JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.78K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
61-боб. ТИББИЙ ЙЎСИНДАГИ МАЖБУРЛОВ ЧОРАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ
565-модда. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги масалаларни кўриш тартиби

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги масалаларни кўриш тартиби ушбу Кодекснинг умумий қоидалари, шунингдек 566 — 581-моддалари асосида белгиланади.
566-модда. Исботланиши лозим бўлган ҳолатлар

Жиноят содир этганидан кейин руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахснинг жинояти тўғрисидаги иш бўйича шахсда руҳий ҳолатининг жиноят содир этганидан кейин юзага келган ва жазонинг қўлланилишини истисно этадиган тарзда бузилганлиги исботланиши лозим.
Ақли норасолик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этганлик тўғрисидаги иш юзасидан қуйидагилар исботланиши лозим:
1) ушбу Кодекс 82-моддасининг 1, 2 ва 5-бандларида назарда тутилган ҳолатлар;
2) қилмишни содир этган пайтида шахснинг руҳий ҳолати сурункали ёки вақтинча бузилганлиги, ақли заифлиги ёки руҳий ҳолатининг бошқача тарзда бузилганлиги, буларнинг оқибатида у ақли норасолик ҳолатида бўлганлиги, яъни ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини англай олмаганлиги ёки уларни бошқара олмаганлиги;
3) мазкур шахснинг суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси вақтидаги руҳий ҳолати.
Жиноят содир этганидан сўнг руҳий ҳолати бузилган шахснинг иши бўйича, худди шунингдек ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасолик ҳолатида содир этган шахснинг иши бўйича шахснинг бундан буёнги хулқ-атвори унинг ўзи ва атрофдагилар учун хавф туғдириши мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги, унинг даволанишга муҳтожлиги ёки муҳтож эмаслиги, унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилишига зарурат борлигини ёки йўқлигини ва айнан қандай чоралар қўллаш лозимлигини ҳал қилиш учун асос бўладиган ҳолатлар исботланиши лозим.
567-модда. Суд-психиатрия экспертизаси


Суриштирувчи, терговчи ёки суд айбланувчининг, судланувчининг ёхуд ишга айбланувчи, судланувчи тариқасида жалб қилинмаган шахснинг руҳий ҳолатининг бузилганлиги масалалари юзасидан унинг жиноят содир этганлиги ёки Жиноят кодексида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмиш содир этганлиги ҳақида ишонарли далиллар мавжуд бўлган тақдирда, суриштирувни, дастлабки терговни юритиш ва суд муҳокамаси вақтида мазкур шахснинг ақли норасолиги ёки руҳий ҳолатининг бузилганлиги тўғрисида асосли шубҳа туғилган бўлса, суд-психиатрия экспертизаси тайинлайди.
568-модда. Суд-психиатрия экспертизаси аниқлайдиган масалалар

Суд-психиатрия экспертизаси ўтказишда қуйидаги масалалар аниқланиши лозим:

1) шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир этган пайтда руҳий ҳолати ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган даражада сурункали ёки вақтинча бузилганлик, ақли заифлик ёки руҳий ҳолатининг бошқача тарзда бузилиши ҳолатида бўлганлиги;
2) ҳозирги вақтда шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги оқибатида ҳукм қилиш ва жазолашнинг унга ахлоқ тузатиш жиҳатидан таъсир кўрсата олиши ёки кўрсата олмаслиги;
3) ушбу руҳий ҳолатнинг бузилиши сурункалими ёки шахс муайян муддат мобайнида тузалиши мумкинми;
4) шахс дучор бўлган руҳий ҳолатнинг бузилиши янги ижтимоий хавфли қилмишни келтириб чиқариши ёки бунга сабаб бўлиши мумкинми;
5) шахс ўзининг руҳий ҳолатига кўра тўғри кўрсатув беришга, кўздан кечириш, гувоҳлантириш, эксперимент ўтказиш ва бошқа тергов ҳамда суд ҳаракатларида иштирок этишга қодирми;
6) ҳозирги вақтда шахснинг ақли расоликни истисно қилмайдиган руҳий ҳолати бузилганми ва улар нималардан иборат.
Шахсни эксперт тадқиқоти ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш ушбу Кодекснинг 265 — 269-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя қилиб амалга оширилади.
569-модда. Шахс тиббий муассасага жойлаштирилганда жиноят ишини юритишнинг тўхтатиб турилиши

Башарти гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки бошқа оғир касаллиги амбулатория экспертизаси хулосаси ёки бошқа тиббий ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлса ва қандай касалликка дучор бўлганлигини аниқлаш, ақли расолиги, муомалага лаёқатлилиги масаласини ҳал этиш, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини танлаш учун стационар экспертиза ўтказилаётган бўлса, шахс тиббий муассасага жойлаштирилган даврда, башарти бошқа процессуал ҳаракатларни ўтказишга ҳожат бўлмаса, ишни юритиш тўхтатиб турилиши мумкин.

Ишни юритишнинг тўхтатиб турилиши айбланувчини қамоқда сақлаш ва шахснинг тиббий муассасада бўлишига оид қонунда белгиланган муддатлар ўтишини тўхтатмайди.
570-модда. Шахснинг тергов ва суд ҳаракатларини юритишдаги иштироки


Ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиши тўғрисида иш юритилаётган шахс соғайса ёки унда беқарор ремиссия ҳолати юз берса ва шу туфайли сўроқларда тўғри кўрсатув бера олса ҳамда бошқа тергов ва суд ҳаракатларида иштирок эта олса, суриштирувчи, терговчи ва суд бу шахсга тергов қилишда ва суд муҳокамасида қатнашиш ҳамда ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга ошириш имконини бериши лозим.

Ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўллаш тўғрисида иш юритилаётган шахс: унга қандай ижтимоий хавфли қилмиш содир этганлик учун айб қўйилаётганини билишга; кўрсатув беришга; далиллар тақдим қилишга; илтимослар қилишга; суриштирув ёки дастлабки тергов тамомланганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиб чиқишга; ҳимоячига эга бўлишга; суд муҳокамасида қатнашишга; рад қилишга; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоят қилишга ҳақлидир.

Суриштирувчи, терговчи тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ишини юритишни бошлаш ва суд-психиатрия экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги қарорни эълон қилганда мазкур шахсга ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқларини тушунтириб беради. Ҳуқуқлар тушунтирилганлиги тўғрисида баённома тузилади.

Мазкур шахс алоҳида тергов ва суд ҳаракатларини юритиш вақтида ушбу Кодексдаги айбланувчи ва судланувчилар учун белгиланган ҳуқуқларга ҳам эга.
571-модда. Ҳимоячининг иштироки

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишни юритишда суд-психиатрия экспертизасини тайинлаш ҳақида қарор чиқарилган вақтдан бошлаб ҳимоячининг иштирок этиши шарт.

Ишга киришган вақтдан бошлаб ҳимоячи, башарти ҳимояси остидаги шахснинг соғлиғи ҳалал бермаса, у билан ҳоли учрашишга ҳақли, шунингдек ушбу Кодекснинг 53-моддасида назарда тутилган бошқа барча ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.

Суд-психиатрия экспертизаси ўтказиш тўғрисидаги қарор ёки ажримни ижрога юборишдан олдин суриштирувчи, терговчи ёки суд у билан ҳимоячини таништириши ва унинг қуйидаги ҳуқуқларини таъминлаши зарур: тайинланган экспертни ёки умуман экспертиза муассасасини рад қилиш; муайян шахсни эксперт қилиб тайинлашни илтимос қилиш; экспертнинг олдига қўшимча саволлар қўйиш; экспертиза ўтказилаётганда қатнашиш учун рухсат сўраш. Суриштирувчи, терговчи ёки суд ҳимоячининг илтимосномасини, башарти асослар бўлса, қондиради ва экспертизани тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажримга тегишли қўшимчалар ва ўзгартишлар киритади.

Агар суд-психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, ҳимоя остидаги шахс руҳий ҳолатининг бузилиши жиноят содир этилгандан сўнг юзага келган ёки у ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасолик ҳолатида содир этган бўлса ёхуд унинг ақли расолигини истисно этмайдиган, бироқ руҳий ҳолати ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини мустақил амалга оширишини қийинлаштирадиган тарзда бузилган бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳимоячининг ишда иштирок этиши шартлиги ҳақидаги қоида амал қилишда давом этади.

Кейинчалик суд-психиатрия экспертизасининг хулосаси асосида шахс ақли расо ва руҳий соғлом деб топилса, ишда ҳимоячининг иштироки масаласи умумий тартибда ҳал қилинади.
572-модда. Ишни судга юбориш тўғрисидаги қарор

Суриштирувчи, терговчи процесс иштирокчиларини иш материаллари билан таништиргач ва илтимосномаларни ҳал қилгач, ишни судга юбориш тўғрисида қарор тузади.

Суриштирувчи, терговчи қарорнинг тавсиф-асослаш қисмида ушбу Кодекснинг 566-моддасида назарда тутилган ҳолатларни, шунингдек ишни судга юбориш асосларига норози бўлган ҳимоячининг ва бошқа шахсларнинг важларини, агар шундай важлар билдирилган бўлса, баён қилади ва иш саҳифаларига ҳавола қилиб, унинг фикрича, ишни судга юбориш учун асослар борлигини тасдиқловчи далиллар келтиради.

Ишни судга юбориш тўғрисидаги қарорга суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхати, шунингдек суриштирув ёки дастлабки тергов юритилган муддат, устидан тергов ўтказилган шахснинг қамоқда, уй қамоғида ва тиббий муассасада бўлган муддати, ашёвий далиллар, фуқаровий даъво ва уни таъминлаш чоралари, процессуал чиқимлар тўғрисидаги маълумотномалар илова қилинади.
573-модда. Ишни прокурорга ўтказиш ва судга ошириш

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишни суриштирувчи, терговчи уни судга ошириш тўғрисидаги қарор билан бирга прокурорга ўтказади.

Прокурор иш билан танишиб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

1) ушбу Кодекснинг 83 ва 84-моддаларида, (84-модданинг биринчи қисми 2-банди бундан мустасно) назарда тутилган асосларга кўра ишни тугатиш;
2) қўшимча тергов ўтказиш учун ишни суриштирувчига, терговчига қайтариш;
3) қарорни тасдиқлаб ишни судга ошириш ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш.
574-модда. Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш

Судья тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишни прокурордан олгач, уни ушбу Кодекснинг 395 — 405-моддаларида назарда тутилган қоидаларга биноан ўтказиладиган суд муҳокамасига тайинлайди.
575-модда. Суд муҳокамаси

Суд муҳокамаси ушбу Кодекснинг 50 — 52-бобларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ равишда ўтказилади.

Суд мажлисида прокурор ва ҳимоячи иштирок этиши шарт.

Суд тергови прокурорнинг ишни судга ошириш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттиришидан бошланади. Шундан сўнг суд тарафларнинг иштирокида тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун асослар мавжудлигини тасдиқлайдиган ёки рад этадиган далилларни текширади: сўроқ қилади, кўздан кечириш ўтказади, ҳужжатларни ўқиб эшиттиради, экспертларни тинглайди, ҳақиқатга эришиш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни бажаради.

Суд тергови тамомланганидан сўнг суд тарафларнинг музокарасига ўтади. Музокарада прокурор, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иштирок этадилар. Музокаранинг охирида ҳимоячи сўзга чиқади. Охирги эътироз билдириш ҳуқуқи ҳам унга берилади.
Тарафларнинг нутқларини эшитиб бўлгач, судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.
576-модда. Алоҳида хонада суд ҳал қиладиган масалалар

Алоҳида хонада суд қуйидаги масалаларни ҳал қилади:

1) жиноят содир этилганми ёки ақли норасолик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этилганми;
2) ана шу жиноят ёки ижтимоий хавфли қилмиш иши кўрилаётган шахс томонидан содир этилганми;
3) ҳозирги вақтда мазкур шахснинг руҳий ҳолати бузилганми;
4) жиноят содир этганидан кейин руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган ёки ақли норасо ҳолда ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсга тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш талаб этиладими ва агар талаб этилса, айнан қандай чорани қўллаш керак;
5) мазкур шахс руҳий касалликдан умумий асосларда даволанишга муҳтожми.
Суд, шунингдек ушбу Кодекс 457-моддаси биринчи қисмининг 10 — 14-бандларида назарда тутилган масалаларни ҳам ҳал қилади.
577-модда. Суд ажрими

Кейинчалик руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахс содир этган жиноят тўғрисидаги ёки ақли норасолик ҳолатида содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш ҳақидаги иш бўйича суд мажлисида чиқарилган суд ажрими қуйидаги қоидалар асосида тузилади.

Суд ажримнинг кириш қисмида суд ишининг рақамини, иши кўрилаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, ойи, куни ва жойи, турар жойи, иш жойи, машғулот тури, маълумотини ва шахси тўғрисидаги иш учун аҳамиятга молик бошқа маълумотларни кўрсатади.

Ажримнинг тавсиф-асослаш қисмида суд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёки қўлламаслик учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни баён қилади, шу чорани қўллашни тақозо қиладиган, шубҳа остига қўядиган ёки унга монелик қиладиган далиллар келтиради. Шундан сўнг ажримда суд ушбу Кодекснинг 576-моддасида санаб ўтилган масалаларга ўзининг жавобларини ифодалайди.

Ажримнинг хулоса қисмида суд қуйидаги қарорлардан бирини баён қилади:

1) шахсни жиноят содир этган, кейинчалик унда руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган деб эътироф этиш ёхуд уни ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган деб топиш тўғрисида, шунингдек бу шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёки қўлламаслик тўғрисида;
2) иши кўрилаётган шахс қилган деб ҳисобланаётган жиноят ҳодисаси ёки ижтимоий хавфли қилмиш йўқлиги сабабли ишни тугатиш тўғрисида;
3) шахснинг дахлдор эмаслиги туфайли тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги иш юритишни тугатиш ҳақида ва ушбу шахсни аниқлаш ҳамда уни айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш чораларини кўриш учун ишни прокурорга юбориш тўғрисида;
4) тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишни юритишни тугатиш ва мазкур шахсга нисбатан иш бўйича ушбу Кодекснинг 579-моддасига асосан суд иши юритувини қўзғатиш ҳақида.

Кейинчалик руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахс содир этган жиноят ёки ақли норасолик ҳолатида содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш туфайли мулкий зиён етказилган бўлса, зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги масала фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилади.

Руҳий ҳолати бузилган ва умумий асосда даволанишга муҳтож бўлган шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишни юритиш тугатилган тақдирда, суд бу ҳақда шахснинг турар жойидаги соғлиқни сақлаш органига дарҳол хабар қилади.
578-модда. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини тугатиш ёки ўзгартириш

Ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахс соғайган тақдирда ёхуд руҳий ҳолати бузилган шахс соғлиғининг ҳолати у суд томонидан дастлаб белгиланган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларидан бошқа хилдаги тиббий чорага муҳтож бўладиган ёхуд бундай хилдаги чораларга муҳтож бўлмайдиган тарзда ўзгарган тақдирда, суд тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини тугатади ёки ўзгартиради.
579-модда. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги ишни юритишни тиклаш

Жиноят содир этганлиги ва бунинг оқибатида руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келганлиги туфайли ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахс соғайган тақдирда, суд иш юритишни шахснинг руҳий ҳолати бузилган босқичдан бошлаб умумий тартибда тиклаш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши керак.
580-модда. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини узайтириш, ўзгартириш ёки тугатиш ва иш юритишни умумий тартибда тиклаш

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини узайтириш, ўзгартириш ёки тугатиш ва иш юритишни умумий тартибда тиклаш тўғрисидаги масалаларни суд томонидан кўриб чиқишга қуйидагилар сабаб бўлади.

1) мажбурлов чораси тайинланган шахс сақланаётган тиббий муассаса маъмуриятининг шифокорлар комиссияси берган хулосага асосланган илтимосномаси;
2) прокурорнинг шифокорлар комиссияси берган хулосага асосланган тақдимномаси;
3) мазкур шахснинг ҳимоячиси, яқин қариндошлари, қонуний вакиллари ёки бошқа манфаатдор фуқароларнинг, шунингдек жамоат бирлашмалари ва жамоаларнинг илтимосномаси.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси тайинланган, руҳий ҳолати бузилган шахсларни шифокорлар комиссиялари ёки тиббий-маслаҳат комиссиялари томонидан текширувдан ўтказиш олти ойда камида бир марта амалга оширилади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини узайтириш, ўзгартириш ёки тугатиш, шунингдек иш юритишни умумий тартибда тиклаш масалаларини тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида ажрим чиқарган суд ёки ушбу чора қўлланаётган жойдаги суд кўриб чиқади.

Иш судда кўришга тайинлангани тўғрисида суд тарафларга, шунингдек илтимоснома билан мурожаат қилган тиббий муассаса маъмуриятига, шахсларга, жамоат бирлашмалари ва жамоалар раҳбарларига хабар қилади.

Суд мажлисида прокурор ва ҳимоячининг иштирок этиши шарт.

Ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган ҳолларда судья ишни судда кўришга тайинлашдан олдин тегишли тиббий муассасадан шу шахснинг соғлиғи тўғрисида шифокорлар комиссиясининг хулосасини талаб қилиб олади.

Шифокорлар комиссиясининг илтимосномага қўшиб берилган ёки талаб қилиб олинган хулосаси судда шубҳа туғдирса, суд суд-психиатрия экспертизасини тайинлаши, қўшимча ҳужжатлар талаб қилиши, илтимоснома ким ҳақида берилган бўлса, шу шахсни, жабрланувчини, гувоҳларни сўроқ қилиши ва бошқа зарурий ҳаракатларни ўтказиши мумкин.

Суд мажлисида далилларни текшириш ушбу Кодекснинг 439 — 448-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ўтказилади.

Далилларни текшириш ниҳоясига етгач, суд томонларнинг музокарасини эшитади, бу музокара прокурор ва ҳимоячи нутқидан иборат бўлади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини узайтириш, ўзгартириш ёки тугатиш ҳақида, шунингдек уни узайтиришни, ўзгартиришни ёки тугатишни рад этиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, бу ажрим суд мажлисида ўқиб эшиттирилади.
581-модда. Суднинг ажрими устидан шикоят бериш ёки протест билдириш

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ҳақидаги ишни юритишни тўхтатиш ва тугатиш, ушбу чораларни қўллаш, уларни бекор қилиш ёки ўзгартириш, ишни юритишни умумий тартибда тиклаш, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини бекор қилиш ёки ўзгартиришни рад этиш тўғрисидаги ҳамда иш юритишни умумий тартибда тиклашни рад этиш тўғрисидаги суд ажрими устидан ўзига нисбатан суд ажрими чиқарилган шахс, унинг ҳимоячиси, жабрланувчи ва унинг вакили хусусий шикоят бериш, прокурор эса хусусий протест билдириш ҳуқуқига эга.

Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги масала бўйича суд ажримининг фуқаровий даъвога тегишли қисми устидан хусусий шикоят беришга ҳақли.

Ушбу моддада назарда тутилган ажримлар устидан берилган хусусий шикоятни, протестни апелляция инстанция суди ушбу Кодекснинг 552-бобида белгиланган қоидаларга риоя этган ҳолда кўриб чиқади.
62-боб. ЯРАШУВ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАР БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШ
582-модда. Ярашилганлиги муносабати билан кўриб чиқиладиган жиноят ишлари

Ярашилганлиги муносабати билан Жиноят кодексининг 661-моддасида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилиши мумкин.