JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.78K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
311-модда. Ҳуқуқларни даъво тартибида тиклаш

Шахснинг меҳнат қилиш, пенсия олиш ва уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқларини тиклаш, шунингдек мол-мулкни қайтариш ёки унинг қийматини тўлаш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилмаган бўлса ёхуд шахс қабул қилинган қарорга рози бўлмаса, у тегишли талаб билан даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
312-модда. Талаб қилиш муддати

Мулкий зиённи қоплаш учун пул товони тўлашни реабилитация этилган шахс ёки ушбу Кодекс 304-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар бундай тўловларни амалга ошириш ҳақидаги ажрим ёки қарорни олган пайтдан эътиборан икки йил мобайнида талаб қилишлари мумкин.

Бошқа ҳуқуқларни тиклашни реабилитация этилган шахс ҳуқуқларини тиклаш тартибини тушунтирувчи билдириш хати олган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида талаб қилиши мумкин. Узрли сабабларга кўра бу муддат ўтказиб юборилган ҳолларда у манфаатдор шахснинг аризасига биноан суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан тикланиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
313-модда. Реабилитация этилган ҳарбий хизматчиларнинг мулкий ва бошқа ҳуқуқларини тиклаш

Реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хизматга оид, пенсия олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини тиклаш ва уларга етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш, маънавий зиён оқибатларини бартараф этиш ушбу бобда белгиланган қоидаларга мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, мудофаа вазири, ички ишлар вазири, Давлат хавфсизлик хизмати раиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раиси ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўмондони томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
САККИЗИНЧИ БЎЛИМ

ПРОЦЕССУАЛ МУДДАТЛАР ВА ЧИҚИМЛАР

39-боб. ПРОЦЕССУАЛ МУДДАТЛАР
314-модда. Муддатларни ҳисоблаш

Ушбу Кодексда белгиланган муддатлар, шунингдек қонунда назарда тутилган ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан тайинланган муддатлар соатлар, суткалар ва ойлар билан ҳисобланади. Муддатларни ҳисоблашда муддатнинг ўтиши бошланган соат, сутка ҳисобга олинмайди, аммо бу қоида ушлаб туриш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғида ва тиббий муассасада бўлиш муддатларини ҳисоблашга тааллуқли эмас.

Муддатни ҳисоблашда ишдан ҳоли вақт ҳам эътиборга олинади. Муддатлар суткалар билан ҳисобланганда муддат охирги суткада соат 24-00 да тугайди. Тегишли ҳаракат судда, прокуратурада ёки бошқа давлат муассасасида бажарилиши лозим бўлса, муддат ушбу муассасаларда иш вақти тамом бўлиши билан тугайди.

Ойлар билан ҳисобланадиган муддат охирги ойнинг муддат бошланган кунига тўғри келган санасида тугайди, муддатнинг тугаши тегишли санаси бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг сўнгги суткасида тамом бўлади. Муддатнинг тугаши ишдан ҳоли кунга (дам олиш, байрам кунига) тўғри келса, муддат шундан кейинги биринчи иш кунида тугайди, ушлаб туриш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғида ва тиббий муассасада бўлиш муддатини ҳисоблаш ҳоллари бундан мустасно.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
315-модда. Процессуал мажбурлов чоралари қўлланганда муддатларни ҳисоблаш

Шахсни ушлаб туриш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи ва тиббий муассасага жойлаштиришда муддат ушбу чоралар амалда қўлланилган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Ушбу Кодекснинг 226, 245 ва 268-моддаларида кўрсатилган муддат ўтгач, шахс дарҳол озод қилиниши лозим.

Шикоят, илтимоснома ёки бошқа ҳужжат муддат тугагунга қадар уни қабул қилишга ваколатли шахсга топширилган ёхуд хабар қилинган бўлса, муддатга риоя этилган деб ҳисобланади. Шикоят, илтимоснома ёки бошқа ҳужжат муддат тугагунга қадар почтага топширилган бўлса, қамоқда сақланаётган ёхуд тиббий муассасадаги шахслар учун эса, дастлабки қамоқ ёки тиббий муассаса маъмуриятига топширилган бўлса, муддат ўтган деб ҳисобланмайди.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
316-модда. Муддатни узайтириш
Ушбу Кодексда белгиланган муддатлар унда назарда тутилган ҳоллардагина узайтирилиши мумкин.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан муайян ҳаракатни бажариш учун белгиланган муддат процесснинг манфаатдор иштирокчиси қилган илтимосга биноан муддатни белгилаган суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан узайтирилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
317-модда. Муддатни тиклаш

Узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддат иш юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан тикланиши лозим. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантириш ёки рад этиш хусусида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради. Муддатни тиклашнинг рад этилиши устидан умумий тартибда шикоят қилиниши ва протест билдирилиши мумкин.
Белгиланган муддат ўтказиб юборилгандан сўнг шикоят қилинганда ажрим ёки қарорнинг ижроси манфаатдор процесс иштирокчисининг илтимосига биноан, ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги масала ҳал қилингунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
40-боб. ПРОЦЕССУАЛ ЧИҚИМЛАР ВА УЛАРНИ ҚОПЛАШ

318-модда. Процессуал чиқимлар

Процессуал чиқимлар:
1) жабрланувчиларга ва уларнинг вакилларига, гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга, холисларга уларнинг процессуал ҳаракатлар ўтказиладиган жойга келиб кетиш, турар жойни ижарага олиш харажатларини қоплаш учун, шунингдек суткалик харажат пули тариқасида бериладиган суммадан;
2) доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчиларга ва уларнинг вакилларига, гувоҳларга, холисларга уларни одатдаги машғулотидан чалғитганлик учун тўланадиган суммадан;
3) экспертларга, таржимонларга, мутахассисларга улар суриштирув, дастлабки тергов ёки судда ўз вазифаларини бажарганлиги учун тўланадиган ҳақдан, ана шу вазифалар хизмат топшириғи тартибида бажарилган ҳоллар бундан мустасно;
4) ушбу Кодекснинг 50-моддасига мувофиқ судланувчи тўловдан озод қилинган тақдирда юридик ёрдам кўрсатганлик учун ҳимоячига тўланадиган ҳақдан;
5) ашёвий далилларни сақлаш ва жўнатиш билан боғлиқ харажатлар суммасидан;
6) экспертиза муассасаларида экспертиза ўтказиш учун сарфланган суммадан;
7) шахсларни ушлаш, мажбурий келтириш ва қидириш учун қилинган харажатлардан;
7-1) суриштирув, дастлабки тергов ёки суд мажлисини видеоконференцалоқадан фойдаланган ҳолда ўтказиш чоғида қилинган харажатлардан;
8) жиноят ишини юритишда қилинган бошқа харажатлардан иборат бўлади.

Ушбу модданинг 1, 2, 3, 4 ва 71-бандларида кўрсатилган суммалар суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажримига мувофиқ бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
319-модда. Ўртача иш ҳақининг сақланиши

Гувоҳ тариқасида, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари, эксперт, мутахассис, таржимон, холис, жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси тариқасида чақириладиган шахснинг суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга чақирилганлиги билан боғлиқ буткул вақт учун уларнинг иш жойида ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
320-модда. Процессуал чиқимларни ундириш

Процессуал чиқимлар, ушбу модданинг олтинчи, еттинчи ва саккизинчи қисмларида назарда тутилганидан ташқари ҳолларда, маҳкумлардан ундирилади ёки давлат ҳисобига ўтказилади.
Суд процессуал чиқимларни, таржимонга тўланган суммадан ташқари, маҳкумдан ундиришга ҳақли. Процессуал чиқимлар жазодан озод қилинган маҳкум, шунингдек жазо тайинланмаган маҳкум зиммасига юклатилиши мумкин.

Суд бир неча судланувчини айбли деб топган тақдирда, уларнинг ҳар биридан қанча миқдорда процессуал чиқимларни ундириш лозимлигини белгилайди. Бу ҳолда суд айбнинг оғир ёки енгиллигини, жиноят учун жавобгарлик даражаси ва маҳкумларнинг мулкий аҳволини инобатга олади.

Судланувчи оқланган ёки ушбу Кодекснинг 83-моддасига мувофиқ иш тугатилган тақдирда процессуал чиқимлар давлат ҳисобига ўтказилади. Судланувчи бир айблов бўйича оқланган, бошқа айблов бўйича эса айбли деб топилган бўлса, суд у айбли деб топилган айблов билан боғлиқ процессуал чиқимларни тўлашни унинг зиммасига юклайди.

Процессуал чиқимлар ундирилиши лозим бўлган шахснинг тўловга моддий имконияти бўлмаган тақдирда чиқимлар давлат ҳисобига ўтказилади. Маҳкумнинг процессуал чиқимни тўлаши унинг қарамоғида бўлганларнинг моддий аҳволига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, суд маҳкумни процессуал чиқимларнинг ҳаммасини ёхуд бир қисмини тўлашдан озод этишга ҳақлидир. Маҳкум ҳуқуқий ёрдам учун тўловдан озод этилган тақдирда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ процессуал чиқимлар, шунингдек таржимонга бериладиган пуллар давлат ҳисобидан тўланади.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга қонунда белгиланган тартибда чақирилган процесс иштирокчисининг узрсиз сабабларга кўра келмаслиги оқибатида ишнинг судда кўрилишини ёхуд тергов ҳаракатлари ўтказишни кечиктириш билан боғлиқ процессуал чиқимлар ана шу келмаган шахсдан ундирилади.

Моддий жавобгарлик: адвокат узрсиз сабабларга кўра келмагани учун тегишли адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига, жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси узрсиз сабабларга кўра келмагани учун тегишли жамоат бирлашмаси ёхуд жамоага юклатилиши мумкин.

Суд вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар юзасидан процессуал чиқимларни тўлашни вояга етмаганнинг хулқ-атвори устидан тегишли назорат йўқлигида айби бўлган тақдирда вояга етмаган маҳкумнинг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга юклаши мумкин.

Жабрланувчининг шикояти бўйича қўзғатилган иш юзасидан судланувчи оқланган тақдирда суд процессуал чиқимларни иш юритилишига сабаб бўлган шикоятни берган шахсдан тўлиқ ёки қисман ундиришга ҳақлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
МАХСУС ҚИСМ

ТЎҚҚИЗИНЧИ БЎЛИМ

ИШНИ СУДГА ҚАДАР ЮРИТИШ
40-1-боб. Ишни судга қадар юритишнинг умумий шартлари
320-1-модда. Ишни судга қадар юритишнинг шакллари

Ишни судга қадар юритиш жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар қабул қилинган пайтдан бошланади ҳамда терговга қадар текширувни ва жиноят ишини тергов қилишни ўз ичига олади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
320-2-модда. Терговга қадар текширув

Терговга қадар текширув жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни текшириш, уларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан қарор қабул қилишга доир тадбирларни, шунингдек иш учун аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган жиноят излари, нарсалар ва ҳужжатларни мустаҳкамлаш ва сақлашга доир чораларни ўз ичига олади.
Терговга қадар текширув мазкур Кодекснинг 391-моддасида кўрсатилган органлар томонидан ушбу Кодекснинг 41-бобида белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
Терговга қадар текширув суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан ҳам олиб борилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
320-3-модда. Жиноят ишини тергов қилиш

Жиноят ишини тергов қилиш суриштирув ёки дастлабки тергов шаклида амалга оширилади.

Дастлабки тергов ушбу Кодекснинг 345-моддаси иккинчи — еттинчи қисмларида назарда тутилган жиноят ишлари бўйича, шунингдек ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ўтказилади.

Суриштирув ушбу Кодекснинг 381-2-моддаси биринчи — учинчи қисмларида назарда тутилган жиноят ишлари бўйича ўтказилади.
Тергови суриштирув шаклида ўтказиладиган жиноят ишлари терговнинг ҳар томонлама, холисона ва тўла ўтказилишини таъминлаш мақсадида ушбу Кодекснинг 381-5-моддасига мувофиқ прокурорнинг асослантирилган қарорига кўра дастлабки тергов олиб бориш учун топширилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
321-модда. Жиноят ишини қўзғатиш мажбурияти

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси ўз ваколатлари доирасида жиноят содир этилганлиги тўғрисида сабаб ва етарли асослар мавжуд бўлган барча ҳолларда жиноят ишини қўзғатиши шарт.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
322-модда. Жиноят ишини қўзғатиш сабаблари ва асослари

Жиноят ишини қўзғатиш учун:
1) шахсларнинг аризалари;
2) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар берган хабарлар;
3) оммавий ахборот воситалари берган хабарлар;
4) жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи маълумотлар ва изларни суриштирувчи, терговчи, прокурор, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг бевосита ўзи аниқлаши;
5) айбини бўйнига олиш ҳақидаги арз сабаб бўлади.

Жиноят белгилари мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўлади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
323-модда. Жиноят ишини аноним хабарларга асосан қўзғатишга йўл қўйилмаслиги

Жиноят ҳақидаги имзосиз, қалбаки имзоли ёки уйдирма шахс номидан ёзилган хат, ариза ёки бошқа аноним хабарлар жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб бўла олмайди.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
324-модда. Шахсларнинг аризалари

Шахсларнинг жиноят тўғрисидаги аризалари ёзма ёки оғзаки бўлиши мумкин. Ёзма ариза арз қилувчи шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим.

Оғзаки ариза баённомада қайд этилади. Баённомада арз қилувчи, унинг яшаш ва ишлаш жойи, шунингдек шахсий ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим. Башарти арз қилувчи ҳужжат кўрсата олмаса, унинг шахси тўғрисидаги маълумотларни бошқа йўллар билан текшириш чораси кўрилиши керак.

Арз қилувчи жиноят тўғрисида била туриб ёлғон хабар берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилади ва бу хусусда баённомада қайд қилиниб, унинг имзоси билан тасдиқланади. Сўнгра баённомада жиноят содир этиш ҳолатлари хусусидаги маълумотлар арз қилувчи номидан, иложи борича сўзма-сўз акс эттирилади. Баённомани арз қилувчи ва аризани қабул қилган мансабдор шахс имзолайдилар.

Жиноят ишини қўзғатишга ушбу Кодекснинг 113-моддасида назарда тутилган айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз сабаб бўлса, била туриб ёлғон хабар берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилмаслигини мустасно этганда, унга шахсларнинг аризаларини қабул қилиш ва расмийлаштириш тўғрисидаги ушбу моддада назарда тутилган барча қоидалар тааллуқлидир.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz