JPK | O‘zbekiston Respublikasi
4.78K subscribers
12 photos
1 video
12 links
Download Telegram
376-модда. Жиноят ишидаги материаллар билан танишиб чиқиш тартиби

Терговчи ишдаги материалларни танишиб чиқиш учун тикилган ва рақамланган кўринишда, ҳар бир жилддаги ҳужжатларни рўйхат қилган тарзда тақдим этади.

Иш билан танишиб чиқиш учун зарур бўлган муддат чекланмайди. Лекин процесс иштирокчилари ишдаги материаллар билан танишишни атайлаб чўзишга уринаётган бўлсалар, терговчи ўз қарорида ишдаги материаллар билан танишиш учун муайян муддат белгилашга ҳақлидир.

Иш билан танишиб чиқаётган шахс ишдаги ҳужжатлардан кўчирмалар ёзиб олишга ҳақлидир, давлат сирларини ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно.

Терговчи ишдаги материаллар билан танишиб чиққанлик тўғрисида баённома тузади.

Иш билан танишиб чиққандан кейинги оғзаки илтимосларни терговчи баённомага киритади. Процесс иштирокчиси ёзма тарзда алоҳида илтимоснома бериши мумкин, бу ҳақда баённомада ёзиб қўйилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
377-модда. Илтимослар қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби

Айбланувчи, ҳимоячи, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иш билан танишиб чиқишгач ёки бирор сабабга кўра танишиб чиқишдан бош тортганларидан кейин терговчи улардан қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш ёки янги қарорлар қабул қилиш хусусида илтимослари бор ёки йўқлигини аниқлайди.

Тарафларнинг аризасига биноан илтимосномалар тайёрлаш ва тақдим қилиш учун уч сутка доирасида вақт берилиши мумкин. Терговчи илтимосномани тўла ёки қисман рад қилиш тўғрисида қарор чиқаради ва бу ҳақда илтимоснома берилган вақтдан бошлаб уч сутка ичида аризачига хабар беради.

Аризачи илтимосни қондириш рад қилинганлиги тўғрисидаги қарор билан танишиб чиққанидан кейин икки сутка ичида прокурорга рад этилганлик устидан шикоят қилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
378-модда. Илтимос қондирилгандан кейин жиноят иши билан қайта таништириш

Терговчи илтимос қондирилгандан кейин, у ким томонидан ва кимларнинг манфаатлари йўлида билдирилган бўлишидан қатъи назар, айбланувчи, ҳимоячига, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакилларига ишдаги барча материаллар билан яна танишиб чиқиш имкониятини беради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
379-модда. Айблов хулосаси

Айбланувчи ва унинг ҳимоячисини жиноят ишидаги барча материаллар билан таништириб бўлгач, терговчи, башарти ишни судга юбориш учун етарли асослар борлиги тўғрисидаги фикри ўзгармаган бўлса, айблов хулосаси тузади.

Айблов хулосаси тавсиф-асослантириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади. Тавсиф қисмида дастлабки терговда аниқланган ҳолатлар: жабрланувчи, шунингдек айбланувчи тўғрисидаги маълумотлар; айбланувчининг айбдорлигини тасдиқловчи далиллар, айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важлари ва уларни текшириш натижалари баён қилинади.

Хулоса қисмида айбланувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар келтирилади ҳамда эълон қилинган айбловнинг мазмуни Жиноят кодексининг шу жиноятни назарда тутган моддаси ёки моддаларини ҳам кўрсатган ҳолда баён қилинади.

Айблов хулосасида баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи иш саҳифалари кўрсатилиши керак. Айблов хулосаси қаерда ва қачон тузилганлиги кўрсатилиб, терговчи томонидан имзоланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
380-модда. Айблов хулосасига иловалар

Айблов хулосасига терговчининг фикрича суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхати, шунингдек қўлланилган эҳтиёт чоралари, гумон қилинувчи ва айбланувчи қанча вақт қамоқда сақланганлиги ёки у уй қамоғида бўлганлиги тўғрисидаги, ашёвий далиллар, фуқаровий даъвони таъминлаш чоралари, суд чиқимлари тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.

Суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхатида терговчи уларнинг турган жойи ҳамда кўрсатувлари ёки хулосалари ишнинг қайси саҳифасида баён қилинганлигини кўрсатади.

Жабрланувчилар, гувоҳлар, холислар ва процесснинг бошқа иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахслар рўйхатида уларнинг тахаллуслари кўрсатилиши мумкин. Хавфсизлиги таъминланишига муҳтож бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар улар иштирокида ўтказилган тергов ҳаракатлари баённомаларининг кириш қисмлари билан бирга муҳрланган ҳолда судга тақдим этилади. Улар билан фақат айблов хулосасини тасдиқловчи прокурор ва ишни кўриб чиқувчи судья танишишлари мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-модда. Жиноят ишининг прокурорга юборилиши

Терговчи айблов хулосасини имзолаганидан кейин жиноят ишини дарҳол прокурорга юборади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
46-1-боб. Суриштирувнинг умумий шартлари
381-1-модда. Суриштирувни амалга оширишга ваколатли бўлган мансабдор шахслар

Суриштирувни ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган органларнинг суриштирувчилари амалга оширади.

Суриштирувни ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда прокурорлар ва терговчилар ҳам амалга ошириши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-2-модда. Жиноят ишининг терговга тегишлилиги

Суриштирув қуйидагиларнинг суриштирувчилари томонидан олиб борилади:

1) ички ишлар органларининг — Жиноят кодексининг 105-моддаси биринчи қисмида, 109-моддасида, 110-моддаси биринчи қисмида, 111, 112-моддаларида, 113-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 114-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 115-моддасида, 117-моддаси биринчи қисмида, 120-моддасида, 121-моддаси биринчи қисмида, 125, 125-1, 126-моддаларида, 127-моддаси биринчи қисмида, 127-1-моддаси биринчи қисмида, 128-моддаси биринчи қисмида, 128-1-моддасида, 129-моддаси биринчи қисмида, 131-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 132-моддасида, 133-моддаси биринчи қисмида, 136-моддасида, 138-моддаси биринчи қисмида, 139, 140-моддаларида, 168-моддаси биринчи қисмида, 169-моддаси биринчи қисмида, 170-моддасида, 171-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 172-моддасида, 173-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 185 — 185-1-моддаларида, 186-2-моддаси биринчи қисмида, 216-1-моддаси биринчи қисмида, 2162-моддасида, 225-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 226-моддаси биринчи қисмида, 227-моддасида, 228-моддаси биринчи ва учинчи қисмларида, 2281 — 229-3-моддаларида, 244-4-моддаси биринчи қисмида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари), 244-5-моддасида, 248-1-моддаси биринчи қисмида, 2552-моддаси биринчи қисмида, 259-моддаси биринчи қисмида, 260-моддаси биринчи қисмида, 2601-моддаси биринчи қисмида, 261-моддасида, 262-моддаси биринчи қисмида, 2631-моддаси биринчи қисмида, 266-моддаси биринчи қисмида, 268-моддаси биринчи қисмида, 269-моддаси биринчи қисмида, 270-моддаси биринчи қисмида, 274-моддаси биринчи қисмида, 276-моддаси биринчи қисмида, 277-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 278-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмларида, 278-1 — 278-6-моддаларида, 278-7-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича;

2) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари — Жиноят кодексининг 122, 123-моддаларида, 232-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича;

3) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари — Жиноят кодексининг 177-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 179, 183-моддаларида, 184-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари), 185-2-моддасида, 186-моддаси биринчи қисмида, 189 — 192-моддаларида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича;

4) Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари — Жиноят кодексининг 130-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 130-1-моддасида, 184-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 244-3-моддасида, 244-4-моддаси биринчи қисмида, 250-1-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ бўлган жиноятларга доир ишлар бўйича.

5) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва унинг жойлардаги бўлинмалари — Жиноят кодексининг 250-1-моддаси биринчи қисмида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари) ва 259-1-моддасида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича.

Жиноят кодексининг 130-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари), 130-1-моддасида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари), 167-моддаси биринчи қисмида, 244-3-моддасида (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари) назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича суриштирув ишни қўзғатган орган томонидан олиб борилади.

Жиноят кодексининг 237-моддаси биринчи қисмида, 238-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида, 239, 240-моддаларида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича суриштирув ушбу иш қўзғатилишига сабаб бўлган жиноят қайси органнинг терговига тегишли бўлса, ўша орган томонидан олиб борилади.
Агар суриштирувни олиб боришда бошқа суриштирув органи терговига тегишли янги жиноят аниқланса, ишни юритаётган суриштирув органи фақат тегишли прокурорнинг розилиги билан суриштирувни тўлиқ ҳажмда тамомлаши мумкин.

Агар суриштирувни олиб боришда дастлабки тергов органига тегишли бўлган ва тергов қилинаётган жиноят иши билан боғлиқ бўлган янги жиноят аниқланса, прокурорнинг розилиги билан жиноят иши ушбу Кодекснинг 345-моддасида белгиланган терговнинг тегишлилигига кўра дастлабки тергов органига ўтказилади.

Агар суриштирувни олиб боришда дастлабки тергов органига тегишли бўлган ва тергов қилинаётган жиноят иши билан боғлиқ бўлмаган янги жиноят аниқланса, жиноят ишини ажратиш ва бошқаларга ўтказиш ушбу Кодекснинг 332 ва 345-моддаларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда агар мазкур янги жиноят ушбу Кодекс 345-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган жиноятлар туркумига кирса, ажратилган жиноят иши бўйича дастлабки терговни амалга ошириш прокурор томонидан дастлабки тергов органига топширилади.

Турли суриштирув органларига тегишли жиноят ишлари битта иш юритувига бирлаштирилганда, прокурор суриштирувни олиб боришни оғирроқ жиноят тўғрисидаги жиноят ишининг тергови қайси органга тегишли бўлса шу органга, жиноятларнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси тенг бўлганда эса, жиноят иши бўйича узоқроқ муддат давомида суриштирув олиб бораётган органга топширади.

Суриштирув органлари терговига тегишли бўлган жиноят ишлари бошқа дастлабки тергов органлари терговига тегишли бўлган жиноят ишлари билан битта иш юритувига бирлаштирилганда, прокурор терговни олиб боришни ушбу Кодекснинг 345-моддасида белгиланган терговга тегишлилик қоидалари бўйича дастлабки тергов органига топширади.
Жиноят қаерда содир этилган бўлса, жиноят иши ўша туман (шаҳар) суриштирув органининг суриштирувчисига тегишли бўлади.

Суриштирув, агар иш ҳолатларини анча тез, пухта, тўла, холисона, ҳар томонлама текширишга ёрдам берса, иш қўзғатилган жойда ёки гумон қилинувчи ёхуд айбланувчи ёки гувоҳларнинг кўпчилиги турган ерда ҳам ўтказилиши мумкин.

Юқори турувчи прокурор ёки юқори турувчи суриштирув бўлинмаси бошлиғининг фармойишига асосан суриштирув ҳудудий жиҳатдан терговга тегишлилик қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб борилиши мумкин.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-3-модда. Суриштирувни амалга оширишда жиноят-процессуал қонунчилик нормаларининг қўлланилиши

Суриштирув мазкур бобда белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда ушбу Кодекс билан белгиланган умумий қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-4-модда. Суриштирувчининг топшириқларини бажариш

Ҳар бир суриштирувчи ўз юритувида бўлган жиноят иши бўйича Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида исталган жойда бирор тергов ҳаракатини шахсан ўзи бажаришга ёхуд уни ўтказишни бошқа суриштирувчига топширишга ҳақлидир.

Суриштирувчининг топшириғида ижро этувчи учун мажбурий бўлган ижро муддати кўрсатилади. Топшириқни бу муддат ичида ижро этишнинг иложи бўлмаса, топшириқ олган шахс топшириқ берган суриштирувчига топшириқ қачон бажарилиши мумкинлиги тўғрисида ёзма равишда, телеграмма ёки телефонограмма орқали хабар қилади ва унинг кўрсатмаларига биноан топшириқни бажаришни давом эттиради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-5-модда. Жиноят ишини ўтказиш

Жиноят ишини бир суриштирув органи доирасида бир суриштирувчидан бошқа суриштирувчига ўтказиш шу суриштирув органининг раҳбари ёки суриштирув бўлинмаси бошлиғи томонидан амалга оширилади.

Ишни бир суриштирув бўлинмасидан бошқасига ўтказиш юқори суриштирув органи раҳбари ёки юқори суриштирув бўлинмасининг бошлиғи томонидан прокурор розилиги билан амалга оширилади.

Ишни бир суриштирув органидан бошқа суриштирув органига ўтказиш прокурор розилиги билан амалга оширилади.

Терговнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона олиб борилишини таъминлаш мақсадида прокурор қуйидаги ҳолатларда ишни судга қадар юритишнинг ҳар қандай босқичида жиноят ишини дастлабки тергов шаклида тергов қилиш учун дастлабки тергов органига ўтказиши ёки ўз иш юритувига олиши мумкин:

1) ишда айбланувчи тариқасида иштирок этиш учун жалб қилиниши лозим бўлган шахсни аниқлаш учун дастлабки тергов органлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларни жалб қилган ҳолда қўшимча тергов ва процессуал чораларни қўллаш зарур бўлганда;
2) ушбу Кодекснинг 345-моддаси ўн биринчи қисми 1 — 5-бандларида назарда тутилганда.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича жиноят ишини ўтказиш ҳақида прокурор асослантирилган қарор чиқаради.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-6-модда. Суриштирувнинг бошланиши

Суриштирувчи жиноят ишини қўзғатиб, уни ўз иш юритувига олади ва бу ҳақда иш қўзғатиш тўғрисидаги қарорга ёзиб қўяди. Башарти суриштирувчига олдин қўзғатилган иш берилган бўлса, у ишни ўз юритувига олганлиги тўғрисида қарор чиқаради, шундан сўнг суриштирувни бошлайди.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-7-модда. Суриштирув юритиш муддати

Суриштирув жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб бир ойдан ошмаган муддатда тамомланиши лозим.

Жиноят ишлари бирлаштирилаётганда улар бўйича иш юритиш муддати узоқроқ муддат давомида тергов қилинган жиноят иши бўйича белгиланади. Бунда қолган жиноят ишлари бўйича иш юритиш муддати узоқроқ тергов қилинган ишнинг муддати билан қамраб олинади ва қўшимча равишда ҳисобга олинмайди.

Алоҳида иш юритувига ажратилган жиноят иши бўйича суриштирув муддати, агар жиноят иши янги жиноят бўйича ёки янги шахсга нисбатан ажратилаётган бўлса, тегишли қарор чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.

Қолган ҳолларда муддат бу жиноят иши қайси жиноят ишидан алоҳида иш юритувига ажратилган бўлса, ўша жиноят иши қўзғатилган пайтдан эътиборан ҳисобланади.
Иш айблов далолатномаси билан, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёхуд тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисидаги қарор билан, амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома билан прокурорга топширилган куни ёхуд ишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилган куни суриштирув тамомланган ҳисобланади.

Суриштирув муддатига қуйидагилар кирмайди:
1) айбланувчи, ҳимоячи, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иш материаллари билан танишиб чиққан вақт;
2) суриштирув тўхтатиб турилган вақт;
3) қўшимча суриштирув ўтказиш учун прокурор томонидан қайтарилган иш суриштирувчига келиб тушгунга қадар ўтган вақт.

Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган суриштирув муддати прокурор томонидан йигирма кунгача узайтирилиши мумкин.

Иш қўшимча суриштирув ўтказиш учун қайтариб юборилганда, шунингдек тўхтатилган ёки тугатилган иш қайта тикланганда қўшимча суриштирув муддати мазкур ишни суриштирувчи қабул қилган пайтдан эътиборан ўн кун доирасида белгиланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-8-модда. Суриштирувнинг суриштирувчилар гуруҳи томонидан амалга оширилиши ҳамда тергов ҳаракатларининг бир неча суриштирувчилар томонидан бажарилиши

Жиноят иши кўп меҳнат талаб этса, жуда мураккаб ёки ўта долзарб бўлса, прокурор ёки суриштирув бўлинмасининг бошлиғи шу иш бўйича суриштирув ишларини юритишни доимий ёки махсус тузилган суриштирувчилар гуруҳига топшириши мумкин.

Суриштирувчилар гуруҳини тузиш тартиби, гуруҳ раҳбари ва аъзоларининг ваколатлари, шунингдек тергов ҳаракатларининг бир неча суриштирувчилар томонидан бажарилиши тартиби ушбу Кодекснинг 354 — 357-моддаларида белгиланган терговчилар гуруҳини тузиш, гуруҳ раҳбарининг ва гуруҳ аъзолари бўлган терговчиларнинг ваколатлари, шунингдек тергов ҳаракатларини бир неча терговчилар томонидан бажариш тартиби билан бир хил белгиланади

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz.
381-9-модда. Суриштирувни тўхтатиш

Суриштирув суриштирувчининг қарори билан ушбу Кодекснинг 364 — 371-моддаларида белгиланган ҳолларда ва тартибда тўхтатилади.

Шу билан бирга суриштирувчи томонидан фақат айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши тўғрисида қарор чиқарилган шахсга нисбатан қидирув эълон қилиниши мумкин.

Агар суриштирув ушбу Кодекснинг 364-моддаси 1-бандида белгиланган асосларга кўра тўхтатилган бўлса, суриштирувчи тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар орқали ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлган шахсни аниқлаш ва уни жавобгарликка тортиш чораларини кўриши шарт.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-10-модда. Суриштирувни тамомлаш турлари

Суриштирув жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқариш, айблов далолатномаси, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёки тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тайёрлаш билан тамомланади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-11-модда. Жиноят ишини тугатиш

Жиноят иши ушбу Кодекснинг 83 ва 84-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда тугатилади.

Ушбу Кодекс 84-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлганда жиноят ишини тугатиш ушбу Кодекснинг 63-бобида назарда тутилган қоидаларга биноан суд томонидан амалга оширилади.

Суриштирувчининг жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарори ушбу Кодекснинг 374-моддасида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда тузилади.
Суриштирувчи ишни тугатиш тўғрисида қарор чиқаргач, бу ҳақда гумон қилинувчига, айбланувчига, ҳимоячига, шунингдек жабрланувчига, фуқаровий даъвогарга, фуқаровий жавобгарга ва уларнинг вакилларига, худди шунингдек иш корхона, муассаса, ташкилот ёки фуқаронинг берган хабари билан қўзғатилган бўлса, шу корхона, муассаса, ташкилот вакилларига ёхуд фуқарога хабар қилади. Айни вақтда уларга ишни тугатиш тўғрисидаги қарор устидан прокурорга шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Ҳарбий хизматга чақирилувчи шахсга нисбатан иш тугатилганда суриштирувчи бу ҳақда етти кунлик муддат ичида ёзма тарзда туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига хабар қилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
381-12-модда. Айблов далолатномаси

Суриштирувчи тўпланган далилларни ишни судга ўтказиш учун етарли деб топса, айблов далолатномаси тузади.

Айблов далолатномаси соддалаштирилган шаклда тузилади ва суриштирувда аниқланган ҳолатлар, айбланувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар, эълон қилинган айбловнинг мазмуни, шунингдек суриштирув давомида аниқланган ва ушбу жиноят иши учун аҳамиятли бўлган бошқа маълумотларни ўз ичига олади. Айблов далолатномасининг намунавий шакли Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан тасдиқланади.

Айблов далолатномасига суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг яшаш жойи кўрсатилган рўйхати, шунингдек гумон қилинувчи ва айбланувчига нисбатан қанча вақт қамоққа олиш ёки уй қамоғи тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилганлиги, ашёвий далиллар, ҳукмнинг фуқаровий даъво ва бошқа мулкий ундиришлар бўйича қисми ижросини таъминлаш чоралари, суд чиқимлари тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.

Суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш зарур бўлган ҳолларда, ушбу Кодекснинг 380-моддаси учинчи қисмига мувофиқ мазкур шахсларнинг тегишли рўйхати тузилади ва судга тақдим этилади.

Каналга уланиш 👉 @jpk_uz