MacroBS
1.4K subscribers
14 photos
71 links
Макроиқтисодиёт ва унинг яқин радиусидаги фикрлар.

(Канал бирор ташкилотнинг фикри ёки қарашини ифода этмайди)

Боғланиш учун алоқа:
the.macrobs@gmail.com
Download Telegram
Қурилиш соҳаси барқарор иқтисодий ўсиш гарови эмас

Макро нуқтаи назардан иқтисодий ўсишни таъминлашнинг бир қанча йўллари бор. Масалан, иқтисодий ўсиш экспортга асосланган бўлиши мумкин. Ёки ички истеъмолни рағбатлантириш ҳисобига ўсишни таъминлаш мумкин. Яна бир йўли эса иқтисодиётга киритилаётган инвестициялар (капитал қўйилмалар)ни кўпайтиришдир.

Шунингдек, иқтисодий ўсиш кўпинча мамлакатда кредитлаш ҳажмининг ортиши билан параллел юради.

Иқтисодий ўсиш суратларига маҳлиё бўлиб, ҳукумат баъзида кузатилаётган иқтисодий ўсиш барқарор ёки барқарор эмаслиги, бугунги экономикадаги “бум” нимани ҳисобидан келаётганлиги ва бу эртага салбий оқибатларга олиб келиш мумкинлиги ҳақидаги саволларни эътибордан четда қолдириши мумкин.

Халқаро валюта фондининг сўнгги тадқиқотларидан бири айнан мазкур ҳолатга бағишланган. Фонд тадқиқотчилари 70-йилдан ҳозирги кунга қадар мавжуд маълумотлар асосида ривожланган ва ривожланаётган давлатлар кесимида иқтисодий ўсиш ценарийларини таҳлил қилиб қуйидаги хулосага келишган:

“Қурилиш соҳасидаги ўсиш ва бу ўсиш кредитлаш ҳажмидаги “бум” (кескин ортиши) билан боғлиқ ҳолда содир бўлган бўлса, бундай ривожланиш давлатлар учун яхшилик билан якунига етмаган.”

Агар иқтисодий ўсиш қурилиш ҳисобига таъминланса, буни нимаси ёмон?

Қисқа муддатда қурилиш соҳасидаги кескин ўсиш иқтисодий ўсишни таъминлаши мумкин, бироқ узоқ муддатда у инқирозга олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, қурилиш соҳаси саноатнинг бошқа тармоқларидан фарқли равишда ўсиш потенциали юқори эмас ёки иқтисодчилар тили билан айтганда бу соҳа Самарадорлигининг умумий омили (Total Factor Productivity) паст. Яъни, қурилиш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажмининг ортиб кетиши бошқа самарали соҳаларни инвестициядан маҳрум этиши мумкин ва бу иқтисодий ўсиш потенциалидан паст бўлшига олиб келади.

Шунингдек, вақтинчалик қурилиш соҳасида банд бўлганлар сонининг ортиши ва мазкур соҳада фаолият юритувчиларнинг қобилияти нисбатан паст эканлиги бундай ишчиларнинг ўзининг билими ва малакасини ошириш учун инвестиция киритишдан қайтариши мумкин. Бошқача айтганда қурилиш қисқа муддатда бандликни таъминлаши мумкин, бироқ узоқ муддатли ва сифатли ишчи кучи яратувчи соҳа эмас.

Ва ниҳоят, қурилиши соҳасидаги лойиҳалар дастлаб катта маблағ талаб этади ва якуний истеъмолчилар ҳам қурилган объектларни сотиб олиш учун кўпинча қарз олади. Натижада, иқтисодиётда қарз юки кўтарилади ва келгусидаги истеъмолни чеклайди.

Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда иқтисодий фаоллик ошган ва буни айниқса қурилиш соҳасида яққол кўриш мумкин. Юқоридаги тадқиқот кўрсатмоқдаки, биз ҳам агар барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий ўсиш суратини таъминламоқчи бўлсак, хозирги иқтисодий ўсиш моделимизни чуқурроқ таҳлил қилишимизга тўғри келади.
Камбағалликка қарши қандай курашиш мумкин?

Икки хил қараш мавжуд:
Бир тоифа иқтисодчилар фикрича, (масалан, Лант Притчетт ) камбағалликни камайтиришни ягона йўли сифатли - иқтисодий ўсишга эришиш ҳисобланади. Хитой, Вьетнам ёки Индонезия каби давлатлар бозор иқтисодиёти механизмларини жорий этиш орқали юқори иқтисодий ўсишга эришган ва натижада мазкур давлатларда камбағаллик даражаси кескин камайган.

Иккинчи тоифа иқтисодчиларнинг фикрича, камбағалликни фақат бозорнинг сеҳрли кучи орқали камайтириб бўлмайди. Бунинг учун давлатнинг фаол аралашуви зарур бўлади.

Агар прагматик нуқтаи назардан қаралса, айниқса, Ўзбекистонга ўхшаган бозор иқтисодиётининг барча элементлари ривожланмаган ёки ўзининг кучини бозор механизмларидан ҳам қувватли деб фараз этадиган ҳукуматларда албатта интервенция амалга оширилади. Шундай экан асосий масала - қандай қилиб бундай аралашувни муваффақиятли ва самарали амалга оширишдир.

Хўш, давлатнинг аралашуви (дастурлари) орқали камбағалликни сезиларли даражада камайтиришга эришган давлатлар мавжудми?

Ўтган йилги иқтисод бўйича Нобел мукофоти совриндорлари А. Банержи ва Э. Дуфлонинг аниқлашича, олти мамлакатда (Эфиопия, Ҳиндистон, Покистон, Гана ва Перу) қашшоқликни камайтиришга қаратилган уй хўжаликларини қисқа муддатли қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи "кўп қиррали дастур” орқали камбағаллар ҳаётини кескин яхшилашга муваффақ бўлинган.

Ҳукуматлар томонидан амалга оширилган интервенция қуйидаги олтита элементни ўз ичига олган:
- даромади паст қатлам учун бир марталик маҳсулдор ҳайвон тарқатиш (чорва моллари, қўйлар, эчкилар, товуқ, қорамоллар ва бошқалар);
- ушбу маҳсулдор активларни бошқариш бўйича техник кўникмалар бериш;
- бир неча ойдан бир йилгача бўлган даврга истеъмол учун озиқ-овқат ёки нақд пулни мунтазам равишда бериш;
- доимий равишда уларнинг уйига ташриф буюриш;
- жамғарма қилишга ундаш (омонатлар ёки мажбурий жамғармаларни тўплаш хизмати орқали);
- асосий санитария-гигиена қоидалари бўйича таълим бериш, соғлиқни сақлаш бўйича базавий хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ҳаётий кўникмаларга ўргатиш.

Тасодифий назорат остида ўтказилган тадқиқот натижалари (randomized controlled trials) шуни кўрсатдики, бундай дастурлар камбағаллар ҳаётининг турли томонларига (истеъмол, озиқ-овқат хавфсизлиги, ишлаб чиқариш ва уй-жой активлари, молиявий имкониятлар, вақтдан фойдаланиш, даромад, жисмоний соғлиқ, руҳий саломатлик, сиёсий фаолликнинг ортиши, аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларининг кенгайиши) ижобий таъсир кўрсатади.

Албатта, ҳали хотирамиздан кўтарилгани йўқ, бундан икки-уч йил олдин ёппасига кредит ажратиш орқали амалга оширилган дастур кутилган натижани бермади ва буни оқибатларини (юқори инфляция, муаммоли кредитларнинг кўпайиши) ҳали ҳам йўқотиш билан бандмиз. Ўйлаймизки, ҳукумат бундан етарлича хулоса чиқарган.
Нефт нархининг қулашига Россия тайёрми(ди)?

Нефтга бўлган глобал талабнинг тушиб кетиши ортидан нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) ва Россия нефт қазиб чиқаришни (таклифни) камайтириш бўйича келишувга эриша олмади. Устига устак, бундан ғазабланган Саудия Арабистони нефтнинг нархи бўйича “жанг” эълон қилиб, нефтга чегирмалар эълон қилди. Натижада нефтнинг нархи ўзининг 2014 йилдан кейинги энг паст нархини қайд этди.

Жуда кўпчиликни фикрича, нефтнинг ҳозирги нархида Россия иқтисоди таназзулга учрайди. Сабаби, Россиянинг бюджети Урал нефти бўйича нарх 1 баррели учун 42.5 долларда баланслашади.

Биринчи чора сифатида Россия рублни девалвация қилиши мумкин (жуда ҳам осонлик билан амалга оширилади). Бу орқали бюждет ҳаражатларини камайтирмаслик мумкин, ҳозирча.

Иккинчидан, 2014 йил яъни, бундан олдин содир бўлган нефт инқирози пайтига нисбатан солиштирганда, Россия иқтисодиётининг импортга боғлиқлиги пасайган ва компанияларнинг хорижий валютадаги қарзлари жуда ҳам кам.
Россиянинг халқаро олтин-валюта заҳиралари 5 йил олдин 350 млрд бўлган бўлса, ҳозирда 570 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Путин бошчилигидаги ҳукумат нефт нархи сценарийсини шундай бўлишини кутган ва бунга тайёргарлик кўрган бўлиши мумкин.

Россиянинг бундай ҳатти-ҳаракати АҚШ, Саудия Арабистони ва глобал иқтисодиётнинг ёмон ҳолатига тўғри келмоқда. Иқтисодий зарарни Россия иқтисоди кўтариши ва бу учун АҚШни, Арабларни ёки короновирусни айблаши мумкин.

Кузатамиз.
Россия vs Саудия – кимда левередж кўпроқ?

Шунча муаммолар турганда Саудия Россияга қарши нефть бозорини эгаллаш бўйича “уруш” бошлади. Асосий савдо ҳамкоримиз сифатида Россия иқтисодининг келгусидаги траекторияси биз учун ҳам жуда муҳим. Хўш, қайси давлатнинг мазкур “уруш”да позицияси яхшироқ?

1. Валюта курслари сиёсати бўйича
Россия 2014 йилги нефть инқирозидан тўғри хулоса қилган ҳолда хорижий валюта бўйича алмашув курсини эгилувчан режимга ўтказган, Саудия эса ҳамон қатъий белгиланган курс режимида. Бундай ҳолат Россия учун бошқа товар-ҳом-ашё сотувчи давлатларга, жумладан Саудияга нисбатан қўшимча устунлик беради. Саудия эса қатъий белгиланган курсни қўллаб қувватлаш учун валюта резервларини ишлатишга тўғри келади. Сўннги 10 йилда биринчи маротаба бугунги кунга келиб Россиянинг валюта резервлари (570 млрд) Саудияникидан (500 млрд атрофида) кўпроқ. Демак, устунлик Россияда.

2. Бюджетнинг барқарорлиги бўйича
Нефт нархининг қулашига ҳам Россия бюжети “чидамлироқ” ҳисобланади. Эгилувчан курс туфайли Россия бюжетини баланслаштирувчи нефт нархи (break-even price) бугунда валюта курсининг тебранишига боғлиқ ҳолда ўзгаради, яъни, динамик. Рубльнинг курси долларга нисбатан 70 бўлганда Россия бюжети учун нефтнинг "break-even" нархи 45 доллар бўлса, курс 75 рублга тушса мазкур нарх 40 долларга тушади.

Бундан ташқари, Россия бюждетида нефть тушумларининг улуши 40% атрофида бўлса, Саудияда бу кўрсаткич 60% атрофида. Саудия нефть нархи тушганда бюджет харажатларини камайтириши ёки нефть ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши шарт. Фискал сиёсатни тўғри бошқариш эвазига Россия бу борада ҳам устунликка эга.

3. Нефть ҳажмини кўпайтириш бўйича
Бу борада Саудия анча устунликка эга бўлиб, кескин равишда нефт ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мумкин. Бироқ, географик нуқтаи назардан Россия устунликка эга. Россия қисқа муддатда Европа ва Хитойга нефт етказиб бериш имконига эга.

4. Экспорт диверсификацияси бўйича
Жами экспортда минерал ҳом ашёлар ва нефт экспортиниинг улуши Россияда 52,9% бўлса, Саудияда бу 78,6%ни ташкил этади.

Юқоридагилардан кўриш мумкинки, нефть нархи паст бўлган шароитда Россия иқтисодиёти Саудияга нисбатан кўпроқ “буфер”га эга. Бу ўзаро музокараларда Россия учун қўл келиши мумкин. Саудия учун эса бу “уруш”ни узоқ амалга ошириш анча қимматга тушиши мумкин.

@macrobs
Глобал иқтисод ҳам вирусга чалиндими?

Дастлаб коронавирусни оддий грипдан фарқ қилмайди деб ўйлаган кўплаб ривожланган давлатлар энди нафақат ўзларининг фуқароларини асраши керак, балки вирусга чалиниб инқирозга яқинлашаётган иқтисодни ҳам қутқариш керак.

Умуман ривожланган давлатлар учун бизнес циклларининг кўтарилиб, пастлаб туриши оддий ҳол. Инқироз, кўтарилиш, яна инқироз ва х.к. Маълумки, сўнгги марта 2008 йилда инқироз содир бўлган ва иқтисодий "бум" мана шу кунларгача давом этиб келди. Мана шу 12 йил бизнес цикллар тарихида энг узоқ давом этган ўсиш бўлсада, экспертлар бу даврни “ёқимсиз” ўсиш деб номлашмоқда.
Сабаби, бу ўсиш жуда кўпчилик учун “бум” сифатида сезилмади. 2008 йилдан кейин турли қарама-қаршиликларга қарамай АҚШ ҳукумати банкларни қутқариб қолди. Бу давр шунингдек, корпорациялар томонидан ўзининг акцияларини қайтариб сотиб олишга (шу орқали ҳам акциялар нархи кўтарилади) ҳам бой бўлди. Бу даврнининг яна бир ҳусусияти АҚШ федерал захира тизими катта миқдорда облигацияларни сотиб олиб, “байрам”ни давом этишини таъминлаб турди. Қисқа қилиб айтганда, бу ўсиш даври кўпроқ “сунъий нафас олдириш” эвазига таъминланди.

Ҳечқиси йўқ – вақт ҳаммасини ўз жойига қўяди. Вақт эса етиб келган кўринади. Инқирозлар бўйича эксперт Нуриэл Рубини инқироз содир бўлиши, уни қанча давом этиши ва қандай чоралар кўрилиши кераклиги ҳақида яхши фикрлар қолдирибди.

Глобал инқироз содир бўладими?
Албатта, содир бўлади.
Кўпчиликнинг фикрича, II чорак давомида – I чоракда Хитой, Япония, Корея, Италия ва бошқа ривожланаётган давлатлардаги, II чоракда эса АҚШ ва Еврозонадаги иқтисодий пасайиш ҳисобига иқтисодий инқироз кузатилади. Бироқ менинг фикримча, бу инқироз II чоракдан узоқ давом этади. I чоракни ўзидаёқ Еврозона ва ҳаттоки, АҚШ ҳам рецессияда бўлиши мумкин. Катта эҳтимол билан бу учинчи чоракка таъсир этиши мумкин. Қандай инқирозга юз тутишимиз кўпинча вирус тарқалишининг ҳолатига ва инқирозга қарши чораларнинг кучига, айниқса, фискал сиёсатга боғлиқ.

Марказий банкларнинг бу инқирозга қарши курашда "қўли боғланганми"?

2008 йилги инқирозга нисбатан анаънавий монетар сиёсатнинг кучи чегарланган бўлсада, [Марказий банк одатда инқирозга қарши фоиз ставкани тушириб, ялпи талабни қўллаб қувватлаган, бироқ ҳозир ривожланган давлатларда фоиз ставкалари шундоғам 0 чегарасига тенг ёки яқинлашган. Бундай шароитда Марказий банклар фоиз ставкани 0 дан пастга тушира олмайди ва фоиз ставкаси инструменти самарасиз] Марказий банкларнинг кризисга қарши бошқа инструментлари мавжуд. Улар ананавий “юмшатиш”, “0 фоизлик ставка сиёсати”(ZIRP), “Forward Guidance”, “негатив фоиз ставка сиёсати” (NIRP), “кредитларни юмшатиш” (credit easing) ва бошқа активларни, хусусан, корпорациялар қимматли қоғозларини сотиб олиши мумкин.

Вируснинг тарқалиши Хитойда 3 ой ичида энг юқори чўққисига етган бўлса, Европа ва АҚШ учун бу муддат чўзилиши мумкин. Сабаби, Хитой синагри ўта кескин чоралар кўриш сиёсий жиҳатдан Европа ва Америкада жуда ҳам мушкул, худди Италияда бўлгани каби. Бу дегани инқирозни III чоракда ҳам давом этишини англатади.

Кризисга жавобан Марказий банклар тез ва тажовузкор равишда жавоб берадилар. Аммо, бу инкироз ялпи талабнинг кескин – масштаби бўйича 2008дан ҳам катта ва чуққурроқ қулаши бўлади ва шунинг учун 2008-2009га нисбатан кўпроқ фискал қўллаб-қувватлов керак бўлади. Бироқ, ҳозирда кўп давлатларнинг фискал потенциали кучли эмаслиги ва айрим давлатларда сиёсий аҳволни (масалан, АҚШда) ҳисобга олганда, фискал қўллаб-қувватлов кутилаганидан (заруриятидан) камроқ бўлади. Шунинг учун бу инқироз 2008га нисбатан муддати камроқ, бироқ оқибати чуқурроқ бўлиши мумкин.

Фискал сиёсат инқирозга қарши самарали бўлишлиги учун АҚШ ва Европанинг қўллаб-қувватлаш миқдори улар ЯИМнинг 2 фоизи, агар инқироз чўзилса, 3-4% атрофида бўлиши керак.

Албатта, 2008 йилдаги каби инқироз бизни ҳам четлаб ўтмайди. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати инқирозга қарши чораларни кўришни бошласа ҳам бўлади.
Хитойнинг иқтисодий кўрсаткичлари кутилганидан ҳам ёмонроқ ҳолатни қайд этган

Хитой ҳукумати январь ва феврал ойлари учун иқтисодий статистика маълумотларини эълон қилди.

Иқтисодий фаолликни кўрсатувчи сўнгги маълумотлар кўрсатяптики, Хитой иқтисоди 2008 йилдаги жаҳон-молиявий инқирози таъсирида кузатилган ҳолатдан ҳам ёмонроқ натижани қайд этган.

Йиллик ҳисобда асосий макро кўрсаткичлар қуйидагича:

Сервис ўсиши: -13% (минус);
Саноат ўсиши: - 13,5%;
Чакана савдо ҳажми : -20,5%;
Инвестиция: -24,5%;

ЯИМ ўсиши: - 13%.

Дастлабки икки ойда асосий шок ялпи таклиф орқали, яъни вирус тарқалиши туфайли компаниялар фаолиятининг вақтинча тўхташи туфайли пайдо бўлган. Хитой бундай ҳолатни қисқа муддат давом этишидан умид қилаётган бўлсада, вируснинг бошқа мамлакатларда тарқалиши энди Хитой учун талаб "шок"ини пайдо қилиши мумкин ва салбий натижалар узоқроқ давом этиш эҳтимоли юқори.
АҚШ доллари муаммоси: инқироз пайтида нима учун долларнинг курси кўтарилади?

Вирус билан овора бўлиб, бир ҳолат дунё ҳамжамиятини эътиборидан четдан қолмоқда – вирус тарқалишни бошлагандан ва иқтисодий инқироз бўлиш эҳтимоли пайдо бўлгандан буён ривожланаётган давлатлардан капиталнинг чиқиб кетиши рекорд даражада кузатилган. Шу пайтга қадар ривожланаётган давлатлардан 42 млрд. АҚШ доллари “оқиб” чиқиб кетган. Бу мазкур давлатларда шу кунга қадар қайд этилган энг катта миқдор ҳисобланади. Натижада, кўплаб давлатлар валютаси долларга нисбатан қадрини йўқотиб, мазкур давлатлар иқтисодиётини қийин ҳолатга қўймоқда.

Нима учун бутун дунёда инқироз пайтида долларга талаб ортади ёки доллар етишмаслиги пайдо бўлади? Расман тан олинмаган бўлсада, бутун дунё учун АҚШ доллари ягона глобал резерв валюта ҳисобланади. Бошқача айтганда, глобал иқтисодиёт доллар стандартига асосланади. (Мисол учун, жаҳон савдосининг ярми долларда олди-сотди қилинади). Муаммони яна ҳам кучайтирувчи ҳолат – бугунги кунда бир товарни ишлаб чиқариш бир давлат чегарасидан чиқиб кетган, яъни бир якуний маҳсулотни ишлаб чиқаришда бир нечта давлат иштирок этади (бу феномен “глобал ишлаб чиқариш занжири” деб номланади). Энди тасаввур қилинг, бир компания маҳсулотига талаб тушса, бу мана шу занжирга боғланган бошқа оралиқ товарлар етказиб берувчиларни ҳам ўз домига тортиб кетади. Агар бутун дунёда компаниялар пул оқимлари билан боғлиқ муаммоларга дуч келса ва товар етказиб берувчиларга тўловларни амалга оширишни тўхтатса, нима содир бўлади? Албатта, компанияларнинг доллардаги пуллари миқдори камаяди ва ўзининг мажбуриятларини (инқирознинг содир бўлиши мажбуриятларни бажаришдан соқит қилмайди) бажариш учун доллар қидиришга тушишади. Ва, бу ўз навбатида долларга бўлган талабни кучайтиради ва долларга қараб “югуриш бошланади”.

Айнан шу сабабга кўра ҳам инқироз пайтида бошқа активлар – акциялар, қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш ва х.к.)нинг ҳам нархи пастга қараб қулайди. Банклардан мижозлар доллар талаб қилади, банклар эса мажбуриятларни/талабларни бажариш учун юқоридаги активларни бирма-бир сотишга тушади. Масалан, молиявий жиҳатдан тиғиз ҳолатга тушганда ўзингизга ёки оила аъзоларингизга тегишли бўлган қимматбаҳо нарсаларни сотишга тушасиз, тўғрими? Бу пайтда эса доллар дунёдаги пулнинг энг юқори шакли (ҳа, пулнинг турли шакллари бор – кредитлар, миллий валюта, олтин) сифатида қолаверади.

Яна бир сабаб, АҚШ доллари инқироз пайтида “бошпана” актив ролини бажаради. Яъни, АҚШ долларининг нархи инқироз пайтида бошқа валюталарга нисбатан кўтарилиш тенденциясига эга. Инқироз пайтида молия бозори иштирокчиларининг бош мақсади – ўзининг капиталини қадрини сақлаб қолиш. Доллар эса бу учун энг яхши восита.

Мана шундай ҳолатлар АҚШ Марказий банкини (Федерал захира тизими) де-факто бутун дунё ҳалоскорига айлантирган. Федерал захира тизими доллар билан боғлиқ юқоридаги ликвидлилик муаммосини ечиш учун худди 2008 йилда амалга оширгани сингари ривожланган давлатлар учун валюта своп (Масалан, Япония иенасини кафолатга олиб Япония марказий банкига доллар беради ва Япония МБ уни ўз навбатида тижорат банкига тақдим этади) операциясини жорий қилди. Экпертлар фикрича, бу шу кунгача кризисни юмшатишга қаратилган энг самарали чора бўлиб турибди. Бироқ, доллар билан боғлиқ муаммонинг катта қисми ривожланаётган давлатлардадир. Энг катта савол - уларга ким ёрдам беради?

Албатта, биринчи ёрдам халқаро молия институтлардан келиши керак. Шу мақсадда, Халқаро валюта фонди ўзининг 1 трлн АҚШ долларга тенг ёрдам механизмини ишга туширишга тайёрлигини билдирган бўлсада, иқтисодчилар фикрича, бу етарли бўлмайди ва АҚШ Марказий банки своп операцияларини ривожланаётган давлатлар учун ҳам кенгайтириши керак бўлади. Акс ҳолда, инқирознинг оқибатлари янада кучайиши мумкин.

@macrobs
J.P. Morgan'нинг АҚШ учун янги прогнозлари:

Ялпи ички махсулот:
Q1(I чорак): -4%
Q2: -14%
Q3: +8%
Q4: +4%
Йиллик ўсиш: -1.5%.

Ишсизлик даражаси йил ўртасида 6.25%, декабрда 5.25% ни ташкил этади.
Ҳукумат қандай ёрдам бериши керак?

Мана бу ерда иқтисодчиларнинг Ўзбекистонда инқироз содир бўлса ҳукумат кимга ёрдам бериши керак деган саволга жавобларининг жамланмаси берилган.

Шу бўйича қўшимча фикр-мулоҳазалар

Инқирозга қарши курашиш учун аввало инқирозни табиатини тушуниш керак бўлади. Ташқи факторларни ҳисобга олмаган тақдиримизда ҳам, вируснинг тарқалишига қарши кураш аҳолининг фаоллигини маълум муддатга пасайтириш, бу эса иқтисодда ялпи талабни пасайшини англатади. Вируснинг тарқалишини олдини олиш учун онгли равишда, шу ишга қўл уряпмиз.

Берилган таклифлардан бири - иқтисодий инқироз ортидан жабр кўрадиган аҳоли қатламига бир марталик ёрдам пули ажратилиш керак. Иккита плюси келтирилмоқда: аҳолининг инқироздан жабр кўрган қатламига ёрдам берилади, иккинчи тарафдан ўша пуллар яна иқтисодиётга қайтади, мультипликатив эффект яратади, инқироздан тезроқ чиқишга замин яратилади. Нима учун бизнес вакиллари қўллаб-қувватланмаслиги керак? Асосий аргументлардан бири – улар асосан давлат корхоналари, бизни шу пайтгача қонимизни ичган, энди бемалол банкрот бўлиши мумкин улар.

Бироқ, бундай ёндашув, фикримизча, бироз нотўғри. Биринчидан, ҳар қанча давлат корхоналарини ёмон кўриш мумкин, бироқ ҳозир ўзимиз ишонган ғояларни тиқиштирадиган пайт эмас. Биринчи навбатда бу соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳолатдан пайдо бўлган – эгзоген инқироз бўлади. Хусусийми, давлат компаниясими ҳеч кимда иммунитет мавжуд эмас бундай кризисга. Шунинг учун ҳар қандай ёрдам мақсадли, талабни пасайишидан жабр кўрган соҳаларга – улар ҳоҳ хусусий, ҳоҳ давлатга тегишли бўлсин ёрдам берилиши керак.

Асосий диққат-эътибор мавжуд, фаолият юритаётган компанияларни сақлаб қолишга, улар томонидан иш ҳақларини узлуксиз берилишини таъминлаш, ишчиларни ишдан бўшатишларни олдини олишга қаратилиши керак.

Бир марталик бериладиган ёрдам, биринчидан, етарли бўлмайди, иккинчидан уни чексиз амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун бизнес ёпилишига йўл қўйиш керак эмас. Учиничидан, биз онгли равишда талабни пасайтиряпмиз, бундай пайтда иқтисодиётда истеъмолни рағбатлантириш абсурд.

Давлатнинг чора-тадбирлари нималарни ўз ичига олиш керак?

- Ирландия , Австралия, Дания ёки Канадаги каби – талабни пасайишидан жабр кўрган корхоналарга (мехмонхона, ресторан бизнеси, туризм билан боғлиқ фаолият турлари ва бошқа ҳизмат кўрсатувчи компаниялар) иш ҳақи бўйича мажбурияталарини тўлиқ ёки қисман қоплаш бўйича субсидиялар бериш;

- корхоналарнинг солиқ ва мажбурий тўловлари бўйича солиқ таътиллари ва пасайтирилган ставкаларни қўллаш;

- кам таъминланган, ишсиз ва ўзини-ўзи иш билан таъминловчи қатламга соғлиқни сақлаш ҳаражатлари бўйича нафақалар бериш;

- уй ҳўжаликларининг доимий ҳаражатлари - коммунал тўловлар, кредит ёки ипотека бўйича тўловларини вақтинчалик тўхтатиш.

Одамларга пул бериш ёқимли бўлиши мумкин, лекин айни вазиятда нотўғри йўл бўлади.
Нима учун ижтимоий узоқлашиш керак?

COVID-19нинг тарқалиши Ўзбекистонда ўзининг энг дастлабки босчиқида турибди. Ҳукумат томонидан мазкур пандемияни пасайтириш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан ҳам таъкидланганидек, бу касалликка бепарволик билан қараб бўлмайди. Куни кеча докторларимиз ҳам одамларни имкон қадар уйида ўтиришга чақирдилар.

Бунга қўшимча равишда вируснинг кенг тарқалиб кетмаслиги учун фуқаро сифатида қилишимиз мумкин бўлган энг муҳим иш – вақтинчалик ижтимоий узоқлашиш (бошқа одамлар билан алоқани камайтириш) ҳисобланади.

Ижтимоий узоқлашув этикаси

Бир қарашда бир одам учун вирусни юқтириш эҳтимоллиги жуда паст кўриниши ва шу асосда доимий кундалик фаолиятимизни давом эттиришимиз мумкин. Бироқ, шу орқали биз вирусни тарқалишига ҳисса қўшиб, ҳолатни ёмонлаштиришимз мумкин. Шунинг учун, ўзимизнинг манфаатларимизга қарши юриб бўлсада бир-биримиздан узоқлашишимиз керак, гарчи мазкур ҳатти-харакатимиз тезлик билан қандайдир натижа келтирмасада.

Ҳар биримиз учун риск жуда кичик бўлиши мумкин, бироқ жамият учун катта.

Математика ҳам узоқлашиш тарафдори

Эпидемиологияда - вируслар тарқалишни моделлаштиришда - R0 рақами кенг ишлатилади. Бу рақам вируснинг бир одамдан ўртача нечта одамга тарқалиши (юқтирилиши)ни кўрсатади. Агар R0 бирдан кичик бўлса, вирус тарқалишини тўхтатиш мумкин бўлади.

R0
- учта факторга боғлиқ:

R0= с*p*d

с
- контактлар сони;
p – контакт содир бўлганда вирус юқиш эҳтимоли: касалликни қанчалик юқумли эканлиги;
d – вирус тарқалиш давомийлиги.

R0 – мана шу учта факторнинг ўзгаришига қараб ўзгариб туради. Мазкур учта фактор ичида ҳар биримиз назорат қилиши мумкин бўлган ягона нарса контактлар сони – с ҳисобланади. Айнан шу ўзгарувчи ижтимоий узоқлашув параметри ҳисобланади. Агар мазкур миқдорни нолга яқинлаштирсак, R0 ҳам пасаяди.

Шундай экан, қанчалик бир-биримиздан узоқ юрсак, шунчалик бир-биримизни ҳимоя қилган бўламиз.

@macrobs
Коронавируснинг тарқалиши нима учун ривожланган давлатларда кучлироқ

Юқоридаги 1-график давлатлар кесимида короновирусга чалинганлар сони ва аҳоли жон бошига тўғри келувчи ялпи ички маҳсулот ўртасидаги боғлиқликни кўрсатади. Кўриниб турибдики, давлатларнинг ривожланганлик даражаси билан вируснинг тарқалиш ўртасида юқори боғлиқлик (коррелация) мавжуд. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

- ривожланган давлатларда одамлар кўпроқ саёҳат қилади ва натижада вирусни юқтириб олиш эҳтимоли катта;
- ёки, ривожланган давлатлар томонидан жуда кўп тест (вирусни аниқлаш учун) қилинмоқда. 2 графикдан кўришимиз мумкинки, ривожланган давлатларда жами аҳоли сонига нисбатан ўтказилган тестлар миқдори ҳақиқатда ҳам кўпроқ.

@macrobs
Ўзбекистон 1 млрд АҚШ долларни қандай жалб қилиши мумкин?

Ўзбекистон ҳукумати коронавирус ва инқирозга қарши курашиш учун 1 млрд АҚШ доллари миқдорида қарз жалб қилмоқчи. Ўзбекистон учун бу маблағ етарли бўлмаслиги ва камида 5-6 млрд АҚШ доллар қарз олиш керак деган фикр ҳам мавжуд. Бундай катта миқдордаги қарз ҳақиқатда керак ёки керак эмаслигини бир четга суриб, шуни айтиш керакки, нафақат, 5-6 млрд доллар, балки 1 млрдни ўзини жалб қилиш ҳам осон кечмайди.

Ҳўш, Ўзбекистон қаердан 1 млрд долларни жалб қилиши мумкин?

Қуйида қарз жалб этишнинг мавжуд манбалари, улар билан боғлиқ муаммолар ҳақида фикрлар берилган.
АҚШ федерал заҳира тизимининг глобал иқтисод учун беминнат ёрдами давом этмоқда

Марказий банкнинг асосий функцияси – инқироз пайтида сўнгги кредитор вазифасини бажариш (“lender of last resort” ). Яъни, кризис даврида соғлом ва тўловга лаёқатли банклар учун ёрдам бериши ва бутун молия тизимининг барқарор ишлашини таъминлашдир. Лекин, ҳар қандай давлатда Марказий банк ўзининг миллий пул бирлигидагина ёрдам бера олади, ҳолос. Агар доллар билан боғлиқ муаммо бўлса, АҚШ Марказий банкидан ташқари бошқа Марказий банклар доллар печать қилиб, ёрдам бера олмайди.

Нима қилиш керак? Ечим жуда оддий – Марказий банклар бир-бирига ёрдам беради.

Ривожланган давлатлар учун инқироз билан боғлиқ муаммонинг катта қисми долларнинг етишмаслиги билан боғлиқ бўлгани туфайли АҚШ федерал заҳира тизими 6та давлат Марказий банки учун худди 2008 йилдаги каби своп линияларни очиб берди, бу давлатлар эса ўз навбатида ўзларининг молия институларига доллар кредитларини тақдим этди. Шу орқали молия бозорларида доллар билан боғлиқ вазият бироз юмшаган бўлсада, доллар муаммоси бошқа давлатларда сақланиб қолганди. Иқтисодчиларнинг аюханноси биланми ёки бошқа сабаб туфайлими своп линиялари бироз ўтиб яна қўшимча 9та давлат учун очиб берилди. Бу давлатлар ичида Бразилия, Корея, Мексика каби айрим ривожланаётган (emerging) давлатлар ҳам мавжуд. Бироқ, айрим йирик ривожланаётган (Хитой, Россия, Туркия каби) давлатлар бундай “эҳтиромдан” қуруқ қолган эди. Айниқса, Хитойнинг четда қолиши кўпчиликни бир тарафдан ҳайрон қолдирган бўлса, иккинчи тарафдан доллар муаммоси сақланиб қолишини англатарди.

Иниқрозни яхши тарафи – янги-янги кашфиётларга туртки беради. Шундай янгилликка мана Федерал заҳира тизими қўл урди: АҚШ қимматли қоғозларига эга Марказий банклар учун репо операциясини жорий этди. Cвоп билан репо операцияси ўртасида унчалик катта фарқ йўқ. Своп операциясида кафолат сифатида хорижий давлатнинг валютаси олинса, репода бу вазифани АҚШ ғазначилик мажбуриятлари (облигациялари) бажаради. Яъни, энди бошқа Марказий банклар, агар балансида АҚШ облигациялари мавжуд бўлса, бу кредит линиясидан фойдаланиши мумкин. Мазкур операция жорий қилиниши билан энди бемалол айтиш мумкинки, Федерал заҳира тизими бутун дунё учун сўнгги кредиторга айланди.

Албатта, сарлавҳада ёзилганидек Заҳира тизими юқоридаги “ёрдам”ни давлатлар учун беғараз амалга ошираётгани йўқ. Буларнинг барчаси узоқ муддатда ҳам долларнинг ҳозирги мавқеини сақлаб қолишга қаратилган.

@macrobs
Нефть бозорида “нарх уруши” якунига етяпти(ми)?

Глобал товарлар бор муаммоси ҳам, шовқини ҳам, дунё иқтисодига таъсири ҳам глобал. Шунақа товарлардан бири нефть ҳисобланади. Олдин тўҳталганимиздек, жаҳон бозорида нефтнинг нархи тушиши ортидан, ОПЕК+ нефть ишлаб чиқариш таклфини камайтириш бўйича келишувга эриша олмаган эди. Бу ҳам камлик қилганидек, Саудия қироллиги нефт бозорини эгаллаш бўйича уруш эълон қилиб, ҳолатни янада ёмонлаштирганди.

Иккита йирик факторлар – COVID-19 натижасида нефтга бўлган глобал талабнинг пасайиши ва нефт ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ортидан нефтнинг нарҳи март ойининг ўзида 50% дан юқорироққа пастлаган эди. Ҳаттоки, айрим бозорларда нефтнинг нархи манфий қийматни қайд этди яъни, нефть сотиб олувчига нефтга қўшиб пул ҳам беришди.

Нефть бозоридаги келгуси ҳолат қандай бўлади?

Нефть нархига биринчи навбатда фундаментал факторлар – унга бўлган талаб ва таклиф таъсир кўрсатади.

Талаб нуқтаи назардан қараганда, нефт истеъмоли дунё иқтисоди қандай ўсишига боғлиқ. Кўплаб прогнозларга кўра, 2020 йил глобал ЯИМ ўсиш сурати 0% ва ҳаттоки, манфий бўлиши мумкин. Бундай сценарийда 2008 йилдан кейин 1-маротаба нефт истеъмоли йиллик ҳисобда пасаяди. Бошқа факторларни ҳисобга олмаган ҳолда ҳам, экспертлар дунё бўйича иқтисодий фаолликнинг пасайиши натижасида нефт нархи яқин ойларда 30 доллардан кўтарилмаслигини прогноз қилмоқда.

Таклиф омилига эътибор берсак, бу ерда жуда кўп нарса ОПЕК+ нинг нефт ишлаб чиқаришни камайтириш бўйича келгусидаги келишувига боғлиқ. Расман 1 апрелдан бошлаб ОПЕК+ нинг нефт ишлаб чиқаришни камайтириш бўйича 3 йил давом этган келишуви якунига етди. Россияга нефт нархи бўйича “уруш” очган Саудия қироллиги апрел ойидан бошлаб кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини максимум 12 млн баррельга етказиб, бозорни эгаллашни мақсад қилган эди.

Бироқ, вақт ўтган сари ойдинлашмоқдаки, Саудия томонидан бундай ҳатти ҳаракатини амалга ошириш имконсиз. Биринчидан, бугунги кунда шундоғам нефтнинг кунлик таклифи талабдан 20 миллион баррельга кўп. Иккинчидан, нефтни сақлаш муаммога айланмоқда, яъни қазиб чиқарилган нефтни сақлашга етарли “омбор” мавжуд эмас. Учинчидан, нефт нархининг бундай паст бўлишидан АҚШ ҳам манфаатдор эмас. Сабаби, жуда кўп АҚШ нефть компаниялари инқирозга учраши мумкин. Шунинг учун, АҚШ президенти ҳам вазиятга аралашишни бошлади. Куни кеча АҚШ президенти Трапм Твиттердаги саҳифасида Саудия ва Россия нефт ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришини кутаётганини маълум қилди.

Кўриниби турибдики, талаб ва таклиф мувофиқлигини таъминлаш фақат Саудиянинг қўлидан келмайди ва шунинг учун Саудлар бунга нафақат ОПЕК+, балки G20 давлатлари ҳам “ҳисса” қўшиш кераклигини талаб қилмоқда.

Шу мақсадда, Саудия ОПЕК+ ва “бошқа давлатлар”ни фавқулотда йиғилишга чақирди ва келгуси ҳафта онлайн учрашув бўлиши мумкин. Экспертлар фикрича, агар учрашув муваффақиятли якунланса, нефт ишлаб чиқарувчи давлатларнинг янги келишуви - “ОПЕК++” пайдо бўлиши мумкин.

Бу ерда энг асосий масала Россия келишувга рози бўладими? Путинни рози қилиш учун Трамп ҳукумати Россияга қўйилган санкцияларни олишни таклиф қилиши кутилмоқда. Агар шундай бўлса, Россия қайсидир маънода бир ўқ билан икки қуённи уради. Ҳам санкциялардан, ҳам нефт бозордаги хаосдан қутилиши мумкин.

Агар нефт ишлаб чиқаришни камайтириш бўйича келишувга эришилмаса, нефтнинг нархи яна қулаши ва паст нарх (20-25 доллар) йил давомида шаклланиб қолиши мумкин. Бу эса ҳеч кимга керак эмас.

@macrobs
2020-йилда халқаро товарлар савдоси кескин пасаяди

Дунё иқтисодининг энг катта драйверларидан бири – давлатлар ўртасидаги товарлар савдоси ҳисобланади. СOVID-19 нинг кенг тарқалиши глобал савдо айланмасига ҳам катта салбий таъсир кўрсатмоқда. Хўш, 2020 йилда бизни нима кутмоқда?

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) 2020-2021 йиллар учун товарлар савдоси бўйича прогнозларни эълон қилди. Вирус билан боғлиқ вазиятнинг қандай тус олишига қараб 2020 йилда жаҳон савдоси (прогноз фақат товарларга тегишли) ўтган йилга нисбатан 13% дан 20%га қадар пасайиши мумкин. Ҳар икки – ҳам оптимистик, ҳам пессимистик - сценарийда ҳам бу пасайиш 2008-2009 йиллардаги кузатилган ҳолатдан юқори бўлади. 2021 йилда жаҳон савдоси ўзининг трендига қайтиши ҳам катта сўроқ остида қолмоқда.

Прогнозда қамраб олинмаган бўлсада, ЖСТ томонидан ҳалқаро сервис - туризм, мехмонхона, ресторан, чакана савдоси бўйича операциялар ҳам 2020 йил кескин пасайиши башорат қилинмоқда.

@macrobs
Жаҳон банки: Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш сурати кескин пасаяди

Жаҳон банки ўзининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси учун прогнозларини янгилади.

Демак, Ўзбекистонда 2020 йил иқтисодий ўсиш сурати кескин пасайиб, йиллик ҳисобда 1,6%ни ташкил этиши кутилмоқда. Иқтисодий пасайишга, биринчи навбатда, ташқи савдо ва вирус тарқалишини олдини олиш билан боғлиқ бўлган ички бозордаги ҳолатнинг ёмонлашуви таъсир этади.

Яна эътиборга молик рақамлардан - давлат бюджети дефицити ЯИМга нисбатан 5,6%га етиши, мигрантлар пул оқимлари ҳажми ҳам 50%дан кўпроққа пасайиши кутилмоқда. Натижада, тўлов баланси ёмонлашиб, жорий ҳисоблар бўйича дефицит ЯИМнинг 8,5%ни ташкил этади.

Умидимиз эса, олтин ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб юқори бўлади ва шу орқали негатив таъсирларни бироз юмшатиш имконига эга бўламиз.

@macrobs
Агар иқтисодий ўсиш суръати 2020 йилда 1,6%ни ташкил этса, бу сўнгги 20 йилдаги Ўзбекистоннинг энг паст кўрсаткичи бўлади.

График Статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди

@macrobs
2020 йил дунё иқтисоди “Буюк инқироз”дан кейинги энг ёмон ҳолатни қайд этади

Халқаро валюта фонди ижрочи директори Кристалина Георгиева фонднинг баҳорги учрашувидан олдин нутқида 2020 йилда бизни нима кутаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, 2020-йил кескин иқтисодий пасайиш йили бўлиб, 170та❗️ давлатда аҳоли жон бошига иқтисодий ўсиш суръати манфий бўлиши кутилмоқда. 2021 йилда дунё иқтисодининг тикланиши ҳам катта сўроқ остида. Инқирозга қарши давлатлар томонидан шу кунга қадар 8 трлн долларлик фискал ва мислсиз даражада монетар чоралар кўрилмоқда. Унинг фикрича, кутилаётган глобал иқтисодий пасайиш масштаби бўйича ўтган асрнинг 30 йилларидан бери кузатилмаган.

@macrobs
Халқаро валюта фонди давлатларга моддий ёрдамни кучайтирмоқда

Халқаро валюта фонди (ХВФ) Covid-19 га қарши курашиши ва тўлов баланси билан боғлиқ фавқулотда ҳолатда ривожланаётган давлатларни тезкор молиялаштириш учун 50 млрд доллар ажратган эди. Кузатилаётган иниқрознинг кўлами ва жиддийлигидан фонд тарихида қайд этилмаган ҳолат кузатилиб, ХВФга бир пайтнинг ўзида шу кунга қадар тезкор ёрдам олиш мақсадида дунёнинг 90 дан ортиқ давлати мурожаат қилган. Юқоридаги маблағ бунча кўп давлат эҳтиёжини қондиришга етмаслиги кўриниб турганди.

Шундан келиб чиққан ҳолда ХВФнинг ижрочи директорлари кенгаши қарори билан юқоридаги 50 млрд долларлик бюджет 2 бараварга кўпайтирилиб, 100 млрд долларга етказилган.

Шунингдек, қоида тариқасида давлатлар ХВФдаги квотасининг 50% миқдорида қарз олиши мумкин бўлган. Эндиликда мазкур лимит ҳам вақтинчалик 100%гача кўтарилган. Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳам, агар зарурият туғилса ва фонд “розилиги” олинса, ХВФдаги квотамизнинг 100%гача, яъни 746,7 млн долларгача кредит жалб қилиши мумкин бўлади.

@macrobs