уруши” якунига етяпти(ми)?

Глобал товарлар бор муаммоси ҳам, шовқини ҳам, дунё иқтисодига таъсири ҳам глобал. Шунақа товарлардан бири нефть ҳисобланади. Олдин тўҳталганимиздек, жаҳон бозорида нефтнинг нархи тушиши ортидан, ОПЕК+ нефть ишлаб чиқариш таклфини камайтириш бўйича келишувга эриша олмаган эди. Бу ҳам камлик қилганидек, Саудия қироллиги нефт бозорини эгаллаш бўйича уруш эълон қилиб, ҳолатни янада ёмонлаштирганди.

Иккита йирик факторлар – COVID-19 натижасида нефтга бўлган глобал талабнинг пасайиши ва нефт ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ортидан нефтнинг нарҳи март ойининг ўзида 50% дан юқорироққа пастлаган эди. Ҳаттоки, айрим бозорларда нефтнинг нархи манфий қийматни қайд этди яъни, нефть сотиб олувчига нефтга қўшиб пул ҳам беришди.

Нефть бозоридаги келгуси ҳолат қандай бўлади?

Нефть нархига биринчи навбатда фундаментал факторлар – унга бўлган талаб ва таклиф таъсир кўрсатади.

Талаб нуқтаи назардан қараганда, нефт истеъмоли дунё иқтисоди қандай ўсишига боғлиқ. Кўплаб прогнозларга кўра, 2020 йил глобал ЯИМ ўсиш сурати 0% ва ҳаттоки, манфий бўлиши мумкин. Бундай сценарийда 2008 йилдан кейин 1-маротаба нефт истеъмоли йиллик ҳисобда пасаяди. Бошқа факторларни ҳисобга олмаган ҳолда ҳам, экспертлар дунё бўйича иқтисодий фаолликнинг пасайиши натижасида нефт нархи яқин ойларда 30 доллардан кўтарилмаслигини прогноз қилмоқда.

Таклиф омилига эътибор берсак, бу ерда жуда кўп нарса ОПЕК+ нинг нефт ишлаб чиқаришни камайтириш бўйича келгусидаги келишувига боғлиқ. Расман 1 апрелдан бошлаб ОПЕК+ нинг нефт ишлаб чиқаришни камайтириш бўйича 3 йил давом этган келишуви якунига етди. Россияга нефт нархи бўйича “уруш” очган Саудия қироллиги апрел ойидан бошлаб кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини максимум 12 млн баррельга етказиб, бозорни эгаллашни мақсад қилган эди.

Бироқ, вақт ўтган сари ойдинлашмоқдаки, Саудия томонидан бундай ҳатти ҳаракатини амалга ошириш имконсиз. Биринчидан, бугунги кунда шундоғам нефтнинг кунлик таклифи талабдан 20 миллион баррельга кўп. Иккинчидан, нефтни сақлаш муаммога айланмоқда, яъни қазиб чиқарилган нефтни сақлашга етарли “омбор” мавжуд эмас. Учинчидан, нефт нархининг бундай паст бўлишидан АҚШ ҳам манфаатдор эмас. Сабаби, жуда кўп АҚШ нефть компаниялари инқирозга учраши мумкин. Шунинг учун, АҚШ президенти ҳам вазиятга аралашишни бошлади. Куни кеча АҚШ президенти Трапм Твиттердаги саҳифасида Саудия ва Россия нефт ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришини кутаётганини маълум қилди.

Кўриниби турибдики, талаб ва таклиф мувофиқлигини таъминлаш фақат Саудиянинг қўлидан келмайди ва шунинг учун Саудлар бунга нафақат ОПЕК+, балки G20 давлатлари ҳам “ҳисса” қўшиш кераклигини талаб қилмоқда.

Шу мақсадда, Саудия ОПЕК+ ва “бошқа давлатлар”ни фавқулотда йиғилишга чақирди ва келгуси ҳафта онлайн учрашув бўлиши мумкин. Экспертлар фикрича, агар учрашув муваффақиятли якунланса, нефт ишлаб чиқарувчи давлатларнинг янги келишуви - “ОПЕК++” пайдо бўлиши мумкин.

Бу ерда энг асосий масала Россия келишувга рози бўладими? Путинни рози қилиш учун Трамп ҳукумати Россияга қўйилган санкцияларни олишни таклиф қилиши кутилмоқда. Агар шундай бўлса, Россия қайсидир маънода бир ўқ билан икки қуённи уради. Ҳам санкциялардан, ҳам нефт бозордаги хаосдан қутилиши мумкин.

Агар нефт ишлаб чиқаришни камайтириш бўйича келишувга эришилмаса, нефтнинг нархи яна қулаши ва паст нарх (20-25 доллар) йил давомида шаклланиб қолиши мумкин. Бу эса ҳеч кимга керак эмас.

@macrobs
2020-йилда халқаро товарлар савдоси кескин пасаяди

Дунё иқтисодининг энг катта драйверларидан бири – давлатлар ўртасидаги товарлар савдоси ҳисобланади. СOVID-19 нинг кенг тарқалиши глобал савдо айланмасига ҳам катта салбий таъсир кўрсатмоқда. Хўш, 2020 йилда бизни нима кутмоқда?

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) 2020-2021 йиллар учун товарлар савдоси бўйича прогнозларни эълон қилди. Вирус билан боғлиқ вазиятнинг қандай тус олишига қараб 2020 йилда жаҳон савдоси (прогноз фақат товарларга тегишли) ўтган йилга нисбатан 13% дан 20%га қадар пасайиши мумкин. Ҳар икки – ҳам оптимистик, ҳам пессимистик - сценарийда ҳам бу пасайиш 2008-2009 йиллардаги кузатилган ҳолатдан юқори бўлади. 2021 йилда жаҳон савдоси ўзининг трендига қайтиши ҳам катта сўроқ остида қолмоқда.

Прогнозда қамраб олинмаган бўлсада, ЖСТ томонидан ҳалқаро сервис - туризм, мехмонхона, ресторан, чакана савдоси бўйича операциялар ҳам 2020 йил кескин пасайиши башорат қилинмоқда.

@macrobs
Жаҳон банки: Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш сурати кескин пасаяди

Жаҳон банки ўзининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси учун прогнозларини янгилади.

Демак, Ўзбекистонда 2020 йил иқтисодий ўсиш сурати кескин пасайиб, йиллик ҳисобда 1,6%ни ташкил этиши кутилмоқда. Иқтисодий пасайишга, биринчи навбатда, ташқи савдо ва вирус тарқалишини олдини олиш билан боғлиқ бўлган ички бозордаги ҳолатнинг ёмонлашуви таъсир этади.

Яна эътиборга молик рақамлардан - давлат бюджети дефицити ЯИМга нисбатан 5,6%га етиши, мигрантлар пул оқимлари ҳажми ҳам 50%дан кўпроққа пасайиши кутилмоқда. Натижада, тўлов баланси ёмонлашиб, жорий ҳисоблар бўйича дефицит ЯИМнинг 8,5%ни ташкил этади.

Умидимиз эса, олтин ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб юқори бўлади ва шу орқали негатив таъсирларни бироз юмшатиш имконига эга бўламиз.

@macrobs
Агар иқтисодий ўсиш суръати 2020 йилда 1,6%ни ташкил этса, бу сўнгги 20 йилдаги Ўзбекистоннинг энг паст кўрсаткичи бўлади.

График Статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди

@macrobs
2020 йил дунё иқтисоди “Буюк инқироз”дан кейинги энг ёмон ҳолатни қайд этади

Халқаро валюта фонди ижрочи директори Кристалина Георгиева фонднинг баҳорги учрашувидан олдин нутқида 2020 йилда бизни нима кутаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, 2020-йил кескин иқтисодий пасайиш йили бўлиб, 170та❗️ давлатда аҳоли жон бошига иқтисодий ўсиш суръати манфий бўлиши кутилмоқда. 2021 йилда дунё иқтисодининг тикланиши ҳам катта сўроқ остида. Инқирозга қарши давлатлар томонидан шу кунга қадар 8 трлн долларлик фискал ва мислсиз даражада монетар чоралар кўрилмоқда. Унинг фикрича, кутилаётган глобал иқтисодий пасайиш масштаби бўйича ўтган асрнинг 30 йилларидан бери кузатилмаган.

@macrobs
Халқаро валюта фонди давлатларга моддий ёрдамни кучайтирмоқда

Халқаро валюта фонди (ХВФ) Covid-19 га қарши курашиши ва тўлов баланси билан боғлиқ фавқулотда ҳолатда ривожланаётган давлатларни тезкор молиялаштириш учун 50 млрд доллар ажратган эди. Кузатилаётган иниқрознинг кўлами ва жиддийлигидан фонд тарихида қайд этилмаган ҳолат кузатилиб, ХВФга бир пайтнинг ўзида шу кунга қадар тезкор ёрдам олиш мақсадида дунёнинг 90 дан ортиқ давлати мурожаат қилган. Юқоридаги маблағ бунча кўп давлат эҳтиёжини қондиришга етмаслиги кўриниб турганди.

Шундан келиб чиққан ҳолда ХВФнинг ижрочи директорлари кенгаши қарори билан юқоридаги 50 млрд долларлик бюджет 2 бараварга кўпайтирилиб, 100 млрд долларга етказилган.

Шунингдек, қоида тариқасида давлатлар ХВФдаги квотасининг 50% миқдорида қарз олиши мумкин бўлган. Эндиликда мазкур лимит ҳам вақтинчалик 100%гача кўтарилган. Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳам, агар зарурият туғилса ва фонд “розилиги” олинса, ХВФдаги квотамизнинг 100%гача, яъни 746,7 млн долларгача кредит жалб қилиши мумкин бўлади.

@macrobs
Пандемия натижасида пайдо бўлган инқирозга қарши курашни иккига бўлиш мумкин: пандемия даврида ва пандемиядан кейин қўлланадиган чоралар. Ўзбекистон учун барча чоралар ҳозирда пандемия даври учун қабул қилиниши керак.

Давлатлар тажрибаси кўрсатяптики, пандемия даврида қабул қилиниши керак бўлган энг муҳим 3 та чора-тадбир бор:

иш ҳақини сақлаб қолиш учун субсидиялар ёки кредитлар бериш;
бизнесга пул оқимларини сақлаб қолиш бўйича ёрдам бериш (солиқ таътиллари, кредитларни кечиктириш ва в.ҳ.);
ишидан айрилган, ишсизлар, ўз-ўзини иш билан таъминловчи шахсларга яшаш учун зарур миқдорда пул бериш.

COVID-19 га қарши курашиш учун қабул қилинган чора-тадбирлар қисман бўлса-да юқоридаги чораларнинг дастлабки иккитасини қамбраб олган. Лекин, фикримизча, бир жиҳат бироз эътибордан четда қолмоқда. Яъни, карантин натижасида ишидан, кунлик даромадидан айрилган одамларни қўллаб-қувватлаш механизми. Буни депутатимиз ҳам қайд этиб ўтди.

Расмий фаолият билан банд бўлганлар энг камида қонунлар билан ҳимоя қилинган. Бироқ, бошқа ривожланаётган давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам асосий муаммолардан бири – норасмий кўринишда иш билан банд бўлганлар улуши юқори. Қайтараман – норасмий бизнес эмас, норасмий тарзда меҳнат фаолиятини юритувчилар бугунда асосий муаммо.

Статистикага мурожаат қилсак, 2018 йилги маълумот бўйича 7,9 миллион киши норасмий равишда иш билан банд. Шундан 1,6 миллион киши вақтинчалик ва мавсумий иш билан банд аҳоли бўлса, 2,6 миллионини меҳнат мигрантлари ташкил этади.

Карантин даврида энг катта ишсизлик сервис соҳасида пайдо бўлади. Бу соҳада эса жами иш билан банд бўлганларнинг 50%дан ортиғи фаолият юритади. Яъни, иш билан таъминловчи энг йирик соҳа ҳисобланади. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, сервис секторида банд бўлганларнинг 50% норасмий равишда банд, яъни тўлиқ меҳнат қонунчилиги асосида ишламайди. Шундай экан, карантин даврида зудлик билан мазкур қатламни пандемия даврида вақтинчалик қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этиш талаб этилади. Бу қатлам қашшоқ эмас, балки карантин туфайли ишини йўқотган одамлар. Уларга фақат озиқ-овқатни бериш билан муаммо ечилмайди, уларга нақд пул керак – ижара, комунал ва шунга ўхшаш тўловларни амалга ошириш керак.

Нима қилиш керак?

Карантин оқибатида ишдан айрилган (ҳам расмий, ҳам норасмий), ишсизлар, ўз-ўзини иш билан таъминловчи шаҳсларга пандемия даврида энг мақбул йўл – карантин даври давомида уларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (679 330 сўм)да пул бериш. Бундай чора Бразилия, Чили, Хиндистон, Индонезия, Перу ва Тунис каби давлатларда жорий қилинди.

Қаердан пул оламиз?

Маълумки, иниқрозга қарши жамғарма тузилган ва унда 10 трлн сўм шаклланиши белгиланган ва уни шакллантириш учун 1 млрд доллар ташқи қарз жалб этилиши керак. Ташқи қарзни жалб этиш вақт талаб этилишини ҳисобга олса, қисқа муддатда бу ишни Марказий банк орқали амалга ошириш мумкин. Қонунчиликда белгиланганки, Марказий банк ҳукуматнинг фискаль агенти ҳисобланади. Юқоридаги ташқи қарз жалб этилгунча Марказий банк керакли миқдорни молиялаштириши мумкин бўлади.

@macrobs
Халқаро валюта фонди 2020 йил учун прогнозларни эълон қилди. Базавий сценарий бўйича пандемия натижасида глобал иқтисодиёт бу йил -3,0%га пастлаши кутилмоқда. Бу жорий йилнинг январь ойида эълон қилинган прогноздан 6.3 фоиз пунктга паст ҳисобланади.

Агар вирус билан курашиш ва карантин II ярим йилликда ҳам давом этса, унда глобал иқтисод -6%га пасаяди.

Асосий савдо ҳамкоримиз бўлган Хитойда эса иқтисодий ўсиш 1.2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Бу январдаги прогноздан 4.8 фоиз пунктга паст. Россияда эса ЯИМ -5,5 фоизга камайиши мумкин.

@macrobs
Нима учун бюджет харажатлари оптималлаштиришни талаб қилади?

Макроиқтисодиёт китобларига назар ташласак, идеал ҳолатда давлат иқтисодиётга фақат инқироз пайтида аралашиши керак. Аралашиш деганда давлат бюджети орқали қўшимча харажатларни амалга ошириш орқали ялпи талабни яратиш назарда тутилади. Иқтисодиёт ҳаракатга келиши учун кимдир ҳаражат қилиш керак бўлади. Иниқроз пайтида эса давлатдан бошқа иқтисодий агентлар - хусусий сектор, одамлар – харажатларини камайтиради.

Шунинг учун, бугун дунёнинг барча давлатлари жуда катта миқдорда қўшимча бюджет харажатларини амалга оширмоқда. Халқаро валюта жамғармаси дунё бўйича жами фискаль чора-тадбирлар миқдори 8 трлн доллардан ошганини қайд этди. Бироқ, мазкур миқдорнинг тақсимотига назар ташласак, харажатларнинг катта қисми ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Нима учун ривожланган давлатлар бундай катта миқдордаги харажатларни амалга ошириши мумкин-у, лекин ривожланаётган давлатлар бундай қила олмайди?

Қисқа жавоб – кеча Молия вазиримиз таъкидлагандек, бунинг учун давлат бюджети етарли фискаль буфер (fiscal space)га эга бўлиши керак. Фискаль буфер дегани – давлат бюджетидан қилинадиган ортиқча харажатлар макроиқтисодий барқарорликка путур еткизмаcлиги зарур. Яъни, қўшимча харажат натижасида – инфляция суръати ошмаслиги, давлат қарзи барқарор сақланиши керак.

Ривожланган давлатларда инфляция суръати жуда пастлиги ва энг муҳими, давлат қарзлари асосан ўзларининг миллий валютасида эканлиги – триллионлаб долларлик харажатларни амалга ошириш имконини бермоқда. Шунинг учун ҳам Япония, АҚШ, Буюк Британия синагри давлатларнинг давлат қарзи уларнинг ЯИМга нисбатан жуда юқори. Бироқ, бу ҳеч қандай муаммони келтириб чиқармайди. Сабаби, суверен давлат ўзининг валютасида дефолт бўлиш эҳтимоли жуда-жуда паст, йўқ деса ҳам бўлади. Шунинг учун мазкур давлатлар 3 ой олдин кўплаб иқтисодчиларнинг тушига ҳам кирмаган чораларга қўл урмоқда – АҚШ тўғридан-тўғри аҳолига пул тарқатмоқда ёки штатлар чиқарган облигацияларини сотиб олмоқда, Буюк Британия Марказий банки эса ҳукумат чиқарган давлат облигацияларини тўғридан-тўғри сотиб олиб, давлат бюджети қарзини монетизация қилмоқда.

Бироқ, ривожланаётган давлатлар бундай “премиум” чора-тадбирларни амалга ошира олмайди. Сабаби, мазкур давлатларда асосий муаммо – давлат қарзи асосан хорижий валютада. Қўшимча фискаль харажатлар, албатта, валюта курсига босим ўтказмасдан қолмайди. Шунинг учун, ривожланаётган давлатлар катта миқдорда фискал чораларни кўра олмайди ва ҳаражатларни оптималлаштиришга мажбур бўлади. Шунинг учун ҳам бўлса керак бизда ҳам харажатларни қайта кўриб чиқишга қарор қабул қилинди.

@macrobs
Инқироз вақтида валютанинг алмашув курси (доллар курси) “ушлаб” турилиши керакми ёки йўқми?

Бу савол ривожланаётган давлатларга тегишли, сабаби ривожланган давлатларда капитал ҳаракати эркин ва валюта курси тартибга солинмайди.

Демак, юқоридаги савол бўйича иккита қараш мавжуд:

Биринчи қараш шундан иборатки, давлатлар ташқи шокларга юз тутганда, Марказий банклар валюта курсини ушлашга ҳаракат қилмаслиги керак. Валюта режими қанча эгилувчан бўлса, яъни курс кўпроқ бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланса, бу ташқи шокларга қарши “буфер” вазифасини бажаради. Буни иқтисодчилар тилида “автоматик стабилизатор” (automatic stabiliser) деб атайдилар. Механизм қандай ишлайди? Шок содир бўлди, долларга талаб ортяпти, натижада, миллий валюта қадрсизланади. Бу эса бизнинг экспортимизни қўллаб-қувватлаб, импорт товарлар нархини қимматлаштиради. Охир-оқибатда, иқтисодиётда валюта тушумлари ва тўловлари баланслашади.

Иккинчи қараш: Марказий банк “фавқулотда” ҳолатларда валюта курсини тартибга солиш учун фаолроқ интервенцияни амалга ошириши керак. Сабаби, миллий валютанинг кескин қадрсизланиши макроиқтисодий барқарорликка путур еткизиши мумкин. Ривожланаётган давлатларда даромаднинг катта қисми истеъмолга сарфланиши туфайли доллар курсининг кўтарилиши ва инфляция ўртасида кучли боғлиқлик мавжуд (“pass through effect”). Назариядан четда қолган яна бир ҳолат - ривожланаётган давлатларда “долларизация” юқори. Миллий валюта кўп ҳолатларда товар ва активлар учун ўлчов функциясини бажармайди. Бу эса яна бир қўшимча салбий эффектни келтириб чиқаради – нафақат товарлар, балки узоқ муддатли активларнинг ҳам миллий валютадаги нархи қимматлашади. Кўчмас мулк, ёки автомобиль бозорлари бунга мисол бўлиши мумкин.

Пандемия натижасида кўплаб ривожланаётган давлатлар ташқи савдо билан боғлиқ шокдан ташқари, яна бошқа бир шокни ҳам қабул қилиб олди. Инқироз бошланган бери мазкур давлатлардан 100 млрд доллардан зиёд капитал оқиб чиқиб кетган. Миллий валюта кескин қадрсизланишини олдини олиш учун Марказий банклар бозорга аралашишга мажбур бўлишмоқда. Масалан, Россия, Қозоғистон Марказий банклари бунга мисол бўла олади.

Қисқа қилиб айтганда, инқироз пайтида тарозининг палласи иккинчи қарашга кўпроқ ён босади. Сабаби, бундай шароитда валюта курсига таъсир этувчи энг муҳим фактор - Марказий банк Раиси таъкидлаганидек, аҳолининг девалвацион кутилмалари ҳисобланади.

Девалвацион кутилмаларни иқтисодиёт китобларидаги талаб ва таклиф қонуни орқали тушунтириш мумкин. Талаб қонунига кўра, қоида тариқасида товарнинг нархи кўтарилса унга бўлган талаб пасаяди. Валюта бозорида эса бу жараён тескари ҳаракатланади. Яъни, доллар курси кўтарилиши бўйича кутилмаларнинг мавжудлиги долларга бўлган талабни янада кўпайтиради. Таклиф қонуни ҳам шундай - товар нархи кўтарилса уни ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиб, таклиф миқдори ортади. Бироқ, валюта бозорида айнан шу кутилмалар сабаб “ишлаб чиқариш”ни, яъни валюта таклифини ҳеч ким кўпайтирмайди.

Халқаро валюта фонди ҳам ўзининг сўнгги ҳисоботида, агар мамлакатда инфляция паст, ишончли монетар сиёсат, валюта алмашув курси эгилувчан бўлсагина валюта курсининг тушиши ташқи факторларга “буфер” бўлиши мумкинлигини қайд этган. Бундай давлатларга мисол қилиб Арманистон, Грузия, Козоғистон кўрсатилган. Агар юқоридаги ҳолатлар мавжуд бўлмаса, валюта курсининг кескин тушиши инфляция ва иқтисодий фаолликни тушишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистоннинг валюта бўйича позицияси яхши эканлигини, яъни олтиннинг нархи барқарор кутилаётганлиги, экспорт ва импорт тушумлари мутаносиб равишда камайишини ҳисобга олсак, Марказий банк валюта курсини ўзининг фундаментал баҳосида шаклланиши учун фаолроқ интервенцияни амалга ошириши мақсадга мувофиқ.
@macrobs
Инқироз сабоқлари

Баъзи бир соҳалар борки, уларга давлатнинг аралашуви иқтисодий жиҳатдан мақбул деб қаралади. Мазкур соҳаларда яратиладиган товар ва хизматларни иқтисодчилар тилида – “public goods” дейишади. Бундай хизматлар тоифасига таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизликни таъминлаш каби жамият учун ўта муҳим бўлган ва хусусий бизнес орқали амалга ошириш иқтисодий жиҳатдан самарасиз ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган соҳалар киради. Сиз билан биз давлатдан мазкур хизматларни олиш учун ҳам даромаддан, ҳам истеъмолдан солиқ тўлаймиз.

Юқоридаги хизматларнинг асосий тури бўлган соғлиқни сақлаш тизими бўйича Ўзбекистонда вазият қандай?

Яқинда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан Марказий Осиё давлатларида COVID-19 инқирозига қарши кўрилаётган чоралар ҳақида материали чоп этилибди. Мазкур репортда бир ҳолат эътиборни тортди:

“Марказий Осиё давлатларида соғлиқни сақлашни молиялаштириш бўйича давлат харажатларининг пастлиги мазкур соҳа ҳаражатларининг катта қисми одамлар (уй ҳўжаликлари) томонидан қопланишига ва натижада аҳолининг истеъмол даражаси паст бўлишига олиб келмоқда...”

Бошқача қилиб айтганда:

“Жами соғлиқни сақлаш харажатларини аҳолининг “чўнтагидан” қоплаш даражаси бўйича Марказий Осиё минтақаси дунёда энг юқори кўрсаткичга эга”.

Дунёнинг энг бой давлатларида мазкур кўрсаткич тахминан ўртача 18% атрофида бўлса, 2018-йилги маълумот бўйича Ўзбекистонда аҳолининг соғлиқни сақлаш бўйича тўғридан-тўғри тўловлари даражаси 45%га тенг.

Чуқур ўйлашга арзигулик рақам, шундай эмасми?

@macrobs
Инқироз сабоқлари - 2

Куни кеча иккита хабар пайдо бўлди: Ўзбекистон 3,1 млрд доллар қарз жалб қилмоқчи ва давлат қарзи бўйича ўрнатилган лимитини қайта кўриб чиқмоқчи. Бу эса, ўз навбатида, давлатнинг ташқи қарзи кўпайиб кетмаяптими ёки унинг ҳолати барқарор сақланиб қоладими деган саволларни юзага чиқармоқда.

Биринчи масала - ҳақиқатда сўнгги уч йилда (чет эл валютасидаги) ташқи қарзимиз кўпаяётгани рост ва бу хатто капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Атабек Назировни ҳам ҳавотирга соляпти. А.Назиров ўз ишини бошлаганидан буён хорижий валютадаги ташқи қарзлар нақадар хатарли эканлигини кўп такрорлайди. Лекин, ҳеч ким қулоқ солмаётгандек...

Иккинчи ҳолат - қарзимиз барқарор қоладими ёки йўқми?

Халқаро ташкилотлар тавсиясига кўра, Ўзбекистон учун ташқи қарз бўйича максимум кўрсаткич ЯИМга нисбатан 55%ни ташкил этади. Молия вазирлиги бу чегарани 50%дан паст бўлиши керак деб баҳолаган. 2019 йилнинг якунига кўра бу кўрсаткич 27% атрофида. Хавотирга асос борми ёки йўқми?

Умуман, ташқи қарз барқаролигига 3та фактор таъсир кўрсатади – реал иқтисодий ўсиш, қарз бўйича тўланадиган реал фоиз ставка ва валюта курсининг ўзгариши. 2020 йил иқтисодий ўсиш паст ва ташқи қарзни ўзлаштириш режалаштирилганидан кўп бўлишини ҳисобга олсак, тез суръатда 50%га етиб олишимиз ҳеч гап эмас. Иккинчидан, юқоридаги 50%лик ҳисоб-китоб пандемия натижасида валюта курсининг кескин девалвация бўлишини ҳисобга олганлиги ҳам сўроқ остида. Кўриб турганимиздек, инқироз вақтида 1 ва 3 фактор бизга қарши ҳаракатланади. Таскин берувчи бир ҳолат - юқоридаги миллиард қарзлар, агар келиб тушса, имтиёзли шартларда берилади.

Ва ниҳоят, мазкур инқироз биз учун сабоқ бўлиши керакки, инқироз пайтида четдан пул жалб этиш жуда ҳам қийинлашади. Қанчалик мақтанмайлик, шу пайтга қадар вирусга қарши курашиш бўйича жалб қилиш кўзда тутилган 1 млрд доллларлик ташқи қарзнинг атиги 95 млн доллари келиб тушди, холос. Бундай пайтда, ҳаттоки, евроблигацияларимиз орқали олган “бенчмаркимиз” ҳам ёрдам бермаяпти.

Нима қилиш керак?

Хорижий инвесторларга бўлган “алоҳида меҳрни” энди маҳалллий инвесторларга ҳам кўрсатиш пайти келди. Чет эл инвесторларига кўрсатаётган шунча эҳтиромларимизга қарамай, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми мигрантлар юбораётган пулдан ҳам кам.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг қўлида 10 млрд АҚШ доллари атрофида пул мавжуд. Айнан шу маблағларни мобилизация қилишнинг ҳали-ҳануз механизми мавжуд эмас. 2-3 йил олдин зўр бериб миллий капитал бозорини ривожлантирамиз деб ҳаракатни бошладик. Янги агентлик тузилди. Лекин, ҳалигача бирор натижа кўрингани йўқ. 2019 йилнинг сўнггида тасдиқланиши керак бўлган стратегия ҳам тасдиқланмаган.

Демак, посткризис даврида зудлик билан:

🔸Ташқи қарз олишни кескин жиловлаш;
🔸Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги инвестицион тоифага етгунга қадар евроблигациялар чиқаришни тақиқлаш;
🔸 Миллий капитал бозорини тезроқ оёққа тургизиш керак.

@macrobs
Реал ҳаёт ва моделлар

Иқтисодчиларнинг севимли машғулоти бор – модделаштириш. Маълум бир фаразлар ва сценарийлар асосида улар келгусида экономикада вазият қандай ўзгариши ҳақида доимий равишда оммани хабардор қилиб туради. Бу ишни нимаси ёмон дейсизми? Ҳеч ҳам ёмон жойи йўқ, фақат баъзида мана шу модделлар “қаттиқ” панд беради.

Масалан, 2008 йидаги инқирозни олайлик – иқтисодчилар модделларига ишонилса, фонд бозоридаги “коллапс”нинг эҳтимоллиги нолга жуда яқин бўлган ва кризис содир бўлмаслиги керак эди. Банклар томонидан рискларни баҳолашда ишлатилган VAR (Value-at-risk) ёки бутун иқтисодиётни модделаштирувчи DSGE деб номланувчи моделларининг бирортаси мана шундай катта инқирозни кўра олмаган. Шунинг учун бўлса керак, 2008 йилда Британия қироличаси ҳайрон бўлиб сўраган экан: “Наҳотки, шундай катта инқироз келаётганини ҳеч бир иқтисодчи кўра олмаган бўлса?!”.

Мана шундай мутахассисларнинг “бахтига” собиқ трейдер Нассим Толиб томонидан ёзилган китоблар орқали “Black Swan” термини кириб келди ва уларнинг фаол лексиконига айланди. Бирор фавқулотда ходиса содир бўлса, бу - “Black Swan” ҳолат деб қаралиб, экспертлар ва улар яратган моделлар камчилигини оқлаш воситасига айланиб қолди.

Масалан, реал ҳаётда модел кўзда тутмаган ёки ҳисобга олмаган сценарий пайдо бўлиб қолса ва экспертлар сўроққа тутилса, уларнинг бундай вазиятда жавоби – бу “умуман кутилмаган”, “ вазият бундай жиддийлашиб кетиши ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган” ёки “тарихда кузатилмаган воқеа бўлди” каби жавоблар бўлади. Шу орқали, воқелликка “Black Swan” деб тус берилади ва экспертларнинг узоқни кўра олмаганлиги ёки вақтида реакция қилмаганлиги масаласини кун тартибидан олинишига “ёрдам” беради.

Лекин, Нассим Толиб одамларни хушёрликка чақириб, ҳар қандай ҳодисани “Black Swan” деб номлаш нотўғри ва бундай ҳатти-харакатга уриниш моделнинг ёки экспертнинг хатосини яшириш учун бир бахона холос дейди. Унинг фикрича, кўпчилик ўйлаганидек 2008 йилги глобал инқироз ҳам, хозирги кузатилаётган пандемия ҳам “Black Swan” ҳодиса эмас, уларни олдини олса ёки энг камида, бунга пухтароқ тайёргалик кўрса бўларди.

Бу дегани моделлаштириш - умуман фойдасиз деганини англатмайди. Фақат, модделар реал ҳаёт ёки тажрибанинг ўрнини алмаштирмаслиги зарур. Сабаби, реал ҳаёт экспертлар модделлари билан ҳисоблашиб ўтирмайди.

P.S. Мазкур фикрлар Жаҳон банки ва Халқаро валюта фондининг Ўзбекистон ташқи қарз барқарорлиги ва унинг хавфсиз нуқтасини моделлаштириш бўйича “paper”ини ўқиш натижасида пайдо бўлди.

@macrobs
Хитойнинг қарз сиёсати бўйича хавотирлар

Сўнгги йилларда ривожланаётган давлатларнинг асосий кредитори сифатида Хитойнинг роли жуда ортди. Охирги гигант лойиҳаларидан бири – “Бир макон, бир йўл”. Бундай катта ҳажмдаги қарзлар кўплаб ривожланаётган давлатларни қарз ботқоғига ботирмоқда ва иқтисодчиларда Хитойнинг қарз бериш амалиёти ҳақида хавотирли саволларни туғдиряпти.

Ривожланаётган давлатлар бўйича иқтисодчи Атиф Мианнинг фикрича, Хитойнинг ривожланаётган давлатларга ажратилувчи кредитлари механизми нотўғри тузилган ва кредит олувчи давлатларнинг манфаатига хизмат қилмайди.

“Бир макон, бир йўл” лойиҳасини олсак, у Хитойнинг “сахийлиги” эмас, балки ўзининг ички дисбалансларини ечишга қаратилган. Бу дисбаланс қаердан пайдо бўлган? Бунга жавобни ҳар қандай давлатнинг тўлов баланси кўрсатади.

Сўнгги йилларда Хитойнинг жорий ҳисоблар бўйича позицияси фақат профицитдан иборат, яъни экспорт ҳажми импортдан юқори. Шу туфайли йиллар давомида давлатда катта миқдорда жамғарма тўпланган. Даромадингиз харажатингиздан юқори бўлса, албатта, жамғармангиз кўпаяди. Давлатларда ҳам шундай. Бу жамғармалар эса қаергадир ишлатилиши керак – ё ички инвестицияларга ёки бошқа давлатлар инвестицияларини молиялаштиришга йўналтирилади. Айни пайтда Хитой иқтисодиёти ички инвестицияга тўйингани ва АҚШ ҳам мазкур “ортиқча” инвестицияларни қабул қилишни секинлаштиргани сабабли асосий эътибор кучсизроқ давлатларга қаратилди ва “Бир макон, бир йўл” ҳам шу дисбалансни ечишга қаратилган.

“Кучсиз давлатлар лидерлари учун ҳам бу айни муддао – мазкур имкониятни ўзларнинг қандай кучга эга эканлигини кўрсатувчи лойиҳалар сифатида кўз-кўз қилиши мумкин. Шунингдек, бундай лойиҳалар кўпинча маромига етказиб ҳам ишлаб чиқилмайди. Масалан, Хитойнинг давлат корпорациялари бир пайтнинг ўзида ҳам молиялаштирувчи, ҳам пудратчи сифатида лойиҳада иштирок этади. Бу эса лойиҳа харажатларини юқори кўрсатиш орқали Хитой учун инвестициядан келувчи фойда қайтимини максималлаштиришга имкон беради.

Шу билан бирга, инвестициялар асосан ички истеъмол учун ишлатилувчи ёки маҳсулотини экспорт қилиш мумкин бўлмаган соҳаларга киритилади. Экспортни кўпайтирмаганлиги учун қарзни қайтариш ҳам қийинлашади. Устига-устак қарз — АҚШ долларида. Инқироз пайтида доллар топиш муаммога айланади.

Яна бир муаммо. Қарз олувчи давлат лойиҳа бўйича “due diligence”ни амалга оширилмайди. Хусусан, қарздор давлат учун ташқи шоклар қандай молиявий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги таҳлил қилинмайди. Юқоридаги муаммоларни кимдир гапирса, уларга “ватанни севмаслик” ёрлиғи ёпиштирилади.

Шунинг учун бундай қарзлар катта муаммоларни келтириб чиқараётганлиги таажубланарли эмас. Сабаби қарз бериш механизмининг ўзи “коллапс” бўладиган қилиб яратилган. Агар Covid-19 бўлмаса, бошқа муаммо чиқиши турган гап эди”.

Миан фикрича, ҳам Хитой, ҳам қарз олувчи давлатлар учун “win-win” йўли бор:

Капитални ўзини экспорт қилиш ўрнига Хитой ривожланаётган давлатлар билан ўзининг технологияларини баҳам кўриши ва ривожланаётган давлатлар миллий институтларини кучайтириши мумкин эди. Ёки, Хитой бошқа давлатларга ўзининг “ўсиш” моделини қўллашда ёрдам бериши мумкин. Ривожланаётган давлатлар учун сабоқ жуда ҳам оддий: иқтисодий ўсишни импорт қилиб бўлмайди ёки қашшоқликдан чиқишни ҳам қарз олиш эвазига ҳал қилиб бўлмайди. Унинг ўрнига одамларга ва институтларга инвестиция киритиш ва давлатнинг салоҳиятини кўтариш керак.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, давлатлар кесимида Ўзбекистонга энг кўп қарзни ҳам Хитой берган ва жами давлат ташқи қарзимизнинг 20%дан ортиғини ташкил этади. Мазкур қарз маблағлари “мамлакатимиздаги давлат корхоналари томонидан юқори рентабелли ва экспортга йўналтирилган инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун” жалб этилган. Ваҳоланки, экспортимиз таркибида ҳали ҳамон асосий улушни – олтин, газ ва бошқа ресурслар ташкил этади.

@macrobs