Kino san'ati
412 members
209 photos
27 videos
55 links
"Кино санъати" журналининг Телеграмдаги расмий саҳифаси
Download Telegram
to view and join the conversation
Режиссёр Дилмурод Масаидовнинг «Қўқон шамоли» номли тарихий фильмнинг суратга олиш ишлари давом этмоқда. Фильмнинг суратга олиш жараёнидан лавҳалар.
Бир филм ҳақида

"Патерсон"ни томоша қилганимга кўп бўлмади ва ундан олган барча таассуротларимни умумлаштириб, бу филм шеър, шоир ва муҳаббат ҳақида десам ҳам, айтмоқчи бўлаётган барча гапимни тугатган бўлар эдим. Бироқ филмдаги ўзгача руҳ, бош қаҳрамоннинг ҳаёт тарзи менга шу қадар ёқиб қолдики, бир томошабин сифатида ўз фикрларим билан ўртоқлашишга қарор қилдим.

Филмда, бир қарашда, айтишга арзигулик воқеанинг ўзи йўқдай. Ню-Жерси штатидаги Патерсон шаҳрида суюкли рафиқаси - Лора, ва Марвин лақабли булдоги билан бирга яшовчи, оддий автобус ҳайдовчиси - Патерсон, шеър ёзишни ёқтиради. (Шаҳар номи ва бош қаҳрамон исми бир хил.) Унинг ҳар куни аввалгисидан деярли фарқ қилмайди: эрталаб туриб, ишига қараб кетаркан, кечгача шаҳар бўйлаб ҳайдовчилик қилиб юради; танаффус пайтида ён дафтарига шеърлар ёзади. Ишдан қайтгач, хотини билан бирга овқатланади, сўнг кучугини айлантиришга олиб чиқиб, йўл-йўлакай, пиво ичгани барга киради... То Марвин, уйда ёлғиз қолган пайтида, шеърлар ёзилган ён дафтарни бурдалаб ташлагунига қадар кунлар худди шу зайлда давом этади.

Шеърларидан айрилиб, изтиробга тушиб қолган Патерсон кўчага айлангани чиқаркан, бир япониялик сайёҳ билан кўришиб қолади ва у билан шеърият ҳақида, Патерсон шаҳрида туғилган таниқли шоир Уилям Карлос Уилямс ҳақида бир оз суҳбат қуради. Суҳбат сўнггида сайёҳ унга янги бир ён дафтарча совға қилиб, гарчи, унинг бошидан ўтган воқеалар ҳақида ҳеч нарса билмаса ҳам, уни қайта ижод қилишга ундагандай бўлади. Шундай қилиб, автобус ҳайдовчиси - Патерсон, қайтадан ижодга киришади.

Бошда айтганимдай, филм шеър шоир ва муҳаббат ҳақида, аммо қисқагина, юзаки баёнимни ўқиб, шоирнинг, нари борса, исмини ва ҳайдовчилик қилиб пул топишини билиб олдингиз. Аммо Марвин бурдалаб ташлаган шеърлар ачинишга арзирмиди; умуман, Патерсон қандай шоир ва унинг рафиқасига бўлган муҳаббати қай даражада? Қуйида айтмоқчи бўлаётган фикрларим айнан шу ҳақида ва мени нега айнан шундай ҳаёт тарзи қизиқтириб қўйганини кенгроқ изоҳлаб бермоқчиман.

Аввало, филм режиссори Жим Жармушнинг шеър ва шоир шахсияти ҳақида олға сурган қарашлари ҳақида айтсам. Жармушнинг профессионал шеъриятга қанчалик алоқси бор-йўқлигини билмидим, бироқ унинг бу соҳани ичидан ўтказиб англаши филм мисолида аён бўлди. Дарвоқе, америкалик шоир - Рон Паджет, кино учун махсус ёзиб берган бир нечта шеърлардан ташқари, режиссорнинг ўзи ҳам Патерсон кўчада кўриб қолган қизалоқ номидан ўқиладиган бир шеърга муаллифлик қилган. Айтиш мумкинки, ундан яхшигина шоир ҳам чиққан бўлар эди. Лекин унинг шеърларини инглиз тилида излаб, тополмадим.

Балки, худди, ўз филмининг бош қаҳрамони каби, шеърларини ҳеч қаерда эълон қилмас?
Ҳа, Патерсон ўз шеърларини, хотинининг қистовига ҳам қарамай, матбуот ёки ижтимоий сайтларда эълон қилмайди. (У замонавий электрон ускуналардан умуман фойдаланмайди; ҳатто, қўл телефон ишлатишни ўзига эп билмайди.) Уилям Карлос Уилямс асарларидан илҳомланган шоирнинг ижоддан кутгани фақат шеър ва у берадиган - бошқа ҳеч нарсага қиёс этиб бўлмайдиган, завқдир! Сиз унинг "Суғур куни" филмидаги каби ҳаётини кузатар экансиз, дафъатан бу, бир-биридан фарқ қилмайдиган, "зерикарли" кунларнинг турфа хил қирраларини илғаб қоласиз. Чиндан ҳам, бу турфа хилликни таъминлаб турган унсурлар мен қачондир эришишни истаётган юксакликдами? Йўқ, бундай ҳаёт тарзига одамлар ер юзида эришаётир; ҳар ҳолда, филмда бу воқееликлар жуда ҳам табиий тарзда очиб берилган. Масалан, ҳеч кимнинг олқиши ва рағбатига зор бўлмаган, таъмасиз ижоди ва кундалик ҳаёти билан чамбар-час боғлиқ бўлган, муҳаббат ҳақидаги шеърлари. Дарвоқе, муҳаббат мавзусига ҳам тўхталамиз.
Патерсон учун ижод қанчалик табиий жараён бўлса, унинг Лорага бўлган муҳаббати ҳам шу қадар самимийдир. Бир қарашда, уларнинг ўртасидаги севги бир-бирига кўниккан, оддий эр ва хотин ўртасидаги муносабатдан ортиқ жойи йўқдай. Одатда, ҳиссиётлар юқори пардаларда тараннум этиладиган ва баъзан бачкана тус олиб кетадиган тасвирлардан фарқли ўлароқ, бу филмда маиший ҳаётдан узилмаган, бироқ унинг тубига ботиб ҳам кетмаган, бахтиёр инсонларга дуч келамиз. Айни шу ерда Жим Жармушнинг оддийлик замиридаги ўзгачаликни илғай олиш қобилиятига ҳам қойил қолсак, арзийди. Патерсон рафиқасини ўзгача меҳр билан ўпиб, уйғотиши, унга атаб шеърлар ёзиши ва баъзан ўқиб ҳам беришидан тортиб, кундалик суҳбатларда ўзини жуда совуққон тутиши, хотини гитара сотиб олиш учун пул сўраганида дарров кўна қолмаслиги ва шеърларини кучук майда-чуйда қилиб ташлаганида аламини хотинидан олмаслигигача муҳаббат уфуриб туради. Унинг ишқий шеърларида ҳам бу самимият яққол юзага чиққан.

Масалан, мана бу парчада:

Бизнинг уйда гугурт кўп,
Қўл узатсанг етар жойда бор.
Ҳозир "Ohio Blue Tip"
Ишлатамиз,
Гарчи, ундан аввал
Севимли гугуртимиз "Diamond" эди...

Ушбу парчада одатий "ўлдим-куйдим"ларга дуч келмайсиз, аксинча, муҳаббат ҳақида эканлигини айтмасам, кўпчилик гугурт ҳақида, айтишга арзимайдиган бир нималар деб ўйлаши ҳам турган гап. Лекин, уларда, чиндан ҳам, ўлиш ва куйишга эҳтиёж йўқ; қолаверса, соф бир севгидан ҳаётий қувват олаётган икки инсоннинг умумий турмуши ялтироқ рангларсиз кўрсатиб берилган. Балки, "севимли гугурт" жумласидаги самимиятни кенгроқ ифода этиб беришга сўз бойлигим ва ўз самимиятим етмас, бироқ сатрларни ўқир эканман, ундаги оддийлик, кўпчиликка ёт бўлган муҳаббатни ҳис қиламан ва ушбу воқеалар ер юзида рўй бераётганидан қалбимда ўзгача бир қониқиш ҳосил бўлади.

Мақолани якунлар эканман, яна анча гаплар қолиб кетаётганидан афсусланяпман. Бироқ, минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши деб, бежизга айтишмаган. Агар сизда қизиқиш уйғониб, филмни томоша қилсангиз, ундаги ажойиб суҳбатлар, доноларча айтилган фикрлар, Лоранинг, замонавийликка уйғун, шарқона гўзаллиги, истеъдоди ва яна бир қанча бошқа нарсаларни кашф этишингизга ишонаман. Хуллас, ушбу филмни кўришни сизга тавсия қиламан.

Рафиқ Сайдулло

@kinojurnal
РАЖ КАПУРДАН ИҚТИБОСЛАР:

Кино — қисматим


Болалигимдан санъат бағрида улғайдим ва бу менинг энг катта бахтим эди. Ҳеч қачон бошқа бир касб эгаси бўлиш ҳақида ўйламаганман. Отамнинг театр жамоасида кичик ролларни ижро этган кезларимдаёқ, катта образлар ҳақида ўйлардим ва энг муҳими, келажакка ишонч билан қарар эдим. Санъат — биринчи муҳаббатим Кино эса — қисматимга айланди.

Ижод завқи

Кўнглингда қандайдир орзу улғаяётганини ҳис этишнинг ўзи бир олам завқ бағишпайди. Агар у сени бир лаҳза тинч қўймаса, билгинки, шу сенинг тақдирингга битилган ОРЗУдир. Ундан кечиш ҳақида эмас, балки эришиш ҳақида ўйлаш керак. Биласизми, мен фақат ва фақат меҳнат билан шуҳрат топдим. Ҳатто ҳаётимдаги омадсизликлар бартараф этиш учун ҳам тинимсиз меҳнат қилганман ва бундан асло пушаймон эмасман.

Менинг оилам

Қурбонликларсиз бирор ютуққа эришган одамни билмайман. Нимагадир эгалик қилиш учун нималардандир воз кечиш — бу табиатнинг ўзгармас қонуни. Баъзан ишим, деб (йўқ, баъзан эмас кўп ҳолларда) оиламга етарлича вақт ажрата олмадим. Аммо ҳеч қачон оилам, фарзандларим олдидаги бурчларимни унутмаганман. Ҳамиша эркак сифатида ўз ўрнимни мустаҳкамлаш учун ҳаракат қиддим. Аслида, санъаткорнинг оиласи бўлмайди, деган гапларда жон бор. Чунки ижод учун сиз юрагингизни беришингиэ керак. Қалб ҳарорати эса оила учун ҳам ниҳоятда зарур…

Умрим давомида юрагимни бўлиб яшадим. Лекин ортга қарасам, ўша бўлинган юракларнинг парчалари миллионлаб одамлар қалбига ёруғлик олиб кирганини ҳис этаман ва бунинг учун ўзимни жуда бахтли одам, деб биламан…

Наргис…

У билан 1947 йилда иш юзасидан учрашдик. Наргис «Олов» деб номланган илқ режиссёрлик ишимда бош қаҳрамон тимсолини талқин қилди. Тан олишим керакки, «Олов» чин маънода ҳаётимга оташ олиб кирди. Шундан сўнг Наргис билан 16 та фильмда бирга ишладик. Унинг маъюс кўзлари, гўзал қалби ва меҳри мени мафтун этган эди…

Бизнинг муҳаббатимиз ҳақида жуда кўп гапиришди. Ҳозир буларни таҳлил килмоқчи эмасман. Энг муҳими, у менинг энг яхши фильмларипада энг ажойиб образларни ижро этди. Ва бизнинг муҳаббатимиз тилларга тушди… Экранда бўлса-да, у билан «яшадим»

Севги

Бу туйғусиз ҳаётни тасаввур этиш мушкул. Мен мовий кўзларим билангина кино мухлисларининг меҳрини қозона олмасдим. Ғалабаларим сири — севги. Мен кинони севдим, уни қалбимга жойладим…
Ҳаётимда муҳаббатга жуда катта ўрин бердим. Ишқий муносабатларим ҳақида гапириш, балки ким учундир ёқимлидир. Бугун бир ҳақиқатни айтаман, Кришна — фарзандларим онаси, Наргис эса — фильмларимнинг! Иккиси ҳам муҳаббатим, қалбим соҳибалари!

«Сангам»

1964 йил! Илк бор рангли картинам суратга олинди — «Сангам»! У менинг янги муҳаббат қиссам эди. Наргис Сунил Даттга турмушга чиққач, ундан буткул воз кечишим кераклигини англадим. Энди одамлар бизнинг экрандаги севгимизга ишонмай кўйишини юрақдан ҳис қилардим…

«Сангам» учун Вижантималани танладим ва адашмадим! Қирқ ёшимда ўн саккиз яшар Сундарга айландим.
Тасаввур қилаяпсизми, мен ёшлигимни қайта бошдан кечирдим. Бу фильмнинг муваффақиятини таъминлагани, шубҳасиз. Наргис билан боғлиқ эътирозларга келсак… У ҳамиша фильмларимнинг ЮРАГИ сифатида менга ҳамроҳ эди…

…Эртага

— Биласизми, эртага нима бўлади, деб ўйлашдан ҳеч қачон қўрқмаганман. Ҳатто картиналарим кетма-кет
омадсизликка юз тутганида ҳам. Ҳозир эса бугун ҳақида ўйлаяпман… Одам юрагида ялт этган орзунинг залворини ҳис эта олса бас, ҳаммасини яхши бўлади. Умрим давомида кўплаб юртларда бўлдим, ҳамма ерда мени худди ўз ватандошлари каби севишди, ардоқлашди… бундан фақат бахтиёрман. Аммо булар ўз-ўзидан совға қилинмади, мен бу ҳаётга эришдим! Меҳнатим ва муҳаббатим билан эришдим! Мени севгани, ардоқлагани учун одамларга раҳмат айтаман… менинг фильмларимни томоша қилиш учун фурсат топганлари учун… ва фарзандларимни ҳам худди мен каби қабул қилаётганликлари учун раҳмат айтаман…

Менимча, актёрнинг бахти шундаки, биз бугун ҳам буюк Раж Капурнинг ижодидан завқланамиз. Унинг фильмлари замонлар оша яшади, яшамоқда. Бунинг боиси битта: улкан санъаткорнинг катта, жуда катта юраги бор эди!

@kinojurnal
Раж Капур
РАЖ КАПУР ҲАҚИДА 10 МАЪЛУМОТ

1. Ранбир (Раж) Капур 1924 йилнинг 14 декабрида Покистоннинг Пешавор шаҳрида таваллуд топган ( У пайтда Ҳиндистон билан Покистон ягона давлат эди).

2. Отаси театр раҳбари ва актёр бўлган.

3. Ранбир дастлаб «Бомбей токиз» киностудиясида режиссёр ёрдамчиси ва отасининг «Притхвитиерс» номли театрида декорация рассоми асиссенти ва актёр бўлиб ишлади.

4. Аслида унинг театрдаги фаолияти 5 ёшида «Қўғирчоқ арава» спектаклида бошланган.

5. Филмлардаги дебютини эса 11 ёшида «Инқилоб» филмидаги бола роли орқали амалга оширган.

6. У режиссёр бўлишни орзу қилса ҳам, ижодий фаолияти давомида 75 та филмларда турли ролларни ижро этган.

7. 24 ёшида орзусига етиб, «Раж Капур филмс» киностудиясини очди.

8. У қисқа вақт ичида 18 та филм суратга олди.

9. Раж Капур суратга олган филмларнинг аксарият сценарИЙларини Хўжа Аҳмад Аббос, В.П.Сатхе, Жайнендра Жайн, Индер Раж, Ананд ёзар, Радҳу кармагар суратга олар, шоирлар Шайлендра, Ҳазрат Жайпури ва Ананд Бакши сўзларига Жанкишан Даябхай Панкал, Лакшмиман, Пярерал ва Шанкарсинх Рагуванши куй басталар, Раж Капур қаҳрамонларининг дилтортар қўшиқларини эса Прабодх Чандра Манна Де, Муҳаммад Рафи ва Чанд Матҳур Мукеш ижро этишса, овозларни Оловуддин тасмага муҳрлар эди.

10. Раж Капур 1988 йилнинг 2 июнида 63 ёшида астма хасталигидан вафот этган.

Раж Капурнинг машҳур филмлари

«Олов» (1948)
«Ёмғир мавсуми» (1949)
«Дайди» (1951)
«Пойафзал тозаловчи» (1955)
«Тун оғушида» (1956)
«Жаноб 420» (1955)
«Тўрт кўл» (1959)
«Ганг дарёсидан оққан мамлакат» (1960)
«Сангам» (1966)
«Менинг исмим масхарабоз» (1971)
«Бобби» (1973)
«Ҳақиқат — муқаддаслик ва гўзаллик» (1978)

@kinojurnal
Раж Капур ва Наргиз
Учта тарихий фильм ишланмоқда

Айни кунларда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан Қўқонда тарихий мавзуда бир йўла учта бадиий фильм суратга олинмоқда.

“Дилшоҳ медиа” киностудияси раҳбари, продюссер Маҳмуд Эркабоев ва режиссёр Дилмурод Масаидов томонидан суратга олинаётган “Қўқон шамоли” номли тарихий фильмнинг сценарийси 2018 йилнинг июль ойида “Ўзбеккино” Бадиий кенгашидан ўтган. Дастлабки тайёргарлик ишлари бир неча ой давом этди. Фильмда Қўқон хонлигининг ХVIII аср охири — ХIХ аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий ҳамда адабий муҳити, ўша давр чигалликлари, Алишер Навоий яратган Ҳирот адабий муҳитидан кейинги ҳодиса сифатида эътироф топган Қўқон адабий муҳити ва унинг асосчиси — Амирий тахаллуси билан ижод қилган Амир Умархон (1787-1822) ҳамда унинг шоира аёли — Нодира тахаллуси билан ижод қилган Моҳларойим (1792-1842)нинг ҳаёти ва фаолияти ёритилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, фильмдаги Нодирабегим роли учун элликдан ортиқ, Амир Умархон роли учун ўттиздан ортиқ, Амир Олимхон роли учун эса ўттизга яқин актёр ва актрисалар синовдан ўтди. Фотосинов жараёнларида Нодирабегим роли учун элликдан ортиқ номзод қатнашди. Узоқ давом этган фото ҳамда видео синовлардан сўнг Нодирабегим ролига ёш актриса Райҳон Асатова, Амир Умархон ролига актёр Илҳом Бердиев, Олимхон ролига эса актёр Бобур Йўлдошев тасдиқланди.

Фильмнинг сценарийси Қўқон давлат педагогика институтининг филология факультети кафедра мудири Зебохон Қобилова қаламига мансуб. Фильмда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Шоҳида Исмоилова, Гулбаҳор ЙЎлдошева, Ҳошим Арслонов, Фурқат Байдиев ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммад Рафиқов ва бошқа актёрлар иштирок этмоқда.

Яна бир тарихий фильм ноёб истеъдод эгаси, кўплаб Шарқ ва ўарб тилларининг билимдони, ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида Ватан тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган Исҳоқхон Ибрат ҳақида. Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, Ватан ва халқ истиқлоли учун жонини фидо қилган улуғ бобомиз Исҳоқхон Ибрат шоир, таржимон, тарихчи ва тилшунос олим, шариат ва дин пешвоси, 20 йилдан ортиқ халқ қозиси лавозимида фаолият кўрсатган жамоат арбоби бўлган.

Таниқли режиссёр, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Жаҳонгир Қосимов томонидан суратга олинаётган “Исҳоқхон Ибрат” бадиий фильмида шу буюк зотнинг машаққатли ва воқеаларга бой фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Режиссёрлар Жаҳонгир Қосимов, Аҳмаджон Ўнарбоев, постановкачи оператор Рустам Муродов фильмни суратга олиш ишларини Қўқонда олиб боришмоқда. Асосий ролларни Фарҳод Маҳмудов, Ирода Қосимова, Матёқуб Матчонов, Михаил Каминский, Жўрабек Орзиев, Сейдулла Молдаханов, Итало Спинелли, Абдураим Абдуваҳобов, Тоҳир Саидов, Фурқат Файзиев, Баҳром Матчонов, Акбархўжа Расулов, Шаҳзода Матчонова каби кўплаб таниқли актёр ва актрисалар ижро этмоқда.

“Муҳаббат баҳори” бадиий фильмида икки улуғ ижодкор – Зулфия ва Ҳамид Олимжоннинг соф муҳаббати, ҳаёт йўллари, ижоди, айрилиқ, вафо, садоқат туйғулари ифода этилади.

Фильм сценарийси муаллифлари — Зулфия Қуролбой қизи ва Микойил Сулаймонов. Айни кунларда постановкачи режиссёр Иброҳим Расулов, операторлар Равшан Асқаров, Темур Абдуллаев томонидан фильмни суратга олиш ишлари олиб борилмоқда. Фильм воқеалари Қўқон, Жиззах, Тошкент вилояти ва Қримда бўлиб ўтади. Картинада шоир Ҳамид Олимжон ролини Ҳамза Ҳасанов, шоира Зулфия ролини Шаҳноза Ҳожимуродова ва София Турсунбоева (ёшлиги) ижро этишмоқда. “Муҳаббат баҳори” бадиий фильмида Меҳриддин Раҳматов, Абдураим Абдуваҳобов, Шафоат Раҳматуллаева, Отабек Ҳақбердиев, Фарғона ва Қўқон театри актёрларини турли ролларда кўришимиз мумкин. Ушбу картинани куз ойларида якунига етказиш режалаштирилган.

Барно УНГБОЕВА,

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот котиби, киношунос

@kinojurnal
СУПЕРЮЛДУЗНИНГ ҲАЛОКАТИ

Машҳур актёр Талъат Нигматуллиннинг фожиали қисмати

Талъат Нигматуллин... Унинг иштирокидаги фильмларни томошабинлар албатта кўришга ошиқишарди. Сабаби, Нигматуллин кинога ўша давр учун янги қиёфа олиб кирди. Чапдаст, абжир бу йигитнинг қоплондек чаққон ҳаракатлари ҳеч қайси мухлисни бефарқ қолдирмаган. Афсуски, актёрнинг умри қисқа бўлди. У ўзи ишонган ваҳший одамлар томонидан шафқатсизларча ўлдирилди. Нигматуллин иштирокидаги машҳур фильмлар “ХХ аср қароқчилари”, “Том Сойер ва Гекльберри Финн саргузаштлари” ва “Бўри ўраси” бўлиб қолди...
Болаликдаги кўз ёшлар
Талъат Қодирович Нигматуллин 1949 йилнинг 5 мартида Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятининг Қизил Қия шаҳрида ўзбек-татар оиласида туғилган. Айрим манбаларга кўра, унинг Ўзбекистонда таваллуд топгани ва бир ёшга етар-етмас оиланинг Қизил Қияга кўчиб ўтгани қайд этилган. Ўзининг кўплаб интервьюларида ҳам Талъат Тошкентда туғилганини айтган.
Бўлажак актёрнинг болалиги оғир кечди. Шахтёр отаси Талъат икки ёш тўлмай туриб фожиали тарзда ҳалок бўлди. Оила қийин аҳволда қолди. Кейинчалик Талъат ўсмирлик давридан пул ишлаб топишга киришди: шакар заводи, пойафзал устахонасида хизмат қилди. Унинг онаси мактаб директори бўлса-да, оила ниҳоятда муҳтож яшар эди. Икки болани ўстиришга қийналган она Талъатни болалар уйига топширишга мажбур бўлди.
Талъат одамови, дамдуз бўлиб вояга етди. Унинг соғлиги яхши эмас, болалигида ширзада (рахит) билан оғриган эди. Тенгдошлари билан ўйин кўпинча Талъатнинг кўз ёшлари, кўзи кўкариши, гоҳида эса жиддий жароҳатлар олиши билан якун топарди. Бир куни кашшофлар оромгоҳида ҳамқур қиз оёғи қийшиқ бу ўсмир билан рақс тушишдан бош тортди. Бундан қаттиқ ранжиган Талъат кўз ёшларини ҳеч ким кўрсатмаслик учун олис чўлга қараб югурди. Ана ўшанда у танасини чиниқтиришга қасам ичди.
Талъатнинг бал рақслари, енгил атлетика, кейинчалик каратэ машғулотлари бошланди. Одамови ўсмир фақат китоблар мутолаасидан таскин топарди. Орадан маълум вақт ўтгач, у шу қадар бийрон ва адабий тилда гаплашадиган бўлдики, яқинлари ёқа ушлаб қолдилар. Тилни пухта ўрганишга аҳд қилган Талъат “Уруш ва тинчлик” романининг икки томини қўлда кўчириб чиққан эди!
Энг катта орзуси кинорежиссёр бўлган Талъат мактабни тугатгач, ВГИКка кириш учун Москвага йўл олди, аммо ўқишдан йиқилди. Биринчи омадсизликдан сўнг Москвадан кетишни истамади, цирк ва эстрада санъати билим юртига ҳужжатларини топширди. Уни қабул қилдилар. Бу даргоҳда таҳсил олиш чоғида Талъат спортнинг кураш тури билан жиддий шуғулланди. У ўша пайтдаёқ кўркам қиёфа ва ноёб истеъдодга эга эди. “Мосфильм”дагилар ёш йигитчага эътибор қаратишди. Талъат Нигматуллин “Комиссар ҳақида баллада” фильмига таклиф қилинди.
“Бу биринчи роль унинг кейинги фаолият йўналишини белгилаб берди. Талъат ялтироқ қўлқопли ёш аблаҳ образини шу қадар маҳорат билан ижро этдики, келгусида разил қаҳрамонлар тимсоли унга ёпишди-қолди. Ваҳоланки, Нигматуллин бутун умр бошқа ролларни орзу қилган эди” (Алишер Ҳамдамов интервьюсидан).
ВГИКда Нигматуллин бўлажак юлдузлар Николай Еременко (кичиги), Вадим Спиридонов, тўрт нафар Наталья — Белохвостикова, Гвоздикова, Ўринбосарова ва Бондарчук билан бирга ўқиди.
Оилали, аммо... тайёр эмас!

1971 йили олий ўқув юртини тугатган Талъат Тошкентга келди ва “Ўзбекфильм”да актёр бўлиб ишлай бошлади. Унинг иштирокида “Еттинчи ўқ” (1972), “Учрашув ва видолашувлар” (1973), “Сиёвуш ҳақида достон” (1976) фильмлари суратга олинди.
Нигматуллин ижодининг бошқа қирраси оммага унча маълум эмас — у ҳикоялар ва шеърлар ёзган. Бўш вақтини ҳамиша уйда ўтказар ва ёзарди. Тошкентда Нигматуллиннинг бир нечта ҳикоялари босиб чиқарилган, ҳатто насрдаги илк китоби чоп этишга тайёрланаётган эди. Кинодраматург Одилшоҳ Агишев унинг ёзганларини ўқиб, сценарийнавис ва режиссёрлар олий курсига ўқишга киришини маслаҳат берди. 1978 йили Нигматуллин мазкур курсларни муваффақиятли тугатди.
Агар Талъатнинг дастлабки роллари кичик ва кўзга ташланмаган бўлса, истеъдоди ва Николай Еременко билан дўстлиги туфайли эсда қоларли қаҳрамонлар ҳам ишониб топширилди. Улардан бири “ХХ аср қароқчилари”даги разил Солиҳ образи ҳисобланади. Талъат ва Николай Еременкони режиссёр Борис Дуров фильмга таклиф қилди. Актёрлар ролга шунчалик киришиб кетдиларки, дублёр ва каскадёрларнинг ёрдамини рад этишди. Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси ўзини оқлади. Фильмни кўриш учун томошабинлар турнақатор бўлиб навбатда туришарди.

Шахсий ҳаётига келсак, таҳсил чоғида Талъат ёш талаба қиз Ирина Шевчук билан танишди. “Бизнинг муҳаббатимиз икки йил давом этди, — дейди Ирина Шевчук. — Кейин гоҳ учрашиб, гоҳ аразлашиб юрдик. У мендан тажрибали, мен эса анча кичик эдим. Менда ҳаммаси орзуларимда, китобларда эди. Институтни битиргунча муносабатларимизга узил-кесил нуқта қўйдик. Бу мен учун оғир бўлди”.
ВГИКни тамомлаб Тошкентга қайтган Талъат бир вақтлар “Ялла” гуруҳи таркибида бўлган хонанда Лариса Кандаловага уйланди. У Нигматуллин билан умумий танишларининг уйида танишган эди. Ўшанда Талъат “Еттинчи ўқ” фильмида суратга тушаётганди. Қизни йигитнинг жонкуярлиги ўзига тортди: Ларисанинг москвалик дугонаси оғир вазиятга тушган, сабаби Тошкентда онаси бетобланиб, икки итини қолдириш учун одам йўқ эди. Талъат аёлни шифохонадан чиқаришга ёрдам берди, Лариса имтиҳонларни топшираётганида эса кучуклардан бирини олиб боқиб турди.
Кўп ўтмай уларнинг оиласида қизалоқ Урсула туғилди. “Мени Талъатнинг жонкуярлиги, дўст бўлиш қобилияти ўзига жалб қилган эди. Биз биргаликда бир йил яшадик, холос. Талъат оилапарвар бўла олмади. Мен унинг бошқа аёлларга хушторлигини хиёнат деб қабул қилдим. Охир оқибат болам билан уйдан чиқиб кетдим. Ўша пайтда Талъат оилавий ҳаётга мутлақо тайёр эмас эди” (Лариса Кандалова сўзлари).
Муҳаббат ва... Брюс Ли

Ўн саккиз яшар рақибаси Ҳалима Ҳасанова ҳақида Лариса ҳали ҳомиладорлик пайтида билган. Талъатнинг ўлимидан сўнг интервьюларидан бирида Лариса Кандалова Ҳалима ҳақида шундай деди:
“Бу қиз эримга хиппа ёпишиб олганди. У уйимизга келиб турар, Талъатнинг онаси эшикни очар, Ҳалиманинг почтачи ёки қўшни аёл эканлигини айтиб мени алдарди. Ўша йиллари менга етказган азиятлари эвазига Ҳалима бу сўзларим учун кечирсин. У Талъатни жудаям севар, фақат Талъат учун яшар, назаримда, моддий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлар – қурилишда ишлар эди. Ҳалима мулойим ва донишманд аёл, бироқ унинг ҳам йўли Талъат билан айро тушди”.
Ҳалима Нигматуллиннинг иккинчи хотинига айланди. У эрининг мураккаб феълига чидаши мумкин эди. Биргаликда давом етти йиллик турмуш Нигматуллин ҳаётидаги энг узоқ муносабат ҳисобланади. 1980 йилнинг 21 октябрида оила Саид дунёга келди.
“Мен Талъатни жудаям севардим, — деган Ҳалима Ҳасанова. — Саид туғилганида у хотини ярим йилдан сўнг туғадиган эркакдан кажава сотиб олди. Талъат нафақат пул билан ёрдам берди, балки харидни нишонлаш учун бу тасодифий одамни ресторанга таклиф ҳам қилди. Унинг ўзига хослиги ҳам ана шунда эди — очиқ, хайрихоҳ ва яхши улфат. Талъатнинг ҳеч қандай душмани йўқ эди”.
Режиссёр Мелис Убукеевнинг фильмида бош ролни ўйнаган Нигматуллиннинг кино майдонидаги шериги Венера Иброҳимова бўлди. Айнан у Талъатнинг сўнгги муҳаббати ҳисобланади. Венера навбатдаги фильмда суратга тушаётганида Нигматуллин гул тўлдирилган эски “Москвич”да келди ва севгилисини ФҲДЁга олиб кетди. Ўшанда Венера 19, Талъат 33 ёшда бўлган.
Бу ҳар томонлама актёрлар оиласи эди. Эр-хотин суратга олишдан бўш вақтларда кўришишар, камтарона, аммо бахтли яшардилар.
Талъат рафиқасининг исми Линда бўлган Брюс Ли ижоди олдида таъзим қилган. Венера эса юлдузли жуфтлик — Пол ва Линда Маккартниларнинг фанати эди (Брюс Ли рафиқасининг исми ҳам Линда). 1983 йилнинг 14 майида қизалоқ туғилганида ўзаро келишиб исмини Линда деб қўйишди.
Венера Талъатдан ҳар жиҳатдан ортда қолмасликка ҳаракат қиларди. У ҳам каратэ билан шуғулланди. Қора белбоғ олди ва спорт усталигига сазовор бўлди.
Секта балоси – фоижа сари!

1980 йил бошида Талъат Нигматуллин бир сектага аъзо бўлди. Ушбу мазҳабнинг раҳнамолари асли келиб чиқиши Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳридан ҳисобланган Абай Бўрибоев ва нукуслик “халқ табиби”, экстрасенс Мирза Қимматбоев эдилар. Секта таркиби журналистлар, ёзувчилар, рассомлардан иборат эди. Мазкур мазҳабдагилар дзен-буддизм ва эзотерика уйғунлашувидан таркиб топган “Тўртинчи йўл”га эътиқод қилишарди. Ўзига тўқ секта аъзолари “руҳий акалари”дан нима излашгани уларнинг яқинлари учун жумбоқ бўлиб қолган. Афтидан Талъатнинг “ўрганилмаган дунё”га интилиши уни Бўрибоев сектасига етаклаб келган.
1981 йили Талъат илк режиссёрлик иши — “Акс-садо” номли ўн дақиқалик ҳужжатли фильми учун пул топди ҳамда Мирза ва Абайни суратга олди. Аммо фильмга дўстлари ва раҳбарият томонидан яхши фикр билдирилмади.
Лариса Кандалованинг ҳисоблашича, агар у Талъатнинг ёнида бўлганида бу “исқиртлар”га актёрни асло йўлатмасди: “Сектага гиёвандлик аралашган деб ўйлайман, чунки улар ичкиликбозлик қилиш билан чекланмаган. Бирга яшаганимизда Талъатда ҳеч қачон наркотикларни кўрмаганман. Тўғри, у ичарди, аммо бошқа артистлар ҳам бу гуноҳни қилишган”.
Ҳалима Ҳасанова қайдлари: “Биз ажрашгач, мен айрилиқдан узоқ вақт азият чекдим. Уни ишончсиз қўлларга топширганим ҳақидаги ҳиссиёт шууримни сира тарк этмади. Талъат нима учун бу мазҳабга ўралашиб қолган, сира тушунмайман. Билганим: бу фирибгарлар фотосуратимни кўришгач, мен билан ажрашиши кераклигини айтиб Талъатни кўндиришга уринишган. Мен ҳаётини издан чиқармаслиги учун яхшилаб ўйлаб кўришини унга айтдим, бироқ ҳаракатларим зое кетди. Сектадагиларни эса бир марта кўрдим, холос. Улар ўта қашшоқ, заифлиги билан мени ҳайрон қолдиришди. Талъат эса худди офтоб мисоли ажралиб турарди”.
1985 йил февраль ойи бошларида Мирза ва Абай “мактаби”да ихтилоф юз берди: вильнюслик бир нечта ўқувчи секта билан алоқасини узишга қарор қилишган эди. Вазиятни ўрганиш учун ўша жойга Абайнинг ўзи йўл олди. Кейин эса итоат этмаганларнинг “ақлини киритиб қўйиш” мақсадида Нигматуллинни чақирди. Суратга тушиш учун Кишинёвга бориши керак бўлган Нигматуллин Вилньюсга қўниб ўтишга қарор қилди. Абай билан учрашганларида у актёрга савол берди: “Менга қарши чиқаётган одамлар бор. Ёрдам беришни хоҳлайсанми?” Талъат рози бўлди. Устозининг ҳақлигига мутлақо ишонган Нигматуллин сектанинг норози аъзолари билан муносабатларга ойдинлик киритиш учун тегишли манзилга йўл олишди.
Машъум кеча

Абай шогирдларининг садоқатига ишонч ҳосил қилиш учун камситадиган синов усулларини қўллаган. Масалан, бир зиёфатда Абай барчанинг кўз ўнгида стаканга тупурди ва Талъатга уни ичишни буюрди. Нигматуллин буйруқни бажарди. Шарқ бозорида эса Абай актёрга тиланчилик қилишни амр этди. Нигматуллин бу буйруққа ҳам итоат этди. Абай умумий иш учун пул кераклигини айтганида уч боланинг отаси бўлган ва яхши пул топадиган Талъат ўзидаги бор самрмоясини қўшқўллаб топширди.
Суд ҳужжатларига кўра, танишганларидан буён Нигматуллин Бўрибоевга икки минг рублдан кўп пул берган, ваҳоланки, ўшанда мамлакат миқёсида ўртача иш ҳақи 120 рубль эди. Яъни Талъат Абай билан нафақат фахрланган, балки унга тўла-тўкис итоат этган. Бироқ Абай ўзига бўйсунмаган шогирдларни кўрсатиб, “Мана бу муртадни ур!” деганида Нигматуллин кутилмаганда “Урмайман!” деди. Илк бор буйруқни бажармагани устозни ғазаблантириб юборди. “База”га қайтишгач, Талъатнинг Абайдан эшитгани шу бўлди: “Сен – сотқинсан!” “Сотқин эмасман”, – деди актёр. Шунда устоз амр қилди: “Уни дўппосланглар!” Бу ердагиларнинг барчаси Талъатга ташланди.
1985 йилнинг 10 дан 11 февралга ўтар кечаси Вильнюс марказидаги рассом А.Калинаускаснинг уйида беш нафар “табиб” актёрни шафқатсизларча калтаклашди. Бу ҳолат токи Талъатнинг ички аъзолари тамоман ишдан чиққунча давом этди. Фёдор Раззоқовнинг китобида ёзилишича, ур-калтакда бевосита москвалик каратэ устаси В.Пестрецов ҳам қатнашган.
Маълум вақтдан сўнг секта раҳбари калтаклашни тўхтатишни буюрди ва сўзларини такрорлади: “Сен – сотқинсан!” Талъат жавоб берди: “Йўқ!” Жисмоний жазо давом эттирилди. Актёр зиғирча қаршилик кўрсатмади, ўзини ҳимоя қилишга ҳам уринмади. Ваҳоланки, каратэ усулларини пухта билган, қора белбоғ соҳиби бўлган Нигматуллин қурол-аслаҳасиз одамларни ҳар томонга учириб юбориши мумкин эди. Бироқ у бундай қилмади, устозининг кўзларига унсиз тикилди. Синчков нигоҳга дош беролмаган Абай шундоқ ҳам дабдаласи чиққан Талъатга сўнгги бешта зарба берди ва ўлим юз берди.
Нигматуллин устози ноҳақлигига амин бўла туриб, нега ўзига берилган зарбаларга қаршилик кўрсатмаган? Бунинг сабаби воқеалар жуда тез рўй берганида бўлса керак. Бир соат ичида ўзи салкам сиғинган устозининг аблаҳ одамга айлангани Талъат учун оғир фожиа эди. Кўзлари кеч очилган шогирднинг барчасини англаб етиши учун вақт етишмасди. Агар унинг мулоҳаза учун икки соат фурсати бўлганида ҳам ўлмай қолиши мумкин эди.
Дарҳақиқат, бундай руҳий зарбадан сўнг одам дарҳол ўзини ўнглай олмайди. Баъзида йиллар керак бўлади. Суд ҳужжатларида ёзилишича, калтаклаш саккиз соат давом этган. Нималар рўй бераётганини англаганида Талъатнинг қаршилик кўрсатишга кучи ҳам қолмаган эди.
Унинг жасади ювиниш хонасидан топилди. Марҳум танасида 119 та жароҳат бўлиб, 22 таси бош қисмида эди. Мурда шу қадар абгор аҳволда бўлганки, Венера уни кремация қилишга қарор қилди ва бу жараён Каунасда ўтказилди. Талъатнинг хоки Тошкентдаги “Чилонзор ота” қабристонида дафн этилди.
Абай Бўрибоев ва Мирза Қимматбоев суд томонидан 14 ва 10 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинди. Бошқа жиноятчиларга нисбатан қисқа муддатли жазолар тайинланди. Архивдаги расмий маълумотларга кўра, Абай Бўрибоев жазони ўтиш чоғида сил касаллиги туфайли вафот этган, аммо “Талъат Нигматуллин: суперюлдузнинг ҳалокати” фильмида айтилишича, Бўрибоев қамоқда ўлдирилган. Мирза Қимматбоев эса жазони тўлиқ ўтади, озодликка чиқди, яна “табиблик” билан шуғулланиб, 2006 йили жигар циррози билан ҳаётдан кўз юмди...
Машҳур актёр Талъат Нигматуллин ўлганида 36 ёшга тўлишига уч ой қолган эди.

Анвар Намозов
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Ҳақиқий кино мухлислари учун – Ингмар Бергман фильми.
Саҳна орти. Режиссёрнинг саҳнадан ташқари ҳаёти. Ва яна саҳна...
27-июнь, соат 22:00 да.
“Маданият ва маърифат” телеканалида.
Катрина Каиф мураккаб ролларда ўзини синаб кўришдан қўрқмаслигини исботловчи 3 фильм

Катрина Каиф Болливудда 15 йилдан бери фаолият юритади. Бироқ унинг ҳамма роллари бир-бирига ўхшашлиги эътироф этилади.

2018 йилда «Ноль» фильмида ижро этган Бабита Кумар образи актрисага барча шаблонлардан чиқиб, ўзига хос ижро услубини кўрсатиш имконини яратди. Фильм кассабоп бўлмаса-да, ушбу роли учун актриса кўплаб мақтовлар эшитди.

Қуйидаги учта фильм эса унинг мураккаб образларда ўзини синаб кўришдан қўрқмаслигини исботлайди.

«Бҳарат»

Бу Катрина фильмографиясида биринчи тарихий драма. Дастлаб, Приянка Чопрага бу рол таклиф қилинган, аммо Приянка лойиҳани тарк этгандан сўнг, у Катринага тегди.

«Суряванши»

Катрина Каиф тўққиз йиллик танаффусдан сўнг яна Акшай Кумар билан ҳамкорлик қилади. Ушбу фильм полициячи Роҳит Шетти ҳақидаги фильмнинг давоми бўлиб, фильмда Катрина Акшайнинг севгилисини гавдалантиради.

Спортчи Пҳогат Гита ҳақидаги биографик фильм

Катрина карьерасидаги илк биографик фильм спортчи Пҳогат Гита Уше ҳақида бўлади. Пҳогат 1984 йилги ёзги Олимпия ўйинларида Кристина Кожукаридан бир неча сонияга ортда қолиб, тўртинчи ўринни эгаллаган. Агар Карина ушбу ролга тасдиқланса, бу рол унинг фаолиятидаги энг мураккаб образлардан бири бўлади.

@kinojurnal
Катрина Каиф
Катрина Каиф
"Бриллиант қўл" фильмидан кадр. Станислав Чекан ва Юрий Никулин