JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.78K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
139-модда. Теварак-атроф ва биноларни кўздан кечириш

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ва суд теварак-атроф ва биноларни қуйидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда кўздан кечирадилар.

Фуқаронинг уйи ёки хизмат жойини кўздан кечириш зарурати бўлса, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи ёки терговчи бу ҳақда қарор, суд эса ажрим чиқаради. Турар жойи кўздан кечирилаётган шахс ёки тегишли корхона, муассаса, ташкилотнинг вакили чиқарилган қарор ёки ажрим билан таништирилиб, бу ҳақда имзо чектирилади.

Кўздан кечириш корхонада, муассасада, ташкилотда ўтказилса — маъмурият вакилининг, ҳарбий қисмда, штабда ва муассасада ўтказилса — қўмондонлик вакилининг, зарур ҳолларда эса, моддий жавобгар шахснинг қатнашиши шарт. Биноларни кўздан кечиришда ушбу Кодекснинг 160 ва 161-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя қилиниши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
140-модда. Нарса ва ҳужжатларни кўздан кечириш

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ва суд нарса ва ҳужжатларни улар топилган жойда, башарти кўздан кечириш кўп вақт ёки қўшимча техник воситалар талаб қилса, кейинчалик суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси ўтказилаётган жойда кўздан кечирадилар.
Кўздан кечириш техник воситалардан фойдаланилган ҳолда, башарти нарса ёки ҳужжатларнинг йўқолишига ёхуд шикастланишига олиб келмаса, ўтказилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
141-модда. Кўздан кечириш баённомаси

Ушбу Кодекснинг 90 — 92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи ёки терговчи кўздан кечириш ўтказилганлиги тўғрисида баённома тузади, суд эса кўздан кечириш жараёнини ва унинг натижаларини суд мажлиси баённомасида қайд этади.

Баённомада кўздан кечириш давомида топилган барча нарсалар, улар қандай тартибда кўздан кечирилган бўлса, худди шу тартибда, кўздан кечириш пайтида қандай ҳолатда кузатилган бўлса, худди шу ҳолатда қайд этилади. Кўздан кечириш чоғида топилган ва олинган барча излар, нарсалар ва ҳужжатлар санаб ўтилади. Олинган буюмнинг эгасига тегишли маълумотнома ёки баённоманинг нусхаси берилади.

Бундан ташқари, баённомада: кўздан кечириш қайси вақтда, қандай об-ҳавода ва қандай ёруғликда ўтказилганлиги; қандай илмий-техника воситалари қўлланилганлиги ва қандай натижалар олинганлиги; кўздан кечиришда кўмаклашиш учун кимлар жалб қилинганлиги ва кўмаклашиш нимада ўз аксини топганлиги; қандай нарсалар ва ҳужжатлар қай тартибда ва қандай муҳр билан муҳрланганлиги; кўздан кечирилганидан кейин мурда ва иш учун аҳамиятли бўлган нарсаларнинг қаерга юборилганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
17-боб. ГУВОҲЛАНТИРИШ
142-модда. Гувоҳлантириш учун асослар

Гувоҳлантириш:
1) одамнинг баданидаги иш учун аҳамиятга молик хусусият ёки аломатларни, алоҳида белгиларни, унинг жисмоний ривожланганлиги тўғрисидаги маълумотларни, доғларни, тирналган, шилинган, қонталаш жойларни топиш зарурати туғилган ҳолларда, агар бунинг учун экспертиза ўтказиш лозим бўлмаса;
2) экспертиза ўтказишни талаб қилмайдиган усулларни қўллаш йўли билан шахснинг мастлик ва бошқа физиологик ҳолатини аниқлаш зарурати туғилган ҳолларда ўтказилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
143-модда. Гувоҳлантириладиган шахслар

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва жабрланувчи гувоҳлантирилишлари мумкин. Гувоҳ унинг кўрсатувлари тўғрилигини текшириш учунгина гувоҳлантирилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
144-модда. Гувоҳлантиришни ўтказиш тўғрисидаги қарор ёки ажрим

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчининг баданида жиноят излари, иш учун аҳамиятга молик бошқа белгилар ёки унинг ғайритабиий физиологик ҳолати тўғрисида етарли маълумотлар бўлса, гувоҳлантиришни ўтказиш ҳақида суриштирувчи ёки терговчи қарор, суд эса ажрим чиқаради.

Қарорда ёки ажримда: гувоҳлантиришни ким ва қандай мақсадда ўтказиши; кимни гувоҳлантириш кераклиги; гувоҳлантирилиши учун шахс кимнинг ҳузурига ва қачон етиб келиши кўрсатилган бўлиши лозим.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
145-модда. Гувоҳлантириш ҳақидаги қарорнинг ёки ажримнинг мажбурийлиги

Суриштирувчининг, терговчининг гувоҳлантириш ўтказиш тўғрисидаги қарори ёки суднинг шу тўғридаги ажрими қайси шахс хусусида чиқарилган бўлса, ўша шахсга нисбатан мажбурийдир.

Гувоҳлантиришдан бош тортаётган шахслар мажбурий келтирилиши ва гувоҳлантирилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
146-модда. Гувоҳлантиришни ўтказиш тартиби

Гувоҳлантиришни ўтказиш ҳақидаги қарор ёки ажрим гувоҳлантирилувчига эълон қилинади. Гувоҳлантиришнинг барча иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилиши лозим.

Шахсни ечинтириб яланғочлаш, шунингдек унинг баданидаги тирналган, шилинган, қонталаш жойларни аниқлаш билан боғлиқ бўлмаган гувоҳлантириш суриштирувчи ёки терговчи томонидан холислар иштирокида, зарур ҳолларда эса, шифокор ёки бошқа мутахассис иштирокида ўтказилади. Ушбу турдаги гувоҳлантириш тарафлар иштирокида суд томонидан ҳам ўтказилиши мумкин.

Шахсни ечинтириб яланғочлаш ёки унинг баданидаги тирналган, шилинган, қонталаш жойларни аниқлаш билан боғлиқ бўлган, шунингдек ушбу Кодекс 142-моддасининг иккинчи бандида назарда тутилган гувоҳлантириш суриштирувчи, терговчи ёки суднинг топшириғига биноан шифокор ёхуд бошқа мутахассис тиббий ходим томонидан ўтказилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
147-модда. Гувоҳлантириш баённомаси

Гувоҳлантириш ўтказилганлиги ҳақида ушбу Кодекснинг 90 — 92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суриштирувчи ёки терговчи баённома тузади, суд эса гувоҳлантириш жараёни ва натижаларини суд мажлиси баённомасида қайд этади. Баённомада гувоҳлантириш ўтказган шахснинг ҳамма ҳаракатлари ва гувоҳлантириш давомида аниқланган барча излар, хусусиятлар ва белгилар қайд этилган бўлиши лозим.

Гувоҳлантириш шифокор ёки бошқа мутахассис томонидан ўтказилган бўлса, у баённома тузади ва имзолайди, гувоҳлантирилган шахс ва холислар ҳам имзолаганидан сўнг баённомани тегишинча суриштирувчи, терговчи ёки судга тақдим этади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
18-боб. МУРДАНИ ЭКСГУМАЦИЯ ҚИЛИШ
148-модда. Мурдани эксгумация қилиш асослари ва тартиби

Кўздан кечириш, таниб олиш, текшириш ёки экспертизага намуналар олиш учун мурдани қабрдан чиқариб олиш зарур бўлган тақдирда прокурор, терговчи ёки суриштирувчи мурдани эксгумация қилиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур тергов ҳаракатини ўтказиш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.

Терговчининг ёки суриштирувчининг мурдани эксгумация қилиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади.

Прокурор мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, мурдани эксгумация қилиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади.

Суд мурдани эксгумация қилишни суриштирув органларига ёки терговчига топширади, бу ҳақда ажрим чиқаради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
148-1-модда. Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш

Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Суд мажлисида прокурор, терговчи, суриштирувчи, қонуний вакил ёки мурдаси эксгумация қилиниши лозим бўлган вафот этган шахснинг яқин қариндошларидан бири, зарур ҳолларда гумон қилинувчи, айбланувчи, шунингдек, агар ишда иштирок этаётган бўлса, ҳимоячи ва қонуний вакил иштирок этади.

Суд мажлисининг ўтказилиш жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг суд мажлисига келмаганлиги мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.

Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур тергов ҳаракатини ўтказиш заруратини асослаб беради, сўнгра тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
148-2-модда. Суд ажрими

Судья мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, мурдани эксгумация қилиш тўғрисида ёки мурдани эксгумация қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради.

Судьянинг мурдани эксгумация қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими асослантирилган бўлиши керак.

Судьянинг мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги ажрими ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Судьянинг ажрими прокурорга ижро учун, гумон қилинувчига, айбланувчига, ҳимоячига эса маълумот учун юборилади.

Судьянинг мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги ёки мурдани эксгумация қилишни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида шикоят берилиши, протест билдирилиши мумкин. Апелляция шикояти, протести ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд йигирма тўрт соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Апелляция инстанцияси суди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши керак.

Апелляция шикояти ёки протести берилиши суднинг мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб туради.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:

судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантирмай қолдиришга;

судьянинг ажримини бекор қилишга ва мурдани эксгумация қилишга рухсат беришга ёки мурдани эксгумация қилишни рад этишга ҳақли.

Мурдани эксгумация қилиш рад этилган тақдирда, айнан ўша мурдага нисбатан мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга мурдани эксгумация қилишни тақозо этадиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
149-модда. Мурдани эксгумация қилиш тартиби

Суриштирувчи, терговчи ёки суд мурдани эксгумация қилишни соғлиқни сақлаш органлари билан келишган ҳолда ва мурда кўмилган жой вакилининг иштирокида амалга оширади. Эксгумация суриштирув ёки дастлабки тергов вақтида амалга оширилаётган бўлса, холисларнинг иштирок этиши шарт. Суд эксгумацияни тарафлар иштирокида амалга оширади.

Мурдани эксгумация қилишда суд тиббиёти соҳасидаги мутахассис шифокор, зарур бўлса, бошқа мутахассислар ҳам қатнашадилар. Агар экспертиза тайинланган бўлса, эксгумация ўтказишда суд тиббиёти экспертининг иштирок этиши шарт.

Зарур ҳолларда, эксгумацияни ўтказишга гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек мурдани таниб олиши мумкин бўлган шахслар жалб қилиниши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
150-модда. Мурдани эксгумация қилиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар

Эксгумация экспертиза қилиш мақсадида ўтказилаётган бўлса, экспертиза ўтказиш ҳақида қарор ёки ажрим чиқарилиши лозим. Бунда мурда экспертиза муассасасига жўнатилади ёки экспертиза мурда кўмилган жойнинг ўзида ўтказилади.

Мурдани кўздан кечириш, таниб олиш ва эксперт текшируви учун намуналар олиш ушбу Кодекснинг 125, 126, 131, 138, 188 — 191, 193 ва 197-моддаларида назарда тутилган қоидалар асосида амалга оширилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
151-модда. Мурдани эксгумация қилиш баённомаси

Мурдани эксгумация қилиш тўғрисида ушбу Кодекснинг 90 — 92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суриштирувчи ёки терговчи баённома тузади, суд эса эксгумация жараёни ва натижаларини суд мажлисининг баённомасида қайд этади. Баённомага қабр, тобут ва мурданинг фотосуратлари, кинотасвир ва видеоёзувлари илова қилиниши мумкин.

Мурда эксгумация қилинганидан сўнг кўздан кечириш, таниб олиш ёки эксперт текшируви учун намуналар олиш амалга оширилган бўлса, мазкур тергов ҳаракатлари тўғрисида баённома тузилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
152-модда. Мурдани эксгумациядан сўнг кўмиш

Эксгумациядан ва бошқа процессуал ҳаракатлардан сўнг мурдани кўмиш мурдани эксгумация қилиш тўғрисида қарор ёки ажрим чиқарган шахснинг иштирокида амалга оширилади. Мурда кўмилганлиги тўғрисида баённома тузилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
19-боб. ЭКСПЕРИМЕНТ
153-модда. Эксперимент ўтказиш учун асослар

Суриштирувчи, терговчи ва суд гувоҳлар, жабрланувчилар, гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчиларнинг кўрсатувларини, бошқа далилларни, шунингдек иш юзасидан қилинган тусмол, текширилаётган ҳодисага оид муайян ҳаракатлар, шароит ва ҳолатларни тиклаш ҳамда зарурий тажрибалар ўтказиш орқали текширишга ҳақлидир.

Эксперимент бирор ҳодисани идрок қилиш, муайян ҳаракатларни бажариш, бирор ҳодисанинг содир бўлиш имкониятини текшириш, шунингдек ҳодисанинг юз бериш ва изларнинг қолиш йўсинларини аниқлаш учун ўтказилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz